Кампир етмишларга борган, чўпдай озғин, ияги эртаклардаги ялмоғиз кампирнинг иягидай олдга туртиб чиққан, лаблари ҳаётнинг шўриш азобларини татиб кўраверганидан тиришиб-буришиб қолгандай сўлғин ва қуруқ, бурни сўппайган, киртайган кўзлари чуқур ботган – маъюс боқар, аммо жаҳли чиққанида нафақат кўзлари хунукдан хунук чақчаяр, балки бутун юзида қўрқинчли ифода пайдо бўларди, қоқсуяк гавдаси эса хиёл эгик, лекин жуда серҳаракат, чаққон, кийимлари эса ҳамиша тоза ва оҳорли эди.
У ғира-шира қоронғида ачиган-чириган ҳидлар анқиган мева-чева бозорига одатдагидай ҳаммадан олдин келди. Бир қўлида қўш термос ва бошқа қақур-қуқурлари ортилган яп-янги аравача, иккинчи қўлида каттагина тўрвахалта. Тез юрганидан ҳарсиллаб нафас оларди. Кампир аравачани тортиб келаркан, қадди янада эгилар, шунинг учун ҳам кўйлагининг олд этаги узунроқдай кўринарди.
Кампир етиб келганида олтмишларга борган, соч-соқолига оқ оралай бошлаган қоровул эндигина катта жигарранг темир дарвозани очиб, атрофни кўздан кечираётган эди. У тонг ёришмасдан бозорда пайдо бўлган кампирга кўзи тушиб, норозилик билан ғўлдираб қўйди:
– Саҳарлаб бало бормикин бу қари қарғага.
Яхши ҳамки кампирнинг қулоғи сал оғирроқ, акс ҳолда бечора қоровулнинг соч-соқолидан асар ҳам қолмасмиди? Бироқ кампир қоровул билан сўрашмасдан ўтмайди.
– Яхши юрибсанми, Болтавой? Бола-чақанг омонми?
– Ҳа, омон, омон. Омон бўлмай нима… – ёқтирмайроқ жавоб берди қоровул. – Фақат сиз қачон менинг исмим Болтавой эмаслигига аҳамият бераркансиз?
– Менинг уйчам ҳам омонми, Болтавой?
– Омон, омон. Ана, қўққайиб турибди. Эшик-деразалари беркитилган бўлса, ким ҳам тегинарди?
– Ҳа, яхши…
Кампир бир оз юргач, чапга бурилиб, ғира-ширада оқаринқираб турган уйчага яқин келди.
Қишда қалин палтосининг, ёз бўлса кўйлагининг устидан мудом кийиб юрадиган енгил камзули чўнтагидан калит чиқариб, эшикни очди, ичкарига кирди.
Зум ўтмай, худди кампир келишини кутиб тургандай бозор бирдан жонланди. Дарвозадан турли кишилар, сотувчилар, ошхона эгалари, бозор ходимлари кириб кела бошлади. Кечаси уюм-уюм қоплари устида тунаб қоладиган деҳқон-сотувчилар негадир ҳар доим ҳаммадан кейин, бозорда шовқин-сурон қўпганидан сўнг эринибгина уйғонишади.
Бу вақтда кампир бирига чой, яна бирига аччиқ қаҳва дамланган термослари ёнида кела-келгунча шақир-шуқур қилган чашкаларини чайишга улгуриб, ҳар доимги мижозларини кутиб олишга шай турарди.
– Розияхон, мана қаҳвангиз, – кампир қайноқ ҳовур кўтарилаётган чашкани қирқ беш-эллик ёшлардаги аёлга узатди. – Кеча бундан кейин сал қуюқроқ дамланг, дегандингиз, мана, айтганингиздай дамладим.
Картошка-пиёз қопларининг устида ўтирган Розияхон деганлари – унинг исми аслида Салимахон, лекин кампир уни ҳар доим Розияхон деб атайди, у тўладан келган, билаклари лорсиллаган, ойтовоқдай юзида кўзлари бир чизиқдай билиниб-билинмай турган, шартакироқ аёл, – ёйилиб илжайганча кампирнинг қўлидан чашкани оларкан:
– Ўзимнинг ақлли опоқимдан айланай! – деди гўё қаршисида етмиш яшар кампир эмас, етти яшар бола тургандай эркалаб. – Оҳ, оҳ, ҳидини қаранг, ҳидини… Эртага яна шунақасидан бўлсин, хўпми?
– Хўп.
Салима-Розия чойчақа узатди.
– Энди борақолинг. Сиз билан валақлашишга вақтим йўқ.
Кампир хурсанд бўлиб пулни олди, санамасдан чўнтагига солиб қўйди-да, аравачасини суд-раб йўлида давом этди.
Икки-икки ярим соат ичида мижозларини чой ва қаҳва билан сийлаб чиққан кампир чошгоҳгача – яна чой тарқатиш вақти бўлгунча бекор турмаслик учун ўзига иш қидира бошлади. Аҳвол деярли ҳар доим шундай: сотувчиларни чой ва қаҳва билан сийлаб бўлгач, у аравачаси билан бировларнинг юкини ташийди, картошка-пиёз саралайди, жуда бўлмаса сом-сапазларга ёрдамлашиб, чойчақа ишлайди. Ёки бир чеккага ўтиб иштиёқ ва диққат билан аравасини тозалаб, у ер-бу ерини кўздан кечирган бўлади. Ишқилиб бекор турмайди-да.
Фақат чошгоҳдаги “чайпите”дан кейингина кампир бир оз нафас ростлаш ва гурунглашиш учун таниш мижозларидан бирининг олдига келиб дардлашиб ўтиради.
– Уф, чарчадим, Жамила, жудаям чарчадим… – дея зорланди у одатдагидай ҳорғинлик билан. – Болаларим қачон катта бўлишаркин-а?! Ишонасанми, кечқурунлари оёқларим шунақа қақшайдики! Айниқса бошим шундай оғрийдики, худди қизилиштон тумшуғи билан дарахтни тўқиллатиб ургандай бир шовқин қулоқларимда ғувиллаб кетади…
Савдо тиғиз бўлишига қарамай, кампирни эшитиш учун ҳамиша вақт топадиган, кўнгли бўш, раҳмдил олма сотувчи аёл – дарвоқе унинг исми Сожида, лекин кампир унга Жамила деб мурожаат қилади, – ачинаётганини сездирмасдан:
– Қизингизнинг бўйи чўзилиб қопти, худо хоҳласа ҳадемай ёнингизга киради, – деди хайриҳоҳлик билан. – Кўпам ўзингизни уринтираверманг, чарчаб қоласиз.
– Чарчасам гўрга, – деди кампир. – Чарчасам нима бўпти, бир юмалаб ухлаб олсам, ҳаммаси ўтиб кетади. Мендан кўра, болаларимга қийин. Улар менсиз қийналиб кетишди. Ахир ўзингиздан қиёс-да, тонг саҳарлаб бозорга келиб, қош қорайганда уйга борасиз. Бола бечоралар нима еб, нима ичиб ўтиришибди… Бир ерлари оғриб қолса, кимга айтишади… Ким уларнинг жонларига оро киради?.. Кеча кенжатойим Фаррухнинг қорни оғриб қопти. Бечора болам тушгача тўшакда буралиб ётибди… Мен бундан бехабар…
– Ноила қарамабдими укасига? – сўради Жамила-Сожида.
– Қараган. Қизим боёқиш укасига меҳрибон. Дори берибди, қорнини жун рўмол билан боғлаб қўйибди. Лекин Фаррух тинчланавермагандан кейин укасига қўшилиб йиғлабди-да бечора…
– Ҳа, тирикчилик-да энди… Илож қанча…
– Тирикчилик ҳам ўлсин. Эртадан кечгача бозорда изғиб юрганимга яраша, дурустроқ топсам эди.
– Сиз яхши топасиз, опоқи. Ҳадеб ўзингизни қийнайверманг.
– Бе, қаёқда… Кеча кун бўйи паттачилар қувғинида юрдим. У ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам кетимдан қолишмади. Охири бозордан ҳайдаб чиқаришди. Қанақадир текширувчи келармишми-эй. Сиз эшитмадингизми?
– Йў-ўқ… Эшитмадим…
– Сизга яхши, ҳар қалай бозорда ўз жойингиз бор. Шунинг учун ҳам сизга индашмайди. Бизга ўхшаганларни эса кун бўйи ортимиздан қувишади, ярамаслар.
– Сиззиям уйчангиз бор-ку…
– Бе… Бу уйчани Наримон бойвачча инъом қилган. Савоб учун дегандир-да. Лекин у ерда ўтиргим келмайди.
– Сизлар ҳам патта олсангиз яхши бўларди.
– Бе, ўзи арзимаган чойчақа ишласам, бу пулга патта оламанми, рўзғорга ишлатаманми?
– Ҳа, майли… Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, куйинманг.
Кампир бир лаҳза жим қолди. Сўнг маҳзун оҳангда деди:
– Ҳа, яхши бўлиб кетар. Лекин унгача ета олармикинмиз?.. – кампир чуқур хўрсинди. Мунғайиб қолди. Шундай кезларда у аллақачон умрини яшаб бўлган, қуриб-қовжираган бўлса-да, дарахт шохида илиниб, амал-тақал жон сақлаб турган япроққа ўхшарди.
– Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, – деди Сожида-Жамила.
Кампир Жамила-Сожида билан хайрлашди.
Вақт тушга яқинлаб қолганди.
Бозорда кампирнинг чой ва қаҳвасига ўрганиб қолган сотувчилар анча-мунча эди. Улар кампирнинг ўзидан кўра, ёшини ҳурмат қилишар, аллақандай тушуниксиз, қачонлардир бўлган-бўлмагани номаълум воқеалар ҳақидаги ҳикояларини сабр-тоқат билан эшитишар, эски-янги пул аралаш қайтим қайтарганида индамай олишар, Сожида-Жамилага ўхшаганлар кампир йиғлаганда қўшилишиб йиғлашар, бошқа одамга, яъни неча йиллардан буён кампирнинг хотирасидагина яшаётган, ҳозирда бор-йўқликлари маълум бўлмаган одамларга эврилганларидан оғринишмас, лекин ҳеч қачон насияга чой ҳам, қаҳва ҳам олишмасди. Мободо насияга чой ёки қаҳва сўрагудай бўлишса, улар қанчалик қадрдон бўлиб қолганларига қарамасдан, кампир бунга асло рози бўлмаслигини жуда яхши билишарди.
– Хафа бўлманг, синглим, мижозим бўлсангиз ҳам насияга беролмайман. Уйда учта болам очдан оч ўтиришибди! Мен уларни мана шу чойчақа билан боқишимни била туриб, насияга сўрагани уялмайсизми?! – дея бобиллаб берарди кампир насия сўровчининг кўзига тик қараб.
Баъзида у бирдан бозордан ғойиб бўлиб қолар, орадан уч-тўрт соатлар ўтгач, гоҳ маҳзун тортган, гоҳида йиғлаб, кўзлари қизарган ҳолда яна пайдо бўларди.
– Холиданинг аҳволидан хабар олгани бордим, – дерди у доимий ҳамсуҳбати Сожида-Жамиланинг олдига келиб. – Бечора бир аҳволда ётибди… Ачиниб кетдим… Ўлиб қолса, болаларининг аҳволи нима бўлади?..
Кунларнинг бирида эса…
– Холида шўрлик оламдан ўтибди! – деган хабар билан келди юраги ёрилгудай бўлиб. – Э Худойим!.. Энди нима бўлади? – Кейин бирдан қони қайнаб кетди: – Ҳаммасига эри Шокир пиёниста айбдор! Уни суд қилиш керак! Осиш керак уни!
Бозорда янги пайдо бўлган кишилар дастлабки кунлар чой сотиб тирикчилик қиладиган кампирнинг бип-бинойидай усти-бошию хорижий арава ва термосларига қараб туриб ҳайрон бўлишади, бу номутаносибликнинг тагига етганларидан кейингина кампирга ҳам, унинг алмойи-алжойи гапларига ҳам ортиқча эътибор бермай қўйишади.
Аммо бу ердагиларнинг ҳаммаси ҳам гўё ўтмишдан тушиб қолгандай кечгача бозорда тентираб юрадиган, ҳеч ким мушугини пишт демаса-да, мудом паттачилардан ўзини олиб қочишга уринадиган, бозор мутасаддилари у билан хушмуомалада бўлишса ҳам негадир улардан норози бўлиб, бир нималар деб қарғаниб юрадиган, аллақандай тушуниксиз, қачонлардир бўлган-бўлмагани номаълум воқеалар ҳақида гапиравериб чарчамайдиган кампирни ҳурмат қилади деб бўлмасди. Уни ёқтирмайдиганлар – айниқса овозини узоқдан эшитиши билан асаби бу-зилиб кетадиганлар, кўзини шамғалат қилиб, устидан куладиганлар, ортидан тош отадиганлар ҳам талайгина эди.
– Зарилга зарил, анави шумкампирга нима зарил экан, жонини бунча қийнаб?! Уйида мазза қи-либ ўтирмайдими?! Агар менинг ўғлим амалдор бўлганидами!
Ҳали айтганимиздай, кампир бундай ивир-шивирларни ҳадеганда эшитавермайди, аммо эшитиб қолса борми, ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Унинг тили заҳар эди:
– Ҳа, оғзингдан қонинг келгур! Мен билан нима ишинг бор?! Нима, бозор сенинг маҳрингга тушганми ёки уни Наримон бойваччадан сотиб олганмисан?!
Гап отган одам вазминроқ бўлса яхши, кампир кўп шанғилламайди, айтадиганини айтади-да, аравачасини судраганча йўлида давом этаверади. Лекин рақиб асабийроқ, жанжални пулга сотиб оладиганлар тоифасидан бўлса борми, бозорга ўт кетди дейверинг.
– Нималар деб валдираяпсиз? Наримон бойвачча деганлари ким ўзи? Бозорком Содиқ бойвачча-ку! Сиз қайси замонда яшаётганингизни биласизми ўзи?!
Жанжалкашнинг шу уч оғиз гапи етарли, кампир бирдан қутуриб кетади:
– Ҳой, манжалақи, нима, мени эсдан оғиб қолган деяпсанми?! Бозорнинг хўжайини Наримон бойвачча эканлигини билмасанг, юр, ўзим кўрсатиб қўяман!
Кампир аравачасини улоқтириб юборадию, жанжалкаш томон хезланади.
Аллакимлар ҳай-ҳайлашиб, уларни ажратиб қўйишса олам гулистон, бир зумда кўзлари қонга тўлган кампир ҳансирай-ҳансирай нари кетади. Акс ҳолда у йиқилиб қолгунча, эркак-аёл демасдан ёқасига чанг солиб, айюҳаннос кўтариши турган гап. Аллакимлар бозор маъмуриятига кампирнинг устидан шикоят ҳам қилишади, лекин у ердагилар негадир минғирлашдан нарига ўтишмайди. Кампирнинг танобини тортиб қўйиш эсларига ҳам келмайди. Қай бир йили эса… ҳе йўқ, бе йўқ, бозор маъмурияти кампирга бемалол ўтириб савдо қилиши учун барча шароитлари муҳайё бўлган уйча совға қилди. Аммо кампир уйчада бир соат ҳам ўтириб савдо қилмади.
Шунинг учун ҳам бозордагиларнинг кўпчилиги кампирдан безиб қолишган. Айримларнинг уни кўргани кўзи йўқ. Баъзилар ундан очиқдан очиқ нафратланишади.
– Тур, йўқол, эси паст кампир! Ким сени чақирди бу ерга?! – деб ҳайдашади улар тап тортмасдан.
Аммо кампир ҳам индамай кетадиганлар хилидан эмас.
– Оғзингдан қонинг келгур, нега мени ҳайдаб соляпсан?! Нима, сенга халақит беряпманми? Ё олдингдаги ошни олиб қўйдимми?!
Шундай кезларда қаердан бўлса ҳам етиб келган Сожида-Жамила кампирнинг жонига оро кирар, уни бу ердан узоқроққа олиб кетарди.
Бир куни бозордагилар – афтидан улар янги сотувчилар эди – кампирни роса майна қилишди. Чунки у бир замонлар золим подшоҳ зулмидан қочиб, ғорга беркинган ҳамда Тангрининг амри билан уйқуга кетган ва уч юз йилдан кейин уйғониб, бозорга чиққан садоқатли ва дунёбехабар йигитларга ўхшаб, аллақачон муомаладан чиққан эски пуллар билан савдо қилаётганди-да.
– Даққиюнусдан қолган пулларни бошимизга урамизми?! Бу кампирнинг томи кетиб қолган. Уни аллақачон жиннихонага топшириб юбориш керак эди!
Кампирнинг ғазаби қайнаб кетди. Тожи юлиб олинган хўроздай жаҳд билан олишувга шайланди. Лекин “…жиннихона” деган сўзни эшитиб беихтиёр қалтираб кетди ва шаштидан тушди.
– Бу одамлар ақлдан озиб қопти… – дея ғудранди у йўлда кетиб бораркан.
Кейин ажабланганча Сожида-Жамиланинг олдига борди.
Сожида-Жамилагина кампирнинг қалбига йўл топа олади, у пул алмашганини айтганидан кейин кампир бир нималарни фаҳмлагандай бўлиб:
– Э-ҳа, гап бу ёқда экан-да, – деб қўйди. – Мен дунёбехабар…
Кампир жимиб қолди.
Лекин зум ўтмай Сожида-Жамилани саволга тутди:
– Пул қачон алмашди ўзи?
Бундай кезларда нима дейишни яхши биладиган Сожида-Жамила шу заҳоти жавоб берди:
– Куни кеча.
– Ҳа, шунақа денг.
Кампир бир зум ўйланиб турди, сўнг афсусланиб:
– Кеча телевизор кўрсам бўларкан… – деб қўйди.
Сожида-Жамила индамади.
Кампир яна бир зум ўйланиб турди-да, сўнг:
– Ҳозирги одамларнинг шунчалик қаҳри қаттиқ-ки, бу аҳволда йигирма йилдан кейин нима бўларкин?.. Билмадим… – деди аста ўзига ўзи гапиргандай.
Сожида-Жамила изтироб ичида:
– Аллақачон йигирма йил ўтиб бўлган-у… – дея шивирлади.
Кампир ўртоғининг гапини англамади.
– Келинг, бир пас дам олволинг, – Сожида-Жамила кампирнинг ҳалидан буён қаршисида тик турганига аҳамият бермаганидан хижолат тортиб, унга жой беради.
Шунда кампир бирдан ўзига келиб дейди:
– Вой, безовта бўлманг, ўргулай. Ўзингиз бемалол ўтираверинг жойингизда. Мен қариб боряпманми? Энди элликнинг бошини тутган одамга бу юришлар нима!
Баъзида, дардлашадиган мижозлари бозорда кўринмай қолса ёки тайинли бир иш тополмаган кунлари кампир зерикканидан одамларнинг асабига тегиб, кечгача бозорда беҳудага изғир, ҳеч ерда тўхтамас, аравасини шалдиратиб судраганча гўё бир нарсани қидираётгандай расталар орасида айланиб юраверади, юраверади; савдо тиғиз пайтлари оломон уни у ёқдан-бу ёққа суриб ташлар, бировлар атай туртиб ўтар, лекин кампир ҳеч нарсани сезмас, кўзи кўр, қулоғи кар, ўз маромида давом этаётган ҳаётни ҳис қилмас, қаердадир узоқда, ҳаммадан, ҳамма нарсадан узилиб қолгандай, гангираганча кезиб юраверади; гоҳида эса дуч келган одамнинг ишига бур-нини тиқар, суҳбатларига аралашар, ораларида гап қочганидан кейин худди бу ердагилар уни бозордан сиқиб чиқаришга уринаётгандай туюлиб, қаттиқ жаҳли чиқиб кетар, кейин хато устига хато қилиб қўяр, онгини қуршаган зулмат пардасига тобора чуқурроқ кириб борарди… оқибат шу даражага етадики, ҳеч ким кампирни эплай олмай қолади; кампир ўтмишда ҳеч қа
чон журъат қила олмаган ишни қилар, исён кўтарар, ниҳоят қидириб юрган одамини топгандай, ўзи итдан ҳам баттар ёмон кўрадиган бирорта паттачининг юзига боплаб тупурар, йиллар давомида ўзини эзиб ташлаган оламжаҳон беъмани сўзлар уюмини юрагидан итқитиб ташларди. Бундай кезларда унинг телбадан фарқи қолмасди.
Шунда кимдир кампирнинг уйига хабар беради шекилли, ўн дақиқа ўтар-ўтмас етиб келган “жип”дан иккита барваста йигит тушадию жазаваси қўзиб, айюҳаннос кўтараётган кампирни авайлаб икки қўлтиғидан олишиб, бозордан чиқиб кетишади…
Йўқ, у телба эмасди. Унинг хотираси инқирозга учраган, неча йиллардан буён кўрлик дунёсидан ҳам баттарроқ бир зулмат ичида, оламдаги ўзгаришлардан бехабар, на кечанинг, на бугуннинг фарқига бормасдан, ёлғиз, ҳаттоки ёлғиздан ёлғиз, ҳудудсиз зулмат ичида яшарди. Онг-шуурида ҳаётининг фақат энг оғир дамлари – йигирма йил муқаддам, бозорда чой сотиб тирикчилик ўтказган даври – худди ҳалокатга учраган вақтнинг бир парчасидай қотиб қолган; ёши бир ерга борган, рўзғорнинг барча ташвишларидан қутилган бўлса-да, ҳамон илгаридай, яъни оиланинг бутун ташвишлари ўз гарданида бўлган вақтлардагидай куйиб-пишиб юрар, ҳолдан тойиб ётиб қолгунча бозордан бери келмас, лекин ҳеч қачон бировнинг молига кўз олайтирмас, ўзи ўқимаган ва онгига сиғдира олмаган сонмингта дунёвий қонунлардан фақат биттасини – “Ҳалол яша”, деганини жуда қаттиқ ушлаб олган, худди битта тўғри чизиқ бўйлаб тинимсиз бориб-келаётгандай яшар, келажак эса… назарида жуда узоқда, ҳеч етиб бўлма
йдигандай туюларди; жисми кундан кун қуриб-қовжираб борар, гўё тириклайин мурдага айланганди, аммо бир кун бозорга чиқмаса фарзандлари оч қоладигандай мудом қўрқиб яшарди, ваҳоланки ўзи қўрққан даҳшатли нарса аллақачон юз берганини, у бозорда юрганида уйи ёниб кетганини, қизи билан кичик ўғли олов ичида қолиб нобуд бўлганини, фақат бир ўғли омон қолганини, дугонаси Холида пиёниста эрининг калтагидан кейин ўнглана олмай, жиннихонада ётганини, қўшнилари унинг болаларини етимхонага топшириб юборишганини эслай олмасди…
Хуллас, кампирнинг хотирасида на ўтмиш бор, на келажак…. фақат бугунни – бир лаҳзалик умрни яшаб қолиш билан чекланарди.
Гоҳида эса беихтиёр эски уйига бориб қолади.
Ёниб кетган ҳовли қайта таъмирланган, лекин энди бу ерда бегонадан бегона кишилар яшайди, улар кампирга яхши муомала қилишади, гўё мурувват кўрсатаётгандай унга уй ичига киришга рухсат ҳам беришади. Кампир нега бу ерга келганини, нима мажбур қилганини сезмаган, англамаган ҳолда хоналарни бир-бир айланади, ҳар бир хонанинг ҳар бир бурчаги кампирнинг хотираларини ўзида сақлайди, зеро хотиралар ёнмайди, аммо бу хоналар кампирнинг ўзи цингари қизғанчиқ, хотираларни унга бермайди, бироқ у кетаётганида ортидан мунғайиб қараб қолишади…
Кампир яна хотираларининг синиқ парчалари сочилиб ётган бозорга қайтади.
– Ернинг қоқ қиррасида турганга ўхшайман, – дейди у ўйчанлик билан шу куни Сожида-Жамилага. – Ернинг қоқ қиррасида. Пастга энкайсам тамом… ҳаммаси тугайдигандек… Нега бундай, билмайман.. Ўлай агар билмайман. Сенда бунақа бўлмайдими сира?
Сожида-Жамила маҳзун бош чайқайди.
Кампир муштини иягига тираганча жим қолади. Шу туришида у нақ қари қарғанинг ўзгинаси эди.
Аллаким, бу сотувчими ёки харидорлардан, номаълум, – ўтиб кетаётиб тасодифан кампирни туртиб юборади, кейин шоша-пиша узр сўрайди, аммо аллақачон ғишт қолипдан кўчганди, кампирнинг чатнаб турган асаблари ўт тушган қуруқ гиёҳдек бирдан пов этади…
* * *
Тинчлантирувчи уколдан кейин кампир одатдагидай уч-тўрт соат донг қотиб ухлади. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандай, тиниқиб уйғонди. Уйғондию соатга қаради, кейин шоша-пиша ўрнидан турди.
– Ўлсин… Ухлаб қопман…
Кампир ғудранганча даҳлизга чиқди.
Бу ерда унга ўттиз ёшлардаги жувон пешвоз чиқди.
– Яхши ётиб турдингизми, ойижон?
– Роса ухлабман-да ўзиям, – деди кампир унга жавобан. – Сал вақтлироқ уйғотсанг бўлмасмиди?
– Яхшилаб дам олволинг дедим-да…
– Дам олмасам гўрга, дарров термосга чой дамла.
– Ойи, кеч бўлиб қолди…
– Кечки бозорга чиқаман.
– Ойи… илтимос, бугунча чиқмай қўя қолинг.
– Нега чиқмайман? Оёғимни узатиб уйда ётсам, тирикчилик нима бўлади?
– Эртага чиқа қоласиз. Ҳали Розия опоқи айтди, бугун бозор вақтли тугабди. Қандайдир текширувчилар келармишми…
Кампир бирдан ҳушёр тортди.
– Текширувчилар?
– Ҳа.
Кампир ўйланиб қолди.
– Розия бежиз хабар бермаган. Яхшиси чиқмай қўя қолай. Сенам уйингга кета қол, Манзура. Қайнонангдан балога қолма тағин.
– Қайнонамнинг зуғумидан қочиб келиб сизникида яшаб юрибман-ку, қаёққа бораман?
– Ҳа, айтганча… хаёлимдан кўтарилибди… Қайнонанг ўлмади, сен қутулмадинг.
– Овқат тайёр, сузаверайми?
– Ноила билан Акбар қани? Фаррух ҳали мактабдан келмадими?
– Улар ошхонада, сизни кутиб ўтиришибди.
– Менам ҳозир бораман.
Кампир ҳовлига чиқди.
Нақшинкор панжарали, мармар зиналардан бир-бир босиб тушаркан, атрофга ҳайрат билан боқди.
Ҳовли жуда ҳашаматли эди.
Аммо кампир ҳеч қачон бу ерда ўзини ўз уйида яшаётгандай ҳис қилмасди. Бу уйдаги ярқироқ ҳаёт унинг кўзларини қамаштирар, гўё келажакка сайёҳат қилгандай, баъзида ёқимли туш кўраётгандай бўларди холос. “Қачон ўз бошимга уй битадию, бу ердан тезроқ даф бўларкинман?..” – деб қўярди у гоҳида сиқилиб кетганидан. Ўзининг бундай ҳашамат ичида яшаётганининг сабабини гоҳида бозорком Наримон бойваччанинг илтифоти сифатида қабул қиларди, гоҳида эса ижарада турибман, деб ўйларди.
Атрофидаги нарсаларга тикилиб ўтириб кампир гоҳида бирдан ўзини кўланкалар водийсида юргандай ҳис қилар, ғалати кайфият чулғаб олар, ҳаётининг оғир дамларини қайта ва яна қайта яшаётгандай алланималар таниш туюлар, лекин мавжуд олам билан ўзи ўртасида қандайдир ўтиб бўлмас тўсиқ бордай, тўсиқ оша назар ташлашга нимадир изн бермаётгандай, аллақандай шарпалар кўз олдидан бирма-бир ўтишга шайланиб тургандай бўлар, юраги санчиб кетар, ўзини чуқурга тушиб кетгандай ҳис қилар, мудом ғувиллаган шамол эсиб турадиган чуқур… кампир чуқур деворларига тирмашиб, юқорига чиқишга уринар, аммо ғувиллаган шамол овозига қў-шиб, уринишларини ҳам аллақаёқларга олиб кетар, кампир эса чуқурда тиним билмай айланаверади, айланаверади, худди бозорни айлангандай, лекин кўп ўтмай эртанги тирикчилик ҳақида ўйлаб дарров ўзини алаҳситар, аммо нима учун безовта бўлганидан сира ҳам ташвишланмас, қўрқувга тушмас, қалби даҳшатли ёнғиндан кейин қуриб-қақшаб ётган қўрғондай
яна ҳувиллаб қоларди. Ким билсин, эҳтимол у озгина бўлса ҳам қўрққанида, сергак тортганида, ҳаётга қайтармиди, лекин у қўрқмасди, таажжубланмасди, ҳатто ўйлаб ҳам кўрмасди, – худди ерга уруғ сочиб қўйган-у, лекин кейин ҳаммасини унутган деҳқондай, – афтидан шунинг учун ҳам тобора зулмат қўйнига кириб борарди…
Ярим соатлардан кейин кампир намхуш юзини силаганча ошхонага кириб келди.
– Ура, бувим келдилар!
Саккиз ёшлардаги болакай югуриб келиб кампирни қучоқлаб олди.
– Буви, дейсанми, Фаррух? Қачон ақлинг киради сенинг? – кампир енгилгина танбеҳ берди болакайга.
Кейин бирин-кетин салом берган қизча билан йигитчага қараб:
– Ноила, бугун ёпган нонинг тандирдан тушиб қолмадими? – деб сўради.
– Йўқ, мана, кўринг, бугун жуда чиройли нон ёпдим… о-ойижон… – қизча кўзлари жавдираганча бир жуфт нонни узатди.
– Ҳа, яхши, анча қўлинг кеп қопти. Энди бозорда шошилмасдан, хотиржам юрсам бўларкан. Сен-чи, Акбар, Самаднинг дўконидан ун олиб келдингми?
– Ҳа, олиб келдим, – деб жавоб берди Акбар четга қараганча.
– Дуруст…
Шундан кейингина кампир набиралари, э, фарзандлари билан ўтириб овқатланди. Кейин болалар телевизор кўришди. Телевизорнинг экрани жуда катта, уйдаги бошқа жиҳозлар каби жуда ҳашаматли ва ноёб эди.
Кампир юмшоқ диваннинг чеккасида ҳашамату бойлик ичра бир сиқимгина бўлиб ўтираркан… яна ўзини бегона уйга кириб қолгандай ва қоронғида – бир вақтлар орзу қилган, лекин етиша олмаган нотаниш буюмлар ичида туртиниб-суртиниб юргандай ҳис қилганча эртанги бозор ва тирикчилик ҳақида ўйларди: “Манзура энди қайнонасиникига кетмайдиган бўлса, ундан фойдалансам нима бўпти? У ҳар куни сомса ёпиб бераверади, мен чой ва қаҳвага қўшиб сотавераман. Ахир энди оиламиз анча каттайди, униям боқишим керак-ку! Лекин уни бозорга йўлатмайман!”
Тонг отмасдан кампир яна бозорга отланди.
– Ойи, энди шу ишни бас қила қолинг, илтимос.
Қирқларга борган, башанг, уйда ҳам галстук тақиб юришни унутмайдиган, басавлат йигит энгашиб шошилганча термосларини аравага юклаётган кампирнинг олдига келди.
– Мени ойи дема, деб неча марта айтганман, Даврон! Барибир ўғлим бўлолмайсан, – кампир ишидан бош кўтармай жавоб берди. – Яхшиси уй топ. Қачонгача онанг жияним бечорани хўрлайди, азоблайди!
– Яхшиси сиз дам олинг, ойи! Агар хоҳласангиз, шу бугуноқ санаторийга юбораман.
Кампир ўз машғулотидан бир лаҳза ҳам чалғимаган ҳолда тўнг жавоб берди:
– Мен ҳали оёғимни узатиб, дам оладиган кунларга етганим йўқ.
– Етгансиз, ойи. Етгансиз! – бақириб юборди йигит изтироб ичида.
Кампир илкис бошини кўтарди. Нигоҳлари қаттиқ, лекин маънисиз эди.
– Менга бақирма! – деди у кескин оҳангда. – Мен одамларнинг калтагини ейиш, ҳақоратларини эшитиш учун туғилмаганман!
– Ойи!.. – Йигитнинг юзи қорайиб кетди.
– Ақл ўргатавериб тоза жонимга тегиб кетдинг. Яхшиси хотинингни олиб уйимдан чиқиб кет! Қачонгача сенлар учун ҳам ижара пули тўлайман?!
Кампир шундай деди-да, аравасини судраганча кўча эшик томон йўл олди.
Йигит бир зум ўйланиб турди, сўнг икки ҳатлашда кампирни қувиб етди ва уни даст кўтарганча хонага олиб кирди-да, эшикни қулфлади.
– Эшикни оч! Оч деяпман! – эшикни муштлаганча бақирди кампир. – Агар ҳозироқ очмасанг, Наримон бойваччага айтиб, уруғингни қуритиб юбораман ҳаммангнинг! Оч! Оч, деяпман!
Кампир қўлига илинган нарсани эшикка ура бошлади.
Йигит қулоқларини бекитганча, эшикка суяниб турар, кўзлари жиққа ёш эди.
– Қўйинг, уни қийнаманг, – деди хотини яқин келиб. – Ойим шу ҳолича яшасагина ўзини яхши ҳис қиладилар.
– Ўйлаб гапиряпсанми?
– Хотираси ўзига қайтса, нима бўлади, биласизми?
– …
– Ноила билан Анвар қани, деб сўрасалар, нима деб жавоб берасиз? Уларни топиб бероласизми?
– Ўчир!
Жувон жим бўлди.
– Жонимдан тўйиб кетдим! – шивирлади йигит асабий тарзда. – Бозордагиларнинг шикоятидан жоним ҳиқилдоғимга келди! Қачонгача уларнинг олдида тилим қисиқ, илтимосларига йўқ деёлмай яшайман?!
– Начора… Лекин…
– Бир ҳафта уй қамоғида ўтирсалар, бозорни эсларидан чиқариб юборадилар. Бор, сен ишингдан қолма.
– Эсларидан чиқармайдилар, касал бўлиб қоладилар!
– Нима бўлса бўлар!
Хотин нари кетди.
Йигит ичкарига қулоқ тутди. Кампир бирдан жимиб қолганидан хавотирланди.
– Ойи…
Ичкаридан жавоб бўлмади.
Йигит бир зум иккиланиб турди, сўнг аста эшикни очди. Деворга қапишиб турган кампир шу заҳоти ўзини эшикка урди.
Кампирнинг бундай шумликларига ўрганиб қолган йигит ҳам бўш келмади, эшикни ёпиб, қулфлашга улгурди.
– Мени қўйиб юбор! Қўйиб юбор! – жазава ичида қичқирди кампир ўғлига ёпишиб. – Агар ҳозироқ қўйиб юбормасанг, болаларимнинг уволига қоласан!
– …
– Агар эшикни очмасанг, ўзимни деразадан ташлайман, – кампир дераза томон юрди.
– Билганингизни қилинг.
Йигит пайтдан фойдаланиб ўзини ташқарига олди.
Яна эшик қулфланди.
Зум ўтмай кампир шундай айюҳаннос кўтардики, анча-мунча одамнинг асаблари дош бериши қийин эди. Аммо йигит чидади, стол қиррасини маҳкам ушлаганча, бир нуқтага тикилиб тураверди.
– Акбар! Мени қутқар, болажоним! Улар мени ўлдириб қўйишади! – қичқирди кампир эшикни муштлаб. – Мени қутқар, Акбар! Ноила, қаердасан, Ноила?!. Улар мени ўлдириб қўйишади… Тириклай кўмиб юборишади… Онангдан айрилдинг, болам…
Бир чеккада турган жувон чидай олмай эшикка яқин келди.
– Агар эшикни очсанг… – йигитнинг кўзлари таҳдидли боқди.
– Қанақа одамсиз… Ахир бунақада…
Йигит жаҳл билан хотинининг устига бостириб келди. Жувон қўрққанидан ғужанак бўлиб олди. Лекин зум ўтмай қаддини тиклаб, эрига лабларини қимтиганча қаҳр билан қаттиқ тикилди.
Йигит унга қўл кўтармади. Аммо…
– Менимча ойимни ҳаддан ортиқ эркалатиб юбордим. Кўнгилларига қарайверганим учун ҳам ўғлим бор экан, нимаики қилмайин одамлар кўтараверади, деган фикрга келиб қолганлар. Етар, шунча вақт одамларга масхара бўлганлари!
Жувон эрини биринчи марта кўриб тургандай ҳайрат билан боқди.
Кейин:
– Шу гапларни сиз гапиряпсизми, – дея эътироз билдирди. – Қанақасига… ойим сизни ўғлим дейди? Ахир у киши сизни танимайдилар-ку!
– Йўқ, – кескин бош чайқади йигит. – Одам ақлдан озган тақдирдаям бунчаликка бормаслиги керак. Ахир онамни қанча даволатдим. Вақт ва тиббиёт ҳаракатга келтира олмайдиган хотира бўлмаслиги керак!
– Бўлиши мумкин…
– Менимча ойим атай қиладилар… Ўз касалига боғланиб қолганлар.
– Ё тангрим, – деб юборди жувон беихтиёр.
– Ахир қачонгача, она ўз ўғлини танимайди? – деди йигит кутилмаганда йиғламсираб. – Ахир қачонгача… Қачонгача… ўтмиш бизни таъқиб қилади?!. Ахир ҳаёт бир одамга шунчалик ҳам азоб берадими?! Кеча йўқ… Эрта йўқ… Фақат бугун билан одам қандай яшайди? Бугун кўриб турганларига қараб қандай хулоса чиқаради? Ахир қачонгача худди актёрлардай ўз уйимизда рол ўйнаймиз?! Мен Акбарман, лекин Даврон деган йигитнинг ролида чиқишим керак ҳар куни, ҳар сонияда саҳнага! Бу азоб-ку, азоб! Бу аҳволда қандай яшайди одам?! – йигит деворни муштлади. Унинг юзи қордай оқариб кетганди.
– Ойим яшаяптилар-ку…
– Мен яшай олмаяпман! Мен! Мен! – йигит бошига муштлай бошлади.
Жувон югуриб бориб стаканда суюқлик олиб келди.
– Ичиб олинг. Тинчланасиз…
Йигит стаканни бир кўтаришда бўшатди. Зум ўтмай у сал ўзига келди.
Бироқ…
Кампир энди дод солишга ўтди.
– Ҳой одамлар, ёрдам беринглар! Сизларда инсоф борми ўзи?! Бир бечора аёлни хўрлаётган золимдан шунчалик ҳам қўрқасизларми?! – кампир кўча томондаги деразага тирмашар, уни очмоқчи бўлар, алҳол очарди ҳам, лекин… энди темир панжарага урилган бармоқлари зириллаб кетарди, бироқ кампир бунга парво қилмас, у жони оғриётганини сезмасди. – Бир бечорага ёрдам берадиган мард борми бу дунёда?! Золимларнинг дастидан куйиб адо бўлдим-ку…
Эшик барибир очилмади.
Кампир эзилиб йиғлай бошлади…
* * *
Кампир касал бўлиб қолди. Уй қамоғи унинг асабларига ёмон таъсир қиларди. У ўзини эшик-деразаларга ура-ура, ниҳоятда ҳолдан тойган, афт-ангорига қараб бўлмасди. Қўллари шилинган, юзи, пешонаси моматалоқ бўлган…
Энди у ўзини у ёқ-бу ёққа урмасди, фақат дераза олдига бориб қўлларини икки ёнига керганча дарахтга айланарди.
– Қарға… Қарға… Кел, шохларимга қўнсанг-чи, – кампир ўзини улкан дарахтдай ҳис қиларди. – Кела қол. Нега жим туриб қолдинг? Кел, кела қол… Лекин билиб қўй, бошимга қўнмайсан!
Кампир хиёл эгилди, гўё шохларини пасайтирди. Аммо кутилмаганда… қарға унинг шохларига эмас, миясига кириб олди.
– Ҳа, ярамас! Яна эски жойингни топиб олдингми? Кишт! Кишт… Оббо, яна қағиллашни бошлади! Мана бу еримда қарға қағиллаяпти, – кўрсаткич бармоғини чеккасида айлантириб, ғудранганча уй ичида юра бошлади кампир. – Қарға… Қарға… Йўқ, мен қарғаман… Мен қарға… Худди эртаю кеч дарахтда қимир этмай ўтирадиган қарға… Ўзича ҳаммага керакман, деб ўйлайди. Аслида ҳамманинг жонига тегиб кетган! Ҳе, ношуд… Намунча қағиллайсан?! Бунақада миямни тешиб қўясан-ку!
Кампир ўрнидан туролмай, ётиб қолганидан кейин эшик очилди. Жувон унга ғамхўрлик қила бошлади.
Аммо кампир ҳадеганда ўзига келавермагач, дўхтир чақиришди.
Уни кўрдию кампир яна шайтонлай бошлади:
– Вой-дод! Анави алвасти сочимни олгани келди. Кийимларимни ечиб, калта халат-иштон кийдиради. Мени яшириб қўйинглар! У мени опкетиб қолади! Тезроқ яшир мени, бекит. Кўзга кўринмайдиган ерга бекит! Қариганда шарманда бўлмайин… – кампир ёстиқ билан бошини бекитди.
– Ойи… – йигит онасига яқин келди.
Кампир кутилмаганда ирғиб ўрнидан турдию хона ичида чир айланиб қоча бошлади, ҳеч ким – на доктор, на… йиғламоқдан бери турган ўғил уни тутишга жазм этишди.
Аммо кампир барибир хонани гир айланиб югураверди, югураверди. То ҳолдан тойиб қолгунча… ва узун кўйлагининг этакларига ўралиб йиқилиб тушмагунча…
– Илтимос, мени касалхонага опкетманг, – дея ялина бошлади у ерда чўзилиб ётганча дўхтирга қараб, кўзлари қопқонга тушишдан хавфсираётган жониворнинг кўзларидай така-пука эди. – Мен жинни эмасман. Ақлим жойида. Лекин Холиданинг аҳволи оғир. Сиз ўшани олдига боринг. Уни даволаш керак…
– Майли, Холиданинг аҳволидан хабар оламан, – деди дўхтир неча марта айтган сўзларини яна такрорларкан. – Йўл-йўлакай Қодир аравакашниям кўриб ўтаман.
– Барака топинг, илойим…
– Лекин аввал сизга…
– Йўқ! Йўқ! – докторнинг қўлидаги шприцга кўзи тушган кампир типирчилай бошлади.
– Ойи! – йигит кампирнинг билакларидан маҳкам тутди.
Кампирнинг юзи аянчли буришиб кетганини кўрган жувон уни қучоқлаб олди. Кейин эрига ёвқараш қилиб деди:
– Жони оғриб кетди ахир!
Йигит ичида қаттиқ ўкинди, қўлини сал бўшатди, лекин гап оҳангини ўзгартирмади:
– Агар ҳозироқ укол олишга рози бўлмасангиз, ўзим касалхонага обориб ташлайман! Тушундингизми, ойи?! – йигитнинг изтироб тўла нигоҳлари онасининг маъносиз нигоҳларига қадалди.
Бир лаҳза… атиги бир лаҳза кампир кўланкалар водийсидан қайтгандай бўлди, ҳозирги аҳволидан уялгандай ўғлига хижолатли назар ташлади. Сўнг…
– Укол олсам, обормайсанми? – деди боягидай ялинчоқ оҳангда.
– Йўқ.
– Алдаяпсан! – кампир қаттиқ силтаниб қўлини тортиб олишга уринди.
– Ойи! – йигитнинг нафақат кўзларидан, балки баданидаги ҳар бир мўйидан учқун сачраб кетгандай бўлди. – Ойи, ҳаммамизни қийнаб юбордингиз-ку! Бўлди-да энди! Сизнинг дастингиздан қачонгача юзим шувит бўлади?!
Кампир бирдан ғалати бўлиб кетди. Ҳатто ток ургандай сесканиб тушди.
– Қийнаб юбордим?.. – такрорлади у йигитга қараб. – Нега?… Сизларни қийнаб юбордимми?.. Ахир мен эртаю кеч… бозорда юрсам… ишлаб… пул топиб… Ўйловдимки… ҳеч кимга оғирлигим тушмайди… Ё ўзим сезмаган ҳолда юзингизни шувит қилиб қўйдимми?.. Лекин нега…
– Бас қилинг, ойи! Бас қилинг. Сиз топган пулларнинг кераги йўқ! Эшитяпсизми, кераги йўқ! Моғор босган пулларингиз ана, ҳамёнингизда турибди аллақачонлардан бери…
– Нега?.. – кампир ажабланди. – Яна пул алмашдими?
– Ойи! Агар ҳозироқ бас қилмасангиз… ўзимни бир бало қилиб қўяман!
Кампир қўрқиб кетди. Қаршисидаги йигитга қўрқинч ичида бир неча сония тикилиб турди. Нимадир ўз маромидан четга оққанидан йигитнинг қаттиқ жаҳли чиқаётганини илғагандай бўлди, аммо нима? Кампир зўр бериб ўйламоқчи бўлди, лекин ҳеч нарсани англай олмаётганидан қийналиб, юраги сиқилиб кетди.
Кейин ҳиққиллаб йиғлаганча:
– Акбар… Ноила… Фаррух… – дея болаларини йўқлай бошлади.
– Ойи! Улар сизнинг набираларингиз! Нега тушунмайсиз?
– Набираларим?! – кампирнинг кўзлари чақчайди. – Набираларим… – дея такрорлади кейин. – Менинг болаларим қани унда? Акбар… Ноила…
– Ойи!
Йигит бутунлай ўзини йўқотиб қўйди, у нима қилаётганини билмас, ўзини бутунлай жаҳлнинг ихтиёрига топширган, ҳадеб кампирни силталар, бир нималар деб бақирарди.
Жувон чидаб туролмади, эрини итариб юбордию жон ҳолатда кампирга ёпишиб олди.
Дўхтир шоша-пиша яна битта шприцни дорига тўлдирди.
– Ойи, ойижон, бизни кечиринг, – деди жувон кампирни қучоқлаб. – Бизни кечиринг… Биздан хафа бўлманг…
– У хафа бўлмайди, – деди йигит хирқироқ овозда. – Хафа бўлишни билмайдию..
Жувон шаҳд билан эрига тик қаради:
– Ойим идрок қила олмаслиги мумкин, лекин хафа қилишганда кўнгиллари оғрийди. Ахир у кишида ҳам юрак бор!
– Э, юрак ҳеч қачон ақл беролмас экан! Мана, исботи… – деди йигит тўнғиллаб, у яна асабийлаша бошлади.
Шу чоғ дўхтир гапга аралашди:
– Тўғри, юрак ақл бера олмайди, аммо мия ҳам юрак бўлолмайди.
Йигит индамади. У дераза олдига бориб орқа ўгирди.
Доктор кампирга юзланди.
– Тайёрмисиз, онахон?
Ўзини ҳаётга боғлаб турган нарса чил-чил бўлгандек, паришон тортиб қолган кампир аввал ҳаммага бир-бир қараб чиқди, бесаранжом, безовта нигоҳлари бир муддат ўғлига тикилиб қолди, кейин индамай билагини тутди.
Ниҳоят у тинчланди, лекин дарров ухлаб қолмади. Бир муддат қўлларини кўксида чалиштирганча, шифтга тикилиб ётди, сўнг қорачиқлари секин ёнга эниб, яна йигитга қадалди ва аста-секин киприклари жипслаша бошлади, лекин кўзлари бутунлай юмилмади, худди кўз қири билан ўғлига қараб тургандай қотиб қолди… Аммо йигит онаси томонга қайрилиб қарамади.
– Акбар Турдиевич, – деди кекса доктор дориларини сумкасига жойларкан йигитга зимдан қараб. – Нима қиласиз, ўзингизни ҳам, кампирни ҳам қийнаб? Яхшиси кампирни касалхонага ётқизиш керак.
– Йўқ!
– Тушунмайман, нега… Нима учун… ҳар доим…
– Онамни бир марта касалхонага ётқизишган, – жавоб берди йигит. – Ўшанда сочини олмоқчи бўлишган… ва яна… Мен у вақтларда ёш бола эдим… Шундан бери онам касалхонадан қўрқади.
– Энди… ундай бўлмайди. Ваъда бераман…
– Йўқ!
– Биласизми…
– Доктор, – сўзни кесди йигит. – Нега бундай, а? Нега?.. Наҳотки хотирани қайтариб бўлмаса?
– Бу саволингизга тиббиёт нуқтаи назаридан жуда кўп марта жавоб берганман, – деди доктор. – Аммо айтилмаган бир гап қолди.
– Хўш?
– Ҳаёт ҳаддан ташқари чидаб бўлмайдиган даражага етганида, Тангрининг ўзи бандаларига мурувват кўрсатади…
– Мурувват?! Ҳали бу… мурувватми?! – йигитнинг юзига заҳарханда ва истеҳзога тўла таббассум югурди.
– Телбалик ҳам инсонни кўп азоблардан қутқаради.
Йигитнинг юзида азобли ва истеҳзоли табассум янада бўртди:
– Аввал хароб қилиб, кейин…
Дўхтир кетди.
Йигит каравотга яқин келиб, пишиллаб ухлаётган кампирнинг қўлини қўлига олди.
– Ойи… Ойижоним-а…
Тонгга яқин кўзи илинган йигит бехосдан уйғониб каравотга қаради. Кампир у ерда йўқ эди.
Йигит алам билан пешонасига муштлади.
Кампир шу куни ҳам, эртасига ҳам уйига қайтмади.
У ғойиб бўлганди…
Қидирувлар натижа бермади.
Кампир йўқолган хотираси цингари изсиз йўқолганди…