Хуршид Даврон. Темурбек ва Cароймулкхоним

Кўзлар гаплашганда…

Қозонхон қаcрда ўтириб базми жамшид қилишдан от миниб овга чиқиш ёки душман устига бостириб бориб, қилич чопишни маъқул кўраркан. Аммо суюкли хотини унга қиз туғиб берган кундан бошлаб, бу одатларини ташлаб, кеча-кундуз қизалоғи билан овунишни, у билан машғул бўлишни ҳамма нарсадан устун қўядиган бўлибди ва у келажакда қизим бир сарой мулки бўлсин, деб фарзандига Сароймулкхоним деб исм қўйибди. Вақт Қозонхон навқирон чоғида йўлбарсга қарата узган камон ўқидек тез учиб, Сароймулкхоним ўн олтига тўлибди. Унинг ҳусни-жамолини кўрганнинг ҳуши бошидан учиб, тили калимага келмай қоларкан. Ўша давр шоирларидан бири: “Агар унинг ҳусн-жамолини таърифламоқчи бўлсак, cўз ожизлик қилиб, гуноҳга ботиш мумкин, зеро қизнинг латофатини таъ-рифлашга қодир сўзлар дунёда йўқдир”, — деб айтган экан. Ўн олти яшар соҳибжамол мағрур эди, ўзига-ўзи мафтун эди. Оёқларидаги кумуш ҳалқаларни жаранглатиб сарой боғида ўйнаб юрар, не-не юраклар бу кумуш ҳалқачалар товушини эшитиб ҳушидан айриларкан. Қозонхон суюкли қизининг бўй етганини кўриб, Миcр ва Форc, Шому Ироқ, Чину Мочин, Дашти Қипчоғу Сақлаб, Хуросону Ҳиндистон томонларга карвонлар йўллаб, энг ноёб дуру гавҳарлар, қимматбаҳо тақинчоқлар, хос либослар келтиришга амр этибди.
Зарбоф қаболар, заррин пешонабоғлар, ипак камзуллар, дур қадалган камарбандлар, садаф билан безатилган тилла ковушчалар, бахмал, белбурма кўйлаклар ортилган савдо карвонлари ошиқиб-тошиқиб Қозонхон манзилига кела бошлабди. Генуяликлар ва ўрислар, қора белбоғ боғлаган арманилар, пешоналарига хол қўндирган ҳиндлар, белларига чилвир боғлаган жуҳудлар Қозонхон қасрига биринчи бўлиб кириш учун елиб-югуришар, ўзаро ёқа бўғиб жанжаллашишар, аммо Қозонхон деярли ҳамма молларни сотиб олаётганини кўриб яна ҳамдард ва ҳамжиҳат бўлишарди.
Сароймулкхоним ўн олти ёшга тўлган куни хон қизига муносиб куёв излай бошлабди. Шу мақсадда қирқ бир мамлакатга чопар юбориб, шаҳзодаларни занжирcаройга чорлабди. Аммо келган шаҳзодаларнинг бирини қизи ёқтирмас, бошқасини ўзи ёқтирмай, ҳаммасини рад жавоб билан, ноумид қайтарибди.
Кунларнинг бирида, жасурлиги ва донолиги билан машҳур навқирон Темурбек унинг саройига кириб келибди. Бу ташрифдан хон беҳад кувониб кетибди. У қизига баҳоси бир шаҳар хирожига тенг шоҳона либослар кийдириб, бир вилоят хирожига тенг тақинчоқларни тақдириб Темурбек олдига олиб чиқибди. Темурбек қизга қараб «йўқ» дегандек бош чайқабди. Қозонхон «Темурбекка қизим ёқмади», — деб ўйлаб, хафа бўлибди. Лекин умид узмабди. Қизини мамлакатнинг бир йиллик хирожига тенг келадиган, ҳали кўз кўрмаган либосу зар-зеварга ўраб, яна навқирон йигитга рўпара қилибди. Темурбек яна «йўқ» дегандек бош чайқабди.
Тамом эсанкираб қолган Қозонхон хизматкорларига бор тақинчоқларни шу ернинг ўзига олиб келишни буюрибди, ўзи бўлса қизи таққан тақинчоқларни юлиб ола бошлабди. Сароймулкхоним бирпасда оддий оқ кўйлаги билангина қолибди. Шунда Темурбек «маъқул!» дегандек мамнун бош ирғабди. Қозонхон эса ҳайрон эмиш. Шунда навқирон Темурбек енгил бир таъзим қилибди-да:
— Хон, гўзалликка тақинчоқлар ярашмайди! — дебди.
Бу сўзлар маъносини англаган оқила қиз бошини кўтариб биринчи бор Темурбекка қарабди. Икки кўз суҳбати бошланибди. Қизнинг кўзи дебди: «Мен шу йигитни бир кўришда севиб қолдим. У қаерга борса, мен ҳам бирга кетаман. У кимни суйса, уни суяман, кимни ёмон кўрса, шуни ёмон кўраман. У қайғурса, қайғуриб, кулса, куламан. У мени қиличи билан ҳимоя этса, мен уни муҳаббатим билан асрайман».
Йигитнинг кўзи дебди: «Сен саҳро гулидек дилрабосан, ойжамол. Баҳор ёмғирлари ювган гул япроғидек юзларингда зарра доғ йўқ, оёқларингдаги кумуш ҳалқачалар товушини юрагим қўшиғига жўровоз қилай, ойжамол. Кўзларинг тубида жимирлаб турган чўғни оловга айлантирай, ойжамол. Сени тулпоримга миндириб олиб кетай, ойжамол».
Қизнинг кўзи дебди: «Сенинг тулпоринг — учқур, қиличинг — кескир, қалқонинг — ўқ ўтмас, юрагинг — очиқ, аммо отингни муҳаббатим қувиб етгай, қиличинг сенга боғланган кўнглим ипларини қирқолмас, ишқим ўқи совутингни тешиб ўтгай, юрагингга кирай, бегим. Унда неча баҳорлар садоси бўлса, меники бўлсин, неча қишларнинг совуғи бўлса, уларни иситай, неча кузларнинг ҳасрати бўлса, кўнглимга олай, неча ёзларнинг ташналиги бўлса, кўзёшларимни ичирай… Мени бу ердан олиб кет, бегим. Мен учун каломинг болдай ширин бўлсин, қўлингдаги тафт кўксимдаги қўрқувни эритсин, ҳадикни қувсин».
Йигитнинг кўзи дебди: «Сен саҳро ўртасидаги гулзорсан, ойжамол. Шу гулзор тиканлари меники. Кўзларинг бир жуфт чаросдек, лабларинг гул баргидек, қоматинг шамшоддек… Каломинг — тотли, рафторинг — латофатли. Оловлар ичида яшаган бир йигитман, бўронлар қўйнида адашган йўлчиман, дунёлар ичида яшаган митти зарраман. Энди сен олов бўл, бўрон бўл, дунё бўл, ойжамол».
Қизнинг кўзи дебди: «Сенинг товушингни эшитиб дунёга келгандайман. Сен ёқиб қўйган чироқни кўриб йўл топгандайман. Сен айтган сўзни излаб юргандайман… Товушингни эшитиб келдим, энди қандай кетай. Сен ёққан чироқни топдим, энди қайга кетай. Сен айтган сўзни эшитдим, сени қандоқ унутай, бегим?»
Кўзлар гаплашганда сўзлар ожиз қоладилар.
Кўзлар гаплашганда муҳаббат тилмочлик қилади.
Кўзлар гаплашганда дунёни сукунат босади.
Дил денгиз бўлса, кўз шу денгизнинг сувини ёруғ дунёга инъом этаётган чашмадир.
Кўзлар сўзлашганда, улар дилларни ҳам осмонга кўтариб учадилар: ердаги дашт ёвшанлари ислари ҳам, қасрга кириш учун навбат талашаётган савдогарларнинг жанжал-сурони ҳам, қаср ортидаги яйловда бир-бири билан ўйнашаётган арғумоқларнинг сармаст кишнашлари ҳам, Қозонхоннинг ҳайрон назари ҳам уларга бегона эди.
Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил…

Оқила малика

Амир Темур довул сингари ўзга мамлакатлар тупроғига кириб бориб, жангу жадал билан банд бўлган чоғларида Бибихоним Самарқанд салтанатини бошқарар экан. Мана шундай пайтларда Темур пойтахтида осойишталик, адолату ҳақпарварлик барқарор бўлар, малика янги қурилишлар бошлаб шаҳар ҳусн-жамолини яна гўзал этувчи ҳашаматли бинолар, илму фан аҳлига ҳомийлик қилиб мадрасалар, дин равнақи учун масжидлар тиклар экан.
Оқила малика ўз паноҳидаги фуқароларнинг дилида яширин ётган сиру асрорни билмоқ, одамларнинг қувончу аламидан воқиф бўлмоқ мақсадида кечалари эркакча либос кийиб шаҳар айланар экан. У аввал бозор майдонига бориб, уйига шошилаётган бозорчилар гап-сўзини, кейин мозорга бориб ўша кун кимлар ерга топширилганини билиб олар экан, азадор оилаларга сарой хазинасидан ул-бул нарса бердириб юборар экан.
Ҳар бири нақш олмадек келадиган юлдузлар фалак саҳнини ёритган савр тунларининг бирида Бибихоним ўзи қурдирган мадраса талабалари юриш-туришидан, аҳволидан хабар олиш учун ғарқ пишган марвартак тутининг ҳиди анқиб турган мадраса ҳовлисига кирибди.
Ҳовлини айланиб юриб, ҳужраларнинг бирида ўтирган уч муллавачча суҳбатини эшитиб қолибди. Муллаваччалар китобу қаламларини бир четга қўйиб, бир-бирларига энг яширин сирларини очаётган экан. Суҳбат Бибихоним диққатини тортибди.
Талабаларнинг бири — узоқ тоғ қишлоқларидан келиб ўқиётгани ва фақир оила фарзанди эканлиги билиниб турган, ҳусни қизларни тушига кирадиган даражада кўркам муллавачча йигит ички бир армон ва ҳавас билан:
— Эҳ, қанийди бир марта бўлсаям Бўстонсарой дастурхонида қўйиладиган нозу неъматлардан тотиб кўрсайдим, ўлсам армоним қолмасди, — дебди.
Иккинчи талаба — келишган қоматли, ўқишдан кўра, кўпроқ ўзига эътибор беришга мойиллиги кўриниб турган, хушсурат муллавачча эса, завқи келганидан кўзларини юмиб айтибди:
— Эҳ, қанийди, Бибихонимдек соҳибжамол малика менинг маъшуқам бўлиб қолсайди, дунёдан беармон ўтардим!
У шу сўзни айтиб, кўзларини очибди-да, биринчи шериги билан унинг сиру асрорини индамай эшитиб ўтирган учинчи муллаваччага тикилиб колибди. Учинчи талаба — сабоқ олишдан кўра қилич чопишга ҳавасдорлиги кўзларида чақнаётган ўтдан сезилиб турган йигит эса дўстларига «Эҳ, сенларни қара-я!» дегандек бир оз тикилиб турибди-да:
— Шуям орзу бўптими? Мен Амир Темурдек буюк Соҳибқирон бўлишни орзу қиламан! — дебди. Сўнгра, дўстлари оғиз очиб қолишганини кўриб, мийиғида кулибди-да:
— Ана шунда, — дебди биринчи дўстига қараб, — сен орзу қилган нозу неъматлар ҳам ва сен… — у иккинчи дўстига қарабди, — ҳа, сен орзу қилган Бибихоним ҳам меники бўларди.
У шундай дебди-ю, дўстларини қойил қолдирганини кўриб, завқ ила кулиб юборибди.
Талабалар сўзини эшитган Бибихоним бир дам ўйланиб қолибди-да, индамай мадрасадан чиқиб кетибди. Тонг отиб, Самарқанд минораларининг зарҳал нақшларида қуёш нурлари жилоланиб турган бир пайтда қовоқларидан қор ёғилиб турган уч навкар мадрасага кириб келиб, кечаси бир-бири билан сирлашган уч муллаваччани Бўстонсаройга олиб кетибди. Гап нимадалигидан бехабар уч йигит юраклари така-пука, бир-бирига «Нима гап?», дегандек ташвишла қараб турганларида уларни Бибихоним ҳузурига олиб киришибди.
Салтанат тахтида ўтирган Бибихонимни кўрган талабалар таъзим бажо қилишибди. Сўнг «буёғи нима бўларкин?» деган савол ичларини кемириб, қўлларини қовуштириб туришаверибди. Бибихоним тахтда ўтирганча:
— Орзуларинг бўлса, менга сўйланглар, қўлимдан келса, бажо айлайман, — дебди.
Тўсатдан берилган бу саволдан бир оз талмовсираб қолган талабалар хаёлига баробар бир ўй келибди: тунги суҳбатимизни сарой хуфиялари эшитиб, Маликага етказибди-да! — муллаваччалар энди тамом бўлдик, деб дағ-дағ титрашга тушишибди.
Улар жонларидан умидларини узиб турганларида, малика тахтдан тушиб келибди. Бўстонсарой дастурхони нозу неъматларини орзу қилган биринчи талабага қараб:
— Сенинг орзунгга етмоғинг мушкул эмас, бунинг учун сени сарой ошпазининг қизига уйлантириб қўяман. Умринг охиригача сарой таомларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқини ҳам бераман, — дебди.
Малика оҳиста қарсак чалган экан, олдиндан тайёрлаб, рози-ризолиги олинган сарой ошпази ва унинг қизини ҳамда муллани бошлаб киришибди. Ўша заҳоти никоҳ ўқитилибди.
Сўнг малика: «Бибихонимдай соҳибжамол хотиним бўлсайди», — деб орзу қилган йигитга қараб бундай дебди:
— Мен буюк соҳибқирон Амир Темурнинг жуфти ҳалолиман. Бироқ, гўзал бир канизагим бор, ҳуснда Мовароуннаҳру Хуросондагина эмас, Шому Ироқдаям тенги йўқ. Ўша соҳибжамол сенинг ҳалолинг бўлсин.
Бибихоним оҳиста қарсак чалган экан, ҳусни кўр кўзни очишга, очиқ кўзни кўр қилишга қодир бир гўзал қиз кириб келибди. Уни кўрган йигитнинг эси оғиб қолишига оз қолибди. Мулла канизакни талаба йигитга никоҳлаб қўйибди.
— Сизларга Конигилдаги боғимни инъом қиламан, — дебди малика келин билан куёвга. — Бугун оқшом ўша боғда тўй базмини қилғаймиз.
Шундан кейин бахтдан маст бўлиб турган дўстларига такаббурона қараб турган, Темурдек буюк Соҳибқирон бўлишни орзу қилган учинчи йигитга қараб, Бибихоним шундай дебди:
— Сенинг ишинг буларникидан осонроқ… — Малика бу сўзни айтиб бироз сукут қилибди-да, яна сўзлабди. — Балки оғирроқдир.
Бибихоним учинчи бор қарсак урган экан, хос навкарларнинг бири қилич билан совут олиб кирибди. Малика йигитга қараб:
— Амир Темурни соҳиби салтанат қилган мана шу қилич билан совути ҳамда юрагидаги олов. Мен сенга қилич билан совутни инъом қилурман, юрагингда ўт бўлса, у ёғи ўзингга боғлиқ, — дебди.
Тез орада саройда бўлиб ўтган бу ғалати воқеа бутун салтанатга ёйилибди. Етти кун деганда қирқ кунлик масофада турган Амир Темур қулоғига ҳам етиб борибди. Малика ва уч муллавачча ҳақидаги гапларни эшитган жаҳонгир хотинининг оқилалигига яна бир бор таҳсин ўқибди. Қувончини яширолмай табаccум қилибди — Cамарқанддан чиққандан бери Амир Темур тишини оқини кўрмаган боёнлар бу cирнинг cабабини билмай бошлари қотибди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 15-сонидан олинди.