Хумулий (XIX аср)

Хумулий, Жумақули ибн Сўфий Тағойи турк Ургутий Самарқандий (19-аср) — шоир ва ёзувчи. Бухоро амири Насрулло (1827—60) даврида Ургутда қозилик қилган.

Ўзбек ва тожик тилларида наср ва назмда ижод этган, тарихий асарлар ҳам ёзган. Замондош олим ва шоирларнинг таржимаи ҳолини ёзиб қолдирган.

Хумулийнинг «Тарихи Хумулий», «Манзумоти тарихий», «Шоҳ ва гадо», «Девони Хумулий», «Шайх Мусохон ад-Даҳбидийнинг таржимаи ҳоли» каби асарлари бор. «Тарихи Хумулий»да баъзи бир дарвеш шайхларнинг таржимаи ҳолидан ва манғитлар сулоласи тарихидан маълумотлар келтирилган. «Манзумоти тарихий» асарида эса 1870 йили содир бўлган тарихий воқеалар шеър билан баён қилинади.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Баски заъф этти фироқингда таним монанди хас,
Бўлмайин барбод деб қаттиғ чека олмон нафас.

Бовужуди шоҳлиғ султонға даъвийи камол,
Уй тубуғи тож ила шоҳинлиғ этмоқдур ҳавас.

Поклар мақбули боз ўлди саёҳат файзидин,
Истиқомат бобидин мурдорлиғ кўрди ҳакас.

Зоти ноқобилға қилмас суҳбати доно асар,
Бўлса эшшак гарчи Исо маркаби бўлмас фарас.

Не ажаб донодин афзун бўлса нодон рўзиси,
Ким ҳумо сўнгакдин айлар қуту шаккардин магас.

Аҳли дил хомушу даъвийи дастгоҳ пуч мағз,
Шеваи гавҳар сукуту нолаи оҳинг жарас.

Ғам гиребонимнй тутса, ман тутай ҳам доманин,
Соқиё, сен жом тутқил, ҳар қачонким дастрас.

Чок-чок ўлғон танимда хаста кўнглим шевани,
Элни нолон қуш каби қилмиш жаҳонни бир қафас.

Турк ашъори Хумулий вусъати сўз аҳлиға,
Мовароуннаҳр манғит Шаҳрисабзу кенагас.

* * *

Бу шубҳалиғ замонда, бешубҳа мол қанда?
Эй подабони мискин, оши ҳалол қанда?

Мамлу ҳаромдиндур етти фалак табоқи,
Ерда ҳалол сўрсанг, дандон ҳилол қанда?

Исён сулукидин пир қолғил демас муридин,
Тоат юкин чекорға зоҳидга ҳол қанда?

Коҳил йигит этордин вақти намоз тоат,
Аммо гунаҳ қилурдин қори малол қанда?

Саййидин хор қилди кизб аҳлини қароси,
Бу юз қаролар ичра рухсори ол қанда?

Фасли ҳасаб ёшунди охирзамон элидин,
Охунду хўжа кўптур, мулло жалол Қанда?

Хум пирининг, Хумулий, дайр ичра бил ғанимат,
Масжид элинда мундоғ соҳиб камол қанда?

* * *

Оразин кўргач, қилурман лаълидин соғар тамаъ,
Айлағондек равза боғини кўруб кавсар тамаъ.

Бўлма кўп дунёға толиб, ибрат ол хуршеддин,
Ким чиқар ўт чашмасидин токи бўлди зар тамаъ.

Тожи заррин, хилъати.симин билан ўртанди шам,
Ҳоли равшандур бировким қилди карру фар тамаъ.

Софдиллиғ истасанг бу баҳр аро хомуш бўл,
Лозими ҳифзи нафасдурким қилур гавҳар тамаъ.

Ким аёғ остига тушди бетакаллуф шохдур,
Хоки раҳ бўл нақши подек айласанг афсар тамаъ.

Иста ноҳожат кишидин гарчи мунъимдур карим,
Эй Хумулий, хор этар чунким кишини ҳар тамаъ.

* * *

То қачон давроида бизни хоксор этгай фироқ,
Заррадек музтар, қуюндек беқарор этгай фироқ…

Неча ҳижрон даштида қон кўзларимдин оқузуб,
Доғи ҳасратдин танимни лолазор этгай фироқ.

Васл боғи чун хазони ҳажрдин эмин эмас,
Оқил ул девонадурким ихтиёр этгай фироқ.

Ор этиб мандин қочинг, аҳбоб андин бурноким,
Сизни ҳам мен зордек бенангу ор этгай фироқ.

Мудҳиш аҳволимни кўрса девдек ғам даштида,
Ғулдин одам каби мандин фирор этгай фироқ.

Неча ул сарви сиҳи шояд гузор этгайму деб,
Юз сорига кўзларимдин жўйбор этгай фироқ.

Муждаи васли учун жон бердиму ёд этмади,
Шояд ўлгандин кейин уммидвор этгай фироқ.

Эй Хумулий, чой учун токай самовор уйидек,
Ут солиб жонимға оҳимдин шарор этгай фироқ.

* * *

Йўқки анжум дурларидин гавҳар афшондур фалак,
Бош-оёғи кўз бўлуб, ҳолимға ҳайрондур фалак.

Каҳкашон эрмаски ҳар тун то саҳар бедодидин,
Оташин оҳим билан дасти гиребондур фалак.

Эрта меҳр афшон қилиб, оқшом пушаймондур бу ким
Пой то сар пушти дасти захми дандондур фалак.

Бўлмаса маҳзул юзидин меҳри анжум тарҳ этиб,
Кундуз оташбоз, тунлар пахта паррондур фалак.

Борса бир комил, қилур, оламда минг ноқис аён,
Муҳр олиб анжум сотарға эски дўкондур фалак.

Бир қуёш бедодидин титрар таним симобдек,
Ким бошидин чарх уруб афтону хезондур фалак.

Умр даврони, Хумулий, қилди кўнглумни синуқ,
Оре, қаттиғ донаға қурғон тегирмондур фалак.

* * *

Мен эрурманким чекарман чархдин шому сабоҳ, ~
Юз жафову ғуссани кўрмай элидин бир фалоҳ.

Мунисим фақру, рафиқим ҳузну, комим дарду ғам,
Мушфиқим аҳли залолат, душманим аҳли салоҳ.

Мумтанеъ роҳат аруси, мумтазиж золи миҳан,
Маҳрамим бул бесабаб, аммо талоқ ул беникоҳ.

Ҳосилим яъсу, умидим васлу, бахтим вожгун,
Заҳри қотил жомима тушган замон жонбахш роҳ.

Шохи иқболим нишебу, бехи идборим фароз,
Пухта қилған ишларим хом, эҳтимомим ифтитоҳ.

Мансаби дину хилофатға қаламкашлиғ шиор,
Қозидин хасмим юзига юз башорат минг мароҳ.

Ёлбориб юз минг тааб бирлан малаксиймолара,
Телба ит сен деб, Хумулий, қилмадилар истилоҳ.

* * *

Ёр ила хилватни доим илтижо айлар кўнгил,
Бу на жоҳилдурки, даъвои хало айлар кўнгил.

Сарвдек раъно қадидин муддате озод эдим,
Ёна сунбулдек сочиға мубтало айлар кўнгил.

Ҳар пари ҳуснин таманносида ўзидин бориб,
Бора-бора ўзни качкўли гадо айлар кўнгил.

Гарчи кўнглумни кўруб лаълин қизил қон қилди кўз,
Эмди кўрмай оразин юзин қаро айлар кўнгил.

Йиқмасун деб кўйида кўнглумни заъфу зорлиғ,
Қомати ёдида оҳимдин асо айлар кўнгил.

Эйки, йўлунгда оқарди интизорингдин кўзум,
Келки, хоки мақсадингни тўтиё айлар кўнгил.

Эй Хумулий, чун киройи ақл эмас асбоби жоҳ,
Эмди дунё сайдиға ўздин киро айлар кўнгил.

* * *

Ҳусни барқидин яна яхши-ямонға тушти ўт,
Қайси яхши, қай ямон, икки жаҳонға тушти ўт.

Қомати шавқида хушк ўлган танимдин нолалар,
Тонг эмас ул шамъдин бу найситонға тушти ўт.

Секратиб кўк тавсан узра оташин хўюммудур,
Ё узори ламъасидин осмонға тушти ўт.

Қарриларға ишқ ўти барнодин афзун кор этар,
Сабзадин ортиқ кўяр чунким самонға тушти ўт.

Сабзаи хат бирла гулрухсор кўргузди магар,
Ким баҳор айёмида фасли хазонға тушти ўт.

Оташин гул демаким булбул шарарлиғ оҳидин,
Ўртониб гулбун саропо гулситонға тушти ўт.

Эй Хумулий ҳам бўлуб қаддинг бу пулдин ўтмадинг,
Эмдиким аввал ғами озурда жонға тушти ўт*

* * *

Бемуҳаббат булҳавасқа нўши соғардин на ҳаз,
Майға тушкон ҳармагасга роҳи аҳмардин на ҳаз.

Илм Касбидин гаронбор ўлса нодон важҳи бор,
Кўзаи ҳамёнға охир сийм ила зардин на ҳаз.

Билмаса тонг йўқ хароми лаззати қути ҳалол,
Ҳисси модарзодға ёри суманбардин на ҳаз.

Бу саодат қурбати абрордин файз истама,
Бу Лаҳабга нисбати поки паямбардин на ҳаз.

Симу зар жамъ айладинг нури сафодин уз кўнгул,
Юз қаролиғдин дигар мирзоға дафтардин на ҳаз.

Файзи маъни бўлмаса суратға бўлмас эътибор,
Нақш то туфроғдир бошинда афсардин на ҳаз.

Шавқидин парвона бўл, хуффош бир ул беқанот,
Бемуҳаббат мокиёнға бол ила пардин на ҳаз.

Хизрдек дил зинда бўл, умри абаддин комёб,
Жони йўқ оинаға мулки Сикандардин на ҳаз.

Эй Хумулий, риш ила дастори мўйи пахтадур,
Жавҳари марди керакдур бу кару фардин на ҳаз.

* * *

Баски кечди ёр ҳажридин манга айём талх,
Оғзима олсам шакар ҳосил қилурман ком талх,

То қаро кўзлиғ нигорим қилмади аччиғ нигоҳ,
Қилмадим маълумким эрмиш қаро бодом талх.

Заҳр бўлса хум аро жоним ажаб эрмаски ёр,
Ғайрдин ибром аччиғ, ёрдин инъом талх.

Одат ўлмишдур манга ҳажр ичра заҳр ошомлиғ,
Хони васл ўлса муяссар айлагум ибром талх.

Бўлса аччиғ зиндагоним не ажаб чунким манга,
Бир қуёш ҳижронидин чарх ичтурур ҳар шом талх.

То чучуклиғдин дам урди лабларинг, эй муғбача,
Рашкдин қилди мизожин бодаи гулфом талх.

Эй Хумулий, ринду расволиғ эрур кайфиятим,
Душманимдур воизутаклифи нангу ном талх.

* * *

Оразу лаълу қадинг ошуби бирлан боғбон,
Ғунчаи боғлиғ гули ошуфтау сарви равон.

Сафшиканлиғ, сандину хўблардин хўб эмас,
Кимдадур бу қошу кўзким, сендадур, эй шаҳ камон.

То ҳалойиқ шаккари хаттингга мафтун бўлдилар,
Бўлди тасбеҳи малоик еру кўкдин алъамон.

Эл паридин телба, ман сандин қилиб ақл иктисоб,
Ишқ файзин кўрки, суд ўлмиш манга айни зиён.

Икки уйқулиғ кўзунгдин бир кўнгул осуда йўқ,
Ул икки юзи қароў ул икки ўғри ноимон.

Ростлиғда қоматинг отқан ўқунгдек дйлнишин,
Эгрилиғда кокулунг печу хами афъи нишон.

Наргисинг айнул ҳаётедурки мужгон сабзаси,
Ё мижанг милу кўзунг аҳли назарға сурмадон.

Эй Хумулий, бошим ул гесуни савдохонаси,
Икки ёш оққан кўзум ул уйга икки новдон.