Лой супада уюлиб турган эски-туски пойабзаллардан бирини уста чарм фартугининг этагига солди-да, мум суртилган шордозни жуволдизга ўтказа бошлади. Супага соя бериб турган зардоли баргларининг шабадада секингина шитирлаши гўёки шивирлаб гурунг бераётгандек, уста эса бошини эгиб уни тингламоқда. Гоҳо унинг диққатини бўлиб пишиб етилган мева ҳар-ҳар замон ерга «тап» этиб тушгач янги қабрга ўхшаб дўппайиб қолади. Супа четидаги олачалпоқ сояда мушук олд оёқлари билан чарм қийтиғини турткилаб сичқон билан ўйнаётгандек ирғишлаб умбалоқ ошади.
Олдидаги пойабзал уюмини уста бозордан йиғиб келган. Катманда ҳар пайшанба бўладиган бозорнинг кириш йўлагига тоқа темир оёқни тескари ўрнатиб, пойабзалга мих қоқиб ўтиради. Эринмаган мижоз шу ернинг ўзида пойабзалига мих қоқтириб ёки енгил таъмирлатиб олса, кўпчилиги келаси ҳафта олиш шарти билан қолдириб кетади. Бозор ҳафтада бир кун бўлганидан уста, асосан, йиғиш билан машғул. Унга қишлоқ орадагини ҳам қўшса, ҳар куни устанинг қўлида бигиз-сўзон. Бундай арзон-гаров пойабзалнинг йиртилиши қанча осон бўлса, уни ямаб-тузатиш шунча қийин. Афсуски, эскини ямайман-эплайман деб, устанинг эси кетгани билан хизмат ҳақи арзимас: ипак шордозни мумлаб ишлатаман, ямоқ соламан, вақтим кетади, хизмат ҳақим «фалон» бўлади деса, мижознинг энсаси қотади; уста, ботинканинг хунини сўраяпсиз, сиз айтган пулга яна шунча қўшсам, биласизма, нақ янгисини беради-я дейишади улар. Ким кўп, бозорда ямоқчи кўп. Сал қалтисроқ гапириб юборса, мижоздан ажраб қолиши ҳеч гапмас. Шу боис тилни тияди-да, мижознинг берганига рози бўлиб қолаверади. Тирикчилик ҳаминқадар бўлганидан сўнг уйдаги минғир-синғирларга чидаш осонмас.
– Ҳой отаси, чой совиб қолди. Нимага ўз вақтида ичмайсиз? – дея хотини ўдағайлаганча устанинг олдида пайдо бўлди бир оз олдин қўйиб кетган дастурхони ҳамон жойида турганидан жаҳли чиқиб. – Шу палакатни камирмасдан сиз ҳам одамларга ўхшаб бундай бошни кўтариб атрофга қаранг. Болаларимнинг эртаси нима бўлади деб ўйлаб кўрасизма ҳеч?
Оилага етарлича даромад келтирмайдиган иш билан устанинг ивирсиши хотинига ёқмайди, гоҳо эрига нисбатан одамлар нописанд муносабатда бўлаётганини сезиб ори келади, бор кучи тилига йиғилади, таъна-маломат ёғдиради: одамлар бирни бирга уриштириб икки қилади, қатор-қатор уй солиб, дабдабали тўй беради. Аввали, пешонам қурсин, тенгим шу тепса тебранмас бўлди дея манглайига шапатилайди.
– Манави тўкилган зардолиларни болалар билан териб олинглар, кейин қайнатасанми ёки ёйиб қуритасанми, ўзинг биласан, ишқилиб, увол бўлмасин, – деди уста гўёки хотинининг гапини эшитмагандек.
Эрининг одатдагидек талмовсирашидан унинг баттар алами келди. Шундай одамга садқаи гап, аслида, манави мушук ҳам ундан авло, бир тепса миёв дейди, бу эркакка гапирдинг нима-ю, тошга гапирдинг нима деб ўйлади-да, жаҳл билан мушукни тепиб юборди. Ҳақиқатан ҳам, мушук устадан авлороқ экан, бир думалаб тушиб «вағ» дея қочиб қолди. Шундан сўнг сал хумори босилгандек, ҳар қалай, ортиқ ғингшимасдан бир силтаниб кенг кўйлаги пириллаганча ошхона томон кетди. Мушукни тепаётганда хотини устанинг кўзига алвастидек кўринди. Алвасти дегани ҳам шу хотинга ўхшаса керак дея уста мийиғида кулди-да, туфлига қадалиб турган бигизни суғуриб тешикка жуволдизни суқди. Яна бир-икки бор бигиз билан ямоқ устидан тешиб шордозни тугун қилгач билинмайдиган қилиб кесиб, ботинкани айлантириб текшириб кўриб, ўрнидан қўзғолди. Қўлини чайқаганидан сўнг совуқ чойни «ҳўр-ҳўр»латиб, нон кавшашга тушди. Бир оздан кейин заҳри-маҳрингга ют дегандек хотини бир коса зардолини «дўқ» этказиб қўйиб кетди. Бепарволик билан уста косани олдига суриб: «Ош бўлсин, ямоқчи», – дея ўз кўнглини ўзи хушлаб овқатланди. Бозоргача ишини тугатиб қўйиш мақсадида яна қайта жойига ўтирди. Навбатдаги ботинканинг йиртиғига чамалаб чармдан бир парча қирқди. Ямоқни текислаб жойлаштиргач бигиз билан сўзонни қўлга олиб астойдил ишга берилди. Бу орада қанча вақт ўтгани билан қизиққани ҳам йўқ. Бирини тугатиб, иккинчисини қўлга олиш билан андармон. Бироқ қадам товушидан хотинининг келаётганини сезиб ҳушёр тортди. Қани энди имкон бўлса-ю, қулоқни беркитиб олиб тинчгина ишингни битирсанг, ҳеч қандай товуш халал бермаса деб ўйлади.
– Болаларнинг ичи шилиниб кетди, эртаю кеч егани мева-чева. Шилдир шўрва баданга юқмаса, бозор куни қўй гўшти олинг, болаларга дармон бўлсин, – дея у дастурхонни йиғиштираркан, тепса тебранмас эр ҳамон миқ этмаганидан кейин бобиллаб берди. – Ҳў эркак, сиз ўзи мени эшитяпсизма?.. Гўдаккиналар мактабдан сумкасини зўрға судраб келишяпти. Бориб болаларнинг ҳолини кўринг, қоракўрдай ерга қараб сингаламанг-да.
Рўзғор деганлари эски тўрвадек гап экан, қай жойига бармоқ урсанг тешилади. Камбағалнинг хотини шу эски тўрвани тешиб ўйин қилишдан роҳатланадими, билмай қолди. Худойима, бу дунёда хотинни эркакнинг кўзини очирмаслик учун яратганмисан деб ўйлади-ю, миясига келган ўйдан қўрқиб кетиб астағфируллоҳ дея пичирлади.
– Нега мум тишлагандек гунг бўлиб олдингиз ёки гапим нотўғрима? – деди эрининг ҳамон ишдан бош кўтармаётганидан ғаши келиб.
Хотини тоза ошқинлайвергандан кейин ноилож уста ишидан тўхтаб, ажабланган кўйи унга қаради.
– Бозорга бориш учун ишимни тугатиб қўймасам, пулни қаердан оламан? Гўштни пулга беради, хоним, – деди. Яна нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, хотини ўгирила солиб шипиллаб қолди. Аччиқ устида кетаётиб жаҳл билан рўмолини бошидан юлиб олиб, қайта танғиганини кузатиб турган уста бошини сарак-сарак қилганча яна ишга киришди.
Бу хотин тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Рўзғор дегани ўз номи билан ғор бўлса. Нафс бер дейишдан чарчамагандан кейин қанча топмагин, ғорга тушиб йўқ бўлиб кетаверади. Дунё дунё бўлибдики, рўзғорнинг ғорини тўлдирдим деган инсон бўлган эмас. Шундай одамни топсам, оёғини тавоф қиламан. Ана шу ғорнинг тепасида турган одам менга ўхшаб топарман-тутарман бўлмаса, унинг адо бўлгани шу экан. Қизларнинг ҳам бўйи етиб қолди, уларни узатиш учун сарпо-суруқ ғамлаш керак. Йиққан-терганини хотинига тутқазяпти. Албатта, у бечора ҳам тежаб-тергаб латта-путта йиғади, тушуниш керак.
Ҳозирча устанинг билгани шу: орта-тоша топмагандан кейин кўзни чирт юмиб яшайверади. Аммо вақт ўтган сайин оила ташвиши катталашиб, хотинининг эгови ҳам ўткирлашмоқда. Қўлидан келганча темтиниб ётибди. Ҳолва деган билан оғиз чучимаса, бирор нарса бўлар деган умидда жони борича бигиз-сўзонга ёпишади. Бошқа нима ҳам қилсин? Болалар улғаяверсин-чи, худо пошшо, ризқини етказар дея овутади ўзини.
Тушдан кейин ҳаво дим бўлиб қолди. Энгашиб бораётган қуёш нурлари супага тўлиқ тушган, соя эса томорқа оралаб чўзилиб боряпти, уста исиб кетаётган бўлса ҳам, бугунга ажратган сўнгги пойабзални ҳафсала билан ямамоқда. Бира-тўла ишини якунлаб ўрнидан турганида ғарқ терга ботган эди. Кўз олди қоронғилашиб боши гир-гир айланганидан дарахтга суяниб анча вақт жойида турди. Кўз олдини қоплаган туман тарқаганидан кейин қўланса ҳид таратаётган фартугини ечиб шохга илди. Уст-бошини қоқиб, у ёқ-бу ёққа юриб оёқ чигилини ёзди. Қуёш тафти пасайганига қарамай, ҳамон мудроқ ҳолат ҳукмрон. Тек қотган дарахтлар худди ғамга ботган устадек қовоқ уйиб чуқур ўйга толган. Ғир этган шабада йўқ, аммо терак баргларининг қалтираганча девонадек ғинғиллаши, ҳашаротларнинг ҳорғин чириллаши кишини баттар ланж қилади. Уста ҳорғин ҳолда атрофга синиқ назар солиб, супа четида ётган кетмонни ушлаганча томорқа оралади. Шиғиллаб гулга ўтирган помидор пушталарида якка-дукка кўкарган бегона ўтларни чопиб, қотиб қолган мушакларини бўшаштиришга ҳаракат қилди. Тайинли бир иш қилмаса ҳам томорқада кечгача кетмон ушлаб вақт ўтказди.
Кечки дастурхон атрофида оила йиғилиб, шилдир шўрвани «қур-қур» ичиб бўлишганида рўзғорнинг яна бир ёриғи очилди.
– Ота, ота, – деб ўғли эркаланиб арзи ҳолга ўтди. – Дам олиш куни шаҳарга томошага борарканмиз. Ҳайвонот боғини, музейни кўрсатишар экан. Шунгача синфдошларим «зебра» майка олишмоқчи. Ўғил болалар бир хил кийинишга келишдик. Менга ҳам оберинг. Уларга мен ҳам оламан деб қўйдим, ота-а. Оберасиз-а?
Ташвишли жаранглаган бу гапдан устанинг эти жимирлаб кетди. Унинг гўшт ва бозор-ўчарга мўлжаллаб турган харжи нима бўлади? Бу савил оти майка бўлган билан фалон пул туради. Ўғлига нима деб жавоб қайтаришни билмай қолди; гўшт пулига майка олиб берса, ҳафталик бозор-ўчар харжини йўл пулига беради. Шилдир шўрва яна суюқлашади-ю, минғир-минғир кўпаяди.
Икки ўт орасида қолди. Узун-калта, йўғон-ингичка қилиб ўйлаётган эди. Оғзига толқон солиб олган эрининг қилиғига хотин чидолмади. Бунинг устига, бола отасининг оғзига махтал мўлтираб ўтирибди, индамасни чақиб-ўйиб гапирди.
– Болам, сен ғам ема, ахир устанинг боласи бўлсанг, – деди онаси заҳарханда қилиб, – эски майкангни кун чалган бўлса ҳам бинойидек бутун. Отанг тери-пўстакларининг қийтиғидан қуроқлаб беради. Кийик зебранинг ўзи бўласан қоласан.
Уста хотинининг кесатиқларига мутлақо эътибор қилмади. Унга ярашиқли жавоб берганда ҳам, бир нарса ўзгариб қолмайди, шу боис одатдагидек ўзини эшитмаган ёки англамаганга солди.
– Ҳей полвоним-эй… бозор куни эрталабдан аввал сенга «зебра» оламиз, кейин менга ёрдамлашиб юборсанг, бирга-бирга қайтаверамиз. Маъқулма?
Укасининг хурсандлигини кўрган икки опаси ҳам шодланиб кетди. Чунки эрта-индин қизларнинг ҳам арзи ҳоли бор. Аммо беўйларча ваъда бераётган эридан нафратланган хотини кесакдай гезариб ўтирарди…
Орадан бозор ўтиб уста зардоли соясида бир уюм пойабзалларни саралаётганида хотинининг шарпасини сезиб афти бужмайиб кетди.
– Каттангизга кўйлак керакмиш, битирув кечасига, – ташвишли хабар билан хотини келиб супанинг бир четига омонат чўкди. – Мен емай-ичмай қизларнинг сепини бутлайман деб ўлиб-тирилсам, сиз ўйламай сочасиз. Ўғил бола бир томошадан қолса киндиги чиқмасди, бироқ қиз боланинг йўриғи бошқа, бу ёғи бўй етиб турган бўлса, тенг-тўшларидан ортда қолса, номус бўлади. Олдиндан айтганим шу бозор кун матосини олиши керак, чеварнинг ҳам одами кўпайиб ётибди экан, ўшангача зўрға тикиб берса ҳам. Бундан ташқари, туфли олиши бор, майда-чуйдасига ҳам пул керак.
– Пул ўзингнинг қўлингда-ку, бирга боринглар-да, болаларинг кўнглига ёққанини олсин.
– Болалар нима деса олавер дейишингизга қараганда, биз билмаган хазинангиз борга ўхшайди, уста. Бигиз-сўзонга ишониб катта гапирмаётгандирсиз?.. Сиз ўйлаб гапиряпсизма ҳеч, бунча пулни қаердан оламан ёки бир ҳафта тишнинг кирини сўриб ўтирамизма? Худди олам-жаҳон пул тутқазиб қўйгандек оғзини тўлдириб гапиришини қаранг-а. Мен шунча эпламасам, аллақачон оёғингиздан житиб кетардингиз, шуни биласизма? Оғзи-боши қийшаймай тағин пул бериб қўйдим дейишига ўлайма?
Уста жилмайди. Йўқ деса ҳам балога қолади, хўп деса ҳам. Нима қилиш керак?
Хотини жавраб-жавраб кетганидан кейин устанинг қўли ишга бормай қолди. Асбобларини бир томонга қўйиб томорқа оралади. Шу ёшга киргунча анча-мунча жойга бош суқиб кўрди. Ачинарлиси, ҳеч биридан наф чиқаролмади. Пешонада бори шу экан деб, бигиз-сўзонни қайта қўлга олди. Ўзи ҳам худди бигиз-сўзондек турмушни ямаб-ясқаш билан овора, гоҳида…
Гўё бутун борлиқ тўхтаб қолгандек, ўсимликлар тек қотган, аҳён-аҳёнда қора чигиртканинг чириллаши қулоққа чалинади. Оғир юк остида қолган уста базўр оёғини судраб томорқада мақсадсиз сермалжийди. У айланиб юриб нафас олишга-да ҳоли йўқлигидан не қиларини билмай терак соясига келиб тўхтади. Терак барглари ўз-ўзидан қалтирар… Нимадан бунча безовта бу тераклар, ахир шамолнинг эпкини ҳам сезилгани йўқ-ку деб ўйланиб қолди. Ўйлаган сайин баттар юраги сиқилиб, қулоқлари чиппа битиб, мияси ачиган хамирдек кўпчигандек бўлди. Турган жойида чўккалаб рангсиз, ҳидсиз ва товушсиз оламга нурсиз кўзлари билан бақрайганча ўтирди. Бир дам ўтиб аста-секин қулоғида шанғиллаш пайдо бўлиб ўзига келди. Ҳаммаси ўз ўрнига қайта бошлади. Қулоғидаги шанғиллаш терак қалтирашига ўхшаш овозга алмашди, аммо бу товуш ташқаридан эмас, ўз кўксидан келарди. Юраги дук-дук этибмас, гўёки терак баргидек дир-дирларди. Нохуш сукунат қўйнида уста ўз қалбининг қалтираётганини тинглади. Жуда таниш, аммо шу пайтгача умуман эшитмаган бу овоздан ажабланди. Ажабланди-ю… ўрнидан ирғиб туриб, ўзини ҳам эшитмаслик учун минғирлаб хиргойи қилганча илдам юриб бориб жойига ўтирди-да, бигизни қўлига олди.