Комил Хоразмий (1825-1899)

Комил Хоразмий (тахаллуси; асл исми Паҳлавон Муҳаммадниёз Абдулла Охунд ўғли) (1825 — Хива — 1899) — ўзбек шоири, хаттот, мусиқашунос, таржимон ва давлат арбоби. Жаҳон маданиятининг Хоразмдаги илк тарғиботчиларидан бири. Хива мадрасасида ўқиган. Араб ва форс тилларини мукаммал билган. Шарқ адабиёти намояндалари ижодини, мумтоз мусиқани, хаттотлик сирларини қунт билан ўрганган.

25—30 ёшларида шоир сифатида танилган. Огаҳий унинг номини ўзининг «Гулшани давлат» китобига киритган. Хива хони Сайд Муҳаммадхон саройида котиблик қилган. Муҳаммад Раҳим II уни мирзабошилик вазифасига кўтарган. Россия билан Хива хонлиги ўртасида имзоланган сулҳ шартномаси (Гандимиён шартномаси) Комил Хоразмий қўли билан ёзилган (1873). Сўнгра саройда девонбеги (1873—80), мирзабоши лавозимларида ишлаган (1880 йилдан). Хоразмда биринчи бўлиб босмахона ташкил этган (1880—81).

Комил Хоразмий Шарқ мумтоз мусиқаси, хусусан, мақомчилик анъаналарини ривожлантиришга ҳомийлик қилган, ўзбек куйларини ёзиб олиш учун «Танбур чизиғи» деб аталувчи нота тизимини жорий этган. Бу ўзига хос нотада «Рост» мақомининг бош қисмини ёзган. Ўғли Мирзо Муҳаммадрасул отаси бошлаган ишни давом эттириб, Хоразм «Шашмақом»ининг қолган ашула ва чолғу йўлларини тўла нотага олган. «Рост» мақомига боғланган «Мураббаи Комил» ва «Пешрави Ферўз» куйларининг нотаси бизгача етиб келган.

Комил Хоразмий Москва ва Петербург шаҳарларига 2 марта сафар қилган (1873, 1883). 1891, 1896— 97 йилларда эса Тошкентга келиб, бу ердаги маданий янгиликлар ҳақидаги «Дар баёни таъриф ва тавсиф Тошканд» («Тошкент таърифи ва тавсифи баёнида») қасидасини битган. Бу қасида ўзбек адабиётида ижтимоий тараққиётни акс эттирган дастлабки йирик шеърий асарлардан бўлиб, унда янги, замонавий маданият улуғланади.

Комил Хоразмий Шарқ мумтоз шоирлари анъаналари руҳида лирик шеърлар ёзган, девон тузган. Бу девонда 8000 мисрадан ортиқ шеър бўлиб, улар ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддас, маснавий, рубоий, қасида, муаммо каби жанрларда ёзилган. Уларда чин инсоний фазилатлар улуғланган, жаҳолат қораланган, ишқ-муҳаббат тараннум этилган. Комил Хоразмийнинг деярли барча жанрдаги асарларида ижтимоий танқидга кенг ўрин берилган, айрим мисралари афоризм даражасига кўтарилган («Фалак зулми бир ёну, бир ён алар…» ва б.).

Шайх Сулаймон Бухорий ўзининг машҳур «Луғоти чиғатойи ва турки усмоний» («Чиғатойча ва усмоний туркча луғат») асарида Комил Хоразмийнинг ижодидан ўринли фойдаланган ва Хоразм шевасидаги кўпчилик сўзларнинг маъносини унинг шеърлари орқали изоҳлаб берган. Комил Хоразмий 1865 йилда Бархурдор бин Маҳмуд туркман Фароҳийнмнг (адабий тахаллуси Мумтоз) «Маҳбуб ул-қулуб» (бу асар айрим манбаларда «Маҳфилоро» — «Мажлисга зийнат берувчи» деб ҳам юритилади) ҳамда 1869—70 йилларда Фахриддин Али Сайфийнинг «Латой-иф ат-тавойиф» («Турли тоифаларнинг латифалари») асарларини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Алишер Навоий «Хамса»сининг биринчи Хоразм тошбосма нашрига сўзбоши ёзган. Комил Хоразмий девони қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади (инв. №1849, 1025).

М.Юнусов, F.Каримов, А.Ҳайитметов, ва бошқа олимлар Комил Хоразмий ижодини тадқиқ этганлар.

«ДЕВОН»ДАН

ҒАЗАЛЛАР

Бўлмаса гардуни сифла дўсти гар дун, эй кўнгул,
Нега дунни шод этар, донони маҳзун, эй кўнгул.

Чун фалак нодон навозу хасми донодур они,
Дониш иқлимида бўлсанг гар Фалотун, эй кўнгул.

Иззат ила неъмат авжида бўлур олий мақом,
Ҳар ким ўлса каж нечукким айн ила нун, эй кўнгул.

Зойил этмак истасанг ўздин мазаллат қониъ ўл,
Олмас ул чиркингни мундин ўзга собун, эй кўнгул.

Жавҳари жон ул матоъ эрмаски сотқун олғасен,
Не асиғ гар ҳосил этсанг ганжи Қорун, эй кўнгул.

Оқил эрсанг кибру нахват қилма иззу жоҳинга,
Бўлди истикборидин иблис малъун, эй кўнгул.

Эмин ўлма кайдидин ёру биродарман дебон,
Не жафолар қилмади Юсуфға Шамъун, эй кўнгул.

Даҳрнинг пасту баландидин десанг эмин бўлай,
Қўйма илкингдин замоне жоми гулгун, эй кўнгул.

Топти шоҳи нуктадан алтофидин сўз аҳли қадр,
Зоҳир эткил эмди бикри софи мазмун, эй кўнгул.

Бу гулистондин бақо бўйини истаб, бўлмағил
Лола баргидек саропо доғу дилхун, эй кўнгул.

Комил эрсанг одат айла сабр ила хомушлиғ.
Гар бор эрса ҳар сўзунг бир дурри макнун, эй кўнгул.

* * *

Эй кўнгул зинҳор қилма аҳли даврондин тамаъ
Бор эса бу хаста жисмингға агар жондин тамаъ.

Чунки йўқ эрмиш жаҳон аҳлида холис дўстлиғ,
Кимки ондин яхшироқ йўқ айлама ондин тамаъ.

Даҳри дундин кўрмагунг жуз ҳасрати нокомлиғ,
Гавҳари мақсудни қилма бу уммондин тамаъ.

Солим ўлмоқнинг сипеҳр осибидин имкони йўқ,
Қилма ҳаргиз офият кунжин бу вайрондан тамаъ.

Кўзлари жаллодидин қилмоқ мурувват орзу,
Аҳли иймон айлагандек кофиристондин тамаъ.

Истайин не навъ жоним роҳатин мужгонидин,
Қилғому мажруҳ марҳам тиғи урёндин тамаъ.

Шарбати лаъли ҳавосин истамаклик бодадин,
Айламак жонбахшлиғ жуз обиҳайвондин тамаъ.

Хони васлиға рақибидин ионат истамак,
Айлаган янглиғ гадо илкидағи нондин тамаъ.

Олам ичра гар бўлай десанг азизу аржуманд,
Айлама Комил киби жуз зилли субҳондин тамаъ.

* * *

Бухл элига демагил, эй зубдаи даврон сўзинг,
Ҳайф этар қадрини билмас сифлаи нодон сўзинг.

Гарчи сўздек гавҳари қиймат баҳо йўқ даҳр аро,
Бор аларнинг қошида ҳар муҳрадин арзон сўзинг.

Улки қилмайдур маони баҳриға ғаввослик,
Кўрмагай минжуқча гар бўлса дури ғалтон сўзинг.

Паст фитратларға дунё моли учун тутма кўз,
Бир қаро пул бобида мушкил қилур осон сўзинг.

Бухл зангини қиро олмас темурдек кўнглидин,
Гар итиклик ичра бўлса ўйлаким суҳон сўзинг.

Гар сўзингдин бир нимарса ўнмаса бу дунёда,
Тингламаслар охиратда берса ҳам имон сўзинг.

Илтимос этма олардин бир кўмакни зинҳор,
Синдурур гар берса ҳам ўлган баданға жон сўзинг.

Дониш аҳли қошида ҳар бири бир лаъли хушоб,
Лек оларға бордурур лаъл ўлса ҳам пайкон сўзинг.

Топмасанг сўз лаззатидин огаҳу Комил киши,
Сақлағил бўлғунча кўнглунг пардасида қон сўзинг.

* * *

Ютубон бу замонда қон фузало,
Кулфат ўқиғадур нишон фузало.

Қалам ила китобдин ўзга,
Топмағай ёри ҳамзабон фузало.

Қатнабон сифлалар эшигига,
Топмас ўлтурғали макон фузало.

Жуҳало зумраси келиб ғолиб,
Бўлди мағлубу нотавон фузало.

Сўзни фаҳм этгали киши топмай,
Не осиғ бўлса нуктадон фузало.

Кимга кўрсатса биргина беҳбуд,
Тонар ўтруда минг зиён фузало.

Жуҳалоға қилиб мулозимлик,
Топмадилар емакка нон фузалс.

Майи гулранг ўрниға тайёр,
Кўзлари соғрида қон фузало.

* * *

Бўлубон жолиси авранги жаҳолат жуҳало,
Урдилар оламаро кўси ҳукумат жуҳало.

Нўш этиб ришва майин етмай улус додиға,
Билмадилар даме ойини адолат жуҳало.

Бўлубон ҳомии арбоби фасоду сариқа,
Жамъ қилдилар ўкуш давлату сарват жуҳало.

Уламоға бериб ижройи шариатда шикаст,
Бердилар жоҳили нодонға ҳимоят жуҳало.

Қилиб ўз ройича иш амри ҳукумагда мудом,
Қилдилар тарк баси фарз ила суннат жуҳало.

Арзу дод амрида аҳкоми шариатни қўюб,
Юрутуб ўрниға қавлияти одат жуҳало.

Бўлуб ўз бошлариға феъли мусаллат, ё раб,
Бўлмағай боиси манкуби вилоят жуҳало.

Комило тутса нетонг вартаи заллатда мақом,
Топдилар маснади иззатда садорат жуҳало.

* * *

Эмас кишига бу дунёда мулку мол камол,
Ҳусули илму ҳунар келди безавол камол.

Улумдин шарафи охират эмас ёлғуз,
Ки мунда ҳам сабаби иззату жалол камол.

Мурод маърифатуллоҳдур тааллумдин,
Эмас мубоҳасау жанг ила жидол камол.

Камол маъниси таҳсили илми ҳол дурур,
На ҳосил айлагуси маҳзи қийлу-қол камол.

Замиринг айла мусаффо кадардин ойинадек,
Десангки жилвагар этсун анга жамол камол.

Бўлурму шўра замин обу донадин хуррам,
Хабис табъға тотгаак басе маҳол камол.

Камол бергусидур сўзга шуҳрату таъсир,
Бу қушға қилғали парвоз паррубол камол.

Ниҳоли бебори саркашдурур авомуннос,
Не суд топмаса маъниға иттисол камол.

Кўруб ғазалда Баёний мусаддасин Комил,
Дедики бергай анга ҳаййи лоязол камол.

* * *

Ийд ўлди олам аҳлиға юзланди ибтиҳож,
Шаҳ тораки муборакидин қадр топти тож.

Май тарки бирла ринд эли гирёну зор эди,
Атфолдекки йиғлар анга кессалар сужож.

Жоми сабуҳидин топибон куввати тамом,
Рўза риёзати била бир заъфлиғ мизож

Ўткарди рўзани ебон аҳли ғино шакар,
Бечоралар саҳарлику ифтори бир кулож.

Атфоли ағниё олиб ийдонаға тилло,
Қашшоқлар боласи дирам топмай олди кож.

Аҳли карам сахосидин умид айлабон,
Ийдонадур баҳонаи арбоби эҳтиёж.

Шоҳи либослар кийибон барча хослар,
Маълум бўлса ким синуқу ким эрур рувож.

Ёраб, шаҳим ҳукуматини мустадом тут,
Авранги адл узра мақом айла тахту тож.

Комилча бўлмағай шуаро мадҳинга фасиҳ,
Булбул киби наво қила олурму сору сож,

* * *

Тафаъул айлар эдинг, эй кўнгул, қилиб ният,
Ки рафъ бўлғуси деб тоза йилда наҳсият.

Чу қилмас ахтари бахтим сафар манозилға,
Иқомат этти магар буржи нахсда ният.

Муҳаррам ўлди ҳаром ўлди элга кулфату ғам,
Валек бнр манга юзланмадй рафоҳият.

Жаҳони буқаламун ҳодисоти фикридин,
Етушмади бу паришон кўнгулга жамъият.

Анингдек ўлмишам ушбу диёрда бекас,
Ки қатл қилсалар олмоқға йўқ кишим дият.

Йироқ тут жуҳало ихтилотидин ўзни,
Ки ўтга ёқмоқ ўлубдур ёвуқни хосият.

Тамаъни тарк эту чиқ гўшаи қаноат аро,
Санга йўқ ўзгажаҳон ичра жойи амният.

Тамом қилдинг этиб банда хизматин, умринг,
Ҳам айлагил гоҳе маъбудинга убудият.

Тут ўзни пасту кичик борча халқдин Комил,
Азим офат эрур нахвату иноният.

* * *

Юзу холинг ғамидин гар эмастур нотавон лола,
Недин бўлмиш ҳамиша сийна доғу бағри қон лола.

Хижолатманди холу оразинг эрмас эса нечун,
Қўюб гулшанни дашту тоғ аро тутмиш макон лола.

Бўёлди қонға ғамзанг тирборонидин ул гўё,
Қочиб Кўҳсор ғорин англамиш дориламон лола.

Туну кун давр этиб ҳеч кўрмадилар дашту гулшанда,
Юзингда сабъаи сайёра бирла осмон лола.

Очибму боғ аро устида гуллар сарз ё шамшод,
Бошиға қистирубму ёки ул сори равон лола.

Қадам қўй сарвнинг боши уза, эй шўх, гулшанда,
Ки то билсун сени бир хисрави олий макон лола.

Чаманда хизмат учун бир аёқда тик туруб шамшод,
Тутар йўлингда наргисдин қўлида шамъдон лола.

Кўнгул доғини кўрсатмак кўзунгга мумкин эрмастур,
Агар кўрмак тиларсан бордурур андин нишон лола.

Ани ҳеч гулга ташбиҳ айламас Комил киши мундин,
Бирин бош узра қўйсанг исми зот айлар аён лола.

* * *

Не суд очилса гул, ўлса баҳор ғурбат аро.
Менгаки бўлмаса ёру диёр ғурбат аро.

Очилмади чаманистон ҳавосидин кўнглум,
Кўзимга гул эрур андоқки, хор ғурбат аро.

Фироқ даштида бир мушқбу ғизол истаб,
Кўзимни қилди чу дом интизор ғурбат аро.

Йироқ тушкали аҳбоб суҳбати майидин,
Нишот жомиға бўлдим хумор ғурбат аро.

Чаманда гулдек аҳиббо ватан аро хандон.
Чу лола бағрим эрур доғдор ғурбат аро.

Ватанда кўзима чангалситонча йўқ Маҳмуд,
Аёз боғида тутдим қарор ғурбат аро.

Чиқай ватан садафидин дема гуҳар янглиғ,
Агарчи бўлса сенга эътибор ғурбат аро.

Ниҳон эт ўзни ватан қофи ичра анқодек,
Сенга йўқ ўлса мурод иштиҳор ғурбат аро.

Ватанда сокин ўлуб сайр эт олами боло,
Сафарни айламағил ихтиёр, ғурбат аро.

Топ эмди Хевақ ила Паҳлавони Комил эсанг,
Дема Бухори шарифу Мазор ғурбат аро.

* * *

Жон бахш лаълинг устида ул хол ҳиндулармудур,
Ё чашмаи ҳайвон уза зоғи сияҳ мўлармудур?

Боғи жамолинг саҳнида ўйнар кўзинг мардумлари,
Ёхуд Хутан гулзорида сайр эткан оҳулармудур?

Сунбул эрурму сарвға чирмошиб ўскан боғ аро,
Ёхуд чўлашған қаддинга шабранг гисулармудур.

Хатти муанбарму эрур чоҳи занахдон даврида,
Ё салсабил атрофида райҳони хушбўлармудур?

Шаҳло кўзинг атрофида кирпикларингму, йўқ эса,
Қурғон кийиклар сайдига сайёд мўндулармудур?

Ғамзанг мижанг новакларин отмоққадур икки камон,
Ё кўзларингнинг устида пайваста абрўлармудур?

Зоҳир арақларму эрур, гулбарги хандонинг уза.
Ё лаъл хотам даврида сероб луълулармудур?

Ғамзанг хадангин ҳар тараф отсанг тегар ман зоринга,
Жону кўнглум ёхудки ул ўқларга қопулармудур.

Ҳайрони дидоринг бўлуб турмуш қошингда хўблар,
Йўқ эрса қўйғон ўтруда машшота кўзгулармудур?

Тортор риёйи шайхлар масжидда жаҳр айлаб фиғон,
Ё кўкка боқиб кўчада ҳар кеча ит увлармудур?

Комил қошиға келдиму барча рақиби ҳиласоз,
Ё шери ғуррон оллида бир неча тулкулармудур?

* * *

Эй дурри ноби ишқингга жонлар хазиналар,
Мижгони новак афконинг омочи синалар.

Етмас кўнгул фиғони муалло жанобинга
Ҳар неча оҳидин ясаса анга зиналар.

Ишқ аҳли бўлса гар менга тобиъ ажаб эмас,
Ҳусн аҳли келди сенга ғуломн каминалар.

Мингдин бириси мумкин эмас сабт бўлмаки.
Ҳуснунг баёнида неча ёздим сафиналар.

Ушшоқ бахтини қора ёзғанда килки сунъ,
Холу хат ила қошу кўзунгдур қариналар.

Кўнглум муҳаббатингни ажаб қилса хоксор,
Ободлик харобаға бермас дафиналар.

Боқ, сўзга, боқма қойили яхши, ёмониға,
Маи зарфи гоҳ кўза гаҳе обгиналар…

Кўюнг гадоси хирқайи пашминаси уза,
Товус парлариға қилур ноз биналар.

Ул ким замири покдур ойинадек мудом,
Етмас анга кудурати арбоби киналар.

Нетсун бу баҳру кон дуру лаълини Комилинг,
Эй дурри ноби ишқинга жонлар хазиналар.

* * *

Ваҳки, кўзларим гиръён қилди лаъли хандонлар,
Жамъ қўймади кўнглум кокули паришонлар.

Боғу, ғунча сайридин бўлдим эмди мустағни,
Очти гул хаданггингдин кўнглум ичра пайконлар.

Орази арақнокинг кўрди чун чаман ичра,
Гуллар ўлди шабнамдек барча чашми ҳайронлар.

Токи ғамзау нозинг кўз уйип мақом этти.
Ташқарида мижгонлар бордурур нигаҳбонлар.

Ишқ сўзи дардидин нола қилма кўп, эй дил,
Бўлмасунлар озурда бу азиз меҳмонлар.

Қайси холу оразнинг доғидур чаманларким,
Лола доғу гулларга чок эрур грибонлар.

Чини остинингдур, мавжи жавҳари шамшир,
Йиғнама бу зорингни қатл этарга домонлар.

Бу шаҳодат иқболин ким топар экан ёраб,
Нози олди мижгондин қўлға тиғи уръёнлар.

Кимки, ҳусни шоҳиға бегунаҳ, гунаҳкор ул
Анга зулф эрур занжир, чоҳ эрур занахдонлар.

Ҳусни кўзгуси бордур мазҳари жамолулло,
Манъ ишқим этманглар эй гуруҳи нодонлар.

Комило шаҳаншоҳинг назми гавҳар афшонин,
Кўрса банда бўлғайлар Фазлию Умархонлар,

* * *

Кулмадинг бир то мени юз қатла гирён қилмадинг,
Тутмадинг бир жом то кўнглум тўла қон қилмадинг.

Хотирим даврон ғамидин қилмадинг бир лаҳза жамъ,
То мени бир йилғача зору паришон қилмадинг.

Хаста кўнглум таҳ-батаҳ қон қилмағунча ғунчадек,
Очилиб мажлисда рухсоринг гулафшон қилмадинг.

Мен тарафга қилмадинг ҳаргиз хатодин бир нигоҳ,
То рақибимға боқиб юз лутфу эҳсон қилмадинг.

Айладинг меҳру вафо бобида қайси ваъдалар,
Ким яна ул аҳду паймондин пушаймон қилмадинг.

Отмадинг қаҳру итобинг новакин ағёрға,
То маломат ўқига кўксимни қалқон қилмадинг.

Қилмағунча хони васлингдин бу зоринг бе насиб,
Узгани бу хони иҳсон узра меҳмон қилмадинг.

Эгнима кийдурмадинг лутфу иноят хилъатин,
То либоси офиятдин жисмим уръён қилмадинг.

Қайси бир уммидким, лутфингдин этдим оқибат,
Ул умидим ҳосилини яъсу ҳирмон қилмадинг.

Эй ситамгар, қайси бедилға бериб васлингда жой,
Сўнгра они мубталойи доғи ҳижрон қилмадинг.

Қилмағунча хонумонимни қаро ҳижрон аро,
Кулбам ичра оразинг шамъи шабистон қилмадинг.

Дониш аҳлиға қаю қилмишларинг дей, эй фалак,
Қай бирин ул зумранинг мағлуб нодон қилмадинг.

Сирри ишқинг неча пинҳон тутди элдин, эй пари,
Қўймадинг Комилни то расвойи даврон қилмадинг.

* * *

Гар олса илгига ул моҳ танбур,
Чекар ўтлуғ кўнгулдек оҳ танбур.

Қилур мутриб вашимнинг фурқатида,
Дамодам нолаи жонкоҳ танбур.

Ғамингда нола айларда туну кун,
Менгадур ҳамдаму ҳамроҳ танбур.

Бўлурман ғам сақилидин сабукбор,
Аён қилса гар ишқуллоҳ танбур.

Жаҳонда сознинг анвои кўпдур,
Вале истар гадоу шоҳ танбур.

Бўлур ушшоқ эй мутриб асиринг,
Олиб соз айласанг дугоҳ танбур.

Қилур сайри мақомот ул жиҳатдин
Эрур Комилға хотирхоҳ танбур.

МУНИСҒА МУХАММАС

Дардоки, йўқ жаҳон элида шармсорлиғ,
Кўрганлар иззатимнн манга берди хорлиғ,
Эркан абас замон элидин дўстдорлиғ,
Яхши кунумда ҳар кишиким қилди ёрлиғ,
Дўнгач замона айлади душман шиорлиғ.

Улким эди вужуди вафо маъдани букун,
Душманға лутф, зулм мангадур фани букун,
Дерким рақиб сонида кўрман сени букун,
Атфол этакка тош йиғингизким мани букун,
Девоналиқға еткурадур беқарорлиғ.

Ҳар кимса ўз нигори висоли замонида,
Иззат майини нўш этар ишрат маконида,
Фарёдким бўлолмадим ағёр сонида,
Итлар азизроқ кўрунур халқ ёнида.
Мендинки кўйинг ичра чекарман бу хорлиғ.

Борсен агарчи давр элиға фойиқ, этма рад,
Ушшоқ аро билиб мени ҳам содиқ, этма рад,
Кўргач юзунгни бўлдум агар ошиқ, этма рад,
Мен гарчи суҳбатингға эмон лойиқ, этма рад,
Бу гулшан ичра гул ул эрур бўлса хорлиғ.

Ушшоқни қилурға чу қилдинг фиғону асир,
Нағмангға бўлди борча эшитмак ҳамон асир,
Не навъ бўлмайин мени бехонумон асир,
Эй мутриб, ўлди ҳалқаи нағмангға жон асир,
Созингға ёр зулфидин олдингму торлиғ.

Сен сен сарири ҳусн уза шаҳиншаҳ, эй масиҳ,
Гар хўблар кавокиб эса, сен маҳ, эй масиҳ,
Комилға қўйинг ўлғали манзилгаҳ, эй масиҳ,
Мунисни ғам етурди ҳалокатға, эй масиҳ,
Мақтулинга даме қилакўр ғамгусорлиғ.


«ЛАТОИФ-УЗ-ЗАРОИФ»ДАН

Бир ота ва ўғулни бир ҳоким қошиға келтурдиларким, таёқ урғайлар. Аввал отосин ётқузуб юз таёқ урғойлар. У ҳеч сўзламоди. Андин сўнг ўғлини ётқузиб бир таёқ уруб эрдиларким, ота доду фарёд қила бошлади. Ҳаким деди:
— Сен юз таёқ единг, ҳеч бир даминг чиқмоди, ўғлунгга бир таёқ урганда нечун нола қилурсан?
Ул деди:
— Ул таёқким танимга тегди, таҳаммул қилдум. Энди жигаримга теккан эрди, чидай олмадум.

* * *

Бир камбағал олим киши фақир бўлгани учун бир бахил бойни эшикига борибдурким:
— Мен, сиз садақа бермоқчисиз, деб эшитдим. Мен ғоят даража муҳтож ва мустаҳиқдурман,— дедн. Бахил бой баҳоналар қилиб дедиким:
— Мен садақамни кўрларга берурман, деб аҳд қилиб эрдим. Сен эрсанг кўр эмассан.
Олим деди:
— Ғалат қилибдурсан, кўр ҳақиқий мандурманким, махлуқотга ризқ берувчи зотдан юз ўгуриб, сенингдек бахилнинг ёнига келибдурман.
Бу сўзни айтиб олим қайтиб кетди. Олимнинг сўзи бахилга бағоят таъсир қилиб, изидан югурди. Олим қабул этмади.

* * *

Бир табибни кўрдиларким, ҳар вақт гўристондан ўтса ридосини бошига солуб ёпуниб ўтар эрди. Анинг сабабин сўрадилар. Табиб дедиким!
— Бу гўристонда ётғон ўлуклардин уялурман. Чунки ҳар бири мени доримни еб ва менинг шарбатимдин ичиб ўлгандурлар.

* * *

Бир кун шоир Анварий Балх бозоридин ўтуб борур эрди. Кўрдиким, халойиқлар ҳалқа қурмишлар. Ўртада бир киши туриб Анварийнинг қасидаларидан ўз отиға ўқур эрди. Халойиқ анга таҳсин ва офарин қилур эрдилар. Анварий дебдур:
— Бу кимнинг ашъоридурким, ўқурсан?
Ул дебдур:
— Анварийнинг ашъоридур.
— Анварийни танурмисан?
Ул деди:
— Не айтурсан, Анварий мендурман.
Анварий кулиб дебдур:
— Шеър ўғрисин эшутиб эрдим, шоирнинг ўғрисин кўрмамиш эрдим.

* * *

Келтирибдурки, Абу Айюб Мансур халифанинг яқин ва ҳамсуҳбатларидан эрди. Аммо ҳар вақт Мансур ани чақирса, ранги сарғайиб, баданлариға ларза тушар эрди. Бир кун бир маҳрам жоеда анга дедиким:
— Сен халифанинг яқин ва ҳамсуҳбатларидансан. Не учун сени ҳар вақт чақирса қўл-оёғинг бўшашиб, ўзингни йўқотиб қўюрсан. Абу Айюб ул маҳрам жавобида дедиким:
— Бир қарчиғай бир хўроздин сўрдиким, сен ёшликдан одамларнинг уйида бўлурсан. Улар санга ўз қўллари билан дон ва сув берурлар, санинг учун уйларида жой солурлар. Аммо ҳар вақт сени тутар бўлсалар не учун ғавғо қилиб, фарёд билан ул уйдин бул уйга, ул ўчоқдин бу ўчоқға қочарсан. Мен эсам бир ваҳший қушдирман. Улуғ тоғларда кезарман. Қачон мени тутиб келтирсалар, қўлларида ором олурман, мени овға юборсалар ҳеч ғавғо ва можаро қилмай парвозга чиқиб, айланиб, яна қайтиб келурман. Хўроз дедиким:
— О қарчиғай қуш, ҳеч жойда кўрдингми ёки эшитдингми, бир қушни сихга тортиб, ўтга қўйиб, кабоб қилганликларини. Қуш йўқ, деди. Хўроз дедиким:
— Мен бу хонадонда бўлганимдан бери юз хўрозни кўрдим: бошини узиб, қанотларини юлиб қррнини ёруб, сихға тортиб, кабоб қилиб, ейдилар. Менинг фарёдимнинг сабаби шудир.

* * *

Абдулфазл билан Умайт Рукнуддавланинг вазири эрди. Уғли Абдулфатҳни Абул Ҳусайн Аҳмад бинни Форис деган муаллимға топширди. Абул Ҳусайн эса ўз замонининг фасоҳатли тенгсиз адибларидан эрди. Абдулфатҳ ўқишда тамбаллик қилар эрди. Муаллим Абул Ҳусайн отаси Абдулфазлга ёздиким:
«Ўғлингиз Абдулфатҳнинг ўқишдаги ҳаракати чумолининг бош бармоғидан ҳам камроқ ва пашшанинг гарданидан калтароқдур».

* * *

Бир кеча Ҳажжож дедиким:
— Кўринглар, зиндонда бирор фазилатлиқ киши бормукин? Агар бўлса, мен анинг билан суҳбатлашурман.
Зиндондан қидириб бир фозил кишини топиб келтурдилар… Ҳажжож андин сўрдиким:
— Сен нима сабабдин зиндонға тушдинг?
Фозил дедиким:
— Манинг амакимнинг бир ўғли бор эрди. Чун ноҳақ қон тўкиб қочиб кетди. Анинг ўрниға мани тутиб зиндонға солдилар.
Ҳажжож дедиким:
— Шоирнинг бир сўзи борки, рост айтибдур. Амакингнинг ўғли гуноҳ қилди. Сен анинг ўрниға мубтало бўлдинг. Албатта мард киши амакисининг ёмон ахлоқли ўғли сабабидин гирифтор бўлғусидир. Ҳажжож шоирнинг шу сўзини ўқигач, ул адиб дедиким:
— Тангри шоирдин ростгўйроқдур. Чунки тангри буюради: «Қиши иккинчи бир кишининг гуноҳи учун тутилмасин». Ҳажжож бу сўзни эшитгач унга минг тилло бериб озод қилиб юборди.

* * *

Халифалардан бири вазириға дедиким;
— Қайда эрдинг?
Ул деди:
— Сенинг учун кўшк бино қилур эрдим. Халифа ани жавобидин ҳайрон бўлди. Чунки анинг жавобида ишорат бор эрди. Шундайки, халифа Фиръавн ҳукмида бўлиб қолди. Халифа:
— Эй Ҳомон,— деб чақиргани учун вазири ҳам унга муносиб жавоб берди. Чунки Ҳомон Фиръавннинг вазири эрди.

* * *

Бир кун девон котибларидин бири Ҳажжожнинг қошиға келиб, баъзи эҳтиёжини арз қилиб чиқиб кетди. Ҳажжожнинг олдида доимо бирга турадиган ва унинг кулдирадиган Мабра деган надими бор эди. У дедиким!
— Одамларнинг энг ёмони девонхона котибларидур.
Шунда Ҳажжож айтдиким:
— Нима учун сен котибларни шикоят қилурсан. Ҳолбуки тангри, «киромун котибин», деб ёд қилубдур, сен тангрининг каломига қарши сўз айтурсан. Агар сен эски ҳамсуҳбатларимдан бўлмасанг эрди сенга сиёсат қилур эрдим. Мабра:
— Эй халифа, мен девон котибларини айтурман, осмондаги фаришталарни айтмадим ва аларни шикоят қилмадим,— деди.
Ҳажжож кулиб, анинг жавобига минг дирам инъом этди.

* * *

Бир подшоҳ надимга дедиким:
— Бу шаҳарнинг аблаҳларининг отини рўйхат қилгин.
Надим:
— Ҳар кимнинг отини ёзсам ғазаб қилмаслигингга шарт қиласанми,— деди. Подшоҳ қабул қилди. Надим энг аввал гюдшоҳнинг отини ёзди. Подшоҳ деди:
— Аблаҳликни менга исбот қил. Агар исбот қилолмасанг сенга сиёсат қилурман,— деди. Надим дедиким:
— Юз минг тиллонинг ҳужжатини фалон навкарға бериб, буюрдингким, фалон мамлакатга бориб шул тиллони нақд қилиб, олиб келсанг, дединг. Ҳолбуки мен ўша навкарни яхши танийман. Ани бизнинг мамлакатда на фарзанди бор. Ҳеч бир нарсаси йўқ бир кишидур. Агар ул ўша важҳни қўлиға киргизса бошқа бир вилоятға бориб, тирикчилик қилур. Анга сенинг ҳукминг ҳеч бир ўтмайди. Шул ҳолда сен анинг устида не иш кўрурсан.
Подшоҳ дедиким:
— Агар ул мандин юз ўгурмай у тиллони нақд олиб келса, сен на дерсан,—деди. Надим:
— Агар, ул олиб келса, аблаҳлик дафтаридан подшоҳнинг отини қириб ташлаб, ўрниға анинг отини ёзиб қўюрман, деди.

* * *

Бир кун Искандар Доро билан урушиш муносабати билан ўз аскарларини кўздан кечирди. Уша кўрик куни шамол ва чақмоқдек тезликда учиб юрадиган бир отға минган эрди. Шул вақтда навкарларидин бири бир ориқ ва чўлоқ отга миниб подшоҳ олдидин ўтди. Подшоҳ ғазаб билан ани отдан тушишга буюрди. Шул вақтда навкар кулиб юборди. Искандар чақириб, кулганлигини сабабини сўрабди, ул дедиким:
— Сенинг ғазаб ва қаҳрингдан кулгум келди. Чунки сен учар бир отға миниб туриб, мен эсам юролмай тўхтаб қоладиган отга минибдурман. Яна шундай бўла туриб менга ғазаб қилурсан. Искандарға анинг сўзи маъқул тушиб, они аскарбошиларидан қилибдур.

* * *

Бир кун Амру Лайс аскарларини кўздан кечирар эрди. Аскарларидан бири кўрдики, бири ориқ от минибдур. Амру Лайс қаҳрланиб деди:
— Менинг аскарларимга тангрининг лаънати бўлсинким, ҳар вақт танга ва тиллоларни уларға берурман ва таъминотлариға сарф қилурман, улар эса хотунларини семиртириб, ўз минадиган отлариға қарамай, ориқ ҳолда сақлайдилар. Ул аскар деди:
— Эй амир, тангри ҳақида, агар ҳақиқат қилсанг, уйдаги хотинимиз бу отимиздан ҳам ориқроқдир.
Бу сўздан Амру Лайс кулуб, анго ўн минг тилло инъом қилуб вазифасини ошурди.

* * *

Аскарлардан бири ҳар вақт ҳаммомга борса, ҳаммомдан чиқар вақтида ҳаммомчиға туҳмат қилур эрдиким:
— Менинг фалон нарсам йўқ, ани топиб бергил ёки тавон бергил, деб шу тариқада даъво қилиб, ғавғо қилиб, ҳаммомнинг сартарош ва ходмиларин ҳақларини бермай кетар эрди. Қисқаси, барча ҳаммомчилар ани таниб, ҳеч бир ҳаммомға киргазмадилар. Охири ноилож бўлуб, бир ҳаммомға бориб, аҳд қилдиким, энди ҳаммомчи, сартарош ва ходмиларнинг ҳақини бериб, туҳмат қилмайман, деган сўзига кўпчилик гувоҳлик берди. Сўнгра ҳаммомга кирди. Ҳаммомчи бир кишига буюрди:
— Аскарни ҳамма кийимларини яшириб қўйинг. Аммо камар билан қилични яширмай жойига қўй,—деди. Ул аскар ҳаммомдан чиқди. Кўрдиким, барча либослари йўқдур. Бу тўғрида ҳеч бир дам уролмади. Чунки гувоҳлар ҳозир эрдилар. Аскар нима қилишини билмай зарурият юзасидан яланғоч белига камар билан қиличини боғлаб ҳаммомчини олдига келиб дедиким:
— Мен ўзим сизга ҳеч бир сўз айтолмасман, аммо инсоф ўзингизга берсинким, мен ҳаммомга келган вақтимда шу сурат билан келиб эрдимми?
Ҳаммомчи ва ҳозир турган кишилар кулишиб, кийимларини бериб, энди ҳар ҳафта бир мартаба ҳақ тўламай ҳаммомға тушиб кетишга ризолик бердилар.

* * *

Бир аскарнинг бир чиройлик хотини бор эрди. Анинг оти «Ҳур» эрди. У бир кун урушдан юз ўгириб қочди. Анга дедиларким:
— Эй номард, қайтғил! Агар бир кофирни ўлдирсанг, ғозий бўлурсан. Ва агар кофир сени ўлдирса, шаҳид бўлиб, қиёматда ҳурлар хизматингда бўлур.
Ул дедиким:
— Менинг бу дунёда ҳурим бордир. Бошқа ҳур учун ўзимга ўлимни раво кўрмайман.

* * *

Ҳажжожга жамъе одам хуруж қилди. Ул жамъедан бир хотунни Ҳажжож қошиға келтурдилар. Ҳажжож анго ғазаб қила бошладн ва итоб билан сўзлади. У хотун бошини тубан солиб, ҳеч бир сўзламади. Ҳозир бўлган одамлардан бири деди:
— Амир сенга сўзлайдур, нега индамайсан?—деди.
Хотун дедиким:
— Мен тангри назар қилмаган кишига назар қилиб, сўзлагани уяламан.
Ҳажжож дедиким:
— Қайдан билдингким, тангри менга назар қилмаганини?
Хотун деди:
— Агар сенга тангри назар солса эрди, сени тангри бунча золим қилмас эрди.
Ҳажжож деди:
— Худо ҳақида, бу хотун рост айтур.
Сўнгра анга минг тилло бериб, ўз уйига юборди.

* * *

Луқмони ҳаким қора танли киши эрди. Бир киши уни қул қилиб сотиб олди. Қўп муддат анга хизмат буюруб, андин илм ва ҳикмат асарларини кўрур эрди. Бир кун имтиҳон йўли билан Луқмонга дедиким:
— Бир қўйни сўюб, энг яхши жойидин манга келтургил.
Луқмон қўйни сўюб, тилини ва юрагини келтурди. Яна бир кун буюрди:
— Бир қўйни сўюб энг ёмон жойидин менга келтургил.
Луқмон яна қўйни сўюб тилини ва юрагини хожасига келтирди. Хожаси сўрадиким:
— Бу қандай ишдир?
Луқмон деди:
— Агар пок бўлса ҳеч нарса тил ва юракдан яхши эрмасдур ва агар нопок бўлса ҳам ҳеч нарса андин ёмонроқ эрмасдур.

* * *

Бир нодон киши бир ҳакимга дедиким:
— Не учун оғзингдин ёмон ис келадур?
Ҳаким деди:
— Санинг айбларингни кўкрагимда кўп сақлар эрдим. Танамга таъсир қилибдур.

* * *

Бир бахил бой бир ҳакимни кўрдиким, кўп меҳнат била кумуш маъданидин тошларни қазиб чиқариб, ушатур. Андин тилло зарраларини ҳосил қилар эрди. Бахил деди:
— Эй ҳаким, бундан бошқа осонроқ авқот ўтказгудек касб ва ҳунар йўқми эрди. На учун шунча машаққат чекарсен?
— Менга юз мунча меҳнат ва машаққат билан зар ҳосил қилиш сенинг қўлингдан бир пулни чиқариб олгандан минг марта осонроқдур.

* * *

Дебдурларким, уйланмоқлиқ бир ой шодмонлиқ бўлса, андин сўнгги қолғон барча умр андуҳ ва пушаймонликдур.

* * *

Бир ҳаким уйлангандан сўнг буюрубдурким, мен қачон бўйдоқ эрдим, уйланган кишилар гунг эрдилар, яъни насиҳат бериб мени қайтармадилар. Энди мен уйландим, бўйдоқ кишилар кар бўлибдурлар, яъни насиҳат эшитмайдурлар.

* * *

Бир ҳаким дедиким:
— Уйланмоғлик бир чуқур қудуқ кабидур. Ҳар ким анга тушса халослик йўқдур. Андин сўрдиларким:
— Оё андин қутулмоқ мумкинму?
Ҳаким деди:
— Агар қудуқ бошига харсанг қўйсалар озод бўлиш мумкиндур.
Сўрадиларким:
— Харсанг нимадур?
Ҳаким деди:
— Ҳар бир фарзанд туғилса, ул қудуқ бошига харсанг қуёрлар.

* * *

Бир кун бир ҳакимдан сўрадиларким:
— Қайси овқат лаззатлироқдур?
Ҳаким деди:
— Очлик ғалаба қилған вақтда овқат есалар яхши ва лаззатлироқ бўлур.

* * *

Бир ҳаким шароб ичмас эрди. Ҳакимдан сўрадилар:
— Нечун шароб ичмассан?
Ҳаким дедиким:
— Мени ақлимни ичган нарсани мен ичмасман.

* * *

Бир подшо бир ҳакимни ўз ҳолига қўймади. Мастликдан андин беҳуда сўзлар оғзидан чиқа бошлади ва бемаъни сўзларни ҳам кўп айтди. Ўзига келгандин сўнг маломат қилдиларким:
— Не сўзларни сўзладинг?
Ҳаким дедиким, мен бу сўзларни айтганим йўқ. Лекин мени шароб ичмакка таклиф қилган киши айтди.

* * *

Бир киши бир табиб қошиға бориб:
— Қорним кўп оғрийдур, бетоқатдурман. Бирор илож эткил,— деди.
Табиб дедиким:
— Бугун не таом еган эдинг.
Ул киши деди:
— Куюк нонни кўп едим.
Табиб ғуломни чақириб деди:
— Кўз дори келтиргин. Кўзига томизгаймиз.
Касал деди:
— Менинг қорним оғрийдур, кўз дорисини нима қиламан?
Табиб деди:
— Агар кўзинг равшан бўлса эрди, куйган нонни емас эрдинг.

* * *

Бнр киши табиб қошиға бориб деди:
— Мен қулунж касалига гирифтор бўлубман. Менга бир няож этинг.
Табиб дедиким:
— Бугун не единг?
Ул деди:
— Тузланган сигир гўштини едим, ҳамда қоқ гўшт, пишлоқ, товуқ тухуми, ҳариса мевалардан: анор ва олухурот кўп едим.
Табиб дедиким:
— Агар бу кеча ўлсанг дори қилишдан қутуласан.
Агар ўлмай қолсанг, эртага эрта билан шаҳарнинг минорасига чиқиб, ўзунгни пастга ташлагин, шундагина бу қулунж дардидан халос бўлурсан.

* * *

Бир киши бир табибнинг қошиға келиб дедиким:
— Мен уч кундан бери касалман, ҳеч иштаҳам йўқдур. Жуда қувватсизланиб қолдим. Буни иложини қилсангиз. Табиб анинг томурини ушлаб кўриб сўрадиким:
— Бугун не таом единг?
Ул деди:
— Уч кундур, бир нарса емадим.
Табиб деди:
— Озми, кўпми, не еганинг бўлса айтгил.
Ул деди:
— Айтмоққа арзигудек бирор нарса .емадим.
Табиб деди:
— Ҳар не тўғри келган бўлса, еган нарсангни айтгин.
— Ҳозир сизни олдингизга келур олдимдан йўлда каллапазни дўконига кириб қолдим. Каллани иси думоғимни хуш қилиб, каллапаздан олти калла олиб едим. Сен уч калла ҳисоб қилгин. Андин сўнг, тўрт ботмон нон едим. Сен икки ботмон ҳисоб қилгин. Андин кейин кўнглим ширинлик ейишни истади. Саккиз ботмон ҳалвойи бодом едим. Сен тўрт ботмон ҳисоб қилгин. Андин кейин ўтиб йигирма ботмон амирий узумини едим, сен ўн ботмон фараз қилгин. Сўнгра, қовунфурушни дўкониға келиб хисравий қовунларини кўриб, ундин қирқ қовун олиб едим. Сен йигирма қовун деб билгин. Табиб бу сўзларни эшитгандан сўнгра дедиким:
— Сен дағи ҳисоб этгил. Мен айтайин, сен энди олти йил «сарсон» касалига гирифтор бўлурсан, сен уч йил фараз этгин. Андин кейин, тўрт йил диқ бўлурсан, сен икки йил ҳисоб этгил. Сўнгра икки кўзинг кўр бўлур, сен бир кўз дегил. Андин сўнг икки оёғинг шол бўлур, сен бир оёқ деб ҳисоблагин. Андин сўнг ич оғриғи касалига учраб, шу касал билан ўлурсан, сени қабрга қўйиб, устингга 100 эшак тупроқ солурлар. Сен эллик эшак деб фараз қилгин.

* * *

Бир киши бир табиб қошиға бориб, дедиким:
— Мени бир касалим бордур. Бир илож қилсангиз!
Табиб сўрадиким:
— Не касалингиз бордур?
Ул деди:
— Неча кундурким, мўйим (соч) оғрийдур.
Табиб ҳайрон бўлиб деди:
— Бугун нима таом единг?
Ул деди:
— Нон билан муз едим.
Табиб деди:
— Дардинг бирор дардга ўхшамайдур ва еган овқатинг ҳам одамларни овқатига ўхшамайдур.

* * *

Бир бемаза сўзловчи совуқ нафас шоир бир табиб қошиға бориб дедиким:
— Кўнглимда бир нарса айланиб, мени ҳушсиз қилмоққа олиб бормоқдадур. Шу сабабдан барча аъзойимға музлашлик таъсир қилибдур.
Табиб ниҳоятда зийрак киши эди, дедиким:
— Бу яқинда ҳеч бир шеър айтдингму? Ани холис кишилар олдида ўқимагандирсан?
Шоир дедиким:
— Ҳа, бир шеър айтган эрдим. Лекин ҳеч ким олдида ўқиганим йўқ.
Табиб дедиким:
— Ани ўқиғил.
Шоир ўқиди.
Табиб деди:
— Яна ўқиғил.
Шеърини яна ўқиди, қисқаси, шоир шеърини уч марта ўқиди.
Табиб деди:
— Боргил, касалинг энди тарқалди, чунки бу шеър юрагингга тугун бўлиб туруб эрди.

* * *

Бир подшо тушида кўрса барча тишлари тўкилди. Бу тушдан ниҳоят хафа бўлуб, эрта билан таъбир этувчини чақириб, кўрган тушини айтиб берди.
Таъбирчи дедиким:
— Подшони барча болалари ва хотунлари, яқинлари ўз ҳузурида ўлғувсидирлар.
Подшога бу таъбир жуда қаттиқ кўриниб, буюрдиким, таъбирчининг барча тишларини омбир билан тортиб олдилар ва тилини кесдилар. Сўнгра бошқа бир таъбирчини чақириб, ул тушни бунга ҳам баён этдилар. Иккинчи таъбирчи жуда доно ва хуштабиат киши эрди. Ул деди:
— Эй подшоҳ, бу тушингиз умрингизни узоқлигига далолат қиладур. Таъбири будурким, барча болалачингиз, хотунингиз ва яқинларингиздан подшони умри узоқ бўлғувсидур.
Бу таъбир подшога ёқиб, унга от ва кийим билан минг танга пул берди ва дедиким:
— Агарчи бу икки таъбирнинг мазмуни бирдур. Лекин биринчи таъбирчи ёмон иборат билан сўзлаб, ўзини ҳалокат чуқурига ташлади. Иккинчи таъбирчи эса, юмшоқ сўз билан ишора қилиб, давлат байроғини кўкдан оширди.

* * *

Искандар билан Доро ўртасида қаттиқ уруш, жанжал, баҳс бўлди. Лекин Доро тарафи ғалабада эрди. Шу сабабдин Искандар хафа бўлуб, ўйлаб бир қанча фикрларга борди. Бир кеча у ғам билан чарчаб ухлаб қолди. Тушида кўрдиким, Доро билан кураш тушар эрди. Иттифоқан Доро ерга уруб, орқасини ерга етказди. Шундайким, бутун орқасининг дахни билан ерга қўйди. Искандар уйқусидан уйғониб, қўрқинчи, ғам ва андуҳи бурунгидан ҳам кўпайди. Шу ҳолда таъбир илмига моҳир бир ҳаким бор эрди, уни чақируб, тушуни анга баён қилди. Ҳаким ул тушни эшитгач, очиқ юзлик ва хурсандлик билдириб, Искандарга хушхабар бердиким, сен бу тушдан умидвор бўлгин. Чунон бу далолат қиладурким, Дородан сўнг, бутун ер юзи сенга таслим бўлғусидир. Сенинг орқангни ерга қўйгани ер юзини сенга бергани демакдур. Бу таъбир Искандарга маъқул тушуб мукофотлар берди. Бу таъбир кучи билан бутун дунёни ўзига қаратди.

* * *

Айтурларким, Ҳакими Хоқоний Манучеҳр шоҳғаким, Шервон мамлакатининг подшоҳи эрди, бир байт ёзиб юбориб, бир нимарса талаб қилди. Байт будур:
Вашақи деҳ, ки дар барам гирад,
Ё вошақики дар бараш гирам.
Вашақ — пўстиндур.
Вошақ — бесоқол туғмадур.
Хоқон дарғазаб бўлуб дедиким:
— Бу байтда мени паст қимматликка чиқарибдур. Буни бергил ё они бергил дебдур. Не учун икковини ҳам талаб қилмайдур.
Бу хабарни Ҳаким Хоқонийға еткурдилар. Андин сўнгра бир чибиннинг қанотин юлиб, подшоҳ қошиға юбордиким:
— Ман «бо» вошақи деб эрдим. Бу чибин «бо» нуқтасининг ёнбошиға бир нуқта қўйиб, ани «ё» қилибдур.
Хоқон кулуб, вашақ бирла вошақни ҳам юборди.

* * *

Амир Темур Форс вилоятин мусаххар қилиб, Шерозға келди. Шоҳ Мансурни ўлдуруб, Ҳофизи Шерозийни талаб қилди. Ул ҳамиша гўшанишинликда фақр ва фоқа била умр ўткарур эрди. Сайид Зайнул Обиди Рукнободийким Амир Темур қошида тамом яқинлиги бор эрди ва Ҳофизи Шерозийга мурид эрди, Ҳофизни Амир Темурнинг мулозиматиға келтурдилар. Амир Темур кўрдиким, фақр ва фоқа асарлар андин зоҳирдур. Дедиким:
— Эй Ҳофиз, мен шамшер зарби била ер юзини хароб қилдим. То Самарқанд ва Бухорони обод ва маъмур қилғайман деб, ва сен эсанг бир ҳоли ҳиндусиға бахш этибдурсен.
Назм:
Агар он турки шерозий ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро.
Ҳофиз деди:
— Мундоқ бесарфа (бефойда) бахшишлардан бу тариқа фарқу фоқаға учрабдурман.
Бу сўздин Амир Темур кулуб Ҳофизға лойиқ вазифа таъйин этмишдур.

* * *

Бир шоир бир улуғ кишидинким бахилликка мансуб эрди, анга бир қасида этиб ва анда кўп ситойишлар қилиб, умедвор бўлди. Ва ул шоирға сила беришни тиламас эрди. Балки истар эрдиким, они фақат таҳсин била ўтқазгай. Шоир қасидани ўқиғоч деди:
— Ажаб шеър айтибдурур. Аҳсана оллоҳу илайха, яъни яхшилик қилғай, тангри таоло сенга. Муроди буким, яхшиликни тангри таолодин кўз тутгил. Мендин таъма қилмагил.
Шоир ани муродини англаб дебдур:
— Аҳсан оллоху мазҳарака, яъни яхшилик қилғусидур тангри манга сенинг мазҳарингдин. Яъни сени ва мени рўзи ва насибимга восита қилур. Шоирнинг бу жавоби анга хуш келиб, риояти куллн қилди.

* * *

Бир шоир бир бахил Хожа мадҳида бир қасида айтди. Хожа ҳеч нимарса бермади. Бир ҳафтағача сабр қилди. Бйрор асар зоҳир бўлмади. Вақт тақозосиға мувофиқ бир қитъа айтди. Хожа илтифот қилмади. Бир ҳафтадан сўнгра ҳажв этти: Хожаға таъсир этмади. Шоир келиб Хожа эшигида ўлтирди. Хожа ташқариға чиқиб, они кўрди. Деди:
— Фароғатда ўлтирибдурмусан, эй мубрим, беҳаё! Қасида айтдинг, ҳеч нима бермадим. Қитъа айтдинг, парво қилмадим. Ва ҳажв эттинг, мутаббиҳ бўлмадим,
яна нима умед билан ўлтирибдурсан?
Шоир демишдир:
— Билгилким, ўлсанг сенга марсия ҳам айтиб, андин сўнгра кетурман.
Хожаи бахил кулуб яхши нарсалар бахш этти.