Оппоқ, тоза дастурхонга йўргакланган чақалоқни тиззалари орасига ётқизиб-тебратиб ўтирган жувон айвоннинг ланг очиқ деразасидан бўйнини чўзиб ҳовлига қаради. Қувалашаётган бир жуфт мусичани кўрдию йўргакни авайлаб кўрпачага ётқизди, ўрнидан илдам туриб калишини оёғига илганича ҳовлига тушди. Мусичалар қанотини париллатиб олдинма-кейин томга кўтарилди.
Жувон айвон қаторига солинган ошхонадан ўтди, девор пойига суяб қўйилган хокандозни кўтариб, унинг остидаги супургини олди, хокандозни қайта жойига қўйди. У мусича қўнган жойга келди-да, оёқларини кенг ёйиб икки букилганича гўё йўқолган игнани қидираётгандай ерга тикилди, шу алфозда бир нафас тургач, тупроқдаги мусича изини топди. Кўйлагининг этагани орқага сирмаб, ўша ерни супурди.
Ҳовли топ-тоза эди, супурги кесак увоғини тирнаб чиқарди. Жувон кесакни бармоқлари учида авайлаб ушлаб кўчиб чиққан жойини излади. Топди шекилли, увоғни жойига қўйди, аввал бармоғининг учи, кетидан калишининг тумшуғи билан текислади, супургини яна бир сирмади-да, ошхона томон юрди, бориб хокандозни кўтарди, супургини жойига қўйиб, устидан хокандозни деворга суяди.
Жувон айвонга қайтаётиб водопровод ёнига борди, бош ва кўрсаткич бармоғи билан жўмракни бураб сувни жилдиратди, қўлини совунлади, ювди-совунлади, совунлади-ювди, сўнг тирсагини жўмрак чамбарагига ботириб уни бурашга уннади. Сув камайса-да, тўхтамади, кўнгли жойига тушмаган жувон тирсаги билан жўмракка таянган кўйи водопровод теварагида гир-гир айлана бошлади: бир, икки, уч… ниҳоят, жўмрак қотди — сув тўхтади. Жувон сув юқи селгишини кутиб қўлларини ёнига осилтирди, кейин боши баробар кўтариб қуёшга тутди.
Ботиб бораётган қуёшнинг лаққа чўғдек тилими яшириниб улгурмаган, унинг ҳароратсиз, қизғиш нури атрофни ёритиб турарди. Жувон шафақ ёруғида янаям оқариб кўринаётган, тоб ташлагандек қийшиқ ва ориқ бармоқларига тикилди, қон талашгандай қизариб кўринаётган зич панжалари орасидан кўз узмай, панжаларини ейди, сўнг кафт ва бармоқларидан сув селгиб бўлганига ишонч ҳосил қилгач, шипиллаганича айвон томонга юрди, калишини ечиб кавшандознинг бир бурчагига текислади-да, айвонга ўтди, ҳовли саҳнига кўз югуртирди, хотиржам тортиб, боя туриб кетган жойига қайтиб ўтирди. У йўргакни тиззасига ётқизиб дастурхоннинг қайрилган учларини текислади, қайта-қайта сийпалашига қарамай, бир чеккаси қайрилаверди. Жувон кўрпача остидан қайчи олиб дастурхоннинг йиғилиб-қайрилиб қолаётган парчасини қирқци, осилган ипларни ҳам қайчилади. Шундан сўнг кўнгли таскин топиб, яна йўргакни авайлаб тебратишга киришди. У нималардир деб пичирлар, дам-бадам бўйнини чўзиб ҳовлига разм солар, дастурхон четларини тортиб-тортиб чақалоқнинг юзини яширишга тиришар, ҳовли жимжит, айвон жимжит, баъзан жувоннинг шивири қулоққа чалинмаса, ҳовли ҳам жимжит эди.
Ногаҳон йўлак томонда нимадир «шапп!» этди. Жувоннинг йўргакни сийпалаётган қўллари асабий қалтиради. Тўсатдан ҳушини йўқотган одамдай ранги қув ўчди, лабларини кимтиб бирпас тин олди. Сўнг қайчини кўрпача остига яширди, йўргакни тиззасидан тушириб оҳиста кўрпачага етқизди, қаддини ростлади. Калишини оёғига илди-да, зинадан чаққон тушиб ошхона томонга юрди. Ошхонани ёнлаб бориб супурги билан хокандозни иккала қўлига олди, зипиллаганича қайтиб, йўлакка ўтди. Йўлакда нимадир «шарпп! ширпп!» этдию жувон у ёқдан чиқди — хокандозни тутган қўлини олдинга чўзганча бурнини жийирди, хокандозда эса янги келган газеталар бор эди.
Шу алфозда жувон ҳовли этагига борди. Ошхонанинг орқа томонига бурилиб кўздан йўқолди. У талай фурсат кайтиб кўринмади, шарпаси ҳам сезилмади. Ҳовлига хавотирли сукунат чўкди.
… Уйнинг ёпиқ деразаси гўё шу сукунатга халал бермоқчи эмасдек «қирс… с…» этиб журъатсизгина очилди. Тавақалар ярим-ёрти очилиб улгурмай…
Ошхона муюлишида жувоннинг қораси кўринди. У супурги билан хокандозни аввалги ўрнига қўйди, кейин… водопровод ёнига келди. Бош ва кўрсаткич бармоқларининг учида жўмракни бураб сувни очди, қўлини икки-уч қайта совунлаб, эринмай ювди, жўмракни тирсаги билан қотирди, сўнг кафтларини боши баробар кўтариб ботиб бораётган қуёш нурига тутди. Ёйиб турган панжаларига узоқ тикилди. Кафтларини юз-кўзига яқинлаштирди-узоқлаштирди, яқинлаштирди, яна узоқлаштирди. Уфққа бош қўяётган қуёш нури кафтларининг сиртидан сингиб ич томонга ситилиб ўтаетгандай, кафтларидан ўтиб кўзларини баттар қамаштираётгандай бўлаверди.
Шу пайт унинг нигоҳи рўпарасига қадалди. Равиш-ҳолатини бузмай узоқ, синчков тикилди, сўнг бирдан қўлини қуритаётганини унутиб айвонга югурди. Саросимадан кўзлари олайиб, йўргак тепасига келди, қонталаш шафақнинг қирмизи нури равон ромининг юқори кўзига тушиб турар, ойнадан синиб ўтган бир тутам нур чақалоқнинг устини ёритган эди. Жувон йўргакни даст кўтариб уни нариги кўрпачага ётқизди, сўнг ўша тезлиқца айвондан тушиб ҳовли этагига югурди, у ерда омборхона томига суяб қўйилган узун нарвонни елкасига қўйиб, изига қайтди. Чайқала-чайқала аёлларга хос бўлмаган ғайритабиий куч билан оғир нарвонни лапанглатиб кўтариб келди. Нарвон учини равоннинг юқорисига қадар кўтариб қўйганида дераза кўзи қарсиллаб кетди. Жувон бунга парво қилмади, индамай-нетмай зипиллаб нарвондан икки-уч поғона кўтарилди. Нарвоннинг учи ғийқиллаб бир ёнга қийшайди.
… боя ярим-ёрти очилган уй деразаси шиддат билан, лекин шовқинсиз ланг очилди.
Жувон поғонада турган жойида бир силтаниш билан нарвонни жойига қайтарди. Шошиб-пишиб юқорилади-да, равон ромининг энг тепасидаги — шафақ нури тушаётган кўзини каттиқ-қаттиқ арта бошлади. Бироқ ойнага ҳамон нур тушаверди, жувон ҳарчанд артмасин, уни кетказолмади, тўхтаб бир муддат тикилди — ойнада худди сув юзасида ейилгандай мой доғлари кўриниб турар — унда қуёш нури жилваланаётган эди.
Жувон нурга шу қадар жон-жаҳди билан тикилдики, ойнадан қайтган шуъла унинг кўзларига игнадек қадалди, оғриққа дош беролмаганидан бошини силтаб орқага тортди. Ногоҳ силтанишдан мувозанатни йўқотган жувоннинг гавдаси орқага оғди — уч-тўрт қулоч тепаликдан боши билан тиккасига ағдарилиб тушаётган аснода ҳам у ола-кула кўзларини ойнадаги доғдан — шуъла аксидан узмади. У йиқилишидан эмас, балки ўша қизғиш-қирмизи нурдан саросимага тушган, ваҳимадан ўзини ўнглолмай қолган эди.
… ланг очилган деразадан ховлига бир йигит ирғиб тушди. Тушдию оёғи ерга тегаёзганида мункиб кетди, ўзини базўр ўнглаб югургилаганича нарвонга етиб келди ва жон ҳолатда унга ёпишди. Йигит дағ-дағ қалтираган қўллари билан нарвонни тутган чоғида жувон мувозанатини тиклади, ҳеч нарса юз бермагандек тик турганича бояги-бояги — ойнани артаверди, ойна эса топ-тоза, гард-ғуборсиз, ҳатто қуёш янаям уфқ ортига чўкканидан кирмизи шуъла анча юқорига силжиган, дераза кўзига тушмаётган эди.
Жувон ойнани ҳали узоқ тозалайдигандек бир маромда ҳаракат қилаётганида йигитни кўрди. Ранги қув ўчди, оёқ-қўли бўшашиб, нарвонга ҳолсиз суянди, ойна артаётган латтаси чўзилиб осилиб қолди. Кейин ўзи имиллаб туша бошлади.
Яна водопровод жўмраги буралди, қўллар ювилди, тирсак билан жўмрак қотирилди-да, жувон кафтларини қуёш ботиб кетган томонга тутди. Унинг узун-узун, қоқ суяк бармоқлари ола-чалпоқ ёруғда жонсиздек кўринар, ўзи кафт ва бармоқларидаги нақшин чизиқлардан асабийлашар, ўжар нигоҳи билан уларни силлиқлагиси келар, айни чоғда нарвон ёнидаги йигитга ғижиниб кўз қирини ташлаб қўярди.
…нимжон, майкачан, сочлари тўзиган рангпар йигит миқ этмай унга мўлтайиб тураверди.
Таҳлика ва хавотирдан гезариб кетган жувон қўлини орқасига яширди, югуриб айвонга чиқди, йўргакдаги чақалоқни даст кўтариб бағрига босганича ўзини ичкари уйга урди.
… нарвонга суянган кўйи жувонни кузатаётган йигит юришга чоғландию, ўрнидан жилмади. У, жувон эшик тирқишидан ўзини кузатаётганини сезмагандай кўрсатиб бошини ҳам қилди. Хиёл фурсат ўтказиб, эҳтиёткорлик билан эшик томонга кўз қирини ташлади. Жувон кўринмади. Йигит яланг оёқларининг учида бир-бир қадам босиб айвонга чиқди. Бўсағага етган жойида ниманингдир «ғирч, ғирч»лашини эшитиб, таққа тўхтади…
— Сени мендан олиб қўйишмоқчи!
— Мен сенинг болангман-ку.
— Не-ечта туғдим-а!.. Туғаман — улар олиб қўяди, туғаман — олиб қўяверишади. Озмунчасини йўқотдимми?! Сени бермайман!..
— Мениям тортиб олишса-чи?
— Унда яна туғаман. Агар эндиям эрга беришмаса-чи, ўзимми мана бунақа қилиб қийиб ташлайман! Кўряпсанми?..
…йигит жон халписида эшикка яқинлашиб кўзини тирқишга босди…
Хона тўридаги тахмонга ўгирилиб ўтирган жувон тиззасидаги чақалоқ ўралган дастурхон — йўргакни буйдалади, силаб-сийпалади, бир йўла юзи ёпиқ чақалоқ билан гаплашаверди:
— Ўзингни қийсанг мени ким боқади?
— Вой, тилингдан айланай, уларга қолсанг ёнбошига боси-иб ўлдириб қўяди. Бериб бўлибман!
— Бўлмаса, уларнинг ўзини қийиб ташлай қол!
— Дамингни чиқарма, яшшамагур! Қияман! Ҳаммасини қияман. Ҳовлида ёлғиз қолсам-чи, дарвозани тамбалаб кўйиб туғавераман, туғавераман. Ҳаммаларингни қатор-қато-ор етқизиб жонимни бўли-иб-бўли-иб бераман, қоқиндиқ!.. Ҳу-увв!.. Ҳу-уввв!.. Улардан — золимлардан қачон қутиламан? Қутиламанми?!.. Ҳу-увв!.. Ҳу-уввв!..
Йўргак устига дув-дув кўз ёш тўкила бошлади. Лекин жувон йиғидан тез тўхтади. Улғайиб қолган фарзандини рўпарасига ўтказиб олиб унга хотиржам насиҳат қилаётган онадек вазмин гапирди:
— Сен кўп вайсама. Юзингни очма. Хўпми?.. Улар овозингни эшитса, сени олиб қўйишади. Сенсиз ҳолим нима кечади? Сени қаердан топаман яна?
— Бўлмаса, яшириб қўй.
— Товушингни чиқарма деяпман! Изимдан юради улар, мени ўз ҳолимга қўйишмайди… Эшитиб қолса уйим куяди, вайрон бўламан!
— Яшир, тезроқ! Шошилсанг-чи!
— Менга ўргатма, деяпман! Нима, яширишга ақлим етмайдими? Етмайдими!.. Мана!.. Мана!..
Жувон ўрнидан дик этиб турди-да, уй ичида чарх уриб, гир-гир айланишга тушди. Бирдан тўхтади, излаганини топди шекилли, токчага тўшалган оқ қоғознинг чеккасидан ушлаб қаттиқ тортди. Устма-уст терилган пиёла, чойнак ва ликобчалар оёқ остига шарақлаб тушди.
…пойгакда турган йигит уй ичига отилиб киришдан ўзини базўр тийди. Ҳолсизланиб, эшик кесакисига суянди. Унинг оёқ-қўлидан мажол кетган, асабий қалтирар, лекин кўзлари ҳамон сергак, ҳушёр ҳам меҳрли боқар эди…
Йўргак устига сочилган чинни парчаларини кафти билан суриб ташлаётган жувон бирдан чўғга ботириб олгандай қўлини силтаб тортди ва кўзига яқинлаштирди. Кафтининг қиррасида қон кўринди. Жувон дам кафтига, дам қон томчиларига менграйди, шунда … эшик «тиққ» этди…
Жувон букчайиб ўрнидан турди, аста эшик томонга ўгирилди
… эшик ортидаги одам шарпасини… сезди. У апил-тапил йўргакни қоғозга ўрай бошлади. Шу аснода эшик ва дераза томонга қараб худди бадбўй исдан нафаси қайтгандай «Ҳувв!..» деб лабини чўччайтирар, қўллари шиддатли ҳаракатланиб чақалоқни ўраб-чирмар эди. У йўргакни бағрига босганича югургилаб эшикдан чиқар-чиқмас таққа тўхтади.
… йигит айвондан тушиб улгурмаганди… Жувон ўша заҳоти орқасига қайтди. Эшикни тарақлатиб ёпди. Йўргакни яшириш мақсадида унинг устига кўрпача тортди. Кейин деразадан ташқарига қаради, бошини чиқариб энгашди. Афтидан дераза ошиб ҳовлига тушишга чоғланди. Журъат этолмади чоғи, чироқни ёқиб кўрпача остидан йўргакни олди, шокила-шокила бўлиб кетган дастурхонга қўлидаги қон юқларини артди. Арта туриб зич ёпилган эшикка қараб оғир тин одди. Сўнг ҳамон хавотирли нигоҳини эшикдан узмай унга яқинлашди. У болани бағрига босганича эшикка пешонаси теккудек оралиқда тўхтади…
…нариги томондан эса йигит ичкарига мўралаб турарди…
Жувон аллакимлар эшикни бузиб уйга бостириб киришга ҳозирланаётганини пайқаб қолгандай даҳшатга тушган, аъзойи-баданига югурган қалтироқни босолмаётган эди. У анча вақтгача шу аҳволда турди. Титроқни босишга чиранганидан пешонаси ва юзларида совуқ тер томчилари пайдо бўлди.
Бироздан сўнг у анча хотиржам тортди. Энди унинг ҳаракатларидан ҳадик, пала-партишлик ариди, аксинча, фавқулодда бамайлихотирлик билан тахмондаги кўрпаларнинг ярмини зумда ағдарди. Сўнг қогозга ўралган йўргакни тахмонда қолган кўрпанинг устига қўйди-да, унинг устидан йиқитган кўрпаларни қайта йиғишга тушди. Шунда у оёғининг остидаги кўрпани олаётиб этагини қўшиб кўтарганидан унинг зангори ич кўйлаги кўриниб кетди
…эшик ортидаги йигит кўзини олиб қочди…
Ичкаридан жувоннинг бўғиқ ва зардали овози келди:
— Энди топиб бўлишибди! Топади-я, топади! Тахмонга яқинлашсин-чи! Битталаб қияман… Қўлимга тушганини қиймалайман!
— Мени қийма!
— Сени қиймайман, қоқиндиғим! Тағин ўлиб-нетиб қолмагин, хўпми?.. Йўқолмагин… Туғишда қийналдим-ей!.. Яна қачон бола кўраман. Яна қачон эрга беришади мени… Сен ўлмагин, сени яшираман!.. Ўлиб қолмагин!.. Увв!.. Хиҳ, уввв!! Ҳувв, кет! Ҳувв, кет! У-уввв!..
Жувон аччиқ-аччиқ ҳўнграб юборди.
…эшик ортидаги йигит икки букилиб калит уясидан мўралаб қарар, бир лаҳза бўлсин жувондан кўз узмас эди…
Уйдан алла товуши эшитилди. Жувон алла айтаётиб гапдан тўхтамас, дам ўзи, дам чақалоқ бўлиб савол-жавоб қилар, «боласи» ёқимли гап айтгудай бўлса, «Вой, айланай-эй!» деб тахмонга талпинар, лекин қўлини чўзар-чўзмас йиғлаб юборар, яна аллалашда давом этарди.
У шу алфозда узоқ юрди. Кейин тўхтаб, уйнинг ўртасида бир нуқтага қадалганча қаққайиб қолди, узоқдан элас-элас қулоққа чалинаётган шовқинни эшитмоқчидек сергақланди. Унинг шу туришида яна не балоларни бошлашини билиб бўлмасди…
Аллақанча вақт ўтди. Жувон ўй суриб ўйига етган одамдай шошилмай тахмондаги кўрпанинг икки-учтасини туширди. Сўнгра йўргакдаги чақалоқни деворга тақаб унинг устидан кўрпаларни қайтадан йиғди. Йиқилган кўрпаларни кафти билан итариб-суриб текислади, текисланмаган жойларини қийди. Шундан сўнггина кўнгли тасалли топди чоғи, қўлларини икки ёнга осилтирганича елкаси билан кўрпага ҳорғин суянди…
…йигит калит уясидан тикилиб тураверди…
Ниҳоят жувоннинг кўзлари юмилди, сирғачиб тушиб гиламга ўтириб қолди.
…йигит эшикдан чекинаётиб сезилар-сезилмас энтиқди, енгил нафас олиб ёнгинасидаги стулга оҳиста чўкди…
Тун ярмидан оғиб, тонг отишига пича қолган, уйнинг чироғида ҳовли саҳни, қорайиб кўринаётган нарвон, айвон юзасида сочилиб ётган дастурхон қийқимлари қандайдир сирли-безовта манзара ҳосил қилган
…майкачан, елка суяклари туртиб чиққан увоққина йигит стулда суянганича тиззаларини қучиб қунишиб мудрар эди…
Жувон ғира-шира тонг ота бошлаганида уйғонди, ўтирган кўйи остин-устин бўлиб кетган уйнинг аҳволига разм солди, ўрнидан шошилмай туриб сочини, кўйлак ёқаларини тузатди, сўнг тахмондаги кўрпаларни туширди, боя ўзи қўйган йўргакни олиб қон доғлари қотиб қолган қоғозга, қайчилаб ташланган дастурхонга анграйди, чуқур, сўлғин уф тортди. Қоғозни, дастурхонни очди-да, унга ўралган чақалоқ-ёстиқни олиб тахмонга қўйди, оёқ учида юриб келиб эшик тирқишидан айвонга мўралади.
…йигит стулда ғужанак бўлиб ўтирганча ухлаётган эди…
Жувон тахмондан туширган кўрпалардан бирини келтириб эшикни оҳиста очди, йигитнинг тепасига яқинлашиб кўрпани икки қўллаб ёйиб баланд кўтарди. Эшик шовқинсиз очилгандаёқ куш уйқусида ётган йигит чўчиб уйғонган эди. Жувон унинг кўзига қарамай, юзини кўрпа билан паналаб туриб гуноҳкорона ва чорасиз бир изтиробда гапирди:
— Жойингга кириб ухла, укам. Мен тузукман… Мен яхши бўлиб қолдим…