Қутб Хоразмий (14-аср, Хоразм – ?) — шоир, таржимон. Ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи ягона манба унинг «Хусрав ва Ширин» достонидир. Қутб Хоразмийнинг ижодий камолот йиллари Хоразмнинг Олтин Ўрда давлатига қарам бўлган даврига тўғри келади. Достонини Сиғноқ шаҳрида ёзган (1330—40).
Фақирликда яшаган Қутб Хоразмий «Хусрав ва Ширин»дек кўп вақт ва машаққатни талаб қиладиган катта ҳажмли асарни ёзиш учун моддий ёрдам сўраб, Олтин Ўрда хони Муҳаммад Ўзбекхоннинг (1312—40) Оқ Ўрдадаги ноиби бўлмиш шаҳзода Тинибек ҳузурига борган. Тинибек ва унинг давлат ишларида фаол кўмакчиси бўлган хотини Қутб Хоразмийни илиқ кутиб олиб, унинг ижод қилиши учун барча шарт-шароитларни яратиб берганлар. Шоир ўз асарида маликани «ҳар ишни тарозида ўлчаб, зеҳн билан фикр юритувчи оқила, комила» аёл сифатида мадҳ этиб, унинг давлат ишларидаги фаол иштирокини кўрсатган.
«Хусрав ва Ширин» Низомий Ганжавий қаламига мансуб шу номдаги достоннинг эркин таржимасидир. Айрим сабабларга кўра, бу асар ўз даврида кенг тарқалмай, шуҳрат қозонмаган. Достон амир Қутлу Хўжанинг тавсияси билан 1383—84 йилларда Мисрда Берка Фақиҳ ибни Бароказ Эдгу Қипчоқий томонидан кўчирилган. Бу қўлёзма 1914 йилда Париж Миллий кутубхонасидан (инв. 312) топилиб, илмий муомалага киритилган ва шарқшунослар ўртасида шуҳрат топган.
1940 йилда Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейини ўтказиш қўмитаси томонидан унинг фотонусхаси олиниб, Ҳоди Зариф томонидан нашрга тайёрланган. Достон 91 бобдан иборат. Низомий достони эса 100 бобдан иборат бўлиб, 6 мингдан зиёдроқ байтни ўз ичига олади. Таржимон аслият мазмунини, асар сюжетини сақлаб қолиш билан бирга, уни анча эркин таржима қилган. Жумладан, асар муқаддимасига «Шаҳзода Тинибекхон мадҳи», «Малика марҳума Хонмалик мадҳи», «Китоб назм қилмоққа сабаб баёнин аюр» бобларини қўшган. Айни пайтда, достоннинг умумий мазмунига алоқасиз ҳисоблаганидан бўлса керак, бир қатор бобларни қисқартирган, айрим бобларни ихчамлаштириб, бир-бирига қўшиб юборган.
Шунингдек, Низомий достонидаги 12-аср Озарбайжон ҳаётига оид айрим лавҳаларни тушириб қолдирган, қисқартирган ва таҳрир қилган, уларнинг ўрнига Олтин Ўрда ҳаётига доир воқеаларни киритган, турли хил урф-одатлар тасвирини бериб, достонни ўз даврига яқинлаштирган, унга ўзбек халқ мақоллари ва таъбирларини киритган.
Қутб Хоразмий Низомий достони асосида ўзбекча достон яратиш ва унинг воситасида ўзбек тилининг бой имкониятларини намойиш қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва у буни муваффақият билан уддалаган. Бу таржима ўша давр ўзбек тилини ўрганиш учун муҳим манба бўлибгина қолмай, ўзбек тили ва адабиётининг тараққиётида ҳам катта роль ўйнаган.
Қутб Хоразмий таржимасидаги «Хусрав ва Ширин» ўзбек адабиётида маснавийнинг «Қутадғу билиг» ва «Ҳибат ул-ҳақойиқ» дан кейинги нодир намунасидир. У достонни ўз вазнида — ҳазажи мусаммани мақсур (маҳфуз)да таржима қилган. «Хусрав ва Ширин» ўзбек эпик шеърияти тараққиётида ҳам, бадиий таржима ривожида ҳам алоҳида ўрин тутади.
Эргаш Очилов
«ХУСРАВ ВА ШИРИН» ДОСТОНИДАН
Китоб назм қилмоққа сабаб баён аюр
Неча йил бўлди жоним сукор эрди.
Кўнгулда ушбу андиша бор эрди.
Нетак шоҳ тобғинга бир борғаман теб,
Бу кўнглум қазғусини торғаман теб.
Кўруб кўнглумким асру рағбатим бор,
Буюрдиким қатиғлон эмди, э ёр.
Равон, эй Қутб, таркин кеч бўлур бил,
Не билгайлар сени сўзлатмасанг тил.
Низомий назми янглиғ туз сўзунгни,
Анин билгут хонингға бу ўзунгни.
Хоним бирла малика отинга бир
Китобе қилғуға қил, теди тадбир.
Бўюм шаҳринга кўнглум эрди султон,
Жоним андин қабул қилди бу фармон.
Кўнгул фармонини жон бирла туттум,
Азин соқинчни бир йўли унуттум.
Қазонтек қайнаб уш савдо пишурдум,
Низомий болидин ҳалво пишурдум.
Хоним отинга ушбу порси тилни,
Чевурдум, туздум, уш назм узра қилни.
Чиқордим хуш йизиғлиқ сув бу кўлдин,
Кўнгуллар қонсу теб бу софий сувдин.
Қилиб хон давлати бу қулға ёрий,
Кеторди тангри табъимнунг ғубори.
Тузуб тил булбули бу назм уза соз,
Бу парда ичра келтурдум хушовоз.
Муродим эрди улким, бу қабуғда,
Келиб йўл тобсаман теб бу табуғда.
Сафар ранжин кўрум ўзум қоч айём,
Табуғқа еттим эмди уш саранжом.
Нечаким келдим эрса ман валекин,
Тугал келдим, тугаллик яхши уш чин.
Не хуш айди (ким) ул бир пир комил,
Етизгил неча кеч келсанг, эй оқил.
Бу келмакликда мақсуд эрди буким,
Етургай ҳақ тию мунда тилаким.
Биҳамдиллоҳ тилакка ҳақ етурди,
Тилак илги ўминж ёсини қурди.
Бу кўнглумнунг қушиким, тобти хуш боғ,
Керак булбул ўқуб, урсун керак зоғ.
Яна кўнглум, сўз оро қилди овоз,
Ким, эй булбул, очилди гул, келиб ёз.
Жаҳон бўстони қайда бўлди хуррам,
Бор эрса ишқинг эмди сўзла сан ҳам.
Уш андин бу ошиқларнинг сўзини,
Тузуб мунтек безадим сўз юзини.
Кишинингким кўнгулда ишқи бўлса,
Нетонг булбул менгизлик ул зори қилса.
Фалак миҳроби ишқ эрмиш хуш онгла,
Ошиқларнинг сўзин ишқ бирла тингла.
Кишиким ошиқ эрмаз жони йўқ бил,
Улукни борму тер ожунда оқил?
Агар ит кўнглинга ҳақ ишқи кирса,
Келур ул тилга кетмаз урса, сурса.
Агар бўлмаса ошиқ чархи базром,
Не саргардон юрир, қилға эрди ором.
Ошиқ бўлмаса ушбу етти қат ер,
Недин мунча халойиқ захмини ер?
Тенгизлар ошиқ эрмаз эрса бир сўр,
Недин қайнар, не ғуррушлар қилур кўр?
Қаюнингким бир олам ичра кўрдум,
Недин мунтек тию ақлимға сўрдум.
Аюр: ишқ бирла тирик ушбу олам,
Агар ишқ бўлмаса бўлмаз эрди одам.
Жоним ишқдин фараҳ тобти эса билдим,
Кўнгул бердим, еринга ишқ олдим.
Бу ишқим бирла бошлаб достонни,
Сало теб ишққа ундадим жаҳонни.
Хусрав-Ширин ҳикоятининг аввали
Мунунгтек аймиш ул бир пири оқил,
Ким ул эрмиш қамуғ навъ ичра комил.
Тутулди эрса Нушервоннинг ойи,
Қўнуб Ҳурмиз уза давлат ҳумойи.
Ато тахтин билиб ул дод қилди,
Адл бирла жаҳон обод қилди.
Тутар эрди атосининг тўросин,
Анинг расминча фолин ҳам йўросин.
Укуш қурбон қилиб, ул шоҳ ўғондин,
Тилади бир ўғил йиграк бу жондин.
Изи даргоҳинга қилдиса зори,
Ўғул берди анга гавҳардин ори.
Уғаннинг бахшиши дарёсидин дур,
Анинг шамъинга бермиш фазлидин нур.
Муборак толеи давлат макони,
Юзунда белгулук шоҳлиқ нишони.
Етиз хусравлиқин кўрди атоси,
Уш ондин ўтру Парвиз бўлди оти.
Зарифлуқ ичра комил эрди зоти,
Бу йўлдин ўтру Хусрав Парвиз, бўлди оти
Янгоқи кун менгиз, кўз боқса бўлмас,
Юзин кўрган кўнгилда қазғу қолмаз.
Ани шоҳ табуғинга кетрурлар эрди,
Эл элга гул менгиз кўтрурлар эрди.
Ҳарирга чулғатилмиш кин йипортек.
Тамом дурр донани кезлаб тутортек.
Нетакким чиқти бешикдин жаҳонқа.
Севуклук урғун экти барча жонқа.
Йил ошмишча изи ортурди давлат,
Билик таълим олиб ўгранди иззат.
Тамом беш ёшға етти эрса онглаб,
Кўруб кўб нонгин ибрат олди тонглаб.
Қачон ким олти ёшқа етти ул шоҳ,
Қамуғ йўлларни англаб, бўлди огоҳ.
Ети ёшқа етиб ул сарви қомат
Гул узра мушк сочмоқ қилди одат.
Анингтек кўрки бўлди элда машҳур,
Юзин кўрган бу Юсуф тею сақнур.
Атоси қилди бир устод тартиб,
Анинг рўзгори зойиъ кечмасун теб.
Бу сўз аймишда сўнг кечти бир анча,
Ҳунарлик бўлди Хусрав ўз ҳолинча.
Билик, сўз ичра андоғ бўлди фозил,
Маони баҳринда бир дурри комил.
Фасиҳиким равон сўз сўзлар эрди,
Сўзин андин уёлиб кезлар эрди.
Биликлик ҳам кўриши йинчка қилтек,
Сўз ичра қил ёрар эрди ўшул бек.
Тўқуз ёшинда сўнг ўйунни солди,
Баҳодирлуқ қиличин илка олди..
Етиб ўн ёшқа киш боғланди белга,
Укуш душман бошини берди елга.
Анинг хавфиндин арслон титрар эрди,
Қиличиндин ёғийлар қўрқар эрди.
Шешар эрди ўқи қилдин тугунни,
Сўнги бирла ёзар эрди бу кунни.
Агар душманқа кезлаб бир ўқ отса,
Қаю қалқон тузарким қарши тутса.
Киши ким ўн ё бирча тортса осон,
Анинг ёсин кўтурмаз эрди ердан.
Камандиндин қутулмаз эрди душман,
Ёрар эрди ўти ким теса тўшман.
Ногоҳ бир йилдиримтек гукрар эрса,
Сунгусин тошдин ўтрур эрди урса.
Тамомким умри ўн тўрт ёшқа етти,
Билик семурғи тан Қофини тутти.
Назар кезланчи жустлуқларға қилди,
Не эзгу, не ёмон борчани билди.
Бор эрди бир Бузург Уммид отлиғ,
Улуғ билга, юзи сувлуғ, уётлиғ.
Бўлуб кезланчи розларни билиб чин,
Фалак ганжларининг тобмиш килидин.
Озоқи ер юзини барча кезмиш,
Фалак анинг ишин ройинча тузмиш.
Ани хилватқа ундаб шоҳзода,
Келиб руҳ ерга қўйди шоҳ пиёда.
Илм дарёсидин излаб жавоҳир,
Топуб, тутти этагин, бўлди шокир.
Билиб таълим олиб, кўнглин ёрутти,
Укуш ҳикмат билиб, қурсоқда тутти.
Қамуғ навъ ичра ул шаҳзода чолок —
Бўлуб моҳ англади барча сирри афлок.
Бу оз умринда ул бир дурри макнун,
Бу янглиғ илм ичинда бўлди зуфнун.
Чиқиб ғафлатдин огоҳлиққа тегди,
Қамуғ ардам уза шоҳлиққа тегди.
Торилди эрса андин жаҳл суси,
Анга билгурди сирлар жайсуси.
Қамуғдин ўзруб ул хизмат жаҳонин,
Кечурмаз эрди хизматсиз замонин.
Атоси севди жаҳониндин ортуқ,
Жаҳон худ не бўлғай жониндин ортуқ.
Анинг ёши узун бўлсун тею шоҳ,
Зулмдин йиғди элни, қилди огоҳ.
Чақиртти билсу теб рустову шаҳри,
Тегар куч қилғучиқа шоҳ қаҳри.
Киши кирмасу боғчилар боғинға,
Тавар сурмасунлар ҳам тарлоғларинға.
Қаюким боқса номаҳрам юзинга,
Қийқиртти вой теб анинг ул юзинга.
Сиёсатни юритгайман тею шоҳ,
Бу сўз узра талим онт ичти ногоҳ.
Шоҳ ўз адли уза турдиса дойим,
Жиғой бой бирла нард ўйнади қойим.
Хароблиқ ал кўтарди барча ёндин,
Зулм қамчиси кетти эрса алдин.