Хуршид Дўстмуҳаммад. Эрта баҳор (ҳикоя)

– Э-э, ҳа-а-а, саломларим бўлси-ин-н!..
Темир дарвозанинг ўртасидаги якка тавақали, энсиз эшикчани очиб ҳовлига кирган Ромиз Жўра ичкарига бир қадам қўйган жойида димоғига гуп этиб урган анвои ҳидлардан нафас ололмай қолдими ёхуд қийғос очилган лолаю лолақизғалдоқлардан кўзлари қамашдими, ноёб хушхабарни эшитгандек эмас, уни ўз кўзлари билан кўриб тургандек азбаройи энтикиб кетди. Таққа тўхтади. Бир нигоҳ ташлашда боғни бошдан адоғ кезиб чиқди. Яна ва яна қаради, разм солди. Нигоҳини тўхтатолмади. Гўё ҳозироқ қараб тўйиб-тўйиб кўриб олмаса кўз ўнгидаги бу ажиб хушхабар-манзара қаёққадир ғойиб бўладигандек.
– … С-с-алом…ларим-м…
Ромиз Жўранинг товуши жуда паст чиқди. Бутун боғ бўйлаб очилган алвон лолазор чўчиб кетмасин деган хавотирда товушини ютиб юборганди у. Гўё тарвақайлаб ўсган гилос дарахтининг остидаги темир сўрида кимдир ором олиб ухлаб ётибди-ю, ўша кимсани чўчитиб юборишдан эҳтиётлангандек, йўқ-йўқ, бутун боғ ажиб бир сеҳрларга лиммо-лим мусиқага рақс тушаяпди-ю, ранго-ранг либосга безанган раққоса… боғни чалғитиб юборишни истамагандек оёқ учида оҳиста икки одим босди. Қадам босди-ю, беҳосдан, ҳа-ҳа, тўппа-тўсиндан боғни қоплаган ранго-ранг лолаю қизғалдоқлар, кўм-кўк чучмомалар жажжи боғча болачаларидек бараварига чапак чалиб юборганидан чўчиб тушди. Лолалар чайқала-чайқала, қип-қизил гулкосалари, ҳали очилиб улгурмаган майин оқиш тукли ғунчаларию ям-яшил япроқлари ва нозик-ниҳол новдалари ерга тегай-тегай дея тебраниб олқишлади.
Ромиз шоир жуда-жуда соғинганди боғини. Соғиниш ҳам гапми, боғини унутиб юборгандек эди, назарида. Унутиш ҳам гапми, батамом оқибатсизлик йўлига ўтган-у, мана, кўз-кўзга тушганда хижолат ўтида ёнаётгандек, изза бўлаётгандек, истиҳола ўтида қоврилаётгандек эди. Аксинча, мўъжиза устидан чиқди у, таъриф-тавсифига сўз топилмайдиган мўъжизага рўпара келди. Ваҳоланки, орада бир қиш ўтди, холос, қиш бўйи у қадам босмади боғга. Қиш фасли ҳеч ким қадам ранжида қилмайди бу томонларга, бирор-ярим қўни-қўшни деганлар тасодифда дайдиб-улоқиб йўли тушиб қолмаса, атроф дала ҳовли кимсасиз аҳволда қишнинг, қор-ёмғирнинг, изғиринли аёзнинг инон-ихтиёрига қолади. Ёлғон бўлмасин, муштипар қоровул хотин икки ўғил, бир қизи билан ҳў-ў сердарахт баланд қирнинг белида кўринаётган ёлғизоёқ йўлка билан бориб-қайтиладиган кулбачада қиш­лайди. Дала ҳовлилар ўшаларнинг қарамоғига ўтади. Кўклам шабадалари дала-қирни айланиб-ўргила бошлади дегунича эса боғ ҳовлиларга ғимир-ғимир, симир-симир, жимир-жимир қон киради-жон киради.
Ромиз Жўра шу ёшга чиқиб ҳеч қачон қишни бу қадар оғир ўтказмаганди. Қиш одатдаги қишлигини қилди – ҳаво совиди, ердан қарийб қор аримади. Қорли-қировли, ҳатто аччиқ изғирин забтига олган оқшом чоғлари пойи пиёда кўча сайрига чиқиш одатини канда қилгани йўқ Ромиз шоир. Уй-жойи иссиққина, бола-чақаси бағрида, хизматига бориб-келиб турди. Лекин юраги сиқилди, фақат нега, нимадан сиқилди, не ҳасратларда бу қадар қисинди – ўзи ҳам билмади, тагига етолмади, тайинли жавоб топмади. Худди барча тушуниксиз дилхунликлари фақат ва фақат дала ҳовли васлига, дийдорига етсагина тарқайдигандек туюлаверди. Боғ ҳовлиси тушларига кирди, тушида ҳам, уйғонгач, ўнгида ҳам ҳадемай баҳор келақолса, дея сабрсизланаверди, дала ҳовлига етиб борган тақдирда адо этилажак юмушларни хаёлан режалаштиришдан чарчамади, ҳатто неча қайта тун ярмида аста иссиқ ўрнидан сирғалиб чиқиб аллапаллага довур “Дачада мўлжалланган ишлар” рўйхатини тузди. Эринмай-нетмай қайта-қайта ёзилган рўйхатларни ноёбу нодир ёзувдек авайлаб, ўқиётган китоби орасига яширди. Қандайдир кўринмас-мавҳум куч унинг бу ният-маслагига етишмоқликка тўсқинлик қилиши муқаррардек бот-бот кўр хавотирга тушди. Тун ярмидан оққан палла ювиниб-покланиб илтижолар ила тонг оттирди.
Хуллас, у боғ ҳовлига борадиган кунини сабр­сизлик билан кутди, бетоқат кутди, маъшуқасидан айрилган ошиқдек кутди. Назарида жонининг бир бўлагига айланган боғ ҳовлиси, ўз қўли билан битта-битталаб тош териб, тупроқ ташиб, лой чангаллаб, мих қоқиб бунёд этган қўшхонали, ғарибгина кулбаси мунғайиб қолгандек туюлди. Неча қайта отланди у бу томонларга, ҳар сафар аёли йўлини тўсди, қўйсангиз-чи, деди, шу совуқда зарилми, шамоллаб-нетиб иш орттириб келасиз, дея изн бермади. Икки-уч дафъа ўғил-қизининг онасига билдирмай йўлга равона бўлиш хаёлига ҳам борди, ахир дала ҳовли жойлашган маскан қочиб кетган эмас, шаҳар сарҳади ошиб яна икки соатлар чамаси мошинасини ғизиллатиб ҳайдаса етиб борадиган манзил… журъати етмади Ромиз Жўранинг. Хотин киши ҳам билиб айтади, қолаверса, кейинги пайтда нозикмизожроқ бўлиб юрибди, иттифоқо фалокат босиб, шамоллаб-нетса борми, хотини айтмоқчи “иш орттирса”, эрта баҳор тугул, айни кўм-кўк кўклам қўшиғи янграган палла ҳам боғ ҳовлига келиш насиб этмай қолиши мумкинлигини ўйлаб юраккинаси орқага тортиб кетди.
Дала ҳовли ҳам уни роса соғинган экан, ўзиям. Шундай бўлишини тахмин қилганди Ромиз шоир, фаразда адашмади. Лекин бу қадар деб ўйламаганди, соғинч деганлари шунчалар алвон ранг­ларга бурканиб, очиқ саҳна тўла чолғулар янглиғ жўр овозда нола чекиб юборади деб кутмаганди. Тўғри-да, ён томонларда – гир атрофда лолалар, лолақизғалдоқлар, яна кўм-кўк, пушти, сариқ, мовий ранг гулчечаклар кутаверганидан, соғинчли ўртанишлардан чўғга, оловга – алангага айланиб кетибди!..
Ромиз Жўра дарвозадан кирган жойида қоққан қозиқдек қимир этмай тураверди. Мана, сиз соғинган боғ ҳовли, шоир, деди овозини чиқариб, бундан қаноат ҳосил қилмади, янаям тантанавор оҳангда айтди: кўзларингиз тўйгунича баҳра олинг, Рамзий жаноблари! Сўлим баҳор ташрифингизга мунтазир! Ўзларининг ҳаппаю ҳалол амлоклари мунтазир пойқадамларига! Олис ва холис ниятлар ижобати, қаранг, нақадар тароватли, нақадар гўзал! Ойдан-да, кундан-да, гўзаллардан-да гўзал!..1
Ромиз Жўра авжига мина бошлаган “шоирлиги”ни амаллаб тўхтатди-да, беҳосдан яна бир қадам босгудай бўлса, боғни оғушига олган ажиб тароватга путур етказиб қўядигандек, ҳуркак қизғалдоқ-қизалоқларнинг уволига қоладигандек бошини гоҳ у ён, гоҳ бу ён буриш-ўгириш билангина кифояланди. Унинг назарида шамол тугул, ҳатто шабада ҳам эсмаётгандек эди, бироқ қуюқ очилган лола-лолақизғалдоқлар белга тепадиган ўт-ўланлару майса-кўкатларга қўшилиб, бири-биридан ажиб ва одамни маст қилувчи ифорлар таратиб, ҳамон ерга теккудек ғамзалар билан тошқин сувдек шовуллаб тебранаётгани ақлини шошириб қўяётган эди. Лолалар ҳар тебранганда жажжи пиёлачаларидаги шудринг томчилари дув-в этиб ерга сочилар, Ромиз Жўранинг назарида лолалар севинч кўз ёшларини тўкаётгандек туюларди.
Лолақизғалдоқлардан бир жуфти тил бириктирдими, чирмовиқдай ачомлашиб энгашганича Ромиз Жўранинг тиззасига бош урди. Шунда Ромиз шоир қўш қизғалдоқ гулкоса ичига разм солди. Чўғдек қизил япроқлар туби – тоғ лоласининг жажжи юраккинаси шу қадар сим-сиёҳ – тим қора бахмал-духобанинг ўзгинаси эканлигини ҳаётида илк бора кўраётган одамдек ҳайратидан тили калимага келмай қолди.
– Соғиндиларингми, лолаларим, қизғалдоқларим? Ёлғизларим? Овунчоқларим?..
Қўшалоқ қизғалдоқ новдаси қад ростлади, зум ўтмай яна боягиндай ачомлашган ҳолда боғ ҳовли хожасининг тиззасига бош урди – кўз ёшидек тиниқ, дур томчилар дувиллаб сочилди.
Ромиз шоирнинг кўзидан ёш тирқираб кетди… Этак томонда қатор саф тортган мирза теракларнинг эндигина ниш ура бошлаган япроқчалари қуёш нурида живирлади, яқин-атрофида қандайдир қушлар шўх ва мастона чуғиллади, “чиғ-чиғ”лашиб оёғининг остидан қувалашиб ўтди, осмон тоқига нақшланган кумушдай оппоқ булут парчалари сезилар-сезилмас сузиб бораётганди. Булутлардан-да оппоқ чинни кабутарлар галаси Ромиз Жўранинг илк ташрифи шарофатига дала ҳовлиси узра кимўзарга қанот қоқиб, тапиллатиб ўйинга тушиб, айлана ясай бошлашди.
Ромиз Жўранинг бетини майин-мулойим шабада сийпалаб ўтди. У ланғиллаган аланга тутган ҳовли манзарасини симириб ичгудай ташналик билан мириқиб-роҳатланиб, тўйиб­ тўйиб кузатди. Пана жойларда лахтак-лахтак қор оролчалари кўлмак сувга ўхшаб жон сақлабди. Чарақлаган офтобнинг заррин нурлари беозор, илмилиқ. Илло, ўт-ўлан чунонам жони кириб ўсибди, ўзиям! Дарахтларнинг танасигача, темир сўрининг остигача, қўш хонали кулбага довур олиб борадиган ёлғизоёқ йўлкагача кўринмай кетибди. Фақат чоққина ҳовузча устига гумбазсимон шамойилда тортилган сувюқмас елим матонинг бир қарашда “турқ”и… қабрни эслатиши Ромиз Жўранинг дилини ғашлади, холос.
Қиш қишлигини қилди деди-ку, ортга сурилгани йўқ, баҳор эса ушбу дала ҳовли соҳибига ўхшаб ошиқмади, балки ҳар иккала фасл боодобликни ўринлатди – бирининг сафари ниҳоясига етаёзган дамларда иккинчиси ҳаёт қўшиғини куйлашга киришди. Илло, нима бўлган тақдирда ҳам, мана, сир очилди – Ромиз Жўра билан баҳорнинг дили, тили, нияти бир экан – икки қалб, икки вужуд кимсасиз масканда қучоқлашгудай, ачомлашгудай бир-бирининг бағрида эриб кетгудай алфозда юзлашиб, дийдорлашиб туришибди! Ҳамон шундай экан, бу ёғи ё остидан, ё устидан, нима бўлса бўлсин, ким нима деса десин, Ромиз Жўра шамолласа шамоллар, тоби қочса қочар, муҳими, эрта баҳорни ўз кўзи билан кўриш бахтига муяссар у. Интиқ кутилган арзанда шодмонликнинг ўзгинаси уни пешвоз чиқиб, қучоқ очиб кутиб олмоқда, шундай экан, айни айём юмушларини бир ҳамлада – ҳа-ҳа, бир ҳамлада битиришга киришса, боғ ҳовли яшнаб кетса, қарсак чалиб юборса, умри жуда-жуда қисқа бўлган лола-лолақизғалдоқларининг дийдорига тўйса, йўлкаларни, ёлғизоёқ йўлкачаларни очиб, саришталаса, ҳадемай япроқ ёзиш айёмига киришадиган олма, анор, нок, гилос, бодом, хурмо, шафтоли ва ҳоказо дарахтлар танасини оқласа, дов-дарахтлар “Оққуш кўли”нинг оҳумисол раққосаларидек ясан-тусан қилиб олса, мўлжалланган ҳар бир иш-юмуш ниҳоясига етгани шарафига чинни кабутарлар галаси табрик ва олқишлар мақомида Рамзий шоирнинг боғ ҳовлиси тепасида айлана ясаб учаверса! Абқарий-й, ё, ҳайратий! Ҳайратий, ё, абқарий-й! Оҳ кучингдан, воҳ жонингдан, э, воҳ-воҳ-ҳ жодуларингдан, ҳаёт!..
Ромиз Жўра тўсатдан қулоғини динг қилди. Жимжитлик ва сукунатни унинг ҳайратланишлари бузаётганди. Борлиқ эса ўйга толгандек, боғ соҳиби ташрифига атай ҳозирлик кўриб, нафасини ич-ичига ютгандек… Ромиз шоир юзини хиёл осмонга қаратиб, кўзларини ярим юмди. У олис-олислардан элас-элас эшитилаётган дилгир кайфият бағишловчи мусиқа тинглаётгандек эди. Вужуди қулоққа айланди – нафас олиши эшитилди. Энтикиб кетди. Хаёлига келган ўйдан чўчиб тушди – хотинининг раъйига юриб, шу сафар ҳам келмай қолганида борми, дала ҳовлисига эрта баҳор ташрифини ўз кўзлари билан кўрмаганида, ўн саккиз ёшли қизнинг бокира нафасидек ҳаволардан тўйиб-тўйиб баҳра олмаганида, ушбу гўзалдан-гўзал манзаранинг тирик шоҳиди бўлмаганида ҳаётининг мазмун-моҳияти – ҳикматини англамоқликни бой бермасмиди?! Аҳволи нима кечарди у ҳолда? Қиш бўйи кутди-ку, ўзи! Айтди-ку, негадир бу сафарги қиш тамомила ўзгача ўтди, Ромиз Жўранинг тоқатлари тоқ бўлди, юраклари чок-чокидан сўкилаёзди. Бутун қиш бўйи баҳорни соғиниб, баҳорга интилиб, унинг ишқида куйиб-ўртаниб кун санади, тун санади. Ёши улғайгани, кексалик-қарилик аломатлари кўнглига ғулғула солди, шекилли, сабр қилолмади, тоқати етмади, гўё шу бугун далага – боғ ҳовлисига чиқиб бормаса, эрта баҳор тароватини ўз кўзлари билан томоша қилмаса, чинакам кўк­ламой аразлаб келмай қўядигандек, қайтиб баҳорнинг дийдорига етишиш насиб этмайдигандек хавотирда юраккинаси ўртанди. Ҳовлиқди. Таваккалига уловга эгар урди.
Фаслнинг инжиқликларига қараб иш тутадиган замонлар ўтиб кетган, бинобарин, андек бемаврид эканига қарамай, Ромиз Жўра енг шимариб бир уннаса, дунёча юмушни ўринлатиб ташлайди. Қарабсизки, чор атрофдаги қўни-қўшнилар келгунга қадар ҳовли қўғирчоқдек ясанади, тўйхонага, айёмхонага айланади. Ромиз Жўранинг ғайратларига офаринлар ёғдиришади ҳали. Ўзлари ҳар йилдагидек пича ҳаяллашганларини хаспўшлаб… уҳ дангаса, уҳ ишёқмас чиқди ҳамсоялари! Важ деса қоп-қоп: ҳали баҳор келганича йўқ, ҳали ердан зах кўтарилганича йўқ, уйлар совуқ, лойгарчилик… шаҳарда хизматчилик. Танбалга баҳона қаҳатми?! Ўзларинг зах, ўзларинг совуқ, ўзларинг дангаса! Ана баҳор, мана баҳор, даламизга-боғимизга чиқинг­лар, марҳабо, барчамизга интизор-муштоқ-ку баҳор!
Умрида икки байт битмаган банда қаердан “шоир”лик мартабасини орттирган – Ромиз Жўранинг ўзи ҳам аниқ-тиниқ билмайди, илло, айни шу тобда… қаранглар, ҳовли ҳо-ов этакка довур қип-қизил кўл мисоли товланиб жилваланар, сал эҳтиётсиз хатти-ҳаракатга йўл қўйгудай бўлса, қирмизи кўл суви лоп этиб аланга олиши муқаррардек ажиб ва ғаройиб манзара!.. Шу хаёл аралаш мўйқалам тутишда уқувсизлигини ўйлаб жони ўртанди. Аттанг, агар мен рассом бўлсам эди, чизиб берардим… Тангри таоло шул мўъжиза санъатдан қисмаганида борми, айни беҳишт сувратига кирган бу чаман, бу чорбоғни тасвирлашда Рерихдан тортиб Тансиқбоевгача, Далидан тортиб Ахмаровгача яхдай сув ичсинлар эди, унинг олдида!..
Орадан бир зум ўтар-ўтмас, жони ўртанаётганини унутишга улгурмай туриб бастакорга айланиб қолишини ва боғнинг ушбу тароватига монанд куй басталашни тусади кўнгли. Хаёли измидан чиққанди унинг, ғайришуурий алфозда ўзини моҳир танбурчидек ҳис эта бошлади, яна сония ўтмай фикридан қайтди – созларнинг сози сато, деди-ю, туйқус жонига игна суқилгандай кўкси жазиллаб ачишди. Ахир танбур ё сатосиз ҳаётининг бир куни-бир лаҳзасини тасаввур қилолмаса, нима жин уриб, кеч кузда дов-дастгоҳни мошинга ортганича шаҳарга жўнаб кетаётиб жондек ширин созини манави кулбада унутиб қолдирди?! Узун қиш бўйи бу айрилиққа қандай дош берди?! Дала ҳовли соғинчидан бу қадар ўртаниблар кетаётганининг боиси шундадир, ҳойнаҳой?! Мана, хайрият, ниҳоят, етиб келди, яхшиям, таваккалига иш тутди, ҳозироқ, ҳаялламай кулбасининг эшигини очади, кира солиб танбурини қозиқдан олади – зах уй ичида нам тортганми-йўқми, қатъи назар, нохунни бармоғига қадайди, йўқ, камонни шайлаб созни созлаб ҳам ўтирмайди – кулбани, лолаю лолақизғалдоққа лиммо-лим тўлган кўл-ҳовлини, бутун атроф-жавонибни, ҳоовв кўриниб турган қорли тоғ чўққиларию ям-яшил либосга бурканган қир-адирларни танбур навоси, сато ноласи тутади – Ромиз Жўра маст бўлиб ўзи янгигина, ҳо-озиргина басталаган “Эрта баҳор” куйини чалади!..
Даставвал бошпанага олиб борадиган йўлни очса, уйга кирса, уст-бошини алмаштирса, омборхонадан меҳнат аслаҳаларини олиб чиқса… шу-да, “Эрта баҳор” куйи, шу-да, ўйноқи танбуру сато нағмасининг авжи осмонларга етгани – эрта баҳор юмушларининг бошлангани!
Ромиз Жўра белига урадиган баландликда ўсган ўт-ўланни дам оёқлари, дам қўллари билан авайлабгина икки томонга букиб, йўл очиб уй томон юрди. Ў-ў, барака, ҳў-ҳў, барака!.. Қиш асноси тупроқ момиқ қор кўрпаси остида мириқиб нафас ростлади, баҳор серёғин келди, момақалдироқ беармон қалдиради – мириқиб ўсди, беармон ўсди бу ўт-ўлан деганлари! Бай-бай, бай-бай!..
Йўлнинг ярмига етар-етмас Ромиз Жўра бир зум тек қотди. Яна беихтиёр бутун вужуди қулоққа айланди. Жимжит, тиқ этган-чирқ этган сас-садо йўқ. Жим туринг-г, шовқинламанг-г, уйғонур уйқудин кўкламой пари! Ҳой, мўйсафид қиш, бас энди, турақол, нари!.. Юзини кўкка тутганича кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олди, минг турфа ўт-ўланнинг анвойи иси димоғини ёриб юборай деди. Ҳузурланганидан ғайришу­урий тарзда кўзлари юмилди.
– Жим туринг-г, шовқинламанг-г…
Тиззасининг кўзи совуқ қотди. Ромиз Жўра шими тиззадан юқорисигача шилта бўлганини кўрди. Тиззадан сув кечиб бораётгандек эти жунжикди. Шудринг батамом тўкилиб улгурмаганини ҳисобга олмабди, пича шошибди. Қўлига таёқ-паёқ олиб, ўша билан йўл очиш хаёлига келмабди. Хотини билгандек айтган экан – эгнингиз ҳўл бўлса қуритолмайсиз, деганди.
Бу ёғи таваккал, деди ўзига ўзи Ромиз Жўра. Йўлида давом этди. Олди очиқ айвонга етди-ю, яланг жойга чиққанидан енгил тортди, оёғини тапиллатиб сиймон ерга урди. Шими, туфлисидан зумрад томчилар ҳар ёнга сачради. Ромиз шоирнинг баданига титроқ югурди. Қўлтиғидаги бўхчани дераза токчасига қўйиб, ортига ўгирилди – лолаю лолақизғалдоқларга, уларга басма-басига очилган чучмомаю бинафшаларга энди айвон томондан кўз югуртириб, ғаройиботга рўпара келган ажнабий сайёҳдек кўзларини узолмай қолди. Инсонга яна қандай мўъжиза керак?! Биров экмаган, уруғини сочмаган бўлса, қиши билан қор остида жон сақлаб ётган-у, ё қуд­ратингдан, қуёш йилт этиб чарақлаган замони гуриллаб кўкка интилган, пориллаб, ловуллаб, чаппар уриб очилган! Дала ҳовлини, атроф-жавонибни, бутун оламни яшнатиб юборган! Рамзий шоир чертмаса ким чертади қувноқ танбур навосини?!
Ромиз Жўра калит шодасини олиб, аввал темир панжара қулфини, сўнг эшик қулфини буради, эшик очилаётиб ғичирлаб-зорланибгина эмас, фарёд чекиб юборди. Ҳижрон азобида қолган ошиқ-маъшуқнинг оҳу нолаларга тўла гина-кудуратидек эшитилди Ромиз шоирнинг қулоғига. Унинг бетига гуп этиб совуқ эпкин урилди. Зах ҳаво уйга биқиниб олган-да қиши билан. Тағин ичкарига кириб узоқ ўтирманг, захлаб ётгандир, деганди аёли. Худди кўргандай айтган экан. У ичкарига қадам босди. Оёғининг остини чаён чаққандек ирғиб тушди. Нам тортган шими тиззаси, болдирига чиппа ёпишди. Эти жунжикди.
– С-саломларим-м…
Ромиз Жўра бу сафар оғзини тўлдириб бутун дала ҳовлини бошига кўтариб салом бериш одатини канда қилди – уй ичига таъзим бажо айлаганда овози акс садо бермай, яланг деворларга сингиб кетди-ўчди. Ўт-ўлан оралаб келатуриб қўзғатиб юборди-да, ҳовли томондан ёпирилган турфа анвойи ҳидлар зумда уй ичини тўлдирди.
– Шудринг селгимаган экан… шимнинг шилтаси чиқди, онаси, – деди у иккала қўлидаги тугунчани пастак курси устига ташлаб.
– Айтмаганмидим?!
– Айтгандинг, айтгандинг. Ҳозир, ўйлаб кўрай, бир зумда чорасини топамиз. Шимнинг почаси тез қурийди. Ечаман, ҳовлига олиб чиқиб офтобга ёяман – қурийди-қолади. Ҳеч ким-ҳеч зоғ йўқ – Рамзий жаноблари бир пас-­ярим пас уйда, йўқ, айвонда ўтира турадилар, йўғ-э, иш кийимларим бор-ку, ўшаларни кийиб оламан, вассалом, онаси.
Ромиз Жўра ҳозиргина олиб келган тугунлардан бирининг боғичини ечаётиб курсидан кўз узолмай қолди. Алмисоқдан қолган, ранг­пар чорбурчак курси боягина етимхонага ташлаб кетилган гўдакдек қунишиб турарди. Болалик кезлари қишин-ёзин сандалга қў­йиларди. Қайта-қайта бўялганидан олачалпоқ тусга кирган, тўрт оёғида базўр қад ростлаб тургани қиёфасидан маълум. Устма-уст тахланган тўртта коса ҳам қарийб курсининг ёшида – қадимги косалардан, тўқ кўкиш гуллари йирик-йирик. Ҳозирги косалар онасидан мерос бу косалар олдида мисоли пиёла. Жавондаги лампа шиша-чи? Волидаи меҳрибони уни ўғил-қизлари битта кўрпа остида қаторлашиб ётадиган уйлари токчасига тун бўйи ёқиб қўяр, бола Рамзиддин кўзи уйқуга юмилгунига қадар сирли бир жумбоққа жавоб топмоқчидек лампа шишанинг майдатароқ тоқили шифтга урилиб турган шуъласидан кўзини узолмасди.
Ойнаванд жавонда чети учган сопол ликопча, ликопча ўртасида нимкоса катталигидаги сап-сариқ идишча – игна-ип, ангишвона сақлаган онаси раҳматли унда… Ромиз Жўра тош қотган девор соатига термилиб қолди. Отаси аллақайси юртга борганида келтирган – қўни-қўшнилар, яқин-йироқлар атайин осма соат томошасига гала-гала бўлиб чиқишган, занг чалинишини ўз қулоғи билан эшитиш ниятида эринмай кутиб ўтиришган уларникида. Хонадоннинг арзандаси эди, энди эса… овлоқ дача мулкига айланганига аллақанча йиллар ўтди. Юрмаса ҳам майли, чиқилламаса ҳам, занг урмаса ҳам майли, деворда турибди-ку, ош-нон талаб қилмаяпти-ку. Аҳён-аҳёнда тикилиб-термилиб қолади Ромиз шоир, шундай дамларда капгири қилт этмаса-да, занг чалмаса-да, соат ҳамиша юриб тургандай, ўғли уйланиши муносабати билан замонавий таъмирдан чиққан уй-жойига сиғмай қолган бу топилмас бисот мутлақо, ҳеч қачон, зинҳор-базинҳор тўхтамайдигандай чиқ-чиқ, чиқ-чиқ, чиқ-чиқ садоси қулоғининг остидан узилмайди…
Ромиз Жўра почалари тиззасига довур шилтаси чиққан шимини алмаштириш ниятида ичкари хона эшигини очди-ю, юраги шув этиб кетди. Не кўз билан кўрсинки, тўрдаги девордан унга ота-онаси тиккасига қараб туришарди! У югуриб девор ёнига борди, икки қўллаб михга илинган суратга талпинди, кечирилмас айб иш қилиб қўйган одамдек вужудидан дувва ҳовур кўтарилди. Баданига қалтироқ турди. Қиш бў­йи-я?! Кимсасиз, совуқ-зах кулбада-я?! Нечун шуни ўйлаб кўрмади-я, наҳот шунчалар бетаъмизликка йўл қўйди-я?!
Ромиз Жўра суратни икки қўллаб тутганича юз-кўзига босди, апил-тапил чанг-ғуборини сидириб ташлаб, узр сўраётгандек энтика-энтика ўпди – суратни қай ҳолатда тутмасин, Ромиз Жўра ҳарчанд нигоҳини олиб қочмасин, отаси билан онаси ундан кўзларини узишмади – кулимсираб, вазмин… миннатдор нигоҳ-ла термилганча қараб тураверишди.
Ромиз Жўра темир каравот чеккасига оҳиста чўкди. Юз йилдан ошган-ов, бу хонадон хизматига ёлланганига! Бу ҳам отаси ва онасидан ёдгорлик… Айтмоқчи, шаҳри азимдаги шоҳона уй-жойларига нимаики сиғмаса, бари шу ерга – дала ҳовлига ташиб келтирилган. Оёқ остидаги кигизни айтмайсизми! Ромиз болалигидаги чангларнинг иси келади ундан. Болалик уйларида, сандалнинг чеккаларига солар эди онаси. Остидан бўйра тўшалган, сўнг кигиз. Намат дейишарди. Ҳозир болалари намат нима эканини билишмайди. Ўғли айтиб қўймайди: ада, уйда шуунча гилам ўрами ётибди чанг босиб, ўша наматни баҳридан ўтақолинг, дегани-деган. Ромиз Жўра ўламан саттор, кўнмайди, намат экан-у, лаби учган пиё­ла, дастаси узилиб тушган обдаста, ичига ёш бола яшириниб олса бўлгудек, энди ҳеч нарсага ярамайдиган хум – ҳамма-ҳаммаси, ҳа-я, ана, қозиқда – икки оёқ-икки тизза ўрни ўйилиб тушаёзган, саждага борган манглай ўрни оқариб кетган гулдор жойнамоз – бирортасининг баҳридан ўтишга юраги дов бермайди, кўнгли бўлмайди, истамайди, ташлаб юбориш тугул, шундай хаёлга борган дам ота-онасига хиёнат қилаётгандек ичлари ўртанади. Отамдан, онамдан нимаики қолган ва уйимизга сиғмаётган бўлса, беринглар, ҳаммасига дачада жой топилади, дейди. Бажонидил опкелади. Ҳар бири отаси ва онасини эслатувчи рўзғор буюмларини соғиниб келдимикан бу сафар Ромизжон, дала ҳовлига?!
– Дача омборхонага айланиб кетди, барака топгур, – дейди аёли норозиланиб.
– Омбор эмас, музей, – дейди отасини ранжитмаслик учун юмшоқроқ қилиб ўғли.
– Лоақал дачани адамми ихтиёрларига қўяйлик, – деб унинг ёнини олади қизи.
Ромиз Жўра қўл учи тегса ғичирлаб кетадиган ёзув курсиси устида қолган бир варақ қоғоздаги таниш хатга кўз югуртирди. Овоз чиқармай ўқиди: “Ушбу ҳужжат ила далолат келтираманким, Хапу-Хапу кўчасидаги Чинниой хонимга қарашли 8-уйда яшовчи, асли хоним афанди бозордан арзонгаровга сотиб олган Пет­рус ўткир савдойилик хасталигига гирифтор бўлган, шу муносабат билан…” Ўзининг дастхати. Қаердан келиб қолди?.. Ромиз Жўра қоғоз остида яна бир варақ борлигини кўрди. Ундаги ёзув­ни ҳижжалади: “Настоящим удостоверяю, что Пётрусь, проживающий по адресу: ул. Хапу-Хапу, 8 у г-жи Чин, приобретенный ею на рынке, страдает острыми приступами безумия и, в связи с этим…”2 Охиригача ўқимай туриб ёдига тушди. Қандайдир важ билан, ёдида йўқ, ёки бекорчиликдами, ўзини синаб кўриш ниятида шу матнни таржима қила бошлаган-у, чала қолганди. “Шизотимия”си нима? “Циклотемия”си-чи?.. Шунга ўхшаш атама сўзлар таржимасига тиши ўтмай чала қолдирганди, чоғи, бошлаган ишини. Тиши ўтганда-чи? Китоб-луғат титкилаб топганда-чи? Бошига урадими бу таржимани?! Гадовачча хастаҳол Петрус жуҳуднинг ташвиши етмаётганди Ромиз Жўра жанобларига?! Шоирлик ҳам эви билан-да, окоси! Қиш бўйи хотиринг­ни бежам қилган ниятингга етай деб турибсан, мана, нақ жаннати наъийм ислари гуркираб, пешвоз кутиб олмоқда. Ана, баҳорой! Мана, кўк­ламой! Бунчалар кўзларинг, кўзларингга қўшилиб идрокларинг қамашди, Ромизбой?!
Шу пайт қаердандир шовқин келди. Ромиз Жўра диққатини жамлади. Ғалати ғала-ғовур эшитилди. Ия, мендан илгари отни қамчилаганлар борга ўхшаб қолди-ю! Ким келдийкин?! Овозлар қай томондан чиқяпти, ўзи? Жалол қўшни – йўқ, Қоравой ака – йўқ, домла – жазирама саратон ҳавога ўт қўймагунича қорасини кўрсатмайди. У ҳолда… Уч-тўрт ҳовли наридан бир қанча эркак-аёлнинг қаҳ-қаҳ отиб кулишгани эшитилди. Мени мазах қилишмаяптими, ишқилиб – хаёлига оралаган гумонни ўша заҳоти унутди Ромиз Жўра. Мошинасоз уста, қўли енгил – бозори чаққон уста, ишнинг кўзини биладиган уста. Қачон қараманг, уч-тўртта шогирдини бошлаб келади. Ўзи тиним билмайди, ўзгаларни ҳам тиндирмайди – ишлатгани-ишлатган.
Ромиз Жўра ҳам шогирдлари қуршовида келмоқчи эди, аёли қўймади, шу изғиринда ўзингиз борганингиз етмагандай, шогирдларингизни қўя туринг, деди, олди – ёз, обборарсиз, деди. Йўқса… Уста мошинасознинг қийқириб бутун дала ҳовли депарасини бошига кўтариб “воҳ-ҳа-ҳо”лаши эшитилди. Демак, олиб келса бўларди. Иккитаси ё учтасига бир оғиз имо қилса, бари беминнат йигитлар – учиб келишарди. Хотини, совуқ кунда узоқ қолиб кетманг, тезда изингизга қайтинг, деб жавраганига қарамай, Ромиз Жўра мўлжаллаган бир дунё юмушни шу куннинг ўзида битириб юборарди. Ҳой, дерди, сен у ишни қил, ҳой, сен бу юмушни уддала, деб ҳар кимнинг вазифасини белгилаб берарди. Эҳ, аттанг! Хотиннинг сўзига кирди-я!.. Дачада шоирлик кетмайди, деб неча қайта ўзига ўзи танбеҳ берганди-я! Бир сафар тор кўчадан дарвозага қадар мошинасида кириб келди-ю, ёмғир ёғиб ўтганини ҳисобга олмаган экан, аробасининг ғилдираги лойга ботди-қўйди. Ҳарчанд уринди, қани энди, “Нексия” тушмагур жойидан жилса! Аксига олиб қўни-қўшнилар йўқ, Ромиз кўмакка ярайдиган эркак излаб кетди. Айланасига бир чақирим юрди эшикма-эшик, йўқ, эркак зоти қолмабди қишлоқда. Қайси эшикка бош суқмасин, хотин-халажнинг минғирлаган овозини эшитди: “Тирикчилик, тоғо, дадаси сафар кетганича дараги йўқ…” Боғ ҳовли ишни пухта қилганники! Бу ерда бировнинг савобию гуноҳи ўзгага бегона. Оббо, Петрусбачча-ей, сенинг доғингда келмагандим… Чала-чулпа қораланган варақдан чакак-чакак бўлиб кетган, ранги заҳил, жони илвираган пажмурда башара мўлтайиб қараб тургандай… Манавиндай беҳишт боғини умрида кўрмаган-да, бола пақир! Шизотимияни ўқиган, циклотемия асрорларидан нажот истаган, оқибати эса… паймона поёнига етаёзган… Манавиндай лолазорларда танию жони яйраб-яшнаб нафас олмаган – баҳра топмаган, танбур-сато чертмаган, муножотлар айтмаган, на бу дунё, на-да… Петрус-с… шизо-циклотемия… ака-ука, эгиз хасталик… танбур, сато… чаманзор… лолазор… лола-а…
– Почча-а!
Ромиз Жўра биров орқадан келиб шапалоқ тортгандек қулоғи шанғиллаб кетди, кўз олди қоронғилашди. Кимдир чақирдими ёхуд қулоғига чалингандек бўлдими, диққатини жамламоққа уринди-ю, афти бужмайди. Хаёли ўзида бўлмаса-да, Омаднинг овозини дарҳол таниди. Қаердан пайдо бўла қолди?! Осмондан тушдими-ердан чиқдими?! Ким чақирди уни бу ерга? Шайтон бошлаб келдимикан ё?.. Ҳар йили, шу ёзда дачангизга бораман, почча, деб бошини қотиради-ю, қадам босмайди. Болтун!.. Опаси билан етаклашиб келишдими ё?..
Ромиз Жўра хаёлида аралаш-қуралашган сўз ўйинини увол қолдиришни истамай, уни тугаллаб қўйди: …Ўзларидан кўрсин! Бадбахт Пет­руслар қавми на бу дунёда, на у дунёда кўради бундай боғларни!..
Ромиз Жўра истар-истамас айвонга чиқди-ю, оёқ остида устма-уст ётган кетмон билан болтага кўзи тушди. Ажабланиб улгурмаган ҳам эдики, бир қўлида белкурак, бошқасида теша кўтарган Омад пайдо бўлди.
– Биламан, почча! Китоб титкилашга тушсангиз дунёни унутасиз. Боғ юмушларини манга қўйиб беринг, ўзим боплайман, илло, сиз ичкарида зах тортиб қолманг-да. Баҳорри юмуши кўп, қаранг, нимадан бошлашши ҳам билмайсан, одам! Тўғрими?
– Ҳар банда, ҳар нарса зиммасида ўз вазифаси, ўз юмуши билан келади дунёга…
Ромиз Жўра шундай деб айвон саҳнида ётган кетмонга термилиб қолди. Отаси раҳматли атай темирчилар устахонасига бориб, қуйдириб келган, “Обидкетмон” деб ном қўйганди – бесўнақайлигини демаса, ҳалиям бинойидай ярайди. Аррага ҳам отасининг дасти теккан… Аслаҳахона қулф эди, Омад тушмагур калитни сўрамади ҳам?..
– Жа, тагдор гап қиласиз-да, почча! – Шанғи овози келди Омаднинг. У уйнинг орқа томонидаги аслаҳа-анжомлар сақланадиган омборчани тарақа-туруқлатиб кавлаштираётган, яна ниманидир излаётган, чакаги эса бирор нафас тинай демасди. – Ман конкрет одамман, конкрет гапираман. Маъноларга тўла тагдор гапингизга келсак, сиз билан биз-ку, бандамиз, тўғри айтдингиз, бу дунёда ҳар бир одамми ўзига яраша юмуши, вазифаси… лўндагина қилиб миссияси дейлик, тушунарли-да, тўғрими?.. Манимча эса, почча, раҳматли отангиздан қолган манави темир-терсакларнинг ҳам… – Ромиз Жўра “Бунча шанғилламаса!” деб кўнглидан ўтказиб улгурмаган ҳам эдики, Омад зипиллаб айвон саҳнида кўринди, шоша-пиша ерда ётган аслаҳаларга кўз югуртирди-ю, таққа тўхтади: – Ия, тешавой жаноблари ўз оёқлари билан чиқибдилар-ку! Ёки, сиз опчиқдийзми? Изламаган жойим қолмади-я!..
– Мен ҳали орқага ўтганимча йўқ… Омборри калити мана…
Омад поччасининг салмоқланиб, ҳатто ортиқча рўй-хуш бермай минғирлашига ҳам, унинг кафтида турган калит шодасига ҳам эътибор қилмади, овозининг борича, лекин калтагина қилиб “Хаҳ-ҳо” дея кулди-қўйди, сўнг ерда ётган аслаҳа-анжомларга қарата сўзамоллиги тутди:
– Тешавой жаноблари… Кетмонали… Арражон-арра! Ҳаммасини миссияси конкрет, поччажон почча! Тўғрими?.. Мана шу инструментлар ҳаммаси ўз вазифасини адо этса, дунёда битмайдиган иш қомайди, демоқчисиз-да, тўғрими?.. Манави ўрмонни, ўт-ўланни лола-поласи билан!.. Ия, тавба, тоғ лоласи, лолақизғалдоқ, бинафшаю чучмомалар бирваракай чаппар уриб очилган боғни биринчи кўришим умримда, почча! Нима бало, боғингизни сеҳрлаб қўйганмисиз, ока?!
– Мен боғни эмас, боғим мени сеҳрлаб қўйди, Омад, боғим.
– Бу жаннати гулзор оралаб ҳурлар ҳам чиқиб келар асталаб денг, почча-а! Аҳ-ҳа-ҳа-ҳе-ей-й!
– Омад тушмагур-ей! Сизга гап бўлса!..
– Ало-омат! Бу ёғига қараб туринг, ҳаммасини шест секундда юмалоқ ёстиқ – гулдур гупп, қип ташлайман!..
Ромиз Жўра қўрқиб кетди, сапчиб Омадга ташланмоқчи, агар у қўлига бирорта аслаҳани тутган бўлса, жон-жаҳди билан юлқиб олмоқчи эди. Хайрият, Ромиз шоирнинг хаёлидан кечган гапи ниҳоясига етиб улгурмай қайниси лип этди-ю, тоғдан тушиб келган шарпадай ғойиб бўлди. Зум ўтмай унинг овози уй орқасидаги майдонча томондан эшитилди.
– Почча! – деб чақирди у уйга ўт тушгандай ҳовлиқиб. – Э, буни қаранг, бу ёққа ўтсангиз-чи! Тезроқ, ока!
Ромиз Жўра бир-бир одим ташлаб, уйнинг орқа томонига ўтди. Майдонча торгина, ихчамгина, лекин махсус бўяб қўйилгандай ям-­яшил, қизил, сариқ, тарғил лолаю лолақизғалдоқлар чунонам тиғиз ва қуюқ очилган эдики!..
Ромиз Жўра Омаднинг тиззалаб чўк тушганча қўлларини боши узра кўтариб, кўкка қарата нола чекаётган, тавалло қилаётган алфозда кўриб ҳайрон қолди.
– Дача эмас, ока, – деди дона-дона қилиб Омад. Унинг товуши хушовоз ҳофизнинг овозидек жарангдор ва тиниқ чиқди. – Жаннат-ку бу, Рамзиддин почча, жаннатнинг ўзгинаси-ку! Шунча йил, шу-унча замондан буён бу ерга қадам босмаган мен тентак, мен дуррак! Тўғрими, почча?!
Ромиз Жўра кўз ўнгидаги манзарадан тили айланмай, ғўлдираб қолди. Хийла муддат жим тургач, тилга кирди:
– Ўт-ўлан, лола-лолақизғалдоқ, дала-тош, боғу баҳор – шу-да, ҳаммаси ўз бурчини адо этаётгани…
Омад ҳамон ҳайрат исканжасидан чиқолмаётганди. Поччасининг айтганлари қулоғига кирмади ҳам.
– Тўғрими?.. – Ҳолдан тойган ё ҳушидан айрилаёзган одамдек сўрай олди у шивирлаб. – Одамларни жаннатга келишга ҳам вақти йўқ…
– Тўғри айтасан, Омад, жаннатнинг ўзгинаси, бироқ…
Бироқ Ромиз Жўранинг бу жавоби ҳам Омаднинг қулоғига етиб бормади, чунки қайниси тўсатдан ирғиб қад ростлади-да, пилдираганича айвон томонга ўтиб кўздан йўқолди. “Бетоқат! – Сокин ҳаловатини бузгани учун ҳамон қайнисидан ранжигани аламида деди Ромиз Жўра. – Бесабр!”
Ранжиди, ижирғанди, энсаси қотди… зўраки илжайди, Омаднинг ҳовлиқишлари баттар ғашини келтира бошлади. “Ўзи сўрайди-да, жавобига қулоқ ҳам солмайди…” – Ромиз Жўра ичида шундай деб улгурмай Омад “обидкетмон”ни икки қўллаб тутганича поччасининг рўпарасига келиб тўхтади.
– Тўғри айтдингиз, жаннатни ўзгинаси! Одамлар вақт топмаса – ўзига!.. Мен ўз миссиямга киришаверайми?
Ромиз Жўра жавоб ўрнига индамай яқин бориб, қайнисининг қўлидан кетмонни олди-да, оҳиста чеккага қўйди.
Бу орада қуёш икки терак бўйи кўтарилган, аксари лолақизғалдоқлар япроғи тўкилиб, тўкилмаганлари эса юмилиб, сўлий бошлаган эди. Ромиз Жўра ичкарига кирди-да, кўпам ҳаялламади, энгил-бошини алмаштириб, зумда қайтиб чиқди. Чиққан заҳоти ерда ётган асбоб-­ускуналарга разм солди. Уларнинг орасида қайси биридир кўринмади. Ромиз Жўра қайним ишга тушиб кетдимикан деган хавотирда шошиб қолди. Жадал юриб майдончага ўтди.
Омад майдончанинг бир бурчида ўт-ўлан орасида аранг кўзга ташланаётган ёнғоқ дарахтидан қолган тўнгак тепасида энкайганича гирдикапалак бўлаётган эди. Ромиз Жўра унинг ўзидан кўра қўлидаги тешага хавотирланиб қаради.
– Омад! – деб чақирди.
Омад пинагини бузмади, гўё дала ҳовлида танҳо ўзи қолгандек, бу ерда ўзи хон – кўланкаси майдондек, кўнгли нимани тусаса ўша билан машғул бўладигандек, мезбоннинг чақиришига ҳам парвойи палак эди.
– Илон! – деди у, поччаси ёнига яқинлашиб келганида. Шундай деди-ю, икки кўзи ўт-ўлан орасида, қўлидаги тешани боши узра шай тутган алфозда, Ромиз Жўрага қайрилиб қарамади. – Сап-сариқ! Мана му-у-ундай-й! – деди иккала қулочини кенг ёйиб.
Ромиз Жўра қайниси кўрсатган жойга қараб улгурмай, Омад яна ваҳима кўтарди:
– Кетди! Қочди!
Илон ўт-ўлан оралаб уйни ёнлаб узоқлашди, шекилли, Омад бояги-бояги энгашганича ўша томон югурди. Ромиз Жўра югурмади-ю, қайнисининг изидан жадал эргашди. Унга етиб олгач, ошиқмай, заррача ҳовлиқмай, Омаднинг капалагини учириб юборган махлуқни нигоҳлари билан излади. Топди. Узунгина, дарахтнинг янгигина арчилган пўстлоғидек сап-сариқ, терисида аллақандай нақшин чизиқлар яққол кўриниб турибди. Илонлар майса, ўт-ўлан орасида чақиндек тез судралишини у яхши биларди.
– Калласини янчаман! – деб бақирди Омад ҳамон поччасига қарамай-нетмай, тешани боши узра ўйнатиб. – Икки бўлиб ташлайман!
Ромиз Жўра аввал ғоятда босиқлик билан қайнисининг кифтига қоқиб қўйди, шунда ҳам ўзига ўгирилиб қарамаётган Омаднинг қўлидаги тешани авайлабгина олиб, кекса тол дарахтидан мерос – неча йиллардан буён шу ерда узала тушиб ётган тўсинбоп ходага ўтирди. Омад қаердандир қўлига илинган сўйил билан қуролланиб, ҳамон илонни қувишда давом этди. Зум ўтмай унинг афсуслангани эшитилди.
– Йўқ, йўқолди!.. Қаёққа қочди?! Бир урсам ўларди-я, почча, тўғрими?!
– Ўлмайди, ўлмайдиган хилидан… – Илон ғойиб бўлганидан мамнунлигини яширмай кулимсираб жавоб қайтарди Ромиз шоир. – Бегона эмас, безиён, қиёматли жўра тутунганмиз…
– Ола-а! Жа, опқочасиз-а, почча?
– Тўғриси, мен йўғимда боғни қўриқлаб ётади. Жўра тутинганимиз рост.
Омад билганидан қолмади. У шоша-пиша майдонча томонга ўтиб кетди. Ромиз Жўра энди қайнисининг бу қилиғига эътибор қилмай қўйди, у Омадни “қуролсизлантиргани”дан хотиржам тортди, чарақлаган қуёш ёруғида янаям яшнаб кетаётган боғ манзарасидан дили яйраб, яна холи қолишни кўнгли тусади. Боғ ҳовлини оғушига олган сукунатга вужуд-вужуди билан сингиб кетгиси келди. Ёнгинасидан, йўқ, ўзи ором олиб ўтирган тўсин-ўриндиқ остидан ўтган чоққина ариқчадан оқиб бораётган сувнинг жилдираши эшитилди. Одатда бу ариқчаларга сув боғлаб келиш кони машаққат эди, ҳозир эса боғ соҳибининг муборак ташрифи шарафига, меҳр-садоқатига табрик ва тортиқ мақомида булоқ сувидек тиниқ сув ўз “оёғи” билан чопқиллаб келганди…
Ромиз Жўра хийла паллагача ихтиёрини паришон хаёллари изнига қўйди. Кўзи чаман бўлиб ясанган боғда, хаёлида эса… аёли, қизи, ўғли… акаси, опалари, дўстлари… устозлари, садоқатли шогирдлари… у билган-нетган ҳамма-ҳамма яхши одамлар бу гўзал ҳовлига жамланишган, ҳаммаларининг чеҳраларида табассум, шодмонлик… Шу чоғда, шу боғда ҳар нарса гўзал, ҳар нарса кўкарган, ҳар нарса кулар… Ромиз шоир умри мобайнида дилда пинҳон тутган орзусига етган, армонлари қолмаган одамдек дам шуури, шуурига қўшилиб вужуди замину осмон орасида муаллақ парвоз қилаётган булут парчасидек ўзини енгил ҳис қилар, дам эса қўл-оёғи ҳолсизланиб танаси тошдек оғирлашиб кетар, бундай ўзгарувчанлик боисини тушунолмай хавотирда турмоққа шайланган, ҳозирланган ҳам эдики, бирдан ўриндиқ қарс этди. Тўсин Ромиз Жўра ўтирган жойидан синиб, эгилиб ерга тегиб қолди. Ромиз Жўра туриб кетмади, қимир этмади ҳам. Хаёлининг бир чеккасидан “Табиий, неча йиллик тол қор-ёмғир остида чириган” деган ўй ўтди, холос. Шу пайт Ромиз Жўра мутлақо кутмаган ҳодиса юз берди: кўз қири билан қандайдир ғимир-ғимир ҳаракатни илғагандек бўлди. Эътибор бермади. Бироқ бир зум ўтар-ўтмас эътибор қилмасликнинг иложи қолмади: Ромиз Жўра бутун бадани бўйлаб қумурсқалар чопқиллаб қолганини кўрди. Кулди. Нима қилишини билмади. Хиёлгина қўзғалмоқчи ёки бармоғининг учгинасини салгина қимирлатмоқчи бўлганди, чумолилар чунонам кўпайдики, чунонам жазавага тушдики!.. Йирик-йирик, оқиш, сарғиш, қорамтир. Оёқлари узун-узун. Қулоғининг учи жизиллади, “Тиш­лади, – деди Ромиз Жўра. – Қулоғимга кириб кетяпти”. “Лабимни чақди…” деб улгурмай чумолилар галаси қоши, киприги орасини “пайҳон” қилиб кўзларини талашга киришди. Ромиз Жўра шунда ҳам қаршилик кўрсатмади, чидади. Қумурсқаларни ҳайдаб солиш ўрнига ўзини чалғитишга тутинди. Кўз қири билан ён-теварагига аланглади, қайнисининг қораси кўринмаса-да, кўмак истади, шекилли, овоз чиқарди:
– Омад.
Жим.
– Омад! – яна чақирди у бу сафар овозини хиёл баландлатиб.
Омаддан садо келмади.
– Вазифангни, миссиянгни айтмоқчи эдим, пайқадинг-а? – деб савол қотди у.
Ҳовли, атроф-жавониб шу қадар жимжит эдики, ариқчадаги сувнинг жилдираши эмас, ҳатто лола-лолақизғалдоқларнинг майин шабадада оҳиста тебраниши ва бутун бўй-басти бўйлаб шиддат ила югургилаб чопқиллаётган безовта чумолиларнинг оёқ товушларидан чиққан “штир-штир”гача эшитиларди.
– Қачонгача шу аҳволда юрасан, Омад? Вақтида оила қуриш ҳам эр йигитнинг вазифаси, бурчи. Шу ёшингда сўққабош юриш ярашмайди, ука… – Ромиз Жўра айтаётган гапларини қайниси эшитаётганига ишончи комил эди. Омад боғ ҳовлида туриб айтган гапингни шаҳардаги уйида туриб ҳам эшитадиганлар тоифасидан. Ҳа, унинг қулоғи ҳамиша динг!
– Войй, устоззз!
Ромиз Жўра сапчиб тушди. У ўзини ўнглаб, оғиз очиб улгурмай, ёнгинасида пайдо бўлган Фарида икки қўллаб ҳай-ҳайлаганича Ромиз Жўранинг боши, бети, елкаларини қоқа кетди.
– Аста, Фаридахон, аста, – деди шипшиб Ромиз Жўра. Унинг гапираётганидан фойдаланган чумолилар тап тортмай оғзига ҳам кириб кетаётганди. – Шовқин кўтармай қўя қолинг.
Фарида қулоқ солмади. Ўз билганидан қолмай Ромиз Жўранинг бутун гавдаси бўйлаб пастдан тепага, тепадан пастга қараб қувалашаётган, чопқиллашаётган тумонат чумолини қоқиб ташлашга тутинди. Устозини бу аҳволда кўрганидан беҳад хавотирга тушганди. Бироқ у ҳарчанд уннамасин, чумоли издиҳоми камая­диганга ўхшамади. Шунга қарамай, қизгина меҳрибончилик кўрсатишдан тўхтамас, Ромиз Жўра эса унинг бу қадар куюнчаклигидан хижолатда жони ҳалак, қолаверса, атайин бир ўзи келган дала боғи шу қадар гавжумлашиб кетгани сирини тушунолмаётган эди.
– Кела қолинг, Зиёда, қаёқда юрибсиз? Бир ўзим уддалолмаяпман!
– Зиёда?!
Кутилмаган ташрифдан Ромиз Жўранинг кўзлари чарақлаб кетди. “Ана, холос!” деб юборди у рўпарасида пайдо бўлган яна бир садоқатли шогирдига кўзи тушиб. Бўйчан, адл қоматли, кўзлари мовий, ўзи – юз-кўзи, билаклари, узун-узун бармоқлари пахтадай оппоқ Зиёда ваҳима кўтариш бобида Фаридадан ўтиб тушди. У ҳам аҳволни кўрган заҳоти, дугонасидан сўраб-суриштирмай бўйнига ташлаган рўмолчаси ёрдамида Ромиз Жўранинг уст-бошидан қумурсқаларни қоқиб туширишга киришиб кетди.
– Кўклардан малаклар қиз бўлиб тушсалар…
Ромиз Жўра ҳарчанд ҳой-ҳойламасин, бу икки фаришта мисол қизни бунчалар меҳрибонликдан тўхтатолмаслигига кўзи етди.
– Қўйнимга тўлсалар, қўйнимдан тошсалар гулларнинг ҳидлари…
Менга эмас, боғга, лолазорга қаранглар, лолақизғалдоқлар гўзаллигидан баҳра олинглар, жон қизлар, – дея уларнинг эътиборини бўлмоққа уринди Ромиз шоир… уринишлари зое кетди. Шунда… шунда бирдан Ромиз Жўра хаёлига келган фикрдан қувониб, ўша заҳоти ўйини ижро этишга киришди. Қизларга сездирмайгина аста ўрнидан қўзғалди, бироқ бошидан оёғигача қумурсқага талош одам гўё учиб бораётгандек оёқлари ерга тегмай лолазор томон яқинлаша бошлаганини пайқаган қизлар йиғламсираган ва ёлборувчан товушда қичқириб юборишди. Бироқ Ромиз Жўра суви белидан келадиган ҳовузга тушган одамдек лолазор оралади. Фарида билан Зиёда уни таъқиб эта бошлашди. Ромиз шоир дам-бадам қадамини жадаллаштирди. Югурди. Югура туриб оёғи чалишиб йиқилди, ўт-ўлан орасида чалқанчасига ғарқ бўлганича ҳайрат ила бепоён осмонга тикилиб қолди, кўзини узолмай томоша қилди – бундай тиниқ осмонни кўрмаганди Ромиз Жўра ҳаётида! Боши узра оппоқ чинни кабутарлар гир айланиб учиб ўтишди – Ромиз Жўра кабутарларнинг қанот қоқишини эмас, ҳатто нафас олишини-да эшитди. Қизлар ҳамон унинг изидан қувиб келишаётганини кўрди, турасолиб мовий чаманзор оралаб қочишда давом этди.
Қочиш ва қувиш хийла чўзилди. Эгилиб-букилган ўт-ўлан орасида илонизи сўқмоқчалар пайдо бўлди. Ромиз Жўра яна юзтубан йиқилди. Қизлар ҳайратданми-қувончданми ё қўрқувданми… жим бўлиб қолишди. Ромиз Жўра боши узра, унинг боғ ҳовлиси узра оқ чинни кабутарлар офтоб нурида ярақлаб-чарақлаб гир айланаётганидан назар-нигоҳини узолмади. Ўзи ҳам уларга тақлидан лолазор ичра айлана ясаб қочгиси келди, майлига, қизларнинг эса уни қувишда давом этишларини жуда-жуда истади. Ва ёш болалардек қочиб кета туриб йўл-йўлакай икки қўллаб лола теришга тушди. Терган лолалари бир қучоқ бўлгандагина югуришни бас қилди, қадамини секинлатиб, харсо-харс олаётган нафасини ростлашга уриниб, боягина ўтирган – синган тўсиннинг бир чеккасига чўкди. Зум ўтмай унинг изидан қизлар ҳам етиб келишди. Улар кела солиб Ромиз Жўранинг уст-бошига қарашди.
– Вой, биттаям қолмабди! – дея бараварига чапак чалиб юборишди Фарида билан Зиёда қувонганларидан, шундай бўлса-да, беихтиёр устоз­нинг уст-бошини ҳарир рўмолчалари билан қоқиб, артиб-суртиб меҳрибонлик кўрсатишдан тўхташмади.
Ромиз Жўра қучоғи тўла лолаларни баланд кўтарганича иккала қизнинг боши узра силкитди. Қизлар шодлана-шодлана қаҳ-қаҳ отиб кула бошладилар, зум ўтмай улар бошдан-оёқ алвонгул япроқларига чулғанганча бир-бирларини қутлай кетишди. Ромиз Жўра бу ажиб манзарадан сархуш кайфиятда… айни шу пайт дарвоза тиқирлагандай бўлди. Ромиз Жўра бирдан ҳушёр тортди. Хаёл гулзори тўзиди-кетди. Шундай туюлдими, деган ўйда қулоқ солди. Дарвоза тиқирладими-тақилладими, ҳар қалай, кимдир чақираётгани эшитилди. Ромиз Жўра дарвоза томон икки-уч қадам қўйган жойида таққа тўхтади, изига қайтди ва ерда ётган аслаҳаларга қаради. Биров кўриб қолмасин деган хавотирда шоша-пиша уларни устма-уст қўлига олганича уй ортидаги майдонча томон югурди. Жадал бора туриб, йўл-йўлакай гапирди: “Яхшиям келган эканман!” У кафтларини бир-бирига уриб қоқа-қоқа дарвоза томон бораркан овоз чиқариб такрорлади: “Эрта баҳордан айланай, эрта баҳордан! Яхшиям келган эканман. Яхшиям!..”
Ромиз Жўра жадал бориб, дарвозанинг якка тавақли эшикчасини астагина очди. Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида жингала сочлари сутдек оппоқ бетларига, тим қора кўзларига бирам ярашган, оқ, сариқ, қизил гулли яп-янги ҳарир кўйлакчаси тор ва овлоқ кўчани яшнатиб юборган жажжигина қизалоқ турарди.
– Ман-чи, сизга ширин-н овқат опкелдим, амаки…
Қизалоқ жарангдор овозда шундай деди-да, қўлидаги тугунчани Ромиз Жўрага узатди. Ромиз шоир журъатсизланиб тугунчани олишини ҳам, олмаслигини ҳам билолмай, ҳамон ҳайратлардан ҳушини йиғолмай аланглади.
Кўча кимсасиз, жимжит эди…

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 2-сон