Каримбек Камий (1865-1922)

Камий (тахаллуси; асл исм-шарифи Каримбек Шарифбек ўғли) (1864— Тошкент — 1923) — ўзбек шоири, маърифатпарвар. Тошкентдаги «Бекларбеги» мадрасасида ўқиган (1880 йилдан). 1916 йилгача шу мадрасада мударрис. 1890 йиллардан шоир сифатида танилган, баёзлар тузган.

Сидқий Хондайлиқий, Хислат, Мискин, Тавалло каби кўпгина шоирлар Камийнинг шогирдларидан бўлган. Октябрь тўнтаришидан кейин «Турон» кутубхонасида, саводсизликни тугатиш курсларида ишлаган. Камий мумтоз шеъриятнинг кўпгина жанр ва мавзуларида ижод қилган. Муқимий, Фурқат билан яқин алоқада бўлган, мушоиралар қилган.

Камий ижоди мураккаб, дунёқараши зиддиятли. Кўпчилик шеърларида халқни маърифатли бўлишга даъват этган («Темир йўл хусусида», «Дилки миллат ғамида қон ўлди…», «Солди беилмлик хатоларға ва б.). 19-аср охири, 20-аср бошларида Тошкентда нашр этилган баёзларнинг деярли ҳаммасида Камий шеърлари учрайди. Ижодидан намуналар «Туркистон вилоятининг газети» ва бошқа вақтли матбуотда эълон қилинган.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Азизи Мисри хўбесан, назокат иззу жоҳингдур,
Кўнгул бир қатра қон бирлан мурассаъ тахтгоҳингдур.

Нигоҳи чашм ила, эй кўзларим, додингга гар етмас,
Аёғин остиға тифли сиришкинг ташла, шоҳингдур.

Сочинг, яъни сипоҳи ҳусн сардори — каманди жон,
Кўнгул маъмурасин ғоратгари чашми сиёҳингдур.

Латофат осмонининг ҳилоли вусмалик қошинг,
Сабоҳат буржининг бадри мунири рўйи моҳингдур.

Агар ҳижрон юкин чекмоқни даъво айласанг, эй дил,
Анга икки букилғон қоматинг одил гувоҳингдур.

Муанбар хатту зебо қад нигори нозанинимға.
На нисбат, эй чаман, раънолиғинг чўбу гиёҳингдур.

Камий ваҳм этмағил бедардларнинг таънасидинким,
Харобот аҳли пирин даргаҳи фаррух паноҳингдур.

* * *

Мани этти бир шўхи дилбар асир,
Эди дилраболар аро беназир.

Ҳамида хисолу сутуда фиол,
Пазира афъолу равшан замир.

Мухаммар вафо бирла зоти анинг,
Ҳаёву адаб сори шуғли касир.

Дамидин Масиҳо эрур мунфаил,
Юзидин хижил меҳру моҳи мунир.

Хароби ики чашми фаттониман,
Ажаб оҳуйеким, эрур шергир.

Узун бўлсун умрию фазли зиёд,
Илоҳи, анга тангри бўлгай насир.

Ниёз айла узр ила мамдуҳингга
Ки, бас, эй Камий, мадҳин эттинг қасир.

* * *

Ўртади жонимни ишқинг оташи, эй маҳлиқо,
Ёна куйдирмак фироқ-андуҳидин эрмас раво.

Оразинг боғида гуллар очти нахли қоматин,
Кўзларимнинг жўйборидин топиб нашъу намо.

Зоҳир айлаб субҳи васлинг — ҳажр шомини ёрут,
Умрлардур рўзгорим тийраву бахтим қаро.

Маҳвашо, минг ҳасрату армон билан кетти дегил,
Лаъли нобинг шарбатидин топмайин ўтсам даво.

Хоки роҳ ўлдумки, домонингга етгайманму деб,
Босиб ўт, жоноки, бўлсун токи ҳосил муддао.

Айладим бошимни назру жон нисори муждаси,
Ёрижоним жонибидин бер хабар сан, эй сабо.

Нозанино, бул Камий кўрди жаҳон маҳвашларин,
Лек сендек кўрмади ҳусну адаб ичра расо.

* * *

Қутулмоқ, эй ҳазин жон, истама жавру жафолардин,
Кўнгил узмоқни имкони йўқ эркан дилраболардин.

Асири турраи мискин каманди, эй дил, ўлмишсан,
Саҳар бу хушхабар етти менга боди саболардин.

Суманбар сарви қадлар ишқидин, эй булбулу қумри,
Дегилким, қолдиму мен чекмаган оҳу наволардин.

Майи лаъли таманноси-ла махмур ўлдум, эй соқий,
Карам-ла бир қадаҳ сунғил лаби етган шифолардин.

Хирому ғамзаси жоним олиб, диним талошурлар,
Не меҳнатларни чекмишман кўзу қоши қаролардин.

Илоҳи, етмасун боди хазон гулзори ҳусн ичра,
Ижобат айла, ё раб, ишқ эли қилган дуолардин.

Не хуш толеъ эрурким, лутф айлаб ўша хўбоним,
Камий қулдур, деса, кўйимдаги юрган гадолардин.

* * *

Эй, сенинг ҳуснунг жаҳон ичра солубдур шўрлар,
Давлати васлингни истар жаннат ичра ҳурлар.

Сен билан бўлғонда бир базм ичра, эй олижаноб,
Кош бўлғай эрди анда бодаву танбурлар.

Лаъли нобинг ёд этиб қонлар ютарман, эй пари,
Аччиғ-аччиғ бода ичмак расмидур махмурлар.

Айладинг, жоно, мени мунча йўлингда интизор,
Раҳм қилким, термулуб кетти кўзумдин нурлар.

Марҳамат,  шоҳим, санинг лутфингдин  истар  бу гадо
Ким, назр тобса Сулаймондин, ажаб йўқ, мўрлар.

Хору зор ўлдум, басе, чектим машаққатлар, дариғ,
Бир назар ҳам қилмадилар ҳусниға мағрурлар.

Эй нишот аҳли, мани маҳжур деб таън айламанг,
Сизни  ҳам  бир  кун висолидин фалак маҳжурлар.

Нозанин, васфингда бу матлаъ Камий такрор этар,
Эй, сенинг ҳуснунг жаҳон ичра солубдур шўрлар.

* * *

Сабрим олғон дилбарим ҳажрида оҳ айлай бу кун
Эл кўзиға эмди оламни сиёҳ айлай бу кун.

Айлабон майдони ишқингда шижоатпешалиқ,
Хасми бадхоҳимни умрини табоҳ айлай бу кун.

Юз ўгурдим сайри гулшандин, юмуб гулдин кўзум,
Эй юзи гул, кел, жамолингга нигоҳ айлай бу кун.

Бермадинг инсоф, эй аъдоя, золим зулм этиб,
Даргаҳи ёра қочиб адлин паноҳ айлай бу кун.

Хотиримда бор эмиш ишқингда шаҳлиқ орзуси,
Хайли ғам, дарду аламлардин сипоҳ айлай бу кун.

Ўйнатиб чиқғил самандинг ноз ила, эй нозанин,
Чусту чобук ман ҳам ўзни хоки роҳ айлай бу кун.

Нозу истиғно-ла ёринг кўйидин қувмиш сени,
Эй Камий, гулхан кулин оромгоҳ айлай бу кун.


БАЙТЛАР

Ҳар кишида илму санъат бордур,
Бахту давлат ул кишига ердур.

* * *

Қилмаган илм сари кимса назар,
Халқ беҳуд касб майл айлар.

Қолмади ҳеч қадри илму ҳунар,
Кўрди беилм қавм неча зарар.

Бўлса гар илму ҳунардин холи ул,
Эй Камий, оламда билким, хордур.

* * *

Хуш улким, суҳбати ножинслардин,
Қочиб ултургали зиндона яхши.

Ҳаёю шарму одобу тавозеъ,
Эмас ҳайвонаким, инсона яхши.

Қариндош номувофиқ ошнодин,
Мувофиқ етти бегона яхши.

Муқаррар дўстеки бўлса нодон,
Ки андин душмани фарзона яхши.

Мусофир дили шикаста меҳмоннинг,
Дилини шод айламоқ меҳмона яхши.

Ҳакими ҳозиқу бодиёнат,
Жами аҳли беморона яхши.