Абдулборий Шермуҳаммад Ҳожи ўғли (Дилафгор) XIX асрнинг иккинчи ярми, XX асрнинг биринчи ярмида Тошкентга яқин Пскент шаҳрида туғилиб, яшаб, ўз даврининг мактаб ва мадрасасида таҳсил олиб, жўшқин истеъдоди билан замондош мухлисларининг эҳтиромига сазовор бўлган шоирлардандир.
Дилафгор, хусусан, Андижонда яшаб, мадрасада ўқиган вақтида Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Камол Хўжандий, Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бедил ва Фузулийларнинг шеъриятидан баҳра олган.
Умрининг етук қисмини илму маърифат тарқатиш йўлида, яъни китоб дўконида мудирлик вазифасини адо этишда сарф этади. Унинг «Гулшани Дилафгор» номли мажмуаси 1914 йилда Тошкентда, матбаи Ғуломияда босилган. 1916 йилда қайта нашр этилган.
Ушбу тўпламга 23 ғазал, 20 мухаммас (1 мувашшаҳ), 3 мусаддас (1 таржеъбанд), 1 чистон (топишмоқ) ва 2 фард киритилган.
Дилафгорнинг 8 ғазал, 2 мухаммаси Абдурашид Абдуғафуров томонидан «Ўзбек адабиёти»нинг 4-том, 1-китобига киритилган.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Қонга тўлди юрагим, бир дилрабодин айрилиб,
Эзилиб оқди жигарлар, ошнодин айрилиб.
Оҳ, ул Мажнун каби ғам даштида қон йиғладим,
Сабру оромим кетиб Лайлиузодин айрилиб.
Йиғламайму ғам чекиб, қаддим дуто, аҳбоблар,
Толеимни камлиғи ул маҳлуқодин айрилиб.
Неча муддат бодаи ҳусни билан саршор эдим,
Эй, бу кунлар ташнаман, дорушшифодин айрилиб.
Тийра кўнглимга фараҳлик ғайбдин ўлмас зуҳур,
То ҳануз ғамзодаман, қоши қародин айрилиб.
Эй, менга даркор эмас, ушбу тирикликни нетай,
Рўзгорим тийра бўлса рўшнодин айрилиб.
Варна кесмас, деб Дилафгор риштаи уммедини,
Келса бир кун не ажаб, ул ошнодин айрилиб.
* * *
Дариғо, умрим ўтди, эй пари, ҳажрингда жоно деб,
Қаронғу бўлди олам кўзларимға, шўху барно деб.
Бўлибман мисли Мажнун, қил тараҳҳум, ёри жононим,
Ютай токайғача қон лахта-лахта, оҳ Лайло, деб.
Қўйибман остонангға бошимни, эй жафопеша,
Жаҳон маҳвашларидин сен пари пайкарни аъло деб.
Халойиқларға сўз бўлдим чекиб ҳажрингни, эй дилбар,
Қошингни ё билиб, ҳам оҳудек чашмингни шаҳло деб.
Ўтар бўлсанг мабодо растадин юз ғамзалар бирла,
Кўруб ҳуснингни мардум айтишур, бул қайси раъно, деб.
Менга кўп яхши айтур дедилар бўлма овора,
Вафо қилмас ситамгар, бермагил кўнгилни асло деб.
Аё эй бераҳм, айла назар бул хаста ҳолимға,
Қалай ҳажримда ҳолинг, эй Дилафгор, хаста шайдо деб.
* * *
Дарди ҳажрингға куйдим, айла, эй дилбар, илож,
Ҳақ мукофотиға берсун шамъи ҳуснингга ривож.
Раҳм этиб, бир йўл мурувват қил саховат хонидан,
Бистари ғам узра васлингға бўлибман эҳтиёж.
Изласам дардимни дорусин табиблар аҳлидин,
Лаъли нобингни даво деб кўрсатур, эй хушмизож.
Оҳ тортиб мисли Мажнун ман, гиребон чокман,
Ҳасратингда бўлди ашким мисли дарёйи мавож.
Бир кўриб ҳуснингни бўлдим мубтало, зору асир,
Хотирим ғамдин мукаддар то бу дам, йўқтур сирож.
Хублиқ мулкида, жоно, бир ажойиб шоҳ сан,
Мулки олам аҳли берсун сенга ҳар доим хирож.
Айламас эрсанг тараҳҳум хаста ҳолимға агар,
Кўксума ханжар солиб, ғамзанг билан қонимни соч.
Нақди умрум ишқи ҳуснинг бирла, эй Лайло, гаҳи,
Кеча-кундуз ғам чекиб ўтди Дилафгор, ноилож.
* * *
Киши борму менинг янглиғ бировни маҳви дийдори,
Хаёлимдан нари кетмас ўшал барнони асрори.
Агар чиқса хиром айлаб, боқиб ҳар ёна, ҳар ёна,
Муқаррар солғуси хуршидни ташвиши рухсори.
Юзи гул, сочи сунбул, қомати зебо алиф янглиғ,
Латофатда баробар келмас анга даҳр гулзори.
Қоши бир-бирга пайваста, қаламдек, қайрилиб тушган,
Ва ё райҳони жаннат раста-раста, айни осори.
Хўтан оҳулари шарманда бўлғай лофи чашм этса,
Қародур ҳажр шомидин муқаррар чашми хуммори.
Туриб атрофида саф-саф мисоли лашкари Хоқон,
Қилурға қатли ом албатта, наргис теғи хунхори.
Сабо тарқатса ногоҳ субҳидамда ёр зулфини,
Муаттар айлагай рўйи заминни мушки тотори.
Хижолат айлагай тўтию қумрини қилса ханда,
Такаллумда ўтар қанду асалдан шаҳди гуфтори.
Фалотунтаъбдурким васфини айтсам адо бўлмас,
Расодур зеҳну хуш одобида ҳар феълу атвори.
Менга таън айламанг ҳар неча ким, оҳу фиғон этсам,
Азалда бўлмишам ул моҳталъатни гирифтори.
Тирикман, токи ўлгунча билингиз, эй биродарлар,
Эрурман қудратим имконича Саъди харидори.
Муҳаббат аҳлига лаззат берар олиб ўқуғонда,
Дилафгор бенавони ҳарна айтган шеър-ашъори.
МУХАММАСЛАР
* * *
Арзим будирки, эй шаҳи маҳбуби дилрабо,
Бўлдим ажаб висолинг муҳтожи чун гадо.
Дил хасталарга назар қил, лутфинг билан қиё,
Сандин тараҳҳум айламоқ, мендин бу илтижо,
Етсам висолингга, шудир кўнглимда муддао.
Ҳар кеча нола айларам ҳажрингда, эй ҳабиб,
Ҳар субҳидам фиғон этиб монанди андалиб,
Раҳм айлабон фиғонима васлингга қил қариб,
Ағёрим ила ҳар кеча сан, бунда рашк этиб,—
Хун бўлди бағрим, юрагим ҳажрингда доимо.
Бўлдим асиру мубтало ҳуснинг хаёлида,
Заҳр ўлди бу маиша.тим васлингни ёдида,
Бемори фурқатинг манам ҳажринг фироқида,
Улдим кўйингда дарбадар васлинг сўроғйда,
Сабру қарорим қолмади на шому на сабо.
Раҳм айлагил бу ҳолима, эй шўхи пурситам,
Басдур кўйингда ўлганим, минг дарду пур алам,
Токайгача бўлуб санга ағёр муҳтарам,
Тарки жафо этиб манга бир айлагил карам,
Лаъли лабингни қандини истарман, ошно.
Эй шаҳсувор, дилбари хуршиду гулъузор,
Тахти малоҳат авжида Юсуф каби қарор,
Бўлсун жаҳонда давлатинг иззатда устувор,
Васлинг ҳавосида мани дилхаста Дилафгор,
То танда жон борича қилғум сенга дуо.
ҲАЗИНИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Ҳажрингда фиғоним кўп, жонона, тонг откунча,
Орому қарорим йўқ ҳижрона тонг откунча,
Мажнун каби ишқингда ҳайрона тонг откунча,
Ҳижрон ўтиға бағрим сўзона тонг откунча,
Ўртаб юрагим, бағрим бирёна тонг откунча.
Мен Мажнуну сен Лайло, арзимни этолмайман,
Фарҳод каби Ширин деб, бир ёна кетолмайман,
Тоҳир ману Зуҳро сан, ишқингда ётолмайман,
Мен Вомиқу сен Узро, васлингга етолмайман,
Ҳар кеча қароргоҳим остона тонг откунча.-
Ишқинға асир ўлдим, эй дилбари айёрим,
Дардингни баён этсам, йўқ маҳрами асрорим,
Заъфарга бадал бўлди бул чеҳрайи гулнорим,
Раҳм айла бу ҳолимга, эй кўзлари хумморим,
Ҳажрингда бу кангуллар вайрона тонг откунча.
Найлайки, олибдурсан фикр ила хаёлимни,
Доим тўкарам кўздин бу ашк ила оҳимни,
Раҳминг келибон билгил, бу нукта саволимни,
Ҳеч кимга деёлмайман арз ила бу ҳолимни,
Қонға жигарим тўлди гирёна тонг откунча.
Махмури висолингман, ҳар кеча фиғон айлаб,
Булбул каби ҳажрингда ашкимни равон айлаб,
Доим тиларам ҳақдин, бағримни чу қон айлаб,
Хилватда агар кўрсам, арзимни баён айлаб,
Сан бирла бўлай анда ҳамхона тонг откунча.
Раҳм айла ғарибларға, базмингни мухайяр қил,
Жон уйини оразинг шамъини мунаввар қил,
Жонимни фидо айлай, васлингни муяссар қил,
Оқшомда жамолингни бир лаҳза муаттар қил,
Айтай сенга ҳолимни, парвона тонг откунча.
Ишқинг ўтиға, жоно, бағримни чу доғларман,
Тиғ остида ўлмоғни Тоҳир каби чоғларман,
Ҳажрингда Дилафгордек васлингни сўроғларман,
Найлайки иложим йўқ, ҳар кўчада йиғларман,
Тор ўлди Ҳазинийға Фарғона тонг откунча.
МУҚИМИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Мунча ҳам бўлмиш бу гулшанда қадинг зебо, шароб,
Барча гулрухлар жамолингга яна шайдо, шароб,
Сочларинг райҳони жаннат, кўзларинг шаҳло, шароб,
Соқиё, лутф айла жомим, қилма истиғно, шароб,
Нўш этиб солмай бу кун доди ғами дунё, шароб.
Дилраболар ичра бўлмиш мунча зебо суратинг,
Нечаларни айлагай базм ичра шайдо суратинг,
Тоқат этмайдур киши кўрганда асло суратинг,
Базм аро, жоно, ўтар ўрниға зебо суратинг,
Қоматинг мино, лабинг соғар, тилинг гўё шароб.
Даҳр аро ҳеч ким сенингдек ёрни кўргони йўқ
Балки бул рўйи заминга сен каби келгони йўқ,
Ҳеч кўз мардумлари бир сен каби кўргони йўқ,
Ҳеч бўлдум ҳам дегайму ҳасрату армоним йўқ,
Сен билан ичкан кишини кечаси танҳо шароб.
Ҳар замон ўтсанг, нигоро, растадин айлаб салом,
Йўл-йўла сочиб дамо-дам шаккару ширин калом,
Ғамзаи имо билан ошиқларинг айлаб тамом,
Рух очиб моҳтобларда, ноз этиб, айлаб хиром,
То кўриб лоф урмасун қаддинг гули раъно шароб.
Сайри гулшанда дамо-дам ноз этиб, гашт айласанг,
Дилраболар базмига парвоз этиб, гашт айласанг,
Зулфи анбарни солиб, дил хуш этиб, гашт айласанг,
Бу сифат гул-гул ёниб, май нўш этиб, гашт айласанг,
Тушмасунму олам ичра шўришу ғавғо, шароб.
Эй пари, танҳо эрурсан иқлими Фарғонада,
Соқиё, қилғил карам, лабташна ман ғамхонада,
Оҳ уриб йиғлар Дилафгор кулбаи вайронада,
Сўрма махмури мукадардурликни бу майхонада,
Кеча-кундуз оҳ уриб, дерман Муқимий, ё шароб.
КАМИЙ ШОШИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Сайд кўнгилларни, жоно, энди ром айлаб келинг,
Беҳаё ағёрлар субҳини шом айлаб келинг,
Байтул-эҳзоним сари аҳду паём айлаб келинг,
Ман сари оҳиста-оҳиста хиром айлаб келинг,
Билмасун ағёр, жоно, вақти шом айлаб келинг.
Доимо васфинг этарман шоҳлиғдин, эй пари,
Мужда бер ошиқлара иршодлиғдин, эй пари,
Қўлни тортиб зулм ила бедодлиғдин, эй пари,
Ваҳ, ўлуб қолмай камоли шодлиғдин, эй пари,
Бехабар қўймай мени аввал паём айлаб келинг.
Йиғлатиб бизларни ношод айламак мақсуд эса,
Ёки лутф ила мурувват айламак мақсуд эса,
Ё рақиб сўзи билан қайд айламак мақсуд эса,
Мурғи жон ё кўнглуми сайд айламак мақсуд эса,
Ҳалқа-ҳалқа бори кокилларни ром айлаб келинг.
Жилва, найрангу фусун ушшоқларға дилрабо,
Басдур, аммо айлангиз ширин-шакар, эй маҳлиқо,
Рамз, истиғно, тағофиллар билан шому сабо,
Ноз бирлан қўллара олиб бараҳна, беибо,
Ғамзангиз тиғиға кўксимни ниём айлаб келинг.
Жонажоним, дилбарим, ҳуснингга маст айлаб мани,
Кокилинг тори била чун банди даст айлаб мани,
Хурраму ағёр, аммо дилшикаст айлаб мани,
Бетакаллуф бир куни кўнглимга қасд айлаб мани,
Шўхлиқ бирла кулуб, ўйнаб, салом айлаб келинг,
Эй қамарталъат, шакар лаълинг шудур оби ҳаёт,
Йўлларингда кўзларим бўлди нетай мисли Фирот,
Базм асбоби муҳайё, кел пари, бергил нажот,
Йўл-йўла сочиб дамо-дам шаккару қанду набот,
Яъни жонпарвар лабингиздан калом айлаб келинг.
Нозанин, васлингға етмак нечани ҳадди эмас
Ёки сандин кимсани дам урмаки ҳадди эмас,
Ё Дилафгорни сенга сўз айтмаки ҳадди эмас,
Кеча ё кундуз демак, жоно, Қамий ҳадди эмас,
Хублиқни фурсати ёдин давом айлаб келинг.
ДУОЙИ САЛОМ
Эй сабо, мандин етур арзу самоларга дуо,
Шаҳри Фисканд мардуми, шоҳу гадоларга дуо,
Растайи ярманкада аҳли вафоларга дуо,
Жумлаи қавму қариндош, ақраболарга дуо,
Барчайи хешу табор, аҳли салоларга дуо.
Абдумавлон махдуми доночага беҳад салом,
Ҳам яна ул Саййид Аъзамхон шакарфазга паём,
Мулла Иброҳим, Абулқосим тикувчи субҳу шом,
Хотирингдан кетмасун, албатта-албатта калом,
Мулла Одил вофуруш касби ҳаволарга дуо.
Борму Омилхон тўра сиҳат-саломат мулк аро,
Ҳам яна мулла Муҳиддин дилбари ҳури лиқо,
Дегил албатта ба сад албатта, эй боди сабо,
Ҳарна кўргонингни бир-бир сўзлагил қилмай ибо,
Жумлайи хурду калон табъи расоларга дуо.
Мулла Файзи катта йўл устидадур бўлсун омон,
Лафкадор эрди қароқош бир йигит Ноёб дегон,
Соғларму вақти хурсандму Сиддиқбой дўсти жон,
Ул Сулаймонхони мавзуин ҳам Қомилхон осгумон,
Чаҳорсуда жумлаи аҳли казоларга дуо.
Ҳоли ҳам борму саломат ул Инъомхон читфуруш,
Тим тагида мулла Самсоқ, касби кори носфуруш,
Бормулар сиҳат-саломат ул Худойқул тўнфуруш,
Мулла Мухтор қорини кўрсанг агар айлаб хуруш,
Айтакўр албатта хушфаҳму заколарга дуо.
Боқма олифта юронларни қилон рафториға,
Дилраболарни фасоҳатда шакар гуфториға,
Холисаллиллоҳ сўраб қўйғил, сухан осориға,
Маҳзуми Абдуллажону Абдунўъмон қориға,
Ҳам Фўлодхожа эшондек маҳлиқоларға дуо.
Гарчи лутф айлаб мабодо мадраса қилсанг гузар,
Мулла Нодирхон, Ниёзмат қорини кўрсанг агар,
Дегил албатта саломи беадад гар сўрсалар,
Аҳли мадраса чиройлик, дилраболарга назар
Айласанг, албатта айт ҳусни зиёларга дуо.
Рўзи панжшанба тамошо айлабон ярмаркани,
Ул Узоқ қассоб, самоварчи Муҳаммадалини,
Ҳам Ҳусанбою Ҳасанбой, Абдураҳим қорини,
Қўз таниш аҳли гузар, жумла қадрдон борини,
Биз учун албатта, эй соҳибсадоларга дуо.
Айта кўр албатта-албатта бу янглиғ арзи ҳол,
Андижонда соғ-сиҳат бор деб, қил қилу қол,
Қундузи дунё учун оввораман, аҳли хисол,
Қилди ҳасратдин Дилафгор сизлара арзи мақол,
Қаттаю кичик тамоми ошноларга дуо.
ЧИСТОН
Ул надурким, кеча-кундуз тинмайин айлар сафар,
Йўқ анга ичмак-емакдин, очлик этмас асар,
Доимо дарёда горгай, бо вужуди ташнадур,
Кетгуси роҳи адамга қатра сув ичса агар.
(Кема)