Комрон Мирзо (1509-1557)

Комрон, Комрон Мирзо (1509, Агра — 1557, Макка) — шоир ва давлат арбоби. Бобурнинг ўғли. Адабиёт, ҳарб ва сиёсат илмларини дастлаб отаси Бобурдан, сўнгра ўша даврнинг етук олимлари, давлат арбобларидан ўрганган.

Отаси ҳаётлигида Қандаҳор ва Кобул ҳукмрони эди. Бобур вафотидан сўнг Ҳумоюннинг фармони билан Панжоб ва Ҳинд дарёси воҳаси ҳам унга топширилди. Шершоҳ Сурий Бобурийлар давлатини босиб олгач (1540), ушбу вазиятдан фойдаланган Комрон укаси Ҳиндол Мирзо билан қўшилиб, Аграни эгаллайди. Ҳумоюн Эронга қочиб, сафавийлар шоҳи Таҳмаспдан кўмак сўрайди. Комрон эса Афғонистонда ота мулкини асраб, мамлакатни ободонлаштиришга катта эътибор беради. Шоирлар, олимлар, санъаткорлар, ҳунармандларни саройига чорлаб, уларга моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатади. Кобулни илму ҳунар, адабиёт ва санъат марказига айлантиради. Афғонистоннинг барча вилоятларини қўлга киритиб, ўзини подшоҳ деб эълон қилади. Ўз номига хутба ўқитиб, танга зарб қилдиради.

1545 йил Ҳумоюн Эрондан ҳарбий ёрдам олиб, Комрон тасарруфидаги Қандаҳор, Кобул, Ғазна, Бадахшонни эгаллайди. Жангда Комрон енгилиб, асирга олинади. Ҳумоюн Комроннинг гуноҳидан кечиб, унга Кўлоб ҳокимлигини беради. Аммо 1 йилдан сўнг Ҳумоюннинг Балхга кетганидан фойдаланган Комрон яна акасига қарши чиқади. Кобул яқинидаги Тангиҳода бўлган жангда Комрон енгилиб қочади (1550), укаси Аскарий Мирзо асирга олинади. Комрон пуштунлар қабиласининг сардори Одам Кахкардан ёрдам сўрайди. Одам Кахкар пуштунларнинг меҳмондўстлик одатларига хилоф равишда Комронни Ҳумоюнга тўтиб беради. Ҳумоюн яна Комроннинг гуноҳидан кечмоқчи бўлганида, аркони давлат бунга йўл қўймайди. Натижада Ҳумоюн Комронни кўзига мил торттиради. Комрон Каъбани зиёрат қилиб, 3 йил Маккада яшайди ва шу ерда вафот этади. У Муҳаммад (сав) нинг катта завжалари Хадича (ра) қабрининг оёқ томонига дафн қилинади.

Комрон девонининг 3 та қўлёзма нусхаси сақланиб қолган. Улардаги туркий шеърлар: 40 ғазал, 21 фард, 26 рубоий, 3 қитъа, 9 маснавий ва таркиббанд (1114 мисра). Дарий тилидаги шеърлар: 26 ғазал, 22 фард, 4 рубоий, 3 қитъа, 4 маснавий (346 мисра). Девонининг қўлёзма нусхаларига кирмаган дарий тилида битилган баъзи ғазал, рубоий ва фардлар турли тазкира ва баёзлардан топилган. Комроннинг хрзиргача маълум дарий тилидаги шеърлари 418 мисрадан иборат.

Комрон отаси Бобур каби, асосан, ғазал жанрида ижод қилган. Faзалларида кўпроқ суфиёна қарашлар акс этган («Зиҳи ҳар заррадин ҳуснунг ҳувайдо…»). Борлиқ ва ундаги барча нарса-ҳодисалар Яратганнинг тажаллиси бўлиб, бутун олам ўзининг турли шаклларда товланишидан бошқа нарса эмаслиги каби маълум даражада пантеизмга яқин турувчи ғояларни илгари суради. Шоирнинг маснавийлари, асосан, ирфон ва тасаввуф, ҳикмат ва панд-насиҳат, ахлоқий ва маънавий мавзуларга бағишланган. Комрон девони қўлёзма нусхалари Ҳиндистоннинг Пат (Худобахш кутубхонаси, инв. №470) ва Калькутта (Осиё жамияти қўлёзмалар фонди, инв. №668) шаҳарларида сақланади.

Ҳабиб Абдуназар.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Зиҳи ҳар заррадин ҳуснунг ҳувайдо,
Жамолинг офтоби оламаро.

Агар зоҳир, агар ботинда сенсен,
Кўзу кўнглум аро пинҳону пайдо.

Агар юмсам кўз, ар ҳар сори очсам,
Сенинг ҳуснунгни айлармен тамошо.

Гаҳи ошиқ, гаҳи маъшуқ этарсен,
Бўлуб ҳар суврат ичра ошкоро.

Эрур Лайло била Ширин баҳона,
Жаҳонда сен солибсен шўру ғавғо.

Қилурмен навҳалар Мажнун ғамидин,
Қачонким хотиримға келса Лайло,

Етишти Комрон ул турки сармаст,
Хирад мулкин қилур яғмо ҳамоно.

* * *

Ёрдин келди хату таъвизи жон бўлди манга,
Қотили ҳажр илгидин хатти амон бўлди манга.

Ваҳ, бу не мактубдурким, номаи аъмолдек
Етгач илгимга саодатқа нишон бўлди манга.

Меҳрибон соғинғаним жавру жафо расмин тутуб,
Меҳр таркин қилдию номеҳрибон бўлди манга.

Доимо ёдимдасен бордур бу маъноға гувоҳ
Улки доим воқифи сирри ниҳон бўлди манга.

Гулъузоро, зикру фикрингдин даме холи эман,
То ватан булбул киби бу гулистон бўлди манга.

Эшигинда юз кетурсам Комрондек айб эмас,
Каъбайи мақсуд чун ул остон бўлди манга.

* * *

Ул қуёш оразидин парда олиб,
Шуълаи хошок вужудумға солиб.

Барча сувратда қилиб жилвайи ҳусн,
Ҳусни юз важҳ ила кўнглумни олиб.

Ҳар либос ичра урар ишқ йўлин,
Гоҳ Ширин, гаҳе Лайло аталиб.

Қиличи чок қилиб кўнглумни,
Кирпигидин яна ўқлар қадалиб.

Ҳодиса тошларидин шиша киби,
Бу қўҳан дайрда кўнглум ушалиб.

Эмди мен азми харобот этсам,
Борурам кўйида кўнглумни солиб,

Комрон эшигидин боргумдур,
Дарбадар кўнглум эшигида қолиб.

* * *

Ушбу тун кўнглумда ёру кўзум эрди масти хоб,
Ким етишти қойилим юз ноз ила айлаб итоб.

Хаста кўнглум музтарибдур зулфи тобиға тушуб,
Шаст аро тушкан балиғ янглиғки айлар изтироб.

Хоки раҳ бўлдум, гузар гар қилмаса, эрмас ажаб,
Мен гадойи бенаво, ул хусрави олийжаноб.

Кимки жонон чеҳрасида ишқ сиррин билмагай,
Не ажаб, андин деса «ё лайтани кунту туроб»,

Комрон, жонон таманноси мени пир айлади,
Эй дариғо, онсиз ўтти аҳди айёми шабоб.

* * *

Ишқ аро девона бўлсам, не ажаб,
Ақлдин бегона бўлсам, не ажаб,

Холи ўлмиш хилватим ағёрдин,
Ёр ила ҳамхона бўлсам, не ажаб.

Ёрутур кулбамни ул шамъи жамол,
Бошиға парвона бўлсам, не ажаб.

Зоҳир ўлди кўйида расволиғим,
Шаҳр аро афсона бўлсам, не ажаб.

Ул паривашқа бўлубмен, ошно,
Комрон, девона бўлсам, не ажаб.

* * *

Барқдек анвори хуснунг кўзларимга чақилиб,
Кўздин оқиздинг кўнгулни қатра-қатра қон қилиб.

Шамъи ҳуснунгни кўруб билдимки, оламсўздур,
Солдим ўзни шуълаға парвонадек кўруб бплиб.

Жон била кўнглумдин айрилдим санга еткан замон,
Эмди, эй жону жаҳон, сендин бўлурму айрилиб.

Жон етибтур оғзима, бўлғайму, эй исонафас,
Бир нафас оллимда ўлтурсанг иёдатқа келиб.