Тош қотиб ухлаб ётгандим, аллакимнинг турткиси ва ҳаяжонли овозидан чўчиб уйғондим. Кўзлари бесаранжом боқаётган онам устимга энгашиб турарди.
– Тур, сени сўраб келишди. Турақол, – деди онам шошилиб, нимадандир қаттиқ безовталанган ҳолда.
– Ким… Ким сўраб кепти эрталабдан? – эринчоқлик билан бошимни ёстиқдан кўтариб қўйдим-у, яна ташладим.
– Тур деяпман сенга. Турсуной шўрлик дори ичиб қўйипти!
– Ни-ма?! Дори ичиб қўйибдими?! – Ўрнимдан учиб турдим. – Нега ичади? Кеча, куни кеча дуп-дуруст юрганди-ку? – дея тўхтовсиз савол берардим кийинишимга ёрдамлашаётган онамнинг юзига тикилиб.
– Ким билсин. Сенга ҳеч нарса демаганмиди, ахир? Отаси шунинг учун сенга келди-ёв. Бирор нимани сўрашса, ўйлаб кўриб, кейин жавоб бергин. Тағин…
Онамнинг сўзларини охиригача эшитишга сабрим етмади, отилиб ташқарига чиқдим. Онам ҳай-ҳайлаганча қолди. Гапларини охиригача эшитмаган бўлсам ҳам нима дейишларини биламан: “Бўлар-бўлмас гапларни валдирайверма. Тилингга эҳтиёт бўл! Тағин бошингни бир балога гирифтор қилиб қўйма. Турсунойдан қўрққулик…”
Ҳа, онам қадрдон дугонам, девор-дармиён қўшнимиз Абдуҳамид амакининг қизи Турсунойдан қўрқади. Нафақат менинг онам, балки дугонамнинг ота-онаси Абдуҳамид амаки билан Баҳри хола ва умуман кўпчилик ундан, тўғрироғи унинг ўзини тутишидан, хатти-ҳаракатлари сал бошқачароқ, яъни ғалати бўлгани учун чўчишарди. Бундан тўққиз ой аввал ҳам Турсуной ўзини ўлдиришга уринганди. Яхшиямки Абдуҳамид амаки бехосдан ҳаммомга киргану, сиртмоққа тикилиб турган қизини кўриб қолиб, бир ўлимдан қутқарган эди. Мана, бугун яна у…
Дарвозани очиб, кўчага чиққан ҳам эдимки, Абдуҳамид амакига тўқнаш келдим.
– Қизим, бу аҳмоқ қиз яна… – дудуқланиб гапирди ранг-қути ўчган, кўзлари ғилтиллаётган Абдуҳамид амаки.
– Қаерда ўзи? Уйдами, касалхонадами?.. – деб сўрадим шошиб.
– Секин, секинроқ гапир, – Абдуҳамид амаки ён-верига зимдан қараб қўйди. – Бошқалар билмай қўя қолсин дегандим. Бу аҳмоқ…
– Қаерда ўзи? – яна сўрадим ториқиб кетиб.
– Уйда… ётибди. Кечаси касалхонага оборгандик, ичини тозалаб-ювиб, қайтариб юборишди. Вақтида билиб қолган эканмиз… Саҳарда ўзига келиб, сени сўради… Шундан бери нуқул сени сўрайди…
– Қанақа дори ичибди?
– Қирқ дона демидрол…
– Вой аҳмоқ! – деб юбордим беихтиёр.
– Аҳмоқ ҳам гапми! Қани, олдига кир-чи, қандай гапи боракан?
Абдуҳамид амаки худди бир нима қидираётгандай ерга қараганча уйлари томон юрди. У киши жуда паришон эди. Юрагим увишди. Тарашадай қотма юзи ҳорғин, нигоҳлари ғамгин эди Абдуҳамид амакининг. Ўтган йили Турсунойдан кейин туғилган ёлғиз ўғли Тоштемир тўппа-тўсиндан оламдан ўтди, кейин эса кўз қорачиғидай арзанда бўлиб қолган Турсунойи сал бўлмаса ўзини осиб қўяёзди… Шулар асабига қаттиқ таъсир қилганидан бўлса керак, Абдуҳамид амаки дардчил бўлиб қолди.
Юрагим ҳаприқиб, у кишига эргашдим.
Абдуҳамид амаки қия очиқ турган эшикдан мени ичкарига киритди-да, ўзи ташқарида қолди.
Даҳлиздан ўтиб, ойнаванд эшикка яқин келдим. Юрагим гурс-гурс урарди. Турсунойга ҳали кўзим тушмаган бўлса-да, унинг аҳволини тасаввур қилардим. Қирқ дона демидрол таблеткасини ичиш… ҳазил эмас. Мен сира ҳам бундай қила олмасдим, деб ўйлайман, гарча ҳамма нарсадан ҳафсалам пир бўлиб, ёки азоб-уқубат жон-жонимдан ўтиб кетган тақдирда ҳам. Қизиқ, у бунга қандай журъат қилди экан?
– Сениям саҳардан безовта қилдикми, қизим? – дея қарши олди ичкарига кирганимда қайғудан абгор бўлган Баҳри хола.
– Аҳволи яхшими? – деб сўрадим кўзлари ярим юмуқ, вужудидан бутун қони силқиб оқиб чиқиб кетгандай юзи қор каби оқариб ётган Турсунойга назар ташлаб.
– Ухлаб қолдими дейман. Ҳозиргина шифтга қараб ётганди.
Баҳри хола қизининг юзига хавотир тўла нигоҳини тикди.
– Ухлаяпти шекилли.
Бир пас иккаламиз ҳам жим бўлиб қолдик. Хонага оғир сукунат чўккан, деразага ўзини уриб ғинғиллаётган пашшанинг овозигина эшитиларди фақат.
– Яхшигина юрганди, – дея сўзланди паст овозда Баҳри хола бироздан кейин мен томон буриларкан. – Ўқишигаям вақтида бориб келаётганди. Ўзингнинг ҳам хабаринг бор-ку айтгандай.
– Ҳеч ким билан уришмаганмиди? – деб сўрадим секин.
– Ҳеч ким билан! Унинг мушугини “пишт” дейишга бировимизнинг ҳам ҳаддимиз сиғмайди. Авваллари отаси индамасаям, мен тергаб турардим. Бултурги қилиғидан кейин менам индамай қўйганман. Ўқишига борадими-йўқми, уй ишларига қарашадими-қарашмайдими, ишим йўқ. Ўз ҳолига ташлаб қўйгандим. Қани, ўз билганича яшаб кўрсин-чи, деб. Мана, яна… – Баҳри хола кўйлагининг узун енгини кўзига босди.
Тилим лол, нима дейишни, куйиб кетаётган онаизорни қандай юпатишни билмасдим. Аслида гапга унчалик нўноқ ҳам эмасдим.
– Шошмаётган бўлсанг олдида бир пас ўтир, қизим. Ҳушига келганидан буён сени сўраётганди. Бир гапи бордир-да. Мен ташқарига чиқмасам бўлмайди. Юрагим сиқилиб кетаяпти…
Баҳри хола ўрнидан турди. Оёқлари увишиб қолган чоғи, энгашиб тиззаларини уқалади-да, кейин қаддини ростлади ва оқсоқланганча юриб кетди.
“Худойим, ўзинг сабр бер”, – деб қўйдим ичимда. Сўнг Турсунойнинг юзига термулдим. У чиндан ухлаяптими ёки ўзини ухлаганга солиб ётибдими, шуни билмоқчийдим. Шу чоғ Турсуной “ярқ” этиб кўзларини очди ва менга тикилиб қолди.
– Яна эплай олмадим… – эшитилар-эшитилмас пичирлади Турсуной, овози хириллаб чиқди, кўкарган лаблари зўрға қимирлади.
– Эплай олмаганингга шукр. Беадад шукр, – дедим хурсанд бўлиб.
– Сенга қачон хабар беришди? – деб сўради у яна пичирлаётгандай паст овозда.
– Ҳозиргина… ҳали ярим соат ҳам бўлгани йўқ.
– Қўрқиб кетгандирсан?.. – сўради у.
– Қўрқиш ҳам гапми!
Турсунойнинг бўзарган чеҳрасидан аллақандай синиқ, тушуниксиз табассум сирғалиб ўтди.
– Дарсга бормайсанми? – сўради у яна.
– Эртага бирга борамиз.
Жавобим ёқмадими ё толиқиб қолдими, Турсуной юзини девор томонга бурди. Бурди-ю, шу кўйи индамай ётаверди. Мен ҳам жим ўтиравердим.
Биз болаликдан бирга ўсиб-улғайдик. Бир мактабда, битта синфда ўқидик. Тан бераман, Турсунойнинг билими кучли эди, калласи зўр ишларди. Кўп китоб ўқирди-да. У ҳаммамизни ҳайратга соладиган қобилиятга эга эди, лекин нима учундир кўпинча ўзини “алиф”ни “калтак” дея олмайдиган болалардек тутарди. Фақат гоҳи-гоҳида ўз иқтидорини шу қадар қизғинлик билан намойиш қилардики, биз ҳайратдан ёқа ушлаб қолардик. Турсунойнинг феъл-атворидан унча-мунча хабардорлигим боис, мактабни битирганимиздан кейин битта университетга ҳужжат топширишга амаллаб кўндиргандим. Омадимиз чопиб, ўша йили иккаламиз ҳам талаба бўлдик.
Лекин кейин… Чопағон отнинг оқсашини кўринг, деганларидай, Турсуной университетда ҳам мактабда кўрсатган ҳунарларини такрорлашни бошлаб юборди денг. Ҳушига келса, дарсга боради, ҳушига келмаса – йўқ. Гоҳида икки-уч кунлаб уйдан бир қадам нарига чиқмай қўяди. Ота-онаси Худонинг зорини қилиб ялиниб-ёлворишди, қани энди қулоғига олса!
Қишки ёки ёзги имтиҳонлар бошланганида эса Турсуной ҳаммани ҳайратда қолдирмоқчидай фанлардан “аъло” баҳолар олиб, сессияни биринчилардан бўлиб ёпарди.
Шундай қизнинг мендан бошқа бирон яқин дўст-ўртоғи, дугонаси йўқ эди. Ўзи бирорта қиз ёки йигит билан яқинроқ муносабатда ёки сирдош бўлишга интилмаганига яраша, бошқалар ҳам нима учундир унга яқинлашишни исташмасди. Мен ҳам табиатан кўпчиликни унчалик суяверадиганлар хилидан эмасман, аммо ўзимга яраша таниш-билишларим, сирлаша оладиган яқинларим бор. Ёшимиз улғайиб, ақл-ҳушимиз тўлишган сайин Турсунойнинг хатти-ҳаракатларидан, ўзини тутишларидан гоҳ энсам қотадиган, гоҳ жаҳлим чиқадиган бўлди.
– Ўзингни бунча чеккага тортаверасан? – дедим охири кунларнинг бирида. – Худди ўз тўрига ўралашиб қолган ўргимчакка ўхшайсан!
– Нима қипти? – бепарволик билан сўради у.
– Ёлғизликдан юрагинг сиқилиб кетмайдими?
– Мен ёлғиз эмасман, – деди Турсуной ва кўзларини лўқ қилганча менга қадалиб тикилиб тураверди.
Шундан кейин ҳам бир нима деб кўринг-чи! Бўзарган чеҳрасидан, лоқайд боқаётган нигоҳларидан ҳеч нарсани уқиб бўлмасди.
Уйда эса Баҳри хола жиғибийрон бўларди.
– Тўрт чақалоғимни ерга қўйганимдан кейин топганим деб эркалатиб, қайсар қилиб юбордим деб ўйлардим. Йўқ, у ношуд, қип-қизил ношуднинг ўзгинаси! – деб қоларди хола менга ҳасрат қилиб. – Ёши йигирмадан ошди, игнадан ип ўтказолмайди ҳали! Мана, сени олайлик. Опанг, янганг бўлишига қарамасдан ош-овқатни, қозон-товоқни бўйнингга олгансан. У-чи? Ҳали тухумни ёққа ташлаб олишниям эплай олмайди. Мен бўлмасам, сингиллари бўлмаса очидан ўлади у!
– Ваҳима қилаверма, онаси, – дерди бундай пайтлари Абдуҳамид ака ўртага тушиб. – Ҳали бошига тушсин, ҳаммасини қулинг ўргилсин қилиб эплаб кетади. Ҳозирча сенга, менга эркалик қилади-да.
– Йў-ўқ, бу эркалик эмас, – дея ўз билганидан қолмасди баттар жазаваси қўзиган Баҳри хола. – У танбал, у дангаса, у ҳафтафаҳм!..
Турсуной ҳақиқатан ҳам дангаса эдими? Буни аниқлаш унчалик қийин эмасди. Унинг узилиб тушган тугмасини қадай олмай, онасига илтимос қилаётганига гувоҳ бўлганим рост. Бу борада Баҳри хола қисман ҳақ десам, хато қилмаган бўламан. Бироқ Турсунойни “ҳафтафаҳм” дейиш адолатданмикин?
…Чамаси бундан олти ойча илгари, кун айни жизиллаган пешин пайти дарсдан чиқиб, автобус бекатида тургандик. Уйларимиз университет биносидан бир бекат нарида жойлашган. Ярим соатлаб автобус кутгандан кўра пиёда кетаверганимизда ҳам аллақачон уйга етиб қўярдик. Лекин биз қоқ туш маҳал бекатда турибмиз. Зеро, Турсунойнинг хоҳиши шу эди!
– Қуёш нега ҳар куни чиқаверади, а? – деб қолди у бир маҳал ланжлик билан осмонга, нақ тепамизда турган май офтобига кўзларини қисиб қараркан.
– Қуёш тириклик манбаи, – дея билганимча ақлли жавоб қайтаришга уриндим. – Қуёш бўлмаса ҳаёт ҳам бўлмайди.
– Қуёш бўлмаса ҳаёт ҳам бўлмайдими? Унда “Мен барҳақман! Яратувчиман!” деган зотнинг хизматлари қайда қолади?
Турсунойдан бундай гап чиқишини кутмагандим. Ҳайрон қолганимдан, бирдан жавоб қайтара олмадим. У бўлса истеҳзоли кулимсираганча менга тикилиб турарди.
– Қуёш ҳаёт унсурларидан бири, – дедим бироздан сўнг хатойимни тўғрилашга уриниб.
– Шундай де…
Турсуной бошқа гапирмади.
Бир ҳафтадан кейин кутилмаган фожиа юз берди: дугонамнинг укаси оғриб-нетмасдан, тўсатдан ўлиб қолди.
Шундан кейин Турсуной ўқишгаям бормай қўйди.
Бу ёқда ёзги сессия бошланишига саноқли кунлар қолаяпти. Кутубхонада икки соатча ўтириб дарс қилганимдан сўнг терлаб-пишиб уйга келаётиб кўрдимки, Турсуной кўча эшик олдидаги супачада қандайдир хаёлларга ғарқ бўлиб ўтирибди.
– Нега яна дарсга бормай қўйдинг? – деб сўрадим унинг ёнига чўкиб.
– Ўқимайман энди, – терс жавоб берди у.
– Қизиқсан-а?
– Ҳа, шунақа.
– Уч йил ўқиб, энди ташлаб кетмоқчимисан? Ўтган умрингга ачинмайсанми?
– Уч йиллик умримгами? – деб сўради у.
– Нима фарқи бор?
– Ачинмайман.
– Жуда ғалатисан-а, тавба!
– Шунақаман…
Ишонасизми, ўша дақиқада у кўзимга, нима десам экан, худди… қалби орзулардан маҳрум бўлган, ҳеч бир аъмоли йўқ, эътиқодсиз муштипарга ўхшаб кўринди. “У қанчалар бахтсиз ва ожиз”, деган фикр пайдо бўлди онгимда.
Айтгандай, яна бир гап. Агар истаса, Турсуной бахтли бўлиши мумкин эди, аммо буни у хоҳламасди. Нега? Нима учун? Буниси менга қоронғи. Қалбни орзудан, қувончдан маҳрум қилиш ерни ҳаводай айириб қўйиш билан баробар. Бу ҳолда қандай яшаш мумкин?
Турсуной бўлса яшаяпти! Ўзимча, бундай одамлар сувга тушган хасдай ҳеч бир мақсадсиз ҳолда дунёдан ўтиб кетаверадилар; улар сузишмайди, оқим уларни олиб юради, деган хулосага келганим билан барибир юрагим лаҳза сайин аламли туғёнларга тўлиб борарди.
– Бу нима қилганинг, а?! Бу нима қилганинг? Ҳаммани эзиб юбординг-ку жуда! – дегандим зарда билан, қизишиб ўшанда. – Уч йил ўқиб, энди ўқимайман деб турганинг нимаси?
Турсуной бўлса пинак бузмади.
Бир нуқта бор бўшлиқда. Шундай пайтларда дугонам ҳамиша ўша нуқтага паришон ва аламангиз бир қиёфада тикилиб қолади.
– Тилингни ютворганмисан, нима бало?! – дедим овозимни кўтариб. – Сен билан одамга ўхшаб гаплашиб бўладими ўзи?
– Нега бунча қизишасан? Нима, сенинг яшашингга халақит бераяпманми? – деди у шунда аллақандай кутилмаган, фавқулодда бир қизғинлик билан. – Бир саёҳат қилиб келай деб йўлга чиққандим, қалбимни ўзига ром этадиган ҳеч вақо топмадим. Ғамгин бўшлиқ… Ундан бошқа ҳеч нарса… ҳеч нарса…
– Сен яшашни билмайдиган одамлар тоифасидан экансан, мана энди билдим.
– Ўзимни… – Турсуной ўйланиб туриб, сўнг гапини давом эттирди: – худди титраб-қалтираган ҳолда дор устида имиллаб юраётган дорбозга ўхшатаман. Назаримда… – у яна жим бўлиб қолди.
– Дорбознинг қўлида лангари бўлади, ўзи истамаса ҳеч қачон дордан йиқилмайди. Фикрингни тўғри англадимми? – дедим шартта.
– Ташлаган ҳар бир қадамим ўчиб бораётганини ўзим ҳам биламан…
– Ҳайкал эмассан-ку, қўққайиб туришимнинг ўзи ҳаётга зеб беради деб ўйласанг. Ҳаётни севиш керак. Шунда яшаганинг сайин яшагинг келаверади. Мен ўзим ҳаётда ҳар тонгдан яхши бир янгилик кутиб уйғонаман. Мана кўрасан, биз ҳали бахтли бўламиз!
– Сен бахтли бўласан, – деди шунда Турсуной жилмайиб. – Турмуш қурасан, севган кишинг, болаларинг бўлади. Бахтли яшайсан. Аммо кунларнинг бирида севган одаминг сенга хиёнат қилаётганини пайқаб қоласан-у, ҳаётинг заҳарга айланади. Ё бўлмаса…
– Қўйсанг-чи шунақа гапларни! – дедим бирдан юрагим орқага тортиб.
– Ҳаётингга оғу аралашмаса бўлмайди. Дунёнинг қурилиши шундай, – пинак бузмасдан, ҳеч бир иккиланишсиз гапида давом этди Турсуной.
– Нега… шундай?.. – дея пичирладим худди овозимни биров эшитиб қолишидан қўрққандай. Бояги жўшқинлигимдан асар ҳам қолмаганди.
– А-ҳа! – Турсуной сапчиб ўрнидан турди. Худди чақиндек “ялт” этиб ўтган ушбу оний сонияларда унинг зимистон юраги, сезгилари, ички шуури фавқулодда бир нур билан ёришиб кетгандек бўлди. – Мана энди ўзингга келдинг! Нега шундай? А, нега шундай? Ҳеч ўйлаб кўрганмисан?!.
Жавоб бермадим. Сароб жимирлаётган бўшлиққа тикилганча миқ этмай туравердим.
– Мен кўп, жуда кўп ўйлайман, – деди Турсуной. – Нега шундай? Нега бу дунёда тўкис бахт йўқ? Ҳаммаси Унинг, ёлғиз Унинг ихтиёрида бўлса, нега дунёни бекаму-кўст яратмади? Атиги бир марта, бир мартагина дунёга келадиган инсонни азоб-уқубатларга гирифтор қилмасликнинг иложи йўқмиди? Жаннат, дўзах, маҳшар тонги деганларига шунчалар уринсам ҳам мутлақо ишонч ҳосил қила олмадим. Жуда мавҳум.
– Балки мавҳум эмасдир, – дедим журъатсизлик билан.
– Майли, сен айтгандай бўлақолсин. Маҳшар тонги жами марҳумлар тирилади дейлик. Аммо бунда мантиқ қани? Масалан, мен йигирма бир ёшда, сен саксон ёшда бу оламдан ўтсак-да, маҳшар тонги учрашсак, қандай қилиб бир-биримизни таниймиз. Айниқса мен сени. Ахир сен мункиллаган кампир қиёфасида тириласан, шундайми?..
Шу вақт ҳовлида туриб шовқинимизни эшитдими ёки шунчаки чиқиб қолдими, дарвоза олдида Абдуҳамид ака кўриниш берди. У киши бизни кўрди, бош ирғаб мен билан саломлашди, сўнг ичкарига кириб кетди.
– Хабаринг бор, яқинда ёлғиз укамдан айрилиб қолдик, – дея маҳзун оҳангда гапида давом этди Турсуной. – Мендан аввал ҳам ота-онамнинг тўртта фарзанди нобуд бўлган. Дадам нима учун мени яхши кўради? Чунки мен туғилганман-у, кетма-кет юз бераётган ўлимлар тўхтаган. Мендан кейин укам туғилди. Лекин яна… Шугина ўлмаса бўларди!
– Ўзи берган, ўзи олади… дейишади-ку…
– Ўзи бунёд қилиб, Ўзи еб қўйса… бу нима дегани?!.
Мен, очиғи, бу саволга жавоб беришга ожиз эдим. Аммо бошқа бир нарсани англагандай бўлдим. Турсуной ўзгаларникига мутлақо ўхшамайдиган, умумнинг фикридан фарқ қиладиган аллақандай ўйлар таъсирига тушиб қолгандай эди. Бу кўп ўқиганлик оқибати эмасмикин? Ё укасининг ўлими уни қаттиқ ларзага солганмикин? Ёки аллақандай дард, босим туфайли ғайришуурий хасталик ҳолига тушиб қолганмикан?
– Сабр қилишса, балки яна ўғил кўришар, – дедим бошқа гап тополмай.
– Сабр… Яна қанча сабр қилишлари керак? Эҳтимол, айнан шу сабр-тоқат туфайли улар бахтсизликка гирифтор бўлишаётгандир? Ахир бир эмас, бешта фарзанддан жудо бўлиш… Инсоннинг елкаси кенг, ҳамма нарса сиғиб кетаверади, деган тушунчанинг натижаси эмасми бу?!
Турсуной менга кўзлари ёниб қараб қолди. Авваллари уни ҳеч бундай ҳолда кўрмагандим.
– Мен бора қолай, – дедим ўрнимдан қўзғалиб. – Ҳали имтиҳонларга тайёргарлик кўришим керак.
– Яна бир пас ўтир, – деди Турсуной илтимос оҳангида.
– Бошқа вақт… давом эттирармиз…
Мен дугонамнинг ёнидан тезроқ узоқлашишни истардим.
Шу суҳбатдан кейин кўп ўтмасдан “сиртмоқ” воқеаси содир бўлди…
Шундан кейин, гарчанд Абдуҳамид амаки билан Баҳри хола Турсунойдан кўз-қулоқ бўлиб туришни мендан илтимос қилишган бўлсалар-да, дугонамдан ўзимни четроққа торта бошладим.
Ёзги таътил тугаши арафасида Турсуной яна ўқишга қатнай бошлади…
Худди атай қилгандек (аслида ҳам шундай эмасми?), Турсуной бекатда турган бўлса, мен индамасдан университетга пойи-пиёда йўл олардим. У пиёда кетаётган бўлса, мен автобус кутардим. Аудиторияда ҳам ундан узоқроқда бўлишга ҳаракат қилардим. Назаримда, Турсуной буни сезарди. Аммо лом-мим демасди.
Бир куни иккаламиз чиқиш эшиги олдида тўқнаш келиб қолдик. У юзимга қаради, ғалати қилиб қаради, кейин асабий равишда кулиб қўйди ва индамай ёнимдан ўтди-кетди.
Турсунойнинг чеҳраси, қарашлари юрагимда азоб уйғотди. Шунда “У соғлом эмас”, деган фикр хаёлимга ўрнашиб қолди. Ахир… унинг ўйлари, мушоҳадалари… даҳшат-ку! “Одамда имон бўлиши керак. Одам бир нарсага имон келтириб, эътиқод қўйиб, ишониб яшаши керак”, дея тарбиялашган бизни. Турсуной бўлса… имонини йўқотганлардан. Шунинг учун унинг юрагини, шуурини қоронғи-зимистонлик чулғаган, ҳаётдан завқ олиб, баҳра олиб яшашни билмайди. Шу боис яшаш елкасидаги оғир юкдай туюлаётгандир дугонамга. Унга яшаш қийин, жудаям машаққат эканини ҳис қилдим. Ахир одам яшар экан, ўз жонини ҳам тикишга тайёр эътиқоди бўлмаса ёмон-ку…
Қанчалар аччиқланиб, хафа бўлиб юрганимга қарамасдан, Турсуной билан бафуржа гаплашиб олиш учун қулай пайт пойлардим. Қандайдир йўллар билан унинг юрагида ҳаётга, яшашга иштиёқ уйғотиш керак, шунда дугонамнинг ухлаётган, сўник ва совуқ қалби уйғонади, деган хулосага келиб қўйгандим ўзимча. Аммо бу ниятимни амалга оширишга улгура олмадим. Сиртмоқ воқеасидан кейин кўп ўтмасдан, аниқроғи кеча оқшом у яна ўз жонига қасд қилди…
Мана, айни замонда терс қараб ётган Турсунойнинг ёнида ўтирарканман, уни тушуна олмаётганимдан гоҳ ғазабим қўзиб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетардим, гоҳ уни уриб ташлагудай бўлардим.
– Ҳовлига чиқамизми? – деб сўради у бир маҳал мендан.
– Яхши бўларди. Қўлингни бер, ёрдамлашвораман, – дедим бирдан енгил тортиб.
Турсуной қўлини узатди. Қўли оппоқ, қонсиз… Қоқсуяк вужуди мадорсизликдан қалт-қалт титрайди. Мен уни юролмайди, қадам ташлашга ҳам ҳоли йўқ, деб ўйлагандим. Лекин дугонам юрди. Секин-аста, имиллаб, менга суяниб бўлса-да юрди.
Биз эшик олдига чиқдик.
Қуёш терак бўйи кўтарилган, ундан заминга тенгсиз қудрат ёғиларди.
Ўчоқ бошида куймаланаётган уч-тўрт аёл орасидан Баҳри хола сирғалиб чиқиб, шоша-пиша биз томонга юрди.
– Тоза ҳавога олиб чиқдим қизингизни, – дедим хола яқин келгач. – Анави сўрида бир пасгина ўтирсак майлими?
– Бемалол, болам, бемалол. Шуниям сўраб ўтирасанми?
Баҳри хола менга гапираяпти-ю, хавотир ва оғриқ тўла нигоҳларини қизидан узмасди.
– Ёрдам керак эмасми? – деб сўрадим ўчоқ бошидаги аёлларга ишора қилиб.
– Ўзимиз эплаймиз. У ерда сизлар қиладиган иш йўқ, – деди Баҳри хола. Сўнг, қизининг ўзига савол назари билан қараб қўйганини кўргач, бечора ошиғич изоҳ берди: – Шаҳри амманг ўзининг тез-тез оғриб қолаётганидан хавотирланиб Инобат фолбинга борган экан. Буни қара, амманг қолиб, фолбиннинг фолига сен тушибсан. Жинлар тегинаётган эмиш сенга. Қора қўйнинг қони билан сени қонлаб, гўштини тугун оши қилиб, хотинларга тарқатиб юборишимиз керак экан. Кун қайтмасдан шуни ўтказиб юбора қолайлик девдим. Сизлар бафуржа сўрида ўтираверинглар.
Баҳри хола этагини липасига қистирганча ўчоқ бошига қайтиб кетди.
– Дарров фолбингаям бориб улгуришибди, – пичирлади Турсуной сўрига чиқиб, қуроқ кўрпачалар устига ўтирганимиздан кейин. – Нима кераги бор эди?
– Хайрли ишнинг зиёни йўқ.
– Биласанми мана шу Шаҳри аммамнинг ёши нечада эканлигини? – шипшиди у аёллар орасида мункайиб турган кампирга ишора қилиб. – Билмасанг билиб қўй, аммам тўқсон олтига кирди! Салкам бир аср дегани бу! Ўзини қара, бир сиқимгина бўлиб қолган. Каттароқ челакка солиб кўтариб кетаверсанг ҳам бўлади. Салкам бир аср яшаётганига қарамасдан, мана шу аммам эт-бети сал оғриб қолса болаларини, невараларини шундай зир югуртирадики, асти қўяверасан. Дўхтир, табиб, фолбин-полбин, ишқилиб, ҳаммасини бошига йиғади. Ўзини қаратади…
– Яхши-ку, шунга нима бўпти, – дедим Турсунойнинг гапини бўлиб. – Аммангнинг хатти-ҳаракатларини ёқлайман. Ҳар қандай ёшда ҳам одам яшашга интилиши керак.
– Бу яшашга интилиш эмас, – деди Турсуной бош чайқаб. – Ҳаётнинг этагига маҳкам ёпишиб олиш бу. Ўлимдан қўрқиш бу. Буни қара, тўқсон олтига кирган кампир ҳамманинг жонига тегиб яшаб юрибди-ю, менинг муштдай укагинам… бу оламга сиғмади… Нега?.. Нима учун? .. У ҳам яшаб юраверса бўларди-ку!.. Анави ғўнғиллаётган асаларига қара. Шунинг ҳам ҳаётда ўз ўрни бор. Шугина жонзотнинг-а. Менинг укагинам… ахир у инсон эди-ку! Яшашга ҳаққи бор эди-ку!..
Бироз ўйланиб тургач:
– Сен-чи, – дедим, – яхшиси бир йигитни севиб қолишга ҳаракат қил. Биласанми, анави параллел потокдаги Даврон деган йигит бор-ку, ўша бечора анчадан бери сенга ғалати-ғалати қараб юрибди. Кўнглида бир нияти бор-ов!
Турсуной маҳзун кулимсиради. Кейин:
– Муҳаббат оғушига ташламоқчимисан мени? – деб сўради истеҳзоли оҳангда. Айни пайтда унинг юзига орият ва ғурур ифодаси балқди. – Ўрнингда бошқа одам бўлганида, биласанми, ҳозир нима қилардим?
– Нима қипти? Севиш, севилиш гуноҳ эмас.
– Ҳа, гуноҳ эмас. Лекин, аслини олганда, булар ҳаёт тузоқлари-ку. Кейин менам бошқалардек туганмас ташвиш, надоматлар ва ғам-ҳасратларга кўмилиб қоламан, а, шундайми?
– Бир уриниб кўргин, илтимос. Кейин биласан ҳаётнинг нақадар…
– Уриниб кўрганман, – деди Турсуной гапимни бўлиб ва яна бўшлиққа, ўша кўринмас лаънати “нуқта”га тикилиб қолди.
Эҳтиёткорлик билан сўрадим:
– Ўша Давронми?
– Даврон психологиядаги Мунавварни севади. Ёлғонни эпласанг гапир!
– Унда ким?
Турсуной туйқус “нуқта”дан нигоҳини узиб, менга ялт этиб қаради ва:
– Ҳеч ким! – деди қатъий оҳангда.
Оббо!
Мана, кўрдингизми, унга бас келиш қанчалар қийин!
Хунобим ошиб, ортиқ ўзимни босиб туролмадим:
– Бундан чиқди… бу… қирқ дона уйқу дориси ичишинг кимгадир аччиқ қилишинг оқибати экан-да?! – дедим Турсунойнинг кўзларига қаттиқ тикилиб.
– Асло, – хотиржам жавоб қайтарди дугонам. – Мен кимгадир аччиқ қилганим йўқ. Азоб-уқубатга тўла ҳаётда яшашни истамадим, сабаби шу.
– Ҳеч бўлмаса сенга ҳаёт берган ота-онангни ўйламадингми?
– Ота-онам менга ҳаёт бермаган. Улар дунёга келишим учун бир восита бўлишган. Менга ҳаётни У берган. Мен ўзимга берилган туҳфани асл эгасига қайтармоқчи бўлдим, холос. Норасида укам сиғмаган дунёда мен нима қиламан?
– Ё раббий! – деб юбордим беихтиёр. – Сен қандай балои азим бўлдинг?!
Турсунойнинг истеҳзоли нигоҳларида аллақандай учқун йилт этгандай, ҳаёт сезгилари юзага қалқиб чиққандай бўлди. Назаримда, бундай чақинлар аслида унинг онгида рўй бераётир ва шундай дақиқаларда мубҳам қийноқлардан зимистон бўлиб кетган юрагини қамраган бутун ҳаяжонлари, бутун шубҳалари, ташвишлари яна ўн баробарга ортиб кетарди, чамамда. Буни баъзилар инсон ақли ва иродасининг заифлашуви, деб атайдилар, яъни руҳнинг соғлом ҳолатдан чиқиши ва тубанлашуви…
Йўқ, менимча, бундай эмас.
– Биласанми, – деди Турсуной менга бир маҳал, – улар мени жин чалган деб ҳисоблаб чиллага солишмоқчи шекилли. Унда қирқ кунча кўришолмасак керак. Шунинг учун қанча гапинг бўлса, ҳозир айтиб қол.
– Хўп, – дедим бор илмий салоҳиятимни тўплаб, дугонамни доғда қолдиришга аҳд қилганимдан яна ҳовурим кўтарилганча, – сен ҳақсан, деб ҳисоблайлик. Мутлоқ эмас, албатта. Қисман. Яъни сен У берган “туҳфа”ни ўзига қайтармоқчисан ва бу билан туғилиш Унинг ихтиёрида бўлгани ҳолда ҳаётни давом эттириш, яшаш ёки яшамаслик Унинг ихтиёрида эмас, демоқчисан шекилли. Шундайми?
– Ў, ва ниҳоят жирафага ҳам етиб борибди гапим! – деди Турсуной кинояли оҳангда.
– Қисқаси, ҳаётимга ўзим чек қўйиш қудратига эгаман, демоқчисан. Буни тушундим. Сен ҳақсан, чинданам жирафага бу фикр энди етиб келди. Бироқ… бироқ сен бир нарсага аҳамият бермабсан.
– Нима экан?
– Ахир, сен У берган туҳфани бир эмас, икки марта қайтариб беришга уриндинг. Аммо икки марта ҳам бунинг уддасидан чиқолмадинг. Нега бундай бўлди экан? Ҳеч ўйлаб кўрдингми?
– Ўйладим, – мен кутгачанлик узоқ ўйланиб ўтирмай, шу заҳоти жавоб қайтарди Турсуной. – Кўп ўйладим. Биринчи мартасида сусткашлик қилдим чамаси. Ўз танангга ўйлаб кўр. Йигирма бир ёшда бўйнингга сиртмоқ солиш… Атиги бир неча дақиқага кечикдим. Дадам келиб қолдилар… Кейингисида… менимча, дорининг дозасини оширишим керак эди.
– Қирқта уйқу дориси камлик қилди, демоқчимисан?
– Шундай.
– Биласанми, менинг бир амаким эшакдан йиқилиб тушиб оламдан ўтган. Эшакдан-а! Ақл бовар қилмайдиган ҳодиса-ку бу, тўғрими?!
– Эшакдан йиқилиб тушиб ўлиш кулгули, ҳаттоки ишончсиз, албатта. Лекин агар амакинг тошгами, ўткир темиргами боши билан тушган бўлса…
– Гапни чалғитишга уринма! – дедим жаҳлим чиқиб. – “Агар-магар”ни ҳам қўй. Агар кимнингдир жони Унга керак бўлса, хамирдан қил суғургандай қилиб, истаган жойда, истаган вазиятда олади-қўяди.
– Ўламан деганинг билан ўлолмайсан, демоқчисан, шундайми?
– Шундай.
– Шундайми? – Турсуной аллақандай бесаранжом, безовта нигоҳ ташлади менга. – Шундайми?..Кўрамиз!
Шу пайт олдимизга Баҳри хола келиб қолдию баҳсимиз узилди.
– Кампирлар сени сўрашаяпти, юра қол, қизим, – деди Баҳри хола қизига қараб.
Дугонам эса менга тикилиб турарди. Нигоҳларида безовталик зуҳур бўлди, аммо индамай сўридан тушди ва онасига эргашди. Турсунойнинг мана шу “мўмин”лигида ва шиддат ила айтилган “Кўрамиз!” деган ваъдасида нимадир яширингандай эди. Бир гап бор-ку, инсон миясида туғиладиган фикрда ҳамиша недир яширин, бошқа одамларга англатиб бўлмайдиган алланима қолиб кетади, миянгиздан асло четга чиқишни истамаган алланима доимо қолади ва у абадий сиздан ажралмайди.
– Чиллага солиш фойда берармикан? – деб сўради ёнимда пайдо бўлган Абдуҳамид амаки ўчоқ боши томонга кўз узмай тикиларкан. – Менинг уруғимда, ота-боболаримдан авлиё-анбиёлар ўтган. Балки ўшаларнинг арвоҳи қизимга тажовуз қилгандир, а?
– Менимча, ҳамма гап унинг миясида, – деб қўйдим.
– Миясини қаратиш керакми?
– Миясини тозалаш керак.
Бошқа гапирмадим. Гапириш ниятим ҳам йўқ эди.
Шу куни Турсунойни чиллага солишди.
Биз энди қирқ кун кўришмаслигимиз лозим. “Чилла”нинг талабларидан бири шундай.
Мен ўзимча кун санардим ва ҳайрон қолардим: Турсуной ёлғизликдаги қирқ кеча-кундузни қандай ўтказар экан?
Шу билан бирга ич-ичимдан дугонам мана шу қирқ кунни сабр-тоқат билан ўтказишига ишонардим, ахир у хонанишин яшаб ўрганиб қолган. Яна бир нарса аниқ. Дугонамнинг мана шу сабр-тоқатида ҳам ўзига хос нимадир мавжуд. Бунда “жин”ларнинг хуружидан холи, уларнинг аралашувисиз ва яна аллақандай телбалик аломатларидан холи бошқа бир нарса мавжуддай эди, дейлик, Турсунойнинг онги ва шуурида юз бераётган “чақин”лар, ўз-ўзини ҳамда дунёни англашнинг фавқулодда кучайган ҳолати… “Нега? Нима учун?..” – жонига ёпирилиб ҳужум қилаётган ушбу саволларга жавоб излашдан безор бўлиб кетганидан у ҳаётдан аламли, аччиқ бир лаззат ичида ўч олаётгандир.
Ниҳоят чилла муддати адоғига етди.
Дугонам Турсуной қирқ кунлик чилла синовидан эсон-омон ўтди. Қирқ биринчи куни эса… ўзини ўзи осиб қўйди!
Яна ўша ҳаммомда.
Не ажабки, бу сафар ҳам Турсуной омон қолди. Бир ҳафта шифохонада ётиб чиқди. Нафаси ичига тушиб қолган экан-да.
Уни кўргани бордим.
– Яна эплай олмадим, – деб шивирлади у.
Овози ўша-ўша, юзи ўша-ўша, фақат оппоқ, силлиқ бўйнида кўкимтир из қолган; жуда олисдан бошланган нигоҳлари вужудимни тешиб ўтиб, қаёққадир, номаълум бўшлиққа интиларди…
Орадан тўққиз ой ўтди.
Тош қотиб ухлаб ётгандим…
Кимдир силкитиб уйғотди.
– Тур, Турсуной яна ўзини осиб қўйибди…