Камол Хўжандий (тахаллуси; исми Камолиддин Масъуд, 1321, Хўжанд — 1401, Табриз) — Ўзбек ва форс-тожик шоири. Тошкент, Туркистон, Самарқандда маълум муддат яшаб, таҳсил кўрган. Мўғул истилоси туфайли ўз ватанини тарк этган.
Хоразм, Шероз араб мамлакатларига борган, Маккада бўлган. Қайтишда Табризда яшаб қолган.
1385 йилда Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамиш Табризни босиб олгач, Камол Хўжандийни Сарой шаҳрига олиб кетган. Камол Хўжандий 1389 йилда Табризга қайтган. У умр бўйи ватанига қайтишни орзу қилган. Шеърларида ғарибликдан шикоят, ватанни қумсаш мотивлари акс этган, инсоний севги улуғланган.
У, асосан, ғазаллари билан шуҳрат қозонган. Навоий Камол Хўжандий ижодига юксак баҳо бериб, уни Саъдий, Хусрав Деҳлавий, Салмон Сожавийлар билан бир қаторга қўйган («Насойим ул-муҳаббат»).
БАЙТЛАР
Тилар бўлсанг жаҳон ичра аморат,
Фақирлар кўнглини қилгин иморат.
* * *
Хирадманд одамий ўхшар ҳумоя,
Етар давлатга кимга солса соя.
* * *
Фалакнинг гардишидан бўлма ғофил,
Пушаймон бўлғосен охир, не ҳосил.
* * *
Ки осон одами мақсуда етмас,
Риёзат тортмайин маъбуда етмас.