– Янги бойлардан бири тиш қўйиш мутахассисига учрабди. Тепа жағ тишларига жавоҳир қоплатибди, пастки жағларига платина қўйдирибди.
– Энди нима қилай? – сўрабди шифокор.
– Сигнализация қўясан-да, – дебди янги бой.
Метинбекнинг бу латифасига дўстлари ичаклари узилгудай бўлиб кулишди.
Кечагина мана шунақа янги бойлар устидан кулиб, латифа айтиб юрган Метинбек бугун ўзи ҳам ўшаларнинг кепатасига тушиб ўтирибди. Чакана савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрган Метинбек Братан билан танишдию ҳаловатини йўкотди. Унинг кўнглини олиш, ишончига кириш йўлларини қидира бошлади. Уйига чақириб зиёфат бермоқчи бўлди. Аммо Братаннинг данғиллама ҳовлисини кўрган Метинбек ўзининг ғарибгина ҳовлисига бунақа нуфузли меҳмонни чақира олмасди.
Уч-тўрт танга жамғармасини харжлаб ҳовлини таъмирлатишга тушди. Хоналар евротаъмирдан чиқарилди. Ҳовлига ғиштпол ётқизилди. Бироқ ҳафта ўтмай Метинбекнинг фикри ўзгарди, уни қўпортириб, ўрнига брусчатка ётқизди. Кундан кунга «диди» ўсиб бораётган Метинбек уни ҳам қўпортириб, ранглисига алмаштирди. Девордан кўчган бир парча сувоқни ҳам ямаб қўйишга ярамайдиган ўғлидаги бу ўзгаришдан ота ҳайрон. Ҳовлига тузуккина ярашиб турган рангли брусчатка ҳам бузиб ташлангач, Яшнар отанинг чинакамига жаҳли қўзиди.
– Ҳой, сен нима қиляпсан? Ярим йил ўтмай уч марта алмаштирдинг-а! Нима бало, бошқа ишинг йўқми? – деди.
– Эй, бобой…
– Бобой дема, кўрнамак, отангман.
– Энди бобой, бу дада, ота деган атамалар эскирди. Энди замонавий талаффузларга ўтишимиз керак. Мана Братан ҳам отасини бобой дейди.
– Ҳа, ўзингга ўхшаган устоз топибсан-да.
– Ҳа, энди, бобой… Ҳа, нима деяётгандим. Ҳа-я, янги брусчатка чиқибди, тўрт бурчида тўрт хил рангда чироқ ёниб тураркан.
– Ўҳ-ҳў, шунча брусчаткага етарли токни қаердан топасан?
– Бир гап бўлар, ота… бобой. Шунақа, замон ўзгарди, модалар ўзгаряпти. Қотиб қопсиз-да. Эски ўқитувчилар ҳаммаси шунақа, – дея овқатини хўриллатиб ичаркан, чап қўлидаги телефон антеннасида бурнини кавлади. «Бурун кавлашини ҳеч йўқота олмагандим. Энди янгича кавлашга ўтдими?», дея ижирғаниб четга қаради ота.
– Ундан кўра, онангнинг қабрини тузат.
– Эй, бобой, намунча эскичасиз-а?! Яқинда Братанга зиёфат берамиз. Муҳим шартномани имзолаймиз. Ана шундан кейин сиз ишларни айтаверасиз, биз дўндираверамиз.
– Анови қўшнимиз, тул хотин Раҳима аянгни девори ағанаб ётибди. Шуни ўнглаб бер, ана савоб.
– Эй бобой, ҳозир ҳамма ўз аравасини ўзи тортадиган замон, – деди Метинбек энди телефон антеннасини оғзига тиқар экан.
Кўнгли алағда бўлган чол бир ўқрайдию, ўрнидан туриб нари кетди.
Шу пайт Метинбекнинг ўғли отаси ёнига келиб хархаша қила бошлади.
– Дада, қачонгача бузуқ ноутбук билан мактабга бораман. Ўртоқларим билиб қолишса…
– Билдирмагин-да, азамат. Ҳали шунақасини олиб берайки…
– Бужитерияларингиз ҳам жонга тегди. Дугоналарим сохталигини билиб қолишсами?! Ўламан, шарманда… – дея энди хотини зорлана бошлаганди, Метинбек гапиртирмади.
– Сир берма, хотин, сир берма. Яқинда Братан келади. Барча ўша бужи, бужа, эҳ, ўшаларингни тақиб ҳовлида соллана-соллана юрасан. Братан бой эканлигимизга амин бўлиши керак. Қани, бир юриб кўр-чи.
Хотини ўрнидан туриб, товус юриш қилиб кўрсатди. «Ўхшатмагунча учратмас», дея ғудранди, гулларни парвариш қилиб юрган ота.
Эртасига Метинбек машинада алланималар келтирди.
– Бу яна нимаси? – отанинг янада ҳайрати ошди.
– Барабалический антенна, – деди минғирлаб Метинбек.
– Парабалический денг, – тўғирлади ўғли.
– Барибир эмасми? Қани, ёрдам бериб юбор.
– Уни нима қиласан? – сўради отаси.
– Вой, бобо-ей! Жа-а, тупойсиз-да. Томга қўямиз-да, энди дунё телевидениеси уйимизда деяверинг.
Ота бир нохушликни сезгандай сесканди. Бу бежиз эмас экан. Тушдан кейин ўғли икки барзанги мардикор билан кириб келди. Улар э-йўқ, бе-йўқ кўча эшиги олдида савлат тўкиб турган катта олма дарахтини кеса бошлади.
– Ҳой, тўхта, нима қилаяпсан? – улар томон интилди ота.
– Ота, ота! – Метин энди бобой дейишдан тийилиб, отасининг қўлтиғидан олдию кўча томон бошлади.
– Қаранг, анаву томда бара, пара, эҳ, ўша антеннани кўряпсизми? Ана, кўрмаяпсиз. Ўтган-кетганлар қандай кўришади? Олма тўсиб қоляпти.
– Кўринмаса нима қипти? Олмада нима айб?
– Вой, бобо… ота-ей, жуда дидсизсиз-да. Ахир, бунақа антенна маҳаллада ягона-ку. Одамлар кўриб, сал кўзи қувнаб турсин-да.
– Эй, диди ҳакалак отган, бу олма бола-чақанинг ризқи-ку. Қўни-қўшни нафланиб турувди.
– Ана, именно шунинг учун ҳам кестиряпман. Шундай олмани сотмай, талон-тарож қилиб ётибсиз.
Ота ўғлининг қўлидан аранг чиқдию ичкарига шошилди. Аммо, улгурмади… Дарахт ағанаганда чолнинг ҳам ичида бир нима узилгандай бўлди. Бу ҳолваси экан. Энди ҳовли ўртасидаги чолнинг севимли дарахти – беҳига ҳужум бошланди.
– Мени ҳам кесиб юбор, – деди хўрлиги келган чол.
– Ота, қўйсангиз-чи… Мен бу ерда шунақа бассейн бунёд этайки, иссиқ кунларда салқинлаб ўтирасиз. Атрофлари мрамор бўлади.
– Мармар дегин, – деди ота ижирғаниб.
– Эй бобой, маданиятли одамлар мрамор дейишади. Мана, масалан, бизни Братан ҳам шундай дейди…
Эртасига усталар ҳовуз қилишга киришдилар. Метинбек эса юк машинасида катта китоб жавони, енгил машинасида эса бир дунё китоб келтирди.
«Ие, умрида китоб ўқимаган ўғлимни нима жин урди?» – деди ота ҳайратга тушиб.
– Ҳа, ўғлим, ақлинг кириб қоптими? Китоб ўқисанг, энди одам бўлиб кетасан, – деди кейин ўғлига.
– Э, қаёқда, китоб ўқисам бошим оғрийди. Модаси шунақа бўляпти. Бой одамнинг уйида, ўқиса-ўқимаса, китоб жавони, чиройли муқовали китоблари бўлиши керак.
– Ие, ҳали бу ҳам хўжакўрсинга, де.
– Вой, бобо-ей, ахир, китоб ўқиш планини ҳаммамиз учун бажариб қўйгансиз-у, – дея Метинбек хохолаганча кўчага чиқиб кетди.
Метинбекнинг уйи гўё қурилиш майдонига айланди. Братанни қабул қилишга мўлжалланган зал таъмирланиб, элита пардалар, бежирим стол-стуллар билан жиҳозланди. Ҳовли ва уйларни кузатар экан, Метинбек ўйга толди.
«Бассейн атрофига зўр оромкурсилардан топиш керак. Ҳа, Эшқобилда кўргандай бўлувдим».
У кўчага ошиқиб чиқиб, машинасини Эшқобилнинг фирмаси томон учирди.
– Дўстим, устахонангда чиройли стуллар кўргандим. Шуни ўн донасини берсанг, – деди саломни ҳам насия қилиб.
– Бемалол. Лекин ярми битмаган-да.
– Ўтирса бўладими?
– Билмадим, кашшаклари қўйилмаган-да. Оғирроқ одам ўтирса… Метинбекнинг кўз олдига Братани келдию бир қалқиб кетди. Лекин ниманидир чамалади-да, деди:
– Ке, олиб кета қолай. Вақт тиғиз.
– Лекин…
– Битмаганларини четроққа қўярмиз.
Ҳовуз битди. Зиёфат белгиланган куни дастурхон тузаётган хотинига йўл-йўлакай стулларни жойлаштириш тўғрисида уқтирди. Нобопини ҳовуз ёнига қўймасликни тайинлади. Хотини ўз ишларидан ортмай, бу топшириқни болаларга айтди.
– Энди энг чиройли, бежирим кўйлакларингизни кийиб олинг, – дея хотинига яна бир эслатди-да, “Эҳ, бобойни бирор ёққа жўнатвормадим-да. Ишқилиб қовун туширмасин-да», дея ўйлаб қолди ва отасига ҳам уқтирди.
– Энди, бобой, яхшироқ кийиниб, мулозамат қилиб турасиз-да. Аммо-лекин тилни сақлайсиз. Бизнесменларнинг майда гапларга тоқати йўқ.
– Балки эшикни бўшатиб қўярман, – заҳарханда қилди ота.
– Нималар деяпсиз, бобой? Бу сизнинг ҳам эшигингиз, – сохта табассум қилди Метинбек.
Қоқ тушда евротаъмирдан чиқарилган ҳовли ёнига иккита хориж машинаси келиб тўхтади. Биттасидан икки нафар озғингина кишилар тушиб, нариги машинанинг эшигини очишди. Ундан ўрта бўйли, қорни оқиб кетар даражада селкиллаган киши тушди.
– Ўша бизнинг Братан бўлади, – деди Метинбек отасига ғурур билан.
– Жа-а, беўхшов эканми? Анаву ёнидагилар мунча арвоқ?
– Бу Братанни янада салобатли кўрсатади-да, ҳалиги гап бор-у, хунук қизлар чиройли кўриниш учун ўзидан хунукроқ қизга дугона бўлиб оларкан. Қалай? – деди у бу ўхшатишдан ҳузур қилиб. Сўнгра Братаннинг истиқболига ошиқди.
Меҳмонлар залга олиб кирилгач, кетма-кет таомлар тортила бошланди. Қиттак-қиттак ҳам авжига чиқди. Ҳайдалиш куйи – ошдан олдин меҳмонлар очиқ ҳавога чиқишди. Лазиз таомлару ичкилик таъсиридан Братан янада бўғриқиб, семириб кетгандек эди. У аранг нафас оларкан, пишиллаб деди:
– Бу, менимча, бўладиган бола.
– Ҳа, кўриниб турибди, – дейишди шериклари бир овоздан.
– Шартномани олиб келдингларми?
– Ҳа, – дейишди гумашталар бир овоздан.
Шу пайт Метинбекнинг хотини кўзни куйдирар даражадаги либосда, қўлида музқаймоқлар тўла патнис билан меҳмонлар томон юрди. Сархуш Братан аёл томон сузилиб қарадию хаёлидан «Жа, сулув эканми?», деган фикр ўтди.
«Даюс хотинини номаҳрамлардан қизғанмайди-я. Ишқилиб, бирор кор-ҳол юз бермасин-да», ғудранди ота ғазабга миниб.
– Бугуноқ, шу ердаёқ имзолаймиз. Бу бола подводит қилмайди, – дея Братан ҳовуз томон юрди.
Нарироқда қўл қовуштириб, ийманибгина Братан томон силжиётган Метинбекнинг кўзлари туйқусдан ҳовуз ёнидаги битмаган стулларга тушди. «Вой, ярамаслар», дедию ўша томон шошилди. Аммо бу пайтда Братан стулларнинг бирига ўтираётган эди. Метинбек аранг «Шеф, Братан, тўхтанг!», дедию дами ичига тушди.
Залворли юкдан стул ажиб ғичирлади, оёқлари икки томонга керилиб, орқага – ҳовуз томон оға бошлади. Братан туришга уриндию оғир юкни дабдурустдан кўтара олмади. Шотирлар у томон отилиб унинг узатилган қўлларига ёпишишди. Бироқ, оғир юк у иккисини ҳам қўшиб ҳовузга ғарқ қилди. Метинбекнинг эси оғиб қолай деди. Ним табассум билан Братан томон йўлга чиққан хотини етган жойида ранги ўчиб, тек қотди.
Братан ва унинг гумашталари сувдан бош кўтаришганда Метинбек ёрдамга шошилди. Братаннинг бир қулоғида тилла балиқча типирчилар, иккинчи қулоғида нилуфар гули осилиб турарди. У аввал балиқчани Метинбекнинг юзига отдими ё шартномани йиртиб ташладими, бу унинг эсида йўқ. Аммо чолнинг кўнглидаги ҳадик юз бергани аниқ эди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 1-сон.