Роғиб (1865-1935)

Роғиб (тахаллуси; асли исм-шарифи Муҳаммад Раҳим Шокир ўғли) (1865 — Хоразм вилояти Урганч тумани Қоровул қишлоғи — 1935) — шоир. Навоий, Ҳофиз, Мунис, Огаҳий, Комил каби шоирлар ижодини ўрганган, ғазалларига мухаммаслар боғлаган.

Шеъриятдаги истеъдодини кўрган Феруз уни саройга таклиф қилган. У ерда Баёний, Аваз, Чокар ва бошқа шоирлар билан танишган, ижодий мулоқотда бўлган. Саройдаги мушоираларда катнашган. Ферузнинг амри билан шеърларини тўплаб девон тузган, «Девони Роғиб» номида нашр этилган. Феруз вафот этгач (1910), саройдан ўз қишлоғига қайтиб, деҳқончилик билан шуғулланган. Хоразм инқилобидан сўнг маориф муассасаларида ишлаган.

Роғиб лирик ва ҳажвий шеърлар ёзган. Лирикасида ишқ-муҳаббат, дўстлик, маърифатпарварлик ғояларини тарғиб килган, она Ватан табиати гўзалликларини мадҳ этган («Танбур», «Боғ», «Хивақ», «Ўлсун» ва б.). Ўзи тузган девони (1899, 1221 ғазал, 33 мухаммас, 6 таржеъбанд, 36 рубоий, 12 қитьа ва бир неча маснавий, мустазоддан иборат) ҳамда турли баёзларга кирган шеърлари етиб келган. Девоннинг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида (инв.№6681) ва Хива тарих музейи (инв. №2038)да сақланади.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Ваҳким, яна дарду бало бошимға туғён қилдило,
Жисмимга тиғи ғам чекиб мажруҳу урён қилдило.

Борму қутулмоқ, дўстлар, бу дарди муҳлик илкидин,
Ман хастадек олам элин чашмини гирён қилдило.

Гулгун бадан, ғунча даҳан, сарви сиҳиқадлар танин
Ғам ханжари бирла тилиб бошдин-оёқ қон қилдило.

Қайси табиб ёки қилур бу дарди муҳлик чорасин,
Деб барча ранжидин даме фарёду афғон қилдило.

Бу дард жаврига нечук тоқат қилур дилдорлар,
Ушшоқ жисмидек борин жисмини бежон қилдйло.

Ғурбат чўлида саф чекиб бошимга бу дарду бало,
Жисмимнинг мулкин, войким, бир дамда вайрон қилдило.

Қилмай тараҳҳум ҳолига бул Роғиби беморининг,
Ғам оташи ичра ёқйб бағрини бирён қилдило.

Дўстлар, ҳар дам етар оламда минг офат манга,
Йўқдурур дарду аламдин лаҳзае роҳат манга.

Кимга асрори ниҳонимни десам чора тилаб,
Еткурур ҳолим кўриб юз қайғу, юз заҳмат манга.

Истасам аҳбоб деб кимга ғамимни чорасин,
Қилғуси кину адоват расмини одат манга.

Бир нафас шодона сўрсам мақсадим якронини,
Наҳли пайконин отар ҳосиди бадтийнат манга.

Гоҳи ҳижрон ранжини чеккум, гаҳи дарду бало,
То кўриб Фарҳоду Мажнун туздилар улфат манга.

Юз бало бошимға ҳар дам еткуриб чархи даний,
Бордурур алқисса юз минг ранж ила кулфат манга.

Дарду ғам чеккач фироқи ичра ул дилдорнинг,
Кўрган олам аҳли айтур раҳм этиб раҳмат манга.

Айланиб даврон рақиби рўсиёнинг комиға,
Бергуси золи фалак заҳробаи хижлат манга.

Бўлди жисмим ханжари фурқат била пайкар яра,
Лек келтурмас нигорим марҳами шафқат менга.

Қолмишам шоми ғам ичра бўлғуси комим раво,
Токи очса оразини ул париталъат манга.

Роғибо, фахр этма шоирман дебон мундоқ нега,
Бордурур шоҳ лутфи бўлса юз туман рағбат манта.

* * *

Сайр этинг аҳбоб ўзни зийнатафзо қилди боғ,
Ҳар сари анвои неъматни муҳайё қилди боғ.

Ҳажрида нолон эди шод айламакка қумрини,
Сарвларни ҳар тараф қаддин дилоро қилди боғ.

Бодайи ишрат ичарга маҳваши гулчеҳралар,
Базм этарга саҳни гулзорин мусаффо қилди боғ.

Ҳар нафас мавфур айлаб меваи жондин лазиз,
Роҳатафзоликда жаннат бирла даъво қилди боғ.

Зийнат учун кийгузиб ҳар дам чаманга булажаб,
Турфа рангин хилъатин, айланг”томошо, қилди боғ.

Саҳни гулшанга бугун роҳат насимин эстуриб
Ошиқи содиқ дили янглиғ мубарро қилди боғ.

Жилвагар айлаб чаман шоҳидларини Роғибо,
Гул юзига сунбули зулфин мутарро қилди боғ.

* * *

Бир тун висолин айладим ул шоҳи хўбондин тамаъ
Ким, айлагандек бир гадо оламда султондин тамаъ.

Гўёки қилмиш қиш ўтиб бўлғонда айёми баҳор,
Гуллар висолин айлагай булбул гулистондин тамаъ.

Лаб ташнаман Мажнун каби дашти фироқида мудом.
Жоми висолини қилиб Лайлийи даврондин тамаъ.

Бир жилва айлаб ул пари олди қарору тоқатим,
Фаҳму хирадни айламанг ман зори ҳайрондин тамаъ.

Совурди сабрим хирманин дарду балонинг сарсари,
Дилжамликни ким қилур ҳоли паришондин тамаъ.

Эл таъбиға мақбул эса назминг не ғам Роғиб санга,
Сўз гавҳарининг конидур сен қилма хоқондин тамаъ.

* * *

Мумкин эрмас бу жаҳон мулкида бўлмоқ шодмон,
Ҳодисоти даҳри дундин кимса бўлди шодмон.

Қимни кўрсам чарх зулмидин эрур зору ҳазин,
Ҳасрати бирла манингдек жисми бўлғон нотавон.

Шодмонлиғ рахшини ҳар лаҳзаи юрсам миниб,
Юз туман ғам еткурур, эй дўстлар, борсам қаён.

Отқусидур борҳо меҳнат тошини бошима,
Билмадим бўлғум қачон бу чарх жавридин омон.

Кўз тутарман айлабон умид ҳолимни кўриб,
Айласам аҳбоблар меҳру муҳаббатлар аён.

Донаи роҳат сочиб умид этарларким самар,
Отқусидур меҳнату андуҳини аҳли жаҳон.

Хотирим бўлса паришон йўқ ажаб Роғиб киби,
Солди савдо бошима юз навъ чархи кажравон.

* * *

Найладим, эй чарх золиким, мани зор айладинг,
Ҳар дами юз дарду ғамларга сазовор айладинг.

Борҳо шоми фироқ ичра ёритмоқ кўзларинг,
Васли айёмини шомин сен менга тор айладииг.

Шоми фурқатда чекиб меҳнат, висолин кўрмайин,
Гулузоримни рақиб, шумларга сен ёр айладинг.

Лаҳзае базми гуландомимға йўл топсам агар,
Юз ҳаводис бошима ҳар ёндин изҳор айладинг.

Боғи мақсудим гулистони гулини очмайин,
Булбули жонимни юз минг ғамга дучор айладиш

Бир даме шод этмайин Роғиб киби олам аро,
Найладим, эй чарх золиким, мани зор айладинг.

* * *

Етар меҳнат бошимға ҳар дамо гардуни гардондин,
Нетай, айрилмади бир дам миҳан ман зори ҳайрондин.

Қадам ҳар сори қўйсам ёғди меҳнат санги бошимға,
Гаҳи адно элидин, гоҳ-гоҳ дўстону ёрондин.

Жаҳон айвони ичра хуррам ўлған бир киши борму,
Жафоу жавр зулмин кўрмаган бу чархи кажрондин.

Ичарман заҳри ғам ул гулузорим ҳажри даштида,
Хабар борму, сабб, дегил манга ул номусулмондин.

Бўлиб ҳайрон ул ой куйида юрсам зор кўксимга,
Етар санги маломат ҳар даме ағёри нодондин.

Тушиб бошимға ишқи шоми ғамда бир неча йиллар,
Кўзим равшан эмасдур партави ул моҳи тобондин.

Биёбони балода қолмишам ман хаста Роғибдек,
Келур ранжу алам қасдим учун аҳбоб ҳар ёндин.

* * *

Партав эрмас ул қуёшнинг орази анворича,
Ҳам эмас жаннат гули ул ой юзи гулзорича.

Зоҳидо, хулди барин васфин дема ман зорға,
Ҳуру ғилмонин юзи йўқ дилбарим рухсорича.

Шарбати лаъли эрур ишқ аҳлига роҳатфизо,
Бўлмағай ҳам кавсари, ҳам лаъли шаккарборича

Неча йилдир ишқида урғум садоқат кўсини,
Муддаи даъво қилур, лекин эмас ман зорича.

Ҳажр ила банд этгуси ушшоқи бедил кўнглини,
Соҳири Кашмир эмасдур наргиси айёрича.

Дашти ҳажри ичра ҳар дам юз балоға ёрман,
Эрдиму Фарҳоду Мажнун Роғиби беморича?

* * *

Куйсин дилу жоним ғами ҳажринда ғавғо айласа,
Ё сандин ўзга бир пари шавқини пайдо айласа.

Солмон назар дилдорлар рухсорига, эй шўхким,
Юз минг адоу жилвалар олдимда барпо айласа.

Куйинг эрур жаннат манго, э дилрабо, чиқсин кўзим,
Жаннатни ҳури ҳуснини кўрмоқ таманно айласа.

Боқмон қаду рухсорига гулчеҳраларнинг орази
Равшан дили абвобини хуршидосо айласа.

Нетсун ниҳон ўлмай Хўтан мушки жаҳоннинг кўзидин,
Мушкин мусалсал кокилинг сунбулни расво айласа.

Гул хирмани куймас нечук оташгаҳи хижлат аро,
Сарви қадинг кўргач, қадин таъзимига ё айл-аса.

Роғиб, висолингни ажаб уммид қилса ушбу кун,
Бир неча кунлар, эй пари, куйингни маъво айласа.

* * *

Жонон, лаби хандонинга олам гадо, мен ҳам гадо,
Мушкин хати райҳонинга олам гадо, мен ҳам гадо.

Мажлис аро май нўш этиб, соз*элда ўқурсан ғазал,
Бу нағмаи хуш ҳолинга олам гадо, мен ҳам гадо.

Гоҳ ноз бирла ўлтириб, сўрдинг мани ҳолимниким,
Бу нутқи дурафшонинга олам гадо, мен ҳам гадо.

Жоми муҳаббатни суниб, ҳам бўса эҳсон айладинг,
Этган бу навъ эҳсонинга олам гадо, мен ҳам гадо.

Кўргач жамолинг меҳрини Юсуф санго ҳайрон бўлиб,
Деди: сенинг жононинга олам гадо, мен ҳам гадо.

Боқгач гули рухсоринга, кўксимга отди бор ўқин,
Ондин манго мужгонинга олам гадо, мен ҳам гадо.

Куйингда кўп меҳнат чекар, Роғибни сўргил ҳолини
Жонон, лаби хандонинга олам гадо, мен ҳам гадо.

* * *

Тилар ҳар ким жаҳон ичра фароғат,
Ким этгай тангри берса не қаноат.

Қаноат аҳли кўргайму жаҳонда,
Ғаму, қайғу, балоу дарди меҳнат.

Замона ағниёси қилғусидур,
Риёу, ужбу кизб ила саховат.

Ҳам ул зоҳидда йўқдур луқмаи пок,
Нечук бўлғай дуосида ижобат.

Биров бўлса жаҳон ичра ғанироқ,
Қилур олимлар анго иститоат.

Булар бирла нечук хилт айлагунгдир,
Бу ёнглиғ хаста кўнглим қилма рағбат.

Тамаъ бозориға майл этма Роғиб,
Қаноат масканида айла роҳат.

* * *

Дўстлар, олам элиға ошно бўлмоқ абас,
Ҳар дами юз қайғу-ғамға мубтало қилмоқ абас.

Базм атоб даврон элининг мажлиси ичра кириб,
Қуш киби доми гирифтори бало бўлмоқ абас.

Риштаи улфат тузуб сиррингни ифшо айлабон,
Ҳар кеча афсона, ҳар мажлис аро бўлмоқ абас.

Сарв қоматларни рафтори сори айлаб назар,
Бори ғам остинда токай қадди ё бўлмоқ абас.

Ишқ дарди чорасидин бўлғуси ожиз табиб,
Ким асири бўйла дарди бедаво бўлмоқ абас.

Қилмойин ҳақдин тамъа бир-бирдин айлаб давр эли,
Йўқ ҳаё юзда олордек беҳаё бўлмоқ абас.

Роғибо, рози дилингни халқға ифшо қилиб,
Кўҳи ҳасрат остида қадди дуто бўлмоқ абас.

* * *

Эй лабинг шаҳди мангодур оби ҳайвондин лазиз,
Қадди мавзунинг эрур жисмим аро жондин лазиз.

Ноз ила, эй нозаниним, бир кеча базмимға кел,
Хаста жонима висолинг бўлди дармондин лазиз.

Зуҳд эли боғи висолингни таманно айламас,
Бўлмаса рухсори қаддинг ҳуру ғилмондин лазиз.

Оразинг меҳри жаҳонни равшан этгач, эй пари,
Аҳли оламға эрур хуршиди рахшондин лазиз.

Фурқатинг даштидурур боғи Эрамдин дилкушо,
Булбули жонимға ҳам бўлмиш гулистондин лазиз.

Эй пари, боғи висолингдин манго қилғил карам,
Ишқ элига ширин эрмас ҳар наким ондин лазиз.

Гул юзингдин бўса истар Роғибо, қилғил ато,
Чунки, йўқтур бир нима алтофи эҳсондин лазиз.

* * *

Кўзим қонин оқизғон ул кўзи хунхорлардурлар,
Чаман саҳнида юрган ул юзи гулнорлардурлар.

Ўлур ишқида бешак жон берур ишқ аҳли жисмиға,
Бўлур зоҳир лабидан шаккарин гуфторлардурлар.

Десанг оламға тўлмиш мушк иси ул дилраболарни,
Паришон юзларида зулфи анбарборлардурлар.

Рақиб ила ичарлар май хижолат даштида мандек,
Ҳазин ушшоқи содиқ ташнаи хумморлардурлар.

Тополмай васли йўлини бўлуб ҳайрону саргардон,
Жаҳон аҳли манингдек кўзлари хунхорлардурлар.

Сўрар юз ҳайфким комича ширин лабларин аҳбоб,
Ҳарими қурбатида рўзу шаб ағёрлардурлар.

Етолмай васлиға ёрини олам ичра сидқ аҳли,
Чекар ғам ҳажрида Роғиб киби беморлардурлар.

* * *

Олам аҳли гул киби рухсорингга муштоқдур,
Боғ аро сарв қадди рафторингга муштоқдур,

Эл думоғини муаттар айлагач бўйи етиб,
Сунбули тар хатти мушкинборинга муштоқдур.

Ишқ эли жисмиға жон топмоқ учун, эй дилрабо,
Руҳпарвар лаъли шаккарборинга муштоқдур.

Гул ҳавосин тарк этиб булбул чекар ўтлуғ наво,
Ким, жамолинг боғида гулзорингга муштоқдур.

Бағри қоним оқизур кўздин чаманнинг наргиси,
Кўрмақ учун наргиси беморингга муштоқдур.

Тарк этиб зуҳду вараъ, куйингда юрмиш зуҳд эли,
Жаннат ичра ҳурдек атворингга муштоқдур.

Отғуси ҳар дам кўзинг ўқини Роғйб кўксига,
Шукр айларким недин озорингга муштоқдур.

* * *

Агар оқил эсанг бир нозанин жонон ўлур танбур,
Муғанний комил ўлса нағмаға шодон ўлур танбур.

Чаман саҳнида булбул инграюр ғунча очилғунча, |
Болон бо даф ғижжак истаён яксон ўлур танбур,

Қирар оғушинга бир гулбадан маъшуқи зебодек,
Санамлар бирла ишрат истасанг хандон ўлур танбур.

Демушдурлар, фаранг сози ажаб хуш ҳусни дилкашдур,
Мақомоти навода анга минг чандон ўлур танбур.

Бўлуб анга музайян тори нохун холис олтиндек,
Шаҳу шаҳзодаларнинг базмида султон ўлур танбур.

Олар аҳбоби ғамгину ҳазин дилларға оламда,
Фараҳлик еткуруб гўёки бир Луқмон ўлур танбур.

Ғаму андуҳи бемор юзлари ҳар дам санга Роғиб
Агар билсанг, санинг дардингга ҳам дармон ўлур танбур.

* * *

Юзинг оч, боғ аро гул тоза гулзорингдин айлансун,
Қадинг қил жилвагарким сарв рафторингдин айлансун.

Юриб боғ ичра қилғил ноз ила ҳар сори наззора,
Чаман наргислари ул чашми беморингдин айлансун.

Латофат кўсин урган олам ичра Юсуфи Мисрий,
Манго олам бори айтурки, дилдорингдан айлансун.

Ўлик жисмимға топғач жон кўриб зоҳид манго айтур,
Ким ул кавсар суви лаъли шакарборингдан айлансун.

Ғизоли Чин муаттар айлаган олам думоғини,
Лаби жонбахшинг узра мушки тоторингдан айлансун.

Наво туздинг ўқиб дилкаш ғазални нозлар бирла,
Ким ул Довуд лаҳни бирла сеторингдан айлансун.

Малоҳат тахтида кўргач, сани аҳли фаросат дер,
Жаҳон дилбарлари Роғиб севар ёрингдан айлансун.

* * *

Сайр этар гулистонда гул узори жононлар,
Ҳар бириси ҳусн авжи узра меҳри рахшонлар.

Гоҳ чаманнинг саҳнида нўш этиб майи рангин,
Айлабон такаллумда ғунча бағрини қонлар.

Илгига олиб танбур, барчаси ўқиб абёт,
Кўрмамуш замон аҳли бу сифат ғазалхонлар.

Ҳар бирини булбуллар гул юзининг шавқнда,
Тинмайин чекар оҳу нола бирла афғонлар.

Ишқим этгали афзун нола бирла қилдилар,
Оташин узориға сунбулин паришонлар.

Лек аросида бир шўх мен сари қиё боқиб,
Олди ақлу ҳушимни, кетди дину имонлар.

Ул нигори зебонинг оташи фироқида,
Куймайин нетар Роғиб, эй рафиқу ёронлар?!

* * *

Ким ошиқи содиқ эса бир лаҳза роҳат истамас,
Ғам даштида пўя уруб бир дам фароғат истамас.

Элдин муҳаббат риштасин қатъ айлабон чўлни кезар,
Гўёки нодон суҳбатин аҳли фасоҳат истамас.

Рухсорини айлаб хазон япроғидек ҳижронида,
Ўзга парирўлар била ойларға ишрат истамас.

Ишқ ичра ким содиқ эса андуҳи меҳнат лашкари,
Ғорат қилур мулки дилин лек ул иморат истамас.

Бир нонни тенгрим ато қилса анго юз шукрким,
Гўё ғанилар миннатин аҳли қаноат истамас.

Жилва қилиб ағёр эли базми аро ҳижронида,
Қумри киби истаб мани бир сарви қомат истамас.

Кўрса жаҳон аро юзи мавзун қадини Роғибо,
Кўйида мандек зор ўлиб зуҳд аҳли жаннат истамас.

* * *

Жаҳонда ҳеч ким мендек балоға муфтало эрмас,
Ҳам ул ишқингда содиқ ошиқинг, эй дилрабо, эрмас.

Кўзим жаври фироқингдин тўкар ёш ўрниға қонлар,
Бу янглиғ шум рақибимға ишинг жабру жафо эрмас.

Мани кўрган чоғи жавру ситамлар айладинг пеша,
Мунингдек зулмни ишқ аҳлига қилмоқ раво эрмас.

Уриб пўя неча йиллар кўрарман бу жаҳон ичра,
Нигори ишқ элини сен киби ноошно эрмас.

Жаҳон мулкида бордир бир неча дилдор ишқ аҳли,
Бири сандек ситамгар, зулм пеша, бевафо эрмас.

Мани кўргач чоғи тавсифини зоҳид қилур найлай,
Жинон ҳури санингдек қадду юзи дилкушо эрмас.

Ғамингда, эй пари, ўлдим, ўликни тиргизур эрса,
Масиҳо мўъжизи Роғибни дардиға даъво эрмас.

* * *

Аё Лайлим, мани ҳажрингда зор этмак недур, билмон,
Жунун саҳросида Мажнун шиор этмак недур, билмон.

Солиб фурқат ўтига, куйдириб жисми низоримни,
Неча турлук балиятға дучор этмак недур, билмон.

Рақибим бодаи васлингни нўш айлаб эрур масрур,
Ки бўлиб ташнаи доим хумор этмак недур, билмон.

Ёрутмай кўзларимниким юзинг хуршидидин, э шўх,
Мудомо зарра янглиғ беқарор этмак недур, билмон.

Бу мажруҳингни фурқат шоми ичра сўрмай аҳволин,
Жамолинг шамъига парвонавор этмак недур, билмон.

Харобимға қадам ранжида бир тун айламай, э шўх,
Ҳамиша йўлинг узра интизор этмак недур, билмон.

Сулаймоним адолат бирла Роғиб ҳолини сўрмай,
Бир ожиз мўр ёнглиғ бемадор этмак недур, билмон.

* * *

Мумкин эрмас бу жаҳон мулкида бўлмоқ шодмон,
Ҳодисоти даҳри дундин кимса бўлди шодмон.

Кимни кўрсам чарх зулмидин эрур зору ҳазин,
Ҳасрати бирла манингдек жисми бўлғон нотавон.

Шодмонлиғ рахшини ҳар лаҳзае юрсам миниб,
Юз туман ғам еткурур, э дўстлар, борсам қаён.

Отғусидур борҳо меҳнат тошини бошима…
Билмадим бўлғум қачон бу чарх жавридин омон.

Кўз тутарман айлабон уммид, ҳолимни кўриб,
Айламас аҳбоблар меҳру муҳаббатлар аён.

Донаи роҳат сочиб, умид этарлар ким самар,
Отғусидур меҳнату андуҳни аҳли жаҳон.

Хотирим бўлса паришон, йўқ ажаб Роғиб киби,
Солди савдо бошима юз навъ чархи кажравон.

* * *

Фалак золини зулмидин ажаб йўқ айласам афғон,
Қилур жавру жафо тун-кун тўкар олам юзидин қон.

Чекиб ишқ аҳли меҳнат етса ҳар дам ёр васлиға,
Чекар қатлимга онинг жаври бирла ханжари ҳижрон.

Қаю ҳар кимса ёрдир бу жаҳон айвонида хуррам,
Менингдек барча элдур водийи ғурбатда саргардон.

Баногоҳ ҳар киши гар нўш қилса бодаи мақсуд,
Қуяр жомига ул дам дўстлар заҳробаи ҳижрон.

Суниб ғам шарбатини жоми меҳнат бирла оламға,
Қилур ҳар дамда турлик бошиға зулму ситам туғён.

Жаҳонни арсасида, дўстлар, ушбу фалак золин,
Жафоу жавр ила зулмидин ўлмиш барча эл нолон.

Ўзингга, Роғибо, қил фақри ғурбат кулбасин маскан,
Бу водийда хаёлинг маркабини сурмагил ҳар ён.

РОЖИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Топмайин бир дам жаҳон мулкида офатдин фароғ,
Кечди йиллар манга бўлмай зарра кулфатдин фароғ,
Бермайин золи фалак андуҳи ҳасратдин фароғ,
Оҳким, умр ўтди бўлмай лаҳза кулфатдин фароғ,
Бермади давронки бу бир лаҳза меҳнатдин фароғ.

Манга зулм этмак фалакка доимо одатдурур,
Зулмидин бошимда юз минг қайғу-ғам қурбатдурур,
Найлайин дарду ғамим афзуни ҳар соатдурур,
Дер эдилар ҳар машаққат кейнидин роҳатдурур,
Етди шиддат гар даме топдим машаққатдин фароғ.

Қимсалар андак чекиб меҳнатни роҳат топдилар,
Кўрмайин ҳажр офатини коми вуслат топдилар,
Водийи ғурбатни кезмай барча иззат топдилар,
Ҳар балият ичра қолғонлар фароғат топдилар,
Бир мани ғамзадаға йўқдур балиятдин фароғ.

Жону кўнглумдур замона аҳлидин озорлиғ,
Ошнолар доимо айлар манга маккорлиғ,
Айламай ман хастаға фарёдким, ғамхорлиғ,
Етса аъдодин ситам, аҳбоб қилмас ёрлиғ,
Хотирим топмас жаҳон аҳлига улфатдин фароғ.

Даҳр бўстони аро боқмай гули раъно сари,
Қилмайин наззора сарви наргиси шаҳло сари,
Солмайин кўз жилва қилғач ҳар қади зебо сари,
Эй кўнгул, майл этма дунё бирла мофиҳо сари,
Истасангким топғасан ранжу уқубатдин фароғ.

ҚИТЪАЛАР

Сариғ чеҳранг десанг ҳар лаҳза юз жаври ҳаводисдин,
Хароб ўлғон дилимда юз туман ғам дарду пинҳондур.

Берурлар келди қиш деб ҳар дами юз минг туман қайғу,
Бузуқ кўнглум киби маскан манга бу кўҳна вайрондур.

Ҳам ул атфолларким, бўлғусидурлар манга дилбанд,
Бири телпак, этук деб қилмоқ иши оҳу афғондур.

Зарурий асрудур бу барча иш, ҳолим эрур мушкул,
Қадим хам, қарз хавфи остида мундоқ кўзим қондур.

Мушавваш хотири зорим деманг муғлақдур ашъорим,
Сариғ юз мунча ғамдинким эмас албатта нодондур.

Манга душвору сабъ ўлмиш бу ҳолат хисрави олам
Мурувват бирла боқса ҳолима бу ишлар осондур.

* * *

Бордур икки кимсаким даврон аро,
Элга озору ваҳшат хислати.
Бири муллоу бири асру ғаний,
Бўлсин иккисига ҳам халқ лаънати.

* * *

Хуш ул мутриб муғанний аҳлига устод эрур комил,
Жаҳон мутрибларидин базму ишратда хуш илҳондур.
Кўтартиб чакманин ўғлиға гоҳи айлабон коҳиш,
Йўл узра айлар афъолига олам аҳли ҳайрондур.
Мулоқий кимки бўлса қилғуси такрор минг йўқ-йўқ,
Ўзин доно тутар барча онинг олдида нодондур.

* * *

Фалон бу шаҳр ичида ағниёлардин ғани бўлгач,
Ёқор ёнтошған элни айлабон неча туман бўҳтон.
Қаноат айламай ўз молиға элдин олар ноҳақ,
Танини айлагай ҳақ тонгла дўзох ўтида сўзон.


РУБОИЙЛАР

* * *

Элдин қилур ул зоҳиди нодон тамаъ,
Иззатли қилиб чеккисидур жон тамаъ,
Оздурғали макр ила жаҳон аҳлини,
Ҳар сори қилиб сургуси якрон тамаъ.

* * *

Борғай бу жаҳондин бари эл армонлиғ,
Минг йил агар айлар эса ҳам султонлиғ.
Искандар очиб кетди жаҳондин қўлини,
Айлаб неча йил олам аро хоқонлиғ.

* * *

Ушшоқ эли жаннатни таманно қилмас,
Ғилмон ила ҳур сари парво қилмас.
Васфини манга айламагил, эй зоҳид,
Ақл эли беҳўда тамошо қилмас.

* * *

Ҳақ ризқига қилмайин қаноат, эй шайх,
Қилғингдурур ҳар сариға суръат, эй шайх.
Мақбул дуонг ўлмағусиким, қилдинг
Элдин қилибон тамаъ ибодат, эй шайх.

* * *

Зоҳид қиладур ул моҳталъатни ҳавас,
Ишқида қилур жонига меҳнатни ҳавас.
Кўйида нега мен каби ҳайрон юрмиш,
Гар айлар эса гулшани жаннатни ҳавас?