Шермуҳаммад Мунис (1778-1829)

Мунис Хоразмий (тахаллуси; асл исм-шарифи Шермуҳаммад Амир Авазбий ўғли) (1778— Хива яқинидаги Қиёт қишлоғи — 1829) — шоир, тарихнавис, таржимон, хаттот ва маърифатпарвар. Дастлабки маълумотни туғилган қишлоғида олган, кейинчалик Хива мадрасаларида ўқиган.

1800 йилда отаси вафот этгач, Аваз Муҳаммад Иноқ Мунисни саройнинг фармоннавис котиби қилиб тайинлаган. Мунис замонасининг машхур олим, шоир ва санъаткорлари билан яқин алоқада бўлиб, билими, салоҳияти ва куч-қувватини шеъриятга, илм-фан ва маърифатга бағишлаган.

Мунис 1804 йилда биринчи шеърлар девони — «Девони Мунис»ни яратган. 1806 йилда Элтузархон Мунисга Хива хонлиги ҳақида китоб ёзишни топширган. Мунис ўз асарини Шерғозихон давригача ёзиб етказганда, Элтузархон фожиали ҳалок бўлади. Мунис китобини давом эттиради ва 1819 йилда Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» («Софлик боғи») тарихий асарини туркий тилга таржима қилишни бошлайди. Мунис бу асарнинг 1-жилдини таржима қилишга улгуради. У бу икки асарни ҳам тугата олмай вафот этади.

Унинг «Фирдавс ул-иқбол» («Бахтлар боғи») асарини ва «Равзат ус-сафо» таржимасини шогирди Огаҳий ниҳоясига етказади. Муниснинг «Фирдавс ул-иқбол» асари узоқ даврни камраб олган бўлиб, Марказий Осиё, айниқса, Хива хонлиги тарихини ўрганишда қимматли манбадир. Асарда Хоразмнинг қадимий даври билан бир қаторда, Хива хонлигининг 1825 йилгача бўлган сиёсий тарихи баён этилган, тож-тахт, бойлик учун олиб борилган курашлар ва, шунингдек, Хива хонларининг қўшни туркман ва қорақалпоқ халқлари билан бўлган муносабатлари ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар келтирилган.

Асар муқаддима, 5 боб ва хотимадан иборат. 1-бобда Одам Атодан то Нуҳ пайғамбар авлодигача бўлган қодисалар ёритилган. 2-бобда Ёфасдан Қўнғирот шўъбасигача бўлган мўғул ҳукмдорлари даври хусусида фикр юритилган. 3-бобда Курлос авлодига мансуб подшоҳлар даврида содир бўлган воқеалар тўғрисида ёзилган. 4-бобда Элтузархоннинг ота-боболари хаёти тасвирланган. 5-бобда Элтузархоннинг туғилишидан бу асарнинг ёзилиб тамом бўлишига қадар бўлган воқеалар хусусида қалам тебратилган. Хотима эса олимлар, авлиё, амир, бек, шоир, ҳунармандлар хақида маълумотларни ўз ичига олади.

Мунис ўз давридаги суғориш иншоотлари ва ер-сув муносабатларига доир «Арналар» (арна-анҳор, канал) номли рисола ҳам ёзган. Бу рисола 18-аср охири ва 19-аср бошларидаги деҳқончилик билан боғлиқ, ижтимоий муносабатларни ўрганишда аҳамиятли. Муниснинг асосий адабий мероси — 1815—20 йилларда тузилган «Мунис ул-ушшоқ» («Ошиклар дўсти») девони ғазал, мухаммас, қасида, рубоий, қитъа ва бошқа жанрлардан иборат бўлиб, 20000 дан зиёд мисрани ўз ичига олган. У хаттотлар томонидан қайта-қайта кўчирилиб, 1880 йилда Хива тошбосмасида нашр этилган.

Мунис Навоийнинг «Мезон ул-авзон», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер» асарларини китобат қилган (1794, 1797). Айниқса, «Мезон ул-авзон»ни олдинги айрим хаттотлар йўл қўйган хатоларни тузатиб, саводли кўчирган. Бу унинг аруз илмининг хос билимдони эканлигидан ҳам далолат беради.

Муниснинг савод чиқаришни енгиллатиш ва хуснихат санъатини ривожлантириш масалаларига бағишланган «Саводи таълим» (1804) шеърий рисоласи ҳам бор. Девонларининг бир неча қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзма асарлари фондида сақланади.

Нусратулло Жумаев.

ҚИЛМАНГИЗ

Дўстлар, менсиз даме оҳанги ишрат қилмангиз,
Сиз ичиб саҳбо, мени хунхори ҳасрат қилмангиз.

Гар муяссар бўлса бир маҳбуб ила базми нишот,
Менсизиз суҳбат тузарга майлу рағбат қилмангиз.

Топсангиз базми висоле, анда ёд этмай мени,
Зор кўнглумни асири доғи фурқат қилмангиз.

Мен киби йўқдур арода, манкубу махмури айш,
Кимсага мендин зиёда бода шафқа қилмангиз.

Аҳли дониш бирла ҳар дам айлангиз базми китоб,
ЖамъИ нодонлар била изҳори улфат қилмангиз.

Дўст улдурким, ёмон кун юз эвурмас дўстидин,
Мунис аҳволин кўруб тарки муҳаббат қилмангиз.


ОШНО

Давлатинг борида бордур аҳли олам ошно,
Қайтғач давлат, жаҳонда топилур кам ошно.

Уйла бекаслик мени маҳзунға топмиш дастким,
Бир киши йўқдур манго жуз кулфату ғам ошно.

Баски, даврон хоҳиши бегоналиқ солмоқдурур,
Бир-бирига бўла олмас икки ҳамдам ошно.

Кимки бўлди ошно, бот айлади бегоналиғ,
Топмадим бу давр аро бир аҳди маҳкам ошно.

Гар вафо бўлса, парида бўлғай эрди, кўрмадим,
Бўлдилар ҳар нечаким авлоди одам ошно.

Ҳажр ранжидин ўларга етмишамким, кўрсалар,
Ҳолима тутғай азо бегона, мотам ошно.

Ишқ аро ул навъ эрур ваҳшат мен мажнунғаким,
Ўзгани демай, бўла олмас кўнгул ҳам ошно.

Дард чекмак, ашк тўкмак ишқ элига хосдур,
Ҳар кўнгулга дард, ҳар кўзга эмас нам ошно.

Мунис, даврон ғами бегона бўлса тонг эмас
Ким, сенга бўлмиш бийик донишвар Акрам ошно.

БАСE ҒАМ БОРИДИН…

Басе ғам боридин чекмиш оғирни,
Ёғир бўлмиш ҳазин кўнглим ёғирни.

Фалак ғам юкларин солғонда элга,
Ёғирнимға менинг қўймиш оғирни.

Билурсан ғам юкин кўп чекканимни
Ёғирним устида кўрсанг ёғирни.

Итинг кўрсам, манга унс айласун деб,
Берурман гаҳ кўнгулн, гаҳ боғирни.

Рақиб оллингда бўлмоқдин ҳазинман,
Тиларман кўрмасам ул бўлмоғирни.

Замон аҳлиға бўлмиш шиква ойин,
Нетонг, севсам агар гунгу соғирни.

Нажоте истасанг Мунисға ғамдин,
Аёқчи, тут анга ҳар дам чоғирни.

ҲАНУЗ

Ваҳки, ул золим мени мазлумга қотил ҳануз,
Яъни ағёримға юз минг меҳр ила мойил ҳануз.

Ёшурун сирримни демай, халқ англаб, войким,
Айтиб англатмоқ била ҳолимни ул ғофил ҳануз.

Ваҳ, нечук баҳр эрди ҳижронким, миниб ғам заврақин,
Ҳар неча қатъ айларам, мавжуд эмас соҳил ҳануз.

Кўзу кўнглумдин балоға қолдим, оре, кимсага
Суд еткурган эмас аҳбоби ноқобил ҳануз.

Нафйи илми ишқ этиб, қилмоқ недур исботи вавқ,
Келмамиш, зоҳид, жаҳонға сен киби жоҳил ҳануз.

Мунисо, ҳушинг бор эрса, даҳри дун таркини тут
Ким, онинг бўлғон эмастур мойили оқил ҳануз.

КЎНГЛУМА БИР ГУЛ ҒАМИДИН…

Кўнглума бир гул ғамидин сончлибдур хорлар,
Оҳким, ҳар хоридин жонимдадур озорлар.

Айламиш кўнлумни мажнун жилвайи лайливаши
Ким, асири ғамзасидурлар парирухсорлар.

Турфа айёреки, дин нақдин олурда турраси,
Ўрганурлар андин ўғрилиқ ишин таррорлар.

Гардиши чашмидадур кайфияти даври қадаҳ,
Мен билибдурманки, билмаслар ани ҳушёрлар.

Мунисо, ағёр гар ҳамсуҳбат ўлса ёр ила,
Бўлма маҳзун, ҳамдами гул бўлғусидур хорлар.

ҚАЙСИ ГУЛНИНГ…

Қайси гулнинг мен киби бир андалиби зори бор?
Қайси булбулнинг сенингден бир гули бехори бор?

Қайси раъно сарвқадға қумрие бор мен киби?
Қайси қумрини қадингдек сарви хушрафтори бор?

Қайси лайливаш пари мажнуни бор мен телбадек?
Қайси мажнуннинг менингдек бир парирухсори бор?

Қайси ёр оллида мендек ошиқи жонбоз эрур?
Қайси ошиқнинг сенингдек нозанин дилдори бор?

Қайси бир айёрнинг бор мен киби саргаштаси?
Қайси бир саргаштанинг сендек бути айёри бор?

Қайси шоҳнинг Муниси маҳзун киби бордур қули?
Қайси гулнинг сен киби шоҳи фалакмиқдори бор?

УСТОЗЛАР ЭЪТИРОФИ

Волийи мулки тариқат гар Низомийдур манго,
Манзили маъниға Хизри роҳ Жомийдур манго.

Хотиримға Хусрафидин ҳар замон шўре етиб,
Банда давроннинг бори ширинкаломидур манго.

Пири ансорий сўзидин чошни нутқум топиб,
Сўзда ҳосил шарбати юҳъйил-изомидур манго.

Ҳофизи Шероз лутфидин тараққийлар топиб,
Жилвагоҳ аҳли тасаввуфнинг мақимидур манго.

Юзима Аттор ҳар лаҳза дўкони файз очиб,
Доим андин атрпарвар жон машомидур манго.

Файзи Фирдавсий гаҳи кўнлум очибдур бийддек,
Гоҳ Ҳоқоний футуҳининг паёмидур манго.

Гоҳ табъим Анварий нури била равшан бўлуб,
Гоҳ Саъдий жомининг файзи мудомидур манго.

Топибон ишқи Ироқийдин замирим нашъае,
Ҳосил, аҳли ишқнинг шўри тамомийдур манго.

Нусхайи таъбиди Бедилдин топиб файзи сухан,
Маъни ичра номайи иқболи томийдур манго.

Қилса ҳосид дахли бежо, сўз аро йўқтур ғамим
Ким, бу маънида Навоий руҳи ҳомийдур манго.

Тонг эмас, Мунис, агар бўлсам киромийқадрким,
Устоди зоҳиру ботин Киромийдур манго.

ШУАРО

Ютубон бу замонда қон шуаро,
Назм этар гавҳари фиғон шуаро.

Ерга хуршиддек солур даврон
Қилсалар сайри осмон шуаро.

Дўстлар лутфидин қилур маҳжур
Баски, бор душмани замон шуаро.

Юз хушомад била гадолиғ этиб,
Топа олмас емакка нон шуаро.

Давлат асроридин эрур ғофил,
Ҳар неча эрса нуқтадон шуаро.

Бўлуб ифлосдин зарурат ила
Хиссат аҳлиға мадҳхон шуаро.

Шеъри янглиғ кезар маҳофил аро
Қилғали дарди дил аён шуаро.

Гўйиё рўзгор аносидин
Туғди кулфатга тавъамон шуаро.

Дардманду жафокаш элга қилур
Назм ила дардини баён шуаро.

Аҳли давлатга бўлса ҳам маддоҳ,
Топмас иқболдин нишон шуаро.

Ғуссадин ўлгай эрди, топмас эса
Шеъридек ёри ҳамзабон шуаро.

Баски, даврон эрур ҳунардушман,
Кўрадур фазлидин зиён шуаро.

Мизбонлиғ қилурға йўқ нимаси
Бўлса Мунисга меҳмон шуаро.

СЎЗ

Гарчи аввал бор эди маҳбуби гулрухсора сўз,
Лек эрур ҳоло басе манкубу бахти қора сўз.

Шоири шўридага дилжамълиқ қайдин етар,
Дахли бежодин авом олллидадур юз пора сўз.

Дема, сўз атрофига чекмиш ливойи иштиҳор,
Қадрдоне топмай ўлмиш даҳрда овора сўз.

Шоир ўз аҳволиға дармондаву фазл аҳли хор,
Оҳким топмас бу даврон ичра бир ғамхора сўз.

Қилма изҳори суханварлик фароғе истасанг,
Сийму зар ўрнига ер бошиға санги хора сўз.

Хоҳ назму хоҳ наср ўлсун фазилат аҳлидек
Хорлиғ домониға чекмиш оёқ якбора сўз.

Сўз чу мундоқ хор эса, сўз аҳли мундоқ хоксор,
Ваҳ не тил бирла деолғай Муниси бечора сўз.

КEРАКМАСМУ САНГА?

Истадинг, эй дил, кўзин, жонинг керакмасму санга?
Куфри зулфин севдинг, имонинг керакмасму санга?

Дарду ғам сели била буздинг кўнгил кошонасин,
Эй малоҳат ганжи, вайронинг керакмасму санга?

Жамъ этиб, ўтлуғ кўнгулларни муқайяд айладинг,
Ҳалқайи зулфи паришонинг керакмасму санга?

Тийри ғамзанг муддаий кўнглига зоеъ қилмаким,
Ул хадафдур хора, пайконинг керакмасму санга?

Сарсари оҳимни, эй гардун, қилурсан тунду тез,
Машъали хуршеди рахшонинг керакмасму санга?

Эй гул, айларсан жафо хорин уруб, Мунисга жавр,
Андалиби дилкаш илҳоминг керакмасму санга?


ҒУНЧА

Табассумда кўруб рангин лабингни ногиҳон ғунча,
Қилиб дилтанглик зоҳир, ичидин бўлди қон ғунча.

Сабо таҳрикидин, йўқ, балки оғзинг шармидин бошин
Қуйи солмоққа мойил бўлғусидур ҳар замон ғунча.

Очиқ чеҳрангни то кўрди дема, эй, гул очилмишдур,
Хижолат ғоятидин айламиш кулгу аён ғунча.

Кўнгул тор оғзинга бир ҳандада олдурдим, эй гулрух,
Киши кўрганму эркан бу сифат бир дилситон ғунча?

Омонлик истасанг бу боғ аро, хомуш бўл доим
Ки, офатдин омондур сиррин айтар то ниҳон ғунча.

Сенинг оғзинг хаёлидин қилур кўнглум қуши нола,
Эрур боис чу булбул қилса фарёду фиғон ғунча.

Кўнгул жамъияти топса халал эрмас, таажжубким,
Эмас бу боғ аро ошуфта бўлмоқдин омон ғунча.

Недур бу размгоҳ ичра бошингга истамаклик худ
Ки, эл хайли ўқиға бордур аввалроқ нишон ғунча.

Шитобон бўлма, рифъат қулласиға то кун эрмассен,
Камин айлаб ётибдур йўлда шери осмон, ғунча.

Фиғонким, барча бу гулшан видоидин эмас эмин
Ки, гаҳ гул узмак этмиш даъб, гоҳи, боғбон ғунча.

Анинг руҳсору лаъли ўйла рангиндурки, эй Мунис,
Агар кўрса, бўлур афсурда гул ҳам нотавон ғунча.

АҲБОБ

Қилурлар бир-бирининг суҳбатин гарчи ҳавас аҳбоб,
Эмаслар лек даврон гардишидин дастрас аҳбоб.

Фалак мундоғки душманкомлиғ зоҳир қилур ҳар дам,
Эмаслар ҳеч фориғ ғам чекардин бир нафас аҳбоб.

Муҳаббат расмидин огоҳ этиб, миннат тутуб бергил,
Агар жон нақдини сендин қилурлар мултамас аҳбоб.

Замона аҳлининг манзуридур чун моли жамъият,
Қачон топғай менингдек бир ғариб бе ҳечкас аҳбоб.

Эрурмен ўйла бекаским, борурға боғласам маҳмил,
Топилмас айламакка нола андоқким жарас, аҳбоб.

Тутай кимдин умиди марҳаматким, ёқғали жоним –
Урарлар оташ аъдову солурлар хору хас аҳбоб.

Десанг, аъдо шикасти давлатимға топмасунлар даст,
Йиғ атрофингға, эй шоҳ, адл бирла пешу пас аҳбоб.

Шакар янглиғ жаҳон аҳлиға ширинкомлиқ еткур,
Ҳужум этсун десанг устингда андоқким магас аҳбоб.

Эрур бир гул ҳавоси билра Мунис кўнгли болафшон,
Нечук сақларлар айлаб они маҳбуси қафас аҳбоб.

ОФТОБ

Бўлмаса жинси жамолингга харидор офтоб,
Не учун зарпошлиғлар айлар изҳор офтоб?

Сенки шоҳи ҳуснсен, ҳар кун қилиб қуллуқ санга,
Сажда айларга қўяр туфроққа рухсор офтоб.

Чиқ жамолингни очиб, то элга ҳуснин сотғали,
Қилмасун олам аро кўп арзи дийдор офтоб.

Хокбўсинг ҳусн элига мужиби иззатдурур,
Чарх уза чиқмас йўлингда бўлмайин хор офтоб…

ШамъИ васлингдин агар етса фуруғе басдурур,
Андин ўзга шоми ҳажримға не даркор офтоб.

Даври рухсорингда мушкин зулф эмастур гўёё,
Қилди фош ойинаси гирдида зангор офтоб.

Не учун шому саҳар бошинг уза айланмасун,
Кўрмамиш ҳуснинг киби бу чархи даввор офтоб.

Рутбайи олий тиларсен, соф қил кўнглингниким,
Иртифў айларға мундиндур сазовор офтоб.

Юрутур яхши амал қабрингни, йўқса, суд эмас,
Тожинг узра бўлса гар ҳар дурри шаҳвор офтоб.

Бўл тафаррудпеша, Муниским, Масиҳоға мақом
Бўлди бу ишдин сипеҳр авжида то бор офтоб.

ҲАЖРИДА ЁМОН ҲОЛИМ

Кулбам сари жононим келмасму экин оё,
Ҳажрида ёмон ҳолим, билмасму экин оё?

Сўрмоққа борур ёрим ошиқлари аҳволин,
Деб ул мени ҳам ошиқ, келмасму экин оё?

Ҳажрида қолиб йиллар, олмас хабаре мандин,
Оллида киши ёдим қилмасму экин оё?

Сўрғай эди ҳолимни, ошиқларидин билса,
Гар билса, доғИ кўзга илмасму экин оё?

Ханжар чекиб эл бағрин тилмакдин этар эҳсон,
Бағримни менинг ёраб, тилмасму экин оё?

Баским тўладур ёшдин, кўзни оча олмасман,
Бир лутф илиги они силмасму экин оё?

Гулзори висолиға Мунис ета олмас ҳеч,
Айлаб талабин елдек елмасму экин оё?

КЎНГЛИМ ОЧИЛМАЙДУР ҲАНУЗ

Ғунчалар очилди-ю, кўнглум очилмайдур ҳануз,
Булбулосо хотирим гул майли қилмайдур ҳануз.

Заъф аро ушшоқға ибрат бўлубман, оҳким,
Кўзга аҳволи низорим ёр илмайдур ҳануз.

Ваъдайи васл айлаб эрди, айлади таъхир кўп,
Ё ибо қилди-ю, ё ёдиға келмайдур ҳануз.

Пеша айлаб чарх золи тинмайин тун-кун даме
Дилбаримча жавр ойинини билмайдур ҳануз.

Ерни ашким ғарқ этиб, зўр этти оҳим сарсари,
Недин эркандур фалак тоқи йиқилмайдур ҳануз?

Юз надомат бирла эмди ўзни ўлтурсам, нетонг,
Сажда қилмоқлиқға бошим бир эгилмайдур ҳануз.

Ихтиёр этса агар Мунис яна саргашталик,
Панд қилмангким, жунунидин ойилмайдур ҳануз.

ИШҚ АСРОРИҒА МEНДИН ТАРЖИМОНРОҚ ЙЎҚ КИШИ

Ваҳки, мендин ишқ аро озурдажонроқ йўқ киши,
Ҳусн аро сендек доғИ номеҳрибонроқ йўқ киши.

Кимга заъфим шиддатин зоҳир қилурмен мунглашиб,
Чу ўзумдек ғам чекардин нотавонроқ йўқ киши.

Сели ашку ғам йиқибдур жисм ила кўнглум уйин,
Мен киби ушшоқ аро бехонумонроқ йўқ киши.

Жонлар исоринг қилиб кўрдум жафо, ваҳким, санга,
Неча қилсам яхшилик, мендин ёмонроқ йўқ киши.

Узв-узвимдин фиғонлар бош чекибтур тил киби,
Ишқ асрориға мендин таржимонроқ йўқ киши.

Ишқ ўти Мунис вужудин куйдурубдур ўйлаким,
Эмди андин ўзга беному нишонроқ йўқ киши.

КИМНИКИМ ДЎСТ ДEДУМ…

Кимниким дўст дедум, душмани жон топдим они,
Неки андин тиладим суд, зиён топдим они.

Ёр меҳрин тилаб, ағёр жафосин кўрдум,
Майки гулгун талаб эттим, қаро қон топдим они.

Ғунчайи хотирим очмоқға насиме тиладим,
Гоҳ ўтлиғ елу гоҳ боди хазон топдим они.

Некхоҳим деганим барча бор эркан бадхоҳ,
Ониким англар эдим яхши, ёмон топдим они.

Ишқ андуҳи ниҳон қолмоқи имкон эрмас,
Менки ёшурмоқ ишим эрди, аён топдим они…

Вақтдур, дилбариға топса нишоне Мунис
Ким, ғами ишқ аро беному нишон топдим они.

АРМОН БИЛА ЁНДИМ

Бордим сари кўйингғаву ҳирмон била ёндим,
Васлингни тилаб, меҳнати ҳижрон била ёндим.

Бордим лаби хандон била тавфи ҳарамингға,
Ғамгин кўнгулу дийдайи гирён била ёндим.

Оғзингни тилаб, зулфинга жон бўлди гирифтор,
Дилжамъ бориб, ҳоли паришон била ёндим.

Мендан асаре истамангиз жуз бир овуч кул
Ким, ишқ киби оташи сўзон била ёндим.

Мунис киби васлинг тилаб, топмадим охир,
Мақсудима бир етмадим, армон била ёндим.

ЖУНУН ТАСВИРИНИНГ БEҲЗОДИ

Бало кўҳсорининг фарҳоди мен-мен,
Жунун тасвирининг беҳзоди мен-мен.

Жаҳонда ҳар қачонким бўлса пайдо
Агар шўре, анинг бунёди мен-мен.

Ғаму меҳнатга бор эрса арўсе,
Билингларким, анинг домоди мен-мен.

Нетонг Мажнун менинг шогирдим ўлса,
Ки, ишқ атфолининг устоди мен-мен.

Кўнгулда захмлардурким, фалакнинг
Нишони новаки бедоди мен-мен.

Менинг ноламға худ шўхе сабабдур,
Вале эл боиси фарёди мен-мен.

Қуруб ҳижрон тузоқини ҳамиша,
Балолар сайдининг сайёди мен-мен.

Вафода муддаийлардур мутеи,
Жафо айлар чоғИ мунқоди мен-мен.

Жунунда, Мунисо, муршидлиғ этсанг,
Анинг шойистаи иршоди мен-мен.

ИШИМ КEЧА-КУНДУЗ ФИҒОНДУР

Узорингда нуре аёндур, аён
Ки, андин куну ой нишондур, нишон.

Бало ўқларин отғали жонима,
Ики эгма қошинг камондур, камон.

Рақибингдин ўлмас аён яхшилик,
Ки, қавли-ю феъли ёмондур, ёмон.

Ҳаётимға зикри лабингдур сабаб,
Йўқ эрса, тириклик гумондур, гумон.

Манга суд эрур суди ишқинг ғами,
Анинг ҳарна ғайри зиёндур, зиён.

Эрурсан гаҳи кўз, гаҳи жон аро,
Сенга бу ики ер макондур, макон.

Нечук эл эрур оҳи сардим менинг,
Жаҳон боғИ андин хазондур, хазон.

Жигар бирла кўнглум қилиб қон ғаминг,
Ики кўз йўлидин равондур, равон.

Улус келса мендин фиғонга, нетонг,
Ишим кеча-кундуз фиғондур, фиғон.

Нетонг чиқмаса Мунис ул кўйдин,
Ки, ул анда ғамдин омондур, омон.

КИШВАРИ МEҲНАТ ШАҲИМEН

Ашк хун, рухсор зарду дил ҳазинг, толеъ қаро,
Дард гуногун, фалак дун, аҳли даврон бевафо.

Жон гаъмин, хотир мушавваш, ақл мажқудул – асар,
Ҳажр қотил, ёр ғофил, ишқ ғолиб борҳо.

Захм муҳлик, тири ғам паррон эрур, роми фалак,
Заъф муставли, бадан мажруҳ эрур, марҳам фано.

Дўст бепарво, кўнгул ошуфтаву душман қавий,
Муддаий кўп, таъна бисёру жафокор ошно.

Ҳам ҳаво бордур самуми оҳу ҳам ҳар сўз ашк,
Мазраъ офат, шоҳи нахли умр бенашъу намо.

Ёр ҳамсуҳбатлигидин токи айрилдим, эрур
Ҳамдамим ранжу ано, ҳамроз ғам, маҳрам бало.

Кишвари меҳнат шаҳименким, манга бордур мудом,
Бошға сочқан хок тожу тахт-эски бўрё.

Масканим хоки мазаллат, бистарим хори тааб,
Тўмам андуҳи надомат, ишратим тутмоқ азо.

Мажлисим қайғу, майим хуни жигар, жомим фироқ,
Лекин, эй Мунис, бу ҳангом ичрадур соқий қазо.

РУБОИЙЛАР

Шоҳо, фуқароки муниси ғамдурлар,
Бедор дилу кўзлари пурнамдурлар,
Зинҳор аларни қилмағил озурда,
Оташдаму барҳамзани оламдурлар.

* * *

Ангаким масти жоми давлатдур,
Қон ичарда фақирлардин не хабар?
Ори уйқуға борған англамағай
Уйқусизларға ҳарне бўлса агар.

* * *

Сабот истасанг мулк бунёдиға,
Адолат била ет улус додиға,
Адолатдин ўлди эл осойиши,
Эл осойиши мулк оройиши.

* * *

Бу қишки эрур ер юзи кўзгу музидин,
Бир васфини ақл этолмас юзидин,
Иссиғ кунидин шаммаи изҳор этсам,
Совуқроқ эрур зоҳиди нодон юзидин.

* * *

Тутма бадгў бирла суҳбатким, ёмон сўз заҳридин
Ниши занбур каби ҳар дам берур озорлар,
Ким яқинроқ борса итга ҳурмоғидин инжитур,
Балки тишлаб жисмин афгор, тўнин мурдорлар.

* * *

Эмас мард — турғонни йиқса киши,
Агар келса қўлдин, йиқилғонни турғуз,
Шуруинг ўлса на ишга туз айла ниятинг аввал,
Бори амални ҳабо бил, агар туз ўлмаса ният.