Ёқубжон Хўжамбердиев. Қалдирғочлар баҳорда келади (қисса)

I

1937 йилнинг айни баҳори эди. У обком биносидан тўғри сой бўйига тушди. “Зудлик билан бу ердан қочиш керак” деган қарорга келди-ю, тўлқин-тўлқин бўлиб оқаётган Оқбўрага кўз солди… Қадим-қадимлардан водий сари ҳаёт олиб келган сут рангидаги Оқбўра, наҳот энди… У бир зум тайсаллади. Томоғига нимадир тиқилаётгандай бўлди. Аммо, бошқа илож йўқ эди, ўзини сойга отди. Тошдан-тошга урилиб оқаётган сой уни бағрига олганча йўлида давом этди.
Биз Ўш вилоят коммунистик партиясининг органи, ўзбек тилида чоп этилган “Коммунист” газетасининг биринчи муҳаррири Муродхон Собиров ҳақида бирон-бир маълумот бўлса керак, деб турли манбаларни қидирдик. Жумладан, 1987 йилда Фрунзе шаҳрида (ҳозирги Бишкек) чоп этилган “Ошская область” энциклопедиясини топиб, варақладик, аммо… ҳа, мана, мана бу ерда нима дейилибди:
Аравонбура, Жалолобод, Бозорқўрғон ва жанубнинг бошқа районларида тарқатилган ўзбек тилида чиқадиган “Коммунист” газетасининг биринчи сони 1932 йил 12 апрелда Тошкентда чоп этилган. Газета ҳар ўн кунда бир чиқиб турган. 1933 йилда газета икки саҳифалик бўлиб, адади етти мингтани ташкил этган. ВКП(б) Қирғизистон область комитетининг 1932 йил 29 декабрда “Қизил пахтачи” ва “Коммунист” газеталари редакциялари ҳақида” деб қабул қилган қарорида мазкур газеталар социалистик қурилиш соҳасидаги вазифаларни бажаришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, деб кўрсатилган. Кейинги йилларда “Коммунист” газетаси “Пахта учун”, “Ленин йўли” номи билан чиқа бошлайди. Ҳозирда унинг номи “Ўш садоси”.
Хайрият, ҳеч йўғи газетанинг номи бор экан. Қидиришда давом этарканмиз, қизиқ ҳангомаларга дуч келдик. Йўлимиз тушиб, Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасига бордик. Газетанинг бор-йўқлигини сўраб-суриштирдик. У ерда бундай газета тахламлари йўқ, дейишди. Ёдимизга бир пайтлар шу кутубхона бошлиғи бўлиб ишлаган зукко олим Зуҳриддин Исомиддинов тушиб қолди ва у киши билан боғландик. Олим дўстимиз шундай деди: “Ростдан ҳам кутубхонада Ўш вилоятида дастлаб чиққан “Коммунист” газетасининг тахламлари йўқ. Ҳатто, 60-йилларда ўзбек тилида чоп этилган “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг ҳам тахламлари йўқ эди. Ўша ташкилотда ишлаган пайтимда “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг тахламларини элчихона орқали гаплашиб, Москвадан олиб келтирганман. Кунлардан бир кун қандайдир маълумот керак бўлиб, ўша газета тахламларини сўратдим. Аммо яна топишолмади. Суриштирсам, кутубхона газета бўлимининг бошлиғи ўша тахламларни “макулатура”га бериб юборибди. Бўлим бошлиғини чақириб, нега бундай қилдингиз, деб сўрасам, тўй қилаётган эдим, пул керак бўлиб қолди, деди… Аслида бу одамни жиноий жавобгарликка тортиш керак эди… Уни ўша куниёқ ишдан бўшатдим”.
Зуҳриддин Исомиддиновнинг юқоридаги сўзларидан кейин эски газеталарни қидиришни бас қилдик… Яна ким билади, бу “тахламлардан” нималар чиқади…
Албатта, Муродхон Собиров Ўш шаҳрида таниқли одам бўлган. У 1992 йилда 88 ёшида вафот этган. Ҳа, у баракали умр кўрди. Аммо бу узун ҳаёт йўли текис кечмади. Турли тазйиқлардан, қатағонлардан ва ниҳоят уларга қарши курашлардан иборат бўлди.
…Сувда оқиб бораркан, совуқдан баданлари қақшади. Сой тез оқар, тошдан тошга уриларди. Қирғоққа чиқиб, ўзини ростлаб олмаса, бу кетишда ҳалок бўлишини англаган қочоқ соҳилга қараб интилди. Бу пайт у “Откечув” деган жойга яқинлашиб қолган эди. Ўша жойдаги кўприк тагидан оқаётиб бир тошни маҳкам қучоқлаб, секин-аста қирғоққа чиқди. Мазкур жой Хўжагузарга яқин эди. Кўприк остида туриб, бирон бир таниш одам ўтиб қолармикан, деб тепага қараб аланглади: ҳеч ким йўқ. Совуқдан баданига титроқ кирди. Шундагина сувга усти боши билан тушганини эслаб, эгнидаги кийимларини ечиб қоқди. Ўша куни офтоб чиқиб турган эди. Жонига оро кирди. Кийимларини қоқиб-қоқиб яна устига кияркан, тепадан бир бола кўриниб қолди. Қараса, ўзларининг маҳалласидаги Бекмат новвойнинг ўғли экан. Дарров бояги болага овоз бериб, пастга имлади. Бола ҳам тезда кўприк тагига туша қолди.
– Мени танимадингми, йигит, – деди қочоқ.
– Танидим, Мурод ака, сизни бутун маҳалла билади-ку, нега танимай, – деди бола ҳам Мурод Собировга ҳайрон қараб. – Уст-бошларингиз ҳўл бўлиб кетибди. Сойга йиқилиб кетдингизми?
– Ҳозир бунинг тафсилотини айтиб ўтиришга вақт йўқ, – деди Мурод ака болага синчков назар билан қараб. – Келинойингни биласанми?
– Биламан, – дадил жавоб қилди бола.
– Билсанг, бу ердалигимни ҳеч кимга айтмай, келинойингни ўзини шу ерга етак­лаб кел. Сенга битта совғам бор…
– Э, Мурод ака, келинойимни олиб келаман, лекин менга совға керакмас, – қизариб жавоб берди бола.
– Майли, энди югур, – деди Мурод Собиров болани елкасига қоқиб…
…Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида Ўзбекистон телевидениесининг “Ассалом, Ўзбекистон” таҳририятида бош муҳаррир эдим. Ўша пайтлари қўшни қирғизистонлик телетомошабинлардан кўплаб хатлар олардик. Бу хатларда одамлар кўрсатувларимиз ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, Ўш томонларга ҳам сафар қилишимизни, бу ерлардаги ўзбеклар ҳаётидан лавҳалар беришимизни сўрашар эди. Ўзим ҳам ўша юртларда туғилиб ўсганимдан мазкур хатлар мен учун жуда қадрли бўлган. Ниҳоят, раҳбариятнинг рухсати билан бир гуруҳ ижодий ходимлар Ўш ва Жалолободга сафар қилдик. Муродхон Собиров ҳақида ўша сафар давомида суҳбатлашган одамлардан эшитгандим. Улардан бири адабиёт мухлиси Солижон ака, “Ленин йўли” газетасида узоқ йиллар бош муҳаррир бўлиб ишлаган Одилжон Обидов ва бошқалар эди. Нима бўлди-ю, ҳамроҳларимиздан бири шундай деб қолди:
– Муродхон Собировнинг ўғли Ўш вилоят газлаштириш бошқармасининг бошлиғи, исми Давронбек. Ўша одамни топсак, суҳбатлашиб ҳам оламиз.
Даврон Собировни топиш қийин кечмади. Бизни олиб юрган журналистлардан Ўктамбек у кишини яхши биларкан, дарров уланиб, кечқурун бошқарманинг дала ҳовлисида учрашадиган бўлдик. Шаҳарда диққатга сазовор жойларни суратга тушириб, одамлардан интервьюлар олиб бўлгач, кечки пайт область газ бошқармасининг оромгоҳига бордик. Жуда баҳаво жой экан. Шундай сунъий кўлнинг бўйига қурилибди. Атрофда анвойи гуллар баҳри дилингизни очади. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқий оромгоҳ. Бизни бўйи ўртадан пастроқ, оқ-сариқдан келган, миқти бир йигит кутиб олди. Муродхон Собировнинг ўғли Даврон Собиров шу одам экан. Кўлнинг бўйига жой қилдирибди. Яхши ўтирдик. Ош-овқатдан сўнг муддаога ўтиб, Давронбекдан отаси ҳақида сўрадик.
– Отам ажойиб инсон бўлган, – деди Давронбек юзлари ёришиб. – Агар бундан икки йил олдин келганларингда сизларни отамнинг ўзи кутиб олган бўларди. Афсус, у киши оламдан ўтди. Аммо унинг қилган ишлари, бизларга берган тарбиялари қолди. Қани энди отамиздек бўлолсак… Отам 1905 йилда Ўш шаҳридаги Хўжагузар даҳасида (ҳозирги Ўш насос заводи ўрнида) оддий деҳқон оиласида дунёга келган. 1912 йилдан 1924 йилгача аввал маҳалла масжидида, кейинчалик янги очилган шўро мактабларида ўқиб, савод чиқарган. Ўша йили Самарқандда Ўрта Осиё давлат университети очилади. Отам ўша билим даргоҳига ўқишга боради. У ерда Садриддин Айний домланинг қўлида сабоқ олади. Ўқишни 1929 йили Тошкент шаҳрида (университет 1926 йилда Самарқанддан Тошкентга кўчирилган) тугаллайди. “Ер Юзи” журнали редакциясида ишлай бошлайди. Ғафур Ғулом, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор каби ўзбекнинг асл ёзувчи ва шоирлари билан танишади. Улардан журналистиканинг сир-асрорларини ўрганади. Отам коммунист эди. Шу боис партия қаерга ишга қўйса, ўша жойга борган. “Ер юзи” журналида кўп ишламади. Ўша 1929 йилнинг ўзида Хўжаобод район комсомол комитетига биринчи котиб қилиб тайинланади. Орадан бироз вақт ўтиб эса Ҳаққулобод район партия комитетининг биринчи котиби вазифасига келади. Баъзан ўйлаб қоламан: коммунистик партиянинг йўл қўйган хатоларидан бири кадрларни бир жойда узоқроқ ишлашга қўймай, алмаштира бергани ҳам бўлгандир. Тез орада, яъни 1931 йилда, отам Қирғизистон коммунистик партияси марказий комитетига ишга чақирилади. Унга Ўш вилоятида ўзбек тилида газета ташкил этиш вазифаси топширилади. Бу ҳақда отам шундай деган эди: “Газета чиқаришга мўлжалланган бинога келсам, у ерда ҳеч нарса йўқ. Матрицалар Қозон шаҳрида қуйилар экан. Шундай қилиб, Қозон шаҳрига кетдим. Қўрғошин ҳарфларни ҳар сиқимини нақд пулга сотиб олиб келганман… Газета тўрт ой деганда чиққан”.
– Ўша 30-йилларнинг ўрталарида матбуотда шундай бир тажриба қўлланган экан, – деб сўзини давом этади Давронбек. – “Известия” газетаси шўролар газетаси бўлгани туфайли, унга ҳар уч ойда бир республиканинг вакили муҳаррирлик қилар экан. 1936 йилда отамни “Известия” газетаси таҳририятида ишлаш учун Москвага уч ойга жўнатишади. Отам раҳматли: “Сенга айтганларимни бирорта одамга айтиб юрмагин”, деганларини эсласам, ўша 70–80-йилларда ҳам 37-йилларнинг қўрқуви одамларда ҳамон сақланиб қолганини энди билиб турибман… Москвадан қайтгач, отамни область партия комитетининг идеология бўлими бошлиғи этиб тайинлашади. Шуни айтиш керакки, ўша йиллари Ўш ва Жалолобод округлари кантонларга бўлинган эди. Луғатда кантон сўзининг изоҳи шундай берилади: кантон (баъзи бир ғарбий мамлакатларда маъмурий-территориал бўлиниш). Кантонист сўзи эса шундай изоҳланади: кантонист (ХIХ асрнинг биринчи ярмида крепостной Россияда солдатларнинг ўғиллари шундай деб аталиб, улар туғилган кундан бошлаб крепостной ҳуқуқ асосида ҳарбий бошқарма қарамоғига ўтар эди). Кўриб турганингиздек, округ­ларни кантонларга ўзгартиришдан мақсад ҳам аҳолини ҳарбий тартиблар исканжасида ушлаб туриш бўлган. То 50-йилларгача колхозчиларга паспорт берилмагани ҳам шундан. Хуллас, ўша йиллари туркийларнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг отаси Тўрақул Айтматов Жалолобод канткоми бўлган. Отам Т.Айтматов билан илгаритдан таниш бўлиб, борди-келдиси бор экан. Москвадан қайтгандан кейин отам ўша Тўрақул Айтматовнинг тавсияси билан Ўш область партия комитетига ишга қўйилади. Бўлимда уч нафар ходим бўлган. Кунлардан бир куни ишга келиб, инструкторлардан бирини тунда НКВД жаллодлари ушлаб кетганини эшитиб, ҳайрон бўлиб қолади. Эртасига бошқа бир ходимни ушлаб кетишади. Бу воқеа отамнинг сўзига қараганда, 1937 йилнинг май ойларида юз беради. “Ўшанда афтидан Сталиннинг қатағон машинасининг ғилдираклари айланиши тезлаша бошлаган эди”, деб эслайди отам. Орадан бир неча кун ўтиб, отам ишга бироз кечикиб келади. Обкомга кираверишда бир одам дуч келиб, “Қаерларда юрибсиз, мажлислар залида йиғилиш бўлаяпти, сизни сўрашди”, дейди. “Хонамга ҳам кирмасдан, тўғри мажлис ўтаётган залга бордим, – деб ҳикоясини давом этганди ўшанда отам. – Эшикни очсам, ичкарига қалин парда тутиб қўйилган экан. Ҳамманинг эътиборини тортмай деган ўй билан парда ортида турдим. Тўрда, яъни президиумда уч киши ўтирган эди. Буни кўриб юрагим “шув” этиб кетди. Бу машҳур “Учлик”нинг мажлиси эди. Шу пайт улардан бири ўрнидан туриб рўйхат ўқиди. Ўша рўйхатда мени ҳам тилга олиб, юқоридагилар залнинг ўзида қамоққа олинсин, деб ўқишни тугатди”.
…Бола алдамади. У тез орада Мўътабархон аяни кўприк тагида яшириниб ётган турмуш ўртоғи Муродхон Собиров қошига етаклаб келди. Боланинг эси жойида экан, Мўътабархон аяга “қуруқ кийимлар ҳам олинг” деб айтган чоғи, ая бу ерга қўлида бўхчаси билан келибди.
Муродхон ака хотини ёнига келиши билан мақсадга ўтди:
– Сиз мени эрталаб ишга кузатгансиз, вассалом. Бошқа гапни билмайсиз. Мени кўрганингиз йўқ. Болаларга эҳтиёт бўлинг. Тирик бўлсам, хабар бераман, хайр.
Муродхон ака аёлининг қўлидаги бўхчани кўриб, унинг нималигини тушунди-ю, лекин ҳозир кийиниб ўтиришга вақт йўқ эди. Бўхчани бир қўлида баланд кўтарганча, ўзини яна Оқбўрага ташлади…
– Отам шу оқишда Хўжаободга яқин жойдаги Бештол деган жойда сувдан чиқиб, ки­йимларини алмаштиради, – деб ҳикоясини давом эттирди Давронбек. – Катта йўлга чиқиб бир йўловчи машинада Андижон темирйўл станциясига келади. Узоқ қариндошларидан Исматилла почча шу ерда ишлар эди. Бахтига бу одам ўша куни ишда экан. Унга вазиятни тушунтириб, зудлик билан Ленинободга кетиши зарурлигини айтади.
– Чиптахонага боролмайман, менга қидирув эълон қилинган бўлса керак, – дейди Муродхон ака Исматилла поччага. – Юк составига чиқишимга ёрдам беринг.
Исматилла почча ўйланиб туриб, Муродхон акани етаклаганча бир паровознинг ёнига йўл олади. Машинистга “шундай-шундай, ҳужжатларини йўқотган бир одам бор, Ховосгача олиб кетинг” деганда бояги машинист: “Э, Исматилла ака, ўша одамингиз ана вокзалга кириб, чипта олиб, бемалол кетсин, ҳозир замон ёмон, кассирга бир сўм ортиқча берса ҳужжатларига ҳам қарамайди, йўқ, олиб кетолмайман”, деб қайтариб юборади.
Исматилла почча савобталаб одам эди. Муродхон акани етаклаб бошқа бир паровоз олдига боради. Хайрият, бу сафар қуруқ қайтишмайди. Машинист Муродхон акани гўлаҳ сифатида парвозга чиқишга рухсат беради. Шундай қилиб, Муродхон ака Андижондан Ховос станциясига бора-боргунча паровознинг ўтхонасига кўмир ташлаб боради.
Хайрият, Ховосга тунда етиб келишади. Машинистга “раҳмат” айтиб, қаҳра­монимиз Ленинобод сари кетадиган бошқа бир паровозга гўлаҳ бўлиб ёлланади. Ўтхонага кўмир ташлаб бўлиб, қўлидаги куракка суянганча ўйга толади: Москвада ишлаган кезларини, “Коммунист” газетасини ташкил қилишдаги қийинчиликларни ва Тўрақул Айтматовни эслайди. Эслайди-ю, пешонасига шапатилайди… Ҳа, ёдига тушди. Москвада учрашганларида Тўрақул оға унга шундай деган эди.
– Муродхон! Эҳтиёт бўл. Ҳар бир қилган ишингнинг орқасини мустаҳкамлаб қўй. Замон оғир бўлиб қолди. Партияни ичидан емиришга уринмоқдалар. Уйга борганда чоп этилмаган мақолаларинг, бошқа ёзув-чизувларнинг бўлса йўқотиб юбор. Иложи бўлса, ҳеч нарса ёзма. Сезиб юрибман, менинг ҳам ортимдан одам тушган…

2

Чингиз Айтматов таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан ҳамкорликда ёзишган “Чўққида қолган овчининг оҳи зори” китобида отаси Тўрақул Айтматов ҳақида шундай эслайди: “Отам қамоққа олингач, овулимизда унинг номини айтишдан қўрқишар эди. Фақат онам билан Қорақиз эжамгина отам тўғрисидаги ёрқин хотираларни болалар қалбига муҳрлашдан асло чўчимадилар. Ёлғиз қолган пайтларимизда онам яширинча отамнинг суратларини, ҳужжатларини, нишонларини кўрсатарди. Ҳаммасидан ҳам отамнинг фамилияси ёзилган штамп бизни кўпроқ ҳайратга соларди. Штампга сиёҳ суртиб, уни қоғозга босиб кўрсак, лотин имлосида ёзилган “Айтматов Т.” пайдо бўлади”.
Тўрақул Айтматов биздаги маълумотларга кўра 1926–27 йилларда Жалолобод кантонида ВКП(б)нинг кантком секретари, 1932–33 йилларда эса Ўш область Аравонбўра районида ВКП(б)нинг райком секретари, 1935 йилда ВКП(б)нинг Ўш область комитетида секретарь бўлиб ишлайди. Муродхон Собировнинг Тўрақул Айтматов билан танишуви ана шу йилларга тўғри келади. Бирлари райком секретари, иккинчилари эса область газетасининг бош муҳаррири. Улар 1932 йилнинг баҳор фаслида Тўрақулнинг ота юрти – Таласга, Шакар қишлоғига сафар қилишади.
– Отам ўша, Шакар қишлоғига қилган сафарларини уйнинг эшикларини тамбалаб қўйиб (50-йиллар) опаларимга сўзлаб берганини кўп эшитганман, – дейди Давронбек. – Айниқса, эндигина 3-4 ёшга тўлган ёш Чингизни елкасига миндириб тушган суратни авайлаб сақлар экан. Бунинг албатта, ўзига яраша сабаби бор экан, кейин билсам. Гап шундаки, ўша йиллари, яъни ўтган асрнинг 50-йилларида Чингиз Айтматов ёзувчи сифатида танилди. Унинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз” каби қатор қиссалари эълон қилинди. Кейинчалик бу асарлар “Тоғ ва дашт қиссалари” китобига жамланиб чоп этилди ва бу китоб Ленин мукофотига сазовор бўлди. Отам ўз дўстининг ўғли эришган бундай улкан ютуқлардан жуда ҳам фахрланар эди. Шундай бўлса-да, у мана шу туйғуларини, Тўрақул Айтматов билан бўлган мулоқотларини очиқ-ошкора айтмас эди. Сталин қатағонлари отам ва унга ўхшаш миллионлаб одамларнинг юракларига шу даражада қўрқув солган эдики, бу ваҳима йиллар давомида наслдан наслга, онгдан онгга ўтиб келмоқда. Сирасини айтганда, бундай қўрқувнинг ҳамон яшаб келаётгани сабабларидан бири собиқ шўролар ҳудудидаги аксарият давлатларда тузумнинг ҳамон эскичалигида ҳам. Бу ҳуддудда инсон шаънини топташ каби энг ярамас иллат ҳамон ҳукм суриб келмоқда. Инсон зоти Оллоҳ томонидан яратилган мўъжиза. Буни қарангки, ана шу мўъжизанинг ўзи асрлар давомида Оллоҳ ҳақиқатини англашга фурсати етмай, ўзини ўзи емирмоқда. Бу халқаро тил билан айтганда, Парадокс. Яъни, Оллоҳ берган соғлом, тўғри таълимни инкор қилишдир. Бу ҳақда Чингиз Айтматов шундай эслайди: “Ҳа, мудҳиш давр эди. Отам Москвадаги Қизил профессорлар институтида ўқиган. Оиламиз онам Нагима Ҳамзаевна билан ётоқхонада яшардик. Мен тўрт фарзанд ичида энг каттаси – тўққиз яшар эдим, кенжа синглим Роза энди олти ойлик бўлган эди.
1937 йилнинг август-сентябрь ойларида “Правда” газетасида иккита мақола эълон қилинди: “Буржуй миллатчилари” ва “Қирғизистон ВКП(б) Марказий қўмитасининг сиёсий хатолари”. Мана шу мақолаларнинг касофати туфайли рес­публикамиз раҳбарлари бирин-кетин қора рўйхатга туша бошладилар. Кўпчилик қатори отамнинг номи ҳам тилга олинган эди. Бошида қора булут қуюқлашаётганини билгач, у онамга: “Болалар билан уйга қайтгин. Агар мени ҳибсга олишса, “халқ душмани”нинг хотини сифатида сенга ҳам тинчлик беришмайди. Етим бўлиб қолган фарзандларимизни болалар уйига топширишади. Устига-устак, фамилиясини ҳам ўзгартириб юборишади. Мени миллатчиликда айблашяпти…”
Ростдан ҳам, “Яндекс луғати” сайтининг маълумотларига кўра 1937 йил 15 сентябрда Қирғизистон КП Марказий комитети бюроси ВКП(б) Марказий Комитетидан Қизил профессорлар институти тингловчиси, миллатчи Т.Айтматовни Москвадан чақириб олишни сўраб қарор қабул қилади”.
Т. Айтматовни 1937 йил 1 декабрь куни Москвада ҳибсга оладилар.
Хуллас, ўша йили нафақат Тўрақул Айтматов, балки унинг уруғ-аймоқлари ҳам қатағонга учрайди. “Бобомиз Айтмат билан Биримқул туғишган оға-ини эдилар, деб эслайди кейинчалик Чингиз оға. Биримқулнинг учта ўғли бор эди: Алимқул, Ўзибек, Керимбек. Алимқул менинг отамдан бир неча ёш катта эди. У Шакар қишлоқ Советининг раиси лавозимида ишларди. Шакарга келганимизга бир ой бўлгач, Алимқулни ҳам “халқ душмани”нинг акаси сифатида ҳибсга олдилар. Тақдир тақозоси билан кўпинча бир мусибат иккинчи мусибатни эргаштириб келади: Алимқулдан сўнг унинг милиционер бўлиб ишлайдиган укаси Ўзибек ҳам “халқ душманининг қариндоши сифатида қамоқхонага равона бўлди…”
Куракка суяниб ўйга толган Муродхоннинг бу гаплардан хабари йўқ эди. Унинг қулоғида фақат бир оғиз гап чақиндай қарсиллаб турарди: “Ушбу рўйхатда ўқилганлар залнинг ўзидан “халқ душмани” сифатида қамоққа олинсин!” Қочиб тўғри қилдимми ёки қочмаслигим керакмиди? Ҳозир-ку, бир амаллаб паровознинг ўтхонасида яшириниб боряпман. Хўш, эртага нима бўлади? Эртага қаерга қочаман? Қаерга яширинаман? Болаларимнинг аҳволи нима кечади? Шу кунгача шаҳарда ўнлаб одамлар бир кечада ғойиб бўлиб, уларнинг оиласини ўтирган уй-жойларидан ҳайдаб чиқаришганига ўзи гувоҳ-ку? Нима қилиш керак? Ленинободга етиб боргач, милицияга ўзи борсинми?
Шу пайт Муродхоннинг ичидан кимдир овоз берди: айбинг нима? Нима айб қилибсанки, ўз оёғинг билан қамоққа борсанг?
Унинг ичидан келаётган бу овозни бошқа яна бир овоз босиб кетди: ҳей, ношукур банда! Қаёққа қочасан? Ўзингдан қочиб қаёққа борасан? Ахир сени одам қилган шу юрт, шу янги замон, шу ўзинг аъзоси бўлган Коммунистик партия эмасми? Кечаги кунингни эсла-чи?
Дарвоқе, кечаги кун дегани 1930 йиллардаги очарчилик, 1917–18 йиллардаги тўс-тўполонлар, бир тўп большевикларнинг ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олганлари, Туркистон Мухториятининг қонга ботирилишими ёки асрлар мобайнида халқни зулукдек эзиб келган хон, амир, подшоҳлар замоними? Ахир уларнинг қайси бирини эслай? Ўша Амир Олимхону Худоёрхонлар оддий халққа нима берди? Лекин, большевиклар ҳам ҳокимиятга қуролли қўзғолон билан келмадими?! Э-воҳ, нимани, кимни эсламай, бедодлик, бедодлик!
Бояги овоз яна сас берди: “Нима, ҳукуматнинг нони бутун уруғ аймоғингни қаҳатчиликдан олиб чиққани ёдингдан чиқдими?”
“Йўқ! Уни унутганим йўқ. Аммо, ўша нон менинг меҳнатим эвазига берилган-ку!”
Овоз баландлади: “Меҳнатни бир сен қилмагансан-ку. Олти ой ёз даладан чиқмай меҳнат қилган миллионлар очлик, қаҳатчиликдан ўлиб кетишмадими?”
“Нима қилай, ўша нонни кўпчилик қатори мен ҳам еганман. Оҳ, емай мен ўлай…”
Суҳбатлашиб ўтириб, Давронбек бир гапни айтиб қолди:
– 1930–31 йиллардаги қаҳатчиликда кўпчилик қатори бизнинг оиламиз ҳам карточкага нон олган экан. Бу нонни калач нон ёки круглый хлеб, деб қўйишар экан. Унинг катталиги 30 сантиметрлар келаркан. Худди, туркманларнинг чуреги каби. Отамдан эшитгандим: бундай катта нонни фақат бюро аъзоларининг карточкасига бериларди. Хуллас, оиламизни қаҳатчиликдан ўша калач нон сақлаб қолган экан. Шу муносабат билан отам қизиқ бир воқеани айтиб берган эдилар: отамнинг учинчи опаси Тўпахон амма ҳозирги Дўшатдаги (Хўжаобод районида) Нойиб бойнинг ўғли Қорахонбойга турмушга чиққан. Унинг ўғли Қозоқбой ака 1928 йилда туғилган. Шу болага суннат тўй қилиш учун тайёргарлик кўрилаётган экан. Биров нон ёпган, биров ош дамлаган. Яна биров эса меҳмон кутган. Нима бўлганда ҳам бой-бой-да. Ахир ота-буваларимиз айтишган-ку: бойники ботмон билан йўқники армон билан, деб. Хуллас, Қозоқбойнинг суннат тўйига тайёргарлик авжида бўлган бир пайтда қариндошлардан кимдир ўтин ёриб, арралаётган бўлади. Шу пайт бу йигитнинг хумори тутиб, ёнидан носқовоқ чиқариб тилининг тагига нос ташлайди-ю, носқовоқни киссага солиш ўрнига ёнидаги пайраха устига қўяди. Шу атрофда ўйнаб юрган тўй бола – Қозоқбой пилдираб келади-ю, кўзи носқовоққа тушади. Э, бу носқовоқнинг шайдолари… Тўй бола ҳам бу нима экан, деб қизиқиб, эгасининг қилганини кўрган экан, носқовоқнинг попукли чарм тиқинини очади-да, кафтига тўлдириб нос тўкади ва оғзини очиб ютиб юборади. Бирдан бола ўзидан кетиб қолади. Ҳамма дод-войлаган, Қозоқбой билан овора. Бояги қариндош эса ёнидаги носқовоқнинг тиқини йўқолиб, нарида юмалаб ётганидан нима воқеа содир бўлганини сезади-ю, жуфтакни ростлайди. Ўша қариндош шу кетганча дом-дараксиз кетган экан. 1966 йил эди ўшанда. Уйимизга бир одам иккита боласини етаклаб кириб келди. Бу ҳў ўша, носвой воқеасида қочиб кетган одам экан. У ўша кетишда Россиянинг Воронеж шаҳрига бориб қолибди. Кейин бир рус аёлига уйланибди. Ундан бир ўғил ва бир қизлик бўлибди. Етаклаб келганлари ўша ўғли билан қизи экан. Улар Ўшда икки ойлар чамаси тургандан кейин Манакка бориб жойлашишди. Ўғли Толик Ўшда қолиб, “Межколхозстрой”да электрик бўлиб ишлади. Ўша йили ота-онаси ҳам вафот этади. Толикни эса ток уриб ўлади. Қизи Тамара Воронежга, бувисининг олдига қайтиб кетади.
Энди тўйбола нима бўпти, денг. Қулоқ бўлишдан қўрққан Қорахонбой ўз жонига қасд қилгач, Қозоқбой суннатсиз қолиб кетади. Ниҳоят, аммамнинг йиғиларига дош беролмаган отам ўша пайтдаги Ўш область партия комитетининг секретари Тўрақул Айтматовга воқеани тушунтириб икки қоп ун сўрайди. Тўрақул оға икки қоп унга бир қоп гуруч, сабзи-пиёз, ёғ, уларни Дўшатгача аравада қўриқлаб боришга икки нафар милиционерни ҳам отамга қўшиб жўнатиб юборади. Қозоқбой аканинг қайта ўтказилган суннат тўйига келган одамларга биттадан нон, устига бир кафгирдан ош теккан экан…
Паровознинг ўтхонасида куракка суяниб ўй сураётган Муродхоннинг хаёлидан юқоридаги воқеалар албатта ўтгани йўқ. Буларни биз унинг фарзандларига айтган хотираларидан бир лавҳа сифатида илова қилдик, холос. Зеро, Муродхоннинг ўша пайтдаги аҳволи бирон-бир воқеани эслаш, унга баҳо беришдан узоқ бўлиб, ўзи билан ўзи овора эди. Қандай ўйламасин. Нари-бериси билан уч-тўрт йилдан буён одамлар ими-жимида қамалиб кетмоқда. Орадан беш-ўн кун ўтгандан кейин эса “Эшитдингизми, фалончи халқ душмани экан” деган тутуруқсиз гап тарқалади. “Ҳозир қочиб кетмасам, милицияга ўзимни топширсам, ҳе Муродхон, адашибмиз, бориб ишингизни қилаверинг, дейдими? Йўқ, демайди. Ахир бизга Коммунистик партия, унинг йўлбошчилари Карл Маркс, Ленин, Сталин ҳеч қачон адашмайди, деб ўргатиб келишади-ку! Агар йўлимни бериб, қутулиб кетсам, нима қилишни кейин ўйлайман” деди-ю, Муродхон олови пасайиб қолган ўтхонага кўмир ташлади…
– Отам Ленинободда паровоздан тушиб, тўғри Новга йўл олади, – деган эди ўша суҳбатда Давронбек. – У ерда отамнинг университетда бирга ўқиган курсдоши Турсунбой Ўлжабоев деган одам район партия комитетининг биринчи секретари эди. Отам бу ерларда ўша биродарини қора тортиб келади. Мақсад ялмоғизнинг оғзидан омон қолиш эди…
Ленинобод станциясига келгач, паравознинг ўтхонасидан ирғиб ерга тушган Муродхон Собиров тўғри Чорраҳа деган жойга қараб юради. Бу жой унчалик узоқ эмасди. Чорраҳадан эса Новга тўғри йўл кетади. Университетда ўқиб юрган кезлари Турсунбойнинг уйига келишганида шу ердан ўтишган. Шундай қилиб, Нов йўлини билади. Шу боис йўл сўраб бировга қайрилишга ҳожат бўлмади. Бошидаги шапкасини маҳкам бостирганча, тўғри йўл бўйлаб кета бошлади. У пайтларда ­автоуловлар ҳали кўп эмасди. Катта йўлдан бирда бир “полутурка” ўтиб қолмаса, қолганлари фақат ўрус-кўтак арава. Йўл қир-текисликлардан иборат эди. Бир жойга борганда юк тўла аравасини итариб, отига ёрдам бераётган ўрис башара одамга йўлиқди ва қараб турмай араванинг чап ёнидан итаришиб юборди. Унинг кўмагими ё арава тепага чиқиб бўлганмиди, ҳар ҳолда енгил юриб кетди. Шу баҳона арава эгаси билан суҳбат боғланди. Албатта, бундан Муродхон ака енгил тортмади. Чунки, нима бўлганда ҳам у ҳозирги дамда қочоқ. Араванинг эгаси эса қандай одамлиги номаълум.
– Йўл бўлсин оғайни, – бўғиқ овозда қайрилди Муродхон акага қараб аравакаш.
– Новга… иш билан…
– Ҳа, Новда иш кўп, – деди араванинг эгаси Муродхон Собировга синовчан назар ташлаб. – Ҳозир айни экиш пайти. Манови ҳам уруғлик, – деди аравага ишора қилиб. – Ўқиган одамга ўхшайсиз. Сиздақаларга ҳам иш топилади. Ана мактабда ўқитувчи етишмай, болалар кўча-кўйда тентираб қолишди. Бундан Ўлжабоевнинг фиғони фалакка чиқяпти. Лекин, илож йўқ. Ўқитувчи кам. Ўқиганлар эса шаҳарда қолиб кетишяпти. Шаҳар шаҳар экан-да…
Арава эгасини шунчаки “аравакаш” деб бўлмасди. Гап-сўзларига қараганда, ўзи ҳам ўқиган одам кўринади.
– Кузда кўп ерларимиз уруғлик етмай бўш қолиб кетди, – гапни улади арава эгаси. – Билмадим, бу олиб кетаётган уруғлик энди унадими йўқми?.. Ёмғир мавсуми ҳам ўтиб боряпти. Пешонадан-да… Одамнинг пешонасига берсин. Пешонада битмаса, бало ҳам бўлмайди…
Муродхон гапга гап қўшай дейди-ю, аммо ҳеч тили сўзга бормайди. Ўлжабоевнинг номини эшитгандан сўнг, танасига сал илиқлик югурди. Секин сўради:
– Ўлжабоев ҳозир райондамикин?
– Районда бўлмай қаерда бўларди. Нима, сиз уни танийсизми?
– Танишга танимайману, лекин яхши одам деб эшитганман.
– Эшитган бошқа, кўрган бошқа. Кўрсангиз биласиз. Ҳар ҳолда ёмон одам эмас…
Бу пайт арава қияликдан тушиб, текис йўлга чиқиб олди. Шунда араванинг эгаси ёнма-ён бораётган Муродхон акани ҳам аравага таклиф қилди. Арава бир маромда юриб кетди. Йўловчилар Нов район марказига шомдан кейин кириб келишди. Араванинг эгаси билдики, йўлдошининг борадиган жойи йўқ. Йўлни тўғри омборхонага солди. Уларни беўхшов қорин қўйган омборчи кутиб олиб:
– Ҳой, Акбарали, уруғликни бу ерга эмас, тўғри дала бошига олиб борар экансиз, Ўлжабоев шундай қилсин, деди.
– Қоронғида пайпаслаб юрамизми, полвон ака, бугунча шу ерга тушириб қўятурайлик, азонда ўша айтилган жойга олиб борармиз. Бунинг устига меҳмонга ҳам ётиш учун жой керак, – деб сўз қотди Акбарали.
– Қанақа одамсиз. Бошлиқни айтганига юрмайсизми, – қўрс жавоб қилди омборчи.
– Омборингизга киритмасангиз киритманг, – жаҳли чиқди Акбаралини. У шундай деб аравани орқага қайтарди. Муродхонга қайрилиб шундай деди:
– Меҳмон, исмингизни ҳам сўрамадим, қарамайсизми энди, шуям гап бўлдими…
– Хафа бўлманг, Акбарали ака, тайинланган жойга бораверайлик, ётиш бир гап бўлар, – деди Муродхон ака.
Улар ярим кечада қир-адирлар оша бир капанинг олдида тўхташди. Иккалалари ҳам ҳориб-чарчашган эди. Акбарали отни арвадан чиқариб, ем берди, кейин тушовлаб қўйиб юборди. Шундан кейингина капанинг ичига қаради. У ерда бир одам ­бошини ўраб олиб ухлаб ётарди. “Шуям қоровул бўлдими, ярим соатдан буён тарақа-туруқ қиламиз, уйғонмаганини қаранг”, деб ўйлади Акбарали чўзилиб ётган одамга қараб ва Муродхон акага қайрилди:
– Ҳа, энди қорнимизни ҳам ўйлайлик. Ҳозир ўчоққа ўт қалаб, чой қайнатамиз. Қоровул донг қотибди, уйғотганда нима? – шундай деб Акбарали ўчоққа уннади. Нарида турган қумғонга ариқдан сув солди, кейин ўчоққа қўйиб тагига олов ёқди… Дашт анча салқин эди. Оловнинг тафти иккаласига ҳам жон киритди. Акбарали аравага бориб, эрталабдан қолган, қийиқчасига ўралган яримта нонини кўтариб келди. Муродхон ака шундагина бўхчасини эслади: “Унда қуритилган кийимлар билан ул-бул егулик ҳам бор эди. Аттанг, паровознинг ўтхонасида қолиб кетибди”, ўйлади Муродхон ака. Бу пайт қумғон ҳам шарақлаб қайнади. Акбарали ўчоқ бошида қуруқ чой бўлса керак деб, тимирскиланиб чой қидирди. Аммо ўша пайтларда қуруқ чой дегани анқонинг уруғи эканини билса-да, ҳар эҳтимолга қарши, балки, чиқиб қолар деб қидирган эди. Йўқ, чойнагида дала чойининг шамаси бор экан. Шунинг устига қайнаган сув қуйиб дастурхонга қўйди. Йўлдошлар бир бурдадан нон, икки пиёладан “шамасига чамбарак” дала чойни ичишиб арава устига чиқишди… Қопларнинг устига чўзилган Муродхон тун аёз бўлишига қарамай, ўз танасида қандайдир илиқликни ҳис қилди. Кўнгли хотиржам тортди. Наҳот, қутулган бўлсам, деган ўй “ялт” этиб хаёлидан кечди. Кўзи илинди…
Тонг отган эди. Муродхон ака бутун вужудида турган даҳшатли қалтироқдан уйғониб кетди. Тиши-тишига тегмай титрар, бадани эса ўт бўлиб ёнарди. Кўзини очиб, бошида ўтирган одамни таниб-танимади.
– Ленинободдан чиққанидан кейин учрашиб қолдик, – деди Акбарали тонг отиб-отмай бу ерга келган райком секретарига. – Бир-икки оғиз гапни айтмаса, йўл бўйи сукутда келди. Бошига иш тушганга ўхшайди. Сизни сўради.
Ўлжабоев Акбаралига меҳмон таниш эканини айтиб ўтирмади. Бу ҳақда гапиришнинг мавриди ҳам бўлгани йўқ. Чунки… шу пайт Ўлжабоев билан бирга келган колхоз раиси кападан додлаб чиқди:
– У бечора, Махсум, оламдан ўтибди. Кеча олдимга бир аҳволда келиб, раис бува мени яширмасангиз, ишим чатоқ. Неча кундирки, қирма-қир, сойма-сой ошиб шу ерга етиб келдим. Бухорода ҳам имом-домлаларни қамаш бошланди. Яширинг мени, раис бува, яширинг, деб ёлворганди-я. Махсум менга узоқ қариндош бўлади. Қора тортиб келибди. Очмисан-тўқмисан, деб сўрамабман ҳам. Бу қўрқувдан ўлдими ё очликданми? Қандай кунларга қолдик, Акбарали, – деб раис уввос тортиб йиғлай кетди.
Бу пайт беш-ўнта деҳқонлар ҳам келиб қолишди. Ўлжабоев Акбарали бошлиқ ўша одамларга кеча тайёрланган далаларга уруғ сепишни тайинлаб, дондан бўшатилган аравага ётқизилган Махсумнинг жасади билан иситмадан алаҳлаб ётган Муродхон акани олиб раисни қўшганча қишлоққа жўнаб кетди.

3

Тарих. Маълумки, 1937–38 йиллар янги тарихда “катта террор” деб ном олган қатағонларнинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади. Мазкур қатағонлар 1927 йилда бошланиб 1953 йил март ойигача давом этган, деб белгилашади тарихчилар. Шу нарса кишини таажжубга соладики, бу йилларда “собиқ қулоқлар” яна қайта қатағон қилинади. Уларнинг аксарияти отувга ҳукм этилади. “СССР Ички ишлар Халқ комиссари Н. Ежов томонидан 1937 йил 30 июлда имзоланган №00447-ёвуз буйруқнинг қўлланилиши билан қатағонлар янада кескин тус олди” деб келтирилади тарих фанлари доктори, профессор Р. Шамсуддинов раҳбарлигида тузилиб, 2007 йилда Андижонда чоп этилган “Катта террор йилларида Ўрта Осиё қишлоқлари” китобида. Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонда 1937 йил 10 августдан бошлаб собиқ қулоқларни, советларга қарши фаол унсурлар ва жиноятчиларни қатағон қилиш бўйича “оммавий операциялар” бошланади. 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача Ўзбекистон бўйича 10700 одам қамоққа олинади. Улар орасида биринчи марта қамоққа олинган диндорлар, ўқитувчилар, партия-совет ходимлари, журналист ва ёзувчилар кўп эди. Ҳаёти давомида ҳукумат томонидан “халқ душмани” деб эълон қилинган кишилар билан бирга ишлаган ёки учрашган, ҳамсуҳбат бўлган одамлар ҳам таъқиб остига олинган. 1937 йил 14 сентябрдан кейин ўрнатилган судлов тартиби Ўрта Осиёда жорий этилган ОГПУнинг “учлик” муҳокомаларидан кам фарқ қилган. Сиёсий-жиноий асосга кўра қамалганлар судланмасданоқ “учлик” томонидан олий жазога тортилган ёки сургун қилинган.
…“Учлик” дегани ташкилотми ёки одамларми, деган савол туғилиши мумкин. Бу саволга ўша “учлик”нинг битта мажлис баённомаси билан жавоб бериш мумкин.
СССР Марказий Ижроия Қўмитасининг 1930 йил 9 июлдаги қарорига асосан Ўрта Осиё ОГПУси (махсус давлат сиёсий бошқармаси) қошидаги “Учлик” мажлисининг
№103 баённомаси
Ўрта Осиёдаги ОГПУ раиси: ўрт. Миронов
Аъзолари: ОГПУ бошлиғининг ёрдамчиси – ўрт. Берман, ОГПУ Бутуниттифоқ бўлимининг бошлиғи – ўрт. Бабкевич, ЎзССР Давлат прокурорининг ёрдамчиси, ЎзССРда ОГПУ бўлимлари назорат прокурори – ўрт. Сарычев
Котиб: ўрт. Ковач.
Тингладик:
1. Қуйидаги фуқароларни айблов бўйича №5054 сонли иш:
1) Носирхон тўра Саид Камолхон Тўраев, ёши 56 да, тожик, бой, хўжалиги қулоқлаштириш бўйича йўқ қилинган, таниқли мударрис, февраль ва октябрь инқилоблари оралиғида Наманган шаҳар Думасининг раиси, …, собиқ Қўқон мухторияти ҳукуматида вазир, Наманган диний бошқармасининг собиқ бошлиғи, советларга қарши фаолияти учун сургунда бўлган.
2.
3.

19.
Қарор қилдик:
Барчаси отувга ҳукм қилинсин.
Шундай қилиб, битта мажлисда 19 нафар одам отувга ҳукм қилинган. Юқоридаги каби “Учлик”ларнинг бундай мажлислари ҳар бир районда, ҳар бир идора-ташкилотда фаолият юритган.

4

Қадим Бухородан қочиб келиб, жағини танғишга ҳам одам топилмай, дала бошидаги кимсасиз капа уйда жон берган ўша исми бизга номаълум Махсум ака ҳам, узоқ Қирғизистондан Новга қочган Муродхон Собиров ҳам ана шу “Учлик”нинг қурбонлари эди.
Ўлжабоев Муродхон акани касалхонага олиб бормайди. Унинг бошига оғир ташвиш тушганини қандайдир ички туйғу билан сезади. Бир кўнгил яқин одами бор эди. Аравани ўша ёққа ҳайдайди. Уй эгаси “бу ким, нима” ҳам демай Муродхон акани бошлаб уйига олиб кириб кетади. Орадан бир ҳафта ўтгач, Муродхон ака ўзига келиб, дарддан фориғ бўлади. Унинг суяк-суягига совуқ ўтиб кетган эди. Бу Оқбўранинг совуғи эди. Ўлжабоев ундан ҳар куни хабар олиб турди. Бир ҳафтагача, нима бўлди, қаёққа боряпсан, деб сўрамади. У биларди: Муродхон бу ерларга бежиз келмаган. Унинг Ўш шаҳрида ташкил этилган “Коммунист” газетасига бош муҳаррир бўлганидан ҳам, кейин “Известия” газетасида муҳаррир бўлиб ишлаш учун Москвага кетганидан ҳам, энг асосийси Муродхон Собировнинг Тўрақул Айтматов билан яқин эканидан хабардор эди.
ВКП(б) Нов район комитетининг биринчи секретари Турсунбой Ўлжабоев ўқимишли, зийрак раҳбар эди. У ўша 1937 йилда “Правда” газетасида босилган “Буржуй миллатчилари” ва “Қирғизистон ВКП(б) Марказий қўмитасининг сиёсий хатолари” деб номланган мақолаларни ўқиган эди. Тўғрироғи, бу мақолаларни ўқиш Тожикистон ВКП(б) Марказий комитети томонидан барча партия ходимларига тавсия этилиб, жойларга телефонограммалар жўнатилганди.
Хуллас, Муродхон Собиров ўзига келгач, райком секретари уни машинасига ўтқазиб тўғри район газетасига олиб келади. Ўша куни газета таҳририятида йиғилиш бўлиб, жамоат жам экан. Ўлжабоев Муродхон акани тўғри мажлис кетаётган бош муҳаррир хонасига етаклаб кириб, уни жамоага таништиради:
– Бу одамнинг исми Муродхон. Фамилияси Собиров. Менинг ҳамқишлоғим. Хўжанддан. Ўзи журналист. Районимизга келиб қолибди. Бирга ишлайсизлар. Сизларга муваффақият тилайман, – дейди-ю, чиқиб кетади.
Бошқалар эмас, Муродхон аканинг ўзи ҳам бу воқеадан ҳанг-манг бўлиб қолади. Ахир йўл-йўлакай ҳам бир оғиз бўлса-да, ҳозир фалон жойга борамиз, сени шундай деб таништираман, деган гапни айтмаган-да. Бу воқеа айни 1938 йилда бўлган. Муродхон ака сўраганларга “ҳа, туғилган жойим Хўжанд, Ўлжабоев билан бир жойданмиз” деб қутулди. Бунинг устига ўша йилларда паспорт тизими жорий этилмаган эди. Агар бировнинг устидан қасддан чақма-чақарлик қилинмаса, кимсанинг кимса билан иши йўқ. Ҳамма ўз жонини ўйлаб қолган эди. Ўлжабоевнинг эса ичидан ўтганини ўзи биларди. Шундай: Оллоҳ ўз паноҳида асрайман, деса ҳеч гап эмас. Оллоҳдан қолмайлик…
Русларнинг: “Бахтсизлик ёрдам бермаса, бахт қаёқда эди”, деган мақолига уйқаш 1940 йилда бошланган уруш бу икки дўстга ёрдамга келди. 1941 йил. Фронтда айни жанглар қизиган пайтда Ўлжабоев Муродхон акани чақириб: “Энди Сталин олдида ўзингни оқлайдиган пайт келди. Урушга кўнгилли бўлиб кетишга ариза ёз”, деди. Бир ўзининг жонини, бир дўстининг тақдирини ўйлайвериб чарчаган Муродхон Собиров шу жойнинг ўзида ариза ёзиб ҳарбий комитетга борди. Орадан икки ярим йилдан ортиқ вақт ўтган. Ўзининг қидирувга берилгани ёки йўқлигидан бехабар эди. Бунинг устига Москва остоналарида қаттиқ жанглар бораётган пайт. Ҳамманинг диққати урушга қаратилганди. Ҳаёт “Ҳамма нарса фронт учун” деган шиор остида кечмоқда эди. Хайрият, ҳеч қандай сўроқ-жавобларсиз уни армияга олишди. Муродхон Собировнинг елкасидан тоғ тушди, гўё. Бу тоғ ўзининг жонидан ҳам кўра, дўсти Турсунбой Ўлжабоевнинг тақдирига кўз тиккан эди. Ахир ўшанда “Ҳа, Собиров бор экансиз-ку, шу кунгача қаерларда эдингиз” деган гап-сўз бўлганда ёки шу ўтган икки ярим йил орасида бирорта одам “фалон газетада бир одам юрибди, биз танимаймиз, сўраб-суриштириб кўринглар” деб керакли жойга мурожаат қилса борми, ўзи-ку, майли, жонидан умидини узган пайтлар кўп бўлган, манови бошига ташвиш тушган пайтда сўрамай-нетмай бағрини очган Ўлжабоевга қийин бўлар эди. Ўзидан олдин Ўлжабоевни отишарди.
Мана шулар ҳақида ўйларкан, дўстига қандай миннатдорчилик изҳор этишни ўйлаб ўйига етмасди. У кўрсатган жасоратни қандай баҳолаш мумкин, деб ўйлади армияга кетишдан бир кеча олдин Муродхон ака. Нима иш қилсам унга муносиб бўлади? Ана шундай ўйлар туни билан кўзига уйқу илинтирмади. Эрталаб икки дўст хайрлашиш учун учрашдилар. Учрашув район партия комитетида бўлди. Катта хона. Тўрда Ўлжабоев. Унинг қаршисида Муродхон ака ўтирибди.
– Раҳмат! Сенга шу сўздан бошқа ҳеч нарса деёлмаётганимдан афсусдаман, Турсунбой, – деди Муродхон ака жиққа ёшга тўлган кўзлари билан дўстига қараб.
– Э, қўйсанг-чи, сенга раҳмат! Турсунбой партия ходими бўлса, менга нима қилиб берарди, демай олдимга келганинг учун раҳмат. Агар бу ёғини сўрасанг, мен ҳам сени баҳонангда ўзимни синадим… Омон бўл, дўстим. Сен байрамга ёки тўйга бораётганинг йўқ. Қон сачраб турган жанггоҳга боряпсан. Яна бир гап шуки, кеча “ўзингни оқлайдиган пайт келди” деб шунчаки айтган эдим. Сенинг ўзингни оқлашингга ҳеч ҳожат йўқ. Буни биламан. Тўрақул Айтматовдай виждонли одам билан таниш, ёр-биродар, энг муҳими фикрдош бўлганинг учунгина сени қамашмоқчи бўлишди. Бунда сенинг ҳам, Тўрақул оғанинг ҳам ҳеч бир айби йўқ. Афсус-надоматлар бўлсинки, мана икки йилдирки Тўрақул оға қамоқда экан. Хат, учрашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Буни яқинда Тошкентдан келган бир дўстимиз айтди. У сен ҳақингда сўзлаб, Муродхонни суриштирган эдим, тополмадим, деди. Ҳар эҳтимолга қарши бу ердалигингни билдирмадим. Балодан ҳазар… Йўқ, ўша одам ишончли кишилардан. Шундай бўлса ҳам шу ерда эканингни айтмадим. Бугунги кунда ўзингни соянг ҳам сотиб қўйиши мумкин. Мана шундай таҳликали давр. Жуда кўп партия, совет ходимлари салласини ол деса, калласини олишяпти. Энг даҳшатли томони Коммунистик партиянинг энг содиқ аъзолари қатағонга учраяпти. Нима учун бундай бўляпти? Ҳеч ким билмайди. Партия ичида оппортунистлар, яъни оғмачилар кўп. Уларнинг кўзи ишда эмас, жонларида… Хуллас, шунақа гаплар. Дўстим, ой бориб – омон кел.
Ўлжабоевнинг бу гапларини Муродхон ака кейинчалик ҳам кўп эслади. Унинг Тўрақул Айтматов икки йилдирки қамоқда, хат-учрашув ҳуқуқлари йўқ, деган гап­ларидан ич-этини еди. Наҳотки, шундай илмли, партиянинг йўлини яхши тушунган одамни қамашса? Ўзи-чи, унинг ўзи қандай жиноятлар қилган? Қамоққа олинганига икки йилдан ошган бўлса, демак, мени ҳам Тўрақул оғанинг маслакдоши сифатида қамашмоқчи, бўлган деб Ўлжабоев тўғри айтган экан-да. Тўрақул оғага шогирд бўлиш, у билан суҳбатлашиш, дардлашиш нақадар мароқли эди, ўйлайди Муродхон ака. 1932 йилда Тўрақул оға билан унинг Таласдаги туғилиб-ўсган Шакар овулига борганларида у шундай деган эди: “Муродхон, биласанми, нима учун инқилоб қилдик? Элимиз-юртимиз яхши яшаши, илмли бўлиши учун инқилоб қилдик. Агар бизнинг инқилобимиз шу натижаларни бермаса, демак яхши иш қилмабмиз…” Тўрақул ака шу сўзларни айтиб узоқ ўйга чўмди. Кейин яна давом этди: “Биласанми, нима учун ягона Туркистонни бўлиб ташлашди? Менимча, бу масаланинг икки жиҳати бор: биринчиси, Туркистон ўлкасининг ягона мамлакат бўлишидан кимлардир манфаатдор эмас. Менинг ақлим етмаётгани РКП(б)нинг Туркистон халқининг майда республикаларга бўлиниб кетишига йўл берилаётгани. Наҳотки… Иккинчидан, бунда биз қирғизлар учун битта яхшилик бор: ўз давлатимизга эга бўламиз. Бироқ Туркистоннинг бўлиниб кетиши муқаррар бўлса, бунинг оқибатлари ёмон кечади. Энг даҳшатлиси халқлар ўртасида низо чиқади. Уларни яраштиришга асрлар ҳам етмайди, деб қўрқаман. Бундан ташқари ҳамма ўзининг чопонига ўралиб олса, иқтисодий ривожланиш ҳам бўлмайди. Яна қайдам. Бу гапларни сени яқин олиб айтаяпман. Ҳа, майли, қани бешбармоқдан ол, омон бўлсак кўрамиз…”
5

– 1990 йилда ўзбек-қирғиз ўртасида низо чиққан пайтда отам тирик эди, – деб эслайди Давронбек. – Тўс-тўполон тинчиб қолган кунларнинг бирида отамнинг шундай дегани ҳали-ҳануз ёдимда. “Туркистон халқини бўлиб юбориш кечагидек фожиаларга олиб келишини Тўрақул Айтматов бундан 70 йил олдин айтган эди, менга”, деб юқоридаги гапларни айтиб берган эди.
Менинг хаёлимда эса Чингиз Айтматовнинг хотиралари жонланади: “Қорақиз эжам саводсиз бўлса-да, лекин донишманд аёл эди. У бир умр отам хотирасини муқаддас сақлади. 1964 йилда оғир касалликдан сўнг вафот этди. Ўлими арафасида бизни ҳузурига чорлаб:
– Мен тўртовингдан ҳам розиман. Эҳ, оталаринг ёшлик пайтида қурбон бўлиб кетди! Агар у юксак мартаба эгаси бўлмаганда, кўп қатори овулда яшаб юрганда борми, тирик қолар эди, – деди-ю йиғлаб юборди.
Дастлаб, расмий идорадан бизга ёлғон маълумотнома жўнатишди: “10 йил муддат билан қамалди, хат ёзиш ҳуқуқидан маҳрум этилди”. Бизни интизор қилиб қўйган сўнгсиз йиллар бошланди. Ҳар бир кунни санаб юрардик, йўллардан кўзимизни узмасдик, умид билан яшардик.
Бир марта отам тўғрисида бўлаётган ошкора суҳбатнинг гувоҳи бўлганман. Уйи­мизга ўғлининг қўлидан ушлаб юрадиган битта кўзи ожиз одам ташриф буюрди. Эсимда, онамга шундай деган эди:
– Мени ҳам Тўрақул билан бирга қамоққа олишди. Биз битта камерада ўтирдик. Дунёда бор азоб-уқубатларни бошимиздан кечирдик. Кўр бўлиб қолганимдан сўнг мени озод қилиб юборишди. Тўрақул тирик. Барибир адолат тантана қилади, умидингни узмагин, Нагима.
Онам НКВД идорасига хат кетидан хат жўнатаверди, лекин бирон тайинли жавоб ололмади. Умид билан ўн йил ҳам ўтди…”
Бу борада қозоқ шоири ва давлат арбоби Мухтор Шохоновнинг хотиралари ҳам диққатга сазовор. Бу хотиралар гарчи бу икки улуғ инсоннинг биргаликда ёзган китобида келтирилган бўлса-да, Шохонов бу хотираларни 1998 йили Чингиз оға билан бирга Тошкентга келиб, бизнинг уйимизда (Ё. Хўжамбердиев) меҳмон бўлишганда ҳам айтиб берган эди.
– Бир пайтлар мен синглингиз Роза хоним билан учрашиб қолиб отангиз ҳақида узоқ суҳбатлашдик, – деди Мухтор ака Чингиз Айтматовга боқиб. У суҳбатни шундай бошлаган эди. “Чингиз институтда “аъло”га ўқирди. Уни аспирантурага қолдиришмоқчи эди. Лекин, бирдан устидан хат тушади: “Халқ душмани”нинг ўғли нима учун Сталин стипендияси оляпти?”. Шундай қилиб, у стипендиядан ҳам, аспирантурадан ҳам маҳрум бўлди.
Шу пайт Шохонов нафасини ростлаб олиш учун пиёлага қўл чўзди. Орадаги жимликдан фойдаланган қорақалпоғистонлик ёзувчи Умурбой Атаулиев сўз қотди:
– Яхшиям бўлган экан. Акс ҳолда дунё адабиёти буюк ёзувчидан ажраб қолар эди…
– Вой-боёв чироғим, жа ошириб юбординг-ку, – деб кулди Чингиз оға Умурбойга қайрилиб…
– Шуйтиб, Роза хонимнинг гапларини эшитинг, – сўзини давом этди Мухтор ака. Бу хотиралар шўролар салтанатининг асрлар оша авлодларга сабоқ бўладиган қонхўрлигидан ҳикоя қилади. Бироқ, Чингиз, деган эди Роза хоним, асло таслим бўлмади: дам олиш кунлари темирйўлга бориб, ҳаммоллик қилди – вагонлардан кўмир, ўтин туширади. Чойчақа ишлаб келарди. Ҳалол пешона тери билан ишлаб топган пулларини сарфламасдан йиғиб қўярди: ёзда овулга таътилга келгач, ҳаммамизга уст-бош харид қилиб берарди.
1957 йилда НКВД идорасидан бизга чақириқ қоғози келди: “Т. Айтматов тўғрисидаги сўровномангизга жавоб олиш учун НКВДга келишингиз лозим”.
Онамнинг нечоғлиқ ҳаяжонланганини бир кўрсангиз эди! Бояқиш ўзини қўярга жой тополмай қолди, юраги ҳапқириб кетди. Аксига олгандек, Чингиз ўша кунлари иситмаси кўтарилиб, кўрпа-тўшак қилиб ётганди. Онам бечора унинг теварагида гиргиттон бўларди. У онам билан бирга бормоқчи бўлиб ўрнидан турдию оёқлари чалишиб, йиқилди. Қисқаси, биз онам икковимиз чақирилган жойга жўнадик.
– Отанг Сибирда бўлса керак, – деди онам. – ҳозир кўпчилик ўша томонлардан қайтиб келишяпти. Агар Тўрақул катта бўлиб қолганларингни кўрса, бечора ниҳоятда суюниб кетади…
Ниҳоят, биз НВКД идорасига етиб келдик. Кираверишда автомат ушлаган аскар турган экан. Онам унга чақириқ қоғозини узатди.
– Сиз кираверинг, – деб аскар бола онамга йўл бўшатди.
Мени ичкарига киритмади.
…Онам ичкаридан оёқларини аранг судраб чиқиб келгунча анча вақт ўтди. Онамга кўзим тушдию юрагимда қаттиқ оғриқ турди. Унинг кўзларидан дув-дув ёшлар оқарди, лаблари титрарди. Дарҳол онамнинг қўлтиғидан олдим. Бир оғиз сўз айтишга ҳам мадори етмасдан, бир варақ қоғозни менга узатди. Қоғозда эса қуйидаги сўзлар ёзилган эди:

СПРАВКА

1937 йил 1 декабрь куни қамоққа олинганга қадар Қизил профессорлар институтининг тингловчиси бўлган Тўрақул Айтматовнинг айбномаси СССР Олий Судининг Ҳарбий Ҳайъати томонидан 1957 йилнинг 15 июнь куни қайта кўриб чиқилди.
Т. Айтматовга нисбатан 1938 йилнинг 5 ноябрь куни Ҳарбий Ҳайъат томонидан чиқарилган ҳукм янги очилган шарт-шароит туфайли бекор қилинади ва бу иш жиноят таркиби бўлмагани учун тўхтатилади.
Т. Айтматов ўлимидан кейин оқланди.
СССР Олий суди Ҳарбий
Ҳайъат раисининг ёрдамчиси,
адлия полковниги М. Русаков.

– Энди ўзларинг ўйлаб кўринглар бовурларим, Умурбой, Ёқубжон, Набижон, – деб бизга қайрилди Мухтор оға. – Йигирма йиллик умид бир лаҳзада чилпарчин бўлиб синса, одам қандай аҳволга тушади. Ахир одам, яна аёл зоти метин эмас-ку! Инсонларнинг ишонч-эътиқодини, орзу-умидларини гулқайчида узум баргини қирққандек қирқиб ташлаган тузум қандай тузум бўлади? Афсус, яқин-яқинларгача ҳаммамиз ана шу тузумнинг тўнкасини ёриб келдик… Ёқубжон сени отанг қамалмаганми?
– Қамалган, фақат қамоқдан қочиб қутулган, – дейман мен.
Шу пайт кимдир даврадагилардан бири:
– Қочиб қолганлар бахтиёр! – деди…
Ҳа, дарвоқе, қамоқдан қочиб қутулиб қолганлар бахтиёрмикан?.. Менинг отам Мулла Хўжамбердини ҳам домлаларга қирон келганда қамашди. Аммо у йўлини топиб қамоқдан қочди. Узун йиллар Учкўприк туманининг Суюнчол, Момочол қишлоқларида яшириниб юрди. Суюнчолнинг Қўрғонча маҳалласида имомлик қилди. Оиласидан узоқда бўлди. Ота! Шундай ҳаётда сиз бахтиёрмидингиз?
Амаким мулла Эгамберди ўз даласидан тутиб кетишган бўйи қайтиб келмади. Юз ёшга кириб яқинда оламдан ўтган Зуҳриддин махсум поччанинг сўзларига қараганда, Мулла Эгамберди домла Сузоқнинг катта уламоси эди.
Нима бўлганда ҳам золимнинг ўқидан ер тишлаган одамларни бахтсиз, ундан қутулиб кетганларини бахтиёр, дейиш, уларга баҳо бериш бизнинг ишимиз эмас, дейман ўзимга. Биз уларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишимиз керак. Балки, Тўрақул Айтматов ёки Мулла Эгамберди қанчалик бахтсиз бўлишса, уларнинг шогирди Муродхон Собиров ва Мулла Хўжамберди ака ҳам шунчалик бахтсиздир. Зеро, бахт умрнинг қисқа ёки узунлиги билан ўлчанмайди. Бахт шу одамларнинг эл-юртга қилган хизмати, дунёни тушуниш фалсафасининг чуқур ёки саёзлиги билан ва ниҳоят Оллоҳ берган умрнинг қанчалик мазмунли ўтгани билан ўлчанса, эҳтимол.

6

Иккинчи жаҳон уруши бир манбаада 40 миллион, бошқа манбааларда 80–100 миллион одамнинг ёстиғини қурутди, деб келади. Миллионлар нари турсин биттагина одамнинг ҳаёти нақадар азиз ва мукаррамлигини ўйласангиз, бўлиб ўтган урушда ҳаётни яхшилаш, уни янада азиз ва мунаввар қилувчи миллионлаб кишиларнинг ҳаёти бу дунёнинг арзимас ҳою ҳавасларига қурбон этилганини ҳис этамиз ва юракларимиз зирқирайди. Собиқ Туркистонда коллективлаштириш, 1927–52 йилларда ҳукм сурган катта террор фожиалари кириб бормаган оила кам бўлганидек, Иккинчи жаҳон урушидан азият чекмаган хонадонлар деярли йўқ эди. Бу урушнинг асоратлари, жангларда ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган одамларнинг оилалари, невара-чеваралар ўз оталарини, боболарини, бувиларини ҳамон юраклари қон бўлиб ёдга олишади…
Муродхон Собиров олий маълумотли бўлгани учун уни Туркманистоннинг Мари шаҳрига, икки йиллик командирлар тайёрлаш курсига ўқишга жўнатишади.
Мари шаҳри шундай Мурғоб дарёсининг бўйида жойлашган. Вилоят маркази. Муродхон Собиров дорилфунунда бирга таҳсил олган шу шаҳарлик Қаландарни эслади. “Аттанг, манзилини билганимда хол-аҳвол сўрардим”, деб ўйлади у. “Балки, у ҳам фронтдадир. Ахир ҳозир тўрт мучаси соғ одамнинг ҳаммаси урушга кетмаганми?..” Ана шундай ўйлар билан қўрғон бўйлаб юриб ҳарбий қисм дарвозаси ёнига борганини ҳам сезмай қолди. КППда бир лейтенант навбатчи экан. Ундан “ташқарига чиқиб келсам бўладими?” деб сўрайди. “Рухсатноманг бўлса, марҳамат” деб жавоб беради лейтанант. Шунда Муродхон Собиров лейтенантга қараб:
– Шаҳарга чиқмайман. Шунчаки, дарвозадан чиқиб, бир одамни сўрамоқчи эдим, – дейди.
– Э, солдат, шаҳарга чиқдинг нима-ю, дарвозадан чиқдинг нима, ҳаммасига рухсатнома керак. Ҳарбий тартиб шундай, – деб кулади лейтенант. – Ҳа, кимни сўрамоқчи эдинг. Бироздан кейин бу ерга сабзавотлар олиб келишади. Ўшалардан билиб бераман.
– Қаландар, деган йигитни. Тошкентда, университетда ўқиган.
– Мари кичик шаҳар бўлса-ям, ўқиганлар кўп. Қаландар дедингми? Ғалати исм экан. Отасининг исми Дарвеш эмасми? – деб лейтенант кулди.
– Ўртоқ лейтенант, сиз рус бўлсангиз, қаландар билан дарвешни қаердан биласиз? – деди кулиб Муродхон Собиров ҳам.
– Мен рус эмасман, бошқирдман. Катай уруғиданман. Исмим Ирис. Отамнинг исми Кади, – деди лейтенант қўл узатиб.– Сен туришингдан ўзбекка ўхшайсан. Кел, танишиб олайлик.
Шундан кейин лейтенант бу ўқув-машқ даргоҳида икки йилдан буён хизмат қилаётганини, ўзи кавалерия – отлиқ қўшинлари бўйича мутахассис эканини айтди.
– Биз бошқирдлар ота буваларимиздан тортиб аскар бўлиб келганмиз. Отам Кади Низомиддин ўғли бир пайтлар Истарлитимоқдаги ҳарбий ўқув курсига раҳбарлик қилган, – деб қўшиб қўйди Ирис.
Шу пайт дарвозанинг ортида: “Тррр… тўхта!” деган овоз эшитилди. Лейтенант кичик йўлакдан ўтиб, эшикни очди. Келганлар турли сабзавотлар, картошка, пиёз олиб келишган экан. Лейтенант телефонда хўжалик мудирини чақирди ва:
– Собиров! Бу ёққа чиқ, – деди.
Муродхон Собиров ташқарига чиқиб, кўтак аравада ўтирган икки кишини кўрди. Уларнинг бири ўспирин эди. Бошқаси эллик ёшлардан ошган, аммо юзларини ажин босган одам экан.
Лейтенант ўша кишидан “шаҳарда Қаландар Оллоберганов исмли Тошкентда ўқиган одамни танийсизларми? Мана бу солдат сўряпти”, деди. Шунда бояги одам Муродхон Собировга қаради-да, ўзбекчалаб:
– Қаландар урушга кетган, – деди қовоғини уюб.– Ҳозир ҳамма урушда. Айниқса, Қаландарга ўхшаган билимли йигитлар. Уйда отаси бор. Оллоберган оғанинг ёши ҳам валлоҳи алам, саксондан ошди, шекилли.
– Унинг қаерда туришини айтиб бермайсизми? – сўради Муродхон.
– Кўчасининг номини билмайман. Аммо, госпиталга бориб, шундай ўнгга қайрилган кўчадан “Оллоберган оғанинг уйи қайси?” деб сўрасангиз кўрсатишади, – деди салмоқлаб.
Бу орада ичкаридан хўжалик мудири – капитан ҳам чиқиб келди. Кела солиб салом ҳам бермай, аравадаги сабзи-пиёзга қараб рус тилида:
– Не гнилые они? – деб сўради.
– Что говоришь капитан? Когда-нибудь были у меня гнилые? – деди аччиғи чиқиб бояги одам.
– Ну, ну… – кулди капитан.
– Как ну-ну, всегда так обижает, – хуноби ошди сабзавотчининг.
– Нархини пасайтириш учун доим шундай дейди, – деди ёнидаги лейтенантга.
Шундагина капитан Муродхон Собировни кўрди, шекилли:
– А ты здесь что делаешь? – деб сўради жаҳли чиқиб.
У капитаннинг саволига жавоб бериш учун оғиз очиб улгурмасидан лейтенант орага тушди:
– Это я вызывал его.
– Ну, ладно, открывай ворота! – деб тез ичкарига кирди капитан.
…Тез орада ўқув машғулотлари бошланиб кетди. Ҳар куни тонги соат олтида уйқудан буйруқ билан турилиб, буйруқ билан уйқуга кетилади. Куни билан ўқиш. Дарслар рус тилида. Яхшиям рус тилини ўрганиб қўйган экан, акс ҳолда қийналиб қоларди. Шу тариқа Муродхон Собиров командирлар тайёрлаш билим юртида жанг сабоқларини ўргана бошлади. Бу ерда сапёрлар, пиёда аскарлар, автомобилчилар, кавалеристлар бўлиб ҳар қайси бўлинмада ўша соҳага оид командирлар тайёрланар эди. Муродхон Собиров кавалерист лейтенат Ирис билан қадрдон бўлиб кетди. Бўш вақтларида тез-тез учрашиб туришадиган бўлишди. Бир куни ҳарбий қисм дўконидан печенье билан қуйилтирилган сут олиб еб ўтиришган эди. Ҳаво очиқ. Аммо шабода бўлиб турганди. Бу ерларда ёзнинг жазирама кунлари шабода туриши хавфли эканини Муродхон Собиров билмас эди. Ирис эса қумнинг об-ҳавоси қандай келиб, қандай кетишини яхши биларди.
– Мурод, тезлаштир, бўлмаса ҳозир қуйилтирилган сутинг қумга тўлади, – деди оғзидагини тез-тез чайнар экан, Ирис. – Афтидан афғон шамоли турадиганга ўхшайди…
Ростдан ҳам орадан ҳеч қанча ўтмай ҳамма ёқни қоронғилик босди. Чарақлаб турган қуёш оппоқ нуқтага айланди-қолди. Қаттиқ шамол турди. Бу – иссиқ, қуруқ, тўзонли шамол эди. Маҳаллий халқ уни “Афғон шамоли” дейди. Ириснинг гапига кўра, бу шамол секундига 17–25 метрга етади. Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб юборади. Айниқса, қишлоқ хўжалик экинларини қуритиб, учириб кетади.
– Бизнинг бошқирдларда “Шамол туяни йиқитса, эчкини осмонда кўр”, деган мақол бор. Бу мақол ўзбекларда ҳам борми? – дейди Ирис бошидаги шляпасини қўлтиғига қисиб.
– Айтганинг ўзбек мақоли-ку! – жавоб беради Муродхон Собиров.
– Ана шунақа. Сен билан менинг мақолимиз ҳам маталимиз ҳам битта – туркийлармиз, – деди лейтенант фахр билан.
Ҳартугул бу сафар афғон шамоли тез келиб, тез кетди. Фақат оғиз-бурунлар қумга тўлди… Иккала ўртоқ ётоққа бориб, юз-қўлларини ювишиб, ярим соатдан кейин машғулотга кетишди. Муродхон Собиров дарсхонага, Ирис эса от сақланадиган сайисхонага…
Орадан уч ойлар ўтгач Муродхон Собиров дарсларга ҳам, дала машқларига ҳам кўникиб кетди. Лейтенант ундан тез-тез хабар олиб турди. Бир куни олдига келиб, “дўстингни унутиб юбординг-ку” деди.
– Сеними? Кўришиб турибмиз-ку! – деди кулиб Муродхон Собиров.
– Йўқ, мени эмас, анави дорилфунунда бирга ўқиган дўстингни, – жавоб берди лейтенант.
– Ҳа, дарвоқе. Отасидан хабар олиб қўйсам бўларди, лекин кўрмайсанми бизни ҳеч эркин қўйишмаяпти. Вақт тиғиз. Тезроқ билим юртини тамомлаб, жангга киришинглар керак, деб машғулот устига машғулот ўтказишяпти, – деди Муродхон Собиров Ирисга қараб.
– Эртага якшанба. Мен рота бошлиғингдан рухсат олиб бераман. Ўртоғингнинг уйига бориб келақол,– деди лейтенант жилмайиб.
– Шаҳарни яхши билмайман-ку! Уйини қаерда деган эди?
– Госпиталдан ўнгга буриласан. Ҳа, майли, мен ҳам сен билан бирга бораман. Хавотир олма, – деди хайрлашаркан лейтенант.

“Бошқирдлар ҳам ажойиб халқ бўлади-да…” деб ўйларкан, Муродхон Собировнинг хаёлидан ўшлик қариндоши Саидолимхон аканинг бир пайтлар айтган ривояти кечди: “Бошқирдларнинг умри курашларда кечган. Чор армиясининг жасур аскарлари ҳам бошқирдлардан бўлган. Туякашлик қилиб Қашғарга қатнаганимда бир бошқирд билан танишиб қолган эдим. Ўша одам бошқирдларнинг ичида диндор олимлар кўплигини айтиб, бир воқеани ҳикоя қилган. Айтишларича, бошқирдларнинг бир донишмандлари ўтган. Ўша донишманд отасининг тасаввуфга муносабати ҳақида шундай деган экан: “…Отам сафардан қайтиши биланоқ “Фазканга борайлик”, деди. Бу Фазкан Алағоянбоши қишлоғидаги Қочқинбойлардан бири эди. “Фазкан” эҳтимол, Файзуллоҳ ёки Фозил Хон дегани бўлса керак. У сўфий, машраб, ринд, жўмард эр киши эди. Менинг отам Аҳмадшоҳ шайхликни олса (яъни шайхлик даражасига етса), биринчи муриди мен бўламан, дер экан. Шу йили Шайх Зайнуллоҳ отамга шайхлик рутбасини берибди. Отам унинг ёзма ижозатномасини ҳам олган. Аммо отам айтдики: “Замонамиз тасаввуф замони эмас, у пайтлар ўтиб кетди. Эшон (шайх) бергач, олдим. Аммо ҳеч кимни мурид қилмайман, фақатгина Фазканни оламан, чунки унга сўз берганман”, деди. Фазкан ўзига тўқ киши бўлиб, Муллакай ҳазратнинг шогирди эди. Форсча, бироз арабча биларди. Биздан эҳтимол, юз чақирим узоқда турарди. Уникига бордик. Отамнинг отдан тушишига ёрдамлашиш учун олдига келдим. Уй томондан тарақа-туруқ овоз, турли шовқинлар келиб турибди, аммо одам кўринмас эди. Ниҳоят, бир киши келди. Бу Фазканнинг ўзи бўлиб, маст эди. Отамнинг узангисини тутди. Уни отдан туширди ва уйига олиб кирди. Уйдан аччиқ асал ҳиди келарди. Жуда аччиқ эди бу ҳид. Отам: “Ҳа, чўчқа, ичибсизлар-да”, деди. Ҳақиқатан ҳам улар базм қилишган эди. Фазкан: “Қўноқлар (яъни меҳмонлар) сен келганингни эшитиб, кўрагаларни (яъни асал идишлар) ўрундуқ остига яшириб, ўзлари деразадан қочдилар”, деди. Бироздан сўнг аср намозини ўқидик. Фазкан қаттиқ йиғлади. Отам билан Фазкан яссавийчилар севадиган “Сўфий нақш ўлдинг, вале ҳаргиз мусулмон бўлмадинг” нашидасини (қўшиғини), Муллагулнинг “Масти саломат мекунад, пинҳон паёмат мекунад” нашидасини бирга ўқиб жўшдилар. Асли Шамс Табризийга оид бу телба қилувчи шеър­ларнинг маъноси шу эди: “Бир маст сенга салом бермоқда; Сен йўқдан бор, бордан йўқ қилишни биласан, мастнинг саломини тингла; бу шундай бир мастки, икки қўли ҳам сенинг қопқонингга тушган. Сен ҳар дудоқнинг тоти, ҳар мазҳабнинг қибласисан, кўкдаги ой ҳар кеча сенинг уйингда қўриқчилик қилади; (Бу маъмуқ) бир боқсанг сенга қанот – учасан, бир боқсанг кеманинг темиридир – қимир этолмайсан; бир лаҳза сенинг тонгинг, бошқа лаҳзада сенинг қоронғи кечангдир. У сени бир лаҳза титратади, бир лаҳза қаҳ-қаҳ кулдиради, бир боқсанг сени маст қилар, яна бир боқсанг сени жонсиз айва, тошга айлантирибди. Ҳечқиси йўқ, тан бўлолмасам, жон бўламан, гавҳар бўлолмасам, гавҳарларнинг кони бўламан; эй кўнгил, шуҳратинг фано бўлишидан асло чўчима, бу орқали яхши шуҳрат топасан”. Уларнинг мана шундай сўфий жазавасига тушиб дунёни унутишларидан ичим сиқилди. Отамни бу телбанамо ҳаракатлардан қайтариш учун: “Ота, отларга сув берайми”, дедим. Бер, деди, мендан хурсанд бўлди: “Аҳмад бизни уйғотди, у ҳушёр, жазавага тушиш жоиз эмас, мен тасаввуфни ва шеърларини севаман, аммо сўфийликни хушламайман. Энди турайлик”, деди. Шундай қилиб, ўша куни отам Фазканни муридликка қабул қилди.
Отам бир сафар бошқа қишлоқдаги дўстиникига борган эди. Мен Фазканларникида бир ҳафтача қолдим. Фазкан бир куни ёзнинг иссиғида пичан йиғиб, ҳориб-чарчаб уйига келди. “Аср намозини ўқидингизми?” – деб ундан сўрадим. “Асрни нима қиламан, иш бўлса, уни яйловга берасан тамом. Оллоҳ кутади, аммо пичан кутиб турмайди. Намознинг қазоси бор, аммо пичаннинг қазоси йўқ, буни яхши биламан”, – деб қўшиб қўйди.
Отам ягона мурид қилиб олган Фазканнинг бундай куфр сўзларидан хабардор эди. “Фазкан олд тишларини землемер (рус зироат муҳандиси) билан уришганда йўқотган, ҳаёти давомида мусулмонларга фақат яхшилик қилади. Оллоҳ унинг ора-сира айтган куфрларини кечиради. У менинг замондошим бўлган энг самимий мусулмондир, у Оллоҳ севган бандалардан биридир”, деди. Отамнинг сўфийлик ва мусулмонликка қараши мана шундай эди. Отам: “Шайх бўлганимнинг ягона фойдаси Фазканни ичкиликдан қайтариш бўлди”, деб қаҳ-қаҳ отиб куларди. Отамнинг қаҳ-қаҳлари жуда ҳам кучли эди”.
– Мазкур ривоятни менга ҳам кўп марта айтиб берган, – деб эслайди Давронбек ота­сини. – Яна шуни ҳам айтганки: “Кейин билсам, бу ривоят эмас, ҳақиқат экан. Бир куни Ирисга айтиб эдим, у: “Э, Муродхон, бу ривоят эмас, ҳақиқат. Бу ҳикоя бизнинг бошқирдлардан чиққан улуғ инсон, ўша пайтда нақ Лениннинг ўзи билан бирга ишлаган Аҳмад Заки Валидий деган олимнинг айтганларидир. У киши ҳозирда чет элда яшайди, деб эшитаман. Яна қайдам. Ке, қўй, сиёсатга аралашмайлик…” деган экан.
Ҳа, ўша даврларда сиёсатга аралашиб бўлмас эди. Бунинг жабрини Муродхон Собиров ўз танасида синаб кўрган. У ўша кунгача шаҳарга чиқмаган эди. Бирга ўқиган курсдоши Қаландарнинг отаси баҳона Ирис билан шаҳарга чиқди. Маълум бўлишича, уларнинг билим юрти жойлашган Мари шаҳри каттагина экан. Бу ерда ҳарбийлар кўп эди. Қаёққа қарама, аскар кийимидаги одамлар. Ирис шаҳарга кўп чиққани учун шаҳарни яхши биларкан. Сабзавотчи айтган госпиталга дарров етиб боришди. Госпиталнинг тўғрисидан ўнгга бурилишиб, қаршидан келаётган бир мўйсафиддан “Оллоберган отанинг уйи қайси?” деб сўрашган эди, ҳў анови қийшиқ дарвоза, деб кўрсатиб қўйди.
Икки дўст дарвозани тақиллатишган эди, уни ёш ўғил бола очди. Отанг уйдами? деган даъватга бола:
– Отам урушда. Уйда бобом бор, – деб жавоб берди. Кейин “киринглар” деб йўл бошлади. Кирган жойлари чоғроқ ҳовли эди. Афтидан, ҳукумат қурган уйларга ўхшайди. Олди пастак айвон, ичкарида иккита ё учта хона. Бола йигитларни ёндаги хонага бошлади. Хонанинг тўрида соқоли туркманча кузакланган бир чол тасбеҳ ўгириб ўтирар эди.
– Келинглар, чироқларим. Ўтиринглар, – деб ёнидан жой кўрсатди чол. – Яхши юрибсизларми? Хизматлар жойидами? Қаландардан бирон хабар олиб келдингми?
Бобо кирганларга ҳадиксираб қаради. Кўнгли алланечук бўлиб кетди… Ота-да. Олам жаҳонда уруш бўляпти. Наҳот ўғли… йўқ. Бу йигитлар кўринишидан шу ерлик ҳарбийларга ўхшайди.
– Ўғлингиздан хат келиб турибдими, соғми, шуни билайлик, деб келдик, – деди Муродхон Собиров отанинг авзойи ўзгарганини сезиб.
– Ҳа, шундай демайсанми? – деди ота кўнгли жойига тушиб. – Сизларни кўриб, ичимдан ич қиринди ўтиб кетди. Ўғлимни ўйладим… Ахир у қон кечиб юрибди-да… Кел, ўтиринглар. Қайдасан, Назора? Чой қўй, дастурхон ёз. Қаландарни қайдан биласан?
– Қаландар билан Тошкентда бирга ўқиганмиз. Тарихни яхши билар эди. Қачон қарасанг Массон, Жуковский, Вяткин деган олимларнинг асарларини ўқиб юрарди, – деди чолга жилмайиб Муродхон Собиров. – Марв тарихи ҳақида асар ёзаман дер эди.
– Қаландар ўқишдан қайтгандан сўнг бир гуруҳ тузиб Марвни ўрганмоқчи бўлди, – деди ота мунғайиб. – Аммо бунинг учун катта маблағ керак бўлар эди. Маблағ эса йўқ. Бу ёқда тирикчилик гезариб турибди. Шуйтиб, мактабда ўқитувчилик қилди. Маорифга ишга ўтди. Бу йил баҳорда бўлса урушга олиб кетди-қўйди. Марв ҳам қолди, тирикчилик ҳам… Аммо унда-мунда Марв ҳақида ёзганлари бор. Назо, бояги акангни ёзганларини манови биродарларига кўрсат!
Шу пайт бир қиз дастурхон кўтариб кирди. Унга иккита чурек ўралган эди. Ирис чурекни чеккасидан ушатди. Бироз ўтиб Назора чойнак-пиёла ва қалин дафтарни кўтариб кирди. Ирис чой қуйди. Муродхон Собиров эса дафтар варақлади. Дафтарнинг биринчи саҳифасига “Қадимий Марв” деб сарлавҳа қўйилган эди.

Єадимий Марв

Марв шаҳри Ўрта Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири саналади. Шаҳарнинг номи ҳатто “Авесто”да ҳам келтирилади. Оташпарастликнинг бош китоби бўлган ушбу асарда шаҳар номи Мауру дейилган. Суғдиёна, қадимги суғд мамлакати жанубидаги Бақтрия билан шимолдаги скифлар ўртасида жойлашган бўлиб, Марказий Осиёнинг уриб турган юраги ҳисобланади. Биз яшаб турган Туркманистоннинг Мари, Марв, Байрамали, Иолотан шаҳари ва бошқа қум-саҳроларидаги аҳоли ҳам суғдлар бўлишган. Суғдлар ўз мустақиллигини қаттиқ туриб ҳимоя қиладиган, юксак маданият яратган эрксевар кишилар бўлишган.
Суғд ва суғдийлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”да учрайди. Александр Македонскийнинг Суғдиёнадаги Ўксус – Амударёдан Тананс – Сирдарёгача чўзилган ҳарбий юришларини мадҳ этган тарихчилар Суғдиёна ҳақида кўпгина маълумотлар беришади. Жумладан, тарихларда Марв ҳақида шундай дейилади: “Ровийлар бу шаҳарни Искандар Зулқарнайн барпо этган дейдилар. Эҳтимол. Ҳар қалай, у қадим ва муборак қасабалардан саналади. Ёки бошқа бир китобда: “Агар Самарқанд мадинат-ат тужжор, Бухоро мадинат-ул ислом бўлса, Марвни маданият-ул фузало дерлар. Марвнинг ҳикмат тўла кутубхоналарида юзлаб илми донишлар тарбияланган. Маъмун ибн Хорун ар-Рашид даврида Марвда Бағдод академиясининг асосини ташкил этган марвазийлар мактаби ташкил топади. Мари шаҳри қадимги Марвнинг деярли ҳудудида пайдо бўлган. Россия империяси Туркманистонни босиб олгач, бу шаҳарни Марв округининг ҳарбий-маъмурий маркази сифатида 1884 йилда барпо этган. Маридан ўттиз чақирим нарида эса қадимий Марвнинг харобалари ястаниб ётади. Қадимда Марв беш қалъадан иборат бўлган: Эрк қалъаси, Габр қалъаси, Султон қалъаси, Абдуллахон қалъаси, Байрамалихон қалъаси. Марв харобаларида ХIХ асрнинг 80-йилларида Валентин Алексеевич Жуковский, ХХ асрнинг 1946 йилида эса Михаил Евгеньевич Массон раҳбарлигида археологик қазишмалар олиб борилган. Марвнинг энг қадимий қисми Эрк қалъаси ҳисобланади. Бу қалъанинг ёшини олимлар милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг биринчи чорагидан мавжуд бўлган деб белгилашган. Ўрта асрлардаги Марвнинг равнақ топган даври XI–XII асрнинг биринчи ярмига тўғри келади. Бу даврда у буюк салжуқийлар давлатининг пойтахти бўлган. Султон қалъа харобасида салжуқийларнинг улуғ подшоҳи Султон Санжарнинг мақбараси жойлашган. Энциклопедик маълумотларга кўра, XII аср охири ва XIII аср бошида Марв хоразмшоҳлар давлатининг йирик маркази ҳисобланган. 1222 йилда шаҳар мўғуллар томонидан вайрон қилинган. Кейинчалик шаҳар қисман бўлса-да қайта тикланиб, Шоҳрух Мирзо даврида анча равнақ топган. 1510–24 ва 1601–1747 йилларда Марв форслар қўл остида бўлган. Марв урушлари туфайли (1790 й.) шаҳар инқирозга юз тутган ва марказ ўттиз чақирим ғарбга, ҳозирги Мари шаҳрига кўчган. Мари Марвнинг христианча номи.
…Муродхон Собиров дўстининг қораламаларидан бошини кўтарганда вақт алламаҳал бўлиб қолган, Оллоҳберган чол пишиллаб ухлаб қолганди.
– Мени ҳам уйқу тортиб кетяпти, чойинг ҳам совиб қолди, ич, кейин турайлик, – деди Ирис дўстига қараб.
Улар ташқарига чиқишганда Назора кўйлакларини липпа қилиб кир юваётган экан. Йигитларни кўриб дарров кўйлакларини туширди. Бир оғиз ҳам сўз қотмасдан орқаларидан эшикни тамбалади…
Казармага етиб боришганда кечки овқат маҳали ўтган эди. Лейтенант-ку ҳар ҳолда алоҳида уйда туради. Бир нарса топиб егандир. Аммо Муродхон Собиров оч ётди. Уйқуси қочди. Дўсти Қаландарни ўйлади. У ёзган “Марв урушлари”ни кўз олдига келтирди. “Биз ўзи қандай халқмиз?” деган савол хаёлидан нари кетмади. Шундай қадимий шаҳарни инқирозга олиб келган ўзаро урушларни лаънатлади… “Бухоро амири Шоҳмурод, – деб ёзилган эди дўстининг қораламасида, – Марвни бўйсундириш учун қатор урушлар олиб борди. 1786 йилда Шоҳмуродхон Марв ҳокими Байрамалихонга қарши қўшин устига қўшин жўнатади. Биринчи ҳужум пайтида Байрамалихон ўлдирилиб, шаҳар атрофи таланади. Ўзаро келишилган шартга кўра Байрамалихоннинг ўғилларидан Муҳаммад Каримхон Марвга ҳоким этиб тайинланади. Аммо орадан узоқ вақт ўтмай, Муҳаммад Каримхон ҳокимиятдан четлаштирилиб, ўрнига акаси Хожа Муҳаммад Ҳусайн ўтқазилади. 1788 йили Шоҳмурод яна Марвга ҳужум қилиб, шаҳар ва унинг атрофини сув билан таъминлайдиган Султонбанд тўғонини (уни қўриқлаб турган қалъа бошлиғининг хоинлиги туфайли) эгаллаб, уни буздириб ташлайди. Марв сувсиз қолади. Шаҳарнинг теварак-атрофи қум-барханлардан иборат эканини инобатга олсак, ҳар томчи сувнинг бу ерларда қандай қимматга эга эканини ўзингиз билаверинг. Аммо шундай бўлишига қарамай, шаҳар аҳолиси дастлаб таслим бўлмайди. Сувсизлик тез орада ўзини намоён эта бошлайди. Аҳоли ўртасида очлик, қаҳатчилик авжига чиқади. Касаллар кўпаяди. Натижада шаҳар Шоҳмуродга таслим бўлади. Шунда Шоҳмурод Марвга беш минг кишилик қўшин киритиб, уларни ерлик аҳоли уйларига жойлаштиради. Шаҳардан эса ўттиз минг кишини Бухоро ва Самарқандга кўчиради. Марвни укалари Умарбий ва Фозилбийларга топширади. Султонбанд тўғони қайта тик­ланади. Ҳатто, Мурғобнинг қуйи оқимида Исломобод қалъаси ҳам қурилади. Бироқ, орадан вақт ўтиб Марв яна Шоҳмуродга бўйсунишдан бош тортади. Шоҳмурод 1790 йилда яна Марвга юриш қилади. Аммо шаҳарни қўлга ололмайди. Бундан алам қилган хон яна Султонбанд тўғонини буздириб, сув йўлини беркитиб қўяди… Ана шундай устма-уст урушлар натижасида асрлар мобайнида гуркираб келган шаҳар нари-бериси билан 20 йил орасида инқирозга юз тутади. Чўл-биёбонга айланади”.
Гитлер қаергача бораркин, ўйлайди Муродхон Собиров. Москва остоналарида шафқатсиз жанглар бўлмоқда. Уруш уруш-да. Минглаб одамларнинг ёстиғи қуримоқда. Бизни қаерга ташлашаркин?.. Э, бор Худоё, золимнинг зулмидан ўзинг асра. Мана шундай муқаддас шаҳарда илм олишни насиб этдинг. Халқимизнинг ўлмас тарихларини билишга, Марвдек улуғ шаҳар харобаларини зиёрат қилишга насиб этдинг, шукр ўзингга. Шукр ва яна шукр. Эрта бир кун улуғ жангга кираман. Юрагимни дадил қил. Душман қаршисида оёқларимни собит эт. Узоқдаги болаларимни, оиламни ва ўзимни ўзингга топширдим, Оллоҳ…
Муродхон Собиров мадраса кўрган одам эди. Оллоҳга таваллолар қилиб, ҳамду санолар, пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаламга дуруду саловатлар йўллагандан сўнг ўзи севиб қироат қиладиган “Таборак” сурасини ичида ўқиди ва дуолар қилди…
Орадан икки йил ўтди. Имтиҳонлар тугаб, эрта-индин фронтга жўнаш вақти ҳам келди. Бу пайтга довур фронтда советларнинг фойдасига катта ўзгаришлар юз берди. Сталинград жангида қаҳрамон шаҳар қамалдан озод этилди… Ана шундай кунларнинг бирида Муродхон Собировни билим юрти штабига чақиришди.
– Мана ўқишни ҳам тугалладик, ўртоқ капитан, – деди билим юртининг бошлиғи полковник Аржаков. – Худо деган одам экансиз. Сафдошларингизнинг ҳаммаси фронтга жўнайди. Сизни эса Тошкентга юборамиз. Уларга ҳарбий журналист керак экан. Ҳужжатларингиз эрта тонгда тайёр бўлади. Поезд Байрамалидан кетади.
– Нима қиламан яшириб, ўғлим, – деган эди отам ана шу воқеани гапира туриб. – Полковникнинг қаршисида бир сўз айтишга мажолим келмади. Қаттиқ ҳаяжонландим. Бир зумга ўтган кунларим, золимнинг дастидан қочиб Оқбўрада музлаганларим, бошини кундага қўйиб, ҳаётимни сақлаб қолган дўстим Турсунбой, ота-онам, оилам кўз олдимдан ўтди, – деб айтиб берган эди ўшанда Давронбек. – Йўқ. Отам ўлимдан қўрқадиган одам эмасди. У доим: “Болам, бу ҳаётда қўрқиб, иккиланиб яшама, бир бошга бир ўлим, аммо шунчаки ўлиб кетсанг ҳам одамга алам қилади… Шуни унутма”, – деб кўп айтар эди.
Муродхон Собиров Тошкентга келиб тўғри Туркистон ҳарбий округи штабига учради. Бу ерда уни штаб бошлиғи қабул қилиб, ҳозирнинг ўзида вокзалга бориши зарурлигини, у ерда махсус вагонда газета чиқариш учун барча ашёлар, жумладан, линотип машиналари юклаб қўйилганини, Андижонда чоп этиш кўзда тутилган “Қизил Туркистон” газетаси учун материаллар тайёрлаш бошлаб юборилганини, бу ишларни ҳозирда газета муҳарририятига масъул котиб этиб тайинланган фронтчи офицер бошқараётганини, ўзини эса мазкур газетага бош муҳаррир этиб тайинланганини маълум қилди.
– Вазифани тушунган бўлсангиз, сизга оқ йўл. Вагон бугун кечда Андижонга кетадиган поездга уланади, – деб хайрлашди штаб бошлиғи Муродхон Собиров билан.
Вагонни топиш қийин бўлмади. Чунки, унинг бир чеккасига катта ҳарфлар билан “Қизил Туркистон” газета редакцияси” деб ёзилган қоғоз ёпиштириб қўйилибди. Вагон иккига бўлинган эди. Биринчи бўлмада турли техника воситалари: ёзув машинкалари, линотип учун билакдек-билакдек қўрғошинлар ва газетага керакли бошқа ашёлар, ҳатто катта рулонли қоғозлар ҳам юкланган эди.
Муродхон Собиров иккинчи бўлманинг эшигини очиб ичкари кираркан, биринчи бўлиб ёзув столи ортида ўтирган барваста, оқ-сариқдан келган, столга тираб ўтирган қўллари, бармоқлари узун-узун, сочларига битта-яримта оқ оралаган, ҳарбий кийимдаги капитанга кўзи тушди. Зобит Муродхон Собировни ўрнидан туриб қаршилади. Кўришиш учун қўлини чўзар экан:
– Шароф Рашидов, “Қизил Туркистон” газетасининг масъул котиби, – деб ўзини таништирди.
Муродхон Собировнинг исмини эшитгач:
– Э, бормисиз, сизни бутун бир вагон бўлиб кутиб ўтирибмиз, – деди кулиб Шароф ака. – Боягина телефонограмма олдик. Собиров бугун келмаса, орқаларингдан боради, деб. Келганингиз яхши бўлди. Ишни бирга бошлайдиган бўлдик…
– Отам, Муродхон Собиров ўз хотираларида 1943 йили (қайси ойда экани номаълум) Андижонга бориб, кейинчалик Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари бўлиб ишлаган Шароф Рашидович Рашидов билан ҳамкорликда “Қизил Туркистон” газетасини чиқарганлари ҳақида кўп айтар эди. Газетанинг биринчи сони чиққандан кейин Москвадан кўрсатма бўлиб, газета ёпилган. “Қизил Туркис­тон” газетасининг мундарижаси, унда берилган мақолалар ҳақида, шунингдек, ягона сони чиққандан сўнг газетанинг ёпилиш сабаблари ҳақида отам ҳеч нима демаган, – деб эслайди Давронбек Собиров. – Баъзан ўйлаб қоламан. Нима сабабдан бу газета айнан Андижонда босилган? Мазкур босма нашр фронтдаги жангчиларга мўлжалланганми ёки фронт ортигами? Бу саволлар жумбоқлигича қолмоқда… Аммо, отам Шароф Рашидов раҳбарлигида Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни, бунёдкорлик ишларини доимий равишда кузатар, бунинг учун ҳар кунги “Ахборот” кўрсатувини канда қилмас эди. Баъзан: “Ана шу бирга ишлаган ўн кун давомида бу одамнинг катта ишларга қодирлигини ҳис қилганман. Аммо унинг ҳам дарди ичида кетди…” деб қўярди…
Дарвоқе, ўша 1943 йилда Андижонда чоп этилган “Қизил Туркистон” газетаси ҳақида Муродхон Собировнинг хотираларидан бошқа қўлимизда маълумот йўқ. Бу газетанинг нима мақсадда чоп этилиб, бир сони чиққандан сўнг ёпиб қўйилгани ҳақида ҳам ҳеч қандай ёзма далил-дастакни билмаймиз. Фақат тахмин қилиш мумкин. Бизнинг тахминимиз эса шундай: 1942 йилда Берлинда “Туркистон миллий бирлиги қўмитаси” иш бошлади. Мазкур қўмита “Миллий Туркистон”, “Миллий адабиёт” журнали ва “Янги Туркистон” газетасини чоп эта бошлайди. Бу ҳақда маълумот берган Р.Шамсуддинов ва Ш.Каримовнинг “Ватан тарихи” (3-китоб, 368-бет) дарслигида шуларни ўқиймиз. “Миллий Туркистон” журналининг биринчи сони 1942 йил, 15 августда чиқади. Журнал “Бизнинг йўл” бош мақоласи билан эълон қилинди ва унга “Бизнинг йўл оталар йўлидир, мустақиллик йўлидир”, деб баёнот берилган эди. Германия ҳукумати Миллий қўмитанинг бу сиёсий йўлини ўрганиб чиқиб, маъқуллади. Бу табиий­ эди, албатта. Чунки айни даврда Миллий қўмитанинг фаолияти Германия фойдасига ва Совет Иттифоқига қарши қаратилган эди. Миллий қўмитанинг баёноти бирон-бир даражада бўлса-да, Германиянинг мавқеига ҳеч қандай хавф туғдирмас эди”.
Демак, ўша Иккинчи жаҳон урушининг айни қизиган палласида Туркистон мустақиллиги масаласи ҳам кўтарилган. Мана шундай пайтда шўроларнинг “жим” ўтириши албатта, мантиққа зид. Шўронинг ғоявий раҳномалари юқоридаги Миллий қўмитага ва унинг нашрларига муқобил газета чиқаришга қарор қилишган ва ана шу ниятда “Қизил Туркистон” газетаси чоп этилган бўлса, эҳтимол. Аммо, унинг бир сонини чиқариб, кейин ёпиб қўйилиши сабаблари номаълум. Нима бўлганда ҳам газетанинг асосий ходимлари – бош муҳаррир ва масъул котиб ўзбеклардан эди… Балки Москва “Уруш ҳамма нарсанинг баҳридан ўтади” деган мақолга биноан қанча маблағ, меҳнат сарфланиб чоп этилган газетанинг шунчаки баҳридан ўтгандир. Бу бизга қоронғи. Биз учун бошқа нарса – икки забардаст журналист – Муродхон Собиров билан Шароф Рашидовнинг бир ҳафта-ўн кун бўлса-да, ҳамкорликда ишлашгани, учрашгани кўпроқ диққатга сазовор. Чунки ҳар иккала журналистни ҳам келажакда ўз йўллари, ўз тақдирлари кутмоқда эди…
– Шароф Рашидовнинг минбарга чиқиб сўзлаган пайтларини телевизор орқали кўп кузатдим, деган эди бир куни отам, – дейди биз билан суҳбатда Давронбек. – Бу одамга қараб туриб ҳар сафар “Шароф бахтиёрмикан?” – деган фикр кўнглимдан кечар эди. Балки, унинг ҳам бахтиёр дамлари бўлгандир. Аммо аслида унинг ҳаётида бахт кам эди. Буни мунг тўла кўзлари англатиб турар эди. Барча кўнглида эътиқоди бор одамлар каби унинг ҳам бахтига чечак чиққан эди. Ахир, миллий зулм ҳукмрон бўлган тузумда бахтиёр бўлиш мумкинми? – Отам шундай деб тамбаланган эшикни қаттиқроқ тортиб келиб жойига ўтирар ва узоқ сукутга кетарди. – Сен мени нима билан хурсанд қилмоқчисан? – деб туйқусдан гапириб қоларди. – Янги лавозиминг ҳам, олган машинанг ҳам ўзинггга буюрсин. Мен бир Хайём кайфиятидаги одамман. Кўп нарса керак эмас. Биласан-а, тиригимда хурсанд қилиб қол…”
Яна Шароф Рашидов ҳақида шуларни айтган эди: “У – улуғ одам. Ўзбекистон учун кўп ишлар қилди. Биттагина метро қурилишини айт. Бундай улкан қурилишни бошлашга Москвани кўндиришнинг ўзи бўлмайди. Ҳа, унинг қўлида катта кузири бор эди. Бу пахта билан тилла. Аммо тиллага тиши ўтмасди. Пахта билан эса бутун мамлакатни таъминлади. Буни қара, энди худди ана шу пахта толаси Шарофнинг бўйнини занжир бўлиб сиқди… Эй, нодонлар! Ўзбекистон Москвага пахта бермаса, Москва унга метро қурилиши у ёқда турсин, бир бурда нон ҳам бермайди… Бу тузум ана шундай қаттиққўл тузум эди. Охири нима бўлди? Нима эмиш, барчани Шароф Рашидов сеҳрлаб қўйган эмиш. Бўлмағур гап ҳаммаси. Шароф Рашидов қафасдаги арслон эди… У ўз ажали келмай қазо қилди. Уни ичидаги руҳий дард, пахта деб тупроққа қоришиб ётган ўзбек халқининг аҳволи, ғам-андуҳи олиб кетди. Яна қайдам. Менинг Шароф Рашидов билан ўн кунгина бирга бўлиб, унинг табиатидан билганларим шу…”

7

“Қизил Туркистон” ёпилгач, Муродхон Собиров фронтга жўнатилади.
У урушга 1943 йил кузида киради. 3-Украина фронтининг 147-ўқчи полкида рота командири сифатида жанг қилади. Днепр дарёсини кечиб ўтишдаги жангларда қатнашади.
– Отам Днепр дарёси соҳилига ин қуриб олган душманни олти кун тозалаганмиз. Мана шу олти кун ичида менинг ротам олти марта алмашган. Дарё қип-қизил қонга ўхшаб оққан, – деб айтиб берган эди, – дейди Давронбек биз билан суҳбатда. – Гап шундаки, разведка яхши ишламагани сабабли, душманнинг турган жойини аниқлаб бўлмаган. Аслида, немислар ўзининг ўт очиш истеҳкомини шундай дарёнинг лабига жойлаштирган. Разведка эса бу чизиқни дарёдан анча нарида деб кўрсатади. Натижада совет тўпчиларининг снарядлари душман истеҳкомини эмас, балки қуруқ жойни бомбардимон қилаверган. Артиллерия тайёргарлиги тугагач, пиёдаларни дарёдан сузиб ўтишга ташлашган. Снарядларни устиларидан ўтказиб юборган немислар эса ўзларига қараб сузиб келаётган жангчиларни бемалол қираверган. Шундан дарё қон бўлиб оққан…
Украинани немис-фашистлардан озод қилиш учун Днепр дарёсидан кечиб ўтиш керак эди. Бу ҳақда Иккинчи жаҳон урушининг қаҳрамонларидан бири, Совет Иттифоқи маршали Г.К.Жуков ўз хотираларида шундай ёзади: “Днепр душманга ёриб ўтиш қийин бўлган мудофаа имкониятини берган. Шу боис ҳам гитлерчилар бизнинг армиямизни худди ана шу табиий тўсиқ олдида тўхтатиб қоламиз, деб қаттиқ ишонган эдилар.
…6 сентябрда (1943 йил – Ё.Х.) Олий Бош Қўмондонликдан кўрсатма келди. Унда ҳаракатларини мувофиқлаштириш менинг зиммамда бўлган фронтларга Днепрнинг ўрта оқимига чиқиш ва у ердаги душман истеҳкомларини эгаллаш учун ҳужумни давом эттириш вазифаси қўйилган эди. Н. Ф. Ватутин қўмондонлик қилаётган Воронеж фронти Ромна – Прилуки – Киевга зарба бериши кўзда тутилганди. И. С. Конев қўмондонлигидаги Степной фронт Полтава – Кременчуг йўналиши бўйлаб ҳужумга ўтиши керак эди.
…Днепрни кечиб ўтишга чоғланган қўшин катта матонат ва қаҳрамонлик кўрсатди. Айтилгандек, дарёга яқинлашаркан улар тўхтамасдан олға интилдилар. Ясама кўприк ва бошқа оғир техника воситаларини кутмаёқ, ҳарбий қисмлар қўлига нима тушса ўшанда – ясама соллар, тўсин ёғочларга осилиб ёки балиқ тутадиган қайиқ ва катерларга тушиб Днепрни кечиб ўтишган эдилар.
…Аёвсиз жанглар натижасида 3-Украина фронти қўшинлари томонидан душманнинг Запорожье йўналишидаги истеҳкомлари йўқ қилинди. Бизнинг жангчиларимиз Днепропетровск шаҳрини озод қилишди”.
Муродхон Собиров мана шундай қонли жангларда бир неча марта ярадор бўлади, аммо сафдан чиқмайди. Жанглар орасидаги танаффус пайтларида болаларини, рафиқаси Мухтабархонни эслайди… Уларни кўрмаганига ҳам беш йилдан ошди… Хаёлидан отаси Собирхўжа, бобоси Зайнобиддин тўқсоба кечди. Ў, тақдир! Буни қарангки, уларнинг ҳаётлари ҳам жангу жадалда ўтибди…
Зайнобиддин тўқсоба ўз даврида хоннинг хизматида бўлган. Тўқсобалик мартабасини – ҳарбий унвонини олган. Қадим Туркистон ҳудудларида Чор Россияси армияси билан бўлган жангларда ярадор бўлиб вафот этган…
– Ўшанда саккизинчи синфда ўқирдик, – дейди Давронбек. – Бир куни отам шундай деб қолди: Қўрғонтепада Гуручмозор деган станция бор. Бу станция шу жойнинг номи билан аталади. Биласанми, нима учун у жойни Гуручмозор дейишади?
Менинг бу саволга жавобимни эшитмаёқ, отам ўрнидан туриб эшикни маҳкам тамбалаб келиб, гапини давом эттирди.
– Бу воқеани менга отам Собирхўжа гапириб берган. Жуда мулойим, дароз одам эди. Тўқай деган жойимиз бўларди, ўша ерда деҳқончилик билан шуғулланган. Бу гапларни бировга айтма, лекин ўзинг билишинг керак. Туркистон катта бир мамлакат бўлган. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб Чор Россияси худди пашмакни бир учидан синдириб егандай, мана шу Туркистон давлатини бир чеккадан синдириб, босиб кела бошлади. Аввал қозоқ ерларини эгаллади. Секин-аста Туркистон, Чимкент, Тошкент, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Хива, э, қўйки, асрнинг адоғига келиб бутун бир мамлакатни ўзига тобе қилиб олди. Бир катта уламо айтганидек, “Афсуски, биз яқин ўтмишимизда ҳам иттифоқсизлик сабабли ўз давлатимиздан ажрадик. 1840 йиллардан бошлаб руслар Ўрта Осиёни истило қила бошладилар. Бу ерда учта хонлик бор эди: Бухоро амирлиги, Хўқанд ва Хива хонликлари. Оврупода илм-маданият тараққий қилиб, бутун инсоният оламига уйғониш ёғдусини соча бошлаган бу даврда хонликлар хурофот ботқоғига ботиб, жоҳилиятнинг ниҳоятига етган эдилар. Не қобилиятлик Ватан ўғлонлари ўзларининг азиз умрларини Бухоронинг қадимги эски мадрасаларида арабий, форсий тилларни ўрганиш билангина ўтказдилар… Аскарий тартиб шу эски усулда бўлиб, низомий тартиб киргизилмаган ва замонавий қуроллар йўқ эди. Энг афсусланарли жойи, бу хонликлар душманга қарши бирлашиш ўрнига доимо ўзаро низо ва қон тўкишлар билан шуғулланиб келдилар. Бундай онгсиз ҳукуматнинг инқироз бўлиши табиийдир. Булар Ватан ва миллат олдида энг кечирилмас жиноятчи одамлар, чунки давлатларини инқирозга, миллатларини қулликка, Ватанларини хорликка олиб келдилар”.
Бироқ, бу дегани душманга ҳеч ким қаршилик кўрсатмади, дегани эмас. Туркис­тонда Чор Россияси қўшинларига қарши курашган қаҳрамонлар ҳам, шўроларнинг қизил армиясига қарши қурол кўтарган миллий озодлик ҳаракатининг ватанпарварлари бор эди. Гарчи хонлар ва зодагонлар бир чеккада қараб туришган бўлишса-да, оддий халқ ўзининг ичидан ботирларини сайлаб душманга қарши ташлаган.
Гуручмозор воқеаси ана шундай қаҳрамонликларнинг биттаси, холос.
Чор армияси Фарғона водийси сари босқинчилик юриши қилиб, Фарғона, Андижонни эгаллаб олган пайтлар экан. Бу тахминан 1867–68 йилларга тўғри келади. Отам бироз қартайиб, хон хизматидан бўшаган замонлар. Русларнинг бостириб келаётгани ҳақидаги шов-шувлар Ўшга ҳам етиб келади. Орқаворатдан келган гапларга қараганда, ўрислар Андижонни босиб олибди. Энди навбат Ўшга келибди. Одамлар бу гап-сўзлар ҳақида қўрқинч ва ҳаяжон билан гапиришар эди. Шунда Ўшнинг оқсоқоллари тўпланиб, душманга қарши чиқишимиз керак, деган қарорга келишибди. Тўпланажак жангчиларга ким раҳбарлик қилади, деган масала кўндаланг бўлиб, биров уни дебди, бошқаси буни. Оқсоқоллардан бири туриб: “Бу ишга кўпни кўрган, жангларда иштирок этган, ҳарбий ишлардан хабардор бўлган бир одамни биламан, у хўжагузарлик Зайнобиддин тўқсобадир, дебди. Бу одам узоқ йиллар хонга хизмат қилган. Кўп жангларда қатнашган. Ўша одамни қўмондон қилиб тайинлаш зарур”, деган таклифни айтибди. Оқсоқолларнинг вакили Хўжагузарга борганида Зайнобиддин тўқсоба – ўша пайтда ёши олтмишлардан ошиб қолган кекса сарбоз ташқаридаги сўрида қиличини қайраб ўтирган экан. Ўрисларнинг Ўшга томон босиб келиши эҳтимолини бу одам аллақачон эшитган ва шунга қарши тайёргарлигини ҳам кўриб қўйибди. Ўзи бир эски кулбада бола-чақаси билан сиқилиб ўтирса ҳам саман отини катта отхонада сақларкан. Оиласи доғ сув билан талқон еса ҳам отининг ҳар кунги емини бадастир қилиб қўяркан.
Зайнобиддин тўқсоба Ўш шаҳри оқсоқолларининг таклифини ҳеч иккиланмай қабул қилади ва зудлик билан мажлисга етиб келади.
Шундай қилиб ёвга қарши курашга Ўш шаҳри ва унинг теварак-атрофидан ўзбек, қирғиз, татар, тожик – ўнг минг жангчи йиғилади. Уларнинг асосий қисми ўзбеклардан иборат эди. Қурол-аслаҳа беш-ўнта пилта милтиқ, қолганлари ўроқ, теша, найза, қиличдан иборат. Зайнобиддин тўқсоба пилта милтиқларни энг мерган, тийра кўз одамларга тарқатади. Уларни бир сафга тизиб, кетидан барваста қиличбозларни қўяди. Отлиқдан кўра пиёда кўп эди. Ана шу тариқа маълум тайёргарликларни кўришгач, Андижондан хабар кутишади. Ўша пайтда тўқсоба оқсоқолларга бир таклифни айтади: “Агар биз душманни шаҳарга яқин жойда кутиб олсак, шаҳар ва унинг атрофи катта талофат кўриши мумкин. Андижонга ўзимиз бостириб боришга эса тартибли жангчиларимиз, ўрисга бас келадиган қурол-яроғимиз йўқ. Биз жангни ҳимоя билан бошлаб, жангнинг раддоматига қараб ҳаракат қила оламиз, холос. Шунинг учун душманни Ўш шаҳридан анча олисда, балки, Андижонга яқин жойларда кутиб олсак, шаҳримиз ва унинг атрофи озроқ талофат кўради. Ахир, русларда янги русумдаги милтиқлардан ташқари, уларнинг от етаклайдиган тўплари ҳам бор. Жуда ҳушёр бўлишимиз керак”.
Оқсоқоллар мажлиси тўқсобанинг сўзларини маъқул топишиб, жангни олиб боришдаги бутун қўмондонликни унга топширишади. “Халқ лашкарини сенга, сени эса Худога топширдик”, деб дуо қилишади.
Шу орада Андижондан “Ўрислар Ўшга Ойимқишлоқ орқали келаётгани” ҳақида хабар келади. Зайнобиддин тўқсоба ҳам зудлик билан лашкарни йўлга чиқишга фотиҳа беради. Мақсади душманни Ойимқишлоқ атрофларида кутиб олиш эди. Аммо бунга улгурмайди. Тўқсоба бошчилигидаги халқ лашкари Қўрғонтепадан ўтганда душманнинг қораси кўриниб қолади. Ўрис лашкарининг ҳаммаси отлиқ бўлиб, елкаларида бешотар милтиқлар, милтиқларнинг учида эса пичоқ (штик – Ё.Х.) ўрнатилган эди. Бу лашкар тартибли низом остида бўлиб, тўрт бурчак, тўрт бурчак шаклида ҳаракат қиларди. Ҳар бир гуруҳнинг ортида от қўшилган тўплар…
Тўқсоба душман ҳақидаги маълумотни эшитиши биланоқ халқ лашкарини тепаликлар, бутазор ва қамишзорларга яширинишга буюради. Агар дангал чиқиб боришса, душман тўпларини ишга солиб, ҳали жангга кирмаёқ уларни маҳв этиши мумкинлигини биларди. Шу тариқа халқ лашкари душман овози етадиган жойгача келиб, кўринмагунча писиб ётди. Тўқсоба бутун лашкарга ўзим хитоб қилмагунимча, жойингиздан жилмайсиз, деган кўрсатма беради.
Ана бир ёш рус аскари отини ўйнатиб келмоқда. Унинг эгнидаги кийимлари яп-янги. Тугмалари, елкаларидаги погонлари қуёшда ялтиллаб кўзни олади. От-чи, от! “Бу отлар ўрисларда қаердан ҳам бўлсин. Ўзимизнинг қорабайирлар-ку!” Тўқсобанинг бақириб юборишига оз қолди. У душманни ўткир кўзлари билан кузатиб турар экан: “Яна, яна” деб қўярди. Шунда бирдан отига минди-ю, “Оллоҳу акбар” деб хитоб қилди. Бу овоз бутун тепаликлар, бутазор, қамишзорлар бўйлаб қайта акс садо берди. Халқ лашкари қўзғалди. Ўрислар бу овозларни илгари эшитишмаган эдилар, гўё. “Оллоҳу акбар” деган хитобларнинг минглаб оғизлардан чиқиб жаранглаётганининг ўзиёқ ўрисларни таҳликага солиб қўйди. Ўзлари томон ўқ отиб, қилич сермаб келаётган салла ўраган, қалпоқ кийган, энгил-бошлари юпун одамларни кўриб ортга тўпларининг панасига ўтишга ва тўпларидан ўт очишга уриндилар. Аммо улгуришмади. Халқ лашкарининг олдинги сафлари ўрис қўшинига ташланди. Орада қизғин, қонли жанг бошланди. Гарчи, мусулмонлар сон жиҳатдан кўп бўлишса-да, аммо ўрисларнинг қуроллари устун эди: бешотар милтиқнинг қаршисида пилта милтиқ, қилич, ўроқ, болта, теша нима бўлибди… Шунга қарамай, ўрислар етиб келган сайхонликда жуда қаттиқ сўқиш қўпди. Ўрислар ватан ҳимоячиларини бешотарда отиб бўлиб, милтиқ учидаги пичоқ билан санчиб ўлдиришар эди… Халқ лашкари қанчалик фидо­йилик кўрсатмасин, қурол қаршисида ночор қоларди. Бу пайтга келиб, руслар мудофаа чизиғини ясашиб, сайҳонликда жанг қилаётган пиёда мусулмонларни битта-битта нишонга олар, халқ лашкари ҳам қўлида нима бўлса уриб, ўрисни отдан йиқитишга ва уни маҳв этишга уринарди. Бир неча соат фурсатда сайҳонлик ва унинг теварак-ат­рофи мусулмонлар ва ўрисларнинг ўлигига тўлиб кетди. Ниҳоят, халқнинг ғазаби устун келди. Қанчалик талофат кўришмасин, тўқсоба аскарлари ўрисларни чекинишга мажбур қилди. Ўрислар Андижонга қайтиб кетишди. Сайҳонликда эса минглаб ўликлар қолди. Улар ерга ­сочилган гуручга ўхшарди: санаб саноғига етиб бўлмас эди. Бу жойнинг ке­йинчалик Гуручмозор деб ном олиши шундан. Зайнобиддин тўқсоба ўша жангда ўрис милтиғини учидаги пичоқдан қаттиқ яраланади ва орадан уч ой ўтиб вафот этади…
Муродхон Собиров ғалабани Прага шаҳрида кутиб олди. Гитлер армияси расман таслим этилган бўлса-да, аммо совуқ уруш ҳамон давом этарди. Айниқса, иттифоқчиларнинг найранглари туфайли немис армиясининг қолдиқлари унда-мунда бош кўтариб қоларди. Бундан ташқари Гитлернинг иттифоқчиси Япония Хитойга қарши урушни ҳали тўхтатмаган эди.
Бу борада маршал Жуковнинг хотиралари диққатга сазовор: “1945 йилнинг май ойи ўрталарида, – деб ёзади у ўзининг “Хотиралар ва ўйлар” китобида. – Олий қўмондон мени Москвага чақирди. Чақириқ сабаблари менга номаълум эди. Сўраш эса ноқулай, бундай одат ҳарбийларда йўқ. Мен тўғри бош штабга, А.И.Антонов ҳузурига йўл олдим ва ўша ерда ундан аниқлаганим шу бўлдики, Давлат Мудофаа Комитети ҳозирда АҚШ ва Англия олдидаги бизнинг янги мажбуриятларимиз – Совет Иттифоқининг Япония билан урушга кириши масаласини муҳокома қилаётган экан…
Алексей Иннокентьевич (Антонов – Ё.Х.) Бош штабнинг қўшинлар ва моддий воситаларни Узоқ Шарққа кўчириш ва уларни бўлажак фронтларга йўналтириш юзасидан ҳисоб-китоблар ҳақида маълумот берди. Бош штаб тахминига кўра Японияга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашга тайёргарлик кўриш учун уч ой атрофида вақт керак бўлади…”
Ана шу Узоқ Шарққа ташланган қўшинлар орасида Муродхон Собиров ҳам бор эди. Ниҳоят, 1945 йил 9 августда СССР Японияга уруш эълон қилди. Қизил Армия қўшинлари Манчжурияга ёриб кирди. Японлар доғда қолди. 15 августда эса император Хирохито радио орқали Япониянинг расман таслим бўлганини тан олди. 1945 йил 2 сентябрда Иккинчи жаҳон уруши расман тугади.
Шундан кейин кучли давлатлар томонидан дунёни бўлиб олишга киришилди. Совет Иттифоқининг Японияни урушда таслим этиши Хитойни катта балодан сақлаб қолди. Ўша пайтда Хитой армияси Япон босқинчиларига қарши саккиз йил мобайнида курашди. Аммо фақат советларнинг ёрдамидагина урушни тугатишга муваффақ бўлди. “Сендан угина, мендан бугина”, деган ибора қачон яралган экан! Унга минг лаънат! Совет-Хитой муносабатларида ҳам ўшандай бўлди: Чан Кайши (Хитойнинг ўша пайтдаги давлат раҳбари) ташқи Монголиянинг мустақиллигини тан олди. Совет ҳукумати Гоминдон маъмурияти (Чан Кайши бошчилигидаги) билан Шинжондаги уч вилоят вақтли ҳукумати – Алихонтўра Соғуний раҳбарлигида Шарқий Туркистон республикаси ўртасида музокара ўтказиш учун воситачилик қилишга тайёр эканини билдирди.
Аслида, бундай маккорликнинг сабаби бор эди. Гарчи, эълон қилинган Шарқий Туркистон республикаси миллий армияси қатор ғалабаларни қўлга киритиб, бутун Уйғуристонни озод этишга тайёр эса-да, аммо унинг тақдири Сталин томонидан ҳал этиб бўлинган эди.
Сўзимизга қайтайлик. Албатта, Муродхон Собировнинг юқоридаги найранглардан хабари йўқ бўлиши мумкин. Чунки, у солдат эди. Бир ротанинг командири эди, холос. Зотан, ғалабалар ҳам мағлубиятлар ҳам ана шундай “оддий солдатлар” қони эвазига келишини назарда тутсак, дунёнинг ишлари нақадар чалкаш эканига амин бўласиз. Кимдир қон тўкади, кимдир эса ҳукмронлик қилади. Ҳукмронларнинг бир ишораси билан бутун-бутун халқлар, элатлар ер билан яксон этилади. Қандай даҳшат! Муродхон Собиров ана шулар ҳақида ўйларкан, узоқ йиллар олдин тижорат билан бу ўлкаларга Қашқардан келиб қолган янги таниши Барот охуннинг бир ҳикоясини эслади. Бу жуда ҳам ғамгин ҳикоя эди. Бу пешонаси ярқирамаган бир элнинг парокандалик гирдобига кириб қолган тақдиридан бир оғиз сўз эди… Барот охун жуда пазанда одам экан. Муродхон Собиров билан унинг шериги кичик лейтенант Проскуряков уни бозорда учратиб қолишди. Тўғриси, зобитлар бу ерга тамадди қилиб олиш учун киришганди. Биринчи учраган одамлари Барот охун бўлди. У шундай карвонсаройга кираверишдаги йўлакка қасқонини қўйиб, манти пишираётган экан. Муродхон Собиров манти қасқонни кўрди-ю, кўнгли суст кетди. Хотини Мухтабархон пиширган мантилар кўз олдидан ўтди. Барот охун ҳам русийзабонлардан бири ўзига миллатдош эканини дарров сезди-ю, қичқира бошлади:
– Кап қолинг, ширин манталарга!
Бу овозни эшитган Муродхон Собиров шеригининг қўлидан етаклади-да, Барот охуннинг қаршисига қандай борганини билмай қолди. Шу-шу Муродхон Собиров Барот охуннинг олдига тез-тез келиб турди. Улар бир-бирларига шу даража ўрганиб кетишдики, бир гал Муродхон Собиров айтган пайтида келмай қолган эди, Барот охун уни Порт-Артур шаҳри кўчаларидан излаганини айтиб берди.
Барот охуннинг ҳикояси шундай бошланарди: “Қошғарда 12 йил ҳукм сурган 1270 (1805–1877 мелод. йил) тарихи ҳижрийда бутун Шарқий Туркистон ўлкасини Хитой босқинчилари қўлидан ажратиб олиб, уйғур турклари томонидан хон кўтарилган Ёқуббек оталиқ ўтди. Шундоқки, Уйғуристон – Олтишаҳардан Или ўлкасига аскарлик хизмати учун Хитой императори буйруғи билан мажбурий равишда кўчириб келтирилган уйғур-таранчилари хитойларнинг зулмига чидай олмай дўнған мусулмонлари билан бирлашган ҳолда, золимларга қарши қўзғолмиш эдилар. Охирида бирлашган мусулмонлар иттифоқлик шарофатидан золим Хитой аскарларини тор-мор келтириб, миллий ҳукуматларини қурмиш эдилар. Бу ёқдан Ёқуббек оталиқ Жанубий Олтишаҳарни Хитой босқинчиларидан тозалагач, Шимолий томондаи Жунғория маркази ҳисобланган Урумчи шаҳрини Иттифоққа келмаган, сулҳга унамаган жоҳил дўнғанлар билан урушиб, ғалаба қозонгандан кейингина қўлга келтирди. Сўнгра, шимолий томондан келиб, бутун Ғарбий Туркистонни босиб олган чор Русиясига қарши сиёсат қўллаб, Ғулжа ҳокими таранчи Қорасултонни бирлик – иттифоқликка ундаб, элчи юбормиш экан. Бу жоҳиллар бошлиғи ўзининг онгсизлигидан асосий мақсадни тушунмасдан, рад жавоби билан уларни қуруқ қайтаради. Йўқ эса, оталиқ талаби билан ўша вақтдаги Туркия султони Абдулазиз халифа томонидан юборилган олти нафар турк афандилари – уйғур, ўзбек ўғилларидан тузилган отлиқ аскарларни бутунлай янги интизом остига олмиш эдилар.
Халифа томонидан эса, оз-кўп уруш қуроллари ва аскар ясоқлари билан ҳарбий хизматларни йўлга қўйиб, тартибга солиш учун юқоридаги афандилар келмиш эдилар. Мана шулар орқалиқ отлиқ, оёқ аскарлар ва бошқа бутун ҳарбий ишлар турк аскарлари тартиблари бўйича тузилмиш эди. Шу сабабли ўзларидан қанча кўп – ортиқ қарши аскарларни енгиб, оз фурсат ичида Урумчи шаҳрини қўлга келтурдилар. У ердан ўтгач, Кунтубий, Сокжи, Монас, Шихуга яқинлашганларида бунга қарши шошилинч равишда Олмота губернатори қўмондасида чиққан Чор Русияси босқинчилари Ғулжани босиб оладилар. Шу билан қанча мусулмон қонлари бадалига янгигина қурилган давлат асосан иттифоқсизликдан руслар билан бир тўқнашишга ҳам ярамай заволга учрайди. Энди, эшитишимча, шу кунларда Ғулжада тўполон қўпиб, гоминдонга қарши исён кўтарилибди. Қўзғалонга андижонлик бир уламо бош бўлибди. Уни Алихонтўра Соғуний демишлар экан. Худодан тилагимиз шулки, мазкур ҳам русларнинг тазйиқига учрамаса эди. Худди ўзингиз кўрган япанларни қийратгандек, уларни ҳам тўзитиб юбормасайди…
Муродхон Собиров бу гаплардан хабардор эди. Чунки ҳарбий қисмда ўтказиладиган ҳар ҳафталик сиёсий машғулотларда зобитларга Хитой мулкида бўлиб турган сиёсий-жанговар воқеалар хусусида маълумот ҳам берилар эди. Аммо бу маълумотлар жуда умумий бўлиб, Барот охуннинг гапидек дангал эмасди. Муродхон Собиров орадан кўп йиллар ўтганидан сўнг қадрдони, қўқонлик машҳур уламо, домла Ҳиндистонийдан Алихонтўра Соғуний ҳақида эшитаркан, бир пайтлар Барот охун айтган воқеаларни кейинчалик ҳам эслайди.
Барот охуннинг ҳикояси Муродхон Собировни янада олис хотираларга етак­лади. Унинг Зебохон исмли опалари бор эди. Зебохон ая ўқимишли аёл бўлиб, Қуръони Карим ва Ҳадис илмидан яхшигина хабардор бўлгани учун Ўшда Зебо отин, деб ном чиқарган эди. Тақдир қизиқ экан. Ўша опамнинг эри фин урушига кетиб, қорахат келди… Орадан бир-икки йил ўтгач, Ўшда истиқомат қиладиган Саид­олимхон Маҳмудов деган одам Зебохон отинга уйланади”.
– Биз у кишини “опоқдада” дер эдик, – дейди Давронбек Собиров биз билан суҳбатда. – Мен бу одам ҳақида эслаганим, дунёда шундай мард одамлар ўтганини сизга айтмоқчи эдим. Опоқдадам бу воқеаларни 60-йилларда у кишини кўргани Қуршобга борганимда айтиб берар эди.
“Мен, деган эди опоқдадам, 1910–16 йилларда бир карвонга ёлланиб туя етаклаб, Қашғарга қатнар эдим. 1916 йилда Ўшга қайтиб келиб, укам Зуҳриддинни кўрай, деб излаб топдим (Зуҳриддин амаки Имом ота даҳасида яшаган ва 1974 йилда оламдан ўтган). Укам билан ҳол-аҳвол сўрашиб юрагим увушди. Унинг ўта маъюс ўтирганини кўриб, нима бўлди, деб сўрадим. Шунда укам “ака, ўзингизга аён, мен 5–6 йил бир бойнинг эшигида чоракор бўлиб ишлаб, орттирган пулимга шу 28 ёшга кирганимда уйландим. Тўй ўтганига ҳали бир ой ҳам бўлгани йўқ. Мана, бугун қоғоз чиқиб (повестка демоқчи) мени мардикорга олиб кетмоқчи”, деб йиғлаб юборди.
Ўша йили Чор Россияси Биринчи жаҳон урушида ҳарбий иншоотлар ва ёрдамчи ишларни бажариш учун Ўрта Осиёдан 25–43 ёшгача бўлган 300 мингдан ортиқ эркакни мажбурий мардикорликка олган. Ўрта Осиёдан борганлар асосан Сибирь ўрмонларига қарағай кесиш учун сафарбар этилган.

Пойизингни юргизган,
Ўтхонаси билан дўнгалаги.
Двинскийга кетказган
Николай пошшо замбараги.

Мардикорликка олиш ҳақида халқ мана бундай қўшиқлар яратди: “Милдир-милдир сув оқар, сув тагида қум оқар, мардикорга кетганнинг онасини ким боқар”…
Укасининг аҳволини кўрган опоқдадам (яъни, Саидолимхон – Ё.Ҳ.): “Ука, қўрқма, хотининг билан бемалол яшайвер, қоғозингни эса менга бер, ўрнингга мен бораман. Кўриб турибсан, ҳалигача сўққабошман. Йиғлаб қоладиган болам йўқ”, деб укасини хотиржам қилади. Шу тариқа Саидолимхон опоқдадамиз укасининг ўрнига мардикорга кетадилар. Бу энди нафақат жигарчилик, айни пайтда катта матонат эди. Ўйлайманки, Зуҳриддин амаки-ку, ўз укаси, агар унинг ўрнида шу аҳволга тушган бегона бўлганда ҳам Саидолимхон опоқдадамиз шундай қилган бўларди.
Янги борганларни қаҳратон қишда учиб бораётган қушлар музлайдиган Сибирь ўрмонларининг тўрида жойлашган Абакан шаҳри яқинидаги казармага жойлаштиришади. Мардикорлар ва бу ерга Россиянинг турли ўлкаларидан сургун қилинган маҳбуслар тонг саҳардан қора кечгача қарағай кесишади. Ўшандай оғир дамларда Саидолимхон сургунда юрган Пётр исмли рус йигити билан танишиб қолади. Пётр петроградлик бўлиб, инқилобчиларга қўшилгани учун қамалган. Унинг отаси Санкт-Петербургдаги Путилов заводида ишчи экан.
1917 йилнинг февралидаги инқилоб Чор Россияси подшосини тахтдан қулатди. Барча қамоқхоналар каби Саидолимхон турган казарманинг ҳам эшиклари ланг очилиб, маҳбуслару мардикорлар тўрт тарафга қоча бошлайди. Ўшанда опоқдадамиз ҳам Пётр билан Петроградга келади ва уларнинг уйида яшай бошлайди. Пётрнинг отаси бу икки йигитни ўзи ишлаган Путилов заводига мастер ёрдамчиси қилиб ишга жойлайди. Ўша йили Саидолимхон Пётрнинг синглисига уйланади. Ке­йинги, 1918 йили ўғиллик бўлади. Исмини Саидисломбек қўяди. Хотини ва ўғли билан Петроградда яшай бошлайди. Пётр эса уйлангач, бошқа вилоятга кўчиб кетади. 1935 йилда Саидисломбек Ленинград (ҳозирги Сантк-Петербург) давлат университети, немис тили факультетига ўқишга киради. 1938 йилда Саидолимхон опоқдадамизнинг аёли, Саидисломбекнинг онаси оғир хасталикдан сўнг вафот этади. Шундай қилиб, опоқдадамиз ўғли Саидисломбекни қайинсинглиси ихтиёрига қолдириб, ўзи киндик қони тўкилган ота юрти – Ўшга келади. Бир пайтлар Россия­дан кўчирилиб, шу ерда қолиб кетган мужикларнинг қароргоҳи бўлган Қуршоб деган жойга келиб, бозорда ишлайди. Рус тилини яхши билгани ва одамлар билан хушмуомала, уларнинг яхши-ёмон кунларида доимо ҳамдард бўлиши аҳолида унга нисбатан меҳр уйғотди. Тез орада бозор аҳли опоқдадамизни бозоркомликка тавсия этишади. Ўша йили у бизнинг бувимиз, яъни отамнинг опаси Зебо отин­га уйланиб, уни Қуршобга кўчириб келади. 1940 йилнинг ёзида Саидисломбек Ленинград давлат университетини тамомлаб отасининг ёнига, Қуршобга келади. Ота ўғлини кўриб аранг таниди. Саидисломбек миқти, келишган йигит бўлибди. Аммо, бўйи онасига тортибди – ўрта бўй. Саидолимхон дадамиз эса дароз одам эди. Хуллас, Саидисломбек Мирзакадаги мактабда немис тилидан дарс бера бошлайди. Опоқдадамизнинг сўзларига кўра, кейинчалик, Саидисломбекнинг номи машҳур бўлиб кетади… Бу орада уруш бошланиб қолиб, Саидисломбекни ҳам армияга чақиришади. Немис тили бўйича мутахассис бўлгани учун уни махсус қўшинларга олишади. Ҳарбий разведка бошқармасида хизмат қилади..
Маълумки, Ленинград шаҳри душман томонидан 900 кун мобайнида қамал қилинган. Ленинград фронти жангчилари ҳам, шаҳар аҳолиси ҳам жуда катта қаҳрамонликлар кўрсатгани тарихдан маълум. Ана шу пайтда аҳолининг катта қисми Ўрта Осиёга кўчирилган эди. Саидисломбекнинг холаси ҳам эвакуация қилинганлар қаторида Қўқон шаҳрига келиб қолади. Саидисломбекнинг шахсий варақасида туғилган жойи Ленинград шаҳридаги холасининг манзили кўрсатилган эди. 1943 йилда ана шу манзилга “қорахат” келади. “Қорахат”ларнинг киши тасаввурига сиғмайдиган даражада “қобилияти” бўлганки, у охирги манзилгача етиб, керакли одамга нишини албатта урган. Саидисломбекдан келган “қорахат” ҳам манзилдан манзилга ўтиб, Қўқонга, ундан Қуршобга келади. Хатда “ўғлингиз бедарак йўқолди” дейилган эди. Зебо отиннинг сўзларига кўра, бу хатни Саидисломбекнинг холаси Қўқондан олиб келган. Хатни олган Саидолимхон икки кун мобайнида айвонда кўкрагини захга бериб, ўғлига аза тутади.
1960-йилларнинг ўрталарида кино экранларга “Йигирма олтинчиси отилмасин” деган фильм чиқади. Бу фильм ўзбекистонлик ёзувчи Борис Пармузин асари асосида суратга олинган бўлиб, унда Саидисломбек Маҳмудовнинг совет разведкачиси сифатида кўрсатган қаҳрамонликлари ҳикоя қилинади.
Шундай қилиб, опоқдадам то ҳаётининг охиригача Саидисломбекка чиқарилган нафақа ҳисобига ва керосин сотиб тирикчилик қилди. Уни қуршобликлар “керосинчи тоға” дейишар эди. Бу одам ўта покиза, ўзига талабчан, кўпни кўрган одам эди. Ўлимидан (1966 йил) кейин Саидисломбекнинг нафақаси боқувчисини йўқотган бувим Зебо отинга бериладиган бўлди. У 1987 йилда вафот этди.
Саидолимхон опоқдадамиз оиламиз учун бир иш қилдики, буткул авлод-аждолларимиз бу одамни ҳеч қачон унутмаймиз. Онам Мухтабархоннинг сўзларига кўра, уруш охирлаб қолган эди. Одамларнинг ҳаёти оғир, турмуш кечириш қийин бўлган йиллар. Бир куни опоқдадам оиламиздан хабар олгани Қуршобдан Ўшга келибдилар. Онам ва опа-акаларим отамни кўрмаганликларига 6–7 йил бўлган. У киши ўша 1938 йили кетганлари бўйича Ўшга келмаган. Орқаворатдан келган хат-хабарларга кўра, отамнинг ҳам урушга кетганидан хабардормиз, холос. Хуллас, ана шундай кунларнинг бирида Саидолимхон опоқдадамиз онамнинг аҳволидан хабар олгани келади. Қараса, онамнинг оёғидаги калиш йиртилиб, товонлари узилиб тушай, деб қолибди. Шунда опоқдадамиз ойимга бозордан битта калиш сотиб олиб келтириб: “Мухтабар, бундай юрма, мана буни кийиб ол. Ёғин-сочинда оёғингдан зах ўтиб, касал бўлиб қолмагин. Ҳали қиладиган ишинг кўп. Болаларни отасига соғ-омон топширишинг керак” деб насиҳат қилиб, Қуршобга жўнаб кетибди.
Онам бечора қўлидаги яп-янги калишни кўриб, кийишга кўзи қиймабди. “Ахир болаларимни қорни нонга тўймай турган бир пайтда, қандай қилиб янги калиш кияман. Буни сотиб, пулига бир неча кун болаларимни боқишим мумкин”, деб ўйлабди. Шундай қилиб, онам калишни шундайлигича олиб бозорга борибди. Бир харидорга сотаётган пайтда қўшнимиз, милиционер йигит кўриб қолиб, чайқовчилик қиляпсан, деб онамни қамаб қўйибди. Онам йиғлаб, роса ялинибди: “Сатторжон, ука, ўзингизнинг ҳам хабарингиз бор, кўриб юрибсиз, болаларимнинг қорни нонга тўймай ўтяпти. Бу матоҳни тоғам аҳволимни кўриб, йиртиқ калишни кийиб, соғлигинг кетмасин, деб олиб берган эди. Болаларимни ўйлаб уни кийишга кўзим қиймай, бозорга олиб чиқдим”. Саттор милиционер бу гапларни инобатга олмай, уни судга бермоқчи бўлади. Шунда воқеадан хабар топган опоқдадамиз тезда Ўшга етиб келиб, ўша милиционерга учрайди. Жиянини қўйиб юборишини сўраб, илтимос қилади. Аммо Саттор милиционер – ҳеч қандай кўзёшлар, оҳ-воҳ эрита олмайдиган тош одам эди… Шунда опоқдадамиз “бу матоҳни жиянимга мен сотган эдим, мени қама”, дейди. Опоқдадамни “Калишни мен сотганман”, деган сўзи асосида унга жиноят иши очади. Онамни эса қўйиб юборади. Суд бўлади. Опоқдадамиз беш йил озодликдан маҳрум этилади. Беш йил кун-кунигача қамоқда ўтиради. Айнан Қуршобдаги Юкос деган жойда муддатини ўтайди.

8

Муродхон Собиров уйига ғалаба билан қайтгач, уни Ўш ўзбек театрига директор этиб тайинлашади. Бу 1946 йил эди. Икки йил мобайнида театрда ишлайди. “Шунча йил болаларимни кўрмадим. Шунча йил улар менинг меҳримсиз ўсишди, деб ўйлайди Муродхон ака. Энди уларга бутун меҳр-муҳаббатимни бағишлашим керак. Қизларим Тўлқиной, Раънохон, ўғлим Арслонбек катта бўлиб қолишди. Айниқса, Раънохонни айтмайсизми, бирам қақажон бўлибдики… Бу қизим ўша мен Новдан урушга жўнашимдан олдин келиб-кетганимдан кейин, айни командирлик курсида ўқиётган пайтларимда туғилган экан. Ўшанда ҳарбийга олиш ҳақидаги аризам ҳал бўлгач, орада беш-олти кун вақтим бор эди. Ўлжабоевга учрашдим: “Урушга кетишдан олдин, болаларимни кўриб келмасам бўлмайди, нима бўлса бўлар”, дедим унга. Ўлжабоев узоқ ўйланиб: “Қайдам, лекин айтишларича, ўша сен билан қамоққа ҳукм қилинган одамларнинг кўпчилиги отиб юборилибди. Сенга ўхшаб қочган-қолганларни афв этиб, урушга олишаётган экан. Суриштирдим. Аммо булар шунчаки гап бўлиши ҳам мумкин. Сенга бирон нарса деб, маслаҳат беришга ҳам ҳайронман”, деди. Дўстимнинг иккиланишларига қарамай йўлга отландим. Икки кун деганда Ўшга етиб келдим. Хайрият, болаларим соғ-омон экан. Мендан ке­йин хотиним Мухтабархонни роса сўроқ қилишибди: “Эринг қаерда? Уйларингга қандай одамлар келиб турарди? Таласга эринг билан борганмисан ёки эрингни ўзи борганми? Москвага-чи?” Шунда хотиним бу саволларга: “Мен бир мушфиқ ўзбек аёлиман. Бизда хотинлар эр “ўтир” деган жойда ўтиради, “тур” деган жойда туради. Эрнинг орқасидан эргашиб юриш одати йўқ. Мен ҳатто, эрим нима иш қилишини ҳам билмайман. Эрталаб чиқиб кетади, кечқурун келади. Унга озиқ-овқат тайёрлайман, кирларини юваман, болаларига қарайман. Ўша куни ҳам эрталаб кетганча, қайтиб келгани йўқ. Аслида, эримнинг қаердалигини мен сизлардан сўрашим керак”, деб жавоб беради. Хотинимдан бу гапларни эшитарканман, унинг фаросатига қойил қолдим. Гарчи, мен билан Талас ва Москвага бормаган бўлса-да, аммо Тўрақул оғани яхши танирди. Бир неча марта уларнинг уйида меҳмон бўлганмиз. Тўрақул оға билан Нагима опалар ҳам бизникига келишган. Хуллас, юқоридаги каби сўроқлар бир неча марта такрорлангач, Мухтабардан бир иш чиқмаслигини билган НКВД ходимлари уни тинч қўйишибди. Аммо хотинимнинг айтишича: “Уйимиз бир неча ой давомида кузатувда бўлди. Шундай дарвозани очиб кўчага чиқсам, ҳар хил одамларга дуч келардим. Улар мени кўришлари билан жўнаб қолишар эди”. 1940 йил охирига келиб эса мен билан рўйхатда бўлган баъзи одамлар қамоқдан чиқиб келишганини эшитибди хотиним. Уларнинг исм-фамилияларини ёдида сақлаб қолмабди. Нима бўлганда ҳам уйга келгач бизнинг устимиздан очилган ишлар бошланган уруш туфайли босди-босди бўлганини сездим. Уйда икки кун бўлиб, яна Новга жўнадим. Борганимдан уч кун ўтиб эса армияга кетдим. Раънохон қизим ўшанда уйга яширинча борганимдан ёдгорлик бўлиб қолди…”
– Оллоҳ бандасини асрайман деса, бандаларининг қўлидан ҳеч иш келмас экан, – деган эди Давронбек сунъий кўл бўйида ўтган ўша суҳбатимизда. – Буни отамнинг ҳаётида кўрдим. 1948 йилга келиб, нима сабабдандир С.М.Киров номидаги ўзбек драма театри ёниб кетади. Отамнинг устидан жиноий иш қўзғатилади…
“Бу ишни ким қилганини ўйлаб, ўйимга етмадим, деб эслаган эди ўшанда ўғлига қараб Муродхон Собиров. Биласанми, аёлларнинг очилишларини биз мусулмонларда жуда ёмон олишган. Театримизда эса паранжини ташлаган аёллар ҳақида асарлар кўп марта саҳналаштирилган эди. Театрнинг ёқиб юборилишига ана шундай ҳолатлар ҳам сабаб бўлса эҳтимол. Чунки мусулмонларда орият кучли. Аёлларнинг бепарда юриши эса одамнинг ҳамиятини қўзғайди… Нима бўлганда ҳам театр­нинг директори сифатида менга жиноят иши очишди. Ҳар куни сўроқ-жавоб… Ҳар бир артист, театр ишчи-ходимлари сўроққа тортилган. Мана шундай кунларнинг бирида Фрунзе шаҳридан телефон бўлиб, мени сўрашди. Телефондаги одам Қирғизистон Компартия­сининг биринчи секретари Исҳоқ Раззоқов эди. Муродхон Собиров Тошкентда чоп этиладиган “Ер юзи” журналида ишлаган пайтлари Исҳоқ Раззоқов Ўзбекистон ССР маориф вазири бўлиб турарди. Улар ўша йиллари танишиб, дўстлашиб кетишган эди. Бу ҳозир, вазирларнинг ёнига йўлаб бўлмайди. У вақтларда одамларнинг бағрикенг, самимий бўлишган. Айтишларича, ҳатто Охунбобоевнинг олдига ҳам оддий одамлар бемалол кира олишган. Хуллас, Исҳоқ Раззоқов телефонда шундай дейди: “Муродхон, қаердасан? Ўғлимни уйлаяпман. Шу муносабат билан эски дўстларни таклиф қилдим. Бир ўтган-кетганларни эслаб ўтирамиз. Ахир, биз ҳам жонли инсонмиз, осмондан тушмаганмиз ёки темир эмасмиз. Ҳеч йўғи мана шу фарзандлар баҳонасида бўлса ҳам учрашиб турмасак, эрта-индин… Муродхон, одам-одамга ғанимат бўлиб қолди”. Шунда мен Исҳоқ Раззоқовга Ўшда бўлган воқеани – мен ишлаётган ­театрга ўт тушиб ёниб кетгани, ҳозир устимдан жиноят иши қўзғатилиб сўроқ-жавоб бераётганимни айтдим. Исҳоқ Раззоқов ҳеч нима демай гўшакни қўйиб қўйди…
Исҳоқ Раззоқовнинг гапларимга жавоб бермай, гўшакни жойига қўйгани мендаги хавотирни янада кучайтирди. Бўлиб ўтган воқеалардан марказнинг хабари йўқ экан, мана энди бу ишлар янада кескин тус олади, деб ўйладим мен. Кечгача ана шундай ўйлар билан ҳеч қаёққа чиқмай, уйда ўтирдим. Кечга томон уйимизга бир одам келиб, мен учун поездга билет олганини, ҳозирнинг ўзида Фрунзе шаҳрига кузатиб қўйишини айтди. Мен бу одамни илгари кўрмаган эдим…
– Шундай қилиб отамни Исҳоқ Раззоқовнинг ҳузурига “керакли одамларнинг” ўзлари кузатиб қўйишади, – дейди Давронбек биз билан суҳбатда. – Орадан бир ҳафта ўтиб, Ўшга қайтганда “театр иши” ёпилган эди. Дарвоқе, Исҳоқ Раззоқовнинг уйида тўй бўладиган кунлари Фрунзеда Ўрта Осиё республикалари раҳбарларининг қандайдир учрашуви ҳам бўлиб, бу учрашувда Тожикистон Республикаси Компартияси Марказий Комитетининг секретари Турсунбой Ўлжабоев ҳам иштирок этади. Шу куни, яъни ўғлининг тўйидан бир кун ўтказиб И.Раззоқов уларга уйида чой беради.
…Муродхон Собиров 1946 йили армиядан қайтибоқ дўсти, халоскори Т. Ўлжабоевни эслайди ва Душанбега йўл олади. Ўшанда Т.Ўлжабоев Тожикистон Компартияси Марказий Комитетида масъул лавозимда ишларди. Дўстлар ярим кечагача суҳбатлашиб ўтиришади.
– Энди нима қилмоқчисан? – сўради Ўлжабоев Муродхон акадан.
– С. М. Киров номидаги Ўш ўзбек драма театрига ишга қўйишмоқчи, – деди Муродхон ака.
– Эҳтиёт бўл, театр нозик жой. Артистлар ҳаётда ҳам артист бўлади… Агар хоҳласанг, Душанбега кел, газетадан иш топилиб қолар.
Узоқ йиллар оиласидан олисда юриб, юраги зада бўлиб қолган Муродхон ака дўстининг бу таклифига раҳмат айтиб, тез-тез келиб туришга ваъда бериб, Ўшга қайтиб кетади…
И. Раззоқовнинг уйида учрашаркан Т. Ўлжабоев Муродхон акага қараб: “Ие-ие, ваъдабоз дўстимиз ҳам шу ерда экан-ку”, деб қучоқ очади…
Мана шундай тарихларни эслаганда, бир пайтлар яшаб ўтган аждодларимиз нақадар одамохун, танти бўлишганларига гувоҳ бўламиз. Шу пайтгача бизга ўтган аждодларимиз бир-бирларини сотганликда, кўролмаганликда, хасисликда шайтонни йўлда қолдириб кетарди, деб уқтириб келишди. Албатта, уларнинг ораларида шундайлари ҳам бўлгани шубҳасиз. Бундай воқеалар ёзувчилар, маданият ходимлари орасида ҳам бўлгани тарихий китобларда ёзилган. Бироқ, аксар одамлар, улар хоҳ мансабдор бўлсин, хоҳ оддий деҳқон, ишчи, савдогар бўлсин қалблари покиза, некбин бўлишган. Мана шу Турсунбой Ўлжабоев ёки Исҳоқ Раззоқовни олинг. Бу одамлар ўз даврида коммунистик партиянинг жойлардаги ишончли кишилари эмасмиди? Агар улар истасалар, Муродхон Собиров каби оддий бир журналист, театрнинг оддий бир директорининг тақдири билан қизиқиб ўтиришмас эди. Бир пайтлар ўқишган бўлса, ўқишгандир. Бир пайтлар бир бурда нонни бўлиб ейишса ейишгандир, нима бўпти. Ахир улар қанча-қанча одамлар билан бирга ўқимаган, бир бурда нонни бўлиб емаган… Гуноҳкор жазосини олиши керак, де­йишганда эди, Муродхон Собиров ва унга ўхшаб улар томонидан сақланиб қолган юзлаб одамлар 90-йилларни кўрмаёқ ўша 37-йилларда ўлиб кетишган бўларди… Бу одамлар партия томонидан ўзлари олдига қўйилган вазифани кўр-кўрона бажаришмаган. Аксинча, ҳар бир нарса, воқеа-ҳодиса ортида инсон туришини чуқур ҳис этишган. Шу боис ҳам юқорида исм-шарифлари тилга олинган партия ходимлари ҳақида республикаларда фақат яхши ном қолган… Ёки ўз укасининг ўрнига Сибирга мардикорликка кетиш, ўз жиянига яхшилик қилиб, уни қутқариб қолиш учун беш йил қамоқда ётиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Саидолимхон Маҳмудовга Худо яна умр берганда балки, булардан ҳам бошқа яхшиликларни кўп қилган бўлар эди. Ҳа, дунёни ана шундай одамларнинг меҳр-муҳаббатлари ушлаб турибди.
…Муродхон Собиров “Қизил Тожикистон” газетасида иш бошлаганда 1948 йил бўлиб қолганди.
– Бир куни отам мени олдига чорлаб, ёнига ўтиришимни буюрди, – деб эслайди Давронбек. – У узоқ ўйга толиб ўтирди. Гўё мени ёнига чорлаганини ҳам унутган эди. Бир пайт шундай деб қолди: “Дунёда элу халққа нафи тегадиган улуғ ишларни бажариб ўтган инсонлар кўп. Шундай бир альпинист ҳақида эшитган эдим. Унинг жасади баланд тоғ устида, асрий музликларда қабр қазилиб, ўша ерда ором топган. Шундай бир журналистни биламан. У ҳақиқатни ёзгани учун қатл этилди. Ана шундай ўз соҳасида юксак марраларга эмас, ўз виждони буюрганини қилиб эл-юрт ҳурматини қозонган одамлар кўп. Айни пайтда, менга ўхшаш тепадан буюрилган ишни бажариб, гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда ишлаб юрган одамлар эса миллионлаб. Мен ҳам қалам билан эл-юртга хизмат қиламан, деб бел боғлаган эдим, шу мақсадда ўқиган эдим. Садриддин Айний каби устозлардан таълим олиб, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳорларнинг суҳбатида бўлгандим. Афсуски, ёзганларим оддий газета мақолаларидан нарига ўтмади. Шу боис ўйлайманки, умрим абас бўлди. Бир куни поездда кетаётиб, “Ленин йўли” газетасида ишлайдиган бир ходим билан учрашиб қолдим. У жуда ҳам оғиз кўпиртириб: “Газетамиз ундоқ қиляпти, бундоқ қиляпти. У кириб бормаган хонадон қолмади”, деб мақтанарди. Шунда мен ўша ходимдан “Мени танийсизми?”, деб сўрадим. У эса “Йўқ” деб жавоб берди. Мен унга ўзимни танитдим: “Мен сен ишлайдиган газетанинг энг биринчи муҳарририман”, дедим. У бундай исмни эшитмаганини айтди… Мана шунақа, ўғлим, бизни энди ҳеч ким танимайди, билмайди… Баъзан ўйлаб қоламан: бизнинг замонамизда элнинг оғзига тушиш учун қатл этилиш одат бўлганмикан, деб. Биламан, бундай эмас. Аммо, ҳозир газеталарда, радио-телевидениеда номлари тез-тез такрорланиб турган одамларнинг аксарияти қатағон қилинган кишилардир. Балки, мен ҳам ўшанда Новга қочмасдан “Учлик”нинг ҳузурига кирганимда ҳозирда номим абадийлаштирилар эдими? Аммо мен ҳаётни севар эдим… Ҳа, албатта ҳамма ҳам ҳаётни севади… Мана ўша устозим Тўрақул Айтматовга “миллатчи” деган ёрлиқ ёпиштиришди. Мен бу одам билан неча йиллар ёнма-ён юриб, унинг русча тушуниладиган “националист”лигини сезмаганман… Уни айнан шу маънода айблашди. Агар бу одам “националист” бўлганда мен билан яхши гаплашармиди?.. Ҳақиқий “националистлар” мана бугун пайдо бўлди. Кўз очиришмайди-я… Тўрақул оға эса миллатпарвар эди. У миллат деганда барча туркий халқларни тушунар эди. Ҳа, болам, мен гарчи журналист сифатида эл-халққа ойни олиб бермаган бўлсам-да, Исҳоқ Раззоқов, Турсунбой Ўлжабоев, Тўрақул Айтматов, Шароф Рашидов, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Садриддин Айнийлар билан учрашиб, бирга ишлашиб ўша ойни ўзим учун олганман. Ўша ой ҳамон қалбимни ёритиб туради… Оллоҳга бир айтганим бордирки, қатағон йилларидан омон чиқиб, Иккинчи жаҳон урушидаги, айниқса, Днепр учун жангларда ғолиб ҳам бўлдик. Балки, буларнинг ҳаммасида мени сенинг руҳинг сақлаб қолгандир… Сен айнан ўша мен Тожикистонга қатнаб юрган йилларим дунёга келгансан.
Тожикистонда эса яна бир улуғ аллома билан танишдим. У киши билан танишишимиз ҳам қизиқ бўлган. Таҳририятга имзосиз хат тушди. Мазкур хат Душанбега 1949 йилда Ҳиндистондан келиб қолган бир домла ҳақида ёзилиб, у ёшларни ҳужрада ўқитяпти, деган мазмунда эди. Хатни киссамга солдим-да, унда кўрсатилган манзилга бордим. Ҳиндистоний домла ўша пайтлари Душанбе яқинидаги Хожа Яъқуб масжидига имом экан. Бориб билдимки, хат фақат газета таҳририятига тушмаган экан. Бу иш билан керакли ташкилотлар ҳам шуғуллана бошлабди…
– Ўша ҳар йили уйимизга келадиган домлани айтяпсизми, ота? – деб сўрадим мен.
– Ҳа, ўша домла Ҳиндистонийни. Унинг асл исми Муҳаммаджон Рустамжон ўғли.
…Ўшанда Муродхон Собиров домла Ҳиндистоний билан бир неча марта учрашиб билдики, бу одам жуда катта уламо, араб ва форс тиллари бўйича мутахассис экан. Мад­расада ўқимаганми, ким сохта домлаю, ким “меҳробдан чиққан чаён” ва ким ҳақиқий уламо эканини Муродхон ака яхши билар эди. Афсус, ўша пайтда қўлидан ҳеч нарса келмади. Домла Ҳиндистонийни 25 йил муддатга қамаб юборишди. Шунда Муродхон Собиров домла Ҳиндистоний ҳақида биринчининг ўзига, Турсунбой Ўлжабоевга кириб айтади. Воқеани эшитган Ўлжабоев ундан: “Бу ҳақда нега илгарироқ айтмадинг” деб сўрайди. Муродхон ака бу саволга “Мендан илғорроқ одамлар ҳам бор экан” деб жавоб беради. Албатта, домла Ҳиндистонийни қамоқдан чиқаришга Ўлжабоевнинг бевосита ўзи киришмайди. Бунинг ҳеч иложи йўқ эди. Аммо у ўзи билган керакли “жойлар”ни ишга солиб, бошқа одамлар ёрдамида таъсир кўрсатгани ҳақиқат. Бир неча йиллик аризабозликдан кейин, энг муҳими, бевосита Москванинг аралашуви билан домла қамоқдан қутилади. Домла қамоқдан чиққанда бутун Душанбе эли унга пешвоз чиқди. Унинг ортидан кимлар югургани Ҳиндистоний домлага аён эди. У Муродхон Собировни ўзи қидириб келади. Шу-шу улар ота-бола бўлиб қолишади. Кейинчалик ҳар йили Ўш шаҳрига ташриф буюрар экан, дастлаб Муродхон аканинг уйида ётиб, кейин бошқа жойга борар, қайтишда ҳам унинг уйида тунар эди.
Маълумотларга кўра, домла Ҳиндистоний Фарғона водийси ва Тожикистонда катта мавқега эга бўлган ханафий мазҳабидаги йирик уламолардан бири эди. У 1892 йили Қўқон атрофидаги қишлоқлардан бирида туғилган. Даставвал Бухорода, кейинчалик Кашмирдаги мадрасаларда таҳсил олади. Айнан шу ерда урду ва ҳинд тилларини ўрганади. 1928 йили домла Ҳиндистоний ҳаж амалини бажариб, бир йилдан сўнг ота юртига қайтади…
– Домла Ҳиндистоний Хизр алайҳиссаломни кўрган одам эди, – дейди Давронбек Собиров. – У киши ҳар йили Ўшга келар экан, икки кун – келган ва кетадиган куни бизникида тунар, ўша кунлари уйимиз байрамга айланиб кетар эди. Отамнинг болохонадаги мўъжаз хонасига одам сиғмай қоларди. Бир сафар Тошкентдан борсам (у пайтда Тошкентдаги Политехника институтида ўқирдим), уйимизга дом­ла Ҳиндистоний келган эканлар. Ўша сафар бизникида қаторасига икки кун ётиб қолдилар. Ҳамма кетиб, уй тинчигач, иссиқ чой кўтариб олдиларига кирдим. Домла ўзи билан олиб келган китобларини варақлаб ўтирган эканлар. Мени кўриб, ўрнидан турмоқчи бўлдилар. Мен югуриб бориб елкасидан босдим. Ўшандаги суҳбатда мен домлага сиз ҳақингизда Тошкентда ҳам эшитдим. Сиз Хизр бувани учратган одам экансиз-у бизга индамайсиз, дедим. Бу гапимдан домла безовта бўлиб, юзимга қаради. Ноқулай аҳволга тушдим. Худди бу одамни сўроқ қилаётгандай туюлдим ўзимга. Лекин, энди сипоришлашнинг ҳожати йўқ эди. Индамай туравердим. Бироз сукутдан сўнг домла сўз қотди:
– Шундайми? Тошкентда шундай дейишяптими? Балки…
Домланинг юзига кулги ёйилди. У ўрта бўй, чўққи соқол эди, юзидан нур ёғилиб турувчи киши бўлган. Кўчага чиққанда салла кияр, уйда дўппи билан ўтирар эди. Овози оғир-босиқ бўлиб, кўрмаган одам басавлат бўлса керак, деб ўйларди.
– Балки, кўргандирман ҳам, бу Оллоҳга аён, – деди домла.
Шу пайт хонага отам кириб қолди. Табиийки, мен чиқиб кетдим. Мен домла Ҳиндистоний ҳақида шуларни эшитганман. Бу киши таҳсилни турли жойларда, ўн саккиз йил деганда тугатади. Мураттаб қори даражасига етади. Қуръони Каримни саккиз соат ўн икки минутда хатм қиларканлар. Айтишларича, домла Кашмирда эканида бир устознинг қўлида дарс олган экан. Ўша устознинг ҳар йили чилла ўтириш одати бўлган. Устоз ибодатга ўзи билан қирқ дона майиз олиб кириб кетаркан. Қирқ кун мобайнида шогирдлари қирқ офтоба сув узатишаркан. Хуллас, устози ана шундай чилла ўтирган бир паллада домла Ҳиндистоний кўчага айланиб чиқиб, вокзалга бориб қолибди. Узун йўловчи вагон ёнидан ўтаётиб, кўзи гурунглашиб ўтирган тўрт нафар оқсоқолга тушибди. Мундоқ ойнага яқин келиб қараса, чоллардан бири жуда ҳам таниш туюлибди. Шунда домла Ҳиндистоний вагонга чиқиб, оқсоқолларнинг ҳузурига кирибди. Э, воҳ, не кўз билан кўрсинки, уларнинг биттаси ўзининг отаси экан. “Худодан айланай, отажон, тирик экансиз, дейди домла отасини қучоқлаб. Ўшанда Қўқондан қочаётганимизда сизни отиб ташлашди, дейишган эди. Шунча йил тақдирга тан бериб яшадим. Ўзим дунё кезиб, хаёлим фақат сизларда-ю, илмда бўлди. Мана таҳсилим ҳам охирлаб қолди, отажон” дейди домла отасига. Маълум бўлишича, оқсоқоллар ҳажга боришаётган экан. Ўша пайтлари ҳажга борувчилар Покистон орқали ҳам боришар экан. Буни эшитган домла Ҳиндистоний отасига:
– Ота, мен ҳам сизлар билан бирга ҳаж қиламан. Ниятим ҳам шу эди. Яхши бўлди, – деб отасига қўшиб оқсоқолларни ҳам поезддан тушириб, ҳужрасига олиб кетади.
Чилла ўтирган устоз жуда қаттиққўл эди. Ҳар сафар ибодатга кираётиб шогирдларига ўзини безовта қилмасликларини қаттиқ тайинлар экан. Домла Ҳиндистоний отасидан “агар уч кун ичида йўлга чиқмасак, ҳаж мавсумидан кеч қолишлари”ни эшитгач, чиллахонага воқеа битилган бир энлик хат киритади. Шунда ичкаридан ҳам бир энлик хат учиб чиқади. Унда: “Мен сизлардан безовта қилмасликни сўраган эдим, бас қилинг” деган сўзлар ёзилган эди. Нима қиларини билмай қолган домла яна узрини айтиб, ҳаж мавсуми ўтиб кетиши мумкинлигини тушунтириб, ичкарига яна хат йўллайди. Шунда ичкаридан, “Розиман. Боринг” деган рухсат тегади.
Шу боришда домла отаси ва унинг йўлдошлари билан ҳаж амалларини адо этишади. Ҳожи бўлишади. Ана шундай кунларнинг бирида, ҳали улар Маккаи мукаррамадан чиқмай туриб, домланинг отаси касал бўлиб қолади. Ҳолсизланиб ётган ота дом­лани ҳузурига чақириб: “Болам, бир карч тарвуз бўлганда ердим”, дейди. Ўша йили ҳаж мавсуми баҳор фаслига тўғри келган эди. Бу пайтда албатта, тарвуз бўлмаслиги аниқ. Аммо ота илтижоси домлани кўчага чиқаради. У ташқарида нима қиларини билмай турар экан, тўғридан қўлида бир дона тарвуз билан келаётган сариқ чакмонли қарияга кўзи тушади. Шунда домла югуриб бориб бояги одамдан тарвузнинг қаердан олганини сўраб, касал отасининг ниятини айтади. Шунда бояги сариқ чакмонли қария ёнидан пичоқ чиқариб, тарвузни шартта иккига бўлиб, “Бир палласини олинг, отангизга шифо бўлсин”, дейди. Домла хурсанд бўлиб бир палла қип-қизил тарвузни отасининг олдига қўяди. Ота тарвуздан бир карч ейди-ю, алҳамдуллиллоҳ, етказганига шукр, деб ёғлиққа қўлини артади… Шундан кейин ота фарзанднинг кўзида бироз тетиклашгандай бўлади. Лекин, барибир ҳали йўлга чиқиб бўлмас эди.
Яна бир куни ота ўғлига кўнгли кўк чой тусаётганини айтади. Ўша пайтлар Маккада чой кам истеъмол қилинаркан шекилли, фарзанд чойни, айниқса, кўк чойни ҳеч учратмаган эди. Умуман, маккаликлар ҳозир ҳам чой ўрнига “замзам” сув ичишни афзал кўришади.
Домла Ҳиндистоний отасининг айтганини топиш учун кўчага отланади ва ташқарида яна ўтган галгидек, сариқ чакмонли қарияга дуч келади. У домлани қўлидан етаклаганча қабристон томонга бошлайди. Қабристондан шундай ўтишган ҳам эдиларки, қаршиларида бир қаср пайдо бўлди. Бинонинг ичкарисига киришади. Домла қараса, бу ерда катта издиҳом бўлаётган экан. Ўтирганларнинг ҳаммаси сариқ чакмонли кишилар эди… Домлани етаклаб бораётган бояги қария уни тўғри тўрда ўтирган нуроний қаршисига олиб боради ва ундан дуо сўради: “Тақсирим шу болага дуо қилсангиз. Бу мард отасини ҳажга олиб келган. Дуо беринг, илмлари зиёда бўлсин”, деди. Нуроний дуо берди. Ортга қайтаётиб, қария белидаги белбоғи орасидан бир қути чой олиб, дом­ла Ҳиндистонийга узатиб: “Ушла, отангга дамлаб бер”, дейди.
Орадан икки кун ўтиб ота оламдан ўтди. Домла Ҳиндистоний зўрға топган отасини йиғлаб-йиғлаб қабрга қўйди. Бағри ҳувуллаб қолди… Эрталаб ўрнидан турибоқ ўзига дуо берган нуроний ва бояги қарияни кўришни ният қилиб, ташқарига чиқди. Қабристон томон йўл олди. У қабристонни айланиб ўтиб кўрсаки, у ерда уч кун аввал ўзи кирган қаср йўқ! Бутун теварак-атроф офтобда қовжираб ётган дашту биёбон эди…

ХОТИМА

Менинг ўзим бир пайтлар республикада чоп этилган “Ватан” газетасига бош муҳаррирлик қилганман. Бу ишнинг нақадар оғир, заҳматли, айни пайтда масъулиятли эканини яхши биламан. Шу маънода Муродхон Собировнинг “Коммунист” газетасини ташкил қилиб, унга муҳаррирлик қилиши нақадар қийин кечганини тасаввур этаман. Бунинг устига бу вазифаларда ишлаш айни сиёсий ва мафкуравий курашлар, қатағонлар авж олган, бир сўз учун салла ўрнига калла кетиши мумкин бўлган даврларга тўғри келиши вазиятни янада қийинлаштиради. Масалага шу нуқтаи назардан қаралса, Муродхон Собировнинг “Коммунист” газетасида ва область партия комитетида, комсомол комитетида ишлаши осон кечмаган. Ноҳақ қамалиб, отувга ҳукм этилаётган одамларнинг тақдири, оч-наҳор мактабга қатнаган ўқувчилардан тортиб, умр бўйи косаси оқармай ўтаётган деҳқоннинг турмушини кўриб азоб чеккан. Шароф Рашидов ҳақида “уни ичидаги руҳий дард ўлдирди” дер экан, ўзини ҳам ўшандай дардлар қийнаганини яширмайди. Зотан, Фузулий домла айтганидек, “Шифойи васл қадрини ҳажр ила бемор ўландан сўр…”
Эллигинчи йиллар ўрталарига келиб Муродхон Собиров Ўшга қайтади. Оиладан олисда, дарвешона турмушдан безийди. Кўнгли оила тинчини истайди… Ўша пайтлари Ўш шаҳрида Тожикистонга қарашли Помир автомобиль трести очилади. Муродхон Собировни ана шу ташкилотга ҳодимлар бўлими бошлиғи этиб ишга юборишади. Нима бўлганда ҳам яна она шаҳрига қайтаётганидан хурсанд бўлади. Аммо тез орада сезадики, бу иш унинг учун эмас экан… Бу ердаги олғирликлар, қаллобликларни кўриб бир дарди ўн бўлади. Ишдан бўшайди. Уйда, оила даврасида тинч яшай бошлайди. “Етар, Оллоҳ мени шунча дунё кезишга, яхши-ёмон одамлар орасида бўлишга, қон кечиб жанг қилишга буюрди. Неча марта жаҳаннамнинг лабидан қайтдим. Энди оиламнинг бағрида бўлиш насиб этсин”, деб Ўзидан сўради. Муродхон Собиров “Таборак”ни такрорлашни севарди. Ёлғиз пайтлари ана шу сураи муборакни ўқиб кўзларига ёш оларди. Муродхон Собиров Фузулийни ўқишни севарди, шоирнинг қанча мисраларини ёддан ўқирди…
Дунё қизиқ экан. Халқда “Нонхўрга нон, ошхўрга ош” деган гап бор. Шунга ўхшаш йўлчига доим йўл тайёр тураркан…
– Кунлардан бир кун ҳовлимизга бир гуруҳ оқ кўйлак, қора костюм-шим кий­­ган одамлар кириб келишди. Отам сўритокда туриб хомток қилаётган эди. Меҳ­монлардан бири тўғри отамнинг олдига бориб қучоқлаб олди. Билмадим, отам оёғи остидаги сўритокдан ўзи тушдими ёки ўша одам туширдими англамай қолдим, – деган эди Дарвонбек биз билан суҳбатда.
Келган бу одамларнинг бири Тожикистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Турсунбой Ўлжабоев, иккинчиси Тожикистон ССР Министрлар Советининг раиси Мамадали Қурбонов, бошқалари эса Ўш областининг раҳбарлари эди. Гап шундаки, ўша куни қўшни республиканинг бошлиқлари юқорида айтганимиз Помир автомобиль трестини кўриш учун Ўшга келишади.
Турсунбой Ўлжабоев дўстини кўп вақтдан буён кўрмаган эди. Иш билан бўлиб, сўраб-суриштиролмади. Муродхон Собиров эса биринчи раҳбар қанчалик дўсти, қадрдони бўлишига қарамай, ўзи йўқламаса, ҳузурига бораверишга истиҳола қилар эди. Ўлжабоев ҳатто унинг ишдан кетганидан ҳам бехабар қолган. Трестни айланиб бўлишгач, таомилга кўра Ўш область партия-совет раҳбарлари меҳмонларга чой беради. Ана шу бир пиёла чой устида Турсунбой Ўлжабоев обком секретаридан Ўшда бир журналист борлигини, унинг исми шарифи Муродхон Собиров бўлиб, ўша одам ҳозирда қаерда эканини сўрайди. Обком секретари елкасини қисади. Аммо, суриштириб топишга ваъда беради. Турсунбой Ўлжабоев обком секретарининг ўз кадрларини яхши билмаганлигидан таассуф қилади, аммо сездирмайди. Ниҳоят, чой охирлаганда ходимлардан бири “янгилик” топиб келади: Муродхон Собиров Ўш шаҳар, Навоий кўчаси, 14-уйда яшаркан…
Ўлжабоев ҳамроҳлари билан ўша заҳоти дастурхон учун мезбонларга раҳмат айтиб, айтилган манзилга йўл олади. Албатта, мезбонлар ҳам уларнинг ортларидан боришади…
– Отам воқеадан ўзини йўқотмади, – деб сўзини давом этади Дарвонбек. – Меҳмонларни уйга таклиф қилади. Гарчи, уйимиз бор-йўғи икки хонадан иборат бўлиб, меҳмон кутишга имкон йўқ эди. Кўнгилда… Афтидан, Турсунбой Ўлжабоев обком сек­ретарининг Муродхон Собиров ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслигини билгандаёқ кўнгли ғаш тортганди. Уйни кўриб, турмушимизни билиб, унинг хаёлидан “Мен Муродхонни бундай аҳволда яшаши ва ишлаши учун ўлимдан сақлаб қолмаганман”, деган ўй ўтган бўлса не ажаб… Ўша куни ва ундан кейинги кунлар отам уйга келмади.
Муродхон Собиров кўчага чиққанда доим галифе шим, эгнига кител, оёғига этик кийиб юрар эди. Меҳмонлар уй эгаси кийиниб чиққунга қадар тор ҳовлини кўздан кечиришди. Болаларни эркалатгандай бўлишди. Мухтабархон опа юмушда эди. Муродхон Собиров кўчалик кийимини эгнига илиб чиққач, улар тўғри аэропортга йўл олишади. Ўлжабоев то манзилга етгунча жим боради. Фақат уни самолёт томон етакларкан “Муродхон, сиз уларга керак бўлмасангиз, бизга кераксиз”, дейди-да ўзи билан бирга олиб кетади…
– Орадан бир ой ўтиб, отамдан телеграмма олдик. Унда “Душанбедаман. Ишга жойлашдим. Болаларни олиб кел”, деб ёзилган эди, – дейди Давронбек кўзлари жиққа ёшга тўлиб. – Ўша кунларни ҳеч эслагим келмайди. Ҳақиқатдан ҳам қийин шароитда яшардик… Онам катта ва кичик опамни олиб Душанбега кетишади. Мен ва катта акам уйда қолдик. Акам уйланган. Келинаям доим акасиникига чиқиб кетаверар эди. Бир ўзим ёлғиз қолардим. Мусичанинг ку-кусидан ҳам қўрқаман… Дарвозамизда бир тешик бор эди. Бир куни ўша тешикдан ҳовлига қараган кўзни пайқаб қўрқиб кетдим. Ке­йин ўша кўз дарвозани тақиллатди. Минг ҳадик билан бориб, дарвозани очиб қарасам, Исматилла почча экан. Бу одам мен билан кўришиб-кўришмай “Тезда бет-қўлингни юв, олиб кетаман”, деди. Ишонасизми, кийгани иштоним ҳам йўқ экан, битта турсида юрарканман. Йўл-йўлакай магазинга кириб, шим олдик. Бу ерда ёзлик туфли топилмади, қишлик ботинка бор экан. Исматилла почча, ўша қишлик ботинкани харид қилиб кийдириб қўйди. Тасаввур қилинг, ёзнинг жазирасида ичи пўстак ботинкада юришнинг ўзи бўладими? Андижон вокзалига етиб борганимизда поезд ўрнидан жилаётган экан. Шунда билдим, Исматилла ака шу поездда “проводник” бўлиб ишларкан. Икки ярим кеча-кундуз деганда Душанбега етиб бордик. Отамга кўп қаватли уйлардан тўрт хонали жой беришибди. Ўша уйда яшай бошладик. Эсимда, Лайло Шарипова деган қўшиқчи аёл бизга қўшни турарди. Мени кўрди дегунча қўлимга конфет тутқазар эди…
Кунлардан бир кун сув бўйида қум шаҳар ясаётган эдим. Устимга опам югуриб келди: “Тур ўрнингдан. Уйда отам чақиряпти”, деди. Мен эса ўйиндан кўзим қиймай, шаҳар қуришни давом эттиравердим. Опам қўлимдан етаклаб уйга олиб кетди. Борсам, ҳамманинг рангида ранг йўқ. Тугунлар тугилган. Шунда отам: “Ҳозир сизларни поездга чиқариб юбораман. Ўзим кейин бораман” деб юкларимизни бир машинага ортиб вокзалга олиб кетди. Кейин билсам, ўша куни Ўлжабоев ишдан олинган экан… Бу 1961 йил эди.
Турсунбой Ўлжабоевнинг ўз вазифасидан кетиши сабаблари бошқа бир асар мавзуси. Зотан, Сталин ҳамда шўроларнинг турли ранг ва кўринишдаги қатағонлари ҳақида ҳали кўп нарсалар номаълумлигича қолмоқда.
Назаримизда қиссадан ҳисса чиқариш пайти келганга ўхшайди. Муродхон Собиров оддий журналист, ўша даврнинг биринчи муҳаррирларидан бири сифатида замоннинг кўп жабр-жафоларини бошидан ўтказди. У гўё ёзда келган қалдирғоч эди… Қатағонлардан, аввало, Оллоҳнинг инояти, қолаверса, ўз қардошлари туфайли омон қолди. Зотан, сиёсий айб қўйилса, отасини ҳам танимайдиган раҳбарлар бисёр эди. Улар ўз курсиларига зулукдек ёпишиб кун кўришган. Аммо Ўлжабоев, Раззоқов, Рашидов, Айтматов ва Собировга ўхшаган эл ишига камарбаста минглаб кишилар ҳам бор эдики, улар ўз лавозимларидан халқ тинчлиги, юрт фаровонлиги йўлида фойдаланишган. Мансабни мартаба даражасига кўтаришган. Шу ҳақда ўйлар эканман, бугунги Марказий Осиё республикаларининг келажаги, халқларнинг тинч-тотув, иттифоқликда яшашлари, мамлакатлар тараққиёти, кези келганда, бир бутун бўлиб бирлашишлари, халқларимиз орасида билимли, қалдирғочларнинг нега баҳорда келиб, кузда кетишларини яхши анг­лаган йўлбошчиларнинг етишиб чиқишларига кўп жиҳатдан боғлиқ эканига ишондим.

Тамом

“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 12-сон – 2018 йил, 1-сон