Рожий Хоразмий (XIX аср)

Рожий (тахаллуси; асл исм-шарифи Муҳаммад Юсуф Маҳзум ибн Хўжамберди; 19-аср 30-йиллари — Хива — 20-аср боши) — шоир, таржимон ва хаттот. Шеърларининг етакчи мавзуи — ишқ-муҳаббат. Мумтоз адабиёт анъаналарини ижодий давом эттирган, унга янги мавзу ва образлар олиб кирган. Ғазалларида маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилган, кишиларни саховатпешаликка, камтаринликка ундаган («Чой», «Бел оғриқ», «Келур», «Боис» ва б.). Навоий, Фузулий, Ҳусайний, Комил Хоразмий, Зийрак ва б. ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Хоразм хони Сайд Муҳаммадхон (1856—65), Муҳаммад Раҳимхон II (1865—1910) га бағишлаб қасидалар битган. «Равзат уссафо» (Мирхонд)нинг 4—5-бобларини ва бир қанча адабий асарларни форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган. 200 мисрадан ортиқ шеърлари 3 девонида бизгача етиб келган. Хаттотлик қилган, танбурни яхши чалган. Девони қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади (инв. №922, 1119, 1271).

ҒАЗАЛЛАР

Ҳушо, улким жаҳон аҳлиға майли имтизож этмас,
Тутуб улфат халойиқ бирла айшу ибтиҳож этмас.

Алойиқ риштасин тажрид тийғи бирла қатъ айдаб,
Куҳан золи жаҳонға майли аҳди издивож этмас.

Ҳаводис зулматистонида қолса чарх зулмидин,
Тазаллум кўргузуб, элдин тамаъ шамъи сирож этмас.

Бошиға ёғса борони алам меҳнат саҳобидин,
Биравга бош эгиб дардиға уммиди илож этмас.

Фано хокистаридан маскан этган фақр кўйида,
Жаҳонда шаҳлиғ истаб, орзуйи тахти тож этмас,

Шаҳаншоҳеки қилмас зрса ройиж нақди эҳсонин,
Қазо саррофи онинг давлати нақдин ривож этмас.

Кел эй, Рожий, ғанимат тут қаноат кунжи оромин,
Эр ўғлон, ҳар киши оллида арзи эҳтиёж этмас.

* * *

Айлаб сипеҳр зулмини мен мубталоға хос,
Ҳар дам қилур бир ўзгача ранжу балоға хос.

Даврон жафоси бормудурур барча элга ком,
Ёхуд эмишму жумласи аҳли вафоға хос.

Топди бир ишға ҳар киши оламда хослиқ,
Жоҳилға роҳат ўлди-ю, доно аноға хос.

Махсус бўлди риндға дайр ичра жоми май,
Бор хонақоҳда зуҳд эли, зарку риёға хос.

Кўпдур собаҳат ичра париваш нигорлар,
Келди малоҳат ул кўзу қоши қароға хос.

Ҳар кимса англай олмади анжоми корини,
Ғайб илми, филҳақиқат, эрур бир худоға хос.

Қуллуқ тарийқи бими умид ўлди, Рожиё,
Қил ўзни бандалик аро хавфу рижоға хос.

* * *

Бўлмиш манго ул ёри вафодор мухолиф,
Тонг йўқ, гар эса чархи жафокор мухолиф.

Ашк ўрниға қон тўксам эмас айбки, бўлмиш —
Мен телбаға ул ғамзаси хунхор мухолиф.

Даврон ситаму чарх жафо, эл қиладур зулм,
Мени бедилға бўлғоли дилдор мухолиф.

Беҳудман ул ой фурқати андуҳида ғам еб,
Андакки озор айласа бемор мухолиф.

Ул ёр манга бўлса мувофиқ, не ғамим бор,
Юз кийн айла гар бўлсалар ағёр мухолиф.

Бир ёри мувофиқ санго ҳақ айласа рўзи,
Бўлма анга ҳар ҳол ила зинҳор мухолиф.

Рожийга мувофиқ гар эмас даҳр эли, тонг йўқ,
Бўлмиш неча кундурки, анга ёр мухолиф.

* * *

Оҳким, умр ўтти топмай ранжу кулфатин фароғ,
Бермади даврони дун бир лаҳза меҳнатдин фароғ.

Дер эдилар ҳар машаққат кейнидин роҳат дурур,
Етти шиддат гардуми, топдим машаққатдин фароғ.

Ҳар балият ичра қолғонлар фароғат топтилар,
Бир мени ғаммодаға йўқдур балиятдин фароғ.

Гоҳ даврондин етар заҳмат, гаҳи давр аҳлидин,
Топмон, алқисса, даме мен ҳаста заҳматдин фароғ.

Етса аъдадин ситам, аҳбоб қилмас ёрлиғ,
Хотирим топмиш жаҳон аҳлига улфатдин фароғ.

Эй кўнгул, майл этма дунё бирла мофиҳо сари
Истасангким, топғосен ранжу суубатдин фароғ.

Соқиё, ҳар лаҳза Рожийга тараб жомини тут,
То топай бир умрлиғ андуҳу кулфатдин фароғ.

* * *

Ул париким, барча бўлмиш ошнолар ёт анга,
Ётларға ошно бўлмиш, недур ҳолот анга.

Ўзгаларга ёру олмас тилга ушшоқ отини,
Тонг эмас гар бевафо деб қўйсалар эл от анга.

Оразин очғон паривашлар бошидин эврулур,
Не ажабким ул қуёшдур, бу бари заррот анга.

Кўрган ул лўливашимнинг қомати рафторини,
Қул бўлурлар гар қиёт ўлсун ва гар қўнғирот анга.

Айланиб ул ҳусн шоҳи чиқса майдон ичра маст,
Рух қўюб йўлида шаҳлар бўлғусидур мот анга.

Меҳри рухсориға кун боқса уётдин сув бўлур.
Қайси важҳ ила муқобил бўлғуси миръот анга.

Ҳусн даврони ғаниматдур, нигоро, раҳм қил,
Ҳар баҳор ўлса хазон осиби бордур бот анга.

Ул пари кўйи дурур ишқ элиға дорил-амон,
Эй кўнгул, олам ғамидин қочсанг ўзни қот анга.

Ваҳки Рожий кулбасиға келмас ул ой бир кеча,
Ҳар кун айлаб арзи ҳол ирсол этар абёт анга.

* * *

Эй ҳаё маъдани кони адаб,
Сари кўйинг эрур дўкони адаб.

Адаб эрмаски отинг зикр этмак,
Деса бўлғай сани жаҳони адаб.

Оразингдин ҳаё бўлур зоҳир,
Талъатинг фош этар нишони адаб.

Лаби лаълинг такаллумин кўрсун,
Кўрмаган руҳ ила равони адаб.

Киприкинг новаки отарға ниҳон,
Эгма қошингдурур камони адаб.

Адаб эрмас дами фаромушинг,
Сан-сан оламда қадрдони адаб.

Рожий ашъорин айласун такрор,
Ҳар ким истар эса баёни адаб.

* * *

Букун ул дилрабо дилдорлиғ расмин аён айлаб
Олиб бурқаъ юзидин жилваи хуршид сон айлаб.

Хиромон айлабон зебо қадин нозу адо бирла,
Қадам қўйди бузуқ кулбам аро рашки жинон айлаб,

Келиб бошим уза сўрди тағофул бирла аҳволим,
Деди: эй хаста, дардингни манга билдир баён айлаб.

Гаҳи беҳуд ётарсан, бехўрду бехоб ўлик янглиғ,
Гаҳи ер-кўкни кўзғарсан фиғон узра фиғон айлаб..

Бўлиб гирён анго ман хаста изҳор этмадим чун сўз,
Кулуб дедики: ҳолинг неткасен мандин ниҳон айлаб.

Бошим ердин канориға олиб лаъли равонбахшин,
Равон оғзимға қўйди сўз сўроға комрон айлаб.

Сўрубман лаълинию ул сўриб ҳолимни оҳиста,
Сўрушмоқ бу экан маъшуқу ошиқ иқтирон айлаб.

Қилиб ўлғон танимға бу сифат жонбахшлиғ зоҳир,
Мақомин азмин этти қомати сарвин равон айлаб.

Кел, эй Рожий, бу янглиғ ҳарза гўйлиқ таркини эткил
Таҳайюрға ҳолур эл бу сўзингни чин гумон айлаб.

* * *

Эй маъдани жуди кони ҳиммат,
Гулзори баҳору боғи беҳжат.

Бу хастаки коми ҳимматингдин,
Бахшишдур шафқату муруват.

Айлар бу сифат мақол бирла,
Изҳори ғаму, баёни ҳожат.

Ким чой эдики бир тасалли.
Рафъ эткали ҳар нафас малолат.

Ул ҳам кўзидин учубдур андоқ,
Ким йўқдир анга етарга қудрат.

Асру буюк эрмиш ошёни,
Йўқ кимсада еткурурга ҳиммат.

Рожий, караминга кўз тутубдур,
Дафъ айласа деб бу навъи кулфат.

* * *

Ҳайфким они дедим маъдани эҳсону саховат,
Жамъ бўлмиш экан анда ҳам авсофи асосат.

Ўзи васфини дер эркан, уки доим қилур эрди,
Неча одамни хасосат сифати бирла шикоят.

Санар эрдим они фаҳм аҳлидину, дониш элидин,
Билмас эрканмен, эмиш бошдин-аёқ лофи жаҳолат.

Тилабон чой юбордим анга ул навъ кишиким,
Қилур атворию афъоли улуғлиқға далолат.

Рутбаси паст эса ҳам эрди таманнойи буюклик,
Суврати тифл эса ҳам эрди қорилиқ анга одат.

Қилибон бўйла киши ранжа қадам чой юбормиш,
Ки бир-икки йўли дамларга қилур қилса кифоят.

Рожийё, ўз тамаин элдину қил ҳаққа таваккул,
Пеша айлаб ўзунга олам аро сабру қаноат.

* * *

Жон берурда лаълиға қилмиш оби ҳайвон баҳс,
Уйлаким бирав қилғай жаҳл бирла ёлғон баҳс.

Ой узориға не юз бирла баҳс этак олғой,
Шарм айлар этмакдин анга меҳри рахшон баҳс.

Сарв қомати бирла дер эмишки, баҳоим бор,
Айласун қила олса қоматин хиромон, баҳс.

Баҳс айлагандекдур боғи жаннату дўзах.
Кўйи бирла ул гулнинг айласа гулистон баҳс.

Ғунча баҳс қилғондин оғзининг ичи қондур,
Айлаган киби нодон айбини намоён баҳс.

Турфа вақт бўлмишдур сифла иртифоидин,
Бек бирла қул айлар, ориф ила нодон баҳс.

Баҳри назми Рожийнинг дарға уйла бўлмишиким,
Ғарқи шари ўлур қилса анга баҳри Уммон баҳс.

* * *

Еткурур кўнглимга олам ранжу озор, алғиёс,
Не илож эткум мани ранжур ночор, алғиёс.

Гоҳ ҳазину, гоҳи маломат, гоҳ кулфат, гоҳи ғам,
Еткурур жонимға даврони ситамкор, алғиёс.

Бир киши етмас мани дил хастанинг фарёдиға,
Телмуруб йиғлаб десам ҳар лаҳза садбор, алғиёс,

Бир ғамимға чора топмоқ истасам юз сайъ ила,
Даҳр этар улдам манга минг ғам падидор, алғиёс.

Рози эрдим ҳар жафо етса манга ағёрдин,
Ҳар нафас юз жавр этар ман зорға ёр, алғиёс.

Алғиёс, эй қозийюл-ҳожат, ўзинг қил ёрлиғ,
Қилмади фарёдраслик кимса изҳор, алғиёс.

Юкланур бошиға Рожийнинг дамодам бори ғам,
Айлагил бир лутф ила они сабукбор, алғиёс.

* * *

Менинг заъфимға сўрса ёр боис,
Эрур ҳажрида минг озор боис.

Туну кун оҳу афғон этмакимга,
Эрур ул зулф ила рухсор боис.

Дамодам буки чашмимдин оқар қон,
Онга ул наргиси хунхор боис.

Висол айёми йиғлаб нола қилсам,
Нетонг, ул базм аро ағёр боис.

Гулистон ичра булбул ноласидин,
Чу сўрдум, деди, бордур хор боис.

Дедим ул ойға, недин жавр этарсан,
Деди: сўрма анга кўп бор боис.

Ажабдур лутфиға боис топилмас,
Вале зулм этгали бисёр боис.

Фано даврида гар лояъқил эрсам,
Тоиг эрмас, соғари саршор боис.

Деманг Рожий надиндур банди ғамда,
Анга тўти киби гуфтор боис.

* * *

Билмон ул ойға нечун ўлубдур хаёл каж,
Доим мани ҳазинға қилур қол каж.

Каж дер жавоб, итоб этибон, туз саволима,
Дер туз жавоб, ўзгалар ётса, савол каж.

Бордур рақибларнинг анга каж мақоли туз,
Мен бенаво дер эрсам эрур туз мақол каж.

Ҳар кимса долдек каж эрур туздур оллида,
Ул ким алифдек ўлди туз ондоқки дол каж.

Мумкин эмас жаҳон аро тузларга эътибор,
Беэътибор бўлмоғи, лекин муҳол каж.

Тузларгадур жаҳон аро ҳар навъ дарду ранж
Ҳар ерда бўлса бордурур осуда ҳол каж.

Десанг спеҳр авжима айлай маконингни,
Бўлғил мудом эл ичра начукким ҳилол каж.

Ёшликда пеша тузлик этса асло туз ўлмағай,
Улғойғонида ёшдин эса ҳар ниҳол каж.

Зебо қадрини сарв деса Рожий, ул пари—
Дерким бу навъ айламагил кўп хаёл каж.

* * *

Олмиш ўтлиғ оразидин бурқаъ ул дилдор субҳ,
Тонг эмас, тортар фалакка оҳи оташбор субҳ.

Еткурур жон муждасин гулзордин ҳар дам сабо,
Кўйи сайри гулшан этмиш ул масеҳ атвор субҳ.

Бир қуёш ҳажрида ҳар тун бордурур мандек ҳазин,
Буки сориғ юз уза ашкин сочиб йиғлор субҳ.

Демагилким кун тулуъ айлаб бўлур ғойиб нужум,
Дилбарим оллида айлар нақди жон ийсор субҳ.

Ҳажр номи зулматиға сабр қил ҳар ҳол ила,
Кўз ёритгунг бир қуёш васлидин ийсовор субҳ.

Гар десонг заҳмат зилолидин топай шодоблиғ,
Юммағил андоқки наргис дидаи бедор субҳ.

Сорғориб рухсори ғамдин чок эрур кўкси агар,
Рожи янглиғ бир қуёш меҳрин ниҳон асрор субҳ.

* * *

Эй вужудинг келибон маъдани эҳсони саховат,
Остонингда икки қул дурур иқболу саодат.

Хотиринг кўзгусини айламасун даҳр муқаддар,
Етмасун кўнглингга ҳеч важҳ ила осори малолат.

Матаки даргоҳи фалак жоҳи дуогўйдурурман,
Арзи ҳожат қилурам гар караминг берса ижозат.

Бор эди бир кишига беражак икки тиллоким,
Ваъдалиғ вақти етиб, бергани йўқ манда бизоат.

Келадур ҳар кун олурға ҳаққини қаҳрлар айлаб,
Совутиб чеҳрасини, кўргузуб анвоъи шиноат.

Мани бекас қилибон ҳар кун анга ўзгача ҳийла,
Қайтарурман неча ёлғон сўз ила, бу не қабоҳат.

Кўргач онинг юзини титрашадур жон ила кўнглум,
Соладур бошима ҳар кун менинг ошуби қиёмат.

Агар иҳсонинг онинг дафъиға айлар эса чора,
Топғай эрдим мани бечора жанобингда фароғат.

Арзи ҳол айлади хома тилидин Рожийи маҳзун,
Қилған учун тилини лол ўзи деса хижодат.

Мустазод

Эй киприки ўқ, қошлари ёй, ғамзаси жаллод,
эй кўзлари жоду,
Бир лутф ила қилсанг недурур хотирими шод,
чекдим басе қайғу.
Офоқ аро бордур неча маъшуқ ила ошиқ,
гулчеҳраи мафтун,
Мендек хиради волау сен киби паризод
олам аро борму.
Кўб жавр ила жонимни хароб айлабон этдинг
ҳажрингга гирифтор,
Оз лутф ила ҳам айла бузуғ хотирим обод,
ҳардам келиб ўтру.
Боғ ичра санга гул ўзини мингзатур ўлса,
йўқдир кўзи, тонг йўқ.
Булбул сани кўрдию они айлади барбод,
деб ҳожат эмас бу.
Наргис бошини солди қуйи, кўзини кўргач,
қайғуга тушубдур,
Сарв ўлди қадингға қул, они этмагил озод,
саркашдурур асру.
Хуршед демокка юзингга ўзни мушобиҳ
йўқдир тили, оғзи,
Ой қилсун ўзин санга баробар тутубон ёд,
бўлғум деса кулги,
Рожийки қолибдур ғами ҳижронинг ичида
қилғил онга раҳме,
Тун, кун чекадур тинмайин афғон ила фарёд
сандин тушуб айру.

Навоий ғазалига мухаммас

Кўнгул даврон элин тутма ўзингға ошно асру,
Тилаб меҳру муҳаббат чекмагил ранжу ано асру,
Вафо айлаб, вафо кўз тутмоғинг бордур хато асру,
Вафо аҳлиға даврондин етар жавру жафо асру,
Жафосидин анинг озурдадур аҳли вафо асру.

Фалакдин тбпмоғунг жуз ранжу меҳнат бил муайянким,
Туну кун айшу роҳат истаб этма жусту жў фанким,
Манга кўб озмойиш бирла бўлмиш бўйла равшанким,
Бу ким аҳли вафо ноёб эрурлар оиндин эрканким,
Бу эски тоқ аларга ёғдурур гарди бало асру.

Таманно қилма олам ичра ўзни айламак хушнуд,
Балоу ранжидин ўзга санга мумкин эмас бир суд,
Фано баҳриға киргил барча будинг айлабон нобуд,
Гаронжонлиқни қўй, жон бер, тилар бўлсанг дури мақсуд—
Ки оламда оғирдур ушбу гавҳарга баҳо асру.

Кими кўрсам жаҳон аҳлидин, они ошно билдим,
Туну кун тинмайин истаб, ризосин ел киби елдим,
Ажаб нодон эмишмен билмай ўз комимдин айрилдим,
Фидо жонимни айлаб, олам аҳлидин тамаъ қилдим,
Вафо, астағфируллаҳ, қилган эрмишмен хато асру.

Кел, эй Рожий, санга жаҳл ила ғафлат мунча басдур,
Жаҳон аҳлидин ўз пайванд, бори дуну нокасдур,
Ҳама мол ила жоҳи ориф эл олдида бир хасдур,
Ҳавойи гулшани қудс эт Навоийким, хуш эрмасдур,
Зағанлар бирла бу гулшанда бўлмоқ бенаво асру.