Хайриддин Султонов. “Ё, Жамшид!” (ҳикоя)

«Раббим!» де, Мария!
Валентин Распутин

Биринчи бўлиб Исломбой келди.
У чироғи чарақлаб турган ойнабанд, сиркор айвонда уст-бошидаги қорни қоқиш баҳонасида тўхтаб, ўртадаги уйга деразадан разм солди: онаси ғишт печка олдида тахмонга тикилиб ўтирибди. Ўринбой устарада ялтиратиб қирилган бошини сийпаганча ёнбошлаб ётибди. Бурчакдаги қаторасига солинган ўринда тўрт боланинг боши кўринади.
«Хайрият!»
Исломбой негадир енгил тортди.
— Вой-бўй, ёмон исиб кетибди-ку, — деди у ичкари кирган заҳоти.
Ўринбой шошиб ўрнидан турди, ўнг қўлини кўришишга узатаркан, чап қўли билан хонтахга устидаги дўпписини олиб бошига қўндирди:
— Йўғ-э, уй совуқ-ку.
Шилпиқ кўзлари олазарак жавдираган кампир пойгакка тиз чўкиб, пичирлаб фотиҳа ўқиган бўлди.
— Хуш кепсан, — деди Ўринбой.
У Исломбойдан беш ёш кичик, аммо акасини ёшликдан сенсираб чақирар эди.
— Қалай, тинчмисан? — деб қўйди Исломбой ҳам мулозамат тақозасига кўра.
— Шукр.
— Эсон-омонмисан? — деб сўради кампир. — Ўтаканг ҳам ёрилиб кетгандир, бемаҳалда…
— Тинчликми? Энди ётувдим, Самар бориб қолди.
Онаси буришиқ бармоқлари билан жигарранг кўйлагининг этагини текислаб ўтираркан, индамади. Дафъатан оғир жимлик чўкди. Ғишт печка устидаги кўк чойгум аста шиғиллай бошлади. Дам ўтмай бу ҳасратли хониш Исломбойнинг ғашига тегди.
Эшик очилиб, бошини ияги аралаш шолрўмол билан танғиган Анзират — Ўринбойнинг хотини кўринди.
— Келинг, ака, — деди Анзират Исломбойга қараб, бўғиқ товуш билан.
Исломбой жойидан хиёл қўзғалди:
— Э, келин, тинч-омонмисан?
Келини сезилар-сезилмас бош ирғади. Исломбой унинг салқи қовоқлари шишиб, кўзлари қизарганини пайқади.
«Э, баттол! Хотини билан яна ит-мушук бўпти шекилли! Бу оғироёқ нарса бўлса… Ҳаҳ, эшак!»
— Қалай, яхши ўтирибсанми? Бола-чақа? — деди у келинидан ҳол сўраб.
Анзират жавоб қилмай, қора бахмал нимчасининг барини торта-торта қайнонасининг ёнига чўкди, бурнини тортиб ерга тикилди ва уввос солиб йиғлаб юборди.
Исломбой шошиб қолди:
— Ия, ҳай?
Келинидан жавоб бўлмагач, аввал ранг-қути ўчиб, кўзида ёш ғилтиллаган онасига, кейин эса пешанаси тириша бошлаган укасига қаради:
— Ҳа?
Энди кампир ҳам пиқ-пиқ йиғлашга тушди. Исломбой чидаёлмай бақириб берди:
— Э, тилдан қолдингларми, нима бало?!
Ўринбой шипга тикилиб ғалати илжайди, бурнининг учини қайта-қайта чимдиб, йўталга ҳам, кулгига ҳам ўхшамаган бир овоз чиқарди, йиғи босилавермагач, чақчайиб ўшқирди:
— Ҳовлиқма, ҳовлиқма, менга аза очишга ҳовлиқмаларинг ҳали!
Қайнона-келин бу гапдан кейин баттар ўкраб юборди.
— Нима бўлди, ахир?!
Анзират кўпчиган юзларини кафтининг орқаси билан артди, йиғи аралаш пиқиллаб:
— Укангиз… укангиз… — деди-да, яна бошини буркаб йиғлашга тушди.
— Астағфирулло! Мени шу йиғихонликка чақирдингларми, ойи?
Кампир дарҳол обидийдани бас қилди, ўғлига ваҳима билан тикилиб, худди шундай ваҳима билан шивирлади:
— Уйимиз куйди, болам! Ўринбойинг ютқазиб қўйибди!
Исломбой бу гапдан ҳам кўра онасининг ваҳимали товушидан қўрқиб кетди, анча вақт миясига жўяли бир фикр келмай, чойгумнинг шиғиллашига қулоқ солиб ўтирди, ниҳоят, укасига қарамай:
— Қанча? — деб сўради.
Ўринбой хонтахта устидаги нон ушоқларини жимжилоғи билан нари-бери сураркан, беўхшов кулимсирашга уриниб:
— Кўп, — деди.
Исломбой етмиш икки томири бўйлаб миясига югурган бор ғазаб, бор нафрати тилига келиб тўпланганини сезди, ўзини қандоқ босиб турганига ўзи ҳам ҳайрон қолиб, овози деярли ўзгармай сўради:
— «Кўп»ниям бир сон-саноғи бордир, ахир?
Ўринбой индамади.
Исломбой беш дақиқадан сўнг тоқати тоқ бўлиб:
— Гапир, итвачча! — деди.
Укаси илкис бошини кўтарди, манглайидаги чизиқлар чуқур тортиб, хўмрайди. Анчадан кейин ўзига ўзи гапиргандек деди:
— Кофир бўлма, онанг олдингда ўтирибди, итга рўпара қилгани уял.
Кампир бир оқариб, бир қизарди, елкалари қунишди.
Исломбойнинг жағи қалтиради:
— Кофир бўлмасам, баттар бўлмайманми, сенга нима, даюс! Сенинг бу қилмишларингга одам кофир тугул, чулчут бўлиб кетар!
Унинг дағдағасига бурчакда ётган болалардан бири сачраб уйғонди, уйқули кўзларини йириб очганча анқайиб қолди.
— Тўнғизнинг териси нимаю сен аблаҳнинг бетинг нима?! Ёзда «Бу б…ни иккинчи оғзимга олсам, йигит ўлай», деб тазба-тазарру қилганларинг эсингдан чиқдими, қасамхўр! — Исломбой жони жаҳони ўртаб бақираркан, икки чаккасига буров солингандек, бошида оғриқ қўзғалганини сезди. — Бу кунингдан қасам уриб ўлганинг яхши эмасми, хунаса!
Анзират қайнағасининг важоҳатини кўриб йиғидан тўхтади, олазарак кўзлари билан гоҳ эрига, гоҳ қайнонасига қарар ва бетўхтов бурнини тортар эди.
Ўринбой бошини солинтириб ўтирган кўйи вазиятини ўзгартирмай, секин дўнғиллади:
— Кўп ҳам шошма, ўлигимни кўришга жуда орзуманд бўлсанг, эрталаб ниятингга етасан!
Исломбой бу гапнинг маъносини ўйлаб ўтирмай, баттар шовқин солди:
— Э, дард-э! Ўламан, деб қўрқитмоқчимисан мени? Ўлмасанг ўмбалоқ ош-а! Э, ўлсанг ҳам куйсам шунчалик куяман-да, жонимга ўт қўйвординг-ку!
Кампир қўрққанидан ўрнидан туриб кетди, рўмоли елкасига сирғалиб тушганини ҳам пайқамай, бошини сарак-сарак қилиб титраб-қақшаб ялинди:
— Ҳай, ўзингни бос! Жон болам, ўзингни бос! Қўни-қўшни эшитади-я! Бемаҳалда…
Исломбой онасини ғазабга олди:
— Э, бутун юрту олам эшитсин-а! Билсин бу касофатингизни! «Биров билмасин, биров билмасин», деб, «Ўринбойжон-Ўринбойжон» қилиб, мана, оқибати, ҳаммамизни кафангадо қилиб ўтирибди!
— Қандоқ қилай… — дея кампир йиғламсиради. — Қандоқ қилай, болам? Кўзимнинг оқу қораси Ўринбой оғамнинг ўрнини босар, деб Ўринбой от қўювдим. Бева бошим билан емай едирдим, киймай кийдирдим, шу иккита норастамни боши эгилмасин, деб ит кўрмаган кунларни кўрдим. Майли, мени ҳар қанча уриб-сўксанг розиман, лекин шу қоқвошни қарғама. Оғамнинг арвоҳи чирқирайди-я! Гирмоннинг ўқига учганми, тирикми, худо билади. «Ўринбойинг ўлсин», дейсан, мен бунга қандоқ чидай? Худо ўзи инсоф бермаса, мен қандоқ қилай?
Кампир зор-зор йиғлади. Исломбойнинг ўпкаси тўлди, пешанасини қашиган бўлиб, кўз ёшларини артди.
Чойгум ҳамон чўзиб ҳуштак чалар эди.
Ўринбой бирдан дарғазаб кўзларини акасига қадади.
— Нега менга ҳокимлик қиласан? Ўйнаган — мен, ютқазган — мен, тўлайдиган — мен, сенга нима кетикуйдилик?! Ака бўлсанг, акалигингда тур! Менга агар сариқ чақанг ўтган бўлса, ҳаммаси ҳисобли, ҳа!
— Ҳой, ҳой, қақшамагур, акага шунақа дейдими?
— Қўйинг… — деб пичирлади Анзират кўзларини катта очиб.
— Майли, гапириб олсин. — Исломбой бор кучини тўплаб, базўр жилмайди. — Ичидаги фисқи фасодини тўксинчи, қани! Майли, биз энди кетикуйди бўлиб қолган бўлсак, сариқ чақа бўлиб қолган бўлсак… майли, худо бордир, кўриб тургандир, ахир. Эшигимга неча марталаб кўзининг сийдигини оқизиб борганини ўзи билмаса, худо билар, худога солдим! «Тўйдирганнинг бўғзига…» деб шуни айтади-да!
Худонинг номи ўртага сукунат солди. Чойгум биқирлаб қайнай бошлади.
— Бунақа таъна-маломатни қўйларинг, — деди кампир анчадан кейин. — Гапни кавласа, гап чиқади. Қозилашган қариндош бўлмас. Айлантириб келганда иккитасан, бир-бирингдан тонолмайсан, бирингни тепкингни биринг кўтарасан-да, қандоқ қиласан?
Анзират ўрнидан туриб, қайнаб-тошаётган чойгумни четга суриб қўйди.
— Сен каттасан, шу укангга ота ўрнига отасан, — дея кампир Исломбойга ялинчоқ оҳангда қаради. — Бунинг паст-баланд гапларига хафа бўлма. Сендан бошқа кими бор, ахир? Нима қиламиз энди, бир йўл-йўриқ бер. Эрталабга обормаса бўлмас экан.
Исломбой сийрак, қизғиш мўйловининг учини қимтиб, ўйга чўмди: «Кошки яхшиликни билса бу аблаҳ!»
— Ойи, жуда қизиқ гапирасиз-да, — деди у норози чимирилиб. — Ахир, кўриб турибсиз-ку, бунингиз писта пўчоқча кўрмастибди-ку ака жониворни! Бир оғиз гапирсангиз осмонга санчийди! Кўппакка ўхшаб одамнинг бетидан олади! Бундоқ ётиғи билан арзи ҳол қилса, маслаҳат сўраса эканки, бир йўл-йўриқ айтсангиз. «Қанча?» деб сўрасам, менга қараб ишшаяди, нима, очиб қўйибдими?
Кампир Ўринбойнинг ҳурпайиб олганини кўриб, муқаррар даҳанаки жангнинг олдини олишга шошилди:
— Майли, болам, сен оғир бўл, жаҳл келганда ақл кетар…
— Ҳўй, менга қара, қанча ахир?! — деди Исломбой бўғилиб.
Ўринбой акасининг гавдасига синчиклаб разм солди, томоқ қирди ва икки бармоғини кўрсатди.
— Қанча бунинг?
— Йигирма минг.
Исломбойнинг қулоғи шанғиллаб кетди:
— Эски пулгами?
Укаси кулгисини яширишга уриниб илжайди:
— Эски пул қолганми шу замонда?
Исломбой Ўринбойдан кўз узолмай қолди.
Укасининг нақадар даҳшатли аҳволга тушганини бирдан яққол англади ва унинг ночор, асабий кулгисини кўриб, юрагида шафқат уйғонди, лекин зум ўтмай вужудига қаҳр-ғазаб ёпирилди: «Баттар бўлсин!»
Тўрт жуфт кўз Исломбойга қадалган эди. У укасининг қулоқ-чаккасига қулочкашлаб тортиб юбориш истагида ўртанарди, лекин, негадир, тўсатдан эзилиб шивирлади:
— Шунчалик ҳам бўладими, ука!
Жимлик чўкди. Печкада нимадир чирс этди.
— Акаларинг билан аммангни айтиб келсинми? — деди кампир Исломбойга.
— Нима каромат қилиб берарди ўшаларингиз? — деди Ўринбой хўмрайиб. Аммо онаси унга эътибор бермади.
— Қайдам, бемаҳалда… — деди Исломбой чайналиб, мойил бир оҳангда.
— Тур, Самар, ғизиллаб Саломат амманг билан Ориф амакингни чақириб кел. — Кампир печкага суяниб ўтирган найнов неварасига қараб, кескин оҳангда буюрди: — Йўлдан Зариф бувангни ҳам айт. «Тез бораркансиз», де.
Қўрқмайсанми?
Самар, қор уриб турган зим-зиё кўчада ёлғиз юришдан қўрқса ҳамки, уйдаги мотамсаро аҳволдан кўра ташқарини афзал билиб, индамай чиқиб кетди.
Ҳамма ўй суриб қолди.
Исломбой укасининг қандай қилиб бу бебош йўлга кириб кетгани ҳақида бош қотирарди. Лекин хаёли беихтиёр укасининг бошига тушган бу улкан фалокат, бу улкан фалокатнинг даҳшатли оқибати ва ундан ўзига етадиган зарар-заҳмат тўғрисидаги фикрлардан нари кетмасди.
Ўринбой ҳануз ҳайрон эди: аввалига устма-уст қўли келиб турган эди, ошдан олдин ҳам дов урди, кейин нима касофат бўлди-ю… Умрида бундай катта ўйинни кўрмаган эди…
Кампирнинг муштдай юзи яна ҳам кичрайиб кетган, чакагини ушлаб мум тишлагандек ўтирар, афт-ангоридан нимани ўйлаётганини билиб бўлмас эди.
Анзиратнинг юрагини тағин ваҳима чангаллади. Қаердадир қулоғига чалинган гаплар эсига тушди: агар ютқазган одам пулни тўлаёлмаса, хотинини олиб бориб бераркан. Унинг ич-ичидан титроқ йиғи хуруж қилиб кела бошлади: «Шўрим қуриб…»
Исломбой калласидан нохуш ўйларни сидириб ташламоқчидек, жаҳл билан пешанасини сийпалади.
— Энди нима қилмоқчисан?
— Энди… Ким билади дейсан… Ҳовлини сотсаммикан, деб турибман.
— Нима-а?!
— Ҳа? Бошқа иложи йўқ. Эрталаб ҳовлига савдо киради. Соат ўнга обормасам, мени ўлди деяверларинг.
Келин қайнонага, қайнона келинга ялт этиб қаради ва бир-бирининг кўзидаги қўрқувни кўриб, ҳар иккиси Исломбойга нажот билан мўлтираб, йиғига ҳозирланди. Исломбой кафтларини муштлаганча қизил якандозга таяйиб:
— Хўш? — дея укасини таъқибга олди.
— Нима «хўш»? — Ўринбойга бу савол ниҳоятда малол келди.
— Кейин-чи?
— Нима «кейин»?
— Э, бунча талмовсирайсан?! Ё биратўла эс-ҳушингдан ҳам айрилганмисан? Хўп, уйниям сотарсан, кейин нима қиласан, деяпман? Қиш чиллада бир этак чурвақанг билан қаерга сиғасан?
Ўринбой акасининг жаҳлида қолишмайдиган бир ғазаб билан жавоб қилди:
— Юрагинг чиқмасин, ҳалиям сеникига бормайман, қўрқма.
— Мана шу-да! — Исломбой қарсиллатиб хонтахтага урди. — Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик, дегани шу-да! Қилар ишни қилиб қўйиб, нега яна ўркачлайсан, муттаҳам!
— Муттаҳамлик қилиб бировнинг хотинини қўйнига қирганим йўқ, билдингми!
Исломбой сезилар-сезилмас қизарди. Бу — унинг фақат укасигина биладиган ёшлик гуноҳига заҳаролуд шаъма эди. Ўзини ўнглаб бирор нима дегунича бўлмай, айвонда одам шарпаси кўринди, зум ўтмай, эллик беш-олтмиш ёшлардаги семиз аёл эшикдан ҳарсиллаб-гурсиллаб кириб келди. Исломбойнинг сўзи бўғзида қолди.
— Уҳ, ўлдим! Намунча жаҳаннам уйларинг! — деб аёл бошидаги тивит рўмолини ечди.
— Келинг, амма, — деди Анзират шоша-пиша ўрнидан тураркан.
Салом-аликдан сўнг Саломат хонтахта устидаги чойнакни олиб жўмрагидан симирди.
— Халқумим қоқ бўлиб кетди-я! — деди сочини тузатиб. — Шу бугун Даламаҳаллага икки марта бориб келибман-а! Анув қоранг ўчгур Тожи гумбазда озгина духобам бор эди, қора терга тушиб борсам, «қуда чақириқ»қа кетиб қолибди, пес!
— Ётувдингизми, амма? Безовта бўлиб… — деди Исломбой.
— Худо урди-кетди, намозшомдан ётаманми? Эртага бозор-ку, олиб чиқадиган ул-булларимни кўриб ўтирувдим, Самар бориб қолди. Ҳа, тинчликми, ишқилиб? Ҳой, Анзират, қатиғинг бўлса, ярим пиёла олиб кел, кўнглим гумуриб ўлаётибди.
Айвонда «қув-қув» йўтал товуши эшитилди. Соқол-мўйлови текис кузалган, бир-бирига ниҳоятда ўхшаган иккита чол эшикдан бошлашиб кирди:
— Ассалому алайкум.
Юзлари қизариб кетган Самар анчадан кейин кириб, эшикни ёпди.
Бир пиёла чой ичилгач, кампир йиғламсираб воқеани баён қилди. Чоллар индамай тинглашаркан, қовоқлари уйилиб борарди. Саломатнинг сурма тортилган кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
— Вой, яшшамагур! — деди сонига шапатилаб. — Бир қоп пул-а, уволи тутмайдими, жувонмарг?!
Амакиларнинг кичиги — Зариф найза чўнтагидан носқовоғини олиб нос отди-да, узоқ сукутга чўмди. Тўтибурун Ориф бақироқ эса салмоқлаб сўз бошлади:
— Жиян, мендан хоҳ хафа бўл, хоҳ хафа бўлма, лекин, мана, ҳаммангнинг олдингда айтаман, бу ишинг қип-қизил аҳмоқлик! Шу лаънатини ўйнамасанг, хотининг талоқ тушадими, а?
Анзират токчадан коса олиб, ташқарига чиқди.
— Шунисига куйиб кетаман-да, амаки! — деди Исломбой уҳ тортиб. — Нимасига ўйнайди бу бадбахт! Нима барака топасан шуни ўйнаб, денг!
— Ўзинг ўйнамаганингдан кейин қаёқдан биласан, деди Ўринбой секин.
— Фалокатинг ўзингдан бери келмасин-э, нега ўйнар эканман! — деб гувранди Исломбой.
Зариф найза наматнинг четини қайириб, оғзидаги носни туфлади.
— Энди нима қилмоқчисан?
Кампир рўмолининг учи билан кўзини артиб:
— Уйни сотар эмиш, — деди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди.
Саломат бир газ бўйи ирғиб тушди:
— Сотиб бўпти! Сотиб бўпти! Бекоргиналарни айтибсан! Ота-бувамиздан қолган бу ҳовли! Сенга қиморга бой бергин, деб бериб қўйганимиз йўқ муни! Қаердан топиб тўласанг тўлайвер, қани, ҳовлига текканингни кўрай-чи! Бир тийинлик ҳаққинг йўқ, ҳовли онангнинг маҳрига тушган!
— Ўлигим шу ҳовлидан чиқса, девдим, — деди кампир пиқиллаб, — қандоқ қилай…
— Э, акиллайверади-да, кеннойи! — деди Саломат бобиллаб. — Ҳовлига сиз хўжайин. Сизга ҳеч ким хўжайин эмас!
— Бунча пулни қаердан олади?..
— Ютқазишни билган эррайим тўлашниям ўйласин, сизга нима! Э, садқаи кўз ёшингиз-а!
Ўринбой Саломатга еб қўйгудек ўқрайди:
— Амма…
— Нима «амма»? Нима «амма»?! Ҳў, амманг ўлиб, аммасиз қол!
Ўринбойнинг дами ичига тушиб кетди.
— Ростдан ҳам, ҳовли — онангнинг маҳри, — деди Ориф бақироқ. — Отанг раҳматлининг васияти шундоқ булган эди. Энди, тағин билмадим…
— Вой, нега билмайсиз? — деди Саломат акасини ғадаблаб, — Нега билмайсиз? Ота рози — олло розими, ахир?
— Бунақа бекорчи гапдан фойда йўқ, — деди Зариф найза. — Ҳар бало бўлгандаям, шу ёмон жиян — жигаримиз. Ҳўкизнинг шохига урсанг, туёғи зирқирайди. Ҳозир буни ҳар қанча сўкиб-сўзлагандан тариқча наф йўқ. Қани, нима қиламиз, шундан гапиринглар. Тўғрими, кеннойи?
Ташвиш ва ғам-койишдан эсини йўқотаёзган кампир:
— Қандоқ қилай, шу кўргиликлар ҳам бор экан, деди.
Чурқ этмай ўтирган Анзират бирдан тилга кирди:
— Худо хайрингларни берсин… Сизлардан бошқа кимимиз бор? Кафангадо бўлиб кўчада қолмайлик, бир нарса қилинглар…
— Қирққа кирдинг, ука, қирққа! — деди Ориф бақироқ увишиб қолган оёғини уқалаб. — Ердан қор кетгандан қор тушгунча тупроқ тирнаб дунё орттирсанг-у, наҳот, обориб дарёга оқизсанг!
— Э, ака, — деди Зариф найза, — бу гаплардан фойда йўқ дедим-ку. Бўладиган ишни айтинглар. Бу шўрликнинг ҳозир минг жойига пичоқ урсангиз, бир томчи қон чиқмайди-ю, нима қиламиз ҳадеб эзғилайвериб? Нима дейсан, Исломбой?
Исломбой печкага қараб, томоқ қирди.
— Нима дердим… Менга қолса, ҳовлини сотишига қаршиман.
— Вой, ҳовлини оғзингга олмаларинг, дедим-ку! — деб бақирди Саломат. — Ота-буваларимнинг арвоҳи… Ҳовлидан умидларингни узларинг, дедим-ку!
— Ҳа, хўп, ана ҳовлига савдо кирдиям, дейлик, — деди Зариф найза. — Хўш, чамангда қанчага олади?
Саломат акасига олайиб қараган эди, Зариф найза:
— Жонинг чиқмай турсин, мисолга айтяпман, — деди.
Исломбой ўйлаб-ўйлаб:
— Ўн бештага олар, — деди.
— Олмайди ўн бештага! — Зариф найза оғир қўзғалиб қўйди. — Ўн иккитага олсаям катта гап. Ўтган жума Тўра чўтирнинг ҳайҳотдек ҳовлиси ўн тўрттага савдо бўлди-ю!
Ориф бақироқ ҳам укасининг фикрини маъқуллади. Амакиларининг бу борада омилкор, пухта кишилар эканини билгани учун Исломбой индамай қолди.
— Хўш, ҳовлинг ўн иккитага борсин, — деди Зариф найза энди Ўринбойга қараб. — Қолганини нима қиласан? Ул-булинг борми?
Ўринбой, қилмишининг бутун даҳшатини энди тушунгандек, ранги қув ўчиб, амакисига бетлаб қараёлмади, не машаққат билан бош чайқади.
— Ҳа, унда… Сен нима дейсан, Саломат?
Саломат лабини бурди:
— Укам ошиқ отаётганда менга маслаҳат солган эмас! Ўзи пиширган ош, ўзи айланиб-ўргилиб ичаверсин!
— Хўп. Шошма, кўп қақшама. Эрта бир гап бўлиб қолса, ачинмайсанми?
— Қанақа гап?— дея Саломат сийрак киприкларини
пирпиратди.
— Энди-да… шу пулни вақтида обормаса, жиянинг соғ қолмайди, шуни биласанми?
Саломат акасига қараб бақрайди.
— Ҳа? Нега кўзингни лўқ қиласан?
— Вой, худо асрасин, нега ачинмайман, жигарим…
— Хўш…
Исломбойнинг танглайигача музлаб кетди: «Йўғ-э, ўлмас… ўлдирмас…»
Анзират ҳўнгиллаб йиғлаганча уйни бошига кўтарди, унга аввал кампир, кейин Саломат қўшилди, ҳамма Ўринбойни гўё охирги марта кўраётгандек, мунғайиб қараб қолди.
Шу вақтгача атрофидагиларга ёвқараш қилиб ўтирган Ўринбой, ўйиннинг мудҳиш қонуниятларини эслади шекилли, бирдан кўзига ёш олди.
— Ҳўй, азани тўхтатинглар, — деди Зариф найза ҳамон хотиржам оҳангда. — Бемаҳалдаги йиғиям бехосият бўлади. Ака, нима қилсак экан, ўзингиз бир нарса денг.
Ориф бақироқ кўк салласини орқага суриб:
— Энди… Ўринбой минг ёмон бўлгани билан ўртада акамизнинг арвоҳи бор, — деди, — Эртами-индин, ахир борамиз акамизнинг олдига… Майли энди, ёрилган бош — ёрилган, қийин бўлса ҳам, оғирчиликнинг озроғини оламиз-да бўйнимизга, қолиб кетмас, ахир.
Уй жимжит бўлиб қолди.
— Одамлар савоб учун мачит солади, етим боқади…
— Э, буни секинроқ айтасизми, ака, — дея унинг гапини маъқуллади Зариф найза. — Кеча намозда домла айтди: умр бўйи боши саждага тегмаган бир йигит бор экан. Шу бир куни кўчадан ўтиб кетаётиб мундоқ ёнига қараса, бир деворнинг тешигидан ичкарида зино қилаётган эркак билан аёл кўриниб қолибди. Шартта қўлига битта кесак билан бир чангал лой олиб, тешикни суваб ташлабди. Шу йигит кейин ўлганда жаннати бўлган экан. Сабабки, бировнинг айбини бекитган экан.
— Албатта, худойимнинг даргоҳи кенг.
— Лекин зино қилган, бировнинг ҳақини еган, қимор ўйнаган одам дўзахи бўлар экан, — деди Зариф найза писанда билан. — Майли, мана, ахир, кўплашиб… Локин, мен битта гапни очиқ айтаман: Ўринбой шу қилиғини ташлайдиган бўлса, майли, қўлдан келганча қарашиб юборармиз. Илло-билло, йўқ, дейдиган бўлса…
— Ташлайди, ўзиям тавбасига таянгандир.
— Ўғил-қизи бўй етиб қолди, шуларнинг ташвишини қилсин…
Исломбойни қора ваҳм босди: «Мен нима дейман?»
— Нега индамайсан? — деди у Ўринбойга ўқрайиб.
Ўринбой мунтазир нигоҳларга дош беролмай, яна ерга қаради.
— Жон болам, қилмайман, де, ростини айт, — деб ялинди кампир. — Ташладим де.
— Майли, ташладим… — деди Ўринбой худди ёш боладек ва баттар хўрлиги келиб, боши ерга теккудек эгилди.
Қариндошлар бир-бирларига маъноли қараб олишди.
— Хўш, бўлмаса, гапиринг, ака, — деди Зариф найза.
Ориф бақироқ чакагини қашиб қўйди:
— Энди… Мен ҳали уйга бориб Акбар билан ҳам маслаҳат қилай-чи. Нима бор, нима йўқ, ўзим тузук ҳам билмайман.
— Майли, ахир, қурбингиз етганча-да, ака, ҳимматингиз.
— Хайрли ишга қанча ҳиммат қилсанг ҳам оз-ку, лекин… Ҳай, майли, у ёқ-бу ёқни қоқиштириб, уч минг амаллаб берармиз.
Исломбой амакисига қараб анграйди.
— Хўп, ака, уч минг… Бу, ҳаммамизникиям қарз, Ўринбой шу фалокатлардан эсон-омон қутулиб олса, еб кетмайди, албатта. Хўш, мен… Ёзда узумнинг пулидан бир ярим минг қолган эди, саксон килоча тоза майизим бор, хўш, унинг устидан ҳам битта-яримтадан икки минг кўтариб турсам бўлади. Жума вавақдаям минг сўмим бор, бултур олган, эртага сўраттираман. — Зариф найза ҳисоб-китобини якунлаб, атрофга синовчан қараб қўйди. — Хўш-ш… Саломат, сен нима дейсан?
Саломат этагидаги нон ушоқларини кафтига қоқиб олди.
— Жаҳлим чиқиб, шундоқ кофирлигим тутувди-ку… Бу шўртумшуқнинг кўз ёшини кўриб, юрагим ўлгур тағин эзилиб кетди. Ҳар бало бўлсаям, ҳовли сотилмасин. Бир этак бола-я!
— Ҳовлини қўявер, нақд гапни гапир.
— Нақд гап ҳам ўлсин… Энди, очиғи, йўқ эмас, худога шукр, уч-тўрт тангам бор. Насиба бола кўрса, бешиктўйи қиларман деб тугиб юрувдим. Қолгани ўлимлик бўлар, десам, бу яшшамагур куёв Насибаниям йўлдан урибди, эр-хотин кунора келиб: «Мошина олиб берасиз», деб ҳиқиллайди. Биттаю битта қиз, тиниб-тинчиб кетишини ўйлаб… Укамнинг бошига мундоқ иш тушиб турганда, мошинага бало борми! Охир-оқибати бари бир куёв-да, куёв — ёв, ўғил бўлармиди менга!
— Ҳа, яша! — Ориф бақироққа бу гап ғоят хуш ёқди.
— Ҳа, жигар — жигар, дигар — дигар! Майли, беш минг сўм мени танимдан, азонда опкелиб бераман!
— Худо хайрингизни берсин, амма, имонбойи бўлинг, — деди Анзират ва яна йиғи бошлади.
— Ҳўй, ҳўнгилламай тур! — деди Зариф найза уни жеркиб. — Хўш, етти ярим мингу беш минг — ўн икки минг. Хўп! Қани, Исломбой?
Исломбойнинг баданига титроқ кирди.
— Менга олдин бир нарсани ҳал қилиб беринглар, амаки, — деди у. — Қани, ака-укачилик шунақа бўладими? Мен ака бўлиб буни на тергай олмасам, на насиҳат қилолмасам… Бир оғиз гапирсам, итдан баттар беҳурмат қилиб ташласа… Мен тағин…
— Дийдиёнгни қўй, — деди Зариф найза. — Ака-ука кейин суришиб кетаверасанлар. Алам устида ҳар бало бўлади, шунга тиртайиб ўтирибсанми? Қани, қанча бероласан, шундан гапир?
Исломбой бор куч-қувватини тўплаб:
— Мени тўрт тангаям бероладиган қудратим йўқ, — деди.
— Нима?
Саломат қўлини пахса қилиб чақчайди:
— Худо урди-кегди, уят-э! Шунчалик ўлар жойдамисан! Кимсан уста Исломбой, қадаминг пул-а!
Исломбой аммасига қарамасдан минғиллади:
— Ҳамма сизга ўхшаб чайқовнинг ўрдагими, амма!
— Вой, таъна қилманг, Исломбойвачча! Ғарлик уят, ўғрилик уят, тирикчилик айб эмас!
— Ҳой, қақиллайверасанми ҳадеб! — дея можарони кесди Зариф найза. — Хўш, Исломбой, ростдан ҳам қурбинг келмайдими? Йўқ, очиғини айтавер, ахир, бировдан ўтганини биров қаёқдан билади!
— Қурбим етмайди, амаки, — деди Исломбой овози маъюсланиб. — Қурбим етса, наҳот, жигаримдан аясам? Хабарингиз бор, кичкина қизимни фотиҳа қилиб қўйганман. Қудам ҳеч ҳол-жонимга қўймаётибди. «Кўклам чиқсин», десам ҳам кўнмаётибди. Қиз узатишнинг ўзи бўлмаса…
— Ҳой, бетафвиқ, миянгни еганмисан? Укангни сўйиб кетай деб турибди-ку, тўйингни гапирасан-а, тошмеҳр! — Саломат яна бобиллаб гапга аралашди. — Қизинг бирон йил сабр қилиб турар, эрсираб кетмас жуда!
— Оғзингизга қараб гапиринг, амма! — Исломбой кўзлари олайиб, Саломатга даҳанини чўзди. — Оғзингизга қараб гапиринг!
— Ҳа? Оғзимга нима қипти?
— Қўй, айланай, тур, уйингга кет, — деди кампир Исломбойнинг енгидан чангаллаб. — Худо хайрингни берсин, уйингга борақол.
— Ҳайдаяпсизми? Ҳайдаяпсанларми? — дея ваҳшат солди Исломбой. — Бунақа экан, нега чақириб келувдиларинг?!
— Ҳеч ким сени ҳайдаётгани йўқ, ука, — деди Ориф бақироқ жеркиб.
— Йўқ, Исломбой, хафа бўлма, амманг минг қилсаям, бари бир аёл, аёллигига боради, — деди Зариф найза. — Қурбинг етмаса, нима қиламиз, майли, ўзинг биласан. Зоримиз бор-у, зўримиз йўқ.
Бу гап сўнгги томчи бўлиб, Исломбойнинг тўлган сабр косасини тошириб юборди.
— Амаки! — дея вишиллагандек ғалати овоз чиқарди у. — Нега мени қийнайверасиз, амаки?! Нега мундоқ ҳоли кунимни сўрамасдан, ҳаммангиз ҳар тарафдан талайверасиз? Бирортангиз билмайсиз, кўрган куним итникидан баттар, ахир! Мана, укам бир кечада йигирма минг бой бериб кепти. Йигирма минг! Ёшим қирқ бешга чиқди, лекин шу пайтгача хотинимдан бесўроқ бир сўм сарф қилолмайман, биласизларми шуни?! Шу пайтгача буни инсон зотига айтган эмасман! Мен укамга бугун бир сўм опкелиб берай — эртага уйимда қиёмат!
Оғир сукунат чўкди. Аллақайси бўғот тагида мов мушуклар юракни таталагудек ёқимсиз увиллади.
— Бу савдо ҳар кимнинг уйида бор, ука, — деди Ориф бақироқ.
— Келиннинг бунчалигини… ёпирай, ҳеч сезмаган эдик-ку, — деди Зариф найза.
«Хотинингни сотиб бўлса ҳам қутулдинг-а, эҳ, расво!» деб ўйлади Ўринбой.
Саломат эса тап тортмай дилидагини тилига чиқарди:
— Ҳали шу аҳволда эркакман, деб дўппи кийиб юрибман, дегин? Хотиндан хароб бўлиб юрган экансан, рўмол ўраб қўя қолгин эди биратўласи!
— Амма, — деди Исломбой оғриқ зарбидан тишини тишига босиб. — Олтмишга кирдингизми? Дунёга товуқфаҳм билан келиб, товуқфаҳм билан кетар экансиз-да! Ҳадеб менга писқон учиргунча, суюк жиянингизга бир оғиз насиҳат қилсангиз бўлмайдими? Шу хунаса қимор ўйнамаса, бу ғавғолар йўқ эди.
Саломат бирдан кўпириб-тошиб шовқин солди:
— Ўйнаган бўлса, ажаб қипти! Хўп қипти! Буниям эркак ўйнайди, қани, хотин ўйнаб кўрсин-чи!
Исломбой қалтираб ўрнидан туриб кетди, кўз ўнги қоронғилашиб, аммасининг устига бостириб борди.
— Амма! — деди ҳирқираб. — Ё сиз кетинг, ё мен кетаман! Худо ҳаққи, кетинг, кўзимга кўринманг бир бало қилиб қўймасимдан!
— Вой худойим-эй! — дея қаҳқаҳа урди Саломат. — Рухсор чиллаширга кучинг етмаган, менга йўл бўлсин!
Исломбой қаттиқ сўкинди, эшикни силтаб очаркан, қарсиллатиб пешонасини уриб олди.
— Чиқмаларинг! — деди Саломат унинг орқасидан қўзғалган кампир билан Анзиратга. — Қораси ўчсин!
— Бекор қилдинг, — деди Ориф бақироқ секин.
— Э, баттар бўлсин! Худо урди-кетди, бир қориндан тушган жигар-а! Майли, ҳеч ташвиш қилма, аканг бўлмаса, мана, мен — амманг бор! Етса — молим, етмаса — жоним! Э, йиғламанг, кеннойи, садқаи кўз ёшингиз-а! Ўлимликсиз қолсам ҳам майли, юрту эл тўрт газ кафан топиб кўмар. Эртага сиз ўлсангиз: «Вой, онам», дейишгаям ярамас экан бу тошбағир! Ака, қанча етмаётувди?.. Бўпти, эрталаб мен уйдан олиб бераман! Вой, ака бўлмай гўрга боргур, тўнғиздан тўқ-а!
«Ҳижжа-режа» эрталабгача давом этди.
Эрталаб кўзлари қизарган Ўринбой уйидан судралиб чиқди-да, тўғри кечаги жойга йўл олди. Қор тинган, қуёш йилтирайди.
У шахдам бориб таниш эшикни очди. Кечаси билан яна ўйин бўлган шекилли, хона тамаки ва ароқ исига тўлган эди.
Тўрда яғриндор бир киши майкачан бўлиб кўк духоба болишга ёнбошлаб ётар, дастурхон ёнида иккита йигит мастава ичиб ўтирар эди.
— Ҳорманглар-р! — деди Ўринбой имкони борича ўзини беписанд тутишга уриниб.
— Э, келдингизми? — деди майкачан киши шифтдан кўз узмай. Хиёлдан сўнг ёнбошига ағдарилиб, илжайди. — Яхши ётиб турдингизми?
— Мана, олиб қўйинг, — деди Ўринбой ва қўйнидан қора рўмолга ўралган тугунчак чиқариб, кўрпачага ташлади. Мастава ичаётган йигитлар унга қараб қолишди.
— Э! — деб қўйди майкачан киши ҳамон илжайиб, — Шунақа бўлувдими?
— Шунақа бўлувди, — деди Ўринбой ғижиниб.
Унинг олдига бир коса мастава суриб қўйишди. Рўпарасида ўтирган холдор йигит пиёлага ароқ тўлдириб узатди. Ўринбой индамай симириб, бир паррак шўр бодринг тишлади.
— Шу пулни жудаям олгим келмаяпти-да, — деди майкачан киши яғринини кўтариб. — Менга қаранг, бир иш қилсак-чи: яна бир кўрмайсизми? Толе-да, «Ол, қулим!» деб юборса, тамом-вассалом. Ҳеч нарса кўрмагандек бўласиз-қўясиз. А?
— Ҳаммасигами? — деб сўради холдор йигит.
— Бўлмаса-чи! А?
Ўринбой бу гапни бемаъни ҳазил деб билган бўлса-да, зада юрагига титроқ тушди.
«Йўқ, йўқ, йўқ! Худо сақласин!»
…Қасос, лаззатли қасос туйғуси унинг юрак-бағрини ўртаб борарди.
Қани энди, ҳозир, шу лаҳза, шу дақиқа қўлида даста-даста пул бўлсаю тўғри акасининг уйига бостириб борса, қўйнидан даста-даста пул олиб олдига ташласа, бўзрайган юзига даста-даста пул билан бир тушириб: «Пул топилади!» десаю жисми жаҳонини ёндираётган алангаи оташдан қутулса!
Қасос, лаззатли қасос!..
Бирдан у ўзини идора қилолмай қолди: қўллари бўйсунмай олға чўзилди, қайноқ қон вижир-вижир тўлқин уриб, томирлари бўйлаб югура кетди.
Ошиқни кафтига олиб маҳкам чангаллади, нафасини ичига ютиб, кўзларини чирт юмди:
— Ё, Жамшид!

1981