Муҳаммад Солиҳ (1455-1535)

Муҳаммад Солиҳ (1455, Хоразм — 1535, Бухоро) — шоир. Хоразм ҳокими амир Нурсаидбек оиласида туғилган. Бобоси Шоҳмалик Улуғбек саройида, отаси Нурсаидбек эса Улуғбек, Жўги Мирзо, Абу Саид саройларида эътиборли арбоблардан бўлган. Муҳаммад Солиҳ Хоразмда савод чиқаргач, Ҳиротга бориб, Абураҳмон Жомийдан илм ўрганган.

Отаси вафот этгач, Ҳусайн Бойқаро ва бошқа темурийлар саройида маълум муддат хизмат қилган. Бироқ отасининг ўлимига сабабчи бўлган темурийзодалар билан ишлашни хоҳламай, 1499 йил Шайбонийхон хизматига кирган. Бухоро, Чоржўй, Нисо вилоятларига ҳокимлик қилган. «Амир ул-уламо», «Малик уш-шуаро» унвонларига сазовор бўлган. 1507—10 йилларда Ҳиротда яшаган. Шайбонийхон вафотидан сўнг Бухорога қайтган.

Муҳаммад Солиҳ туркий ва форсийда ижод қилган. Шеърлари ишқий, биографик, сиёсий мавзуда. Ўзбек адабиёти тарихида илк реалистик тарихий достон — «Шайбонийнома»ни ёзган. Достон 8880 мисра, 76 бобдан иборат. 15-аср охири — 16-аср бошларидаги воқеалар акс этган бу асар тарихий, этнографик, географик, лингвистик жиҳатлардан ҳам, бадиийлигига кўра ҳам муҳим аҳамиятга эга. Достоннинг асл нусхаси топилган эмас, аммо шоир ҳаётлигида Қосим котиб томонидан 1510 йилда кўчирилган қўлёзма нусхаси Венада сақланади. 1904 йилда Санкт-Петербургда (1904), Тошкентда (1961, 1989) нашр этилган.

Вамбери Муҳаммад Солиҳнинг «Лайло ва Мажнун» номли туркча гўзал достони борлигини хабар берган, лекин у топилган эмас. «Қомус ул-аълом» ва «Ноз ва Ниёз» манзумаси Муҳаммад Солиҳга нисбат берилган, бироқ Нисорий «Музаккири аҳбоб»да унинг муаллифини Бақоий деб кўрсатади.

Бегали Қосимов

 

“ШАЙБОНИЙНОМА”ДАН

Ҳамд ангоким, тилим этти гўё,
Ҳамд ангоким, кўзум этти бино.

Ҳамд ангоким, танима жон берди,
Ҳамд ангоким, манга имон берди.

Ҳамд ангоким, манга ишқ этти насиб,
Қилмади ақл диёрида ғариб.

Айлади ишқи ила жонимни ёр,
Қилмади ақли қўлида мени зор.

Ишқдин айлади жонимни шод,
Ишқдин қилди равонимни шод.

Ишқдин қилди тилимни гўё,
Ишқдин қилди кўзумни бино.

Шукрким, ишқ ила лутф айлади жон,
Шукрким, ишқ ила берди имон.

Ишқ агар қилмаса эрди инъом,
Бор эди борча ишим нофаржом.

Маза топмас эрдим бу жондин,
Лаззате қилмас эдим имондин.

Ишқсиз не кераки бордур жон,
Ишқсизга не керактур имон?

Зоҳиран жон деганим ишқ ўзидур,
Балки имон деганим ишқ ўзидур.

Ишқ андиндуру ҳам жон андин,
Жон аро лаззати имон андин.

Ишқнинг майллари андин пуршўр,
Ишқ майхонаси андин маъмур.

Мастлар анда анинг зикри била,
Риндлар барча анинг фикри била.

Хум анинг шавқи биландур пуржўш,
Йўқса қайдиндур анго мунча хурўш.

Хум анинг шавқи била чун тўлди,
Барча майхона улуғи бўлди.

Пойтахти бўлубон майхона,
Кўрога бирла тузуб паймона.

Подшоҳона асосе қурди,
Борчаға файз еткура турди.

Кимки еткурди ўзин хидматиға,
Хидмат айлаб юруди ҳазратиға.

Ул ани қўймади ҳаргиз маҳрум,
Бу иши борчаға бўлди маълум.

Ҳар ким ўз ҳафсаласиға яраша,
Ҳар ким ўз силсиласиға яраша.

Топти анинг карамидин инъом,
Чи ямон-яхши, чи хосу чи авом.

Кимки келтурди қошиға кўза,
Қилди анго яраша дарюза.

Ул анинг кўзасини тўлдурди,
Зарфи дарюзасини тўлдурди.

Ким суроҳи била кўргузди ниёз,
Анго лойиқ тарабин айлади соз.

Ким пиёла ила қонеъ бўлди,
Зарфи ҳолиға яроша тўлди.

Чун анинг файзини кўрдилар ом,
Қолмади ҳеч кишига ором.

Келдилар борча анинг хидматиға,
Офаринлар деб анинг ҳимматиға.

Ҳар киши топқонини келтурди,
Ўзини хидматиға еткурди.

Қойси чини қадаҳ олиб келди,
Кўнглини анинг ила хуш қилди.

Қойси келтурди Ҳалаб шишасини,
Не Ҳалаб, айшу тараб шишасини.

Қойси олтун аёғ олди қўлиға,
Қўйди мастона бошини йўлиға.

Қойси пайдо қилибон нуқрайи хом,
Хомликдин ёсади андин жом.

Қойси ишкаста сафоле топти,
Бориб анинг била холе топти.

Ул кўруб борчаларининг зарфин,
Демади ҳеч малолат ҳарфин.

Борчанинг зарфиға қуйди бода,
Қилди ишратларини омода.

Мояйи айшу танаъумдур бу,
Олло, олло, не ажаб хумдур бу?

Ажаб ушбуки, агар дарёе,
Айласа жилвагаҳин саҳрое.

Биров анинг яқосиға келса,
Бир ариқ фикрини андо қилса.

Ариғини қозибон олса сув,
Ариғиға яраша солса сув.

Не қадар сувки ариққа солур ул,
Не қилибон, не қадарким олур ул.

Ул қадар сув кам ўлур дарёдин,
Анго сув ҳамдам ўлур дарёдин.

Ушбу хумдин неча олса киши,
Қадаҳу жом ичига солса киши.

Ҳеч кам бўлмас ўшул хумдин, ҳеч,
Ўксумас ҳеч танаъумдин, ҳеч.

Бу на хумдур, бу на майдур, бу на жом?
Бу на лутфу, бу на жуду инъом?

Бу хуму бу маю жом андиндур,
Борчанинг айши тамом андиндур.

Бирининг ботинидин хум ёсади,
Сабаби айшу танаъум ёсади.

Ўз шароби била тўлдурди ани,
Ани ул нақд била қилди ғани.

Ани қилғоч ғанию соҳиби тож
Айлади аҳли талабни муҳтож.

Ул кўруб аҳли тарабни ул тавр,
Жонлари ичра шағабни ул тавр.

Ҳар кишининг талабиға яраша,
Талаб ичра ҳасабиға яраша.

Ул мусаффо майидин еткурди,
Ани ҳам ҳукм била жуб кўрди.

Ҳукм анинг, толиб анинг, пир анинг,
Роъй анинг, соғайшу тадбир анинг.

Ҳокими жумлайи ҳукком улдур,
Маншайи жумлайи аҳком улдур.

Ул агар айламаса лутф изҳор,
Лутф топмоқ бўлур асру душвор.

Жудидин борча жаҳондур маъмур,
Жудидин борча улусдур масрур.

Жуд анинг, лутф ила инъом анинг,
Хум анинг, бода анинг, жом анинг.

Хумидин ташнажигарлар сероб,
Бодасидин тараб арбоби хароб.

Хумидин сўхта диллар хушҳол,
Майидин бошлари йўлда помол.

Хумидин хаста юраклар қонлиғ,
Майидин дилшодалар армонлиғ.

Хумидин ҳирсу ҳаво зарфи таҳи,
Майидин озу ҳавас ҳарфи таҳи.

Хумидин фақру фано жоми тўла,
Майидин дарду бало жоми тўла.

Хумиға ҳожат эмас паймона,
Майиға ҳожат эмас майхона.

Хуму паймона сўзи кўп бўлди,
Маю майхона сўзи кўп бўлди.

Қайдаким бода бўлур, сўз кўб ўлур,
Бўлса ҳам бода била сўз хўб ўлур.

Хоса бу бодаки бор ул хумдин,
Борчаға нуқта гузор ул хумдин.

Ман ҳам ул хумдин ўлубман пуржўш,
Ул сабабдин тура олман хомуш.

Ман ҳам ул майдин ўлубман гўё,
На дедим, маст бўлубман гўё.

Маст бўлдум, манго таъзир келур,
Соҳиби шаръи мунго ҳукм қилур.

Соҳиби шаръидур ул хум деганим,
Сабаби айшу танаъум деганим.

Ҳақ била банда аро восита ул,
Нозиму қоидаву зобита ул.

Май деган файзи илоҳи, англа,
Ишрати номутаноҳи, англа.

Файзлар борча анго фоиз ўлур,
Файзлар борча анго ўқ ўкулур.

Ондин ўзга ёйилур оламға,
Етишур борча бани одамға.

Борча оламдин ани сайлабдур,
Ўзига ани ҳабиб айлабдур.