Сайид Аҳмад (XIV-XV аср)

Сайид Аҳмад, Саидий (14-асрнинг охири — Ҳирот — 15-асрнинг 1-ярми) — шоир. Темурий шаҳзодалардан Мироншоҳнинг ўғли, давлат идора ишларида қатнашмаган.

Туркий ва форсийда шеърлар ёзиб, девон тартиб берган ҳамда нома жанрида «Таашшуқнома» («Ошиклар мактублари», Навоий таъбирича, «Латофатнома») достонини яратган (1435—36). Достонни амакиси Шоҳрух мирзога бағишлаган. Асар Хоразмий «Муҳаббатнома»си ва Хўжандий «Латофатнома»сига татаббу қилинган. Назира қонуниятларига кўра, асар тузилиши, мактублар сони (10 та) жиҳатидан ҳам юқоридаги асарларга ўхшаш; маснавий мактублар ғазал ва бошқа лирик жанрлар билан қоришиқ.

Сайид Аҳмад достонида ҳар бир ғазалнинг маълум бир мақом билан боғланганлиги ва иккинчи номанинг барча мисраларида тажнисли қофия ишлатилганлиги билан Хоразмий ва Хўжандий асарларидан ажралиб туради. Мактублар туркий тилда. Асар рангбаранг поэтик шаклларга бой.

Достон ўзбек адабиёти тарихида нома жанрининг ривожланиш йўлларини, 15-аср ўзбек адабий тилини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Асарнинг ягона қўлёзма нусхаси Лондондаги Британия музейида, фотонусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади.

«ТААШШУҚНОМА»дан

Китоб сабаби

Тушумда бир кеча кўрдум саҳаргоҳ,
Ки Мажнун бирла бўлдум йўлда ҳамроҳ.

Манга дедиким,— эй шўрида аҳвол,
Чиқар бошдин такаббур, қилма эҳмол.

Ки ошиқлар мақоми Карбалодур,
Кишиким бўлди ошиқ, мубталодур.

Чу сен ҳам мубтало бўлмишсен охир,
Жафодин гул тикин сўлмишсен охир.

Бу йўлда қўй сару сомон, адам бўл,
Агар васл истасанг, собит қадам бўл.

Тахайюл бирла назм эт бир ҳикоят,
Вале неъмат қошинда қил ривоят.

Ҳикоятким таашшуқнома бўлғай,
Улуғлар қошида аллома бўлғай.

Иккинчи номасин айтур

Нигоро, олди кўнглум юзунг оли,
Қилодур қасди жон ҳам кўзунг оли.

Отиб ғамза ўқин пайваста қошинг,
Юрагим қон қилур пайваста қошинг.

Жамолинг шамъиниким, ёндурурсен,
Қамуқ оламни ўтқа ёндурурсен.

Энгингда менгларинг мушки Хитодур,
Қаро зулфунг сари бормоқ хатодур.

Қуёшдур оразинг ё Муштаридур,
Ки жон бирла жаҳони муштаридур.

Висолинг завқин истаб, эй дилором,
Тан ичра топмади мискин дил ором.

Кўнгул қушини ишқинг қилди шунқор,
Бу ғамдин муддаилар бўлди шунқор.

Карашма қилмоқ ичра қил ёрарсен,
Неким жонимға қилсанг, қил, ярарсен.

Анингким, ол юзинда холи бўлғай,
Қачон фитна қилурдин холи бўлғай.

Айитсалар санга ғамзангдин ўқ от,
Ани ўзгага отма, бизга-ўқ от.

Турубтурмен ўқунгнунг қаршусина,
Отар бўлсанг, тутармен қаршу сийна.

Чу тортармен ҳамиша ҳажр борин,
Санга айтай кунгулда ҳарне борин.

Билурсенким, қулунгдурмен камина,
Карам қил, боқмағил қулнунг камина.

Тўкар ҳардам фироқинг дийда қони,
Менингдек бир дағи ғамдида қони?

Кўнгулда гарчи ҳажринг доғи бордур,
Валекин васл умиди дағи бордур.

Нечаким ғамдамен, эй қадди шамшод,
Бўлурмен ҳар қачон кўрсам сени шод.

Тараҳҳум бу гадоға қилғин охир,
Йўқ эрса, ўлгуси қайғудин охир.

Улодур Сайди Аҳмад, қил яроғин
Анинг бори бир ишига яроғин.

Эшитгил бу ғазални чун Ироқий,
Ажам созин тузуб, айтай Ироқи.

Ғазал

Вафо боринда эй шўхи суманбар,
Жафо кўп қилма охир эй санавбар.

Латофат бирла нозиклук ичинда,
Белингдур сочу сочинг мушку анбар.

Агар оҳ урсам, оҳим шуъласиндин
Эзилгай Қоф, эригай кўҳи Хайбар.

Кўнгулнунг лавҳида ишқинг сифотин
Битибтурлар азалдин ўқуб азбар.

Унутмайдур баён Сайди суюнур,
Неча жавру жафо кўп қилса дилбар.

Сўзнунг хулосаси

Кел эй соқи, кетургил бодау жом,
Ичоли май ба ёди Аҳмади Жом.

Майеким, руҳ андин маст бўлғай,
Муҳаббат кўйида сармаст бўлғай.

Хуморимизни ул майдин ёзали,
Мудом ичмаганин не деб ёзали.

Билурсенким, жаҳоннинг йўқ бақоси,
Бақоси йўқ жаҳонға не бақоси.

Таҳаммул яхши иштур пеша қилмоқ,
Тахайюл бирла ҳам андеша қилмоқ.

Олтинчи номасин айтур

Аё ҳусну малоҳат ичра фохир,
Не бўлдиким, унуттунг бизни охир.

Сочингдур лайлатул-қадру юзунг ой,
Бўюнг тўбию ҳуснунг жаннаторой.

Сенинг ишқинг бало бўлғайму, эй дўст?
Бало десам, раво бўлғайму, эй дўст?

Ёвуз кўзлар юзунгдин дур бўлсун,
Жамолингдин жаҳон маъмур бўлсун.

Тишингнинг васфини ҳар хом билмас,
Гуҳарнинг қадрини чун ом билмас.

Кулар гул кўрса чеҳранг шодлиқтин,
Суюнур сарв ҳам озодлиқдин,

Қиёмингдин қиёмат қўпқусидур,
Ўтурсанг, фитна ҳам ўлтурғусидур.

Ярошур ноз ила сизга ўтурмоқ,
Кўнгуллар хирманиға ҳам ўт урмоқ.

Юзунгдур наргису гулдур янгоқинг,
Магар оби муаллақдур сақоқинг.

Иликингдур яди байзо нишони,
Ки бордур ҳақ таолодин нишоне.

Мунаввардур юзунгдин барча офоқ,
Муаттардур сочинг исидин учмоқ.

Жафо оз қилсангиз не бўлғай, эй жон?
Билурсизким, вафосиздур бу даврон.

Очунда қулсизик султон хуш эрмас,
Нечукким, дарди бедармон хуш эрмас.

Сулаймонсен, шаҳо, мен бир қоринча,
Дуогўймен санга то жон боринча,

Фироқинг зулмидан дод истарам, дод,
Рақибинг дастидин фарёд-фарёд.

Эшиткил айтайин кўнглум ниёзин,
Қўбуз қўбсаб, тузуб ушшоқ созин.

Ғазал

Иноят чоғидур, эй ёр, эй ёр,
Ки кўп қилди жафо ағёр-ағёр.

Ёзуқсиз тўкмагил қонимни охир,
Билурсенким, эмас хунхор-хунхор.

Бўлур ўз хижлатидин ҳайрат олиб,
Кўруб ҳуснунгни дар гулзор, гул зор.

Бўлур мушкин нафаснинг ҳасратиндин
Қачон бўлғуси ҳар аттор-аттор?

Аё Сайди, санамлар машрабиндин,
Тамаъ тутма вафо зинҳор-зинҳор.

Сўзнунг хулосаси

Кел, эй соқи, кетур жоми пур аз май,
Ки ғамларни кўнгуллардин қилур тай.

Ичоли ул бути айёр бирла,
Қароқлари қароқчи ёр бирла,

Ки кечти бевафо бу умр елтек,
Боришали анинг бирла бу элтек.

Таҳамлул яхши ишдур пеша қилмоқ,
Тахайюл бирла ҳам андеша қилмоқ.

Еттинчи номасин айтур

Аё жоду қароқлиқ ишва пардоз,
Қилур зулфунг сари жон қуши парвоз.

Жамолингдин мунаввардур чароғим,
Юзунг алида ўлмактур яроғим.

Қуёш ҳуснунг кўруб, эй моҳи тобон,
Хижолат топтию бўлди ярақон.

Қачонким лаълингиз бўлса шакарханд,
Набот эрнинг қошинда сув бўлур қанд.

Дудоғинг чун эрур ширинтар аз жон,
Киши дегайму они оби ҳайвон.

Шаҳо, пайваста қошинг қиблагоҳи —
Эрур жону кўнгулнинг саждагоҳи.

Қошинг чун ёйу кирпукларинг ўқтур,
Карашманг худ басе элни тузубтур.

Фироқингдин кўнгул девона бўлди,
Очунда ушбу сўз афсона бўлди.

Тилармен туну кун субҳи висолинг,
Кўзумдин лаҳзае кетмас хаёлинг.

Кўнгулдин дарду меҳнат бори кетмас.
Этокингга иликим чунки етмас.

Манга сенсиз керакмас танда жоним,
Чу сенсен мунису жону жаҳоним.

Малаксен ё пари ё ҳур ё нур,
Ки олам барча сендин бўлди маъмур.

Камина чокаринг қуллуқчисидур,
Азизу қайсару хоқону фағфур.

Кўнгул меҳрингни сақлар жон ичинда,
Сенингдек жон қани даврон ичинда?

Қамуқ олам сенинг бирла хуш, эй жон,
Ки сенсиздур тириклик нохуш, эй жон.

Салотинлар қачонким бўлса пайдо,
Мубоҳ ўлур гадоларға тамошо.

Ижозат бўлса, эй султони хўбон,
Ўқуйин бу ғазални, дар сифоҳон:

Ғазал

Бегим, сўзким сочинг васфинда борди,
Ривоят қилғучилар қилни ёрди.

Энгингни кўрди ёқут, аз хижолат,
Гаҳе сарғордию гоҳе қизорди.

Қилур эрди ўзини мушк таъриф,
Менгингни кўрдию юзи қарорди.

Эшитти чун ақиқ эрнинг сифотин,
Ўзиндин яхшилик отин кеторди.

Қабул қилсанг не бўлғай кўнглум, эй жон,
Бу мискин келмаку бормоқдин орди.

Анинг бирла мени кўргаймусен тенг?
Сўнгаким ушбу хасратдин қоворди.

Кўрунма кўзга, дединг — ўлтурурмен.
Қошингдин кетмади Сайди, қошорди.

Сўзнинг хулосаси

Кел, эй соқи, кетургил май…
Ки қолмас дунйида ҳеч киши боқи.

Билурсенким кечар айём охир,
Ўзингни қилмағил бадном охир.

Таҳаммул яхши ишдур пеша қилмоқ,
Тахайюл бирла ҳам андеша қилмоқ.