Фақат ёруғдагина соя кўринади…
Нурли кунлар эди унда. Иккови бир-бирини еру кўкка ишонишмасди. Ажиб оҳанглар сарчашмаси бўлмиш болалиги ўз ўрнини ўсмирликка бўшатиш арафасида эди. Билмайди, не сабаб фақат уни кўргиси, фақат уни дегиси келади. Кеча-кундуз уни ўйлайди. Шу ажиб тароватли, фараҳбахш ҳиссиётга алданди-ю, болалигидан айрилди…
Нурли кунлар эди унда. Дорилфунун хиёбонидан иккови сирлашиб ўтишар экан, улар гапига сармаст терак япроқлари баҳорий қўшиқ айтардилар. Шивир-шивир… Шивир-шивир…
Нурли кунлар эди унда, севгилисининг куёвлик либосидан янада очилган юзини, қоп-қора қошларини титроқ қўллари билан илк бора аста силаганда… Ҳовлида эса ёмғирнинг япроқларга дарди очилади. Осмону ер ёмғир томчилари-ла туташади шунда. Шивир-шивир… Шивир-шивир…
Нурли кунлар эди унда. Гўдак қичқириғини эшитганда, оғир дарддан фориғ бўлгандек энтикишлари… Унинг гўдаги дунёга ўз таваллуди ҳақида жар солмоқчи бўлгандек қип-қизил, жажжи юзидаги каттакон оғзини очганча қичқирганини кўрганда, нурли кунлар эди…
У ўрнидан турди. Калта қилиб кестирилган сочларини қўли билан тўзитиб, хаёлларини қувмоққа уринди.
— Бўлди! Бас! Етар!.. Беморликни ҳам эплолмаяпман-а? — деди ёнидаги каравотда ётган думалоқ хотинга қараб. Думалоқ хотин индамади. Унга термулганча ётаверди. Демак, тушунмабди. Майли, аёл кишининг фаҳми ҳамма нарсага етавермагани ҳам тузук.
* * *
— Хотин ака, — дея эри уни чақирганини эшитса-да, индамади. — Хотин ака, — эри ошхонада пайдо бўлди. — Нима овқат бўляпти?
— Ош дедингиз-ку, — зарда қилди у.
Эри унинг белидан тутди.
— Вой, кўриб қолишади.
— Кўришса нима? — деди эри, лекин қўйворди. — Мен сизни ҳамманинг олдида қучгим келади. Агар билсангиз… Майли, ошни еб олиб, бир дардлашамиз-а?
— Ошни дамлайман-у, ўзинглар сузасизлар.
— Қаёққа яна?
— Ўйнагани, — яна асабийлашиб деди у. — Қаро терга ботиб китоб титишни ўйнаб келиш, дейсизлар-ку…
— Олиб келсангиз бўлмайдими уйга, — деди эри деразага қараб.
— Биринчидан, — биқиллаб қайнаётган гуручга ёғоч қошиқни жаҳл билан ботирар экан деди у, — бу китоблар уйга берилмайди. Иккинчидан эса, уйга олиб келган тақдиримда ҳам бирор марта ўтириб ўқий олганманми? Чўриликдан бўшамайман-ку. Ҳали у, ҳали бу… Мен ҳам одамларга ўхшаб…
— Гап гапириб бўлмай қолибди. Кечирадилар. — Доим вазмин эрини у танимай қолди. — Хўш, нима дейсан? Овқатни мен қилайми? Кирни ким ювсин? Уйни-чи, ҳовлини-чи? Тақсимлаб берақол ҳаммамизга. Келинжонимиз кандидат бўлиб олмагунларича ишлайверамиз, — энди тутоқиш навбати эрига ўтганди. — Кошки…
— Эплолсанг, демоқчисиз-а? Айтаверинг ростини. Қўлингдан келмайди демоқчимисиз?
— Э, бор-э. Билганингни қилмайсанми? — Эри ошхона эшигини зарб билан очганди, деворлар зириллаб кетди. — Лекин билиб ол, ишингнинг аламини биздан олма! — Қарс этиб эшик бекилди.
У эридаги бу кайфиятни илк бора кўргани сабабми, қўрқиб кетди. У ўзича тинмай такрорларди: «Ё ҳозир, ё ҳеч қачон…»
* * *
— Янги касал ким? — Палата эшигидан фаррош хола кўринди. — Кимни бугун «Тез ёрдам»да олиб келишди.
— Булар.
— Мана, бурчакдаги ётган хотин.
— Мен, — деди у ўрнидан сакраб туриб. Қачон ётишга улгурибди. Хаёл билан яна ётволибди-да.
— Сизга келишди… Юрасизми ўзи?
— Албатта.
У шошганча халатини эгнига ташлаб югуриб бораётган эди, эшикда ҳамшира қизга урилиб кетди.
— Қаерга кетяпсиз? — сўради ҳамшира.
— Келишибди… — деди у эшик томон ошиқиб.
— Сизга юриш мумкинмас. Жойингизга ётинг.
— Йўғ-э, ахир.
— Тузукка ўхшайверасиз-да, — деди ўжар ҳамшира. — Кардиограммангиздан кейин шу қарорга келинди, қимирламай ётишингиз керак.
— Вой, ўлай! — гўё юраги чаккаларига чиқиб кетди шунда. — Ётолмайман ахир!
— Қани, ётинг-чи, — қичқирди ингичка овозли ҳамшира. — Ия, бу ер сизга боғчами? Кап-катта, тушунган хотинсиз.
У ётишга мажбур бўлди. Ҳамшира ёш бўлишига қарамай, ғайри табиий равишда вайсарди:
— Киргизишади ҳозир. Ўзлари киришади ҳозир. Ёт дегандан кейин ётиш керакда. Қимирламай ётиш керак… — Ҳамшира тинмай жавраб, дори тарқатишга тушди.
«Ким келди экан-а? — ўйлади у. — Наҳотки, эри келган бўлса. Йўқ. Энди ҳеч қачон келолмайди.»
* * *
У ишдан келиши билан дарвозахонани супураётган қайнонасини кўрди. Хижолат бўлди.
— Вой, ойи, қўйинг.
— Менга физкультура, болам, — деди қайнонаси супургини бермай.
— Ойижон, бўлди энди. Шунча қийналганингиз етар. Энди ҳамма юмушларни ўзим қиламан.
Қайнонаси белини ушлаб унга тикилиб қолди.
— Ҳа, ойижон, бўлди, — у энди севинчини ичига сиғдиролмади. — Тамом, ишимни ёзиб тугатдим.
— Вой, ўргилай, — қайнонаси тишсиз оғзини очиб куларди. —Вой, худога шукур-а, болам. Менга-ку, шу ишингизнинг кераги йўғ-а, лекин ўзингизни қийнаганингизни кўриб чидаёлмасдим, Кечаси ҳам уйқу йўқ, ўқи-ёз, ўқи-ёз! Ёлғизгина ўғлим ҳам сиқилиб қолди-да, болам. Вой, айтганча, кира қолинг. Мазаси йўқ. Ётволган жуда…
У учиб борди. Эри ётган хона тамаки ҳидига тўлган эди.
— Адаси, тинчликми? — деди у ётган эрининг пешонасидан тутиб. — Вой, иситмангиз баланд-ку.
Эри индамай шипга боқиб яна сигарет тутатарди. Бундай «совуқ уруш» муносабатига хотини аллақачаноқ кўникканини биларди.
Иситмасини ўлчашди. Жуда баланд. Оташ бўлиб ёнаётганди эри.
Қаттиқ қўрқди. «Тез ёрдам» келиб эрини касалхонага олиб кетди. Ўзини касалхонага киргизишмади. Дўхтирларга қанча ялинмасин, эрининг ёнига қўйишмади. Уйга қайтди. Ўғли, қайнонаси билан анча маҳалгача ўтиришди. Ўйлаб қараса, қанча вақтдан бери шундай ўтирмаган экан.
Эрталаб азонда турди. Қайнонаси бошлаб қўйган қайнатмани пишириб олиб, касалхонага жўнади. Бора-боргунча эрини ўйлади. Ўзаро муносабатларини ўйлади. Бир-бирининг меҳрисиз яшашга ўрганиб қолишганини англаб, қўрқди. Ўзининг айбдорлигини билди. Ҳозир бориб албатта эридан узр сўрайди. «Сизга қарамай қўйганим учун кечиринг» дейди. Майли, энди эри тузалиб олса, худди аввалгидек бўлишсинки, уларга ҳамманинг ҳаваси келсин.
Касалхона бўлими жуда ёруғ эди. Тонг отганига қарамай, кундузги улкан қандиллар ўчирилмагани учун ҳамма нарса кафтдагидек аниқ кўринарди. У шошганча уйдан олган халатини елкасига илди-ю, рухсат сўрашга одам кутмай, «лип» этиб тўрт рақамли палатага ўзини урди. Кираверишда ўнг бурчакдаги бемор олдида бир аёл бош эгиб ўтирарди.
«Шундай меҳрибон хотинлар ҳам бор, — деди ўзига ўзи. — Кечаси билан қолган бўлса ажаб эмас.» Яна ўзидан хижолат бўлди. Йўқ, энди шундай бўлсинки… аммо ётган касаллар ичида эрини тополмай юраги гурсуллай бошлади. Ташқарига чиқди. Ҳамшира жувонни кўриб, секин имлади.
— Кеча эримни зотилжам билан олиб келишганди…
— Вой! — деди ҳамшира. — Бу ерга кириш мумкин эмас!
— Шовқин солманг, айланай, — деди у ва ҳамширанинг киссасига уч сўмликни солиб қўйди. Ҳамшира ўзгарди қолди. Буни қаранг, кеча шундай қилиш хаёлига келмабди-я.
Ҳамшира энди меҳрибонлар тилида (сунъий бўлса-да) гапирарди:
— Кеча тўртинчига олиб келишганми?
— Ҳа.
— Фамилиялари? Абду…
— Абдумаликов.
— Ҳа… Ётибдилар-ку, кираверинг. Бурчакда ётибдилар. Хотинлари ҳам келган.
У сўнгги жумлани аввал англамади. Фақат палата эшигига етгандагина «Нима?» деди қайрилиб. Ҳамшира бошқа палатага кириб кетганди.
Яна ўша хонага кирди. Яна шу хотинга кўзи тушди. «Ие, хотиннинг қўли эрининг пешонасида?..»
Қаққайганча туриб қолди. Бегона аёл унга қайрилиб қаради. Сўнг бирдан ўзига келгандай сесканди-ю, ўрнидан даст кўтарилди. Эри кўзини очди.
— Майли, — деди бегона хотин. — Мен борай.
— Майли… — Эрининг товуши ҳаяжонли эди.
— Йўқ, тўхтанг, — деди у бегона хотиннинг қўлидан тутганча. У ҳозир имкон қадар ўзини ушлашга тиришарди. — Танишайлик. Мен… хотинлари бўламан. Сиз-чи?
Эри ҳаяжонлана бошлади. Сўнг тўнғиллаганча деди:
— Қўйвор уни. Мен айтаман унинг кимлигини.
— Айтинг. Кейин қўйвораман, — деди у ўз овозини танимай. — Исмингиз нима?
— Отимни нима қиласиз? — сурларча қаради бегона аёл.
Палатадагилар ҳайратда кузатишарди. Касал эри ҳам тузалгандек бўлди. Каравотида ўтириб олди:
— Қўйвор уни. Ўзим айтаман кимлигини.
— Оти нима? — у энди ўзини ушлолмади.
— Оти… — Эри кўзлари олайганча ўшқирди: — Муҳаббат оти…
— Муҳаббат отим, — деди бегона аёл.
Мадори кетди. Неча ой-йиллардан бери тинмай ўқиш билан банд бўлган кўзлардан, аёллигини унутиб, кўзгуга боқмай қўйган ўша кўзлардан ёш сизди.
Бегона аёл қочиб кетди. Эри кўз ёшдан эриди шекилли, нималардир дея овутди. Овутдими ё ўзини Оқладими? Ўзини оқлади, чамаси…
У олиб борган овқатни мажолсизгина олиб қўйди.
— Майли, — деди овози титраб, — майли, тузалиб қолинг.
Аста хонадан чиқди. Тезроқ кетиш керак. Тезроқ! Кўз ёшини кўришмасин…
Устига шунчаки ташлаб олган халати йўлда тушиб қолаверди. У ҳолсиз юриб зина томонга қайрилди. Энди зиналардан тушиб олиш қолганди. Зиналар… Улардан аллақачон тушиб бўлган экан-ку. Чўққидай туюлган экан пастга элтувчи зина поғоналари…
Қайнонасининг гапини эслади: «Ошни дамлаган одам сузади…»
Мана, эри ётган касалхонанинг ёп-ёруғ бўлимидан чиқди. Ташқари ҳали жуда ёруғмас. Энди чидаш керак.
* * *
Палата эшигида фаррош хола кўринди:
— Жуда кутиб қолдингиз-а? Ҳозир. Халат ўлгур кам-да. Нариги палатадаги амакига уч киши келибди. Кетишсин, биттасини олиб бераман.
«Ким экан-а?» деб ўйлади.
— Келган ким экан-а? — сўради сўнг.
— Эркак киши, ўргилай, — деди фаррош хола негадир кулиб. — Бугун ётсангиз, бугун қидириб келадиган ким ахир? Эрингиз-да…
«Наҳотки, — ўйлади у. — Нима дейман? Ўзимни қандай тутаман? Нега келди? Анча ўрганган эдим усиз яшашга…»
Ҳеч тинчлана олмади. Бегона аёлнинг юзини эслашга қанча тиришмасин, ҳеч бўлмади. Фақат бировнинг эрига меҳрли нигоҳигина ёдида қолибди. Кўтаролмади. Ҳаяжонданми? Нафратданми? Муҳаббатданми? Рашкданми? Кўтаролмади. Диссертацияси ҳимояси кунларида «Тез ёрдам»га муҳтож бўлиб қолди. Мана, ётибди. Ҳозир ёнига кимдир келади. Ким?..
* * *
Беғубор болалигини эҳтиросли муҳаббатга, муҳаббатни илмга алмашган аёл, кўзлари нурсиз ва заиф, жуссаси янада кичиклашган аёл, турай деса туролмайдиган аёл, ҳали ҳимоя қилинмаган илмий ишнинг ҳимоясиз қурбони аёл Муҳаббат сўзини бир умрга ёмон кўрди энди. Бегона аёл исми экан у…
* * *
Хонага яна фаррош хола кирди.
— Вой, ўргилай, кўзингиз тўрт бўлиб кетди. Бериб юбордим халатни. Ҳув даҳлиз бошидан келгунча…
Қирқига чидадингиз, қирқ бирига ҳам чиданг…
Қадам товушлари эшитилди. Қадамлар садоси юрагининг уришига акс садо эди. У деворга қараб ўгирилиб олди. Жуда ёруғ жойда учрашишмаса бўларди. Еруғ бўлса, соя кўринади…
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 3-сон