Бақоий (XVI аср)

Абдулазизхон саройида хизмат қилган шоирлардан Бақоий ҳам Темурийлар саройидаги адабий ҳаракатнинг тақлидчиларидан бири эди.
Бақоий ижодининг намунаси тарзида келтирилган ушбу ғазал Ҳасан Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб» тазкирасидан олинди.

ҒАЗАЛ

Юз шукрки ҳар беғам ила ҳамдам эмасмен,
Ишқинг ғамидин шодмену беғам эмасмен.

Тангрики мени айлади масжуди малойик,
Бу қадрни гар англамасам одам эмасмен.

Ўзумни жунун силсиласидин десам ул йўқ,
Вар аҳли хираддин санасам ул ҳам эмасмен.

Дайр ичра мени пири муғон айлади маҳрам,
Зоҳид каби ул базмда номаҳрам эмасмен.

Мажнунға менинг телбалигим бор, Бақоий,
Ортуқроқ агар бўлмаса, андин кам эмасмен.