Мутриба (1894-1964)

Саломат Парда қизи Мутриба 1894 йилнинг 20 августида Каттақўрғоннинг Қаландархона маҳалласида мактабдор мулла оиласида туғилди. 12 ёшида қизлар мактабини битиргач, мустақил мутолаага берилди. Адабиётга меҳр-иштиёқи зўр бўлган ёш Саломат Навоий, Ҳофиз, Бедил каби улуғ шоирлар ижодини ўрганди. 14-15 ёшидан бошлаб, устози Ҳакима ёрдамида шеър ёзишга киришди. 16 ёшида уни мусофир бир муллага узатадилар. Биринчи жаҳон уруши бошланиши биланоқ юртга вабо тарқалди. У Мулла Парда оиласига ҳам оғир кулфат ва мусибатлар келтирди. Болалигидаёқ онадан етим қолган Саломат 1915 йилнинг икки-уч ойи давомида вабо ва очлик туфайли бувиси, отаси, синглиси, ниҳоят, эридан ажралиб, уч гўдаги билан ёлғиз қолди. У эрта саҳардан кеч оқшомгача бировларнинг хизматини қилиб қаноат ва машаққат билан кун кечирди.
Мутриба 1964 йил 7 февралда вафот этган.

УСТОЗИМ ҲАКИМА ТАЪРИФИДА

Киши билгайму йўл бир раҳнамосиз,
Очилмас ғунча булбулсиз, навосиз.

Тутуб илкимни бир пири камолий,
Киритди боғи ашъор ичра олий.

Ёғар қалбимга кўп мазмуни ашъор,
Терар завқим дури ашъори шаҳвор.

Менга назм гуллари шўх-шўх боқарди,
Шеър мазмунига маъно тақарди.

Безаб мазмун вазну қофиялар,
Тўлуб илҳом ила кўнглум қучалар.

У пири шоира—устоз Ҳакима,
Анга шогирди содиқман камина.

Анидек кўрмадим бир нуктадони,
Эди гўёки донишманд юноний.

Ёши саксонга етган олим эрди,
Менга кўп илму фанлар ёд берди.

Ёзиб бир шеър менга ул яхши атвор,
Васият айлади такрор бисёр:

— Аё жоним қизим, бўлгил саломатг
Жаҳонда кўрмагил бир зарра офат.

Умидим бул эрур, эй роҳати жон,
Давомат ёд этгайсиз бу хизмат.

Ишончим йўқ дигар, эй нуктадоним,
Анисим, мунисим ҳам роздоним.

Унутманг ҳеч бир вақт, эй намоён,.
Будур матлаб, аё фарзанди жоним,

Эрурман сизга доим дўсти жоний,
Туролмасман сизи кўрмасдан оне.

Болам, ҳолим энди сизга аёндур,
Ҳамиша сиз эдингиз меҳрибоне,

Болам деб жон фидо қилдим туну кунг
Бериб таълим рамузу илм ҳамчун.

Суханвар олимим, эй қадди райҳон,.
Илм бобида тенг сизга Фалотун.

Болам, кўнглиз эрур хуршсди ховар.
Жаҳон моли тасаддуқ садқаи сар.

Яшанг оламда кўп, эй моҳи тобон
Рамузманди ақлли тоза гавҳар.

Мени дилхастани кўнглум қилиб шод,
Қилурсиз ҳар замон хонамни обод.

Ажойиб хулқи хуш дўсту анисим,
Ҳакима рози сиздин, эй паризод,—

Дебон ул пиразоли яхши кирдор,
Васиятлар қилибон менга бисёр.

Юмуб кўз кетди оламдин хиромон„
Ёши саксонга етган нек атвор.

МУХАММАСЛАР

* * *

Бир кун бориб эрдим басабаб кулбаи дилбар,
Ногоҳ фалак шеваси тушди менга яксар
Тонг пайти эди, ҳар ён очилган гули анбар,
Шўх-шўх боқишиб, ер юзини этди муаттар,
Гул олдида сайр айлади ул шўхи суманбар.

Гулзор сари боргач ўшал дурри ягона,
Мендин эшитингиз яна бир тарзи фасона,
Узди неча гул шохидин ул шўхи замона,
Гул-гул ёнибон уй сариға бўлди равона,
Гулзор юзи акси била бўлди мунаввар.

Ногоҳ кўзум тушди парирўғз ўшал дам,
Бошимга бало — ишқ ғами сйлди туман ғам,
Оҳ урдуму кўнглумга тўлуб қайғу дамо-дам,
Ҳасрат била жисмимни тутуб ҳар дами мотам,
Гул ғунчасидек бўлди бу кўнглум басе абтар.

Ким ишқ балосиға агар бўлса гирифтор,
Хоҳ ўлса ва ё қуйса, на парвойи сари бор,
Бир золими бераҳм, анга ким бўлса агар ёр,
Бир кўрмак ила бой бериб кўнглини, бўлур зор,
Бўлди бир ажаб хислат анга вожиби акбар.

Кўрмаклиги мумкин эмас ул чеҳра парини,
Юз мартаба хам сўз деб киши олмас маони,
Тушса ҳавас оул сўз била кўрмоққаки они,
Мутрибани бул ғамга дучор айлади яъни,
Жонимға жафо берди, сўзум айлангиз бовар.
1914 йил.

* * *

Кўруб жонон жамолини бўлубман ошиқи зори,
Кўнгулни титратур ул нозанинни зулфи зуннори,
Кўзумга заррача илмам жаҳонни молу динори,
Менидек бўлмасун ҳеч ким бировни маҳви дийдори,
Хаёлимдан нари кетмас ўшал барнони кирдори.

Жамолин кўрса ҳар ким бўлғуси, албатта, девона,
Тушуб кўкдин, бўлур чўлпон унинг ҳуснига парвона,
Туролмай рўбарўсида, қамар бўлғуси ҳайрона,
Агар чиқса, хиром айлаб, боқиб мастона-мастона,
Муқаррар солғуси хуршидни кўп ташвиша рухсори.

Жаҳонда кўрмади ҳеч кимса ул ҳурилиқо янглиғ,
Ва лекин кўрса ҳам бўлган эмасдур муддао янглиғ,
Дегайлар ҳур пайкарлар:— Бу дурри бебаҳо янглиғ,
Юзи гул, сочи сунбул, қомати зеварнамо янглиғ,
Латофатда баробар келмас анга даҳр гулзори.

Сиёсат тийғи бирла қатл этарга айласа фармон,
Шаҳид айларга ҳозирдур ики жоду кўзи ҳар он,
Ики шамширдур ушшоқ элини қилғали қурбон —
Қоши бир-бирига пайваста, қаламдек қайрилиб тушгон,
Ваё райҳони жаннат раста-раста гйни осори.

Қани Лайли билан Ширин, кўрубон лофи чашм этса,
Паридек саф чекиб оллида, ногаҳ лофи чашм этса,
Хижолатдин боқолмас ҳеч бириси, лофи чашм этса,
Хўтан оҳулари шарманда бўлғай, лофи чашм этса,
Қародур ҳажр шомидин муқаррар чашми хуммори.

Сочар нур зарра-зарра ҳар тарафга ул маҳи тобон,
Қими бошига тушса зарраси, бўлғай у саргардон,
На мушкулдур, эшитмас, ишқ эли гар йиғласа чандон,
Тузуб атрофида саф-саф, мисоли лашкари хоқон,
Қилурға қатли мужгони, чекиб тиғ чашми хунхори.

Насиб этгаймукин менга ўшал дилдор зулфини,
Кўнгул сайдини ром этган ўшал айёр зулфини,
Уқур зоҳид эли кофир ики зуннор зулфини,
Сабо тарқатса ногаҳ субҳи дамда ёр зулфини,
Муаттар айлагай рўйи заминни мушки тотори.

Ниқоб очиб чиқар бўлса чаман сори саёҳатда,
Туролмас ҳеч киши тоқат этиб, албатта, роҳатда,
Қизил гул бош эгиб ҳайрон ўлур айни малоҳатда,
Хижолат айлагай тўтию қумрини фасоҳатда,
Такаллумда ўтар қанду асалдин шаҳди гуфтори.

Гўзаллар подшоси муниси мендек гадо бўлмас,
Кўрунглар, лаълу зумрад қайда бўлса, бебаҳо бўлмас,
Кими гавҳаршунос ўлса, бу гавҳардин жудо бўлмас,
Фалотун таъбдурким, васфини айтсам адо бўлмас,
Расодур зеҳни-ю, одобда хуш ҳар феълу атвори.

Бўлуб ҳижрон чўлида тинмайин овора Мажнундек,
Куюб рашк оташиға кўзларим гирёна Мажнундек,
Магар фурқат аро тўлгаймукин паймона Мажнундек,
Тирикман токи онинг ишқида девона Мажнундек,
Эрурман ҳолатим етгунча Лайлони харидори.

Кўнгулни ҳозир этсун, шеърими дилдор ўқуғанда,
Менинг ҳолимни ёзғанму, дебон ҳар ён ўқуғанда,
Фидо қил ёр учун жон, ул кўзи хуммор, ўқуғанда,
Мени ҳам ёд этиб, шод айла, бир такрор ўқуғанда,
Агар лаззатли бўлса, Мутрибанинг ёзган ашъори.
1914 йил.

(МАРСИЯ)

Шод бўлмай бул жаҳондин минг алам кўрган бошим,
Зор йиғлаб, ҳасрату армон билан тўлган бошим,
Ҳар замон юз минг балога мубтало бўлган бошим,
Марсия айтиб, ёзиб, ғам бирла кўмулган бошим,
Ўлмагимга ҳар куни юз минг ризо берган бошим.

Ғунчадек боғи жаҳонда лаҳза дам очилмайин,
Қумридек йиғлаб мудом, бир дам фароғат қилмайин,
Мен нечук бундай.балога эмди рози бўлмайин,
Куйдиму ёндим, кабоб ўлдум, вале шод ўлмайин,
Тақдиримга тан бериб, ғам бирла кўз юмган бошим.

Бул жаҳони бевафодин кўрмадим ҳеч роҳате,
Йиғлабон келдим анодин қайси кун, қай соате,
Ғуссаи кулфат била мотамда ўтдим муддате,
Очмадим ёруқ жаҳондин кўз, кўролмай фурсате,
Келди-кетди бир ғариб жоним фано бўлган бошим.

Қавму қардошим ва бир ғамхор ёрим йўқ мени,
Арзу аҳволим сўрар пушту паноҳим йўқ мени,
Мунисим, сирдош рози меҳрибоним йўқ мени,
Мисли бир девонадурман ҳеч хаёлим йўқ мени,
Уч гўдакнинг ҳолидин ҳайрону саргардон бошим.

Турмуш этдим ул азиз дилдору ғамхорим билан,
Неча вақт даврон сурубон юрмадим ёрим билан,
Зору нолон ёш қолдим неча сағирим билан.
Энг азиз арзандалардин айрилибман ғам билан,
Минг туман ҳасратда соғлиқдин жудо бўлган.бошим.

Во, мани ҳасратларим асло жаҳонға сиғмагай,
Оҳ урсам дуд димоғимдин самоға сиғмагай,
Нолишимдин нола айлаб, най навоға сиғмагай,
Лоладек бағрим қаро қондур, ёзувга сиғмагай,
Зор йиғлаб ўлмайин, марсиялар ёзган бошим.

Бердилар таълим менга мен билмаган ҳар кордин,
Илму одобу ҳунар, фаҳм.этмаган асрордин,
Ҳар улуғ олим ва комил шоири аҳрордин,
Хушсуханлик, хушқаламлик ҳамда хушатвордин,
Ҳеч бири бахтимга ёри бермади, нолон бошим.

Ул отам бирла онам фарзандга беҳад зор бўлуб,
Мен туғулганда азиз жонларидин беҳроқ кўруб,
Неча орзулар. била тарбият айлаб, еткуруб,
Доимо бўлсун саломат, деб Саломат от қўюб,
Ҳар ҳунардин бохабар, бахтдин йироқ қолган бошим.

Қани ул ота-онам, аҳволим кўрса бул замон,
Ғамдин озод айласа, қандоқ ўтар ҳолинг, дебон,
Зор йиғлаб, арзи ҳолим айласам бир-бир баён,
Шунча арзанда азизлардин қолибман бағри қон,
Ғурбат ичра нотавон, дилхаста қон ютган бошим.

Вой, юз минг войким, ўтсам бу оламдин бадард,
Ушбу фоний дунёдин ғам-ғусса тортиб беадад,
Келмагай асло анодин Мутрибадек зору фард,
Мунча ҳасратлар, ғаму кулфатлар ўткардим беҳад,
Шоира ночор айтур, бир ғариб нолон бошим.
1915 йил.

* * *

Ранжимак беҳудадур дунё ғамидин, эй кўнгул,
Ҳар нечук дардлар билан сен бўлмагил хотир малул.

Рутбаи олийда эрдингмуки олмишдур магар,
Гийна қилмоқ бахт ишига оқила лозим дагул.

Қайси гулшанни кўрурсан: очилур—бўлғай хазон
Турмағай очилди ғунча, доимо ҳеч қайси гул.

Ўйлама вайронаю ҳар манзили ободни,
Сел ўтуб, обод манзиллар бўлур бирпасда чўл.,

Қайда шунча одамийлар йўқ алардин бир асар,
Ким бу фоний дунёдин кетди тутубон ҳамма йўл.

Умр бир гавҳар эрур, ҳар дам ғанимат бил ани,
Мутриба, ғамлар абасдур, асли сўз маъноси бул.
1916 йил.

* * *

Эй дўстлар, на бўлди аҳволи Каттақўрғон,
Тирқираб жумла халқи, ҳар қайда бўлди сарсон.

Зулм айлабон Николай, тарқатди элға фармон,
Шаҳар ва қишлоқ қолмай, йиғдурди отни чандон.

Аввалда отни олди, кейин мардикор солди,
Ким қилмади қабули, не-не балога қолди…

Тўпланди эл бариси, қолмай ёшу қариси,
Бермоқчи бўлди қайси, қилмай қабул нечаси.

Тушди эл ичра ғавғо, жамъ бўлди шаҳру саҳро,
Ёғдурди ўқ ҳаводин, бир неча ўлди андо.

Қамалда қанча одам, минг-минг десам эрур кам,
Кетди, шу кетганича, бедому бедарак ҳам.

Ҳар кимда бўлса пул кўп, қолди алар қутулуб,
Бечора камбағаллар кетди бари сотилуб.

Бирни отасин олди, бирни боласин олди,
Гўдаклари хору зор, йиғлаб онаси қолди.

Менман деган амалдор, қўрғондадур ҳукмдор,
Кетганларни асрагин, ўзинг, эй парвардигор.

Мутриба бўлди ношод, эл дардини этиб ёд,
Қачон келур бахтли кун, қачон бўлармиз озод?!
1916 йил

БИБИ ХАЛИФАЛАРГА

Аё эй, каттақўрғонлик «азизлар»,
Ҳама «аҳли илм», эй «ёру дўстлар»,

Ёзай мен «офарин, таҳсин» этибон,
Сизларни кирдикорингиз битибон.

Ажаб расму ажаб оиндасизлар,
Ажаб феълу ажаб қонундасизлар.

Азо ё тўй, мавруд бўлса қайда,
Қитобларни олиб борурсиз анда.

На бир сўз маънисин, лафзини билмай,
Ўқурсизлар хато, мағзини билмай.

Азо бўлса гўяндалик қилурсиз,
Мусибатни яна чандон этурсиз.

Борурсиз, айтди, деб маврудга бирдан,
Ки хоҳи саккизу ўн жамъ бирлан.

Бўлур мавруд эгаси турфа ҳайрон,
Нечук туҳфа топай, деб фикр этибон.

Бирига берса гар, бириси қолиб,
Бечора соҳиби хайр кўп уёлиб.

Агар кўйлак дока бўлса-да, боҳам
Қувониб, нафъимиз, деб шоду хуррам.

Дебон, оллоҳу акбар, кўтарурсиз,
Неча зилла билан хушнуд борурсиз,

Уёлмай ҳаммадин анда ўтуруб,
Санаб тақсим этарсиз, пулни қўюб.

Яна сизлар эмиш биби халифа,
Авомга раҳбар ўлмоқмиш вазифа!..

Аё Мутриба, чўзма, бас қил энди,
Кетар лаззат, узолса сўз, бил энди.
1917 йил.