Улуғбек Ҳамдам. Узоқдаги Дилнура (ҳикоя)

– Ало… Козим ака? Ало!.. Бу мен – Нозим…

– Нозимжон?.. Яхшимисан, иним?

– Ака… Козимжон ака!..

– Лаббай, ука. Гапирсанг-чи, тинчликми?..

– Нима бўлди?.. – хаёли ота-онасининг омонат жонига кетди Козимжоннинг.

– Юнус тоғам… Тоғамни бериб қўйдик…

– А?!.. Нега?.. Нима бўлди?..

– Бандачилик, ака.

– Қачон?..

– Мана, ҳозир касалхонадан олиб келишди.

– Нима бўлди ўзи?

– Оёқ… оёқдан кетди, ака.

– Худо раҳмат қилган бўлсин…

– Келасизми?..

– Ҳм… Хўп… – чайналди Козимжон. Лекин кўп-да ҳаялламай сўлғин овозда деди: – Йўлга тушяпман.

– Ҳозир чиқсангиз улгурасиз, ака…

– Албатта…

Козимжон стол устини йиғиштириб, компютерини ўчирди-да, тугмани босиб ёрдамчини чақирди.

– Амаким оламдан ўтибди. Бир-икки кунга қишлоққа кетяпман, – дея хомуш қўзғалди.

– Вой… Худо раҳмат қилган бўлсин, хўжайин… – юзини силади ёрдамчи. Сўнг икки қўли кўксида – раҳбарни кузатиб чиқди, – ёшлари неччида эди?

Козимжон пешонасини тириштириб жавоб беришга чоғланиб кўрди: “Адашмасам, эллик бешларда эди…”

– Ёш кетибдилар… аттанг.

– Йўқлигимни билдирмай тургин.

– Хўп, хавотир олманг, – пилдираб келиб машина эшигини очди ёрдамчи. – Ўзингиз ҳайдаб кетасизми? Ё ҳайдовчини…

– Ўзим. Чақирма.

– Яхши бориб келинг…

Козимжоннинг “PRADO”си шаҳар ташқарисига чиқиб улгурмай телефони тағин жиринглаб берди.

– Алло, ассалому алайкум, Козимжон ака, яхшимисиз?

– Ваалайкум. Ҳа, эрталабдан?

-Йўлдамисиз? Бошингиз босилиб қолдими? Кечқурун одамни қўрқитвордингиз. Шунга…

– Нима тағин? Гапни айлантиравермай айта қол, шошяпман, – деди Козимжон машинани хиёл секинлатиб.

– Айтаверайми?

– Ҳа, дедим-ку…

– Туркия тиллалари кепти. Айтувдим-у анувинда…

– Хўш…

– Эсиздами, йўлга қатнайдиган опа-чи, ўшанга “заказ” қилувдим.

– Қанча?

– Оз эмас, Козим ака, – нозланди аёл овози. – Лекин ваъда бергандингиз.

– Хўп, неччи пул экан? – сабрсизланди эркак.

– Икки… Иккита.

– Нима иккита, Санам? – овози асабий чиқди Козимжоннинг.

Икки минг доллар. Комплект. Занжир, узук, сирға… Нима, ачиғингиз чиқяптими? Майли, керак эмас… Эркак зоти қоп-қоп ваъдани бераркану бажаришга келганда… – аёл жаҳл қилиб гўшакни қўйиб қўйди.

– Уф… – деди Козимжон тормозни босиб машинани йўл четига оларкан, – аёл зоти… қанақа ўзи у? – Эркак бир муддат чуқур-чуқур нафас олиб, аччиғини босгандай бўлди. Кейин ўзи рақам терди.

– Санам, менга қара, дарров портламагин-да энди. Мен ҳозир қишлоққа кетяпман. Ташвиш билан… Майли… Ҳозир қаердасан… Ҳм… Бўпти, ярим соатдан сўнг пастга тушиб тур.

Козимжон рулни ортга бурди… Бир пас ўтиб келишилган манзилга келди. Қизил ҳошияли спорт кийими кийиб олган, сочини сариққа бўяган қоматдор аёл машина ёнида пайдо бўлди. Лекин аразлагандек эди: энгашган кўйи ойнакдан гинали боқди. Козимжон тугмани босиб, ойнани туширди.

– Ҳа, намунча қовоқ-тумшуқ қип қолдинг? Ол, мана…

Аёл индамай қўлини чўзди.

– Ҳа, йўл бўлсин? – бир пасда чеҳраси очила қолди аёлнинг.

– Амаким… – дедию тилини тишлади Козимжон. Негадир айтгиси келмади. – Амакимда ишим бор эди… Бўпти…

– Яхши бориб келинг…

Уч тўрт километр юриб эдики, яна қўнғироқ бўлди.

– Ассалому алайкум, дадаси… Тушликка нима қилай?

– Менга қара, Маҳзуна, Юнус тоғам қайтиш қипти…

– Вой… – Маҳзуна жим бўлиб қолди. – Кейин синиққан овоз билан сасланди, – биз ҳам борайлик… қаердасиз?

– Йўлга чиқдим. Қайтсам… кўтаришларига улгурмаслигим мумкин, Маҳзун. Яхшиси, сен болларга қараб қол. Маъракасига бирга борамиз…

– Қандай ғуборсиз одам эди-а, Юнус тоға… – аёл телефонда “пиқ-пиқ” йиғлаб юборди.

– Худонинг иродаси…

Козимжон газни босиб, шитоб билан юриб кетди. Хиёл ўтмай эса гавжум шаҳарни орқага ташлаб, икки ёни кўм-кўк ўт-ўлан билан қопланган текис йўлда елиб борарди. Бораркан, Юнус тоға ҳақидаги хотиралари бирин-сирин хаёлига қалқиб чиқди, чиқаверди…

Узоқ йўл босди. Ўй билан бўлиб фарқига бормабди: қараса, қош қорая бошлабди. Лекин манзилгача ҳали анча йўл. Телефонга қаради – антенна кўрсатгичи йўқ. Тиришиб аламини яна машинадан олди…

Ниҳоят, қайси бир туман марказига келганда, антенна кўринди ва у сим қоқди.

– Нозимжон?

– Ака, қопкетдиз-у, қаердасиз? – хавотир ва гина аралаш сўради Нозимжон.

– Оз қолди, ярим соатларда етиб бораман, Нозимжон. Яна озгина сабр, илтимос…

– Ака, кўтаришди. Мана, машинага чиқаришяпти. Оқсоқоллар тўполон қилворишди…

– Нозимжон… Ало!.. – Шу аснода “тиқ” этиб алоқа узилди. – Ало, Нозим!.. Жин урсин!.. – Козимжон асабий равишда қўлидаги матоҳни торпетка устига улоқтирди. – Қанжиқ!… – деди сўнгра тажанг тортиб, – сенга қайтмаганимда…

Икки пиёла чой ичгулик фурсат ўтиб-ўтмай у ўзи туғилиб ўсган маҳаллага элтувчи йўл бошига чиқди. Ўн-ўн беш чақирим юриб эса рулни қабристон ёққа бурди. Баҳор пайти эмасми, куни-кеча ёққан ёмғир сувидан тупроқ йўлда юриш қийин кечди. Машина дам сирпаниб ариқ бўйига, дам қарши тарафга сурилиб зовурнинг нишоб жойига келиб қолар, шундаям секинлай демас, зўр бериб олдингга юргани юрган эди…

Йироқдан улкан тепаликда жойлашган мозор кўринди. Козимжоннинг юраги бир хапқириб тушди. Ўтмиш… хотирасида жонланди. Тепалик, болалик ва Юнус тоға бор эди унда. Юнус тоға ўт теришда Козимжонни бошлаб юрарди. Ҳаммаси кечагидек эсида. У пайтлар колхознинг бир қарич ерига ҳам пахта экиларди. “Даласида пахта… томорқасида пахта… уйининг ичидаю томининг тепасида пахта” деган гаплар ўша вақтдан қолган. Чорва учун эса ҳеч қандай яйлов ҳам, экин майдонлари ҳам ажратилмасди. Шундан бўлса керак, Юнус тоға узун калиш этик кияр-да, зовурнинг ичига тушиб гоҳ қамиш ўрар, гоҳ эса мана шу қабристон майдонига келиб, ердан хиёл бош кўтарган ажриқни Козимжон ҳозир исмини унутган аллақандай ёпишқоқ ўтга қўшиб томир-помири билан ўрар, кейин лўткали мотоциклга юклаб уйга олиб кетишарди. Шунда болакай Козимжон тоғасига сув-пув узатиб турар эди, холос. Лекин уйга келгач, аввал Козимжонларникига ўтишар ва ўтнинг қоқ ярмини тушириб, сўнг қолганини Юнус тоға ўзиникига олиб кетарди. Шу билан Козимжон уйдаги кундалик вазифасининг энг муҳимини бажарган чиқарди.

… Козимжон тормозни босиб, машинасидан сакраб тушди. Лекин атроф зим-зиё эди. Фақат қабристоннинг узоқ этагида бир тўда одамлар икки машинанинг чироқлари ёруғида уймаланишарди. Козимжон ўша томонга шошилди…

Лекин кечикканди. У халлослаб етиб келганда янги қабр дўппайиб улгурганди.

– Эҳ, аттанг… – деди биров.

– Салгина кеч қолдинг, болам… – деди бошқаси.

Кейин ҳаммалари чўк тушгач, кимдир қироат билан Қуръондан ўқиди. Юзлар силангач, қўзғалишди…

Бошлашиб – ким пиёда, ким уловда қишлоққа қайтишди. Яқин атрофдаги маҳаллаларнинг бари зулмат ичида қолиб, биргина маййит чиққан хонадон дарвозасидан таралаётган нур зулматга аччиқма-аччиқ қоронғи кўча бағрини кучсизгина ёритиб турарди.

Козимжон ҳамқишлоқлари билан машинадан тушганда қулоғига мотор товуши урилди: бу электр қуввати ишлаб чиқарувчи қурилма эди.

Бир пасда ҳамма сафланди, ичкари хоналардан бирида Қуръон ўқиётган домланинг овози заифгина эшитилиб турди. Кимдир йўталди, кимдир бурнини тортди. Тиловат эса чўзилгандан чўзилди. Козимжоннинг юпқа туфли кийган оёғи совқота бошлади. Турган кўйи оғирлигини дам бу, дам у оёғига ташлаб кўрдию, кор қилмади. Совуқ секин-аста ўрмалаб юқори чиқди – у кутилмаганда сесканиб-титраб кетди. Олди қатордан турганлардан биров бошини хиёл ўгириб, унга қаради. Козимжон тиришиб ўзини қўлга олишга уринди…

Ниҳоят, тиловат поёнига етди.

– Келдингми, ука?..

– Бандачилик…

– Худо сабр берсин…

Одамлар Козимжонни қучоқлаб, ҳамдардлик билдириб, сўнг бирин-сирин тарқалиша бошлашди. Кўп ўтмай ҳовлида қариндош-уруғларгина қолди. Ичкаридан бўлса аёл ва эркакларнинг йиғи-сиғилари кела бошлади.

Козимжон нимёруғ – нимқоронғи ҳовлида у ёқ бу ёққа юрди: ана боғ – тоғаси ўз қўли билан барпо этган ва эсига тушди дегунча оғзининг таноби қочиб мақтанадиган, ана қўра – мол-ҳол, қўй-эчки боқиладиган, ана катак – қаршисида соатлаб туришиб, дакан хўрозлар жангини томоша қилишадиган… Лекин боғнинг шарти кетиб, парти қопти: гўё сочи сийраклашиб қолган бошни ёдга солади. Козимжон ғувраниб молхона томонга ўтди, лекин хойҳотдек жойда биргина ҳайвон ғўддайиб тик турарди. “Сигир бўлса керак” – хаёлидан кечди Козимжоннинг. “Нега у тик турибди?” Сигир Козимжонга талпиниб, овоз чиқарди. “Очга ўхшайди”. Козимжон товуқкатакка қараб юрди. Лекин у ерда товуқ тугул катакнинг ярим тўриям юлиб олинганди – ҳар ҳолда бирон ямоққа ишлатилгандир…

Бу орада уй ичидаги йиғи товуши авж олди: “Вой дадажоним!.. Ёнингизда юриб дийдорингизга тўёлмадим. Қўлимизнинг калталиги қурсин, кўнглингиз тусаган овқатниям пишириб беролмадик!..” – қизлардан бирининг овози энди кўчага чиқиб кетди.

– Қаранглар унга! – ҳавода дўрилдоқ эркак товуши янгради. – Ичкарига олинглар. Эшитган қулоққа хунук…

Козимжон изига қайтди. Бир аёл ва бир эркак бориб, қизнинг қўлини тутиб олишганча насиҳат қилишга тушишди.

– Тегманглар менга! Кетинглар! Катта деб сизларни шу пайтгача эшитдим. Энди бас! Эртакларингни бориб болларингга айтинглар… йўқолинглар!..

– Ўзингни қўлга ол, бетамиз! – эркак қизнинг юзига тарсиллатиб тарсаки туширди. – Битта сенинг отанг ўлибдими? У мениям дадам эди!..

– Энди даданг бўп қолдими? Ўлганда!.. Тиригида нима қип бердинг – а?!. Хотинчанг билан болангдан ортмадинг-ку!.. – Қиз овозининг борича бақирарди.

Бу орада Козимжон уларнинг ёнларига келиб қолганди: қиз – марҳум тоғасининг энг кенжа дилбанди – Дилнура, эркак эса – тўнғичи Зокир экан.

– Дилнура!..

– Козим ака!.. – Дилнура Козимжоннинг бўйнига осилиб яна ҳўнграб юборди. – Козим ака, – бояқиш деярли ҳар бир сўз орасида “ҳиқ-ҳиқ” дея сас чиқарарди, – Козим ака, дадам бу дунёга келиб нима кўрди, нима?.. – Дилнура тағин Козимжоннинг бўйнини маҳкам қучган кўйи “тўкила” бошлади. – Бизни деб, шу ландавур, омадсиз беш боласини боқаман, деб ўтиб кетди. Ўзига энгил-бош олиш у ёқда турсин, касал оёғига ақалли бир қути дори ҳам сотиб олмади, тушуняпсизми Козим ака, ололмади… Бирининг шартномасини тўлайман деди, бошқасининг иморатига тахта олай деб, ўрисга кетган ўғлининг эса рўзғорига ун-ёғ қип берай деб, ногиронлик нафақа пулигача ўшаларга илиниб юрди. Дўхтирлар “Ётиб даволанинг” деса ҳам кўнмади. “Яхшиман” деб ҳаммамизни ишонтирди. Дадам чеккан дарднинг чидаб бўлмас оғриғи бўларкан, унгаям чидади. Дори ичмай чидади, Козим ака!.. Вой-вой, ичим куйиб кетяпти… Да-да!.. Дадажон, нега мени ташлаб кетдингиз! Энди мактабдан келсам, ким мени “Гўзал қизим!” деб кутиб олади, ким “Маликам” деб эркалайди, ким?.. Сизсиз энди нима қиламан, дада!?.. – Дилнура тағин бўзлаб берди…

Козимжон нима қилишини, ҳаётдаги суяниб турган тоғидан жудо бўлган ўспирин қизчанинг ҳувиллаб қолган кўнглини қандай сеҳрли сўз билан овутишни билмай гунг қолди…

– Козимжон, ичкари кир, кеннойингнинг кўнглини сўра, – деди қариндошлардан бири “шаҳарлик”нинг тирсагидан ушлаб рўпарадаги эшикка йўналтираркан.

Козимжон кўрсатилган эшикка яқинлашган эдиямки, кимдир чопиб келиб уни очиб берди.

Козимжон шам ёруғида титраб турган хонага қадам босдиямки, аёлларнинг қий-чув йиғиси қулоғини қоматга келтирди. Бошини кўтариб, қатор турган хотин-халажлар орасидан кеннойисини қидириб топди. Кўзлари бир-бирига тушгани ҳамон ҳар иккиси талпинишиб, бағирларини очишди. Козимжон онасидек бўп қолган меҳрибон аёлнинг таниш тафтини туйди: кўнгли алланечук бўлиб токчада эриётган шамдек титради.

– Вой-ей, Козимжон ука, энди қандай қиламиз, тоғангиз ўлмай мен ўлсам нима қиларди? Ахир у ногирон бўлса ҳам болаларга тиргак эди. Мендан кўра фойдаси кўпроқ эди… – аёл Козимжоннинг кўкрагига бошини қўйиб астойдил йиғлар – бошига тушган фавқулотда мусибатдан довдираб қолгани боис эри кўп яхши кўрадиган жиянининг билагига маҳкам ёпишиб олганди.

– Бўлди энди, ўртоқжон, Худонинг иродаси экан… – хотин-халаж орасидан кимдир чиқиб бечорани елкасидан тутганча ўзига тортди. Аммо кеннойи Козимжоннинг билагини қўяй демасди, “Шўримиз қуриди, Козимжон ука, энди мен бу болларни қандай эплайман, Юнус тоғангизсиз нима бўлади энди бу ҳаёт?.. Оҳ!..”

Она бағрини тиғлаб, дардини айтиб бўзлар экан, ёнида турган икки қизи ҳам ёқаларини йиртарчасига тўлғониб – юлқиниб, ўзларини гоҳ у, гоҳ бу томонга ташлаб айюҳаннос солар, доду фарёд кўтарар эди…

Козимжон эсанкираб қолди, секин-аста эса яқинларининг бошига тушиб, кўксиларини чил-парчин қилган ғамдан унинг ҳам қотиб кетган дийдаси юмшагандай бўлди.

– Эски велосипедингизни ғижирлатиб юрсангиз бўлмасмиди, сизсиз бу дунё жим-жит бўлиб қолади-ку энди… Ў-ўҳҳҳ!.. – Кимнингдир етовида ташқари чиқаётган Козимжоннинг қулоғига келиб урилган кеннойисининг нолаю оҳи энди унинг ботинини ағдариб юборгандек бўлди… Козимжоннинг кўзлари ҳеч нимани кўрмай қолди. Кафтларининг орқаси билан уларни шошиб артди – бўлмади. Гўё олам зулматнинг ичига қулаб тушгандек туюлди…

– Двигатель ўчди… Бензин борми? – овоз келди.

– Қайда дейсан… – деди ўзга овоз…

Вақт ўтиб, қоронғиликка кўника бошлаган Козимжоннинг кўзлари атрофни илғай бошлади. Кейин бутун вужуди музлаб, тишлари бир-бирига урилиб какрай бошлаганини ҳис қилди.

– Ака, юринг. Бу ерда қиладиган иш қолмади. Азонда қабристонга бориб, эне тағин бу ерга келамиз, – билагидан ушлаб ўзига торди Нозимжон.

Козимжон энди укасига эргашди. Эргашиб кетаркан, қачондир, қаердадир хотирасига кириб колган бир мисра шеър миясида бомбадек портлади: сомон парчасидек оқиб борамен.

– Нега, нима учун? – дерди ичида кимдир. – Ахир бор-йўғи эрталаб бутунлай бошқа одам эдим-ку!.. Гўё ҳамма нарсага қодир эдим. Энди-чи, энди?.. Энди нега бундай абгорман? Нега ихтиёрим, куч-қувватим йўқ? Қаерга келиб қолдим? Қайси дунёга тушиб қолдим мен?.. х х х

Козимжон кечаси билан ухлай олмай тўлғониб чиқди. Хона совуқ, зах ва ғип қоронғи эди. Тўшак ва болишдан ҳам рутубат иси келарди. Ётган жойида узаниб свитерини топди-ю шоша-пиша кийиб олди. Лекин бир пас ўтиб тағин совқотиб, сийгиси қистаганидан бесаранжом бўла бошлади. Туриб ҳовлига ўтай деса, қоронғида демсаланиб йиқиламан, деб ўйлади. Қолаверса, ҳовлида итнинг ҳуриши эшитилиб турарди, – буни танимаса, тишлаб-нетиб юрмасин, тағин. Бориб укасини уйғотишни эса ўзига эп кўрмади. Аммо эҳтиёж кучайган сайин ноилож қолди: эсига телефони тушиб, унинг хира ёғдусида туртиниб ташқарига чиқди: Эшикнинг “ғийқ” этган товушидан уйғонган бўлса керак Нозимжон қўлида фонар билан пайдо бўлди.

– Ака?..

– Сениям безовта қилдимми?..

– Безовтаси бораканми? Юринг, итдан қўрқиб юрманг яна. Боғлиғу билиб бўлмайди занғарни…

Козимжон енгиллаб, укасининг кузатувида ётоғига қайтди: лекин ухлай олмади. Шаҳардан кийиб келган ҳамма кийимларини эгнига илди. Сўнг қалин пахта кўрпага ўранди-да, хўрозлар қичқиргунича ўтириб чиқди…

Бир маҳал эшик тақиллаб, остонада укаси кўринди.

– Ассалому алайкум, ака, яхши дам олдингизми?..

– Ҳа, келдингми… – устидан кўрпани ҳимариб қўзғалди Козимжон.

– Мозорга ўтиб келамизми?..

Улар бошлашиб ташқари чиқишди. Қабристонга етиб келишганда ўнтача одам кеча қўйилган қабр атрофида ғамгин туришарди. Дилнура қиз ҳам бунда эди – дўппайган тупроққа бағрини берганча “хийқ-хийқ” сиқтарди…

Тоғаларидан бирининг “Тур энди, қизим, кетайлик, бошқалар ҳам келишяпти” деган гапини эшитиши билан қиз қабрга янада маҳкам ёпишиб, “Мен шу ерда… дадам билан қоламан!..” дея уввос сола бошлади…

Қариндошлардан кимдир салом бериб, кимдир бош силкиб, қабр олдида оёқ илган Козимжонларнинг ёнидан ўтганча маҳаллага элтувчи йўлга қараб одимлашди. Қўлларидан тутиб, гавдасини мажбуран кўтармоқчи бўлган иккита акасининг исканжасидан силтаниб қутулмоқчи бўлган Дилнура бўлса жон аччиғида бақирарди: “Менга тегишма!.. Мен сенларга ўхшаб дадамни ташлаб кетмайман! Йўқол ҳамманг!.. Биринг Россияга кет, биринг Тошкентга!.. Ўзи дадамнинг бошига сизлар етдинглар… Ҳаммангни ёмон кўраман, ҳаммангни!.. – Дилнура йиғлайвериб шишиб, овози бўғилиб қолганди. – Йўқол!.. – у ўзини куч билан судраб кетаётган акаларининг қучоғидан яна бир юлқиниб чиқмоқчи бўлди-ю қўқисдан жимиб қолди. Козимжон қизгинанинг ҳушидан кетганини англади. “Оёғини судрамай, азот кўтариб олинглар” деди бояги хешлардан бири…

Бу орада чўкка тушиб олган Нозимжон қироатни бошлаб юборганди. Козимжон унга эргашиб тиз букди…

Кейин улар ўлик чиққан хонадонга келишди: Тумонат одам. Козимжон эркак қариндошлар билан бир сафга туриб олиб, келганларни ичкарига таклиф қилар, дуо ўқилаётган маҳал ҳамма қатори тиз букиб ўтирар, қўзғалинганда эса ўнлаб-юзлаб одамларнинг “қўлини олиб” кузатар эди. Шунда у ҳамқишлоқларининг юзларию кўзларида югуриб кетаётган фурсатнинг қиёфасини илғаб қолгандай бўлар, бўлгани сайин ўзиям билмайдиган ниманингдир илинжида уларга тикилгани тикилган эди…

– Бандачилик…

– Худо раҳмат қилсин…

– Охирати обод бўлсин…

– Олло сабр берсин…

Келиб-кетаётганларнинг охири кўринмас, Козимжоннинг узатилавериб-кўришавериб толган, ғалати бир алфозда ғўддайиб қолган қўллари ўзиники эмасдек туюларди. Аввалига таниб-билиб, кўришганда исмларини эслаб турган ҳамқишлоқларини тобора таний олмай, эслаб билмай қийналди. Бирининг ортидан келиб турган нигоҳлар олдинига унга олам-олам мазмун бўлиб туюлган бўлса, борган сари улар ўша маънидан маҳрум бўла бошлади: Кўзлар… кўзлар бу ўткинчи дунёга ташриф буюриб, яна адам саҳросига абадий равона бўлаётган йўловчиларга айланди – қолди. Шунда у… Козимжон дунё, умр, ҳаёт деганларининг асл ҳолини – ибтидо ва интиҳосини қалб кўзи билан кўргандек ҳис қилди ўзини. Ҳис қилди-ю ажаб ҳолларга тушди: ўзининг ҳам ўша сон-саноқсиз одамлардан – йўловчилардан заррача фарқи йўқлигини англади… х х х

Эртасига чошгоҳга қадар туриб берган Козимжоннинг жони сиқилиб кетди. Ниҳоят, отасининг ёнига келиб, “Қайтишим керак” деди.

– Яхши. Юр, – деди яккаю ягона инисидан айрилиб, ўзини олдириб, хиёл довдираб юрган ота. Козимжон эргашди. – Кеннойингга “кетяпман” деб қўй.

Кейин ота бир тўп аёллар орасидан келинни чақирди. Козимжон кеннойисининг кўнглини кўтармоқчи бўлиб, пойинтор-сойинтор қилиб нималардир деди. Лекин гапини тугатгунча ўзини ёмон кўриб кетди. Тугатгандан кейин эса нафратлана бошлади. Айниқса, “Кўпам ўзингизни қийнаманг, бўлар иш бўпти. Тоғамнинг йўғини билдирмаймиз. Ҳар ойда пул юбориб тураман. Ҳеч нарсадан зориқмайсиз” дея бояқиш аёлнинг қўлини тутиб, қоғозга ўроғли ғиштдек пулни тарс этиб қўйганида… ўзидан жирканди… Эҳ, у ёғини сўрасангиз, Козимжон бу хил вазиятлар учун жуда-жуда тажрибасиз, ғўр чиқди. Ҳаёт деса, пойтахтдаги ўзининг тараллабедод турмушини тушунаркан. Қишлоқдан кетганига кўп бўлган эди, – қолаверса, кетган чоғида ёш – бор йўғи ўн еттига кирган полапон эди… Энди қараса, орадан кўп сувлар оқиб ўтибди. Бу сувлар оз эмас, кўп эмас, нақ йигирма тўрт бор думалабди. Эҳ, нимасини айтамиз… Ўша сувларга қўшилиб ўмбалоқ ошаверган Козимжоннинг бошлари айланиб қолибди…

Козимжон машинасига ўтириб қишлоқни, сўнг шаҳрарни кечиб, то кенг сайҳонликларга чиққунга қадар гаранг бир ҳолда эди: на фикрларди, на ҳис қиларди. Дунё ва ҳаёт тўғрисида шу чоққача ботинида қоим бўлган борлиқ ҳақиқат қолиплари синиб-парчаланиб атрофга сочилиб кетгандек ва унинг ўзи ҳам ана шу парчаларга қўшилиб учиб юргандек эди. Лекин вақт ўтар, учиб-тўзиб кетган мезонлар яна заминга қайта бошлаганди. Уларга қўшилиб эса Юнус тоға билан боғлиқ сўнгги хотиралар ёдига тушди… х х х

– Алло, Козимжон, жияним! Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом. Тоға, сизмисиз?

– Ҳа, мен жияним. Яхшимисан?

– Яхши, тоға, ўзларинг тинчмисизлар? Соғлиқ қалай? Оёқ, оёқ-чи?

– Раҳмат жияним ҳол сўраганинг учун, тинчликка тинчмиз. Фақат…

– Гапираверинг, тоға…

– Фақат… жиян… шу десанг, оёқдан қорасон бошланган. Дўхтирлар биттасини кесиб ташлашди, лекин занғар… ичкарилаб кетибди. Тез чораси кўрилмаса бўлмасмиш…

– Тоға, туппа-тузук юрувдиз-ку. Оёқни қачон кесишди? – ҳайрон бўлди Козимжон.

– Биздан нима ёрдам?

– Нимаям бўларди, жиян? Қурғур… пулдан қисилиб турибмиз.

– Майли, мен биронтасидан юбораман, хавотир олманг, – Козимжон гапни шундай оҳангда гапирдики, тоға жиянининг жудаям шошиб турганини тушунди.

– Кечир жиян, ишингни кўпида сениям ташвишга қўйдим… – синиқиб узрхоҳлик қилди Юнус тоға…

– Ҳеч боки йўқ, тоға, тузалиб кетинг…

… Лекин Козимжоннинг иши кўп эмасми, қишлоққа пул юборишни унутганди ўшанда… Тоға бўлса… тоға бошқа телефон қилмади… х х х

Кўм-кўк адирлар бағрида машинасини учиртириб кетаркан, энди Козимжон аламдан тинмай лабини тишлар, пешонасидаги кўзгуга кўзи тушиб қолишидан қочибми, ойнани тепага қайириб қўйганча ҳадеб газ педалини эзгани эзган эди… Эҳ, қанийди педални босиб машинасини учиргани баробарида қувиб-бостириб келаётган аччиқ хотиралардан халос бўлиш мумкин бўлса…

Ўшанда Козимжон ёш эди…

Кунлардан бир кун тоға-жияннинг “овлари” юришмади: шу қидиришиб ўроққа илингулик бир тутам ҳам ўт топишолмади. Шунда Юнус тоға мотоцикл рулини Қирғизистон томонга бурворди. Козимжон эслайди – у вақтларда ҳозиргидек симтўсиқлар бўлмасди. Одамлар бир-бировиникига эмин-эркин бориб келишарди. Қирғизистонда пахта оз экиларди, ўт-ўлан эса кўп бўларди…

Бир маҳал Козимжоннинг кўзи ўзига қараб тепаликдан тушиб-бостириб келаётган, юзлари офтобда куйиб-қорайиб кетган тегарак юзли кишига тушди. Тушди-ю ортига – тоғаси томонга жавдираб қаради. Тоға эллик қадамча нарида дунёларни унутиб шамак ўрарди.

– Тоға! – сасланди жиян журъатсизгина. Лекин Юнус тоға хазина топган эмасми, ўтнинг шитир-шитиридан бўлса керак, эшитмади – бошини қуйи солган кўйи ҳа, деб ўроқ ургани урган эди.

– Эженди эмгур сартин баласы!..

Козимжон ўгирилиб, шундоқ тумшуғининг тагида қисиқ кўзлари йилтиллаб турган Дадахонни кўрди. У шу атрофдаги ерларнинг – совхознинг раиси эди. Ҳамма ундан шундай ҳайиқардики, ҳатто соясига салом беришарди. Лекин Козимжон салом беришга ҳам улгурмади: қулоқ чаккасига келиб тушган муштдан мункиб, тўғри ариқнинг ичига қулади.

– Тоға!.. – қичқирди жонининг борича қўрқиб кетган Козимжон бошини сувдан чиқариб.

Юнус тоға эшитди. Қаддини адл кўтариб ортига қарадию вазиятни англади шекилли, чопганча шу ёққа йўналди.

– Нима қилди сенга? Урдими? – ҳаллослаб келаркан йўл-йўлакай сўради у.

Козимжон индамади. Лекин мушт тушган жағини икки қўллаб ушлаб олганидан ҳаммаси аён эди.

– Ёш боланиям урадими?..

– Ким чакырди сени бул жерга? – кутилмаганда Дадахон Юнус амакини ҳам тушириб қолди. Ариқ қийисида эмасми, у ҳам худди жияни каби сувга учиб кетди. Ҳамма ёғи жиққа хўл бўлган Юнус тоға сувдан чиқа солиб, Дадахонга ташланди: “Мени урсанг, ур, лекин болага нега қўл кўтарасан, номард!”. Унинг рақиб ёқасига узатилган қўли ҳавода қолди: Дадахон кичик ва ориқ жуссали Юнус тоғани азот кўтариб олди-ю сувга яна шалоплатиб отиб юборди.

– Аҳ!.. – дея қичқириб юборди тоға. Кейин Дадахонни бўралаб сўкди: – Ҳе, онангни!..

– Ҳе, эженгди!.. – деди раис унга жавобан. – Башқа қарангниям кўрмай.

– Бир тутам ўт учун болани урасанми, ит!.. – бақирарди Юнус тоға ариқ ичида куймаланиб.

– Бул жер менин жерим, – каласам урам, каласам каматиб жибарем, – деди Дадахон унга хезланиб, – кейин тоға-жияннинг арқонини ерга ташлади-да, уларга Козимжон ўрган ўтларни солиб, кўча четида, офтобда “ялт-ялт” этиб турган “Газ-24” машинасининг юкхонасига юклай бошлади.

– Ёмон урмадими сени? – сўради тоға ариқ қийисига тирмашиб чиқаркан.

– Йўқ, – дея ёлғонлади Козимжон ияги яхшигина оғриб турганига қарамай. “Оғрияпти” деса борми, тоғаси яна кучи етмаслигига қарамай, қирғизга ташланадигандек эди назарида. – Яхшиман тоға. Ўзингиз-чи?

– Ҳеч қиси йўқ. Нима бўпти у менга? Бир аччиғим чиқса борми…

Козимжоннинг кулгиси қистади. Лекин тоғасининг қон силқиб оқаётган оёғига кўзи тушиб, қўрқиб кетди…

– Оёғингиз, тоға!..

– Баччағар!.. – Юнус тоға жиққа ҳўл шимининг почасини шималаган кўйи Дадахон томонга ёвқараш қилди. Кейин жиянига юзланди, – Ўроғинг сувда экан, ўшанинг устига тушдим шекилли. Ма, ол, – тоға Козимжонга ўроғини узатди.

– Қон кўп оқяпти, тоға, – хавотирга тушди жиян.

– Туриб битта пешоб қилворсанг, олам гулистон. Кейин сириб боғлаймиз, – бепарво гапирди тоға…

Шундай қилиб, икковлон тоғанинг Дадахон кўзидан панада қолган ўтларини йиғиштиришди-да бир боғ қилиб апил-тапил лўткага тиқишди.

– Балки яна ўрармиз… – деди Козимжон.

– Ҳа-ҳа-ҳа… – Кулди Юнус тоға. Дадахонни билмас экансан. Кетганига ишонма. Тулкигаям фириб беради у. Тез ўтир. Бўлмаса, ҳозир қайтиб келиб, яна бир балони бошлайди.

Маҳаллага келишгач, мотоцикл аввал тўғри Козимжонларникига йўл солди.

– Сиз уйингизга кетаверинг. Мен шу ерда тушиб қолавераман, – деди Козимжон.

– Ҳозир… – деди-ю тоға индамади. Манзилга етиб келишгач эса ўтни лўткадан инқиллаб чиқара бошлади.

– Нима қиляпсиз? – деди Козимжон тоғаси ҳаракатини тушунмай.

– Ёрдамлашсанг-чи, оғир экан, – кучаниб деди тоға.

– Ия, буни қаранглар! Ахир ўт сизники-ку! – ажабланиб турган жойида деди Козимжон.

– Сизники, меники… Йўқ, унақа нарса бизнинг ўртамизда, жиян. У ёғини сўрасанг, менинг бошимда сеникидек отам ҳам йўқ – нега ўтсиз келдинг, деб тергайдиган. Сен индамай олавер, кейин хурсанд бўласан… Ия, дарахтмисан, – бир жойда тургани? Тутсанг-чи, бир учидан.

Улар биргалашиб ўтни туширишдиямки, юзи ҳалитдан бери оқаринқираб турган тоға ҳушсиз бир алфозда ерга йиқилди… х х х

Бу орада қора “Жип” елдек елиб, Сирдарёдан ўтганча пойтахтга яқинлашиб борарди.

“Бўлди… Мен ҳаммасини тушундим, тоға. Мени кечиринг… Оёғингиз учун кечиринг… Оғир дамларингизда ёрдам беролмаганим учун кечиринг… Сизни унутиб қўйганим учун кечиринг… Ҳамма-ҳаммаси учун… тоға… Сиз мен билан топган-тутганингизни ҳамиша баҳам кўрардингиз: мени ўзингизга тенгшерик билардингиз. Мен-чи, мен?!.. Лекин энди хатоимни тузатаман. Сизнинг йўқлигингизни оилангизга билинтирмайман… Қолган ўғилларингизни уйлайман, қизларингизни чиқараман, ҳаммасининг рўзғорларини бутлайман, яхши-ёмон кунларида доимо ёнларида бўламан, тоға!..” х х х

Йўл, маросим, ғусса… Козимжонни эзиб ташлаганди. Эртаси тушгача қотиб ухлади… Бир пайт қўшни хонада янграётган мусиқа овозидан уйғониб кетди.

– Маҳзуна!.. Рухсора!.. Ким бор?..

Лекин уни ҳеч ким эшитмади. Эринибгина қўзғалди.

– Қизим!..

– Вой… Ассаломалайкум, дадажон, – ўрнидан туриб, салом берди энди мактабдан келиб нарсаларини жойлаётган қизи Рухсора.

– Сал пастроқ эшитсанг-чи…

– Кечирасиз, сизни уйда йўқ деб ўйлабман… – қўлидаги матоҳ билан мусиқа овозини пасайтирди қизча…

– Яхши дам олдингизми дадаси? Ўтиринг, ҳозир чой дамлайман, – меҳрибонлик кўрсатди хотини.

– Иштаҳам йўғроқ… Битта аччиқ қаҳва берсанг – етади, – юмшоқ диванга оғиргина чўкди Козимжон. Кейин ойнаванд хонтахтанинг остки қаватидан сигарет олиб тутатди…

– Дадаси, тоғага нима қипти? – финжонда қуюқ фаҳва келтирган аёл эрининг ёнига омонатгина ўтирди.

– Оёқдан кетибди… Қорасон…

– Вой бечора… Ҳалиги… ўроқ кирган оёғи барибир тинч қўймабди-да, а?

– Уфф… – ўрнидан турди Козимжон.

– Қаҳва…

– Ўзинг ичавер, – кутилмаганда қўрс гапирди Козимжон хонадан чиқиб кетаркан.

Маҳзуна ҳайрон бўлиб қараб қолди. х х х

– Ассалому алайкум, хўжайин. Маросимларни ўтказиб келдингизми?

– Ваалайкум. Ҳа, раҳмат… Ўзингда нима гаплар?

– Ҳаммаси жойида, – қўлини кўксига қўйди ёрдамчи.

– Бирон муаммо? – қошини чимирди Козимжон.

– Худо сақласин, хўжайин.

– Яхши, – кўнгли тўлиб креслога чўкди Козимжон.

– Эртага Таиланд сафаримиз бор. Хаёлдан фаромуш бўлмадими? – сўради ёрдамчи яқиндаги ўриндиқни ўзига қулайроқ қилиб суриб оларкан. – Билетлар тайёр. Ҳалигилар ҳам…

– Билмасам… – мужмалланди Козимжон, – қишлоққа бориб бутунлай ўзга бир дунёга тушиб қолгандек бўлдим. У ердагиларнинг дарди мени довдиратиб қўйди…

– Шуни айтаманда хўжайин, сафарга борсак, ёзилиб қайтардингиз. Қишлоқдаги кўнгилхираликлар ювилиб, узоқда қоларди.

– Сенингча осон эканда-а? Мен туғишган акамдек, ҳатто отамдек бўлиб қолган тоғамдан айрилдим. Сен бўлсанг, сафар дейсан, кўнгилхиралик дейсан…

– Хўжайин, мени кечирингу, сираси, ўлим ҳар бошда бор. Бу ёғи – сиз бориб, қариндошлик, жиянлик бурчингизни адо этиб қайтдингиз. Энди ўзингизни қийнаманг. Ҳаммаси ўша ерда – қишлоқда қолди. Менга қолса, шу ҳолингизга сафар энг яхши даво, хўжайин. Ҳадеб куяверманг,

– Шунақа де, – Козимжон сермулоҳаза ёрдамчисининг кўзига маъноли тикилиб турди-да, қўшиб қўйди, – ўйлаб кўрай-чи…

– Яна битта гап: Дилерларимиздан Абдурасул бор-у, ўша бир ҳафта бурун зиёфатга таклиф қилган эди, эслайсизми? – бутунлай ўзга оҳангда гап қотди ёрдамчи.

– Қачонга эди?

– Бугунга. Ўзининг ресторанига, «N” ми, “М”ми, отиям ёддан кўтарилди, ўша ерга.

– Бориш шартми?

– Абдурасул жудаям жиддий ҳамкоримиз. Маҳсулотимизни жанубий вилоятларга фақат шу киши тарқатади.

– Ҳм… х х х

– Эртага учадиган бўлсак, кўпайиб кетмадими, хўжайин? – қуй деб турган Козимжонга эс бўлди ёрдамчи.

– Қуйсанг-чи! – ғашланди Козимжон.

– Хўп, мана…

Ёрдамчи мавридини топиб дилерлар қулоғига аза билан боғлиқ нимадир шипшиди шекилли, булар Козимжонга ҳамдардлик билдиришдию зиёфат бошлангандан буён нега унинг кайфи чоғ эмаслигини тушунган каби ўзаро суҳбатга толишди.

Козимжон бўлса ўртада муқом қилиб ўйнаётган “Шоу” қизларидан кўзини узмас, айни чоғда босиб-босиб ичарди…

Шу пайт ҳамманинг кўзи ўнггида – майдон марказида балиқдек билтанглаётган қизлар столлар аро сочилиб кетишди. Биттаси – боядан бери Козимжон кўзини узмай тикилаётган оппоқ баданлиси келди-да, тўр мато билан хиёлгина ёпилган сийналарини, улардан-да камроқ тўсилган чиройли думбаларини диркиллатиб ўйнай кетди. Козимжон атрофга ҳирс тарқатиб ва унда ҳирс уйғотиб тўлғонаётган гўзал раққосага афсунланиб боқар экан, кўзлари порлади. Бунга сайин раққоса муқом этиб, борлиқ аъзосини ўйнатиб, Козимжоннинг нақ тумшуғига қадар келди.

– Вой-дод, акаси! – дея қичқирди дилерлардан кимдир.

– Қистиринг энди, нари кетсин, бўлмаса… – деди Абдурасул.

– Ҳа – ҳа – ҳа! – кулишди даврадагилар.

Козимжон киссасидан бир даста пул чиқариб, раққосанинг чумолиникини эслатадиган нозик белчасига боғланган пуштиранг ипга илди-ю диркиллаб турган думбасига енгил шапатилади.

– Ваҳ – ҳеее! – қийқириқ авжига чиқди.

Оларини олиб, муродига етган раққоса Козимжонни ташлаб, ноз-карашма билан айлаганча Абдурасул томонга тойди…

Козимжон қадаҳини тағин бўшатди-ю ботинида ғам ўрнида фараҳ жимирлаётганини туйиб қолди. “Ажаб” деди ўзи ҳам тушунмайроқ. Лекин ортиқ мушоҳада юритишга ҳуши йўқ эди шу тобда: фикру ёди ўзга столга йўрғалаб кетган раққосанинг хиромларида, жон олғучи наззораларида қолганди.

– Нима дейсиз, гаплашиб берайми? – луқма ташлади Абдурасул Козимжоннинг дилидагини ўқиган каби.

– Абдурасулбек, – деди Козимжон ҳамкорининг гапини оғир олиб, – агар хоҳласам, бу ердагиларнинг ҳаммасини шундоғам олиб кетаман!..

Ўртага қандайдир ёқимсиз сукунат чўкди…

– Катта гапирдингиз, ака… Қизлар бизга қарашли. Агар биз рухсат бермасак… – Абдурасулнинг гапи оғзида қолди.

– Келишамиз, жаноблар!.. – қайси томоннинг кўнглини олишни билмай ўртага ўзини отди қалтис вазиятдан эсанкираб қолган ёрдамчи. – Ҳамкорлар бўлсак… Биз илтимос қилсак, Козим акасидан Абдурасулжон акамиз битта раққосани қизғанмасалар керак. Иккита шердек ҳамкор эркаклар ўртасида битта қиз нима деган гап ўзи, а, тўғрими? – оралиқдан муваффақиятли чиқиб олган ёрдамчи енгил тин олди…

Козимжоннинг ранги бўзариб нимадир демоққа лаб жуфтлаган эдиямки, телефони жиринглаб берди.

– Алло… Нима?.. – Нозимжон, ука, яна сенмисан? Ҳозир. Бир дақиқа кут, ташқарига чиқай, – Козимжон ўрнидан қалқаркан, хиёл тебранди-ю у ёғига равонгина юриб кетди. – Ҳа, ука, тинчликми?

– Ака… Нима дейишни ҳам билмай қолдим, – қийналди Нозимжон.

– Ҳе, гапирсанг-чи, ичимни қиздирмай, нима бўлди?

– Дилнура, жиянимиз… Шу кетиб қолди…

– Дилнура? Қайси Дилнура? Қаерга, нимага кетади, Нозимжон? Нега муни менга айтасан! – росмана жаҳли чиқди Козимжоннинг.

– Дилнура – Юнус амакимизнинг қизи… Юраги ушлаб қолиб… ушлаб… ўлиб қолди, ака!.. – йиғиси келди Нозимжоннинг.

– Нима!…

– Ҳеч кутмагандик… Дадасини қўйганимизга уч кун бўлмай қизи бундай бўп ўтирибди…

– Дилнура… Дилнура… – Козимжон бирданига эслай олмади. Кейин “лоп” этиб ҳаммаси ёдига тушди: Бояқиш қизнинг азадаги айтиб йиғлашлари, қабр устидаги жазаваси, ҳушидан айрилиб қолгани, акаларининг қиз бечоранинг қўл-оёғидан тутиб машинага олиб кетишлари… ҳамма-ҳаммаси. Айниқса, бунинг бўйнига осилиб олиб, дадасининг дийдорига тўйиб ололмаганини айтиб фарёд чекишлари, “Амаки, энди мен дадамсиз қандай яшайман?” дейишлари Козимжоннинг қулоғи остида жаранглаб кетди…

Лекин айни дамда негадир буларнинг ҳаммасини ўзига алоқаси йўқдек ҳис қилди…

– Бўпти, Нозимжон, бораман, – деди Козимжон айтаётган гапининг асл маъносини ўзи ҳам илғамай…

Телефонни чўнтагига солдию нима қилишини, қаерга кетишини билмай тараддудланди… Турди-турди-да, беихтиёр равишда ичкари юрди. Бинога киргани ҳамона қулоғига шўх араб мусиқаси, кўзларига эса ҳалиги жононнинг муқомлари, оловли нигоҳлари урилди. Ботинини тингласа, – ажиб бир ҳол: юрагининг бир парчасида оғриқ турган эса, бошқа қисми ором қўйнида жимирларди…

Козимжон ўзини ғалати бир аро йўлда, йўқ-йўқ, икки оловнинг ўртасида қолгандек ҳис қилди. Фақат оловларнинг бири Козимжоннинг ўзига қараб турган томонини куйдириб азоб берса, бошқаси бошқа тарафига ҳузур ва роҳат бағишларди…

Орадан кўп ўтмай эса у яна май ича-ича, шўх-шодон мусиқани тинглай-тинглай, гўзал раққосага боқа-боқа ўзга одамга айланди – қолди: энди юрагининг ярмини куйдириб азоблаётган Олов тафтини сезмай қўйди…

– Тўлатиброқ қуй, соқий, – деди у ёрдамчини дадилроқ бўлишга ундаб. – Анави жонон учун ичамиз!

– Хўжайин, – Козимжоннинг қулоғига шивирлади ёрдамчи. – Таиландга элликта номзоднинг ичидан танлаб олган қизларимиз бундан анча чиройли… ишонаверинг…

– Биламан, бу ишларга устаси фаранг бўп кетгансан. Аммо-лекин, сен мақтаётган хонимлар ҳозир олдимизда эмас-ку! Олдимизда бўлганда гапирсанг ярашади. Ўшанда биз ҳам шарафларига қадаҳ кўтарамиз… Уқдинг, ўқимаган? – Козимжоннинг кайфи оша бошлаганди. – Бугун эса… бугун биз… нимайди оти анавининг, а?..

Ёрдамчи ёнида ўтирган дилердан раққосанинг исмини аста сўради. Кейин хўжайинига юзланди.

– Дилнура…

– Бугун биз Дилнура учун… А? Нима дединг отини?!.. – кутилмаганда Козимжоннинг қадаҳи қўлидан сирғалиб тушиб чил-чил синди. Ўзининг бўлса қути ўчиб мум тишлади.

– Дилнура дегин?.. – бошини кўтарди Козимжон ёрдамчисига ёмон қараб. – Майли… Бўпти… Дилнура бўлса, Дилнура-да!.. – Козимжон яримлаб қолган шишани қўлига оларкан, ўрнидан турди, – Дилнура бўлса, Дилнура учун ичамиз!.. – у бир кўтаришида тин олмай шишани бўшатди. Даврадагилар ҳанг-манг бўлиб бир-бирларига аввал қараб, сўнг елка қисишди… Ярим тунда машинанинг орқа ўриндиғида Дилнура исмли раққосани қучиб кетаркан, Козимжоннинг хаёлидан “Нега мен қишлоқда қолган, ҳозир, шу тобда кўзларини бу дунёдан абадий юмиб ётган жигаргўшам – узоқдаги Дилнурани, уни ўлдирган дардни ҳис қилмай қўйдим? Ахир кечагина унинг учун, уларнинг ҳаммаси учун йиғлагандим-ку! Дилнуранинг, онасининг фарёдлари қотиб кетган дилимни юмшатган эди-ку! Қани энди ўша йиғлаган қалб? Ҳаммасига сабаб уларнинг мендан узоқда – кўрар кўзларимдан йироқда яшаганликларими?” деган сўроқ “милт” этиб ўтди. Лекин шу оннинг ўзидаёқ ўша саволлар жавоб-павобига қўшилиб Козимжон вужудини ўз қаърига юҳодек тортаётган кайф ва эҳтироснинг ҳароратли бағрида иссиқ тупроққа бевақт тушган қор парчасидек эриди-кетди…

2009, март-апрел.