Ёқубжон Шукуров. Болалик хотиралари

Қорабайир

Болалигимда юз берган бир воқеа ҳали-ҳануз ёдимда. Ўшанда мен ёзги таътилни тоғда, йилқичи бобомнинг қишлоғида ўтказган эдим. Бобом бир куни бизга йилқини қайтариб келишни буюрдилар. Маҳмуджон иккаламиз отларимизга яйдоқ миндик-да, “ким ўзар” қилиб чоптириб кетдик. Тезда йилқи ўтлаб юрган ўтлоққа етиб бордик. Кенг яйловда отлар яйраб ўтлаб юришибди. Тойлар ирғишлаб, бир-бирларини қувалашяпти. Биз уларни бир оз томоша қилиш учун ёнғоқ дарахти ёнидаги катта харсангга яқинлашиб, отдан тушдик, отларимизни қўйиб юбордик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмаган эди ҳамки, ўйноқлаб юрган тойларнинг қўрқинчли кишнаганларини эшитдик. Маҳмуджон чўчиб ўрнидан турди-да, узоққа тикилиб қолди. Мен ҳам қарадим.
– Вой, – деди Маҳмуд ҳаяжонланиб, – икки бўри бир тойчоқни қувлаб юрибди! Мен қўрқиб кетдим. – Ўчакишгандек милтиқ ҳам олмаган эдик. Энди нима қилдик?!
– Қочайлик! – дедим, йиғлагудек бўлиб.
– Қўрқма, – менга далда берди Маҳмуджон. – Ҳозир бўриларни ўлдирамиз!
– Қандай қилиб ўлдирамиз? – ажабландим мен.
– Ҳозир кўрасан. Қашқа уларнинг адабини бериб қўяди.
– Ҳў, ана! Боласининг кишнаганини эшитиб Қашқа айғир келяпти, – деди Маҳмуджон.
Ҳақиқатдан ҳам пешонаси билан тўрт туёғининг тепаси оқ, катта қора айғир бўрилар қувлашиб юрган томонга ўқдек учиб келарди.
Шу чоғ Маҳмуджон бир ирғиб ёнғоқ шохига осилиб, пастга томон қаттиқ силкинди. Ёнғоқ шохи эгилиб, синиб тушди. Маҳмуджон кетмон сопидек шохни синдириб олиб, югурар экан менга буюрди: “Сен ҳам синдириб ол! Тез бўл! Бўриларнинг адабини берамиз!”.
Мен ҳайратдан довдираб қолдим. Қашқа айғир эндигина тойчоқнинг орқа сонига ирғиган бўрига етиб борди. У қулоқларини чимириб, оғзини катта очиб, даҳшатли овозда кишнади, сўнгра худди тепалаб ташлайдигандек жон-жаҳди билан бўрига ташланди. Бўри бўлса кутилмаган ҳамладан қўрқиб қоча бошлади. Мен отнинг бўридан қўрқмаслигини ўшанда кўрдим. Қашқа айғир худди шамолдек учарди. У бўрига етиб бориши билан бўри чап берди. От ўзини тўхтатолмай ерни чангитиб олдинга ўтиб кетди. Сўнг қайтиб бўрини яна қува кетди. Бўри қочаверди, от қуваверди. Улар гоҳ яйловнинг бир томонига, гоҳ иккинчи томонига ўтиб кетишарди. Охири бўри чарчади шекилли, тўхтаб қолди. Шунда айғир бошини чайқаб, тишларини очиб, бўри томон кела бош­лади. Бўри эса жойидан қўзғалмай тишларини ғижирлатиб турарди. Кутилмаганда унинг орқа томонидаги тош­лар орасида пусиб борган Маҳмуджон бўрининг бошига қўлидаги гаврон билан жуда қаттиқ урди. Бўри йиқилмади-ю, бир зум гангиб қолди, кейин шиддат билан қоча бошлади. От уни қувлаб, етиб борди. Иккинчи бўри бир зумда қирнинг ортига йўқолди. Айғирнинг оёқлари остида қолган бўри думини қисиб, отга ҳамла қилмоқчидек тишларини ғижирлатди, у қўрқув билан отга қараб ташланишга шайдек турар экан, Маҳмуджон яна қўққисдан йўғон гаврони билан унинг бошига савалай бошлади. Бу орада мен ҳам вужудимдаги қўрқувни унутиб, Маҳмуджон турган ялангликка етиб бордим. Сўнгра мен ҳам бор кучим билан бўрининг дуч келган жойига ура бошладим.
Шу тариқа икковлашиб бўрини ҳолдан тойдирдик.
Йиртқичнинг ҳаракатсиз ётганини кўрган Қашқа айғир бошини баланд кўтариб, ёлларини селкиллатиб йилқи томон кета бошлади. Бизлар ҳамон ерда сўлжайиб ётган бўрини савалардик.
– Оғзига ур, оғзига! – деди Маҳмуджон, – йиртқичнинг тишлари тўкилиб кетсин! – Ниҳоят бўри қимирламай қолди. – Бас, – деди Маҳмуджон. – Юр, тойчоқдан хабар олайлик. Балки бечорани ёмонроқ тишлагандир, бу лаънати.
– Биз бўлмасак, қашқа айғир бўрини нима қила оларди? – деб сўрадим, қизиқсиниб.
– Ҳалок қиларди. Ҳолдан тойдиргунча қувларди-да, ё тишлаб осмонга ирғитарди, ёки олдинги оёғи билан эзғилаб, пачоқлаб ташларди.
– Агар икки-уч бўри бирданига ҳужум қилса-чи?
– Тўрттаси ҳужум қилса ҳам барибир. Зотдор айғирлар қўрқишмайди. Олдидан ҳамла қилиб келса, тиш­лайди, ортидан келса, палахмондек туёқлари билан аёвсиз тепиб ташлайди. От тепкисини еган бўри ўзини ўнглаб ололмайди.
Мен бутун авлод-аждоди қиш­лоқда яшаб ўтган дўстим Маҳмуджоннинг хулосаларини эшитар эканман, тулпорларимизнинг шиддатию шижоатига лол бўлиб қолдим. Яқинда Қорабайир зотли отларнинг камайиб кетганлиги ҳақидаги мақолани ўқиб, ёшлигимдаги ана шу воқеа-ҳодисалар қайта жонланди.

Яйловда

Биз овдан қайтар эдик. Бобом бирдан безовталаниб:
– Қани, чироқларим! Тезроқ юрингларчи, – дедилар, – вақтлироқ ўтовга борайлик!
– Мен ҳайрон бўлдим. Ҳатто Маҳмуджон ҳам ажабланиб сўради:
– Ҳа, бобожон, нега бунча ўтовга шошиб қоляпсиз? Тинчликми?
– Тинчлик, чироғим! Тинчлик. Ҳавонинг авзойи бузиляпти.
– Вой, ҳаво жуда яхши-ку, бобожон! – деди Маҳмуджон осмонга, теварак-атрофга кўз ташлаб. – Қуёш ҳам кулиб турибди!
– Сен билмайсан, чироғим! Абр безовта, – дея тушунтира бошладилар бобом қўлларидаги овга ўргатилган қўнғир қанотли бургутга ишора қилиб. – Чироқларим, шуни унутманглар-ки, табиатда юз берадиган жиддий ўзгаришларни энг аввал қушлар сезади, юринглар, қолганини йўлда тушунтираман. Совуқ ёмғир, дўл ёғадиган, довул, бўрон турадиган бўлса, энг олдин бургутлар, қирғийлар ва қалдирғочлар сезишади ва ўз ҳаракатлари – яъни бе­зовталиги билан кишиларга белги берадилар. Бургут ва қирғийлар ўз парвозларини тезлатадилар, қалдирғочлар эса одатдагидан пастроқ учадилар.
– Нима учун паст учади? – деб сўрадим мен. Бобом эса оҳиста тушунтира бошладилар.
– Чунки ҳаво нам бўлган кезларда майда ҳашаротлар, капалакларнинг қанотлари оғирлашиб, пастлаб уча бош­лайдилар. Оқибатда уларни овлайдиган қалдирғочлар ҳам паст учишга мажбур бўлади. Сичқон, каламуш, юмронқозиқлар ҳам инларидан чиқиб, овқат излаб, у ёқдан-бу ёққа югура бошлайди. Шунинг учун лочин, қирғийларнинг ҳам ҳаракати жадаллашиб қолади. Шуни яхши билингларки, чироқларим, яйлов об-ҳавоси ўзгарувчан бўлади. Бир зумда ёмғир дўлга, шамол бўронга айланиши мумкин.
Бобом отга қамчи уриб яна ҳам бу ердан тезлатдилар. Биз ҳали сойдан чиққанимиз ҳам йўқ эдики, узоқда момақалдироқ гумбурлади. Осмонни қоп-қора булут қоплади. Момқалдироқ тобора қаттиқроқ ваҳима сола бошлади. Бобом отни елдек учириб кетдилар. Биз ҳам орқаларидан от қўйдик. Мен отда унчалик кўп юрмаганимдан бўлса керак, тез чополмадим. Йўлнинг ярмини босмасимиздан совуқ шамол турди, озроқ фурсат ўтиб эса ёмғир бошланди. Ўн минут ўтар-ўтмай, бобом айтганларидек, ёмғир дўлга, шамол бўронга айланди. Мен қўрқиб кетдим. Буни бобом сездилар шекилли, ўзлари миниб келаётган от бошини тортиб, менга яқинлашиб, шундай дедилар:
– Қўрқма, чироғим! Қўрқма!
– Сўнгра хуржундан кичкина канопдан тўқилган қопча олиб, унинг бир бурчагини букдилар-да, бошимга қалпоқ қилиб: – Кийиб ол лингчани! – дедилар. Мен кийдим. Натижада елкам ҳам, бошим ҳам дўлдан сақланди.
Дўл тобора авж олди. Бора-бора ҳар бири данакдек, кичик ёнғоқдек бўлиб кетди. Бўрон совуқ дўлни юзларимга аёвсиз ура бошлади. Яхшиям қопдан ёпинчиқ қилиб олдим. Агар лингчани ёпинмаганимда, аҳволим хароб бўлиши аниқ эди. Ҳатто отим ҳам дўлдан безовталаниб, бошини сарак-сарак қилиб, чайқаб борарди. Мен умрим бино бўлиб, ҳали бунақа даҳшатни ҳеч қачон кўрмаган эдим. Биз ит азобида ўтовга аранг етиб олдик. Отлардан сакраб тушиб, апил-тапил уларни катта қозиқларга боғладик-да, ўзимизни ўтовга урдик. Биз ўтовга кириб ўтирар-ўтирмас, худди бир пайтда команда берилган тўплардек момақалдироқ ҳам, бўрон ҳам дўл ҳам тинди-қолди. Биз ажабланиб ташқарига чиқдик. Гўё ҳеч нима бўлмагандек, атроф жимжит, қуёш чарақлаб нур сочиб турибди. Ўшанда кенг, бетакрор яйлов табиатининг кутилмаган нағмаларини кўрганман, умри дашту далаларда, йилқи, қўй ва қорамол подаларини боқиш билан ўтаётган азиз ва у каби чорвадорлар сермашаққат турмушининг айрим жиҳатлари билан танишганман. Шундан буён чорвадорлар ҳақида гап кетса, беихтиёр ўша даҳшатли бўрон кўз ўнгимда гавдаланади ва мен барчага чорвадорлардек жасур, довюрак ва мард кишилар бўлмаслиги ҳақида ҳикоя қила бошлайман…