Хурсандбек Тўлибоев. Ҳаётга қайтиш (ҳикоя)

Ишдан кетганимга уч кун бўлди. Ўтган уч куним менга уч йилдек туюлди. Шу оралиқда – ўтган фурсатларда на кўчага чиқдим, на бир танишларга сим қоқдим, на ёнма-ён хонада турадиган дўстларимни йўқладим, умуман ўша пайтдаги кайфиятим кўпчиликка қўшилишга, улар билан яйраб-яшнашга унамасди, рози бўлай демасди ҳам ва бунга ўзимни ташқарига чиқишга минг турткиламайин барибир, бефойда! Сиқилардим, кечирилмас хато қилибману ўзимни ўша бўлган воқеада айблай бошладим. Айбимга иқрор ҳам бўлдим. Бунда менинг бир ўзим айбдор эмасдим. Ичимда яна кимдир беркиниб олгану мен унинг найрангларига ўйнардим.
Хонамда ўлтириб, сотиб олинганича тахлам бўлиб турган газета журналларни варқлай бошладим. Қисқаси, улардан ҳам зерикдим. Ўқиганларим кўнглимдаги саволлрга жавоб топиб беролмасди чоғи, «э, буларнинг ҳаммаси сафсата бир нимарсалар» дея жойига улоқтирдим. Хонам бетартиб, буюмлар айқаш-уйқаш, саронжомликдан асар ҳам йўқ. Сиртдан кузатган одамга бу яшашим узлатга чекинган, дағал дунёнинг барча ҳавасларидан қўлини ювиб, қўлтиққа урган дарвешнинг ҳаётини эслатарди… Шу пайт Юсуф алайҳисаломнинг истараси иссиқ, гўзал чеҳрасига ўхшаш афт-ангорим эсимга тушиб кетди. Кўзгу қаерда эди? Кўзгуга ҳам қарамаганимга анча бўлган. Соч-соқолимни олгаётганимда ўзимнинг нигоҳларимга унчалик эътибор билан қарамасдим-да! У пайтлари ўзимнинг хаёлот дунёмда яшардим. Миямда зўр санъат асарининг хамирини қориб, ўз идеалимдаги қаҳрамонларим билан шивир-шивир суҳбатлар қурардим. Қисматига битилган бахтни ва бахтсизликнинг асл сабаблари нималарда экани хусусида тиллашардим. Мана, ҳозир эса кўзгуга қарашга, ўз юз-кўзларимга синч назар солишга, эътибор ила кузатишга ботинимда эҳтиёж сезиб ўтирибман. Бунинг сабабини ҳам тузукроқ билмайман. Нимгадир бақувват мушакмларимни ўйноқлатиб, кучим нималарга қодиру нималарга ожиз эканини билишга эҳтиёжмандман. Кўзгу ҳам синиб кули кўкка учганми, ишқилиб излай-излай хонамдан синиқ бир бўлагини топдим. Ирим-сиримга ҳам ботинимда ишонч бор эди. Тағин синиқ кўзгуга қарасанг бахтсиз бўлиб қоларкансан. Ким айтган эди бу гапни? Эслайман, онамдан эшитиб эдим илк бор. Энди эса ёшим бир жойга етиб, оқни қорадан, яхшини-ёмондан ажратиб, фарқига фаҳмим етиб турган гулгун давримда ирим-сиримга ишониб ўтирибман. Эътиқодимга суянсам ҳам, ичимдаги нимадир йўриғидан чиқолмай, бир умр аросат ботқоғида қолиб кетадигандекман.
Ишдан кетишим менга жуда кўп муаммоларнинг болалашига замин ҳозирлади. Чунки ишимни ўзим яхши кўрардим. Мусаҳҳиҳликнинг миридан-сиригача билишга ошиқардим. Қисқаси, ўз касбимни севар эдим. Мени моддий масала – пул-сул унчалик қизиқтирмасди. Ишлашимга яшраша ҳақини беришарди у ердагилар. Бироқ энг ачинарлиси ва даҳшатлиси эса ишдан кетгач ҳаётимнинг маъниси йўқолди. Менга ҳаёт арзимас бир матоҳ каби туюлди. Меҳрибончиликларим ва саҳоватпешалигим ўрнини қандайдир куч ўзига асир этди-ю, шу тобда ботинимда лоҳаслик, ҳамма нарсага бир бошқача кўз билан қараш, кўз ёши тўкиб ўтирган одамни учртасам, шунчаки «йиғи-сиғи» дея қабул қилар, шафқатсизларча муносабатда бўлгим келарди. Нима учун? Савол берсам ҳам, учи-кети йўқ, мулоҳаза юритсам ҳам хос исм тополмай – аниқ мантиқни тушунолмай қолдим. Биродар, кўрдингизми биттагина иш сабаб, бир инсон ҳаёти вулқон каби бодраб, остин-устун бўлиб, омонат умр кемаси чайқалиб, бошқа бир томонга наъра тортганча сузиб кета бошлади. Бир иш шунчалик инсонни ўзгартириб юборишини ўша пайт юрак-юракдан ҳис этиб колдим…
Энди нима қилиш керак? Узлатга чекинган дарвеш ёки чилла ўтирган тақводор каби уйдан чиқмай ёлғиз хонамга қамалиб ўтираверайми? Шундагина ҳаётим ўз-ўзидан яна асл ҳолатига қайта бошлайдими? Билмайман. Билганим эса менга доим панд беради. Балки шу сабабли билимлилигим, ҳақиқатнинг юзига тик боқиб, иккиюзламасилик қилмасдан «қандай бўлсам, шундай кўринганим учун» мени ишдан кетишимга сабаб бўлгандир, деб ўйлаб қоламан. Бўлмаса нима бўлиши мумкин. Тарозининг икки палласига тортиб кўрсам, барча айб ўзимнинг ҳаққиростлигимда бўлиб чиқаверади. Раҳбарга ёқиш учун икки букилиб таъзим бажо бергим келмасди денг, бошкалар каби илтифот юзасидан бўлса ҳам «арстист»лик қилиш санъатини эплолмасдим. Бу ҳам бир баҳона бўлиб қўшилган бўлса керак-да? Тағин ўйланаман: омадли йигит эдим-ку? Истарам иссиқ, кўрган чиройли аёллар, қизларнинг нигоҳидан менга мойиллигини сезиб қолардим. Худдики, бир ёқимли гап айтсам бўлди, изимга эргашиб хонамгача келиши аниқ. Бунга шубҳа ҳам қилмасдим. Севган қизим ҳам илк бор танишганимиздаёқ кўнгли тушиб қолганини, битта нигоҳим билан юрагини забт этганимга иқрор бўлиб айтиб берганди… Энди эса синик ва афтода, ҳақир ва забун ҳолимда ўша пайтлардаги унутилмас хотираларни эслаб, ич-этимни еб ўтирибман…
Мен энди ўшандай ишни қаердан топаман? Бир кетган жойингга яна ғурур ва номусингни йиғиштириб, асл юзингни пардалар ортига яшириб, муғомбирларча илтифот кўрсатиб бориш керакми?! «-Йўқ», дейди ичимдаги ўша гизли. Бундай пайтларда ўша ичимдаги «аллаким» йўлдан қайтаради. «Борма, у ерда инсонлик мартабанг барибир бир пулга айланади. Сен ким эдинг! Ким бўлдинг?» дейди иккинчи аллаким. Шунча йил ишлаганим бир ён бўлдию, ишсиз яшай бошлаганим бир тараф. Қишлоқ олис эмасми, қанийди ойимнинг йиллар заҳматидан ажин оралаган юзларига тўйиб-тўйиб қарасам, диллашсам, ҳасратлашсам эди. Бу борада ҳам имконсизман. Масофа – минг чақирим! Бир ярим кун йўл босиш керак поездда. Телефонда икки-уч дақиқадан нарёғига ўтмайди суҳбатимиз. Устига-устак ишдалигим пайтида вақт ҳам тополмасдим. Энди-чи, умуман ҳеч ким билан гаплашгим келмай қолди… Кўрдингизми дўстим, сизнинг олдингизда ботинимдаги сирларни рўй-рост айтаяпман. Аслида инсонликнинг асл чеҳраси ўша нуқтада аён бўлар, ким билсин? Негадир менга шундай туюлмоқда…
Ташқарига чиқай десам – куз. Ҳаво салқин. Дархтлар шир яланғоч. Қайдан завқ олишимни ҳам билмай карахтман. Осмон қат-қат булут. Икки кунда бир ёмғир севалайди. Хонамга камалиб ўтирдим. Завқимнинг эса кун-кундан пушти куйиб боряпти. Ҳеч нарсага дил чопмайди. Иштаҳа ҳам йўқ. Бир бурда нонни ботириб бир пиёла чой ичаман. Қорним тўйгач, суратларни томоша қиламан. Бекорчиликнинг ҳам адоғи йўқ эканки, нима қиларингни билмай қийналаверасан экан. Ишдан кетишим биланоқ, миямда пишитиб юрган асар ҳам қаергадир учиб соб бўлди. Хаёллар, хаёллар уни олис-олисларга судраб кетди. Бўм-бўш қўл ва юракнинг «оҳ»ини тинглайдинган биронта мард йўқ!
Ниҳоят учинчи кун. Қуёш ўз уйига равона бўлган лаҳзалар эди. Тумба ичини кавлаштирдим. Нон ҳам тугабди. Деразадан секин мўраладим, гўёки бу нигоҳимни биров сезиб қоладигандек. Ташқари – кузнинг намхуш ҳавоси димоғимга урилди. Шу алфозда қаерга бориш керак? Дўкон ҳам турар жойимга бир чақирим нарида. Кўчага чиқишим билан ҳаётимга маъни кирармиди. Ёки олис юлдузларни томоша қилиб, қисматдан нолиш айлаган нигоҳимни кўк гумбазнинг юзига қадашим керакми? Шу лаҳзада миямга бир фикр чатнаб келди. «Эй, нолон бўлмасанг-чи? Ичкарида ўз ёгингга, ўзинг қовурилиб шу алфозда – дарвешона ўтираверасанми? Тур ўрнингдан, ташқарига чиқ. Ўзингни салқин кузнинг бағрига ташла. Токи ботинингни қитиқлаётган, бир дам ором бермасдан тинчингни ўғирлаётган безовтаю беҳолликка ўрин қолмасин. Тур!», – деди ичимда кимдир.
Мен унинг фармонига қулоқ тутиб эгнимга жемперимни илдим. Мармар зинани бир-бир одимлаб ташқари чиқарканман, чўнтагимга қўл суқдим. Бир қисим пул ғижимланган қоғоз каби ўроғлиқ турарди. Эринмай йўл-йўлакай санаб бордим. Дўкон томон кетарканман, олис-олисдаги жимир-жимир юлдузлар нигоҳимни ўзига мафтун этди. Эсладим. Бир пайтлар бундан роппа-роса ўн йил илгари биринчи ва сўнгги муҳаббатим билан танишганимда ҳам шу кўк гумбаз узра жимирлаётган юлдузларга қараб изҳори дил қилгандим. У эса мени жим тингларди чоғи, юмшоқ оппоқ билагидан ушлаб бағримга босганимда ҳам миқ этмади. Бир нима дегиси келардию менинг сал гапдан хафа бўлиб, сиркам сув кўтармаслигимни билгани учунми қаршилик кўрсатмади. Олис осмон – минглаб, миллиёнлаб юлдузлар ўша кузнинг ўрталарида ноябрь ойининг тўртинчи санасида учрашган пайтимга гувоҳи шоҳид эди. Бугун негадир севгилимни эслаб қолдим. Йўл юрардим вақт ўтмайди эмас, ўтарди. Мен борётган манзилим қаер ва нима иш билан кетаётганимни унутиб қўйибман. Шу кўйи анча йўл босиб қўйибман. Табиатнинг юмшоқ қўйнида улғайган қишлоқ боласи эмасманми, борлиғимда икки ҳол: вужуднинг шавқи ҳамда кўнгилнинг истаги ортгандан-ортиб, мени ўз измида судраб кетарди…
Олис осмонга қараб яна бақиргим келарди. Ўткинчи ошиқ-машъукларни кўриб, тилимни тишлаб қолардим. Ичимга шавқу завқ бағишлаган лаҳзалар мен учун олтиндан ҳам қимматдек бўлиб кетди. Яна қорним очиққанини унутибман, нон олиш қаерда кандайдир истироҳат боғининг олдидан чиқиб қолдим. Одамлар гавжум эди. Ҳар ким ўз-ўзи билан овора. Мен эса ёлғиз бир ўзим –  завқимнинг измида девонаваш эдим. Кейин бир пайтлар анчайин толиққанимни хис этдим. Ишдан кетганим ва бир неча кунлик узлатда яшаганим, кейин яна ташқари чиқиб, Худонинг ишидан ҳайратланиб севинганим ҳаётимга маъни бағишлади. Хотирамнинг қаър-қаърига сингиб кетган унитилмас тарих – илк танишув ва учрашувдан кейинги айтилган изҳоридил бутун борлиғимда ҳазин куй янглиғ чалинарди. Мен ўша куйнинг қучоғида эркаланрдим. Қайтишда дўконга бирров кириб, бир бўлка нон ва қаймоқ харид қилиб олгач, яна йўлда олис осмонга кўз тикдим. Энди эса ҳар битта юлдуз ўша пайтдаги, яъни бундан ўн йил илгари М.га айтилган изҳори дилни овоз чиқариб шивирлаётгандек эди. Хонамга кирарканман, М.нинг ўйчан ва маъс чеҳраси, оппоқ юмшоқ қўли, қовун тилимидек лаблари кўз олдимдан ўтарди. Уни хаёлларим билан эркалардим чоғи, ишдан кетдим нима қайта кирдим нима? Иккиси ҳам менга ҳеч-да қизиғи йўқдек туюлар, мени бундай сўлғинлик а ёлғизликдан қутқарган кўча ва боғ, осмон тўла юлдузларга таъзим қилиб, «илтифотимни қабул эт», дея куймаланадим…
Яна бир ҳол: хонам деразасини икки қанотини ҳам кенгроқ очдим. Ташқарида куз. Дарахтларнинг омонат шовуллаши. Осмонда юлдузлар жимири ҳаммаси шу лаҳзадаги кайфиятимга жуда-жуда мос эди. Ичимдаги лоҳаслик ва беҳолликдан асар ҳам қолмаган, қайтамга севгилимнинг ёнига тезроқ қуш каби учсаму унинг биринчи танишув кечадаги каби тилим-тилим лабларидан тўйиб-тўйиб ўпгим ва яна бағримга босиб узун сочларини силаганча эркалагим келарди…                            

05.11.2011. Якшанба.