Фазлий (XVIII-XIX аср)

Фазлий Намангоний (тахаллуси; асл исми Абдулкарим, 18-аср 2-ярми — 19-аср 1-ярми, Наманган) — шоир, адабиётшунос. 19-аср бошларида Тўрақўрғон ва Наманганда турли мансабларда ишлаган. Умархон ҳукмронлиги йиллари (1810—22) Қўқонга келган. Шеърий истеъдоди туфайли хоннинг марҳаматига сазовор бўлиб, тез орада сарой шоирларининг бошлиғи — «малик уш-шуаро» номини олган.

Умархоннинг ҳаёти, фаолияти, ҳарбий юришлари, ҳукмронлиги давридаги воқеаларни «Умарнома» достонида тасвирлаган. Хон топшириғига кўра, Фазлий «Мажмуаи шоирон» («Шоирлар мажмуаси», 1821) тазкирасини тузган. Ўзбек адабиётшунослиги тарихида илк марта шеърий йўл билан яратилган мазкур тазкирада 19-аср бошлари Қўқон адабий муҳитининг 100 дан ортиқ вакиллари ҳақидаги қимматли маълумотлар ва асарларидан намуналар мавжуд. Шу жумладан, унда Фазлийнинг қасида ва ғазаллари, шоира Маҳзуна билан мушоираси ҳам бор. Фазлийнинг «Девон» тузгани маълум, аммо у топилмаган. Унинг ўзбек ва тожик тилларида ёзилган ғазал, маснавий, мухаммас, рубоий ва туюқлари турли мажмуа ва баёзларда учрайди.

Фазлийнинг «Мажмуаи шоирон» тазкираси 19-аср ва 20-аср бошларида қўлёзма ва тошбосма нусхаларда кенг таркалган, асар адабиёт аҳли орасида катта шуҳрат топган. Унинг мукаммал қўлёзма нусхалари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади (инв. № 7510, 9914 ва б.). Фазлий Умархон вафотидан сўнг (1822), Наманганга кетган ва ўша ерда вафот этган.

Рустамжон Тожибоев.

«ДЕВОН»ДАН

ҒАЗАЛЛАР

Гул юзунгда зулфунгни боғ аро намоён қил,
Лола бирла сунбулни доғ этиб паришон қил.

Лолагун қабо жайбинг тугмасин очиб гоҳе,
Гул яқосини чок эт, ғунча бағрини қон қил.

Давлати висолингга шукр этмаганларни,
Ғам ўтиға доғ айлаб, мубталойи ҳижрон қил.

Соқиё, юзунг акси қилди бодани гулгун,
Лола ранг соғар тут базмни гулистон қил.

Эй кўнгул харобингга келса ёшурун дарди,
Воқиф ўлмасун мардум кўз уйида меҳмон қил.

Ошиқи талабгоринг мардларни шоҳидур,
Бўсаи даҳонингдин назри шоҳи мардон қил

Фазлиё, Умар султон даргаҳига йўл топсанг,
Кўзларингга туфроғин сурмаи Сулаймон қил.

* * *

Гул чоғи хушдур қилиб сайри гулистон ўйнамоқ,
Ёр ила гулшанда сармасту хиромон ўйнамоқ.

Ёр лаъли бирла ўйнаб бўлмас, эй шайдо кўнгул,
Бас дегил инсоф ила осонмудур жон ўйнамоқ.

Турфа саркашдур саманди ноз сурма тунд ани,
Ким анга одат эрур қилғонда жавлон ўйнамоқ,

Ҳалқаи зулфунгга чиндур кўнгул ўйнаб берганим.
Йўқса ишқ ойинида бордурму ёлғон ўйнамоқ,

Бок эмас гар тарқаса ашким юзум атрофина,
Ёшларға расмдур ҳарён паришон ўйнамоқ.

Келди ёдинг кўнглума ашким югурди ҳар тараф,
Тифлға одат эрур келганда меҳмон ўйнамоқ.

Эй кўнгул, вайроналиғлар бирла хуш тут хотирин,
Гар сенинг бирла тилар ул тифли нодон ўйнамоқ.

Ишқ осондур ва лек жон ўйнамоқ душвор эрур
Булҳавас ҳам ўйнар эрди бўлса осон ўйнамоқ.

Ўйнағил Фазлий вафо нардин қуруб жон нақдини
Гар тилар бўлса санингла табъи жонон ўйнамоқ.

* * *

Соқиё, сенсиз манга бўлди бу оқшом ком талх,
Дамбадам лаълинг хуморидин ичарман жом талх.

Наргисинг айлар нигоҳи тунд, лаълинг заҳрханд,
Ваҳ надиндур бу чаманда пиставу бодом талх.

Зулфу симин соиду майгун лабинг ҳижронида,
Бода йўқким қон ютарман субҳдин то шом талх.

Заҳри ғам ютмак лабинг ҳажрида одатдур манга,
Ким эмас махмурларга бодаи гулфом талх.

Ҳажр оғусидин икроҳ этмазам лаълинг тилаб,
Неча май талх ўлса билмас они май ошом талх.

Сарва кўргузма қадингни, гулға арз этма жамол,
Қилма гулшан айшини, эй сарви гуландом, талх.

Нашъаи саҳбо каби Фазлий гувородур манга,
Гарчи бордур ёр ширин лаълидин дашном талх.

* * *

Эй сабо, кел боғ аро кўрган тамошодин гапур,
Сарв ила гулдин дема, ул сарви раънодин гапур.

Пиставу бодомдин дам урмағил, эй боғбон,
Ул лаби хандондин айтиб, чашми шаҳлодин гапур.

Топсанг, эй шайдо кўнгул, ногаҳ ани кўйиға йўл,
Ул пари олида бу Мажнуни расводин гапур.

Ёр зулфидин гириҳ очмоқ ҳунардур, эй насим,
Нуктадонлар ичра бу мушкил муаммодин гапур.

Зуҳд таърифини қил зоҳидға бўлсанг ҳамнишин,
Риндлар базмида соғар бирла минодин гапур.

Худнамоликдин мукаддардур кўнгул, эй майфуруш,
Урма дам ойинадин, жоми мусаффодин гапур.

Эй мударрис, ишқ дарсини рамузидур дақиқ,
Мухтасар қил ушбу сўзни «Шарҳи мулло»дин гапур.

Сўзла эй Фазлий, Умар султон шукуҳи адлидин,
Мен қачон айдим Скандар бирла Дородин гапур.

* * *

Шамъ боши ёна келди ёна тоб устиндадур,
Бу жиҳатдиндурки «шин» доим шабоб устиндадур.

Онча ул бемор кўз ҳажрида лоғар бўлди тан,
Бошим анда нуқтаидурки хароб устиндадур.

Меҳри рухсор устида пайваста қошингдур сенинг,
Эл гумон айларки «мадде» офтоб устиндадур.

Кўзга қўйғайму қадам деб бир кун ул чобук сувор,
Эгма қаддим рокиби дойим рикоб устиндадур.

Сарвдек яктосен, эй шамшод қадлар сарвари,
Қоматингдур ул «алиф» ким интихоб устиндадур.

Терлаган рухсоринг узра лолагун бурқаъмудур.
Ё тароват бирла гул барги гулоб устиндадур.

Кўзлари мақтулини Фазлийга теъдод этгали,
Қоши ул «ҳе» саргаҳидурким ҳисоб устиндадур.

* * *

Биравким ул гули раъно висолини хаёл этмиш,
Сариғ айлаб юзини ашк селобини ол этмиш.

Тараб шамъини равшан айлаб ул ой чеҳра тобидин,
Кўзум мардумларини маҳрами базми висол этмиш.

Раво қил ҳожатни, айлар дуо, тунд ўлма, эҳсон қил,
Лабингдин ком истаб бўсае кўнглум суол этмиш.

Гул андомеки раъно қад била ҳар дам хиром этгач,
Чаманда сарву гулни соя янглиғ поймол этмиш.

Юзунгдин қатра-қатра хай тароват шикор этгач,
Ҳаё гул шабнамини ғарқи баҳри инфиол этмиш.

Кўруб гул барги рухсорингнию шаҳди каломингни,
Таҳайюр булбулу тўтини гулшан ичра лол этмиш.

Юзин кўрмакка кўз муштоқ, ҳожатманд эди кўнглум,
Надур важҳи букун ойинаким арзи жамол этмиш.

Манга сен анбару сунбул исин эй бод, келтурма,
Насими накҳати зулфи мени ошифта ҳол этмиш.

Тополмас муддао Фазлий хаёлидин ҳалал ҳаргиз,
Нединким хизмати Кайхисрави соҳиб жамол этмиш.

* * *

Ул пари пайкарки мажнунман ани савдосидин,
Бир боқиб ҳолимни сўрмас, ўлдум истиғносидин,

Ҳар неча маҳкам эди сабрим биносида асос,
Қолмади обод ҳижрон хайлини яғмосидин.

Қошлари ёйига қурбон эрди кўнглум ногаҳон,
Ғамза пайкони қадалди наргиси шаҳлосидин.

Ёр азми гулшан этди борди кейнидан рақиб,
Умр боргандек шитоб айлаб ўлум орқосидин,

Хўблар меҳрини тарк эт, дема, эй носиҳ, манга,
Телба ўлғайму парилар ишқини даъвосидин.

Даҳр боғи бевафодур, не учун, эй андалиб,
Кўнгул узмассен бу гулшаннинг гули раъносидин.

Шайх зуҳдидин малул эрдим хушо, пири муғон,
Май била қутқорди ул иблисни васвосидин.

* * *

Кўнгул доғин дедим ишқ ибтилосидин нишондур бу,
Кўзум айдики мандин сачраган бир қатра қондур бу.

Танимда кўр ўқунг заҳмини кўп қилма таажжубким,
Эрур ул дард тоғи ғам қушиға ошиёндур бу.

Қадалган новакингни чекма кўксум заҳмидин ўлмай,
Нединким нотавон жисмим аро руҳи равондур бу.

Ҳужми хат ғуборин лаълидин сўрдум, кулиб айди
Бадахшон мулкига келган хитойи корвондур бу.

Дедим зулфунг на юздин оразингда печутоб айлар,
Деди ўт шуъласида изтироб этган илондур бу.

Ғамингда бу сариғ рухсор ила андоғ заиф ўлдум,
Гумон айлар мени кўрган киши бир пар сомондур бу.

Дегай аҳбобларға ўқугон лавҳи мазоримни,
Шаҳиди новаки бир дилбари абру камондур бу.

Агар ғам лашкаридин бўлса мақсудинг амон топмоқ,
Ҳаробат ичра манзил айлаким дорул-омондур бу.

Ғурур этма насаб пироясига, ҳосил эт маъни,
На суд андин дегайларким фалон ибни фалондур бу.

Хирад аҳли жунун кўйида аҳволимни кўрганда,
Демишлар ошиқи девонаи ҳусни фалондур бу.

Таарруз айлама эй муддаий Фазлий каломиға,
Радифи шоҳбайти хисрави соҳибқирондур бу.

* * *

Чиқти тун киш бўркини эгри қўюб қош устина,
Шамъдек ўтлар туташти шавқидин бош устина.

Гар тазаллум зоҳир этсам солма чин қош устина,
Сурма гавҳар мавжидек тиғи ғазаб бош устина.

Икки золим қошларинг бош эндуруб қатлим учун,
Рўбарў ўлтурдилар бир ерга кенгош устина.

Баски гулгун тўн кийиб рахш узра жавлон айладинг,
Қон ўлуб чиқти жигар парголаси ёш устина.

Кўзни ҳуснунг хонидин ўз ёши қилди бенасиб,
Бўлса бетолиъ ятим бурни қонар ош устина.

Нотавон кўнглумда ғамлардур санамлар жавридин.
Қўйдилар юз тоғни бир дона хашхош устина.

Тира дилларга жамолинг тобидин юз хиралиқ,
Жавр ўлур хуршед партав солса хуффош устина.

Ер қаттиғ кўнгли ашкимдин мулойим бўлмади,
Суд қилмас ҳар неча ёмғур ёғар тош устина.

Шаҳсувориким эрур кўк тоқидин курси анга,
Саҳл ҳимматдур агар ўлтурса Кўктош устина.

Шоҳлардур хирмани эҳсонидин уммидвор,
Оре ҳар ерда гадолар ғавр этар жош устина.

То абад бўлғай мухаллад давлати Султон Умар,
Соя солди раъфати Фазлийи қаллош устина.