Жалолий (XIX аср)

XIX асрнинг биринчи ярмида Қўқонда яшаб ижод қилган. Асл исми Жамолиддин хўжа ибн Камолиддин хўжа. Бухоро мадрасасида таълим олган. Ҳижрий 1261 (1845) йили Қўқонда вафот этган. “Девон”и бор.

* * *

Кўрдум бу даҳр ичра улус подшолиғин,
Олдим ўзумга аҳли муҳаббат гадолиғин.

Саф олғон анжуман аҳли дил кўруб
Тарк айладим замона элин пешволиғин.

Помоли ғам эдим неча йил жавридин, кун-тун
Билдим муҳаббат бодасини ғамзадолиғин.

Ҳарвақт иззу жоҳ аҳлиға бегоналик этиб
Тутдим ғарибу хаста элин ошнолиғин.

Зоҳид қилур таьнаки, зуҳд айламадинг
Мандин гуноҳ тегур анинг порсолиғин.

Эй ақл, манъи ишқ этиб кўндиролмадинг
Билдингму энди бу кўнгил мубталолиғин.

Ўтди тамоми умр Жалолий, муродига етмади
Бидурди бу жаҳон ўзини бенаволиғин.

* * *

Сариғ тупроқ эмас гулшанда бу ранги назоримдур,
Қизарған гул эмас ҳар ёни чашми хунфашонимдур.

Эмасдур гарди бу ҳар лаҳза бу водийда чарх урган
Такопўйи жунундин эл аро қолғон ғуборимдур.

Қарорғон шом эмас, бахтим саводи урди дайр ичра,
Оқорғон субҳ эмас йўлунгда чашми интизоримдур.

Эмас сунбул, эрур жон риштаси сарвингга чирмашган
Гур эрмас фурқатингдин ўт туташган жисми зоримдур.

Эмас ҳол юз узра тиғинг дамидин сачраган қоним
Эмас ел, титраган зулфингга жони беқароримдур.

Эмас гулшанда ҳар су оташин гул хўблар ичра
Ўтурғон бу чаман сайринда сарви гул узоримдур.

Гадолиғидур Жалолиддинға сансиз давлати шоҳий
Камина итларинг зайлида бўлмоқ ифтихоримдур.

* * *

Найлайин жон бўлсаю жон ичра жонон бўлмаса
Васл ким бўлса муяссар доғи ҳижрон бўлмаса.

Кўрди гулни булбулу шўрида қилди кўп фиғон
Ваҳ на билсун гулни қадрин доғи пинҳон бўлмаса.

Кимки, лаззат васлидин истар, кирар ҳижрон аро
Жон тополмас ул кишиким токи бежон бўлмаса.

Тори зулфинг кўргали бахтим қоронғук бўлдиким
Гул очилмас боғ аро ул лаьл хандон бўлмаса.

Зоҳидо қилма риё жондин кечиб, кир ишқ аро
Восил ўлмас ул кишиким ёки урён бўлмаса.

Дарди зўримни кўруб келма бошимга, эй табиб
Дард дорудин тузалмас васли дармон бўлмаса.

Эй Жалолий зулф тобидин гар ўлдинг бунча зор
Найласин ошиққа ҳажрида анга жон бўлмаса

* * *

На янглиғ оқти ҳажринг дастидин бу жисми урёним,
Эзилди шиддати шавқи билан бу бағри бирёним,
Дамодам фурқатингни завқи куйдурди ҳазин жоним,
Бузуқ бир манледур ҳажрида бу жисмии урёним,
Кўнар ҳар дам кўруб ғам карвони дуди хирмоним.

Биҳамдиллаҳки, ишқингни гузори бирла пок эрдим,
Сени васлинг тилаб ҳеч тинмади(ю) дарднок эрдим,
Танимда хонгил эмас ишқ ҳанжаридин сийна чок эрдим,
Очилган лола эрмас ҳажр саҳросида хок эрдим,
Ки охир зоҳир ўлди туфроғимдин доғи пинҳоним.

Муроду мақсадим улдур фалак заррин равоқидин,
Кўнгулни шод қилғайму бу шаҳ расми сиёқидин,
Кўзумни равшан этгайму нужуми ихтироқидин,
Йўлида то саҳар ҳар тун қудуми иштиёқидин,
Ёқар ўт бағри пур сўзим, сепар сув чашми гирёним.

Кўнгул юз пора бўлди касрати ханжар ила ёраб,
Ётиб зиндони ғамда неча қайғулар ила раб,
Хуморим дафъи қилсанг на бўлур соғар ила ёраб,
Қолиб жон васлидин жисмим ародур ҳажр ила ёраб,
На бўлғай байтулаҳзан ичра ҳоли пири Канъоним.

Муҳаббат шуъласи куйдурди, дўстлар, йўқу боримни,
Хазони ғам тегиб сўлдурди бул дам лолазоримни,
Ки бир жоми мурассаъ бирла дафъ айла хуморимни,
Қуюни ишқ саргардон қилиб чандин ғуборимни,
Бу шоми ҳажр ўтди, ўтмади ул моҳи тобоним.

Назар омола қил, то раҳми келгай гул узоримни,
Тараҳҳум айлагай шояд кўруб ошифта ҳолимни,
Мурувват айлабон куйига еткургай гузоримни,
Жалолиддин йиғилдим, ер уза чашми низоримни,
Келур сўрмоқға ҳар дам оҳи сарду ашки сўзоним.