Хўжандлик. Косиб оиласида туғилган. Қўқонда машҳур «Ҳоким ойим» мадрасасида ўқиган. Муқимий бош бўлган Қўқон адабий ҳаракатчилиги билан яқиндан танишган. Хислат Тошкандий, Ажзий Самарқандий билан адабий ҳамкорлик қилгани, бир-бирлари асарларига назиралар ёзишгани маълум. Асарлари ўзбек ва тожик тилларида ёзилган.
Душанбеда асарлари босилиб чиққан, ҳаёти ва ижоди ҳақида тадқиқотлар ҳам бор.
Қуйидаги шеъри 1912 йилда Тошкентда чоп этилган «Баёзи муҳалло» дан олинди.
Бегали Қосимов
Мавлоно Асирий Хўжандий жанобларидин Хислат эшон Тошкандийға тақдим саломи ба тарийқи қасида
Хислато, мажмуи ёру ошноларни сўранг,
Барчаға биздин дуо айтинг, ағоларни сўранг.
Биздин айланг зумраи аҳбоба тавзии калом,
Лойиқи васфу сазовори саноларни сўранг.
Қилсангиз сайри мадорис бирла азми хонақоҳ
Олими қудсисяр зуҳд интимоларни сўранг.
Сўфийи софи тавийят, муттақийи ҳақсипос,
Орифи урфон маноқиб, авлиёларни сўранг.
Гарчи билмаймиз ҳануз аҳволини, кимдур Камий,
Лек шоирликда машҳуру валоларни сўранг.
Нолаи ушшоқдур ҳар машқининг зиру бами
Тўйчийи тўтинағам булбул наволарни сўранг.
Баъди таблиғи салому тўҳфайи арзу ниёз,
Киприки нозофарин, қоши қароларни сўранг.
Гар ҳуло тақса сочи шаммомаи сунбулфириб,
Ва-р қиё боқса кўзи наргисраболарни сўранг.
Кимки раҳмат кўз билан боқса бизимдек зорға,
Дийдаси оҳунасак, чашми сиёларни сўранг.
Қайси мажлис ичра ёд ўлса бизим авсофимиз,
Хушсухан, ширинбаён, нозик адоларни сўранг.
Ғойибона кимса изҳор этса, арзи эътиқод,
Хоҳи хайли ағниё, хоҳи гадоларни сўранг.
Хирмани гулдек қизил рухсораларни ёдида,
Ранги сарғайган самондек қаҳраболарни сўранг.
Сарвиқоматларни ҳижронида қадди дол ўлан
Пири маҳруми асо, қадди дутоларни сўранг.
Шаҳрингизда, алғараз, ҳарқанча бўлса аҳли фазл,
Биздин ибрози ниёз айланг, расоларни сўранг.
Биз каби жисми мусибат тобасинда доғ ўлан,
Нури чашминдан жудо, соҳиб азоларни сўранг.
Қолмасун ҳеч ким Асирийдек фаромуши хаёл,
Гўшаи хилватгузин, саҳви низоларни сўранг.