Қўлимдаги пиёла бехосдан тушиб кетиб, ичидаги чой тўкилди, дастурхон ҳўл бўлди. Ирим-сиримларга унчалик аҳамият беравермайман-у, аммо баъзан эрталабдан шундай ҳодиса бўлса, кўнглимнинг бир четида жиндаккина ғулғула уйғониб қолади. Мана, бежизга эмас экан, ишхонамга келишим билан нохуш хабар битилган телеграмма олдим. “Фарҳод, Замон муаллим қазо қилди, эртага соат ўн бирда сўнгги манзилга кузатамиз. Иложинг бўлса етиб кел”, деб ёзилган эди қоғозда. Шу лаҳзада бирданига Замон муаллимнинг ҳар қандай одамни сергаклантирадиган ўткир нигоҳи, ҳамиша ўзгармайдиган тунд қиёфаси ва кексайганда ҳам эгилмаган алп қомати кўз ўнгимда гавдаланди.
Шу баробарида эса хаёлимнинг нариги ярим пардасида кўкракларидан оқаётган сутга қоришиб кўз ёшлари ҳам дув тўкилаётган яланғоч аёл пайдо бўлди.
Э-ҳа, бунга кўп йиллар бўлган. Қанча сувлар оқиб кетди. Лекин қачонки Замон муаллимни эсласам, у билан бирга ўша аёл ҳам хаёлимга келаверади. Бинобарин, у ҳаётимдаги унутиб бўлмайдиган воқеалардан бири эди. Ҳар гал эсимга тушиб қолса юрагим ачишиб, кўнглим беҳузур бўлар, қўйиб берса кўзимга ёш қалқиб чиқай дейди. Мана, ҳозир ҳам кутилмаганда қўлларим қалтираб, елкам ачишиб кетди. Ҳар гал ана шу хотира уйғонганда ич-ичимдан йиғлагим келиб, вужудим озорланади. Ачиниш, нафрат, куюнчаклик ҳислари билан бир қаторда юрагимнинг энг тубида алангага айланган мамнунлик учқуни ҳам намоён бўлади.
Эҳтимол мактабда ўқишларим кутилмаганда жадаллашиб, то ўқишни битиргунимча ҳамма синфдошларимдан ўзиб кетганим, кейин институтга кириб, яхши натижага эришганим ва ундан сўнг тез фурсатда диссертациямни ҳимоя қилиб, олимлик мақомига етишганим ҳамда эндиликда катгагина муассасанинг раҳбари бўлганим, умуман барча-барчасига ўша муаллим ва ўша аёл сабабчи бўлгандир, дея ўйлаб қоламан. Шу фикрим тўғри, деб ҳисоблайман ва бу албатта, адолатдан бўлур эди. Ана шу интилишларимга, фавқулодда пайдо бўлган ғайрат- шижоатимга бошқа бирон сабабнинг туртки бўлганини эслай олмадим.
Аслида Замон муаллим мени мактабда ўқитмаган (лекин ҳаётда яхшигина дарс бериб қўйди). Мен биринчи синфга борганимда у киши нафақага чиқиб кетган экан. Лекин то умрининг охиригача ҳам ҳамма уни муаллим деб билди, муаллим деб чақиришар эди. Қаҳри қаттиқлиги, салобати, кўз ва сўзи ўткирлиги боис кўча-кўйда уни учратганлар ўзларича сергак тортиб қолишарди. Шунинг учун бўлса керак, мен тенги болалар ҳам Замон муаллимнинг салобати ҳақида кўп эшитавериб кўнглимизда аллақандай таассуротлар пайдо бўлган, кўча чангитиб ўйнаб юрганимизда у кишига дуч келиб қолсак қўрқа-писа салом бериб, тезда кўздан ғойиб бўлишга шошилардик… Худди ҳозир кўриб тургандек, аниқ-тиниқ мана, бор бўйи билан кўз олдимга келади: кўзларидан ёш, кўкракларидан сут оқаётган ўша яланғоч аёл. Мен кўрган бу манзарани агар бирорта рассом кўрганида, чизган сурати билан, албатта Леонардо да Винчидан ўзиб кетарди ва бу бир лаҳзалик хилқат шунчаки хотира сифатида биргина гувоҳнинг ўзи бил
ан йўқ бўлиб кетмасдан, балки буюк асарга айланиб, башариятнинг бебаҳо мулки бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Афсуски, мен рассом ҳам, шоир ёки адиб ҳам бўлмадим.
* * *
Бола кўтарган ёшгина аёл пайдо бўлиб қолганлиги бутун қишлоққа бир зумда тарқалди. Ўшанда мен эндигина еттинчи синфни тугатаётган эдим ва катталар орасида оғиздан-оғизга кўчиб юрадиган бундай миш-мишлару олағовур гапларга унчалик эътибор бермасдим. Лекин бу галги дув-дув тарқалаётган гап эсини таниган одам борки, оғзига кўча бошлади. Бундай олганда, бола кўтарган дайди аёл қишлоқларга ҳадеганда келиб қолавермайди-да. Бунинг устига у анчагина чиройли ҳам экан.
Ҳаммадан олдин уни шаҳарга қатнайдиган автобуслар тўхтаб ўтадиган бекат ёнидаги чойхонада майхўрлик қилиб, ўтган-кетганга гап отиб ўтирадиган бетайин кишилар кўришган. Аслида ҳар қандай миш-миш биринчи бўлиб ўшалардан тарқалади. (Улар ҳар қанақа гапга ўзлари бичган тўнни кийгизиб, кейин ҳаммага овоза қилишади). Аёл бир-икки кун ҳали уникида, ҳали буникида қўним топиб юрди. Тез орада унинг кимлиги, қаердан келганлиги маълум бўлгач, у мутлақо кўчада қолди. Кимнинг остонасига бош уриб бормасин, эшиклар тақа-тақ ёпиларди.
Ўша пайтлар баҳор фасли бўлишига қарамасдан, саҳарларда шудринг ўрнига ерга ун элаган каби юпқагина қиров тўшаларди. Аёл гўдагини опичлаб, гоҳ бекат айвонидаги тош ўриндиқ устида, гоҳ дўкон омборхонасининг ёнида тонг оттирарди. Лекин ҳар куни албатта ухлаш жойини ўзгартирарди менимча, у кечалари одамлардан қочиб юрарди.
Мен уни биринчи марта Самад тоғамникида тўйда кўрдим. Кечқурун тўй бошланганда биз болалар билан тўйхона ташқарисида қувлашмачоқ ўйнамоқда эдик. Аёл қаёқдандир келди-да, қўрқа-писа тўйхонага яқинлашди.
— Жўралар, қаранглар, ҳалиги аёл келибди , ана, қўлида чақалоғи ҳам бор, — деди болалардан бири бақириб.
Ҳамма у томонга қаради. Чироқнинг хира тушиб турган ёруғида кўрдимки, аёл ёшгина, ҳақиқатан ҳам чиройли эди. Ширакайф бўлиб олиб, қоронғида сигарета чекиб ўтирган бир неча бебош йигитлар уни кўришлари билан атрофини ўраб олишди ва тегажоқлик қилиб қоронғиликка судрай бошлашди. Аёл уларга ёлвориб, йиғламоққа тушди. Аёлга раҳмим келганиданми, билмадим, ичим ачишиб, сал бўлмаса йиғлаб юборай дедим. Шу тобда ўртоқларимни ҳам унутиб, ичкарига чопиб кирдим-да, буни ҳаммамга айтдим. Тўрт-беш чоғли хотинлар шоша-пиша кўчага югуриб чиқиб: “Ҳой, беномуслар, нима қилаяпсизлар, бир имонли одамнинг тўйини бузаяпсизлар-ку”,— дея йигитларни койиб, дайди аёлни уларнинг чангалидан ажратиб олишди. Кейин уни ўзлари билан бирга ичкарига олиб кириб кетишди.
Аёл чамаси эрталабгача шу ерда идиш-товоқ ювди, тўйхонани саранжомлаб, супуриб-сидирди. Мен ҳам ўша куни тўй соҳибларининг уйида ётиб қолдим. Нима учундир алламаҳалгача ўша аёлнинг ҳаракатларини, юриш-туришини кузатдим. Унга азбаройи раҳмим келди чамаси. У ошхона пойгагидаги исқирт шолча устига эскигина кўрпачани тўшаб, йиғлаётган чақалоғини ётқизди ва энгашиб уни эмизди. Гўдак ухлаб қолгач, у чаққонлик билан идишларни ювди.
Тонг маҳали ўрнимдан турганимда аёл хизмати эвазига олган тугунни кўтарганча ҳовлидан чиқиб кетаётган экан. У толиққанидан бўлса керак, оёғини зўрға судраб босарди.
Шундан сўнг анча вақтгача бу аёлни қайта учратмадим. Лекин у ҳақидаги бўлар-бўлмас ғийбат гаплар тез-тез қулоғимга чалинаверарди. Бир куни туз олиб келгани чойхонага борганимда (бунақа майда-чуйдаларни уйимизга яқин бўлгани учун чойхоначидан сотиб олардик) айни ўша ғийбатнинг устидан чиқдим. Шу пайтда ўша аёл кўчанинг нариги томонидан ўтиб бораётган эди. Вино ичиб, қарта ўйнаб ўтирганлардан бири пихиллаб кулди:
— Қаранглар, анави сув париси ҳалиям дайдиб юрибди, — деди у бошқаларниям тилини қичитиш учун.
— Қанақасига сув париси бўлсин, ит теккан қовун-ку, — деди бошқаси афтини бужмайтириб.
— Ўзи нега бу ерларда тентираб юрибди? — деди яна бири ўзини гўлликка солиб.
— Ҳалиям хабаринг йўқмиди. Суриштириб билдик, у Бўронлидан экан-ку. Бўронлининг йигитлари уни алдаб, роса эрмак қилишган экан. Уни деб бир йигит ҳам ўлиб кетан эмиш. Қисқаси, у билан дон олишганлар кўп экан. Бўронлиликлар ҳам ўзимизга ўхшаб орига маҳкам одамлар. Отаси номусга чидаёлмай, қизини оқ қилибди. Қишлоқ аҳли ҳам шуни кутиб турган эканми, шармисор қизни Бўронлидан бадарға қилишибди. Шунинг учун бизнинг қишлоққа келиб қолган экан. Сув парисининг достони мана шунақа, Боқивой. Дунёдан бехабар юрган экансан-да шу пайтгача, ҳе омон бўлгур.
Уларнинг ғийбатлари болалагандан-болалади. Бир пайт ҳалиги аёл тўғри чойхонага кириб келди. Чойхоначидан бир коса овқат сўраб, пойгакка яқин жойдаги стол ёнига ўтирди. Қарта ўйнаётганлар пичинг қилиб гап ота бошлашди. Аёл эса гўдагини бағрига маҳкам босганча, уларга эътибор ҳам бермасдан овқатини еяверди. Чамаси бундай қочирим гапларни эшитавериб аллақачон унинг дийдаси қотиб кетганга ўхшарди. Ногаҳон у менга термулиб қаради. Фалати бўлиб кетдим. Шунда қачондан бери ундан кўзимни узмай тикилиб қолганимни сезиб, ўз-ўзимдан уялиб кетдим. Аёл бамайлихотир овқатланиб бўлгач, эндигина ўрнидан қўзғалган эди ҳамки, боядан бери унга гап отиб жағи оғримаётганлардан бири ниҳоят жойидан туриб, у томонга юрди ва тегажоқлик қила бошлади. Аёл аввалига мулойим гапирди. Эркак унинг билагидан ушлаганда эса кўзларидан ўт чақнагандек бўлиб: “Ҳеч бўлмаса қўлимдаги гўдакка раҳминг келса бўларди, иймонсиз”, — дея унинг юзига чунонам туфладики, эркак бир зум карахт бўл
иб қолди. Кейин муштини дўлайтириб аёлнинг устига бостириб бораётганида бошқалар уни ушлаб қолишди.
— Қўйиб юборинглар, ўлдираман фоҳишани, — деди ҳалиги одам ўшқириб.
— Фоҳиша бўлиб ҳеч бирингиз билан шакаргуфторлик қилганим йўқ. Ҳартугул сиздан кўра покизароқ бўлсам керак, — дея аёл кўзларига ёш қалқиб, чойхонадан чиқиб кетди.
Юзига туфланган одам бўкириб сўкинганча юлқинарди. Лекин шериклари то аёл кўздан ғойиб бўлгунча уни қўйиб юборишмади. “Шу фоҳиша билан тенглашиб ўтирасанми, ўзингни бос”, — деб таскин беришди улар.
Бу воқеадан кейин аёл қишлоқда кўринмай қолди. У ҳақдаги ғийбатлар ҳам аста-секин унутила бошлади. Бироқ ёзнинг ўрталарида унинг яна қишлоқда пайдо бўлиб қолганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Нима учундир ўша аёлни дабдурустдан учратиб қолгим келарди. Ниҳоят бир куни биқиним оғриб, отам билан касалхонага борганимда уни учратдим. Докторнинг қабулида бемор борлиги сабабли биз йўлакда навбат кутиб турган эдик. Шунда ҳалиги аёл чинқириб йиғлаётган боласини кўтариб кириб келди. У ҳам йўлакда бироз навбат кутиб турди. У сочлари тўзғиган, кўйлаги унниқиб кетган, калиши йиртиқ, бутунлай абгор аҳволда гўдагини овутолмай дийдираб турарди. Унга яна узоқроқ тикилиб қолган эканман, отам тирсагимдан аста туртиб, томоқ қириб қўйганида чўчиб тушдим.
Қабулхонада турганларнинг гўдакка раҳмлари келди шекилли, аёлни бенавбат ичкарига киритиб юборишди. Қия очик, эшикдан аёлнинг йиғлаб-ёлворишлари эшитилар эди:
— Шу гўдаккинанинг ҳаётини сақлаб қолинг, доктор. Менинг бу ҳаётда бошқа умидим қолмаган. Фақат шу бола борлиги учун яшаб юрибман. Умрбод эшигингиз тагида хизматкор бўлай, ёрдам беринг.
— Эртароқ қаерда эдинг, қизим, — деди оппок, сочли, озғиндан келган кекса доктор. — Вақт ўтганидан кейин ялиниб-ёлворганинг нимаси. Тинчингни ўйлагандирсан-да.
— Болам бетоб бўлса, менда ҳаловат бўлармиди?! Табибларга ҳам бордим, докторларга ҳам учрашдим.
— Хўш, улар даволашолмадими?
— Табиблар, пулинг бўлса келарсан, дейишди. Докторлар ўзларини олиб қочишди.
— Афсус, қизим, вақтида келганингда эҳтимол ёрдамим тегиб қоларди. Сен ўзингни қўлга ол. Ҳар ким Худо берган умрни яшайди. Шу лаҳзада мен мутлақо ожизман.
Аёл ўксиб-ўксиб йиғлаб, гўдакни маҳкам қучоқлаб чиқиб кетди. Ҳамма унга қараб турарди. Лекин у ҳеч кимни кўрмади, ҳеч кимни кўришни истамасди ҳам чамамда.
—Ҳа, ўғлим, нега йиғлаяпсан? — деди отам кутилмаганда.
Оғриқни ҳам бутунлай унутиб, шу тобда фақат ўша аёлга диққатимни қадаган, унга қўшилиб юм-юм йиғлаётган эканман.
— Ичим оғрияпти, — дедим сир бой бермаслик учун биқинимни ушлаб.
Ўшандан кейин ҳар куни ўша аёл тушимга кириб чиқадиган бўлди. Ҳар куни деярли бир хил туш: аёл сочларини юлиб, ёқасини йиртиб йиғлар, йўқолиб қолган гўдагини ахтарар эди.
Орадан бир ҳафталар ўтгач, бир куни сигиримиз яйловдан қайтмади.
Чўпондан сўраган эдим: “Хабарим йўқ, эҳтимол колхознинг даласига оралаб кетгандир. Жудаям қайсар, расво молларинг бор ўзи”, — деди қўрслик билан. Кейин сигирни қидириб яйловга қараб кетдим. Қуёш уфққа кираётган маҳал эди. Қоронғи тушмасдан топиб келиш учун тез-тез қадам ташлаб борардим. Қирдан ошиб ўтиб, баҳорги селлардан ҳосил бўлган қуп-қуруқ сой ичидан юриб бораётган эдим, бир пайт кутилмаганда сой ичида чўк тушиб ўтирган аёлга дуч келиб қолдим. У нима учундир инграб-инграб кўкракларини эзғилаётган эди. Мени кўриши билан бир зум анграйиб қолди. Бундай ғалати манзарани биринчи марта кўриб турганим боис оёқларим қалтираб, “шилқ” этиб қум устига ўтириб қолдим. У типратикан цингари ғужанак бўлиб тиззаларини қучоқлаб олган, қарашида алам, изтироб ва қўрқув аралаш ажабланиш мужассам эди. Балки у менинг кутилмаганда осмондан тушгандек пайдо бўлиб қолганим ва бениҳоя ҳайратдан чақчайиб кетган кўзларимдан қўрқиб талвасага тушгандир. Бинобарин, мен ўзимнинг ў
ша лаҳзадаги ҳолатимни тасвирлаб беролмайман. Бир-биримизга қанча вақт тикилишиб турдик, билмайман. Шу қарашда ҳар иккимиз ҳам “Нега бундай бўлди, нега бундай ўтирибмиз?” дея бир-биримизга унсиз савол берар ва унга нигоҳларимиздан жавоб ахтараётган эдик, чамамда.
Бир пайт аёл ўрнидан туриб, қоматини адл тутди. Шу кўйи ҳам мендан кўзини узмасди. Бир қадам олдга ёхуд орқага ташламади ҳам. У бутунлай яланғоч эди. У ана шу ҳолатида силлиқ оппоқ мармардан ўта маҳорат билан ишланган нафис ҳайкалга ўхшарди назаримда. Тўзғиган қора сочлари унинг ноёб гўзаллигига нақадар ярашиб тушган эди. Тим қора кўзларидан тирқираб оқаётган ёшлар икки ирмоқ ҳосил қилиб, юзи ва бўйни узра оқиб тушиб, икки кўкрагидан сирқираб оқаётган сутга туташиб кетган ва бу ирмоқлар унинг бадани, оёқлари узра йўл солиб, қумга сингиб бораётган эди. Бу манзарани кўрганим заҳот юрагим қинидан чиққудек “дук-дук” уриб, қулоқларим шанғиллай бошлади. Назаримда, улкан мармар тоғ қояларидан оппоқ сутга тўла икки дарё шовуллаб оқиб тушиб, ер қаърига сингиб кетаётганга ўхшарди.
— Нега менга бундай қараяпсан? — деди аёл ўрнидан жилмай. — Яланғоч аёлни кўрмаганмисан?
Мен ўнғайсизландим. Қаёқққа ўгирилишимни билмасдим. Гапирай десам тилим лол, ўрнимдан турай десам, оёқларим ўзимга бўйсунмас эди. Лекин барибир кўзимни ундан уза олмасдим.
— Менинг мана шу танамдан бошқа ҳеч нарсам қолмади. Энди на бирор яқиним, на орзу-умидларим ва на ҳаётим бор, — деди аёл ҳамон унсиз йиғлаб.
— Кўкрагимдан оқаётган сут боламнинг ҳаққи эди. У ҳозир тупроқ остида. Менинг эса ҳеч кимга керагим йўқ, на ерга, на осмонга. Бу дунёда юришим фақатгина одамларнинг ғийбатларига мавзу бўлишдан бошқага ярамай қолди. Улар ғийбатдан ҳузур оладилар. Мен ҳақимда нималарни тўқиб-бичишмаяпти. Ҳеч нарсани билмай туриб, фоҳишага ҳам чиқариб бўлишган. Сен уларга ишонма. Мен нопок эмасман. Фақат севги дардига мубтало бўлганман. У йигит олисда эди, жуда ҳам олисда. Ёвузлар жонига қасд қилишди. Болам севгилимдан ёдгорлик эди. Яратган эгам шуни ҳам кўп кўрди. Ўсмиргина экансан, севишга эҳтиёт бўл. Яхшиси, бу дардга мен каби мубтало бўлмаганинг маъқул. Бу ғийбатларга тўла биёбонда севиб ҳам, севилиб ҳам бўлмас экан. Бу одамлар муҳаббатни ҳам гуноҳ санашади. Бу жуда ёмон дард, укажон.
Аёл ҳамон тик турган кўйи гапирарди-ю, куз ёшлари шовуллар, кўкракларидан сирқираб сут оқар, очофат қум эса уларни тамшаниб-тамшаниб ютиб кетмоқда эди.
Шу пайт қоқ тепамда кимнингдир қаҳрли йўталгани эшитилди. Илон чаққандек сесканиб юқорига қарадим. Замон муаллим қўлларини орқасига қилиб, кўзларини менга ўқдек қадаб турарди. Қаёқдан куч топдим, билмадим, қумларни тўзғитиб сакраб ўрнимдан турдим. Бир аёлга, бир муаллимга қарадим. Аёл яна боягидек ғйжанак бўлиб олган, пешонасини тиззаларига қўйиб, ҳиқиллаб йиғламоқда эди.
— Буёққа чиқ, — деди муаллим важоҳат билан. Сакраб юқорига чиқдим.
Муаллим қулоғим остига шундай тарсаки туширди-ки, бошим ғув айланиб, уч-тўрт қадам нарига йиқилиб тушдим.
— Мен… мен… — дедим зўрға ўзимни ўнглаб.
— Қолганини уйда отангдан оласан, — деди муаллим.
— Отамга айтманг… Мен ҳеч нарса қилганим йўқ. Тасодифан…
Аёл жулдур кўйлагига ўраниб, ҳамон инграб йиғламоқда эди. Аммо муаллим унга қарамади, эътибор ҳам бермади. У кўзлари вужудимни тешиб юборгудек бўлиб менга тикилиб турарди. Бир зум ўйланиб тургач, эшакка боғланган арава томон юрди. Арава устига бир ғапам қуриган янтоқ ортилган эди.
— Яхши, — деди муаллим арава ёнида тўхтаб, — ундай бўлса сени ўзим жазолаб қўя қоламан. Агар шу жазога чидай олсанг, бу сир ўртамизда қолиши мумкин.
Шошганимдан йиқила-сурина унинг олдига бордим.
— Кўйлагингни менга бер, — деди у ҳамон важоҳатидан тушмай. Дарров ечиниб кўйлагимни узатдим. — Энди энгашиб тур.
Мен унинг буйруғига итоат қилиб энгашиб турдим. Мақсадини эса жуда яхши тушунган эдим. У паншаха билан арава устидан каттакон бир даста янтоқни олди-да, елкамга қўйди. Кўзларимдан ўт чиқиб кетай деди. Инграб юбордим.
— Ҳа, оғирлик қилдими? — деди муаллим бамайлихотир. — Шу пайтда бундан кўра енгилроқ жазони топиш мушкулроқ. Ҳечқиси йўқ, чидаганга чиқарган. Қани, энди олдимга тушгин-да, шу янтоқни уйимга элтиб бер. Агар йўлда елкангдан тушириб юборсанг, устига яна бир даста қўшаман. Хавотир олма, кеч кириб қолди, ҳеч ким кўрмайди.
Мен индамай йўлга тушдим. У эса эшагини етаклаб ортимдан келаверди.
Инқиллаб қадам ташлардим-у, тиканлар баданимга қадалиб, жонимни сйғйпиб олгудек бўларди. Шундай бўлса-да, янтоқнинг елкамдан тушиб кетишидан жуда- жуда хавотирланар эдим. Чунки Замон муаллим бир сўзли одам, айтганини қилади: елкамдаги янтоқни тушириб қўйсам, устига яна бир даста қўшиб, жазони икки ҳисса орттиради. Ўзи шундоғам елкамга баҳайбат дев миниб олиб, пичоқ санчиб кетаётгандек туюлмоқда. “Майли, шунисига ҳам шукр”, — дер эдим барибир ўзимга далда бериб. Ахир, бу жазо бориб отамга чақиб беришидан кўра минг карра енгилроқ эди. Агар отамга айтиб берганида нима бўларди? Ҳаётимнинг у ёғини тасаввур қилолмайман. Аниқроғи, тасаввур қилишга қўрқаман. Ўзимни оқлашга қанчалик уринмай, барибир ҳеч ким менга ишонмас эди. Бинобарин, ҳеч иш қилмасам ҳам, ўша қип-яланғоч аёлга кўзимни лўқ қилиб тикилиб ўтирганимнинг ўзиёқ ҳар қандай жазога лойиқ улкан гйноҳ эди.
Ёвшанларга қоқиниб-суриниб кетиб бораяпман. Тўхтаб ортимга қарамоқчи бўлсам, Замон муаллим таҳдидона томоқ қириб йўталиб қўяди. Инқиллаб, яна юришда давом этаман. Тиканлар орқамни илма-тешик қилиб ташлади. Оғриқ жон-жонимдан ўтиб кетди. Жиққа терга ботдим. Кўзларимга ёш қуйилиб келаяпти. Эҳтимол елкамдан тер эмас, қон оқаётгандир. Нима бўлганда ҳам чидашим керак. Шу тобда қишлоқ ҳам миллион чақирим олисда қолгандек туюларди. Оқшом чўкаётганиданми ёки оғриқ азобиданми, кўз олдим қоронғилашиб бормоқда эди. Ҳатто нафас олишга ҳам қийналиб, ҳансирай бошладим. Энди кўзимга ҳеч нарса кўринмас, ҳеч нарсани ўйлагим ҳам келмасди. Лекин ўша қоронғи зулмат ичида кўз олдимга фақат ҳалиги аёл, унинг кўкракларидан икки ирмоқ бўлиб оппоқ сут оқаётган оппоқ мармардек тани бот-бот келмоқда эди. Ҳаммаси уни деб бўлди. Уни деб мана шу азобга дучор бўлиб ўтирибман. Аммо шунда ҳам негадир ундан олисланиб бораётганим учун ўзимни койиётган, қайтанга шундай нафис, поки
за ҳилқатга шафқат қилмаган одамлардан тобора нафратланиб бораётган эдим.
— Тўхта, — деди муаллим, — елкангдагини шу ерга ташласанг бўлади.
Замон муаллимнинг ҳовлисига етиб қолган эканмиз. Янтоқни дарвоза олдига ташлаб, қаддимни ростладим. Суякларим сирқираб кетди. Елкам қаттиқ ачишди. Баданимга минглаб тиканлар санчилиб қолганини сезиб турардим.
— Баракалла, — деди муаллим мийиғида кулиб, — мана энди ўша воқеани унутсак ҳам бўлаверади. Лекин бутунлай унутиб юборади деб хомтама бўлма. Агар яна бирон ножуя иш қилгудек бўлсанг мендан ўпкалама.
Мен “хўп” дегандек бош қимирлатдим-да, уйга чопдим. Икки кун иситмалаб ётдим. Баданимдаги тиканларни териб олишди. Чуқурга йиқилиб тушдим, деб баҳона қилдим. Илма-тешик бўлиб кетган елкамга бир ҳафта малҳам суртиб ётдим. Ана шу бир ҳафта ичида ҳам кўз олдимга фақат ўша аёл келаверди. Ухласам, тушимда ҳам ўша манзара. Лекин шундан сўнг уни қайта учратмадим. Ўша яйловга боришга ҳали-ҳамон юрагим бетламайди. Замон муаллимни эслаганда эса елкам увишиб кетади. Бироқ барибир ундан миннатдорман. У бир сўзли одам эди, яхши одам эди.