Хуршид Даврон. Амир Темур ўғлининг ўлими ҳақида ривоят (ҳикоя)

I

Қиш билан баҳор жанги – аямажуз кечаларидан бирида мен сизларга Амир Темур ҳақидаги афсоналарнинг бирини ҳикоя қилиб бериш мақсадида қўлимга қалам олдим.
Бу афсонани тўқиганлар унга қандай ном берганларидан бехабарман, мен уни “Амир Темур ўғлининг ўлими” деб атадим. Менга уни бир дўстим гапириб берган эди, дўстимнинг айтишича, бу қадим афсонани у талабалар шаҳарчасида яшаган афғонлардан эшитган экан.
Афсонани ҳикоя қилиб беришдан аввал, икки нарса ҳақида бироз бўлса-да, тўхталиб ўтмоқчиман. Энг аввало, “афсона ўзи нима?”, деган саволга жавоб изламоқчиман. Одатимни канда қилмаган тарзда, ўзининг номукаммаллиги билан машҳур “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га қарайман. Мана, луғатнинг 1 жилд 63-бетидаги “Афсона” сўзига ёзилган изоҳ: “1. Авлоддан авлодга, оғиздан оғизга ўтиб келган фантастик, баъзан диний мазмундаги ҳикоя, ривоят, достон… 2. Кўчма: асоссиз гап, ёлғон-яшиқ уйдирма… 3. Кўчма: ақл бовар қилмайдиган, ақлга сиғмайдиган мислсиз нарса, иш”.
“«Афсонавий” сўзига оид изоҳ: “1. Афсона жанрига мансуб бўлган, фантастик. 2. Фақат афсоналарда мавжуд бўлган, одатда йўқ, хаёлий. 3. Кўчма: Уйдирма, тўқима. 4. Кўчма: Ақл бовар қилмайдиган, ақлга сиғмайдиган, мисли кўрилмаган, мислсиз».
Агар эътибор берган бўлсангиз, бу изоҳларга “уйдирма” сўзи асос қилиб олинган. Аслида, шундаймикан? Бир ўрис шоири “Афсона – бу ҳақиқатнинг синиқ парчаларидир” деб ёзган эди. Агар, “афсона” сўзига изоҳ беринг десалар, мен мана шу сўзни такрорлаган бўлардим. Зеро, ҳар қандай хаёлий ёки тўқима афсона ҳам аслида содир бўлгани аниқ, маълум бир тарихий шахс ҳаёти билан узвий боғлиқ бўлади. Бобил минорасининг қурилиши, Нуҳ тўфони ёки Самарқанддаги Шоҳизинда мозори билан боғлиқ афсона бўлсин, уларнинг ҳар бирининг асосида тарихий далил – ҳақиқат ётган бўлади. Шунинг учун ҳам жуда кўп қадимий битикларимиз қуйидаги жумла билан бошланган: “Бул ҳикоят агарчи афсона тусида эрса-да, ул ҳақиқатдан йироқ эмасдур”.
Инглиз адиби Честертон битганидек, афсона ҳар қандай далилдан ҳам тарихийроқдир. Далил ёлғиз бир одам ҳақида сўз юритса, ёки у одамлар қатнашган воқеа ҳақида маълумот берса, афсона юзлаб ва миллионлаб одамлар тақдири ҳақида, воқеани юзага чиқарган одамлар ҳақида ҳикоя қилади. Далил баъзан замон алмашиши билан ўз моҳиятини, ўз рангини ўзгартириши мумкин, аммо афсона абадий ўзгармас ҳақиқатдир. Тарих фақат халқ хотираси рамзи бўлмиш асотирлар (афсона ва ривоятлар) ёрдамидагина мозий моҳиятини, демак унинг юрагини кашф эта олади. Хотирасиз инсон юраги ҳам қуруқ ҳужжатлар йиғиндисидан фарқ қилмайди. Тарих вақт ҳақида эмас, вақт мобайнида яшаган инсон ҳақида ҳикоя қилмоғи зарур. Демак, у вақт ҳужжатларига эмас, инсон хотирасига суянгандагина ҳақиқатни очади. Инсон хотираси афсоналарга ҳамнафас бўлгандагина тирикдир. Фақат шундагина тарихий далил тирилади. Афсона билан ҳужжат (далил)нинг ўзаро боғланиши аслида инсон билан вақт боғланишидир. Тарих, деб ёзади Николай Бердяе
в, том маънодаги афсонадир…
Тўхталмоқчи бўлган иккинчи масала мен сизга сўзлаб бермоқчи бўлган ривоят Амир Темур ҳаётининг қайси тўхтамида бўлиб ўтган воқеалар билан боғлиқ бўлиши мумкин деган саволни ойдинлаштиришдир. Тарихий битикларнинг гувоҳлик беришича, Амир Темурнинг тўрт ўғли бўлиб, уларнинг исмлари: Жаҳонгир мирзо (1356-1376), Умаршайх мирзо (1356-1394), Амироншоҳ (Мироншоҳ) мирзо (1367-1408), Шоҳруҳ мирзо (1377-1447) бўлган. Яна шу нарса маълумки, улуғ Соҳибқирон тириклик пайтида, у олиб борган жангу жадалда унинг ёлғиз бир фарзанди – Умаршайх мирзо 1394 йилнинг қишида Шом уруши пайтида, Хармату қалъаси остонасида – тор бир дарада ўқ тегиб ҳалок бўлгани ҳақида тарихий далил бор. Тўнғич ўғли бўлмиш Жаҳонгир мирзо ўз ажали билан 20 ёшида оламдан ўтган. Амир Темур вафотидан сўнг уч йил ўтгач, 1408 йилнинг кўкламида унинг ўртанча ўғли Мироншоҳ мирзо Қора Юсуф туркман билан бўлган жангларнинг бирида, Табриз яқинида ўлдирилган.
Хўш, Амир Темур ўғлининг ўлими билан боғлиқ афсона қайси воқеалар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агар уни Умаршайх мирзо ўлими билан боғлайдиган бўлсак, бу афсонани далили бўладиган воқеаларни Шом юриши баёнидан тополмадим. Ўйлашимча, бу афсонани афғонлар орасида мавжуд бўлиши боис, у Амир Темурнинг Ҳиндистонга қилган юриши давомида рўй берган воқеалардан туғилган бўлиши керак. Охир-оқибатда узоқ изланишдан сўнг “Темур тузуклари”да бу афсонага бевосита боғлиқ маълумотларни топишга муваффақ бўлдим. Бироқ, уларни сўзлаб беришдан аввал мен Ҳиндистон юриши қандай бошланганини мухтасар бўлса-да, ҳикоя қилмоқчиман.
Ҳижрий саккиз юзинчи, мелодий 1398 йилнинг баҳорида Амир Темур янги боғи – Дилкушода мислсиз тантаналар билан Хизрхўжахоннинг қизи ўн икки яшсар Тўкалхонимни ўз никоҳига қабул қилди. Тўй ўчоқларидаги кул совиб улгурмай, унинг амри билан Самарқанд ва Кеш оралиғида жойлашган Тахти Қорача давони оша ўтадиган йўлни тузатиш ва тоғ этагида яна бир ғаройиб бир боғ бунёд этиш ишлари бошланди. Соҳибқироннинг ўзи бўлса Кешга яқин бир ўлангда қурултой чақирди. Мақсади азалий орзуси: Ҳиндистон юриши маслаҳатини ўртага солиш эди.
Салтанатнинг муҳим тадбирлари, бўлажак ҳарбий юришлар режалари муҳокама этиладиган қурултой Амир Темур давлатининг олий кенгаши эди. Шу билан бирга қурултой мамлакатнинг бош тантанаси бўлиб, Соҳибқирон қўли остида бирлашган ўлкаларни бошқариш билан банд амирзодалар ва бошқа давлати арконлар учун худди жанг майдони билан баравар, ҳатто ундан юқори турадиган ўзига хос синов майдони ҳам эди. Агар жанг майдонида диловарлик синалса, бу кенгашда фаросат ва тадбиркорлик синовдан ўтарди. Бу сабабдан бўлса керак, жанг майдонида қўрқув нималигини билмаган айрим амирлар ва амирзодалар қурултой чақирилганда саросимага тушиб қолишар, унда қайси бир тадбир ўртада муҳокама бўлишини билиш учун бор воситаларни ишга солардилар. Илло, жаҳонгир жанг майдонида қилич чопқилашдаги моҳирликни, қурултойда эса ўйлаб айтилган сўзни маъқул кўрар, ким аравани қуруқ олиб қочса, машваратдан қувиб чиқаришдан ҳам қайтмасди. Аммо бу галги қурултой қай мақсадда чақирилаётгани ҳеч кимга сир эмасди.
Ҳар галгидек қурултой кўпчилик учун қурилган улкан чодирда ўтди. Амир Темур одатдаги расм-русмлар адо этилиши билан, гапни чўзиб ўтирмай, Ҳиндистон юриши олдидан ўғиллари ва амирларнинг кўнгли, ўй-фикрларини билиш мақсадида уларни маслаҳатга чақирганини айтди. Туркий сулолаларнинг азалий тартиби ва мукаррам дастури шундай эдиким, катта оғалари ва хешлар ҳаёт экан, ҳеч ким улардан ўтиб салтанат тахтига қадам қўёлмасди. Мана шу боболар одатига биноан қурултойдаям ёши улуғ шаҳзодалар биринчи фикр билдириш ҳуқуқига эга эдилар. Шунинг учун ҳам даврада Соҳибқироннинг кенжа ўғли Шоҳруҳ мирзо ўтирган бўлса ҳам, биринчи сўзлаш ундан ёш жиҳатдан улуғ Муҳаммад Султон билан Пирмуҳаммад Жаҳонгир ихтиёрида эди. Пирмуҳаммад Жаҳонгир бобосига бир қараб олди-да, унинг “Хўш” дегандек синчков тикилид турганини кўриб гап бошлади:
– Ҳазрати Соҳибқирон, Ҳиндистонни олмоқ ер юзида ўтган барча подчоларнинг орзуси бўлмиш. Агар ани забт этсак, анинг олтинлари ила етти иқлимни олажакмиз. Мен юришга тайёрдурмен.
Туғишган биродарининг бу гапини эшитиб амирзода Муҳаммад Султон ҳам ўрнидан турди. У инисидан бир ёш улуғ бўлса-да, қотмадан келганлиги сабабли ундан анча ёш кўринар, буни билган амирзода кўпроқ овозига зўр бериб, катталарга хос мулоҳаза истагида ҳар бир сўзга алоҳида урғу бериб гапириш лозим, деб ўйларди. Амир Темур оға-ини ўртасидаги баҳсни мароқ билан кузатар ва бевақт шаҳид бўлган ўғлига кўрсатолмаган меҳр-марҳаматини улардан аямасди.
– Олампаноҳ, – дея улуғворлик ила сўз бошлади Муҳаммад Султон, – иним Пирмуҳаммад Жаҳонгир айтгани ростдур. Ҳинд мулки бағоят бой юрт. Аммо, сиз берган сабоқ ҳамиша ёдимда. Яъниким ҳар бир ишни қилишдан аввал унинг амалини ўйлаш жоиздур. Китоблардан маълумдирким, Ҳиндистон йўли кўп машаққатлидур. Энг аввало, бир неча қор босиб ётган тоғлару кечиб ўтиш мушкул дарёлар, ундан кейин чеки йўқ ўрмону тўқайзорлар бордур. Иккиламчи, мақсадга етгунча бебош афғонлар билан жанг қилиш ҳам зарур бўлғай. Яна китобларда айтилмишким, Ҳиндистонда одамхўр филлар ҳам жуда кўп бўлармиш…
Амир Темур инисиннг мулоҳазаларини эшитган Пирмуҳаммад Жаҳонгир безовталана бошлаганини сезди. Аммо буни билдирмай, набирасининг мулоҳазаси қандай таклиф билан тугашини кутди. Қурултой расм-русми ҳар бир сўзни эътибор билан эшитиш лозимлигини талаб қиларди. Хўш, қани, тўнғич набираси нима демоқчи экан, шуни билсинчи. Аммо Муҳаммад Султон ҳам инисининг аҳволини сезган бўлса керак, одатига хилоф равишда шошиб сўзини якунлади:
– Бу мулоҳазаларим ила Ҳиндистон юришига пухта тайёргарлик кўриш лозим демоқчиман. Мен урушга шаймен. – У сўзини тугатиб, инисининг ёнидан жой оларкан, унинг юзидаги мамнуниятни сезиб, кўнгли жойига тушди.
Шундан сўнг соҳибқиронга қизидан туғилган набира бўлмиш амирзода Султон Ҳусайн навбат олди. Амир Темур қизи Оғабегим ва малика Туман оғонинг биродари амир Муҳаммад ибн Мусодан бўлмиш бу амирзода бағоят мард, аммо беоқибат бўлиб вояга етганини яхши билса-да, ҳар гал қизининг сўзини қайтаролмай, бу бадбахт йигитнинг гуноҳидан ўтиб келарди. Ўз ўғиллари ва уларнинг фарзандларига бағоят қаттиқ турган Сонибқирон бу ҳовлиқма амирзодани жазосиз қолдириб келаётганини ҳамма билар, аммо сабабидан бехабар эдилар. Наҳотки, қиздан туғилган набира ўғиллардан суюклироқ бўлса? Амир Темурнинг бу набирасига лоқайдлигини унинг қизига кўрсатган карами бўлмай, балки Султон Ҳусайннинг салтанат тахтига ўтиришга лойиқ бўлмаганлар тоифасига киришидан эди.
– Ҳазрат Соҳибқирон, – деди тантанавор оҳангда Султон Ҳусайн. – Агар биз Ҳиндистонни илгимизга кирита олсак, тўрт иқлимга – Туркистону Турон, Эрону Ҳиндга ҳукмрон бўлурмиз. Қолғон уч иқлим: Рум, Шом, Чинни эса олмоқ қийин эмасдур, албат олғаймиз.
Султон Ҳусайн санаб ўтган иқлимларни худди ўзи оладигандек, аллақандай ички кибр билан даврадагиларга кўз ташлаб, ўрнини эгаллади. Бобоси вафотидан сўнг мана шу кибр унинг бошига кўп ғавғолар солишидан у ҳали бехабар эди.
Амир Темур сўз навбатини олган кенжа ўғли Шоҳруҳ мирзога диққат билан тикилди. Бу фарзанди бошқа зурёдларига қараганда, китобга ўч чиқди. Унга китоб бўлса бас, қилич чопқилашни унутади. Аммо китобхонлигиданми, сўзи, мулоҳазалари пишиқ, ўзи ҳам кўпни кўрган қариядек босиқ эди. Айтадиганини пухталаб олмаса, оғиз очмасди.
– Падари бузрук, ҳазрати Соҳибқирон, – дея гап бошлади Шоҳруҳ мирзо шошмасдан. Унинг ҳатто гапираётган пайтидаям нималарнидир ўйлаётганини сезиб Амир Темурнинг ғаши келди. – Мен аждодларимиз бўлмиш туркларнинг қонунлари битилган китобларда ўқиган эдимки, жаҳонда бешта шон-шавкатли подшоҳ бўларкан. Ривоят қилғайларким, бу подшоҳларнинг улуғлигини алоҳида таъкидлаб, уларнинг номларини атамай, лақабларини олиб  айтғонлар. Яъниким Ҳинд подшосини – рой, Рум подшосини – қайсар, Чуну Мочин подшосини – фағфур, Туркистон подшосини – ҳоқон, Эрону Турон подшосини – шаҳоншоҳ атайдилар. Биз ҳукм юргизган юрт ҳукмдори, яъниким шаҳоншоҳ ҳукми ҳамиша Ҳиндистон мамлакатларига жорий этилмиш. Токим Эронзамину Туронзамин бизнинг илкимизда экан, Ҳиндистонни ҳам ўзимизга тобе этмоғимиз жоиздур…
Амир Темур кенжа ўғлининг сўзларини тинглар экан, бир зум сўнгги пайтларда юрагини туну кун безовта қилган валиаҳд ташвишига берилди. Тўрт ўғлидан иккиси бевақт кўз юмди. Шоҳруҳ бунақа, Мироншоҳ бўлса, ўйламай иш қиладиганлар тоифасидан. Маст бўлиб, отдан йиқилиб калласи лат егандан буён унинг бетайин қилмишлари яна ошди. Суюкли келини Хонзодабегим яқинда эрининг зулмидан дод уриб, унга бош уриб келди. Мироншоҳнинг валиаҳд бўлиши мамлакатни вайрон бўлиши демакдир. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди. Нобакор ўғилни жазолашни кўнглига тугган соҳибқирон бу тадбирни Ҳиндистон юришидан кейинга қолдиришга мажбур эди.
Амир Темур секин Пирмуҳаммад Жаҳонгирга кўз қирини ташлади. Ҳа, бу набираси ҳавас қилгулик баҳодир бўлди. Ўзиям қуйиб қўйгандек бобосининг ўзи: қадди қомати барваста, елкадор, бошиям бобосиникидек, ҳумдек келади. Қоши-чи, қоши? Ариқ четидаги ажриқдек қалин, кўзлари қилич дамидек товланади. Феъл-атвориям, бобосиники, на ёғийдан, на ўлимдан қўрқади. “Ёпирай, – дерди баъзан камдан-кам ҳайратланадиган соҳибқирон. – Мени тириклигимда Аллоҳ таоло яна қайтадан яратдими?! Набирасининг ёлғиз бир хислати унга маъқул келмасди. Кўпчилик бошини қовуштиришни билмайди. Мардлик одамлар дилини мафтун этса, оқибатбардорлик, фаросат юракларни абадий банди этишини ҳали англамайди.
Амир Темур ўғли Шоҳруҳ мирзодан кейин ўз мулоҳазасини айтишга бирон бир амир шошилмаётганини кўриб, ҳушёр тортди. Сукут чўзилганидан тоқатсизланиб:
– Хўш, – деди у баланд овоз билан. Аммо амирлар жим ўтиравердилар. Соҳибқирон жаҳли чиқсаям, ичидагини юзига чиқармади. Индамай кутишни маъқул кўрди. Бу бахтучопганлар унинг неча йилдан буён Ҳинд мулкини забт этиш ҳақида орзу қилишидан язши хабардор. Наҳотки, билиб ҳам билмасликка олсалар, жим ўтиришни маъқул кўрсалар? У ўзининг деярли барча юришларида қатнашган, садоқатларини неча марта жангу жадалда намойиш этган амирларга бир-бир тикилар, амирлар эса унга бош кўтариб қарашга мажол тополмасдилар. Охири у амир Шоҳмаликка қаттиқ тикилиб тураверди. Унинг бу боқишини туйган амир секин бжшини кўтаришга мажбур бўлди.
– Тақсиримнинг сўзлари йўқми? – деди соҳибқирон бўғиқ овоз билан.
Амир Шоҳмалик ўрнидан туришга мажбур бўлди. Амир Темур унга: “Ўтириб гапиравер” деб ишора қилгач, ўрнини эгаллади. Бироз тараддудланиб, кейин оҳиста арз қилди:
– Аълоҳазрат, сизнинг амрингиз биз учун вожибдур, ундан юз ўгириш тузингизни унутмоқдур. Биз бу тадбир хаёлини дилларимиздан, бамисли жавоҳир туйнукларидан ўтган ипдек шошилмай ўткардик, – у биз деганда амирлар Хожа Юсуф, Сарибуғо, Шайх Нуриддинларга ишора қилди. – Борингки, Ҳиндистонни олдик ҳам дейлик. Бироқ, у мулкда турғун бўлиб қолсак  наслимиз йўқолмагайму, авлодларимиз ўз аслидан айри тушмагайму, бегона юртда тилларини унутмагайму?..
– Тақсир, – деб нинг гапини бўлди Амир Темур хотиржам. – Биз ул-мулкда узоқ қолишни ўйлаганимиз йўқ. Қолаверса, шуни ёдда тутингким, дилда эътиқод бутун бўлса, асло наслимиз йўқолмагай, тилимиз унутилмағай… Эътиқод сусайса, тил эмас, имон ҳам унутилғай…
У хотуржам гапирар, аммо қошининг йиғилиб туриши, кўзидаги ўтнинг янада кучлироқ товлана бошлаганини пайқаган амирлар Соҳибқирон ичида қандай кучли тўфон ўйнаётганини сезиб туришарди.
– Кўпчиликда шубҳа бўлса, йўлга чиқмаган маъқул. Шубҳа нафақат ақлни, у дилдаги ўтниям ўчиради. Келингиз, Тангри таолога мурожаат қилайлик. Ҳинд мулкига юриш борасида истихора этайлик – Амир Темур ёнида турган Қуръонни қўлига олди. – Тангри таоло нени буюрса, шунга амал қилғаймиз.
Даврадагилар ўша заҳот унинг таклифини маъқуллаб овоз бердилар. Соҳибқирон Қуръони каримни олдидаги шира устига қўйди, чуқур нафас олиб, бироз сукут сақлади-да, кўзини юмиб китобни очди. У аввал очилган саҳифадаги оятни ичида ўқиди, сўнг баланд овозда такрорлади:
– “Эй, Расулуллоҳ, кофирларга ва мунофиқларга қарши жаҳл қилғил”.
Амир Темур бир четда турган мавлоно Фахриддин қорига тикилди. Мавлоно Соҳибқирон истагини уқди, оҳиста ўрнидан туриб оят мазмунини изоҳлаб берди. Амирлар мавлононинг изоҳини эшитгач, бошларини эгиб, жимиб қолдилар.
– Хўш, – деди Амир Темур.
Аммо бу гал ҳам амирлар ўз фикрларини айтишга шошилмадилар. Буни кўрган соҳибқирон жаҳлини яширолмади.
– Тақсирларим, нечун жимсиз? Ё Аллоҳ таоло ҳукми сизга ҳуш келмадими?..
Мен сизни салтанатим устунлари деб билдим, ҳамиша иззатингизни унутмадим.
Сиз эса унутдингиз… Сабаби недир? Сиз билмасангиз, мен яхши билурман. Турган сув сасийди, юрган одам яшаради. Агар сиз толиққан бўлсангиз, илгингизда мадор қолмоғон бўлса, лашкарни топширинг. Неча-неча бўз йигитлар бизгаям навбат етадиму, деб кутиб турғайлар. Аллоҳ гувоҳ Ҳиндистонни сиз эмас, шул ўғлонлар албат забт этғай…
Соҳибқироннинг важоҳатини кўриб, айниқса, унинг сўнгги сўзларини эшитган амирлар бирин-кетин ўринларидан туриб авф тиладилар. Амир Темур уларнинг сўзини хотиржам эшитиб деди:
– Сиз ила не-не жангу жадалларда бўлдим. Сиз менга, мен эса сизга суяндим… Ҳар қанча юрагимни қон қилдингиз, авф этдим. Бутун борингғиз, эртагача ўйланғиз…
Эртаси давом этган қурултой аҳли бир овозда бўлажак юриш режасини маъқулладилар. Дили равшан тортган Амир Темур қўл кўтариб, зафару фатҳ фотиҳасини ўқиди.
Қурултойдан ярим ой ўтар-ўтмас, Соҳибқирон бошчилигидаги улкан қўшин Қашқадарё воҳасини тарк этиб, Термизга яқин ерда Жайҳундан кечиб, Хуросон ҳудудига ўтди.
У бутун ёз давомида Андароб деган жойда бўлди. Саккиз юзинчи йил зулҳижжа ойининг бошида – 1398 йилнинг августида Амир Темур Панжшир дарёси ёқалаб Қобулга қараб йўналди. Шу терда унга бўлажак юришда омад тилаган Олтин Ўрда элчиларини қабул қилди. Элчилар бир неча муддат ўтиб қайтишга рухсат сўрагандан кейин, уларнинг карвонини қўриқлаш учун бир гуруҳ аскар ажратди. У бу ишни элчиларни ўйлаб эмас, шу карвон билан дорилмулкка қайтиш лозим топилган Сароймулкхоним билан Шоҳруҳ мирзонинг ўғли, тўрт яшар набираси Муҳаммад Тарағай хавфсизлигини таъминлаш учун қилган эди.
Бундан ўн етти йил аввал қўлга киритилган Хуросон мулкининг бу қисми ҳамиша нотинч бўлиб келган. Ҳиндистон юришини мақсад қилган Соҳибқирон шу сабабдан ҳам қўшин ортини мустаҳкамлаш ниятида Кобулни тарк этиб, Сулаймон тоғлари яқинида яшаган афғон қабилалари ва исёнкор қора кийимлилар – сиёҳпўшлар номи билан машҳур исёнчиларни тавбасига таянтириш, ўзининг кўнглини тинчлантириш билан машғул бўлди. Қолаверса, бу тадбир Ҳинд султонини чалғитишнинг йўли ҳам эди. Гўё ўзини Ҳиндистонни забт этиш учун эмас, мана шу бебош қабилаларни итоатга келтириш учун келган қилиб кўрсатмоқчи бўлди.
У вақт етиши билан ўттиз минг аскарга раҳбар бўлмиш амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирга Сулаймон тоғини ошиб, Синд дарёсини тўхтамай кечиб ўтиб Мўлтон вилоятига, амирзода Муҳаммад Султон билан амирзода Рустам бошчилигидаги ўттиз минглик қўшинга эса Синд дарёси ёқалаб Кашмир тоғи этагидаги йўлдан юриб Лоҳур вилоятига босқин қилишга фармон берди. Ўзи бўлса қўшиннинг асосий қисми – ғул билан Бадахшон томонга йўналди ва тоғ ошиб Ҳиндистон сарҳадларига бостириб кирди. Ҳиндистон юриши ҳақида бошқа бир ҳикоямизда батафсил тўхталиш ниятимиз борлиги сабаб, биз асосий мақсадимиз – сизга сўзлаб бермоқчи афсонани келтириб чиқарган воқеаларга ўтишни маъқул кўрдик.
Амир Темур, юқорида айтганимиздек, қўшин ортини мустаҳкамлаш мақсадида афғон қабилалари томонидан вайрон этилган бир қатор қалъаларни қайта тиклатган ва уларда ўз одамларини қолдирган эди. Мана шу қалъаларнинг бири Ироб қалъаси эди. Пирмуҳаммад Жаҳонгир Мўлтонга юриши олдидан ўзига содиқлик сўзини айтган Лашкаршоҳ афғонни мана шу қалъанинг кутволи қилиб тайинлаганди. Амир Темур қўшини Ҳиндистонга қараб йўлга чиқишидан фойдаланган каркас деб аталган афғон қабиласининг бошлиғи Мусо афғон келиб қалъани қўлга киритди ва кутвол Лашкаршоҳ афғонни қатл этди. Ўлдирилган оғасининг қасосини тилаган Малик Муҳаммад Соҳибқирон ҳузурига бош уриб борди. Амир Темур узоқни кўзлаб иш тутди: гўё бечора инининг ўтинчига қулоқ солмаган бўлиб, уни қамаб қўйишни буюрди. Сўнг Мусо афғонга ҳузурига келишни талаб қилиб ёрлиқ юборди. Мусо афғон келган чопардан қон ўчи талаб қилиб борган Малик Муҳаммад қамоққа тушганини эшитиб , хотиржам тортди. Аммо Амир Темур қўшини қалъага қараб
келаётганидан воқиф бўлгач, унга пешвоз чиқиб, қалъани пешкаш қилишни маъқул деб топди. Аммо у ўз аскарларидан бирига Амир Темур қалъага кириши билан ўқ узиб, уни ҳалок этишни буюрган эди. Аммо пасткаш ниятига этмади. Узилган ўқ хато кетди. Мусо афғон қилмишига яраша жазоланди, у қатл этилди.
Айнан мана шу воқеа йиллар ўтиб афсонага асос бўлганига шак-шубҳа йўқ. Лашкаршоҳ афғондан аввал қалъада Пирмуҳаммад Жаҳонгир тургани учнми, афсонада Амир Темур ўғлининг ўлими ҳақида гикоя қилади. Набиранинг ўғилга айланиши эса фақат афсоналарда эмас, ҳатто тарихий китобларда учраб турадиган ҳолдир. Қолаверса, Пирмуҳаммад Жаҳонгир Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳруҳ билан деярли тенгқур эди. Энди навбат афсонага..

II

Дунёнинг тўрт тарафига кўз тиккан Соҳибқирон Амир Темур қўшини жангари афғон қабилалари билан бўлган оғир жангу жадалдан сўнг дарё ёқасида қўққаюб турган улкан қоя устидаги қалъани қўлга киритди. Қалъа жуда кичик, аммо баланд девор билан ўралгани учун ғоятда кучли истеҳком эди. Шунинг учун ҳам қалъанинг қўлга кириши қийин бўлди. Аниқроғи қийин бўлиши мумкин эди. Аммо кутилмаганда қалъа хиёнат туфайли унинг қўлига жуда осон ўтди.
Хиёнат қалъа жийбахона бошлиғи томонидан бўлди. У дастлаб мактуб қатиб боғланган ёй ўқини Соҳибқирон аскарлари томон учуриб, тун яримдан оғганда мағриб томондаги дарвозани очажагини хабар қилди. Мунший хатни унга ўқиб берар экан, ҳукмдор ҳали афтини кўрмаган жийбахоначидан қаттиқ нафратланди. ”Кўрнамак”, – деб ўйлади у мунший хиргоҳдан чиқиб кетгач. У узоқ ўйлади. Ҳурмдорлари берган туз ҳақини унутиб, вафодорлик ва садоқатни бир чеккага йиғиштириб, унинг олдига не-не одамлар бош уриб келмаган. Лекин у ҳар сафар бу хоинларни лаънатлаган. Туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб унинг қошига келган ҳар бир юзсизни ўзига ва салтанатига энг ёмон душман деб билган.
Зеро, улар ўз соҳибига вафодорлик қилмагач, унга қилармиди?
Аммо Соҳибқирон хиёнатдан фойдаланишдан юз ўгирмас, ундан усталик билан фойдаланарди. Ахир, қай бир саркарда ўз жангчиларининг бекордан-бекор қурбон бўлишидан сақлайдиган йўлдан фойдаланишни истамайди. Хиёнат инсон юрагини қурт каби кемирган фасоддан, мамлакатда лоқайдлик туфайли юзага чиққан парокандаликдан, хуллас, ҳам устки таназзулдан туғилишини у яхши биларди. Шу сабабдан ҳам ҳар лаҳза ҳар бир сипоҳий, ҳар бир қўшин бошлиғи, ҳар бир амир боши устида унинг қаҳри айланиб туриши зарурлигини унутмас, уларни умид ва қўрқув ўртасида тутишни лозим кўрарди.
Агар жийбахоначи хиёнатга юз тутган экан, ундан фойдаланмоғи савоб, илло уни бу ҳаром йўлдан қайтаришнинг иложи йўқ. Иложи – ўлим.
Қалъа тонгга яқин ғарбий дарвозанинг кутилмаганда очилиши туфайли унинг қўлига ўтгач, қарорини фармонга айлантириб, қалъа қутволи билан жийбахона бошлиғини ўлимга буюрди.
Бир-икки кун лашкарга дам бериб бўлгач, соҳибқирон қалъада ўғли бошлиқ қўшинни қолдириб, бошқа шаҳарлару қалъаларни забт этиш қасдида шитоб билан отланиб, йўлга тушди.
Йўлга тушган қўшиндаги аскарларнинг сон-саноғи йўқ эди. Уларнинг отлари минг фарсангдан ортиқ йўл боссаям ҳали толиқмаган ва шамолдек учқур, қиличлари олмосдай ўткир, юракларбга қўрқув тушмаган эди. Қўшин шундай шиддат билан борардики, го ъё саратон маҳали қамишзорга тушган ўтдек тўхтовсиз эдилар. Бошларидаги симобий дубулғалар кун тиғида ялт-юлт товланар экан, ўша замонда яшаган муаррих таърифлагандек, “қўшин кежим, зирҳ ва жавшанлар кўплигидан темир тоғи каби эди, гўё темир тоғи эриб кетиб, дарё бўлиб оқуб борар, бу қоим юз минг коинотни ютиб юборадиган улкан наҳангдек жилвагар эди”.
Бу қўшин ўтган йўллар чанги ҳафта ўтмасдан тўхтамас, бу темир оқим тўхтаб ҳордиқ олган ям-яшил ўлангларда қайта ўт унмас. Ўт униши учун ёмғир асрлар давомида отлар туёғидан эзилиб ўлган тупроқни юмшатиши, қуёш юз йиллар мобайнида бу тақир майдонларга ўз меҳрини тинмай сочмоғи керак эди. Олис тоғлар қоялари устида пода ўтлатиб юрган афғон чўпонлари биёбон ўртасида тўсатдан пайдо бўлган симобранг дарёни кўриб, Аллоҳ таолонинг иродасидан ҳайратланиб, тасаннолар айтишарди.
Мана шу улкан қўшин тўхтаб Синд дарёси соҳилида ҳордиқ олаётган пайтда Амир Темурга куни-кеча забт этилган қалъадан чопар келганини айтдилар. “Кирсин!” – деди Соҳибқирон дарёдан урилган салқин шабададан оҳиста тебраниб турган хиргоҳ пардаларига тикилганича. Амир Темур югуриб ичкарига кирган чопарни таниди. У шаҳзода ўғли хизматида юрган уйўғлонларнинг бири эди. Уйўғлон кира солиб, тизза чўкиб ва бошини эгиб, синиқ овозбилан сўзлади:
– Онҳазрат, шум хабар келтирганим учун бошимни олинг.
Унинг бу сўзини эшитган Амир Темурнинг бир мўйи ҳам қимирламади. У ҳузурига кирган сонсиз чопарлардан бу сўзни неча марта эшитган, санаса, саноқдан адашмоғи мумкин. Кўпинча бу сўз билан бошланган хабарлар унинг қулоғига етишга ҳам арзимас бир гап бўлиб чиқар, Соҳибқирон одамларнинг ваҳимага ўчлигидан ҳайрон қоларди. Бирдан ўйига: “Наҳотки, ўғлимга бир гап бўлган бўлса?” деган гап келди-да, сергак тортди.
– Сенинг жонинг Аллоҳники, олдин сўйла, агар Аллоҳ олдида жавобгар бўлсанг, бошинг шаксиз кесилғай. Агар менга нисбатан айбли бўлсанг, ҳукмни машойихлар айтурлар…
– Аввал бир қошиқ қонимдан кечинг, онҳазрат, – деди уйўғлон сапчадек кичик бошини кўтармай.
Амир Темурнинг ғазаби қайнади. “Нима бало, бу сакбачча, менинг иродамни синамоқчими?”
Бирдан дарёдан эсган шабда юзига урилди-ю, Аллоҳнинг бу неъматидан яна кўнглиги хотиржамкик чўкди.
– Кечдим, гапир, – деди ҳорғин товуш билан Соҳибқирон.
Чопар ортиқ пайсаласа, айтадиган гапи ўзи билан рихлатга кетишини англади-ю, бошини сал кўтарди. Шунда ҳам ҳукмдорнинг юзига қарашга журъат қилолмай, гап бошлади:
– Улуғ Соҳибқирон, сиз қалъани тарк этгандан сўнг лаънати ёғийлар ногаҳон уни қамал айладилар. Неча кун жанг бўлди. Аммо кучимиз озлик, заҳирамиз носозлик қилиб мағлуб бўлдик. Ёғийлар қалъага биз билмагам яширин ер ости йўлдан кириб олди. Қалъанинг қўлдан кетмоғи аён бўлгач, бемонанд шаҳзода мени сизнинг ҳузурингизга жўнатди. Неча ўлимдан қолиб, минг ғавғо билан қалъадан чиқишга муваффақ бўлдим.
– Ўғлимга нима бўлди, у тирикми? – деб секин сўради Амир Темур. Унинг овозидаги совуқдан чопарнинг этлари жимирлаб кетди. Сўнгра зўрға овоз чиқарди:
– Билмайман, Соҳибқирон, билмайман – унинг жағлари титрарди, – Мен қалъадан чиқиш саъй-ҳаракатини қилаётганимда, жанг жийбахона олдида бораётган, ўғлингиз жангнинг ўртасида эди.
Амир Темурнинг ичига ўт тушгандек бўлди. Секин атрофида турган ичкарилару номбардорларга разм солди. Бирор бир кўз очиқдан-очиқ унга тикилиб турганини кўрмади. Аммо, ҳамманинг юзида ташвиш аломати зоҳир эди. У бир дам ўйга ботиб турди-да, секин пичирлади:
– Ҳозирнинг ўзидаёқ қўшин йўлга отлансин. Ёғийлар муносиб жазолонсунлар. Ўғлим тирикми, ўликми топилсин.
Назарида фармонини қўшинга етказишга жавобгар товачи суст ҳаракат қилаётгандек туюлди. Бир ҳаракат билан ўрнидан иргиъб турди-ю, ғазаб билан бақирди:
– Бўғозмисан, онағар. Агар яна шундай пайсалласанг қорнингни ёриб, қонингни оқизганим бўлсин.
Пак-пакана, қориндор товачи хиргоҳдан ўқдай отилиб чиқди. “Худо бир асради, худо бир асради!” деган ўй чопиб бораётган товачининг миясини кемирарди.
Дам ўтмай темир тоғ эриб, улкан оқинга айланди ва кечагина ўтилган, ҳали чанг-тўзони босилмаган йўллардан илондек буралиб оқа бошлади. Энди бу қўшиннинг шиддати яна ҳам жадал , навкарлар дилида қасос ўти ёнар, отлар қамчи зарбидан аламзада йўртиб борар эдилар. Темир оқим бир неча кундан сўнг душман қўлига ўтган қалъани уч томондан ўраб олди. Тўртинчи томонда эса юксак қорли тоғлардан тушиб ҳали қўлга ўргатилмаган беасов тойдек ҳаприқиб, гувиллаб улкан дарё оқиб турарди. Агар ўша тоғлар томонда пода ўтлатиб юрган ўша афғон чўпони ҳозир қалъа томонга кўз ташлай олганида эди, улкан биёбон қаърида туғилган номаълум симобранг дарё улкан қояга – қалъага урилиб иккига бўлиниб асрлар давомида оқиб турган ўзларига таниш дарёга қўшилаётганига кўзлари тушарди.Агар улар эртаси ҳам ўша томонга қараганларида эди, кечаги бирдан пайдо бўлган симобранг дарё йўқлигини, улкан қоя атрофида эса улкан қўл пайдо бўлиб қолганини кўрган бўлардилар. Бу кўл кечаси оло
в комига айланиб, ундан таралган ёғду юксак тоғларнинг қорли чўққиларига урилиб, уларни нимқизил рангга бўялди. Бу қалъадан йироқ-йироқлардаги қишлоқларда ва чаҳарлар аҳолиси олислардан келаётган ер зириллашига ваҳима билан қулоқ солишар, аллақандай номаълум, шу сабабдан қўрқинчли ҳалокатлардан дарак берувчи ғаройиб манзарага – юксак тоғ чўққиларининг қори алвон рангга бўялиб товланишини кўриб даҳшатга тушардилар.
Энг қўрқинчлиси, номаълумлик эди. Номаълумлик уларни ўзлари асрлар давомида яшаган масканларини, молу мулкларини ташлаб ғарқ пишиб ётган тутлар ҳиди анқиб турган чорбоғлар оралаб ўтган йўллар орқали бу ваҳимадан бехабар ва алдамчи фароғат оғушида ухлаётган ўлкаларга кетишга, бу номаълумликдан ёш келинчакларнинг кўксида сути қуриб, ҳали киндик яраси битмаган чақалоқлар йиғиси оталарни ярим кечалари туриб олисда тобора қизилашиб товланаётган тоғларга нотинчлик билан узоқ боқишга мажбур қиларди. Ер зириллаши тўхтагани билан уларнинг юрагидаги зириллаш баттар авж оларди. Улар ўша туни билан нимқизил рангда товланган тоғлар томондан бирор бир хабар келармикан дея илонизли йўлларга интиқ боқиб кутишар; аммо номоз пайтидаги кентлар кўчасидек бу қадимий йўлларда бирор кишининг қораси кўринмасди. Номаълумлик томонга қараб бориб, у ёқдан бирор гап олиб келишга ҳеч ким журъат қилолмасди. Ундан кўра улар кенг даштда душман лашкари билан юзма-юз туриб жанг қилишг
а рози эдилар. Аммо душман ўша номаълум томонда эди.
Ўша номаълумлик тарафда, кечалари нимқизил рангда товланган тоғлар томондан оқиб тушган дарё ёқасидаги қалъани Амир Темур қўшини исканжага олган эди. Соҳибқирон қалъанинг шарқий дарвозаси рўпарасида саркоб тиклашни буюрди. У қалъага таслим бўлишни талаб қилиб нишон жўнатмади. У саркўб тикланишини ва шарқ томондан оқиб келаётган темир оқимни мана шу саркоб пойида йиғилишини ҳам кутиб ўтирмади. Ўртада беомон жанг бошланди. Амир Темур ҳам худонинг бир бандаси каби, олисдаги қишлоқларда яшаган фуқароларга ўхшаб номаълумликдан қўрқарди. Аммо у номаълумлик қаршисида қўл қовуштириб ўтиришни ёқтирмасди. У ҳар қандай жумбоқ ечилгандан кейингина юрагида фароғат топажагини яхши билар; бу жумбоқ, бу номаълумлик – фарзанднинг қисмати уни қийнаган сайин, у мана шу номаълумликни йўқ этувчи қуроли – қўшинларини жангга солди. Кўзларида ҳам қасос олови, ҳам ўғил ташвиши баравар акс этган Амир Темур тундаям аскарларига дам бермади. Ҳар ер-ҳар ерда ёқиб қўйилган гулханл
ар ёруғида қалъанинг тўрт дарвозаси ёнида беомон жанг давом этди. Юган-сувлоқларини чайнаб, оғзи кўпикланган безовта отларнинг қўрқинчли кишнаши, курагига ботган ёй ўқи оғришидан дунёни бузиб бақираётган жангчилар , палахмонлар отган тошлар гурсиллаб деворларга, дарвозаларга урилишидан таралган бўғиқ товушлар, гуруҳ-гуруҳ жангчилар гоҳ олдинга, гоҳ орқага чопганларида зилзила пайтидагидек ернинг силкинишлари орасида аллақачонлар тикланган саркўб устидаги хиргоҳ ёнида турган Соҳибқироннинг: «Босинг! Босинг!» деган ҳайқириги!..
Жанг авжига чиққан ярим тунда тиним билмай йўл босиб, кела солиб жанг бошлаган ҳукмдор кўзининг бир зумгагина юмилганини билмай қолди. Шу бир зум ичида у туч кўрди.
Осмону фалакдан қуюлган кумиш шуъла оғушида бир аёл беланчак тебретарди. Беланчак иплари қаерга осилгани билинмасди. У аёлни таниди – у Тегина Моҳимбегим, онаси эди. Аммо бешикда ўғли ётарди… “Ота – деди ўғли жилмайиб, – Ота…” Бирдан ўғлининг товушини эшитди. “Онажон!…”
У бирдан уйғониб кетди-ю, саркўб пойида ётган ярадор жангчилардан бирининг бўғзидан чиққан ўлим олди ноласи уни уйғотиб юборганини билмади. “Ўғлим!” – шивирлади бирдан дили ёниб ўзидан-ўзи. Соҳибқирон кўзидан сихиб чиққан бир томчи ёшда гулхан ёруғи акс этгандек бўлди. У ўша заҳоти кўзларини енги билан артиб, ҳеч ким сезмадими, дегандек атрофига назар ташлади. Ҳамманинг хаёли жанг майдонида эди. Фақат унинг ҳамма юришларида қатнашган қари мунажжим осмонга безовта тикиларди. Қария Соҳибқироннинг ўзига тикилганини сезиб, ўгирилди. Амир Темур мунажжимни ёнига чорлаб, безовталиги сабабини суриштирмоқчи бўлди. Аммо хаёли бўлинди. Аскарлари саркўб қаршисидаги дарвозага ўт қўйган эдилар. Қорамой сепилган улкан нақшкор дарвоза ўтга маҳтал тургандек ловиллаб ёна бошлаганди. Олов пастдан тепага жадал ўрлаб, дарвоза устунларига урилиб уларни қорартирарди.
Аммо тўсатдан ҳаво бузилиб, кучли шамол қўзғалди, бир-икки тончи томгандек бўлди. Шуни ўзи кифоя бўлди-ю, гулханлар ўчди, ёнаётган дарвоза ҳам омон қолди. Бироқ, бу жанг шиддатини сусайтирмади, муҳосара кучайгандан кучаяр, ҳар икки томон бир-бирини аяшни хаёлига ҳам келтирмасди.
Жанг авжига чиққан сайин Амир Темурнинг ғазаби кучаяр, атрофида турган номбардорлар соҳиби тахтнинг қаҳрини кўриб, нафасларини ичларига ютган ҳолда сукут сақлашарди. Фақат қалъа тарафдан келаётган сурон бу сукутни эшитишга йўл қўймасди. Темир оқим қалъа деворларига бўрон пайтида қутурган денгиз тўлқинларидек бориб урилар – сада кетидан ҳазора, ҳазора кетидан қўшин келарди. Манжаниқлару аррадалар қалъа деворларини бузиш учун тинмай ишлар, чўмоқлару харбаларнинг бир-бирига урилгандаги жаранглар тўхтамасди.
Тонг яқинлашиб, атроф ёриша бошлаган ғира-шираликда Амир Темур амри билан ясовулбоши қодирандозларни ишга солди, уларнинг ёйдан бехато ўқ узишлари туфайли шаҳрбанд устидагилар тутдек тўкилдилар.
Охири сабри тугаган Соҳибқирон хиргоҳ айвонидаги ўрнини тарк этиб, бу ҳолдан ваҳима тушган қурчилар ўровида пастга – қалъага яқинроқ боришга, бу билан аскарлари руҳини кўтаришга қарор қилди. У шиддат билан саркўбдан тушиб бораркан. Захира ортилган араваларнинг бирининг ёнида ўчиб қолган, аммо дарё томондан эсаётган салқин шамолдан қип-қизариб товланган гулхан чўғларига қўлларини тоблаб, исиниб турган бир чолга кўзи тушди. У чолни сезмай ўтиши мумкин эди. Аммо шунча шовқин-сурон орасида чолнинг минғирлаб куйлаган қўшиғи нохосдан унинг диққатини тортди:

Вой, ўғлима, вой ўғлим,
Йигитларнинг нобуди.
Кўтарилмай қолди-я,
Ўғилгинам тобути.

Моймананинг йигити,
Оёғида бор-бути.
Қўлдан қўлга ўтмади
Ўғилгинам тобути.

Қора ерда ётарсан,
Кимса билмас аслингни,
Дўстларингни хор этдинг,
Ким олади қасдингни.

Вой, ўғлима, вой, ўғлим,
Йигитларнинг нобуди.
Қўлдан-қўлга ўтмади
Ўғилгинам тобути…

Амир Темур чолни таниди. У қалъани дастлабки қўлга олганда, ўз соҳиби, ўз сафдошларига хиёнат қилганлиги туфайли ўлимга буюрилган қалъа жийбахонаси бошлиғи бўлмиш йигитнинг отаси эди.
Ўшандаям жанг жуда даҳшатли бўлган бўлса-да, бугунгичалик бўлмаганди. Унда мухолифлар ўзаро илк марта тўқнашаётганлари учун ҳали бир-бирларидан қўрқишмас, дилларда фақат: «Кимнинг қўли баланд келаркан?» деган ҳадик бор эди, холос.Аммо қиличлар бир-бирига урилган илк дафъадаёқ бу ҳадик ўртадан йўқолиб, йнинг ўрнини ёғийга нисбатан ғазаб ва нафрат эгаллаган эди. Тонгга яқин бошланган жанг кечгача давом этди ва эртаси куни қуёш энди қизариб чиқа бошлаган маҳалда чол ўғли – жийбахона бошлиғи хиёнати туфайли Турон ҳукмдорининг ғалабаси билан тугади. Аммо ғалаба унга татимади. Юборилган нишонидаги талабига бўйсуниш ўрнига қаршилик кўрсатган қалъа кутволи билан унга қалъа дарвозасини очиб берган жийбахона бошлиғини қатл эттирди. Енгилган қўшин аскарларини эса қатл майдонига олиб келиб, ўз бошлиқларининг шармандали ўлимини кўришга мажбур этди. Қатлдан сўнг бу аскарларни озод қилиб қўйиб юборди.
Қатл бошланиши олдидан асир аскарлар турган томондан дод-фарёд эшитилди. Амир Темур сукутни бузган бу ёқинсиз бақир-чақирни эшитиб, “Нима гап?” дегандек қурчилар бошлиғига ўқрайди. Ҳукмдорнинг норозилигини пайқаган қурчилар бошлиғи, девдек келбатига ярашмаган чаққонлик билан пастга отилди. Унинг шундай оғир гавдаси билан чаққон ҳаракати ўртасида боғлиқлик тополмаган ҳукмдор шовқин чиққан томонга тикилди. У мағлуб ёғий аскарлари ичидан қурчилар судраб олиб чиққан чолни кўрди. Чол икки қўлини омбирдек қисиб, майдон четига судраган қурчиарга дастлаб қаршилик кўрсатишга уринди-ю, аммо дам ўтмай, нафаси ўчиб, қўл-оёғи мажолсиз шалвираб тушди.
“У ким?” – деб сўради Амир Темур қурчилар бошлиғи қайтиб, ўз ўрнини эгаллагач. “Жийбахона бошлиғининг отаси экан”, – деди қурчибоши. Соҳибқирон биринчи марта кунда олдида қўли боғлиқ турган, қалъани хиёнат туфайли унга олиб берган жийбахона бошлиғига тикилди. У ўғли тенги йигит эди.
Худди ўша лаҳза товачининг ишораси билан қатл бошланганидан хабар бериб ноғораларнинг гумбир-гумбири бошланди. Майдон ўртасидаги кунда қўйилган супада қўққайиб турган жаллод қиблага қараб тиловат ўгирди. Ботаётган қуёшда унинг юзи қип-қизил тусда товланарди. Тиловатни тугатган жаллод ўрнидан турди ва кундага биринчи бўлиб кутвол бошини қўйди. Аммо кутвол бошини кундадан олиб, яна қад тиклашга уринди. Муштумининг зарби билан буқани ўлдиришга қодир забардаст жаллод бир силташ билан яна унинг гавдасини букиб бошини кундага қўйди, со нг юксакдаги хигоҳ пешайвонидаги тахтда ичкилару номбардорлар қуршовида турган ҳукмдорга тикилди. Аниқроғи, тикилгандек бўлди, зеро жаллод бошини кўтарди-ю, ўз соҳибига тик боқишга журъат қилолмади. Унинг қўлидаги ойболта ҳам қонга бўялмаган, аммо ғуруб шуъласи тушиб қип-қизариб товланарди.
Энди буёғи фақат Соҳибқироннинг иродасига, унинг ғазаби ёки раҳм-шафқатига боғлиқ эди. Аммо дунёнинг тўрт тарафининг зир-зир титратган, Ғарбу Шарқ ҳукмдорларига ўзининг марҳаматини аямай, уларни фарзанди қаторига қўйиб, «ўғилларим» деб мурожаат қилишга кўниккан жаҳонгир бу лаҳза нималар ҳақида ўйлаётганини ҳеч ким билмасди.
Кутвол ҳам, жийбахона бошлиғи ҳам ўғли тенги йигитлар эди. Аммо кутвол мардоналик билан қалъани сақлашга уринган бўлса, жийбахона бошлиғи хиёнат билан уни мухолифга очиб бергани улар ўртасида бир улуғ жар ҳосил қилганини ўйлаган Соҳибқирон дунёнинг ғалати ишларини англашга уринаррди. Мана, деярли тенгдош йигитлар. Балки улар бир кўчада ўйнаб улғайишган жўралардир, балки қилич чопқилашни бирга машқ қилишган сабоқдошлардир. Аммо улар ҳозир бир-бирига душман. Кутвол ўзини мағрур тутар, ўзини душманга сотган жийбахоначиига қайрилиб ҳам қарамасди. Жийбахоначи бўлса, аллақачонлар тириклик нишонасини билдирмай мункайиб ётарди. Ўз қилмишини англаб пушаймон бўлганидан ажални аллақачонлар бўйнига олганиданми ёки ўз хиёнати боис марҳамат кутиб, унинг ўрнида ўлим топаётгани туфайли қўрқувданми унинг девор рангига кирган башараси маъносиз, унда на ғазаб, на илтижо намоён эди.
Ҳукмдор ўлим олдида ҳам ўзини хўрлашларига қаршилик кўрсатаётган кутволга қараб, иккилангандек бўлди. Кейин бирдан сергак тортиб, ўғлига кўз қирини ташлади. У ўғлининг чеҳрасида ҳам иккиланиш аломатини сезди-ю, қарори қатъийлашди. “Иккиланиш, бу бўлажак мағлубиятдир” – деб ўйлади Амир Темур. Агар у ҳозир иккиланганини ўғлига билдириб қўйса, ўғли салтанат ва ҳарбнинг ҳар бир ишида иккиланиши мумкин. Бунга эса йўл қўйиб бўлмасди. Унда салтанатда ором, душманларда қўрқув, дўстларда садоқат, ўғлида собитлик қолмайди. Илло, подшоҳ бир тадбир қилишни олдиндан қасд қилдими, ҳар қандай шароит ва вазиятга қарамай, ўша ишда қаттиқ турмоғи, то битирмагунча ундан қўл тортмагани маъқул. Агар бугун у иккиланса эртага ўғли ҳам иккиланади, собитлиги синади, оқибатда мамлакат бўлинади. Иккиланган ҳукмдор барибир охир-оқибат адашади, сўнг уларга яқин турганлар ҳам адашадилар.
У бир пайтлар,энди салтанат изми илгига ўтган кунларда пири йўллаган мактубдаги муборак сўзларни эслади: «Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди». Хўш, ундан шафқат тилаш ўрнига ўлимни индамай кутаётган кутволни ўлдириш зулмми, зулм эмасми?! “Зулм!” – деб ўзига жавоб берди Соҳибқирон. Аммо яна шу нарса маълумки, кутвол ёш бўлишига қарамай, зулм йўлига ўтган. Соҳибқирон қон тўкилишига йўл қўймаслик ниятида ўз нишонини юбориб таслим бўлишни таклиф қилганида, бу талабга ризолик билдириш ҳақида маслаҳат солган икки-уч юзбошини машваратнинг ўзидаёқ чопиб ташлаган. Лаънати жийбахоначи, аллақачонлар кўнглида хиёнат фитнасини бошлаган жийбахона бошлиғи ҳам ўша юзбошиларга қилич пешлаган. Нодон кутвол хавф-хатарни унга оқилона маслаҳат берган юзбошилардан эмас, мана шу ёнида туриб қилич пешлаган жийбахоначидан кутиш кераклигини билмаган. Оқибатда ўртада жанг содир бўлди, неча юз аскар бекордан-бекор қурбон бўлди. Бу зулмми,
зулм эмасми?! “Зулм!” – деб ҳукм чиқарди буюк жаҳонгир. Қолаверса, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш мумкинми? У ҳолда яхшиликка нима билан жавоб қайтариш лозим. Йўқ, ёмонликка адолат, яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтармоқ керакдир. Аксинча бўлса, хатодир.
Амир Темур яна ўғлига кўз қирини ташлади. Унинг юзида ҳамон иккиланиш аломати зоҳирлигини сезди ва ўғли унга қайрилиб бир нима дейишга ҳозирланганини пайқаши билан кўзини олиб қочди. Йўқ, ўғли ҳозир нима демоқчилигини у эшитмаслиги керак. Зеро, ҳозирча бу икки иқлимни ичига олган чексиз ҳудудда ва шу ҳудуднинг марказига айланган ерда – у ўтирган маконда ҳар бир нарса, ҳар бир кимсанинг тақдири ёлғиз унинг иродасига, унинг қарорига боғлиқ. Шундай экан, кеча ёлғиз ўзи билган қарор, уни бошқаларнинг қулоғи эшитмаган бўлса-да, бугун амалга ошмоғи шарт.
Соҳибқирон юзида бир дақиқа пайдо бўлиб, ўша лаҳза ўчган маънони уққан товачи жаллодга “Бошла!” дегандек қўл силтади. Ўша лаҳза жаллоднинг қизил дамли ойболтаси кутвол боши устида ялт этди-ю, кесилган бош кундадан супага, супадан пастга думалаб кетди. Навбат жийбахона бошлиғига етди. Яна жаллод ойболтасини ерга тираб, бош эгиб изн кутди. Товачи ҳукмдор юзига тикилди. Аммо Амир Темур юзида ҳукм маъносини кўрмай, вужуди диққатга айланди.
Навбат жийбахона бошлиғига етди-ю, жаҳонгир дастлаб кутволни бошидан жудо этганига ўкинди. Аввал баттол хоинни ўлдириш керак эди. Илло, ўзини ёғийга сотган хиёнаткорнинг ўлимини кутвол кўриши керак эди. Жаҳонгирнинг бирдан ғазаби кўпчиб, товачига ўқрайди. Гап нимадалигини англолмаган бечора товачининг тиззалари бўшашиб, ранг-рўйи кўпикдек оқариб кетди. Ҳа, кутвол бу лаънатининг ўлимини кўриши шарт эди… Шарт эди… Нега аввал шу нарсани ўйламади. Бу каҳза ўз она юрти ҳифзида турган қалъани унга олиб берган жийбахона бошлиғи унинг назарида лунёдаги энг паст, энг манфур кимса эди.
Ўлимини кутиб юзтубан ётган жийбахоначининг танасига жон киргандек бўлди. Кутволнинг ўлиминидан сўнг тамом бўлган хоин ҳукмдор ўйга ботган вақтни пайсаллаш, деб Соҳибқирон уни фақат қўрқитиш учун кунда ёнига олиб келтирганлигига, аслида қилган иши учун албатта марҳамат топажагига ишона бошлаганди. У зўрға кўзларини очиб ҳукмдорга боқди. Мажол топиб ундан имдод тиламоқчи бўлди, аммо музлаб қолган лабларини қанчалик очишга уринмасин, очолмади, фақат қақраган, қонга тўлган бўғзидан нолага ўзшаш бир товуч чиқди. Кейин ҳукмдорнинг ўзига қаҳр билан нафратомуз қараб турганини аранг илғади-ю, мурда нуқси урган башарасини яна ерга босди.
Амир Темур ғазаб билан товачига бақирди:
– Мочағар, нимани кутяпсан, бошламайсанми?
Товачининг ишораси билан жаллод бир силташ билан жийбахона бошлиғининг мажолсиз гавдасини ердан кўтарди-да, икки букди ва бошини кунда устига қўйди. Ўша заҳоти маҳкумнинг оғзидан кўпик оқиб туша бошлади. Жийбахона бошлиғининг боши ҳам кундадан пастга думалаши билан ҳамманинг қулоғи кўникиб қолган оғир ва қўрқинчли сукунат оғушида майдон четида боғлиқ турган отлар ёнида чалқанча ётган чолнинг юрагидан отилиб чиққан мунгли фарёд янгради. Аммо бу фарёд эгасига ҳеч ким журъат этиб қарай олмади. Ёлғиз Амир Темур ўрнидан туриб, қатл майдонини тарк этаётган одамлар оша чолга узоқ тикилди. «Зулм!» – деб ўйлади яна у. Шу ўй онгида ялт этган заҳотиёқ, шарт орқасига ўгирилди. Ўшандан буён чолни учратмаган эди…
Сўниб бораётган гулхан чўғларини қўлидаги шох билан титаётган чолга кўз ташлаб, бир лаҳзагина тўхтаб қолган соҳибқирон қадамини тезлаштирди. Ортидан чолнинг қўшиғи етиб келарди:

Вой, ўғлима, вой ўғлим,
Йигитларнинг нобуди.
Қўлдан қўлга ўтмади
Ўғилгинам тобути…

“Чол эсдан оғган!” – деб ўйлади Амир Темур, аммо олдида дурбош кўтариб бораётган қурчи “Воҳ” – дея юзтубан йиқилганини кўрди-ю, ўша заҳоти чолни унутди. Қалъа томондан учиб келган тўқмор учи қурчининг кўксини течиб, курагидан чиқиб турарди. Жаҳонгирнинг хавфсизлиги учун жавобгар ичкилар тезда уни туралар бикан тўсиб олишди.
Туни билан давом этган жанг тонг ёришгач, баттар авж олди. Кечаси қўзғалган шамол ва бир-икки томчилаб ўтган ёмғир тиниб, осмон шундаям ярқирар эдики, бамисоли артилган шишадек беғубор эди. Осмонда бир ҳовуч булут гам кўринмасди. Ёз қуёши шундай меҳр билан одамларга, чеҳкакларга , дала-ю даштларга, юксак тоғларга ўз нурини сочардики, бўлаётган воқеалар ўнгда эмас, тушда кўринаётгандек туюларди. Аммо ҳар икки тарафнинг жангчилари буни сезишмас, уларнинг кўзи бир-бирларидан узилмас, қўлларидаги қиличу зулинлар товуши, кўларидаги ғазаб, дилларидаги қаҳр ғубори ҳам осмонни, ҳам қуёшни тўсиб олган эди. Толиққан отларнинг ҳам, одамларнинг ҳам ўнги тушга айланган. Улар бутун дунёни унутган, гўё ёлғиз ўлимгина уларга ҳордиқ олиш учун имкон берадигандек.Туни билан совутлар ва дубулғалар акс этган ой нури сўниб, қуёшдан тушган шуур қип-қизариб оқаётган дарёда товлана бошлади. Унинг сувига қон қўшилди. У қалъа турган қоядан оқиб тушиб, олис тоғлар
тарафдан далаларни яшнатиш, одамлар, гуллар, булбуллар чанқоғини қондириш учун оқиб тушаётган дарёга бориб қуйилар, кўм-кўк дарё бир-икки фарсанг давомида бу қонни ҳазм этолмай қийналар… ва охири қон рангини ичига ютиб, яна ўзининг азалий йўлидан олға талпинарди.
Ўлим топган жангчилар қийналмай жон беришар, ўлим уларга фароғатли уйқу бўлиб туюлар, улар «ўлаяпман»деб эмас, «уйқу босяпти», – деган хаёлда кўз юмишарди. Очиқ қолган кўзларда тип-тиниқ осмон билан баб-баравар кўпик сочаётган отлар, қилич пешлаган суворийлар, ҳар икки томондан учиб келаётган новаклару найзалар акс этарди. Бу уруш чизган сурат эди.
Тонгдан ўтиб қалъадагиларнинг заифлашгани сезилди. Зеро, улар ўзлари учун ўлимдан бошқа йўл йўқлигини англаб, матонат билан жанг қилишар, бироқ, эриган Темур тоғи оқими шиддат билан тўхташни билмай, қалъа деворларига урилар, ҳар урилганда яна ҳам баландлашарди. Охири бу оқим деворлардан ошиб, қалъа ичини тўлдирди.
Жанг тугади. Амир Темурга душман қўшинлари бутунлай тор-мор қилинганини айтишди. Соҳибқирон бу хабарни эшитар экан, бошқа нарсани ўйларди. У беноқат эди. У ўзи кутган гапни эшитишни интиқ кутар, аммо ўзи очиқдан-очиқ сўрашга юраги бетламасди. “Демак, ўғлим…” Амир Темур кўкси зирқираб оғриди. У қурчилар бошлиғига тикилиб: “Ўғлимни топинг!” деб буюрди. Аммо қидиришлар бекор кетди. Ўғлининг на тириги, на ўлиги топилди. Амир Темур бу ҳақда хабар берган яқинларига дарғазаб тикилар, уларни қайта-қайта қидиришга мажбур қиларди.
Жаҳонгир ўғлини жасур ва ўктам қилиб тарбиялаган эди. Қилич тутган қўли бақувват бўлсин деб кеча-кундуз машқ қилдирди, юраги қўрқувни билмасин деб шер юрагини едирди, фаросатли бўлсин деб китобга ошна қилди. Йигирмага чиққан о«г»ли о н йиллаб соҳибқирон юришларида қатнашган, қилич чопқилашда чиниққан тажрибали жангчилар – баҳодирлар билан бир сафда туриш ҳуқуқига эга бўлди.
Амир Темур ичида фарзандини қанчалик суймасин, ҳалигача унинг бошини силаб эркаламаган. Эркалаш дилни бузади деб ҳисобларди. Ўғли ҳам шу пайтгача отасига бирор марта кулиб боқмаган, ҳамиша кўзларида олов чақнаб турарди. Бу олов ўша жанг кўрган баҳодирлар кўзларидаги оловдек совуқ порламасди. Бу олов ўтли ва ёш эди. Наҳотки шундай ўғли душман қўлида хор бўлган бўлса? Наҳотки?! Йўқ, у ўзини хор қилишларига йўл қўймайди. У ёғий қўлида хор бўлишдан ўлимни афзал кўрадиган йигит. Зеро у ўғлини қалъада қолдириб кетар экан, хайрлашиш олдидан, шундай деганди: “Салтанатга даъвогарчилик қилган ҳар бир киши салтанат шаъни ва мартабасига лойиқ иш тутиши зарур. Мудом ёдингда бўлсинким, бу йўлда жангга кириб ё зафар қучиб ғолиб бўлғайсан, ё ўлдирилғайсан. Ўлимини бўйнига олган кишигина бу йўлдан юрмоғи мумкин”.
Амир Темур раҳматли отаси, барлосларнинг улуғ амирларидан бири бўлмиш Муҳаммад Тарағай уни қандай тарбиялаган бўлса ўғлини ўша руҳда: бешафқатлик, мардлик ва фаросатлик, фақат шундан кейингина оқибатлик руҳида вояга етказди. Оқибат Оқибат, отасининг назарида, ёлғиз меҳр-шафқатдан, шу билан бирга диловарлигу қаттиққўлликдан туғилмоғи даркор. У оқибатнинг инкори бўлмиш хиёнатни ёмон кўрарди. Қўрқоқликни кечирса кечирар. Аммо хиёнатчига раҳмдиллик қилишни ўйламас, ҳатто бундай қилишни гуноҳ деб биларди. Агар Амир Темур дунёнинг тўрт томонидаги энг бой ўлкаларни забт этиб, уларнинг подшоҳларини ўзига тобе этган бўлса, бу шарафга шу диловарлиги ва оқибатдорлиги, хиёнатга йўл қўймагани сабабли эришди.
Амир Темур ўғлида уч ҳислат мужассам бўлишини истарди. Энг аввало, инсонпарварлик, сўнг тежамкорлик ва ниҳойзт босиқлик. Инсонпарвар одамгина довюрак бўлмоғи мумкин. Тежамкор бўлган одамгина сахий бўлиши мумкин. Босиқ одамгина ҳукмдор бўлиши мумкин. Кимки жасур бўлса-ю, инсонпарвар бўлмаса, тежамкор бўлмаса-ю, сахийлик қилса, доно бўлса-ю босиқлик қилмаса, ундай одам ўзи бош-қош ишнийзм, ўзиниям ҳалок этади. Кимки, душмани билан олишгандаям инсонпарварликни унутмаса, у албатта енгади. Аллоҳ таоло ҳамиша унга мадад беради, инсонпарварлик унга паноҳ бўлади.
У ўғлига мамлакат адолат, уруш эса диловарлик ва айёрлик билан бошқарилишини, мамлакатда таъқиқ қанча кўп бўлса, авом шунча қашшоқланиши мамкинлиги, илло эркинлик ва адолат бўлса авом, демак мамлакат бой бўлишини, қонун ва буйруқлар қанчалик кўпайса, адолатсизлик, ўғрилик ва бебочлик шунчалар кўпайиши мумкинлигини уқтирди. “Ўғлим, – деб айтарди раҳматлик отаси, – узоқни кўролмаган ҳукмдор яқинидаги балоларга гирифтор бўлади. Аммо яқинни кўриб иш тутган ҳукмдор ҳам хато йўлдадир”. Амир Темур отасининг бу гапини ўғлига айтар экан, ўзидан қўшиб ушбуни уқтирган эди: Подшоҳлар ҳулқи бамисоли шамол, авомники майсадир. Шамол қай тарафга эсса, майса ҳам ўша томонга эгилади. Аммо подшоҳ ҳеч қачон ўз қудратининг асоси мана сжу авом эканини унутмаслиги керак.
Амир Темур тутаб ёнаётган, вайрона қалъага кирмай дарёга яқин ялангликда чодир тиктирди. Соҳибқирон ўзининг оддиқ жангчилари либосидан деярли фарқ қилмайдиган жанговар либосида, Дамашқни олганда қўлга киритган олтин чироқдан осилган шоҳчодирда кундуз бўркли бошини эгган кўйи ўғлидан дарак кутарди. У камдан-кам ёлғиз қолар, шу боисдан ҳар гал шу аҳволга тушганда дилини аллақандай англаб бўлмас оғриқ қиса бошларди. Ҳозир ҳам шу оғриқ уйғонди-ю, соҳибқирон чуқур оҳ тортди. У оғриқ сабабинии билмас, бу эса оғриқни йўқотиш чорасини топишга имкон бермасди. Туни билан кечган жанг туфайли уйқудан, ҳордиқдан қолган жаҳонгир онгида қуюқ ва ҳорғин бир зулмат пайдо бўлган, оғриқ эса мана чу зулумот ичида ёниб турган чироқдек пирпираб, гоҳ товланиб турарди. Тўсатдан ташқарида шовқин-сурон кўтарилди-ю, сергак тортди. Аммо ўзини тутиб, бу шовқин-суронлардан хаёлан узоқлашиш учун кўзини юмди. Ўча заҳоти кечаги туши ўнгида ялт этиб намоён бўлди. Кумуш шуъла
оғушида беланчак чайқаларди. Бу сафар онаси йўқ эди. Беланчак ҳам бўм-бўш эди. “Оғлим, ўғлоним…” – дея пичирлади Амир Темур. Аммо ташқаридаги шовқин тобора унга яқинлашиб келар, ортиқ ундан қочиб бўлмасди…
Шу пайт шошилиб ичларига номбардорлардан бири кирди. Унинг юзида қўрқув бор эди. У гапни қандай бошлаҳни билмай Соҳибқирон қаршишига келиб. Тиз чўкди. Амир Темур нега номбардорлару амирлар ҳар галгидек расм-русмга биноан ўз муносабатларидан келиб чиққан тартибда кириб келмаганлари ҳақида ўйлади-ю, ҳузуридаги номбардор кўпчилик айтишга қўрққан гапни унга етказишни бўйнига олиб кирганини англади.
– Сўйла, – деди соҳибқирон.
– Онҳазрат, – деди номбардор, – бир қошиқ қонимдан кечсангиз…
– Кечдим, сўйла, – деди Амир Темур.
– Онҳазрат, ўғлингизнинг на тириги, на ўлиги топилди. Қалъани элакдан ўтказдик, аммо… – номбардор жим қилди. Ўртада жимлик чўкди. Бу жимлик чўзилган сайин номбардорнинг қоўрқуви ошиб борар, бу қўрқув юрагидан қон томирлари орқали вужудига тарқалиб, аъзои-баданини шол этгандай бўларди.
– Шовқин-суроннинг сабаби недир? – деди бошини кўтармай Амир Темур.
– Қўрқув дарёсига чўкиб бораётган номбардор бирдан ҳушёр тортиб, бор иродасини йиғиб, тақдир инъом қилган хасга ёпишди:
– Қатл этилган жийбахона бошлиғининг отаси сизнинг ҳузурингизга кираман деб шовқин кўтарди. Қурчилар уни қўл-оёғини боғлаб, дарёга ташламоқчи бўлдилару бу ишни ихтиёрингизсиз қилишга журъат тополмай тўхтадилар.
“Мана ким ўғлимга нима бўганини менга айтиб беради?”- деган ногаҳоний ўйдан ўрнидан туриб кетган Амир Темурнинг важоҳатини кўриб номбардор ҳаёт билан видолашиш муддати етганини тушунди. Аммо Соҳибқирон унга яқинлашиб, ёқасидан ушлаб даст кўтарди-ю, қаҳрли кўзларини тикиб, бақирди:
– Тезроқ чолни ҳузуримга олиб киринг! Боягина қўрқувдан қўл-оёғи бўшашган номбардор ҳукмдор ёқасини бўшатиши билан шоҳчодирдан ўқдай отилиб чиқди. Зум ўтмай, чолни олиб кирдилар. Чол ҳозиргина арқон сиқувидан бўшаган қўлларини уқалаб, қаршисида ўтирган Соҳибқиронга, кўзларини яширмай, очиқдан-очиқ разм соларди. Улар бир-бирига узоқ тикилдилар. Аллақачон ўз ўринларини эгаллаган номбардорлару амирлар “бу ёғи нима бўларкин?” дегандай воқеалар давомини кутардилар.
– Сўйла, кимсан? – деб биринчи оғиз очди ниҳоят Амир Темур.
– Бандаман, – деди чол унга тик боққанча.
– Кимнинг бандаси? – деб сўради яна Амир Темур.
– Ҳукмдоримнинг, – деди чол.
– Ҳукмдоринг ким?
– Аллоҳ таоло! – деди чол.
Амир Темур чолнинг жавобига ичида таҳсин ўқиди. Бир лаҳзалик бу савол-жавоб
уни анча тинчлантирган эди.
– Эй Аллоҳ бандаси, – дея гап бошлади яна Амир Темур, – менинг кимлигимни биласанми?
– Биламан. Сен ҳам Аллоҳ бандасисан! – деди чол.
– Иншоолло, худонинг бандаси Амир Темурман, – деди Соҳибқирон.
– Амир Темурлигингни яхши биламан. Атрофдагиларнинг бутун вужуди қулоққа айланиб, ҳукмдор билан чол мусоҳабасини тинглашарди.
– Аллоҳниинг мўжизаси, Худованди каримнинг марҳаматига эришган Амир Темурман, – деди соҳибқирон ҳар бир сўзига алоҳида урғу бериб.
– Ҳар бир банданинг дунёга келишининг ўзи Аллоҳ мўжизаси, Худованди каримнинг марҳаматидир, – деди чол.
Амир Темур «рост айтдинг» дегандек бош силкиб, чолнинг сўзини маъқуллади. Аммо ўша заҳоти ёдига ўғли тушди-ю, лаблари маҳкам қисилди.
– Ўғлимга нима бўлганини биласанми? – деб секин сўради Соҳибқирон. Аммо унинг овозини сукунат қучган шоҳчодирда ўтирган ҳамма эшитди.
– Кеча қалъада бир йигитни қатл этдилар. Унинг кўз-қоши сеникига ўхшарди. Ўша йигит ўғлингви? – деди чол саволга савол билан.
– Сен айтган йигит ўғлимми, ўғлим эмасми, мен ҳали билмайман. У тирикми, ўликми, бундан ҳам бехабарман, – деди Амир Темур.
– Йигит тахминан йигирма ёшда эди, – деди чол.
– Ҳа, ўғлим йигирмага чиққан эди, – деди Соҳибқирон.
– Уни сенинг келишинг арафасида тонгда қатл этишди, – деди чол.
– Ўша йигитни қандай ўлдиришди, сўйлаб бер, – деди Амир Темур.
– Уни қалъа ўртасидаги майдонда қатл этишди. Ўша сен менинг ўғлимни қатл этган супада… – Чол бу гапни айтиб тўхтади. Амир Темур бирдан ёлғизликда қийнаб, кўпчилик орасида уни тарк этадиган оғриқ яна дилида уйғонганини сезди. Бу сафар оғриқ ҳар  сафаргидан кучлиоқ эди. У бор иродасини тўплаб, дилидаги азоб юзида зоҳир бўлмаслик йўлини тутди. Чолдан бошқа бирор киши жаҳонни қўрқувда тутган инсон дилида қандай азоб уйғонганлигини сезмади.
-Тонг маҳали эди, – деб ниҳоят гапини давом этди чол. – Машриқдан чиққан қуёш чарақлаб турса-да, ҳали мағриб томондаги ой ботиб улгурмаган эди.
– Уни қандай ўлдирдилар? – дея тоқатсизланди Амир Темур.
– Аввал ўнг қўлини елкаси оша чопдилар…
– Инградими? – деб сўради Амир Темур.
– Йўқ, оҳ деган товуш ҳам чиқармади.
– Менинг ўғлим экан! Деди ҳаяжонланган Амир Темур.
– Кейин…кейин чап қўлини чопдиар, – деди чол.
– Инградими?
– Йўқ, миқ этмай чидади.
– Менинг ўғлим экан! – деди Амир Темур.
– Сўнг йигитнинг ўнг оёғини чопдилар, – деди чол, ўша даҳшатли қатл манзарасини кўз ўнгига келтириш ниятида кўзини юмганча.
– Инградими?
– Йўқ. Чидади, кўзудан бир томчи ёш, бўғзидан бир ун ҳам чиқмади.
– Менинг ўғлим экан у! – деди Амир Темур.
– Кейин бечоранинг чап оёғини чопдилар, – деб ҳикоясини давом этди чол ҳамон кўзини очмай.
– Инградими? – деб сўради соҳибқирон.
– Йўқ инграмади.
– Менинг ўғлим экан ўша йигит! Менинг ўғлим! – деди Амир Темур кўзидаги алам ўрнини ғурур эгаллаб. – Кейинчи, кейин?..
– Кейинми?.. – деди чол маҳзун кўзларини очиб, соҳибқиронга тикилар экан, – кейин йигитнинг кўксини тарс ёрдилар-да, юрагини узиб олдилар!
– Инградими? – деди Амир Темур.
– Йўқ, инграмади. Фақат… – чолнинг товуши ҳаяжондан бўғилгандек бўлди. – Фақат юрагини узиб олганлари билан, «Оҳ!» деб юборди, – чол кўзларидан оққан ёшларни гулхан қорайтирган енги билан артар экан.
– Йўқ, у менинг ўғлим эмас экан! – деб юборди чолнинг сўнгги сўзини эшитиб ўрнидан туриб кетган Амир Темур.
Даврадагилар Соҳибқирон сўзини эшитиб, бир қалқиб кетдилар. Амир Темур уларнинг ҳар бирининг кўзига тикилмоқчи бўлгандек, даврадагиларга бир бошдан тикилди ва ўзига боқиб турган чолга навбат етганда яна такроркади:
– Йўқ, у йигит менинг ўғлим эмас! – Шу гапни айтиши билан соҳибқироннинг кўз ўнгини бир зум кумуш ёғду тўсди. Кумуш ёғду аро чайқалган беланчакни кўрди. Бироқ, беланчак бўм-бўш эди. “Ўғлим!” – дея товушсиз ўртанди жаҳонгир…
Соҳибқирон қалъани бузиб ташлашни , чолга бўлса нима тиласа ўшани бериб, ўзи хоҳлаган манзилига етказиб қўйишни буюрди. Ўша заҳоти унинг амри бажо келтирилди. Темир тоғи эриб, яна қалъа томонга оқди ва бир пасда қалъадан ном-нишон қолмади. Эртаси куни бу симобий оқим дарё ёқалаб мағриб томонга оқди. Нимаълумликдан саросимада қолиб оромни унутган олисдаги шаҳару қишлоқлар бу темир оқим уларнинг қай бирлари томон бурилишини билмай, ваҳима билан кўтардилар. Номаълумлик сарҳади камайган сайин бу темир оқим уларга шунчалик яқинроқ келарди. Бу темир оқим четлаб ўтган қишлоқлару кентларда бир пасда талваса ўрнини фароғат, қўрқув ўрнини хотиржамлик эгалларди. Келинчаклар йиғиштирилган беланчакларини яна дарахтга илардилар, яна алла айтиб болаларини ухлатиб, далага ҳосил йиғиш билан овора эрлари учун овқат тайёрлашга уринишар, айрим уддабуронлари шу орада ўсма эзиб, қошларига суриш учун ҳам ват топардилар.
Чол эса Соҳибқирондан ҳеч нима сўрамади. У деворлари бузилиб, ер билан текисланган қалъа атрофини тарк этмади.Бир неча кундан сўнг Амир Темур тўсатдан чолни эслаб, суриштирди. Унга чолнинг қалъа ёнида қолганини айтдилар. Соҳибқирон қўшиндан бир гуруҳ ажратиб, чолни ўз ҳузурифа олиб келишларини буюрди. Гуруҳ бир неча кун йўл босиб, манзилга етиб келдилару чор-атрофни қидириб чолни тополмадилар. Жангчилар чол дарё соҳилида янги пайдо бўлган қабрда кўмилганидан бехабар эдилар. Уни кўмган подачилар эса шарқдаги тоғ қояларидан пастга олиб тушган подаларини ҳайдаб аллақачонлар олислаб кетган, улар чолнинг Амир Темур ва унинг ўғли ҳақидаги маҳзун ҳикоясини аллақачонлар афсона қилиб айтиб борардилар…
Афсона мана шу ерда якунланади.
Вассалом.
1990