Фақирий (тахаллуси; асл исм-шарифи Абдураззоқ Абдужаббор ўғли) (1880 — Хива яқинидаги Бўзхона қишлоғи — 1925) — шоир, хаттот ва наққош. Хивадаги Оллоқулихон мадрасасида ўқиган.
Шарқ мумтоз адабиётини ўрганиб, ўзи ҳам шеърлар ёза бошлаган. Отасидан ёғоч ва тангага нақш ўйиш санъатини ўрганган. Машҳур хаттот Худойберган Девоннинг шогирди бўлган.
Фақирий 1914—15 йилларда ўз шеърларини тўплаб, «Девони Факирий Хоразмий» ни яратган. «Девон» ғазал, маснавий, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, мустазод, рубоий, чистой каби жанрларда ёзилган шеърлардан иборат. Уларда севги ва садоқат, халқпарварлик, ватанга муҳаббат, маърифат, адолат, халқлар дўстлиги, шахс эрки ғоялари улуғланган.
«Дафтари ашъор ул-жадида» («Янги шеърлар дафтари»)да эса Фақирийнинг 1916—24 йилларда ёзган шеърлари мавжуд. «Айрилғали», «Ўзингсан», «Бўлмағай», «Ўзгача», «Аё дилбар», «Кўргач», «Суратинг» радифли ғазалларида самимий муҳаббат, ошиқ изтироблари маҳорат билан тасвирланган. Шеърларининг кўпи реал, ҳаётий таассуротлар асосида ёзилган.
Сўнгги йилларда ёзилган бир туркум шеърлари «Юғурумия» тупламига киритилган (1923). «Девон»нинг шоир қўли билан кўчирилган нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №7679).
ШОИР ЎЗ АҲВОЛИ ҲАҚИДА
(Маснавий)
Кичикликдин тушиб бошимға кулфат,
Замоне бўлмадим беранжу меҳнат.
Ишим мискинлик ичра бўлди мушкил,
Муродим бўлмади ҳеч ишда ҳосил.
Кўнгулда кун-бакун ҳар турли қайғу,
Мудом бебахт, жаҳон кўзга қоронғу.
Неча йил ғамга бўлдум мубталолиғ,
Фароғу айшу роҳатдин жудолиғ.
Чекиб ҳар турли ҳасрат эртаю кеч,
Маломатдин саломат бўлмадим ҳеч.
Менга хос эрди доим дарду ғамлар,
Етиб даҳр аҳлидин ранжу ситамлар.
Кима қилсам зиёфат, яхши хизмат,
Чиқиб кулбамдин эттилар надомат.
Ман айлардим ҳама мўминға ихлос,
Мани ўйнар эдилар ом ила хос.
Десам бошдин-аёғ қиссам узунроқ,
Ки шарҳи «Шаҳнома»дин фузунроқ.
* * *
Мингда уч юзда йигирма саккиз ким сана,
Ўз-ўзидин бир жисим ёлбориб деди мана.
Ҳар қачон аҳбоби ҳамсолинг била қилсанг равиш —
Борҳо ўз жинсинг истаб, суҳбат айла ёзу қиш.
Шарти аъзам буки сендин бўлсин аъло бориси,
Бул сифат бўлса бўлурсан баҳраманд тун-кун басе.
Гаҳ қилурлар дурфишонлиғ тингласанг нафе етар,
Гаҳ алар нукта сўруб, маҳзун дилинг хуррам этар.
Гаҳ бўлур душвор ишларда алар мушкул кушод,
Юрсанг онлар бирла бўлғай фаҳму идрокинг зиёд.
Эй ҳабиблар, барф келди осмондин бизлара,
Ҳеч ишорат бўлмадиким дўстондин бизлара.
Бир-бировни барф баҳонаси била ёд айлали,
Тез беринг бир ижтимоъ, ғамгин кўнгул шод айлали.
Гарчи аҳбоблар унутған бўлса ёд айлай дедук,
Ҳар бирингиз бирла чун ини биродардек эдук…
Хоҳ нохоҳ қурғун ўлсун тез этинг, кеч қолмасун,
Боримиздин дарду ғам дафъ бўлсуну ҳеч қолмасун…
Бўлғай эрди жумламизға гўиё қурбон ийд,
Айби йўқдур уматан қилғусидур хўжа, сайид.
Барчамиз бир-биримиздин мустаҳиқмиз созға,
Ким етар, ким етмагай бу қиш ўтуб ул ёзға.
Ёш йигитлик, жони соғлиқда ғанимат шодлиғ,
Умр ўтиб борур ҳамаси бўлғуси барбодлиғ.
Бу жаҳон дардисари йўқса туганмас кун-бакун,
Шоҳ, гадода сад ҳазор армон била доғу тугун.
Дўст ишидур бир-биридин айтиб олмоқ ижтимоъ,
Бил, ғаразгўйлар ишидур имтиҳон, кийна, низоъ.
Ижтимоъдин муддаомиз емагу ичмак эмас,
Барф баҳона бу Фақирни йўқса ҳеч ким йўқламас.
ТАҒОЙ СЎФИ ХОРАЗМИЙ ҲАҚИДА ҲАЖВ
Ёронлар, бовар этманг сўзласа, зинҳор Тағой сўфи,
Жаҳонда йўқ анингдек чобуки айёр, Тағой сўфи.
Бўлур ҳар кунда юз турлук, тушунмас ҳолиға ҳеч ким
Ки, қилмас халқлардин зарра номус-ор, Тағой сўфи.
Баногоҳ кўрсангиз бошида салла, эгнида малла,
Боқарда алла-балла кўзлари хунхор, Тағой сўфи.
Гаҳи сўфи, гаҳи девона янглиғ кийгуси жанда,
Гаҳи кўрсанг фурушанда кезар бозор, Тағой сўфи.
Гаҳи бошида таввоф, гаҳ яланг бошға кияр такя,
Кияр гаҳ телпаку сўфак кулоҳ, дастор, Тағой сўфи.
Гаҳи олғай саройдин ҳар матои саллаға лойиқ,
Суюниб бир неча кун бошиға чулғор, Тағой сўфи.
Гаҳи воиз, гаҳи ҳофиз, гаҳи зоҳид, гаҳи косиб,
Гаҳи соғ одамий, гаҳ жиннига ўхшор, Тағой сўфи.
Кўрар кўзга ҳамиша аблаҳ янглиғ масти лояъқил,
Олиб сотмоқда андоқ йўқ фаранг, ҳушёр Тағой сўфи.
Дўконидин гаҳи турлук харид олиб кезар тун-кун,
Қаён борса сотар бозору бебозор, Тағой сўфи.
Гаҳи оту эшак минмай, азондин кечгача қўнмай,
Давом дунё учун тинмай елиб югрор, Тағой сўфи.
Кеча-кундуз кезар тинмай пиёда қалъа, ёбонлар,
Қадрдондирки, бўлса ҳар кима дучор, Тағой сўфи.
Кулоҳ, жанда киюб саҳролара чиқса бори элни
Мурид эткай ўзиға — эркаку ночор, Тағой сўфи.
Агарчи борса ёт ерлара ҳам ҳеч ранжимас ҳаргиз,
Бўлур чоқ ўз уйидек кўрсангиз ҳар бор, Тағой сўфи.
Ҳар одамни билиб табъини сўзлар табъига лойиқ,
Замонасоз бўлуб ҳар турли халқ йиғнор, Тағой сўфи.
Қачон кўрсанг «Каломуллоҳ», «Далойил» ёнида ҳозир,
Кўруб ихлос қилганларга ваъз айтар, Тағой сўфи.
Шаҳарда юрса ҳам «Қуръон», «Далойил» ёнидин қўймас,
Баногоҳ сурайи «Каф»ни қилур такрор, Тағой сўфи…
Ўқур беш вақт намозин тарк қилмас синасанг ул дам,
Юмар оғзи, кўзин маҳкам на дам урор, Тағой сўфи.
Имомға иқтидо қилғонларин кўрган кулар бешак,
Имом борғач рукуъ бу саждада ё.тор, Тағой сўфи.
На муллодур, на сўфидур, на қоридур, на эшондур,
Бу боисдин чекар кўб оҳи оташбор, Тағой сўфи.
Бу қайғу ҳасрати дафъи учун тун-кун кезар тинмай,
Анинг-чун ижтимоъ деб борҳо йўртор, Таҳой сўфи.
Шаҳарда барча толиблар била доим бўлуб улфат,
Ўзи бекор, аларни ҳам қилур бекор, Тағой сўфи.
Қачонким, ижтимоъ борин бир ой аввал эшитса ҳам,
Етушгай барча одамдин бурун тайёр, Тағой сўфи.
Агар бир мажлис ичра бўлмаса, ким тутса отини,
Келур оллоҳу акбар деб, кирар тайёр, Тағой сўфи.
Агар ҳар ерда қурғон мажлис ўлса, борсангиз ногаҳ,
Ўшал мажлис юқорисиға боқсанг — бор Тағой сўфи…
Мажолис ичра ётса беш киши ўрнин олиб ётур,
Кўрунур барчаға чун қабри бузруквор, Тағой сўфи.
Агар тафсирхонлиғ бўлса ҳам ухлар, қулоқ солмас,
Магар чертилса ётмас танбуру дутор, Тағой сўфи.
Ва лекин ош пишган вақтда «Оллоҳ» деб турар сакраб,
Ҳамага ваъз айтар, гар қилмаса ҳам кор, Тағой сўфи.
Мудом жоҳил ўғлонлар била бўлғуси ҳамсуҳбат,
Бари эшону охунддин басе безор, Тағой сўфи.
Агарчи топса маҳвашли зиёфат, қувсанг ҳам кетмас,
Неча дашном, ҳақорат кўрса миннатдор, Тағой сўфи.
Тутуб сақолидин ҳар дам урарлар тарсаки бирлан,
Ризодур ҳар тариқа берсангиз озор, Тағой сўфи.
Биров соз этса даф қоқиб чиқар вор тўнларин ешуб,
Туруб, отиб муаллақ рақс уруб ўйнор, Тағой сўфи…
Билингким, борҳо мақсад-муроди шул кеча-кундуз
Ҳамаға айлағай бебоклиғин изҳор, Тағой сўфи.
Мабодо хушрў маҳваш топилса, оздуруб йўлдин
Бўлуб ҳамдам, неча эшонлара қатнор, Тағой сўфи.
Анинг бирла кезар тинмай неча кун қалъа, ёбонлар,
Анга бўлғай мулозим балки хизматкор, Тағой сўфи…
Агар чиндин эшонлар била ўлтурса ҳамхилват,
Кўрунса хўб йигитлар, кўзлари ёнор, Тағой сўфи.
Бу кунда ёш йигитларга қилур чандон насиҳатлар,
Ўзидан қолмаган дунёда ўғлон, ғор, Тағой сўфи.
Бу янглиғ жоҳил ўлса ҳам чу топса олиму дарвеш,
Аларни хоки пойин кўзиға суртор, Тағой сўфи.
Анга десанг: «Узунг сўфи бўлуб шарм айламасмусан?»
Қилур роғиб, аларнинг суҳбатин мақтор, Тағой сўфи.
Агар ким бўлса-бўлсун, қойил айлар ўз дегонига,
Ўзи гар қари бўлса ҳам ажаб маккор, Тағой сўфи…
Мусаллам ҳимматиға, журъатиға, қувватиға, лек —
Агарчи бўлса юз ботмон юк судрор, Тағой сўфи.
Қилай таъриф андоқ кўрмаганлар айласун таҳсин,
Йўқ андоқ одамизод ичра савлатдор, Тағой сўфи.
Юришда тевадек ер юзида йўқ бормағон жойи,
Улуғ, бўлмаса ҳам рўйи замин қидрор, Тағой сўфи.
Таажжуб, катта қилмиш жуббасин ҳақ-чун минорадек,
Юруса тебранур ер, кўрган от ҳуркор, Тағой сўфи.
Агарчи наъра урса жумла махлуқ заҳрасин ёрғай,
Тева ёнидин ўтса, тева ҳам ҳуркор, Тағой сўфи…
Таом ер бўлса юҳодек тўярға ақли етмайдур,
Ва лекин қанча тўйса ҳам саҳар бедор, Тағой сўфи…
Эмас бехислат, аммо «ҳу» деса аъзолари титрар,
Юроки ўтламай қазон каби қайнор, Тағой сўфи.
Йигит айёмида умри ўтиб фисқу фужур бирла,
Бас эмди тинмай айлар тавба-истиғфор, Тағой сўфи.
Неча йиллар сипоҳилик қилиб сўнгра бўлур сўфи,
Этиб бу дуняда ҳар турли касбу кор, Тағой сўфи.
Буни фаҳм айлангизким, қилмағандур бадасилликдин
Ки, инсон хайлиға қилмай тариқча кор, Тағой сўфи.
Шаҳарда ҳар кишиким орзу қилса сафар қилмоқ,
Бу ишин ташлабон бўлғай анга сардор, Тағой сўфи…
Чиқа билса шаҳардин масту бепарво кезар тун-кун,
Демас аҳбобиға кўнглидағи асрор, Тағой сўфи.
Замонасозлиғда боз йўқ андоқ жаҳон ичра,
Деса ҳақ сўзни ҳам қайтарсангиз, қайтор, Тағой сўфи.
Чу андин ҳар киши бир мушкил иш қилса савол, ул дам,
Қилур осон иложин демагай душвор, Тағой сўфи…
Изо берсанг неча маърака-мажлис ичра, ул кулгай,
На айбин юзиға айтсанг ўзи иқрор, Тағой сўфи.
Вале андоғ жаҳонда бевафою бемурувват йўқ,
Ғани вақтингда бўлғай барчадин ғамхор, Тағой сўфи.
Равиши кам деса анга шадид келғуси вақт-бевақт,
Саҳарда ё ярим оқшом эшик қоқор, Тағой сўфи.
Маломат этканинг билмас агар дашном қилсанг ҳам,
Чибиндек айланиб келгай яна беор, Тағой сўфи.
Шаҳарда маърака-мажлисға борсадайғуси емоқ,
Вале саҳрода эшонларға соҳибкор, Тағой сўфи.
Мусофирман, бўлур жойим йўқ асло деб қилур даъво,
Дўконин кўрсангиз ҳар бойдин молдор, Тағой сўфи.
Ҳамадин кўб маишатлар қилур дунёда армонсиз,
Яна «Армонли кетдим, дод!» деб қақшор, Тағой сўфи.
Жаҳонда қилмаған кайфи йўқ, аммо эмди кайф этмай,
На чой, томоку банг тарёкию кўкнор, Тағой сўфи.
Қаро нос кайф этар ҳар дамда ўн мисқолгина, лекин,
Иссиғ ош ичса борисин қилур мурдор, Тағой сўфи.
Сақоли оқариб қилмас савоб ила гунаҳ фарқин,
Ўзини балки эшондин баланд санор, Тағой сўфи.
Бўлур дилтанг гаҳи мулло, қорию жумла эшондин,
Қилур дашном кўкраб масти мажнунвор, Тағой сўфи.
Қими хону тўра, қозию муфти жумла эшондин,
Шикоят қилса гар бошдин-аёғ титрор, Тағой сўфи.
Гаҳи ихлос бирлан чорлаб онларға қилур хизмат,
Таому мева ҳар навъ қилур саршор, Тағой сўфи.
Борур ихлос ила аксар улуғ олимлар олдиға,
Анинг тобғунча ҳар айбини хўб синор, Тағой сўфи.
Ҳамаға сўз топар, йўқ ўзидек танти бу оламда,
Ва лекин нобакорлар бирла чун қондор, Тағой сўфи.
Тополмай пири комил боамал олим мувофиқ табъ,
Куюб доим ўзидек аҳли дард излар, Тағой сўфи.
Неча йил олам ичра турлук эшонға қилиб хизмат,
Бўлубдур охир эмди умрида аттор, Тағой сўфи.
На қилсун умрида бир кўргани етмиш яшар кампир,
Чу кўргач бир-бирини ер уруб қарғор, Тағой сўфи…
Бу ният бирла тинмай борҳо пул танга жамъ айлар,
Бу боисдин азиз жонини кўб қийнор, Тағой сўфи,
Эди аввал паришонҳол бирла дарбадарликда,
Ҳамадин эмди бўлмиш қавмида пулдор, Тағой сўфи.
Жаҳонгашта эди аввал, ҳамеша ломакон эрди,
Бўлур жарчи янги қалъада ҳам жойдор, Тағой сўфи…
Илоҳо, бу Фақирингни дуосин мустажоб айлаб,
Ҳама мўминға бер фарзанд чу хайри кор, Тағой сўфи.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Найлайин дилдордин бегона бўлдим оқибат,
Юз ғаму ҳасрат била ҳамхона бўлдим оқибат,
Бу жудолик ҳасратидин ҳеч чидолмай даҳр аро,
Хонумонимдин кечиб девона бўлдим оқибат.
Неча кун куйида юрдим, етмадим васлиға ҳеч,
Кеча-кундуз йиғладим, гирёна бўлдим оқибат.
Ёрни васлиға еткайманму деб шому саҳар,
Ўртаниб ҳажр ўтиға парвона бўлдим оқибат.
Ҳаддин ошди бу мани расволиғим олам аро,
Халқи олам ичра кўп афсона бўлдим оқибат.
Ҳам яна бору йўқимни йўлида барбод этиб,
Молу жондин айрилиб, вайрона бўлдим оқибат.
Вирд этиб исми шарифингни хаёлим олдириб,
Қадди-бўйинг фикридин мастона бўлдим оқибат.
Равшан этмиш тийра кулбамни жамоли шамъии,
Ўз маконим ўзима, ғамхона бўлдим оқибат.
Кўп бу олам ичра мандек ошиқу вобасталар,
Лек алар бир ёна, мен бир ёна бўлдим оқибат.
Етмишам эмди ҳалокатға не айлай мен Фақир,
Марҳами дил топмадим, ҳайрона бўлдим оқибат.
* * *
Ишни битирмай, эй иним, айшу ишратлар абас,
Одатинг маҳмиллиғ эрса, бу маишатлар абас.
Топмайин мақсад бу корингдин на лозим шодлир,
Бу замонда ҳақдин ўзга дўсту улфатлар абас.
Эътиқодим эрди кун-кундин зиёдаким сенга,
Ўқимоқға роғиб эрдинг, ўзга ниятлар абас.
Лекин эмди масту бепарволиғинг қўйғил яна,
Йўқса бу савлату сийрат, хўб суратлар абас.
Етса молим, етмаса жоним, деган олим бўлур,
Беҳуда нокаслара йўқса бу ҳимматлар абас.
Қудратинг етганча ҳақ деб, туш илм кўйигаким,
Саъй қилдинг неча кун то бўлди меҳнатлар абас…
Юрмагил бедардлар бирла бас эмди ор қил,
Катта бўлғандин сўнг этган жумла ғайратлар абас.
Гила қилма бу Фақир ўртанганидин қилди назм,
Бизга йўқса бу фазойил ушбу шуҳратлар абас.
* *
Ҳақиқат дўст шулдур бўлса дўсти жониға муҳтож,
Чин ошиқ улки тун-кун бўлса ўз жонониға муҳтож.
Эмас ул ошиқ ҳар маҳвашни кўргач кўнглин олдурса,
Ҳар ошуфта бўлур ўз дардининг дармониға муҳтож.
Ким оқил эрса бир ёр ила умрин ўткарур доим,
У нодондур жаҳонни ҳар лаби хандониға муҳтож.
Неча бир соддалар ҳар нозанин ишқида овора,
Берурлар дил аларнинг ваъдаи ёлғониға муҳтож.
На армондир кишининг бир вафолиғ дилбари бўлса,
Ҳамиша бўлсалар бир-бирининг фармониға муҳтож.
Манам чин эътиқодим сизга холис дўсти жондурман,
Ҳар одамким бўлур ўз кўнглин олдурғониға муҳтож.
Эрур нокаслик ул аввалғи дўстидин жудо бўлмоқ,
Бўлурлар баъзи тоза ҳамнишин бўлғониға муҳтож.
Дуогўйинг, Фақиринг жонидин ортуқчасидурсан,
Етушсанг кулбасига сен киби пурдониға муҳтож.
* * *
Юртимизда ибтидои рағбати жон бўлди печ,
Сўнгра кам-кам, йил-байил машҳури даврон бўлди печ
Косиб аҳли доғи қилдилар бино юз шавқ ила,
Баъд аз он шуҳрат топибон, қалъа ёбон бўлди печ.
Бул ажойиб мадраса печи бино қилдурсаким,
Айш учун онларда ҳам беҳад намоён бўлди печ.
Шаҳр халқи ҳар йил айларлар иморатлар басе,
Бир-бирисидин кўруб кўнглида армон бўлди печ.
Аксари эл тоза жойин йўқдурурлар печ учун,
Биткариб олғонлари чун боғи бўстон бўлдй печ.
Дашк ила кўп нотавонлар қарз этиб айлар бино,
Лек сипоҳию тавонгарларга арзон бўлди печ.
Косибу мулло, авом, фақру ғино, шоҳу гадо,
Хоҳики кофир, жуҳуд, жумли мусулмон бўлди печ.
Бил маҳол эрди қадимғиларға лой тандирча ҳам,
Эмди чу мард аксари инсонға осон бўлди печ.
Бу сифат таърифа лойиқдурки роғибдур ҳама,
Айшу ишрат истаганча роҳати жон бўлди печ.
Эътироз этган киши камдур жаҳон айвонида,
Бул хусусан қарилар дардиға дармон бўлди печ.
Етса қудрат кошки қилсанг бино зийнат била,
Нозу неъмат бешумор бўлса, ободон бўлди печ.
Келса бетаклиф маҳбубул қулублар субҳу шом,
Бўлса бу янглиғ ҳамиша чун гулистон бўлди печ.
Нозанинлар гул юзидин етса равшанлиғ анга,
Бас не армон, йўқса базм ақлиға зиндон бўлди печ.
Мунча тавсиф этдинг аммо йўқ ўзингда, эй Фақир,
Қил бино бирин сенам, беҳадду поён бўлди печ.
* * *
Олам ичра топмадим бир дўсти жонон беғараз,
Олиҳиммат деганим сўнг бўлди ёлғон, беғараз.
Бу замонда қадру қиммат билгудек дўст қолмади,
Беҳуда бермаслар ўз хешиға ҳам нон, беғараз.
Дўст бўлған дунёдин қўл ювса бир-бири учун,
Дунмайин бир-бирига қилса фидо жон беғараз…
Лойиқи иззат бўлурсан бу сифат тутсанг равиш,
Лек борсанг ҳар макон неъмат фаровон беғараз.
Роҳи рост деб дасти холий борсангиз эшонлара,
Равнақинг йўқ ҳеч хабарин олмас эшон беғараз.
Ҳурмат этмаслар авом ичра улуғ олим эсанг,
Эл азизиким кўп айлар хайру эҳсон, беғараз.
Юртимиз халқи, маҳовоти, тавозе, таъзими,
Зинҳор алданма қилмас кўрса хандон беғараз…
Меҳрибондур бир-бирин кўргач қилурлар эҳтиром,
Маҳз тил учи қилурлар гила бўҳтон беғараз.
Холисаллилоҳ бир дўстим борай деб ижтимоъ,
Хоҳ-нохоҳ айлаб эрди аҳду паймон беғараз.
Заррадек қавлу-қарорин эътибори йўқ экан,
Завқ-шавқ ила чақирмай аксар инсон беғараз.
Ваъдасин чин билма, ҳар ким ваъда берса, эй кўнгул,
Ваъдаға қилмас вафо ҳар бир мусулмон беғараз.
Мен Фақир холис ҳабибим борки дўсти ду жаҳон,
Мухлисиман меҳрибон Абдулраҳимжон беғараз.
* * *
Дўстлар, даҳр ичра баъзи ошноларни кўрунг,
Баъзи юз куй, шумфикр, рўйи сиёларни кўринг.
Кўрса кимдин фойда таърифини айлар олдида,
Бу тамаъчин зоҳиду бахти қароларни кўрунг.
Қўрмаса нафъин ҳамиша тахт этар бошдин-аёқ,
Аямас устоз, отосин, беҳаёларни кўрунг.
Дўст бўлса ҳар кишига бўлмас асло беғараз,
Бу ғаразгўй турба, хуржунсиз гадоларни кўрунг…
Баъзи мажлисда такаллум қилса навбат бермагай,
Жаҳли бадраг, мода чу хирс кадхудоларни кўрунг.
Ўзида ботмон айб дегай биров мисқолини,
Тажриба айлаб бу навъ кибру ҳаволарни кўрунг.
Эй Фақирий, бу авом адно учун ўртанма ҳеч,
Йил-байил бундин баттарроқ можароларни кўрунғ.
* * *
Булбули зорам қўнарға бир гулистон истарам,
Бу гўзалларни не айлай кўйи бўстон истарам.
Ошиқам, эй дўстлар, жонимға жонон топмайин,
Жонажон бўлғоли бул жонимға жонон истарам.
Ёрсиз жаннатга кирсам зулмату зиндон эрур,
Нола, афғон тортибон бир моҳитобон истарам.
Ёрсиз ёйдек бўлиб қолдим ажаб бемормен,
Писта лаълидин анинг дардимга дармон истарам.
Юз ўгурдим бевафолардин басе безорман,
Бовафоу бомуравват чашми мастон истарам.
Беҳаё, бешарм маҳваш кўп, кўнгул севмас ани,
Тозаю тар гулбадан зулфи паришон истарам.
Гар топилса бир мувофиқтабъ дилбар, дўстлар,
Ман Фақир тун-кун ани бўлмоқға меҳмон истарам.
* * *
Бу янглиғ кўп сиза ихлосим, аммо бериё бўлғай,
Бу жоним кошки сиздек ҳабибимга фидо бўлғай.
Ки содадил бўлиб ҳар кимки борса хизмат айларсиз,
Не бўлса муддаонгиз икки оламда раво бўлғай.
Жаҳонда якка бизлар эрмас ҳар ким кўрсалар сизнн,
Билиб бу феълингизни айрилишмас, ошно бўлғай.
Ўгурса сиздин ҳар ким юз, эрур ул аҳмақу аблаҳ,
Ўзини қадрини билмас анингдек бевафо бўлғай,
Бўлур одам била одамда фарқ бир бўлса ҳам асли,
Бахилу беҳаё баъзиси, баъзи кадхудо бўлғай.
Бўлур баъзи вафолиғ, баъзи фитна ҳамчу шайтондек,
Бу боисдин нечаси дўсти жонидин жудо бўлғай.
Манам оламда кўп одам била бўлдимки ҳамсуҳбат,
Жаҳонда кўрмадим сиздек чучуктил камнамо бўлғай.
Ким излаб борса меҳмон бўлғали ёту қариндошдин,
Анинг ҳаққида тун-кун хизматингиз жо-бажо бўлғай.
Ва лекин сиз ҳамага холисаллилоҳ қилиб хизмат,
Яна ҳам хуш сўзингиз аҳли дардларга даво бўлғай.
Бу ихлос бирла хизмат қилғанингиз кўрса ҳар бир иард,
Бўлур банда эшикингизда ўлгунча гадо бўлғай,
Хусусан ҳовлингизга бўлса меҳмон толиби илмлар,
Аларга иззатингиз, хизматингиз бебаҳо бўлғай.
Фақир айлар дуонгиз холиссаллилоҳ кеча-кундуз,
Бериб бисёр фарзанд ёрингиз доим худо бўлғай.
МУСТАЗОД
* * *
Эй дил, бу жаҳон хўблари қилди сани зор,
Дийдориға шайдо,
Ҳам ҳоли паришон.
Бўлдинг неча гулчеҳра жамолиға гирифтор,
Ноланг қилиб ифшо,
Ҳам айладинг афғон.
Васли талабида югуриб кечаю кундуз,
Йўқ эрди қароринг
Вобасталиғингдин.
Онлар сани ҳаққингда мудом эрди жафокор,
Раҳм этмайин асло,
Зулм айлади чандон.
Бу куй аро кўрдинг неча навъ ранжу аламлар,
Тарк айламадинг ҳеч,
Мажруҳ бўлиб ҳам.
Ҳижрони ўқи қилди юрак-бағрингни афгор,
Чекдинг неча танҳо,
Ишқи аро нолон.
Кўксингга пичоқ урсанг аларнинг назарида,
Истаб қулай раҳ,
Ўлсанг агар ул дам.
Бу ҳолингга қайғурмас ўшул кофири хунхор,
Бал анга тамошо,
Айлар лаби хандон.
Бир зарра гила қилма алар кори жафодур,
Ошиқлариға,
Йўқ расми вафоси,
Лекин тил учи меҳриға алданмаки зинҳор,
Қилса неча иғво,
Сўзи бари ёлғон.
Сандин бурун ўтмиш неча бир ошиқу маъшуқ,
Бу даҳр аро гирён,
Бори ҳама дил соф.
Ранжур булуб фурқати ичра чекиб озор,
Ҳам ёқди саропо,
Бу оташи ҳижрон…
МУХАММАСЛАР
Дўстлар даҳр аҳли жонониға ёр ўлмоқ ғалат,
Бодаи васлин тилаб тун-кун хумор ўлмоқ ғалат,
Халқ таъни бирла элга ошкор ўлмоқ ғалат,
Бевафо маъшуқалар куйида зор ўлмоқ ғалат,
Истабон васлини кўздин ашкбор ўлмоқ ғалат.
Кўп бу даҳр ичра паривашлар ду чашми олалар,
Ошиқ ўлғай кўрсаким кўздин тўкибон жолалар,
Балки ёш ўрниға сўнгра қон тўкар чун лолалар,
Фурқат ичра тинмайин айлаб фиғону нолалар,
Тиғи ҳажридин бу янглиғ дилфигор ўлмоқ ғалат.
Дил берурлар кўргачин меҳри жамолин истабон,
Кошки келса экан шўридаҳолин истабон,
Бўлма ҳаргиз хомтамаъ оби зилолин истабон,
Ҳажр водийси аро ул ой висолин истабон,
Беадад ранжу аламларға дучор ўлмоқ ғалат.
Боқма ихлос ила кўпдур ҳусни гул, қоши қаро,
Чунки нодонлик эмасму кўргач ўлмоқ мубтало,
Баъдазон сен ўз юрак-бағринг қилиб қону яро,
Жустужў айлаб фироқида туну кун даҳр аро,
Топмайин васлин анинг беэътибор ўлмоқ ғалат.
Ушбу ҳасратлар била тинмай мудомо қон ютуб,
Чин ҳақиқат ошнолардин кўнгулни совутуб,
Бу тараддуд бирла етмас тийра кулбанг ёрутуб,
Пуржафо дилдордин ҳар дам вафони кўз тутуб,
Жон фидо айлаб йўлида хоксор ўлмоқ ғалат.
Шод бўлғунг кўргачин кўрдимки, дилдорим дебон,
Сўрди аҳволим билиб бу ногаҳон зорим дебон,
Ваъда қилди келмагига бу кеча ёрим дебон,
Садқа энди йўлида ҳарна йўқу борим дебон,
Кўз тикибон йўли узра интизор ўлмоқ ғалат.
Бил бу савдолар била олам аро машҳур ўлуб,
Қун-бакундин ҳам Фақиру бенавою хор ўлуб,
Дўст ушбу эркан аммо, юрса андин дур ўлуб,
Чэкаро, бераҳм маҳваш ҳуснига мағрур ўлуб,
Фурқати дашти аро мажнуншиор ўлмоқ ғалат.
* * *
Дўстлар, бир мосиво бўлған ғарибмен, найлайин,
Ўртаниб, ёниб адо бўлған ғарибмен, найлайин,
Юз аламға ошно бўлған ғарибмен, найлайин,
Бекасу бемуттако бўлған ғарибмен, найлайин,
Мискину бедасту по бўлған ғарибмен, найлайин.
Телмуруб қолдим нетай модар, падардин айрилиб,
Йўл адошиб ғамда қолдим роҳбардин айрилиб,
Кеттилар дўсту ёронлар ҳам назардин айрилиб,
Лек мен қолдим бу ерда яхшилардин айрилиб,
Дарду ғамға ошно бўлған ғарибмен, найлайин.
Ўтди аҳволим ҳазинлиғ бирла кун-кундин батар,
Ғамни саҳросида қолдим бўлмишам бир муштипар,
Кўрсалар бедардлар ҳолим кўриб айлар ҳазар,
Йиғлаюрман ҳолима ҳардам куяр жону жигар,
Минг алам бирла адо бўлған ғарибмен, найлайин.
Зор кўнглумни менинг кўп зор бўлғанлар билур,
Дард кўрганлар билур, бемор бўлғанлар билур,
Тиғи ғам бирла дили афгор бўлғанлар билур,
Чун азиз боши жаҳонда хор бўлғанлар билар,
Беқадр, бераҳнамо бўлған ғарибмен, найлайин.
Мисли қақнусдек бу оташ ошиёним куйдурур,
Оҳу ноламни ўти бешак забоним куйдурур,
Ҳам ёқиб жисмим, юроким, устухоним куйдирур,
Балки жоним кул қилиб, руҳи равоним куйдурур,
Бас куюб ҳам кам баҳо бўлған ғарибмен, найлайин.
Ҳеч мусулмон мен каби кўнгли паришон бўлмағай
Етмайин мақсудиға бағри тўла қон бўлмағай,
Эл аро ифшо бўлуб ҳайрону нолон бўлмағай,
Телбалардек кеча-кундуз дийдагирён бўлмағай,
Ақлу ҳушидин жудо бўлған ғарибмен, найлайин.
Сирри пинҳоним десам бир ёри жоним йўқ менинг,
Дегали, ҳолинг нечукдур, меҳрибоним йўқ менинг,
Найлайин девонадек далли маконим йўқ менинг,
Чун қуши беболу пармен, ошиёним йўқ менинг,
Нотавон қаддим дуто бўлған ғарибмен, найлайин…
* * *
Сана эрди минг уч юз бир кам ўттуз, бўлди уй бесар,
Яди зай ахчадин ўн бизлара мотам бўлиб роҳбар,
Жаҳондин ўтди модар, бўлди сўнг ичган-еганим заҳр,
Ҳама қон йиғлашиб қолдуқ юраклар пора, кўзлар тар,
Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар
Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Халойиқ юрт-баюрт ўйнаб-кулуб қилди ийду байрам,
Ажаб, беҳад шукур, ҳақ бизлара кўрди раво мотам,
Дебон катта-кичик вой устига вой, оҳ уруб ҳар дам,
Инончим ҳам суянчим қилди реҳлат, бўлди қаддим хам,
Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар.
Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Ҳаётида уйимиз гўиё бозор эди тун-кун,
Эру хотин ҳама бир-бирга беозор эди тун-кун,
Боримизға бўлуб шод меҳрибон ҳушёр эди тун-кун,
Хусусан мен ғарибидинки миннатдор эди тун-кун,
Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар.
Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Мудомо хуш сўзи ила барчамиз шодоб этар эрди,
Бериб панду насиҳат чун зари ноёб этар эрди,
Қаюмиз кўрса, сиз биз деб басе одоб этар эрди,
Боримизға кеча посбон ўлуб, кам хоб этар эрди,
Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар
Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Етишса даҳри дундин ғам, дилим айлар эди хуррам,
Туфайлидин қишу ёз, кеча кундуз шод эдим беғам,
Нетай онсиз қоронғу кўринур чун кўзима олам,
Чошиб ақлу ҳушим девона янглиғ бўлмишам кам-кам,
Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар
Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.
Эди шодимға шод, гаҳ етса ғам мендин батар ғамгин,
Бериб ширин забонлиғ бирла дил-кўнглум қилиб таскин,
Дер эрдим сирри пинҳоним кимим бор эмди бир ичкин,
Қолиб мен бош очиқ ғам-ғуссада бўлдим ажаб мискин,
Экан пушту паноҳим, обрўйим, дўстим, модар
Ҳаётин катта давлат билмак эркан ҳар кима беҳтар.