Аваз Ўтар – Аваз Полвонниёз (Ўтар) ўғли (1884.15.8 – Хива – 1919) — ўзбек маърифатпарвар шоири. Дастлаб мактабда, сўнг Хивадаги Иноқий мадрасасида ўқиди. 18 ёшларида шоир сифатида халқ ўртасида танилди.
Муҳаммад Раҳим Соний (Феруз) Аваз Ўтар истеъдодига катта эътибор берган, уни саройга таклиф қилиб Табибийни унга устоз тайин этган. Аммо, Аваз Ўтар сарой ҳаёти билан чиқишолмай, уни тарк этади.
20-аср бошларида кўзга ташланаётган миллий уйғониш, истиқлол ғоялари Аваз Ўтар ижодига кучли таъсир кўрсатади. А.Ў. ижодида эркпарварлик, озодлик, маърифатпарварлик ғоялари, турмуш иллатларига қарши қаратилган ҳажвлар пайдо бўла бошлайди, бу даврда шоир юксак инсоний фазилатларни, чинакам инсоний муҳаббатни тараннум этувчи лирик шеърлар, қитьалар, рубоийлар ёзди.
Аваз Ўтар ижодида алоҳида ўрин тутган ҳажвий шеърлар туркуми — «Фалоний» ҳам шу давр маҳсули. Аваз Ўтар «Миллат», «Ҳуррият», «Топар эркан, қачон», «Халқ», «Замон» ва бошқа шеърларида миллат тақдири ва келажагини янгича талқин этади. Айрим шеърлари ўша давр вақтли матбуоти («Ойина», «Вақт», «Мулла Насриддин» ва бошқа)да босилган. 2 девони («Саодат ул-иқбол», «Девони Аваз») ва қатор баёзларга киритилган ғазаллари етиб келган.
Девонларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида (инв. № 942, 7102, 3451) сақланади. Республикада мактаблар, кўча ва хиёбонларга Аваз Ўтар номи берилган. Хивада уй-музейи ташкил этилган, ҳайкали ўрнатилган. У ҳақда бадиий асарлар яратилган (Э. Самандар «Эрк садоси» достони, А. Бобожон «Faзал фожиаси» драмаси, С. Сиёев «Бир чора замон истаб» қиссаси ва б.).
ҒАЗАЛЛАР
Қўй, эй пари пайкар, қадам айлаб карам бош устина,
Қаҳру ғазаб таркин қилиб, чин солмағил қош устина.
Зоҳид ул ойдин ижтиноб этса не тонг, аҳбобким,
Гар тушса ўлгай ламъаи хуршид хуффош устина.
Изҳор этиб бедоду кин ойинини бешак манга,
Борсам изидин ул гўзал тош отғуси тош устина.
Ҳосидлиғ айлаб бу замон, ким берди дер аҳли жаҳон,
Кийса янги хилъат агар қашшоқи қаллош устина.
Гардуни дун зулму ситам озода элга қилғуси,
Жавру жафо ойинини фош айлабон фош устина.
Бўйла муравватсиз замон аҳли эрурким, эй Аваз,
Гар топса фурсат бергуси оғу қўшуб ош устина.
* * *
Вафоу меҳр эрур борҳо хисол манга,
Нетонгки етса агар ишқ аро камол манга.
Нечук мурод ила мақсад топай жаҳон ичра,
Ҳамиша толиъ эрур бахт аро вабол манга.
Рақиб хайли эрурким ғаний бу оламда,
Аларнинг атласидин аҳсан эски шол манга.
Давомат ўлғусидур одатим вафо била меҳр,
Етишгуси бу жиҳатлар била завол манга.
Агарчи зийнати кўп жоми жам не ҳожатдур,
Ки яхшидурки топилса синуқ сафол манга.
Аваз нетонгки ул ой қоматини ҳажрида,
Аламнинг остида қад бўлса бўйла дол манга.
* * *
Эй кўнгул, ишқ ичра кирдинг жон керакмасму санга
Кофири чашмин кўруб, имон керакмасму санга.
Ёр рухсориға боқмассан магарким, зоҳидо,
Офтоб ила маҳи тобон керакмасму санга.
Ғайр куйининг таманносин қилурсан, эй рафиқ,
Ёки айғил жаннати ризвон керакмасму санга.
Ўзга дилбар лаълини ўпмак гар истар эсанг,
Дегил, эй дил, ул лаби хандон керакмасму санга.
Эй кўз, этгунг орзу ғайри суманбар оразин,
Эмди ул ораз маҳи рахшон керакмасму санга.
Соқиё, ман ҳастаға май бермайин доғ айладинг,
Ёки мискини ҳазин меҳмон керакмасму санга.
Эй Аваз, назм айладинг асру шараф афшон сухан,
Ёдгори дафтари девон керакмасму санга.
* * *
Ҳар кишининг дарди бўлса, арз қилсун ёрға
Қолмағай токим ҳамиша ҳажр аро озорға.
Шояд айлаб раҳм аҳволиға ёри васл аро
Майли рағбат қилмағай ихлос ила ағёрға.
Эй кўнгул, ошуфтасан, ажз ила изҳор айлагил
Нечаким ноз этса ҳам ул зулфи анбар борға.
Эйки истарсан давомат даҳр ишқи беҳжати
Чек миҳан, гулшанда гул пайванд бўлмиш хорға.
Қилмағил дашном, эй оромижон, ғайриғаким
Берса бўлмас подзаҳри талх ҳар беморға.
Ихтиёр этма қўлингдин келмас ишни даҳр аро
Қим недин таъну маломат эл қилур беорға.
Эй Аваз, назмингда келтурма ҳар эл алфозини,
Ким баробарлиғ садаф қилмас дури шаҳворға.
* * *
Эй париваш бевафолиғ айлама,
Ким кўп эмди пур жафолиғ айлама.
Эйки истарсан тарабни даҳр аро,
Ишқ аро бедаст-полиғ айлама.
Оқил эрсанг асли ишқ ичра кириб,
Нотавону бенаволиғ айлама.
Гар муродинг етмас эрса ёрға,
Ғайр куйида гадолиғ айлама.
Ким тариқи фақр аро солик эсанг,
Хисрави кишвар кушолиғ айлама.
Эй Аваз, бўлсанг ғарибу нотавон,
Хону бойға ошнолиғ айлама.
* * *
Ваҳки ҳамдам бўлмадим бир лаҳза жононим била
Кўнглум олғон дилбару шўхи сухандоним била.
Соати бир маскан ичра жоми саҳбо ичмадим
Ул нигори сарв қомат лаъли хандоним била.
Аввало ардим ҳамиша комрону комгор
Васл аро сармаст ўлуб, ул чашми фаттоним била.
Неча йилдурким ютуб хуноби ҳасрат беадад,
Жонима етдим бу янглиғ доғи ҳижроним била.
Эй Аваз, бир умр ўтди васл аро маҳрум ўлуб,
Саъй қилдим етмадим мақсудға жононим била.
* * *
Бўлғуси, эй дил, муяссар васли жонон, ғам ема,
Ким онинг келмаклигига бордур имкон, ғам ема.
Топғуси табдил субҳи васл бирла оқибат,
Нечаким тул ўлса гар ҳам шоми ҳижрон, ғам ема.
Нўш қилсанг ёр илгидин агар жоми тараб,
Дур сандин бўлғуси андуҳи даврон, ғам ема.
Тийри мужгони била қонинг тўкулса ҳар қачон,
Бергуси лаъли лаби кайфияти жон, ғам ема.
Лайливашлар суҳбатиндин ижтиноб этган учун,
Ғам емишму эрди Мажнуни биёбон, ғам ема.
Ҳажр аро бўлсанг Аваздек бекасу ошуфта ҳол,
Бўлғуси, эй дил, муяссар васли жонон, ғам ема.
* * *
Дилбаримнинг бор манга атвори хўб,
Ҳам адову ишваю рафтори хўб.
Бўлғуси албатта мандек бешикиб,
Кимнинг эрса ҳусн аро дилдори хўб.
Ошиқи содиқнинг эй, аҳбоб эли,
Бор ҳақиқатда бари кирдори хўб.
Ҳурдин ҳам ишқ хайли кўзига,
Кўринур бешак ўзининг ёри хўб.
Курмагай асло ғаму меҳнат юзин
Қайси ошиқнинг эса ғамхори хўб.
Эй Аваз, бор жумлаи девон аро,
Хўблуғда ул иков гуфтори хўб.
* * *
Сўрмади ҳолимни, ёраб, ошнолардин биров,
Ул мурувватсиз, ситамгар, бевафолардин биров.
Ёр кўйида қилиб ғаммозлик изҳорини,
Солди бошимға қаро кун пур жафолардин биров.
Айламаским, айласа гар таъна жумла эл манга,
Кўрмади ҳажр ичра ман кўрган балолардин биров.
Баски қилди жабру, зулму, қаҳру, кийну ҳам итоб,
Бовар айлаб ғайр сўзин дилраболардин биров.
Ноз ила ажзу ниёзимни кўзига илмайин,
Нозанинлиғ кўргузуб, соҳиб адолардин биров.
Васл нақдин истабон нокому мардуд ўлдиму,
Кўйи маҳбуб ичра ман янглиғ гадолардин биров.
Эй Аваз, кўрган малолу, ҳасрату, ранжу, ано,
Йўқ жаҳон мулкида сандек бенаволардин биров.
* * *
Ҳар дам манга юз ситам қилурсиз,
Сабру хирадим адам қилурсиз.
Минг дардга мубтало қилиб вой,
Чашмимни чунонки нам қилурсиз.
Ғайри сарига бориб, чу пайдо
Жонимда туман алам қилурсиз.
Бир умр ғаминг юки тагида,
Эй шўх, қадимни хам қилурсиз.
Қаҳринг келибон ҳамиша мандин.
Пинҳон рух, аё санам, қилурсиз.
Бағримда қўярға доғ уза доғ,
Ағёр элига карам қилурсиз.
Бечора Авазни фурқат ичра,
Оромини мунъадам қилурсиз.
* * *
Ман чекмаган дарду меҳнат қолмади,
Бошимга келмаган офат қолмади.
Ўлгали етишдим ёра етгунча,
Манга юзланмаган кулфат қолмади.
Чекиб дарду алам ердан турғудек
Жисмимда заррача қувват қолмади.
Жудоликнинг ҳар бир куни қиёмат,
Анда ман кўрмаган шиддат қолмади.
Эрларнинг бошиға тушуб савдолар,
Аҳли ҳимматларда ҳиммат қолмади.
Ҳижронида ўтуб умрим тамоми,
Ёримға етарга фурсат қолмади.
Муҳаббатсиз аҳли олам, эй Аваз,
Гўё онларда бу хислат қолмади.
* * *
Оҳким, қилди фалак, айру диёримдан мани,
То йироқ солмоққа бир гулрух нигоримдан мани.
Хотирим ошуфта бўлса айб қилманг, негаким,
Солди айру чарх аҳбоб ила ёримдан мани.
Ҳодисоти даҳрдин бошимга юз савдо тушуб,
Қолмади осор қўлда ихтиёримдан мани.
Юзланиб бечоралиғ ҳар дам жудолиғ доғидан,
Қолмагай андак асар сабру қароримдан мани.
Не манга ёрону ҳамдам, не манга бир меҳрибон,
Шум иқболим аюрди, йўқу боримдан мани.
Ёр учун жоним фидо қилсам агар эрмас ажаб,
Қим аён ошиқлиғим афғону зоримдан мани.
Эй Аваз, қилма таажжуб борҳо ношод эсам,
Ким хабар олмас биров ҳоли назоримдан мани.
* * *
Букун, эй дўстлар, ёри вафодоримни соғиндим,
Анису меҳрибон маҳбуби ғамхоримни соғиндим.
Яна фарёду афғон айласам айб айламашларким,
Ҳамул шамшод қомат лола рухсоримни соғиндим.
Кўруб ой ила куннинг кеча-кундуз ичра анворин,
Ҳамул ҳусн авжида меҳри пур анворимни соғиндим.
Ҳануз айёми фурқат ранжу дардининг асириман,
Висоли ичра кўрган ҳаззи бисёримни соғиндим.
Жамоли бирла эрди кўзларим субҳу масо равшан,
Ҳамул хуршед сиймо шўх дилдоримни соғиндим.
Эрурман бекасу бедасту пою хастаю маҳзун,
Таажжуб қилмангиз ул беҳжат осоримни соғиндим.
Нетонгким, эй Аваз, бўлсам малулу телбаи мискин
Демакка ҳолим ул донойи асроримни соғиндим.
* * *
Мандин хабар олмас ошнолар,
Бегона мисол бевафолар.
Ҳижрон аро зору нотавонман,
Тортиб неча ун ила наволар.
Жонимни фидойи ёр қилдим,
Ишқ ичра чекиб туман жафолар.
Молимни йўлида айлабон сарф,
Мандин ҳазар этгуси гадолар.
Ноком бўлуб расолиғимдин,
Мақсудға етди норасолар.
Ҳар лаҳза қилур ҳужум сонсиз,
Бошимға фироқ аро балолар.
Кош эрди агар ижобат ўлса,
Баским Аваз айлаган дуолар.
ШЕЪРЛАР
XАЛҚ
Йўқ жаҳон мулкида биздек ожизу бечора халқ,
Зулм тиғи бирла бўлган бағри юз минг пора халқ.
Бир неча авбош бунда ҳукмронлиғ айласа,
Қолмағай ори на янглиғ меҳнату озора халқ.
Не аларда бор дурур илму адолатдин асар,
Не ажабким, топмаса доғи дилиға чора халқ.
Етган офатни бошиға доимо тақдир деб,
Ҳасрату армон билан кетгуси бора-бора халқ.
Бўлмайин онларда ҳеч миллат, ватанни сақламоқ,
Бўлди қурбон бу сабабдин доимо ағёра халқ.
Халқи оламни бари айлар тараққий кун-бакун,
Биз таназзул айлабон қолдиқ, эдик не кора халқ,
Кўзларин оҳиста-оҳиста агар очса замон,
Эй Аваз, бўлмас бунингдек борҳо овора халқ.
МИЛЛАТ
Топар эркан қачон, ёраб, ҳаёти жовидон миллат,
Топиб илму ҳунар бирла маорифдин нишон миллат.
Ватанпарвар — фидоий фирқалар то бўлмайин пайдо,
На мумкин топмоғи ўлган танига тоза жон миллат.
Фидо миллат йўлиға молу жон этмак керак ҳар ким,
Бўлай деса агар авлоди машҳури жаҳон миллат.
Очиб ҳар бир сарида мактабинг унвонин айлаб чўх,
Тараққий айламасми ўқубон беҳадду сон миллат.
Бу янглиғ олам аҳлидин кейин қолмай юруш айла,
Аваз, бўлғай уёниб комгору комрон миллат.
ТИЛ
Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур.
Ғайри тилини саъй қилинг билгали, ёшлар
Ким илму ҳунарлар ривожи андин аёндур.
Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка ани ғайрат этинг, фойдали кондур.
Илму фан уйига юборинглар болангизни,
Онда ўқуганлар бори яктойи жаҳондур.
Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидин ани бағри тўла қондур.
МАКТАБ
Очинглар, миллати вайронни обод этгуси мактаб,
Ўқусин ёшларимиз, кўнглини шод этгуси мактаб.
Дилу жон бирла эл мактаб очарга ижтиҳод этсин,
Нединким бизни ғам, қайғудин озод этгуси мактаб.
Кўнгулларнинг сурури, дағи кўзлар нуридур фарзанд,
Аларнинг умрини албатта обод этгуси мактаб.
Ота бирла онага фарз ўқутмоқ бизни мажбурий,
Ки бизни яхшилик қилмоқда муътод этгуси мактаб.
Қаю миллатга биздек гар насими инқироз етса,
Анга албатта мустаҳкамлик ижод этгуси мактаб.
Бу не навмидликдур, мактаб очсақ, оқибат бизни
Аруси ком ила мақсудга домод этгуси мактаб.
Аваз, ҳимматни қил олий очарга эмди мактабким,
Балойи жаҳлу нодонликни барбод этгуси мактаб.
ФИДОЙИ ХАЛҚИМ
Фидойи халқим ўлсун танда жоним,
Бўлуб қурбон анга руҳи равоним.
Гар ўлсам дарбадар мазлумлар учун,
Будур мақсуди қалби нотавоним.
Мани солса фано йўлига даврон,
Юрур устимдин авлоди замоним.
Умидим — яшасин мактаб боласи,
Алар ҳар бири бир шери жаёним.
На яхши ўйлаким, маъқулу манзур,
Аваз, халқим учун тўкулса қоним.
БАЙТЛАР
Илму фан уйига юборинглар болангизни,
Анда ўқуганлар бори яктои жаҳондир.
* * *
Дўстларим бўлсун десанг аҳли жаҳон,
Хулқи хушлуқни қил одат, эй Азиз.
* * *
Не яхши ўйлаким, маъқулу манзур,
Аваз халқим учун тўкулса қоним.
* * *
Гул каби бевақт ғунча очиб ноз қилма,
Булбул каби бепарда нағма-ю овоз қилма!
Гъайри тилни саъй қилинг билғали ёшлар,
Ким илму ҳунарлар ривожи андин аёндир.
Лозим сизга билув ҳар тилни она тилдек,
Билмакка они ғайрат этинг, фойдаси кондур.
* * *
Агар ҳар кимса сени севмас, борма анинг сори.
* * *
Гар пушаймон ўлмайин десанг, яна,
Бўйла аҳволи қабоҳат айлама.
* * *
Фурқат бошингга тушмайин вуслатни қадрин билмадинг,
Ранж ила меҳнат чекмайин роҳатни қадрин билмадинг.
* * *
Ростлиққа завол бўлмас эмиш, билинг!
Вафо аҳлига ичмаклик жаҳонда,
Ҳақиқатда эрур душвор савганд.
* * *
Дикар наҳле чекиб меҳнат бировлар,
Вале андин курар роҳат бировлар.
СИПОҲИ ПОРА ИСТАР
Сипоҳи пора истар
Мулла ижора истар,
Бечора чора истар,
Бир чора замон борму?
БИЛИНГ, УШБУ ЗАМОН ҒАМНОКИДУРМАН
Билинг, ушбу замон ғамнокидурман,
Куйиб ўртанган элнинг хокидурман,
Авазким, назм эллин чолокидурман,
Бошин олмоққа хоннинг покидурман.