Акмал Хўқандий (Мулла Шермуҳаммад) (18-аср 1-ярми, Фарғона вилояти Бойтуман қишлоғи— тахминан 1810, Қўқон) — ўзбек шоири. Махмурнинг отаси.
Ҳаёти ва ижоди ҳақида «Туҳфат ут-таворих» (1863, Муҳаммад Амин Аттор), «Мажмуаи шоирон», «Туҳфат ул-аҳбоб фи-тазкират уш-асҳоб» каби асарларда маълумот келтирилган.
Акмал Хўқандий Мадрасаи Мир (Қўқон) да мударрис бўлган. Ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Турли тарихий воқеаларга бағишлаб шеърлар, ширу шакар услубида мухаммаслар ёзган. Муҳаббат ва инсонийликни улуғлаган, адолатсизликни қоралаган, халқни маърифатга чақирган. Тузган девонлари сақланмаган.
Турли баёзлар («Баёзи янги», 1911; «Баёзи Муҳалло», 1912; «Армуғони Хислат», 1912)га кирган асарлари етиб келган.