Қорий (1828-1906)

Қорий Хўқандий (тахаллуси; асл исми Мулла Мирмаҳмуд Миршамсиддин ўғли) (1828 — Қўқон шаҳри Сармозор даҳаси — 1906) — шоир ва хаттот.  19-аср ўзбек адабиётининг истеъдодли намояндаларидан. Қўқондаги Норбўтабий мадрасасида таълим олган. Араб ва форс тилларини, сарф, наҳв ва луғат илмини чуқур ўзлаштирган. Ҳасанқори домладан қироат илмини ўрганиб, Қуръон ҳофизи — қорилик унвонига эришган. Шеърларида ҳам «Қорий» тахаллусини қўллаган. Қўқоннинг Хўжанд даҳаси Ғозиёғлиқ маҳалласидаги катта масжидда узоқ йиллар имомлик қилган.
Қорий мукаммал ҳуснихат эгаси — хаттот ҳам бўлган. Қорийнинг ўзи кўчирган (2 дастхат) «Девон»и, Мажзуб Намангонийнинг «Девон»и, Баҳоуддин Нақшбанднинг рисоласи, Муқимий билан ҳамкорликда кўчирган катта баёзи ва яна бир неча асарлар бизгача етиб келган.
«Девон»идан ғазал, мухаммас, мувашшаҳ ва таърих жанридаги шеърлар ўрин олган. Ғазаллари ошиқона ва орифона мазмунда бўлиб, соф лирик характерга эга. Мухаммаслари (65 та) ўзбек ва форс тилларида яратилган, уларнинг аксарияти форс адабиёти классиклари Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Бедил, Аҳмад Жомий, Осафий, Соиб кабиларнинг, туркий адабиёт классикларидан эса Алишер Навоий, Фузулий, Амирий, Машраб, Залилий, Ғозий, Увайсий, Азимий каби ижодкорларнинг ғазалларига боғланган тахмислардир.
Қорий шеърлари Аллоҳга ҳамдлар, айниқса, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га бағишланган наътларнинг кўплиги билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, унинг ижодида гўзал маҳбубанинг ёрқин тасвири ва унга бўлган муҳаббат ситамлари акс этган мисралардан ташкил топган шеърлар ҳам салмоқли ўринни эгаллайди. Девони Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтути қўлёзмалар фондида (инв. №2310) сақланади.

* * *

Маконимни мунаввар қилгали, эй ёр, хуш келдинг,
Висолинг шарбатиға айладинг саршор, хуш келдинг.

Лаболаб тўлганичун нўш этиб жоми муҳаббатни,
Сўрай, деб мўр ҳолини Сулаймонвор, хуш келдинг.

Алифдек дўстни жон ичра жо қилсам муносибдур,
Кўнгул вайронасини тузгали меъмор, хуш келдинг.

Азизлар суннати афтодаларни ҳолини сўрмоқ,
Миниб шабдизи ҳиммат марди майдонвор, хуш келдинг.

Уруб кўси иноят, ҳар тарафга айладинг жавлон,
Зиҳи бахтинг саманди бўлди, хуш рафтор, хуш келдинг.

Лаб очдим мадҳ учун бўлғай муносиб, гарчи аҳволим,
Паришон ҳол кўнглум бўлди файз осор, хуш келдинг.

Ёқиб шамъи муҳаббат бўлди дил кошонаси равшан
Бўлуб, очилди гўё ғунчалар гулзор, хуш келдинг.

Муҳаббат боғини гулчини Қорий дўст ёдида,
Неча дафтар ёзиб ашъори шаккарбор, хуш келдинг,

* * *

Юзи, эй, моҳитобон, бир келиб кет,
Кўзум йўлингда ҳайрон, бир келиб кет.

Фироқинг даштида мен зору-сарсон,
Тараҳҳум бирла жонон, бир келиб кет.

Юзинг кўрмакка кўп муштоқ эрурман,
Бошим узра хиромон бир келиб кет.

Ўлар ҳолатга етдим фурқатингдин,
Топиб фурсат шитобон бир келиб кет.

Хамиша интизори мақдамингмен,
Аё, эй шоҳи хўбон, бир келиб кет.

Ғамингда қолмади бир зарра тоқат,
Лаби гул, ғунча хандон бир келиб кет.

Бу Қорий ҳасратингдин кеча-кундуз,
Ёнар чун шамъи сўзон, бир келиб кет.

* * *

Жамъ бўлғон ғунчалар, гулдек паришон ўлмангиз.
Андалиби хушнаво бўлғон гулафшон бўлмангиз.

Сабзадин олам тамошогоҳ, сайри боғ учун
Очилинг гул-гул давомат доғи хирмон ўлмангиз.

Дўстлар гўё банотун-наъш бўстонлар аро,
Лола баргидек паришон, диллари қон ўлмангиз.

Васл боғи сабзу хуррам гуллар очилган каби,
Сочилиб ҳарён жудоликдин пушаймон ўлмангиз.

Сабъаи сайёрадек бир бурждин айлаб тулуъ,
Дил уйини равшан айлаб, бечароғон ўлмангиз.

Ошнолик рутбаси бўлсин мусаллам сизлара,
Нозанинлар зулфидек ҳарёна ларзон ўлмангиз.

Сайри гулзор айлаган булбул каби бўстон аро
Бетамошойи суман, бесарву райҳон ўлмангиз.

Ифтироқи васлидин кўкси қародур лолани,
Қамчи урган рахшдек ҳарёна жавлон ўлмангиз.

Сайр этиб оби равондек келсангиз Фарғонага,
Қорининг бўстонидин ғайрига меҳмон ўлмангиз.

* * *

Тун оқшом нола қилсам булбулу парвонани ўртар
Ўзимдек мубталойи ишқ кўп сўзонани ўртар.

Маломат тешаси бир сори, теккан тоши бир сори
Найистондин чиқиб ўт, мажнуну фарзонани ўртар.

Саросар ғам била оғишта бўлган, сўрма аҳволим,
Агар изҳор қилсам оқилу девонани ўртар.

Хуморим ҳаддин ошди, илтифотинг ёр қил, соқий,
Жунуним зўридин ўт тушса бу майхонани ўртар.

Мани ҳолимга раҳм этсанг на бўлғай, хўблар шоҳи
Фиғоним куйдурур ҳушёр, ҳам мастонани ўртар.

Тотиб май қатрасин солди таноби ишқ бўйниға,
Аналҳақ шишасини синдуруб паймонани ўртар.

Карам бобига келган бўлмасун навмид, султоним,
Ғариблар оҳидин олам куюб кошонани ўртар.

Туганмас қиссалардур ишқидин мотамсаро Қорий,
Куюб бошдин-аёғинг дафтари афсонани ўртар.

* * *

Сафо лофин уруб ойина рухсориға ҳайрондур,
Муаттар айлаган оламни зулфи сунбулистондур.

Азал наққоши сурат боғлағон, билмам нечук жонсан,
Пари, ё ҳур, ё ризвон гули дунёга меҳмондур.

Лаби гуфтора келгач гарм бўлди қанд бозори
Такаллум топди тўти, андалиби боғ хандондур.

Ҳаёти жовидондур, топса бўйи мушкфомидин,
Агарчанди гадо ушшоқ эли оламға султондур.

Хушо хандонидин бошимға юз савдо таманноси,
Тушуб шўрида хошок устига гўёки сўзондур.

Алифдек жон аро қомат, хаёли дил аро сокин,
Тамаввуж бермасун кўзлар нисорига дурафшондур.

Назокатли гулистон хирманидин хўшачин ўлди,
Етиб нашъу намо Қорийга хўблардин бир эҳсондур.

* * *

Қон тўккали хунрез кўзи айлади одат,
Жон бермак ила ишқ эли топди қаробат.

Ёндурди вужудимни муҳаббатни танури,
Дуди била олам элида қолмади роҳат.

Вобаста ғаму ғусса била жисми низорим,
Пажмурда бўлиб, тиғи ситам била жароҳат.

Монандаи Айюб таним кирми балодин,
Чун хонаи занбур тегиб тири маломат.

Ханжар соладур шўхвашим раҳм ила боқмай
Жаллоди ситамгар манга ойини иноят.

Амвож бариб, зулфи сияҳ табини ҳарён,
Жон мурғини бўйнига етиб топди қаробат.

Нозук бадану, ғунча даҳан, сим зақандин,
Ҳар кунда тушуб Қорини жониға бир офат.

* * *

Тоб солиб зулфидин ул офтоб,
Қилди жаҳон мулкини чун мушки ноб.

Рашҳаи авроқ уза дурдоналар,
Ё сочилибдур юзи узра гулоб.

Соя сифат орқасидин эргашиб,
Гул юзини кўргали жонлар кабоб.

Водийи ҳасратда бўлуб ақл лол,
Ишқи хаёли била бўлдум хароб.

Ноз ила ҳар ёна хиром айласа,
Сарв қудумиға бўлуб чун туроб.

Хайли бало бошиға қилғай ҳужум,
Кирса бу майдон ичиға шайху шоб.

Оҳим ўти бирла жаҳон ўртади,
Қилмади Мажнуни жаҳонгард тоб.

Ноз рамузини ўқуб, айлади
Қорийи афтодага доим итоб.

* * *

Ажаб зебо бўлубдур қоматинг ҳам чашми фаттонинг
Асир этди мени ширин кулуб чоҳи занахдонинг.

Мени побанд қилди шаҳнаваш зулфи паришонлар,
Кўзумни тутди андоғ партави хуршеди рахшонинг.

Янги айлаб мени бу кўҳна захмимни такаллумдин,
Таҳайюр ичра солди бу сифат лаъли намакдонинг.

Муҳаббат оташи сўзандаси мерос оламдин,
Кўзингни сохла ногаҳ тутмасун оламни тўфонинг.

Ўтуб Фарҳод, Вомиқ, етди энди санга бу навбат
Фалакка еткур андоғ нолау афғони сўзонинг.

Пари рухсорлардин бир тараҳҳум кўрмади кўзлар
Тукуб сурхоблар Мажнун каби бул даври давронинг.

Асир ўлдинг ики жаллоди хунрезига, эй Қорий.
Жазо шулким, тўкулсун остонига қизил қонинг.

* * *

Маст чиқма ҳар сори олам гирифтор ўлмасун,
Ишқ элиға ўт тушуб, сўзандаи нор ўлмасун.

Ҳадди авсофи камолидур, қарор ўлсун мудом,
Ғайри зулфидин манга бир тор зуннор ўлмасун.

Манзили жон ичра ул хуршед монанди алиф
Зарраваш кўйи сори мандек гирифтор ўлмасун.

Дамбадам нахли муродим обиҳайвонинг тилар,
Мен каби сўзанда, сандек шўхи таррор ўлмасун.

Чархи кажрафтордин борони ғам сели сиришк,
Ҳар тараф туғён қилиб дарёйи хунхор ўлмасун.

Эй асир айлаб жаҳон раъноларин сайёдвор,
Жон олурга сен каби чолоку айёр ўлмасун.

Нозанинлар ишқ бозорига солса Қорини,
Олғоли ул шўхдин ғайри харидор ўлмасун.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ниқоб очиб лаби Ширинга кўҳкан қилғил,
Мани асири бало чоҳи ул зақан қилғил,
Сочингни сунбули сарр устига суман қилғил,
Қаро кўзум келу мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросиға мардум киби ватан қилғил.

Мазоқи лаълинг ила бўлди хуш тараб гулшан,
Кўруб хижолат ила айлади адаб гулшан,
Назокатинг суйига бўлди хушк лаб гулшан,
Юзунг гулига кўнгул равзасин ясаб гулшан,
Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

Карам дарини очиб ҳиммат ила бел боғла,
Чаман-чаман очилиб лолалар дилин доғла,
Фасоҳатинг била тўти дилиға қон боғла,
Таковарингга бағир қонидин ҳино боғла,
Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.

Хиром этиб қилакўр мушкфом гулларни,
Асир этай десанг оч хандадин кўнгулларни,
Хизр киби қадам ур сабза айла йўлларни,
Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,
Сочингни бошдин-аёғ чин ила шикан қилғил.

Қаландарона гузар айла бўлмағил томиъ,
Сочилма ҳар сори гул ғунчавор бўл қониъ,
Яратди бандалик учун карам била сониъ,
Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас мониъ,
Бу боғ томиға гар игнадин тикан қилғил.

Фироқ ўтида жигар чок қилди гул бадани,
Мени асир қилиб мубталои ул зақани,
Муаттар айлади гулгун қабойи пираҳани,
Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мани,
Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.

Муносиб ўлмади ушшоқ элиға ном ила нанг,
Кўзига хасча эрур мулки Руму Шому фаранг
Хаёли сайрида Қорий аёқинг ўлди чу ланг,
Навоий анжумани шавқ жон аро тузсанг,
Они бошоқлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.

МАШРАБ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Қилғил тараҳҳум сўзоналарга,
Бағри эзилган гирёналарга,
Шоҳи жаҳоним ҳайроналарга,
Кўрсат жамолинг мастоналарга,
Ишқингда куйган девоналарга.

Зикрингда жоним топди ҳаловат,
Муфлис гадога қилғил саховат,
Муҳтож эрурман этгил каромат,
Мандин дуойи сандин ижобат,
Жоним тасаддуқ жононаларга.

Ошиқға жавринг тарк айломойин,
Қаҳру итобинг кам айломойин,
Зулфи сиёҳинг ҳам айломайин,
Эй бағри қаттиғ раҳм айломойин,
Қилғил назора бечораларга.

Ҳар тунда оҳим оламға тўлғай,
Нола-фиғоним етса на бўлғай,
Бу ташна бўлгон қонса на бўлғай,
Шамъи жамолинг ёнса на бўлғай,
Тун кеча бўлса парвоналарга.

Дарёлар оқди ашки равондин,
Сақла қулунгни роҳи омондин,
Қорийга кўрсат роҳи омондин,
Машраб сани деб ўтди жаҳондин,
Бошини қўюб остоналарга.