Ҳусайний (1438-1506)

Ҳусайн Бойқаро, Ҳусайний (тўлиқ номи Ҳусайн ибн Мирзо Мансур бинни Мирзо Бойқаро) (1438— Ҳирот — 1506) — Хуросон ҳукмдори (1469—1506), шоир. 15-аср ўзбек мумтоз адабиётининг намояндаларидан. Темурийлардан Умаршайх мирзонинг эвараси. Онаси Ферузабегим темурийлардан Мироншоҳнинг набираси. Ҳусайн Бойқаро, Бобур таърифлаганидек, икки томонлама улуғ («карим ут-тарафайн») бўлган.

14 ёшда Абулқосим Бобур саройига хизматга кирган. 1454 йили Абулқосим Бобурнинг Самарқандга — Абу Саид Мирзога қарши юришида қатнашган. Абулқосим Бобур енгилгач, сулҳ тузиб, Ҳиротга қайтган. Ҳусайн Бойқаро эса онасининг тавсияси билан Абу Саид Мирзо саройида қолган. Кўп ўтмай, қамоққа олинган. Ферузабегим уни қутқариб, Ҳиротга олиб келган.

Шоҳ вафот этгач, Ҳусайн Бойқаро Марв ҳукмдори Султон Санжар хизматига кирган ва унинг қизи Бека Султонбегимга уйланган. Султон Санжар Ҳусайн Бойқарони ўз ўрнига қўйиб, Машҳадга юриш қилган. Бу орада Марвда Ҳусайн Бойқарога қарши фитна уюштирилиб, у овга чиққанда, шаҳар дарвозалари беркитиб олинган. Ҳусайн Бойқаро 1457 йили қишни Марв билан Хива оралиғидаги биёбонда ўтказган. 1458 йилда 300 кишилик қўшин билан Султон Санжарнинг яқинларидан Бобо Ҳасан қўшинини енгиб, Нисо вилояти, сўнг Астрободни эгаллаган.

1459 йилда Ҳусайн Бойқаро ҳузурига Абдураззоқ Самарқандий элчи бўлиб келган. 1460 йилда вазият тақозоси билан Ҳусайн Бойқаро Астрободни ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Аммо 1461 йил шаҳарни қайтариб олган. Шу йил ёз охирларида Ҳиротга юриш қилган. Бироқ Абу Саид Мирзога бас келолмай, орқага чекинган, бунинг устига, Астрободдан ҳам маҳрум бўлган. Амударё орқали Хоразмга ўтиб, Вазир шаҳрига — Мустафохон ҳузурига элчи юбориб, Абу Саидга қарши биргаликда курашишга даъват этган. Лекин элчи келгунча, унинг оғаси Пир Будоғ билан келишиб, Мустафохонга қарши юриш қилишган, лекин Вазир шаҳрини ололмай, битим тузганлар.

Ҳусайн Бойқаро Адоққа бориб, 1461 йил охирларигача ўша ерда қолган. Адоқда туриб, Астробод, Гургон ва Эроннинг бошқа туманларига ҳужумлар уюштирган, мағлубиятга учраганида, шу ердан паноҳ топган. Мустафо зулмига қарши кўтарилган исёндан фойдаланиб, аввал Вазирни, 1462 йилда Урганч ва Хивани қўлга киритган. Орадан 1 йил ўтмай, Абу Саид уни Хоразмдан суриб чиқарган. 1463—64 йилларда Урганч, Хива, Ҳазорасп, Тирсакни қўлга киритган. Шу ерда куч тўплаб, яна Хуросонга ҳужум қилган. Аммо Абу Саид қўшинлари Хивани эгаллайди. Ҳусайн Бойқаро уни қайтариб олади. 1467 йилда яна Урганчни эгаллайди. Шу йили у ўзбеклар хони Абулхайрхондан ёрдам сўраб, Дашти Қипчоққа боради. Хон ёрдам ваъда қилади, лекин бетоб бўлиб қолганлиги туфайли, бу ваъда амалга ошмайди. 1469 йил мартигача Хоразм ва Бухоро ўртасида сарсон-саргардон юрган Ҳусайн Бойқаро, Абу Саид вафот этгач, Ҳиротни эгаллаб, Самарқанддан дўсти Алишер Навоийнн махсус ёрлиқ билан чақириб олади ва муҳрдорлик вазифасига тайинлайди. Навоий дўстини тахтга чиқиши билан қутлаб, унга «Ҳилолия» қасидасини тақдим этган.

1469—70 йиллар Шоҳрух мирзонинг авлодларидан Ёдгор Муҳаммад Мирзо ва Абу Саид Мирзонинг ўғли Султон Маҳмуд Мирзо тахт даъвогарлари сифатида майдонга чиқадилар. Ёдгор Мирзонинг тарафдорлари, хусусан, онаси Поянда Султонбегим Ҳирот ичкарисида зимдан иш олиб борган. 1470 йилнинг июлида Ҳусайн Бойқаро қўшин билан душманга қарши жангга кетганда, пойтахтда сотқин бек ва амалдорлар Ёдгор Мирзо номига хутба ўқитганлар. Ҳусайн Бойқаро 1 ойдан сўнг Навоийнинг тадбиркорлиги билан Ёдгор Мирзони қўлга олиб, тахтни қайта эгаллаган ва умрининг охиригача ҳукмдорлик қилган. Салтанатига Хоразм, Сейистон, Қандаҳор, Балх, Ғазнадан Домғонгача бўлган ерлар кирган. Юрак хасталигидан вафот этган Ҳусайн Бойқаро ўзи қурдирган мадраса ичидаги мақбарага дафн этилган. Ҳозир мақбара вайрон бўлган, қабр ва унинг устига ўрнатилган «Санги ҳафт қалам» сақланиб қолган.

Ҳусайн Бойқаро темурийлар орасида анча шижоатли ва маърифатли, шариатга қатъий амал қилган ҳукмдор бўлган. Ҳусайн Бойқаро Хуросонда ҳокимиятни эгаллагач, асосий эътиборни мамлакатда тинчлик, осойишталикни қарор топтириш, ички ҳудудий низолар, зиддиятларни бартараф этиш ва марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга қаратган. У ўлкада маданий-маърифий ва ободончилик ишларини ривожлантиришга алоҳида рағбат кўрсатган: иқтисодий ҳаёт юксалиб, савдо-сотиқ ривожланган, юзлаб карвонсаройлар, работ, кўприк, мактаб, мадраса, масжид, хонақоҳ, ҳаммом, табобатхона, етимхона, сув ҳавзалари қурилган, каналлар қазилган, боғлар барпо этилган.

Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳирот Шарқнинг фан, маданият, ҳунармандчилик ривожланган йирик марказига айланган: турли мамлакатлардан истеъдод соҳиблари Ҳиротга паноҳ ахтариб келганлар. Тил, адабиёт, тарих, тасвирий санъат, хаттотлик, китобат санъати, табобат, ҳандаса, мусиқа, қоғоз тайёрлаш, томоша санъати ва бошқа соҳалар ривожланган. Ҳирот, Машҳад, Марв, Нишопур сингари шаҳарларда кўплаб ноёб обидалар барпо этилган. Маҳаллий ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар Хуросондан ташқарида ҳам машҳур бўлган. Ҳусайн Бойқаро, Навоий ва Жомий кўплаб истеъдодларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганлар; ўз даврининг забардаст шоир, олим, муаррих, мусиқачи, хаттот, наққошлари худди шу замонда етишиб чиққанлар ва фаол ижод қилганлар.

Ҳусайн Бойқаро туркий тилда ёзишни рағбатлантирган ва шунга даъват қилган. Ўзи ҳам бадиий ижод билан шуғулланиб, «Ҳусайний» тахаллуси билан шеърлар ёзган, шеърият мажлислари ташкил этиб, шоирларга раҳнамолик қилган. Ундан бизгача шеърлар девони ва навоийга бағишланган «Рисола» асари етиб келган. «Рисола» асари 1945 йилда турк олими Исмоил Ҳикмат томонидан топилиб, илмий муомалага киритилган. Шоҳ шоирнинг ҳозиргача 202 ғазал, Навоий газалига боғланган 3 мухаммас, 6 рубоий, шунингдек, форс-тожикча 2 ғазал, 1 рубоий ва бир неча байтлари маълум. Ғазалларининг барчаси рамал баҳрида. Лекин улар Ҳусайн Бойқаронинг табъи баланд, диди нозик шоир бўлганлигини кўрсатади. Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасининг 8-мажлисини тўлиқ Ҳ.Б. ижодида бағишлаб, унинг девонидаги 164 ғазалнинг матлаъини келтиради ва у қўллаган бадиий тимсоллар, шеърий санъатлар, нозик маъно ва оҳорли ташбеҳлар хусусида фикр юритади. Ҳусайн Бойқаро ғазаллари тилининг мусиқийлиги ва жарангдорлиги билан ажралиб туради.

Ҳусайн Бойқародан 14 ўғил, 11 қиз қолган. Бадиуззамон Мирзо, Шоҳғариб Мирзо, Муҳаммад Ҳусайн, Иброҳим Ҳусайн каби ўғиллари бадиий ижод билан ҳам шуғулланишган. Кейинчалик ўзаро ички урушлар, Ҳусайн Бойқаро ва сарой амалдорларининг маишатга берилиб кетиши оқибатида Хуросон давлати заифлашган. Унинг вафотидан сўнг Ҳирот шайбонийлар томонидан забт этилган (1507).

Бегали Қосимов

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Бўлди гул вақтию мен дарду ғамида мубтало,
Ишқ ўтидин лоладек бағримда юз доғи бало.

Ҳоли зорин,мен киби султондин айру тушгали,
Япроқ эрмас, гулдаким юз тил била айлар адо.

Мен билур эрдимки, йўқтур интиҳо ишқимда ҳеч,
То гули васлинг била қилдим муҳаббат ибтидо.

Лоладек май жомини тутгил ғанимат,гул чоғи.
Хосаиким,ишрат урди булбули бедил садо.

Гар ҳусайний,топмади барге жамолинг боғидин,
Бу чаманда,эй гули наврас,санга бўлсун бақо.

* * *

Фироқингда хаста кўнглум қатра-қатра қон эрур,
Оллоҳ-оллоҳ, бу не ҳажри беҳаду поён эрур?

Ҳар сари юз заҳм эрур жисмимда, ваҳ, нозиж била
Ҳажр ўқидин ҳар жароҳат ичра бир пайкон эрур.

Кўз қилур бу важҳдин тунлар дури ашкин нисор –
Ким, хаёлинг жон уйида бир кеча меҳмон эрур.

Ханжари жавринг дурур ўтлуғ кўнгул осойиши,
Сув нечукким, ташна лаблар дардиға дармон эрур.

Эй Ҳусайний, ҳажр аро бехудлуғум айб этмагай,
Ҳар кишиким бир пари ишқида саргардон эрур.

* * *

Эй кўнгул, ул дилрабонинг ўзга ёри бор эмиш,
Ваҳ, санга душман бўлуб, ул ўзгаларга ёр эмиш.

Ҳар замон юз бор дил озоридин кўнглумдадур,
Баҳким,озори бузуқ кўнглумда мунча бор эмиш.

Дарди ишқинг шарҳини кўзумга дегач тўкти ёш,
Ваҳки, они ёр соғиндим, ул вале ағёр эмиш.

Зор ўлуб ишқида озори келурни билмадим,
Зорларға ишқдин келган насиб озор эмиш.

Юз очиб ўртар мени, ваҳ, ишқ ўтидин не гила –
Ким, манга ўт солғучи ул оташин рухсор эмиш.

Ҳажрида бечоралиғдин оҳ-вовайло не суд –
Ким, балолиғ ишқ ила бечоралиғ ночор эмиш.

Эй Ҳусайний,дер эдинг ул дилрабони бевафо,
Мен ҳам ани мубҳам этибменким,онча бор эмиш.

* * *

Ғунчани оғзинг десам, найлай анинг гуфтори йўқ,
Сарвни қаддинг десам, нетай анинг рафтори йўқ.

Ойни не янглиғ санга нисбат қилурким,ҳусн аро
Сарвдек ҳам қадди йўқ,ҳам гул киби рухсори йўқ.

Зулфунга сунбулни не навъ айлагай ташбиҳким,
Ҳам дилосо атри йўқ,ҳам жон риштасидек тори йўқ.

Айта олмон лаълингга ёқут ўхшарким, онинг
Ҳам чучук таъми-ю ҳам жонбахшлиқ осори йўқ.

Гар рақибингдин мени ўксук кўрарсен тонг эмас,
Кимки ошиқ бўлди итдин кам ҳам онинг ори йўқ.

Истасанг кўнглумга осойиш қадаҳ тут, соқиё,
Ким даме йўқким улусдин юз туман озори йўқ.

Кўйида итти Ҳусайний кўнгли, тонг йўқ, истаса –
Ким, бўлубтур онда бир девонаи афгори йўқ.

* * *

Чун жунун занжирига бўлдум гирифтор, эй кўнгул,
Бўлғасен мен телба ҳолидин хабардор, эй кўнгул.

Қочсам ул занжир ила оворалиғ саҳросига,
Қилма ҳолимни хирад аҳлиға изҳор, эй кўнгул.

Қўйки давроннинг жафо ойин эли бедодидин,
Бўлмасин ҳаргиз алар ичра падидор, эй кўнгул.

Анда ҳам қўймай топиб, ъдевонадуръ, деб боғлабон,
Судраб элтур бўлсалар халқи ситамкор, эй кўнгул.

Келди ул маҳваш менинг жонимға бедод этгали,
Эмди мендин лаҳзаэ айрилма зинҳор, эй кўнгул.

Шояд ул янглиғ томошо сори маҳвшлар била
Келгай ул шамшод қадду моҳрухсор, эй кўнгул.

Кўргач они гар Ҳусайний янглиғ этсанг тарки ҳуш,
Ҳасратида қилғасен жонимни ийсор, эй кўнгул.

* * *

Неча куйгай ҳажр ила фарсуда жоним дам-бадам,
Ҳажридин кўнглумга юз ғам,ғам уза дарду алам.

Ёр борди кўздину кўнглимда фурқат шиддати,
Ҳажри бедод айлади,жонимға даврон жавр ҳам.

Кеча-кундуз жонима,ваҳки,балолар юз қўюб,
Шом то субҳ уйқу йўқдин кўнглума юз минг ситам.

Ҳажр аро сабрим йўқи андуҳ аро кўп музтариб,
Ашкдин сели бало,оҳ ўтидин ҳар дам алам.

Барча бир сорию йўқтур ёр васлидин умед,
Топкасен васл,эй кўнгул, ул дамки бўлғайсен адам.

Эй Ҳусайний,мотамим шарҳини дедимким ёзай,
Сўзидин ҳам сафҳаға ўт тушти, ҳам куйди қалам.

* * *

Эй сабо бергил хабар,сарви равоним келдиму,
Жон иси сендин келур, руҳи равоним келдиму?

Ҳажр даштида мунграб қолмиш эрди хаста жон,
Ваҳ денгизким, ул ғариби нотавоним келдиму?

Келган эрмиш хўблар ишқ аҳли қонин тўккали,
Эй кўнгул, кўрким менинг қатлимга жоним келдиму?

Зулфида сен банду мен кўйида бемор, эй кўнгул,
Заъфдин деким, санга мунглуғ забоним келдиму?

Ёр меҳмон бўлса жисм уйига,жон айлай нисор,
Айтингиз, эй дўстларким, меҳмоним келдиму?

Раҳм этиб бир кун Ҳусайнийни итингдин сўрғасен,
Ул маломат кўйида итган ямоним келдиму?

* * *

Бир қуёш ҳажрида чектим ўтлуғ афғон бу кеча,
Куймаким дудидин ўлди чарх гирён бу кеча.

Ул қуёш ҳижронида ҳар бир қароси шаклидин
Қўйдилар ҳар бир кўзум бир доғи хирмон бу кеча.

Шоми ҳижронимни билмонки, бу янглиғ туйрадур,
Ё қилибтур дуди оҳим ойни пинҳон бу кеча.

Тўкти кавкаб фурқатинг шомида кўзум ончаким,
Қолди гардун юз туман кўз бирла ҳайрон бу кеча.

Эй ажал, додимға етгил бу қатиғ ҳолатдаким,
Йўқтурур пайдо менинг шомимға поён бу кеча.

Парчаминг тонг елидин ошуфта бўлмуш бу кеча –
Ким, қилибдур рўзғоримни паришон бу кеча.

Эй Ҳусайний, ёрнинг кўксимга етган новакин,
Жон бериб қилдим бузуғ кўнглумға меҳмон бу кеча.

* * *

Вой, юз минг войким, сарви равоним бордило,
Сабру ҳушим мулкидин ороми жоним бордило.

Риштаи жоним била васли анинг пайванд эди,
Жовидон фурқат келиб пайванди жоним бордило.

Ким била ангизи меҳр эткаймен эмди,эй кўнгул,
Чунки Меҳрангиз отлиғ меҳрибоним бордило.

Сўрма жоним ҳолидин,доғи жаҳон иқболидин,
Эй рафиқи меҳрибон, жону жаҳоним бордило.

Нотавон бўлсам ғариб эрмас анинг ҳижронидин,
Не учунким ул ғариби нотавоним бордило.

Гарчи истаб топмадим,лекин кўзумдин борғали,
Они истаб юз сори ашки равоним бордило.

Эй Ҳусайний, ҳажрида топсам ҳалоки жовидон,
Қилмағил ҳайрат, ҳаёти жовидоним бордило.

* * *

Ваҳки, ғам даштида итган нотавон кўнглум қани,
Тарки жоним айлаган бехонумон кўнглум қани?

Не нишонидин хабар топтим, не отидин асар,
Ҳажр водисинда беному нишон кўнглум қани?

Демаким, жонингға ором истасанг топшур кўнгул,
Сен бурун кўргандек, эй оромижон, кўнглум қани?

Лутфлар қилмиш жаҳон расвоси ушшоқиға ёр,
Ваҳ, мунингдек чоғда расвои жаҳон кўнглум қани?

Сел сочар гулбарги бўстон ичра ул ой бошиға,
Бу маҳалда томғудек ҳар қатра қон кўнглум қани?

Сен худ айтурсенки, ишқ ичра керак кўнглумға сабр,
Сабр этарға, эй рафиқи меҳрибон, кўнглум қани?

Эйки, дерсенким Ҳусайний ўзгага бермиш кўнгул,
Ўзгага бермак учун, эй бадгумон, кўнглум қани?

* * *

Ҳеч мусулмонға, нигоро,доғи ҳижрон бўлмасун –
Ким,висолингдин жудо бўлса,анга жон бўлмасун.

Кўз учидин новаки жаврунг била ўлтур мани,
Домани покинг,бегим,ногаҳ яна қон бўлмасун.

Хаста кўнглум банди зулфунгдин паришондур басе,
Жамъ қилғил сунбулингниким, паришон бўлмасун.

Жонға еттим дилбари нодон элиндин, оҳ,оҳ!
Ҳеч кишининг дунёда маҳбуби нодон бўлмасун.

Жон берурда келиб ўлтур,бир даме кўрай сени –
Ким,Ҳусайний кўнглида, эй дўст, армон бўлмасун.

АЛИШEР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Лаъли жонбахшиндин айру оби ҳайвонни нетай?
Ҳардам ар юз жон берур, жононасиз жонни нетай?
Гар эмас манзур юзинг, ҳуру ғилмонни нетай?
Гулшани кўюнгдин айру боғи ризвонни нетай?
Бошима гар гул сочар, сенсиз гул афшонни нетай?

Ҳажри андуҳида то гулшан аро қилдим гузар,
Сарв бўйи қоматингнинг нахлидин берди хабар,
Лекин онинг васлидин не баҳра топдим, не самар,
Нахли қаддинг чун эмас гирён кўзумда жилвагар,
Жуибор атрофида сарви хиромонни нетай?

Жисму жонни истамон,биллаҳки,жонондан жудо,
Кўрсанг ул маҳвашни,ҳолим арз этиб айт, эй сабо,
Лек зинҳор оллида бу навъ қилғайсен адо,
Ул итингга бўлмаса тўъма наволингда фидо,
Заъфлик пайкарни найлай, нотавон жонни нетай?

Бирдам, эй аҳбоб, ҳар сори қошимдан кетмангиз,
Ҳарнаким дерман муважжаҳ бўлмаса,эшитмангиз,
Буки дерман чеҳрадин қонлиғ ёшим оритмангиз,
Лаългун ашким лаби ҳижронида айб этмангиз,
Кўз йўлидин тўкмайин бағримдаги қонни нетай?

Бу ажабдурким,санга маълум бўлмайдур бу сир –
Ким, эрурмен лаъли шавқидин ўлумга мунтазир,
Гар суюнгдин ҳар нафас юз жом берсанг,бор музир,
Зулмати ҳажрида чашманг васфин этма, эй Хизр,
Менки умрумдан тўйибмен, оби ҳайвонни нетай?

Сўз иложимдан дема,эй баҳри ишқ ичра ғариқ,
Ким бўлубтур деб ғамингдин доғ ила жисминг ҳариқ,
Гар манга борсен муҳиббу мушфиқу ёру шафиқ,
Доғима марҳамни кўп таклиф қилма, эй рафиқ,
Туттум ул доғим ўнгалди, доғи ҳижронни нетай?

То айирди мендин ул маҳвашни чархи кажниҳод,
Эй Ҳусайний, телба кўнглум бўлмади бир лаҳза шод,
Оқибат чун топмадим ул шўх васлидин мурод,
Ёрдин айру бузуғ кўнглумга қилдим хайрбод,
Эй Навоий, ўйла ганж ўлмай чу вайронни нетай?

ТЎРТЛИКЛАР

Кўрсатма чаманда сарви йўлдош манга –
Ким,кўрганидан кўздин оқар ёш манга.
Индурса не бўлди ҳар нафас бош манга,
Ул сарви равонки, бўлди бўйдош манга.

* * *

Ул шўхки бирдам манга ҳамдам бўлмас,
Захм урса фироқи,васли марҳам бўлмас.
Ишқида кўнгул насиби жуз ғам бўлмас,
Кўнгул кўтарай десам, кўнгул ҳам бўлмас.