Қўй боқиб юриб шу томонларга тасодифан келиб қолган болакай кўриб қолмаганда Оташнинг ҳоли нима кечарди — айтиш қийин. Ёши қирқни қоралаб қолганига қарамай сўққабош яшаса, устига устак, улкан шаҳардан четда — истиқоматчилари бирин-сирин мангуга тарк этган, бугунга келиб нураб битаёзган хароба қишлоқда моховдек бир ўзи турса, ким ҳам унинг ҳушсиз ётганидан хабар топарди дейсиз… Хуллас, Яратганнинг марҳамати билан Оташни шифохонага жони чиқмасдан етказишди. Ўзиям нақ уч кун деганда кўзини очди. Очдию бирданига ҳеч нимани — қаерда ётганини, ўзига нима бўлганини эслай олмади. Кейин эса ҳаммаси аста-секин ёдига туша келди: худди кун чиқаркан, атроф ёришиб, нарсалар аниқ-тиниқ кўрингани каби…
Ўша куни Оташ вайронага айланган уйлардан бирида титкиланиб юрганди. Бирдан ташқарида уй ҳайвонларини тартибга чақириб юрган боланинг “қур-э-қур-э” си қулоғига чалиндию беихтиёр ўша ёққа одимлади. Лекин на қўй-қўзинию на болани кўришга улгурди: бирдан кўнгли беҳузур бўлиб, қуриб қолган ариқ бўйида ўсган чинорга суянганча кўзларини юмди. Кейин… кўрингки, қобоғини очиб ўзини шу ердан — палатадан топди…
Оташ атрофга қаранди — бўлмада ўзидан бошқа яна бир киши бор бўлиб, кўзларини жипс юмиб ётарди. Ухлаяптими ёки шунчаки қобоқлари юмуқми, билиб бўлмасди. Балки комададир…
Палата дейилгани ойнаванд тўсиқлар қўйилган алоҳида бўлимлардан иборат бўлиб, чамаси Оташнинг ҳам ўнг, ҳам сўл томонида яна қатор шундай ажралмалар тизилганди. Ана, ҳамшира бежирим аравасини судраб нариги палатадан йўрғалабгина кириб келди-да, Оташга боғланган тиббий анжомлар ҳолатини текширган бўлди: беморнинг юзига кўзи тушиб эса салом берди, сўнг билагини тутиб игна урди.
— Энди тузукмисиз?
Оташ ўз аҳволининг танглигини сезиб қолди. Чунки ҳамширани кўриб-эшитиб турса ҳам унга жавоб беролмади: лаблари, тили ўзига бўйсинмай турарди: юзидан, зариф табассумидан жуда латофатли кўринган ҳамширанинг меҳрибонлигига яраша илтифот кўрсата олмади. Ҳатто қиз игна урганда на ўз баданини ва на ҳамширанинг бармоқларини ҳис қилди. Гўё сезги туйғуси уни тарк этгандек. Ҳамшира ишини битириб қўшни палатага аравачасини ғилдиратиб узоқлаб бораркан, Оташ беихтиёр унга талпиниб қўлларини чўзмоқчи бўлди ҳеч қурса имо-ишора билан чақирмоққа тутинди. Лекин қўллари кўтарилмади: ҳамшира қайси ҳолатда қўйиб кетган бўлса, ўшандайлигича қолаверди…
Бирпас ўтар-ўтмас уни негадир уйқу босди…
Туш кўрибди. Яна ўша таниш манзара… ўша аёл — Солия. Оташ зўр бериб, овозининг борича чақирармиш: — Солия!… Солия!.. — Лекин аёл эшитмасмиш. Орадаги масофа у қадар узоқ эмас, бақириш у ёқда турсин, астагина “Солия” деса ҳам эшитилиши керакдекмиш-у…
Оташ ўз уйида эмиш, Солия бўлса шаҳар ва шу уй ўртасида нималардир қилиб юрганмиш. Оташ азбаройи қизиққанидан шу қараб ҳам Солиянинг нима иш қилаётганини тушуна олмасмиш. Бир қараса, у ўта муҳим юмуш билан бандга ўхшармиш, бир қараса, аёл шунчаки у ёқдан бу ёққа бўш-баёв кезиб юргандекмиш. Лекин Оташ уни ҳалиям чақирармиш. Ўзи эса турган жойидан жилмасмиш. Жилиши мумкин эмасмиш. Чунки у чегарага — ўзи Солиҳага яқинлашиши мумкин бўлган сарҳадга келиб қолганмиш. У ёғига юриши мумкин эмасмиш негадир. Солиҳа бўлса… Солиҳа бу томонга одим босиш у ёқда турсин, Оташнинг изтироб билан бақириб-чақиришларига бир қиё боқиб ҳам қўймабди. Бутун кучини тўплаб яна “Солия!!!” дея жонининг борича чақирибди ва тўсатдан бўғзи йиртилиб, оғзидан шариллаб қон оқа бошлабди. Шундан кейин у Солиянинг исмини айта олмай қолибди — бундан эса ҳоли ёмонлашибди…
— Сизга нима бўлди? Уйғонинг!.. — Оташ кўзини очиб, тепасида қути ўчган бояги ҳамширани кўрди.
— Ёмон туш кўрдингиз, шекилли, босинқираяпсиз… Ҳозир, — ҳамшира сувга нимадир томизиб келди-да, Оташнинг бошини бир қўли билан хиёл кўтарганча стаканни лабига тутди. Кейин каровот поясидаги сочиқни олиб беморнинг тердан сув-сув бўлиб кетган юз-кўзини, пешонасини артди. Шунда Оташ сочиқни, ҳамширанинг қўлини ҳис қилди. Томоғини қириб кўрди — ўз овозини ўзи эшитди. Ичига илиқлик югуриб, қўл ва оёқларидаги бармоқларини қимирлатиб разм солди: гўё ҳаммаси жойида.
— Раҳмат, — деди паст, хириллоқ овозда кўнгли тинчиб нари кетаётган ҳамширага…
* * *
Икки-уч кун ўтиб, Оташ ўрнидан туриб юрадиган бўлди. Лекин аллақандай хижиллик барибир уни тарк этмасди.
“Нима ўзи у? Қаердан келди? Нега кетмайди?” — Бу саволларнинг жавобини билмасди Оташ.
Дераза оша кеч кузнинг намчил ҳавосида “дийдираб” турган дарахтларга боқар экан, аста қўзғалиб ташқари чиқди. Хазонрезги. Оташ шамол супураётган йўлакда бир пас кезинди. Ич-ичидан бир титроқ келиб, ортга қайтди. Нияти — бино олдидаги скамейкада бироз тин олиш эди, — чоғи келмай ичкарилади. Узун каридордан ўз бўлмаси томон аста одимлаб бораркан, бош врач хонасининг қия очиқ қолган эшигидан учиб чиқаётган сўзлар қулоғига қўрғошиндай қуюлди.
“Отабекнинг юриб қолганига кўп ҳам севинманг, қариндошларига секин тушунтиринг, у — узоққа бормайди…”
Отабек кетаётган жойида “тақа-тақ” тўхтади. Бош врач қўл остидаги ходимларга у билан боғлиқ тағин нималардир деди, лекин Отабек энди уларни эшитмасди… Йўқ-йўқ, эшитардию, маъносини англамасди…
— Нима қилиб турибсиз бу ерда? — палатадан чиққан бошқа бир ҳамшира Оташни билагидан тутиб етаклади.
— Жудаям ухлагим келяпти. Илтимос, уйқу дорингиздан берсангиз, -ялинганнамо оҳангда деди Оташ ўзини кароватга ўтқазиб қайтишга чоғланган ҳамширанинг қўлларини тутиб.
— Вой, энди ухлаб турдингиз-ку, — ажабланди ҳамшира.
— Ундай эмас, кечаси мижжа қоқмадим. Чарчаб кетдим. Ёлвораман… -тараддудга тушиб қўлини тортиб олмоқчи бўлган ҳамширани қўйиб юбормай илтижо қила бошлади бемор.
— Вой, манави кишига қаранглар, — кулди ҳамшира хиёл қизаринқираб. — Мен ўзимча сизга дори буюролмайман. Врачдан сўраб келай, — қўлини аранг қутқариб олган қиз чопиб нари кетди.
— Тунда ёмон ухламадингиз, чамаси, Отабек? — гап қотди газета варақлаб ётган ёши улуғроқ бўлмадоши.
Оташ унга бир қараб қўйдию индамади: юрагига қил ҳам сиғмай турган шу тобда жавоб бергиси келмади. Лекин хиёл ўтмай бояги ҳамшира қўлида тайёр ўқланган игна билан рўпарасида пайдо бўлганда юзи ёришгандек бўлди…
Оташ кўзларини очганда вақт алламаҳал бўп қолганди. Буни у деразага тўр солган шом рангидан англади. Шамол кучайиб, дарахтлар у ёқдан бу ёққа гувлаб солланарди. Яна қулоғига япроқларнинг “чирт-чирт” узилгани урилди…
“Хазон япроғига, эй боғбон, эмассен моне”.
Қўшиқдан эсида қолган ушбу байт Оташнинг миясида чарх ура бошлади. “Солия” деди пичирлаб. “Солия, сени жудаям-жудаям соғиндим! Яна бир вақтлардагидек чақирсам, келасанми? Сўнгги бор… Солия, сўнгги бор”.
— Ҳадеб ухлаб, хаёл суравермай манавини еб олинг, куч бўлади, -кароватнинг махсус хонтахтасига ярим коса бўтқа, икки кесим бўлка нон, бир бўлак қовурилган балиқ ва оппоқ финжонда чой қўйди ҳамшира, — тушдан кейин сизни йўқлаб қариндошларингиз келувди, уйғотиб бўлмади. Кечқурун яна келамиз, дейишган.
…Оташ ётавериб зерикиб кетди. Кейин беихтиёр равишда чўзилиб тумбочкани очди-да, ичидан қоғоз ва қалам чиқарди. Ташқарида бир маромда тебраниб қўшиқ айтаётган ва ўз қўшиғи оҳангига мос тарзда рақс тушиб ороланаётган дарахтнинг суратини чиза бошлади. Илгари ҳам у дарахт расмини кўп ишлаган, умуман, унинг чизган суратларининг ярми Солияга бағишланган бўлса, қолган ярмида дарахт бор эди. Лекин нега бундай, ўзи ҳам билмасди. Оташ Солияга бағишланган юзлаб суратлари мотивини яхши англар эди, бироқ дарахт-чи, унинг тагмаъноси нима экан? Сираси, у дарахтни турли кўринишларда чизган эди: ҳамма фасллардаги, ҳамма кўринишлардаги дарахт расмларини солганди. Назарича, дарахт инсон кўнглидаги кераксиз ҳою ҳавасларни ташқарига қувиб ҳайдарди. Дунёнинг ўткинчилиги ва умрнинг омонатлиги тўғрисидаги энг гўзал, энг таъсирли қўшиқ дарахтга тегишли эди. Шохларида хоҳ япроқ бўлсин, хоҳ бўлмасин, қатъи назар, тинглай билгич — қалб қулоғи очиқ одамлар учун дарахтл
ар ҳамма вақт — қишин-ёзин ҳикмат айтадилар, ҳа…
Оташнинг билганлари шулар эди. Энди бўлса, унинг қаршисида — қоғозда тағин бир қўшиқ куйлаётган улкан дарахтнинг қадди ростланиб бораркан, туйқусдан бошқа бир нарсага — ҳалигача ҳеч ақлига келмаган бир маънога дуч келиб қолди. У ҳам бўлса, Солияни севишига, Солияга бўлган муҳаббатини қалбида бир умр кўтариб юришига муносиб иқлим яратган куч, аслида, шу дарахтлар, улар куйлаётган ажабтовур қўшиқлар экан. Ҳа-ҳа, ишонаверинг, айнан шулар экан… Нега, дейсизми? Чунки бир пайтлар Оташ ҳам дунёи дуннинг одами эди — турли-туман кийинишни, ширин-ширин ейишни, хил-хил машиналарда юришни севгувчи моддият қули эди — эслайди, ҳаммаси ёдида. Энг гўзал, энг жозибадор аёлларга ишқи тушиб, кечаю кундуз улар билан маишат қилганларини ҳам унутган эмас. Кунлардан бир кун ана шундайлардан бирининг уйидан ярим тунда қайтаётиб йўл ўртасида машинаси бузилдию ўша ерда тонггача қолиб кетди. Шаҳаргача бир неча чақирим бор эди. Атрофда “йилт” этган чироқ кўринмас, фақа
т ёнгинасида шамолда солланиб, ўзича куйлаб ётган бир боғгина эътиборини тортарди. Аслида, ҳаммаси ана ўшандан бошланганди. Оташ саҳаргача ўша боғни, унинг дилларни энтиктирувчи қўшиғини тинглаб чиққанди. Тинглаб, унга ошиғу беқарор бўлиб қолганди. Шу-шу аваллари ҳар хил мавзуларда мўйқалам тебратадиган ёш рассом энди фақат ва фақат дарахтзорни, дарахтларни, дарахтни чизадиган бўлди-қолди! Кейин… ҳеч қанча вақт ўтмай тақдир уни Солияга рўбарў қилди… Эҳ, буларнинг бари бирам сирлики…
Оташ сурат чизишга шунчалар берилиб кетдики, палатадошининг гаплашмоқчи бўлиб икки-уч луқма ташлаганиниям пайқамади. Доим шунақа — илҳоми келганда ботинида — кўкрак қисмида аллақандай махмурлик пайдо бўлади-да, у шу ҳолатнинг асирига айланади. Айланиб то асари якунлангунча унинг ичида у ёқдан бу ёққа иссиқ қон каби (ҳар ҳолда унга шундай туюлади) оқаверади. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Шиддат билан тортилаётган чизиқлар, мўйқаламнинг кетма-кет ҳимолари қоғозда ҳайратангиз бир дарахт сувратини барпо қилиб улгурганди. Унда кузнинг зафарон туси акс этганди. Лекин ғоят жозибадор кўринарди. Ҳавода учиб тўзғиётган олтинранг япроқлар қараган кишининг кўнглига маҳзун кайфият олиб кирар-у, уни қайғуга ботирмасди. Билъакс, дарахт шохларининг бир томонга хиёл эгилган ҳолати ва барглардан бунёд этилган сочларининг ажабтовур байроқдек ҳилпираши томошабин қулоғига дарахт куйлаётган қўшиқдек уриларди…
Оташ яна анчагача сурат устида ишлаб — тарошлаб ўтирди. Бир маҳал ҳамшира кириб келди: “Чақирсаям эшитмайсиз-а, Отабек ака?” дедию рассомнинг қўлидаги чизмасини мўйқаламига қўшиб беозоргина суғуриб олди: “Кўргани келишди”.
Отабек эшикка қараб, онаси ва икки укасини кўрди-ю юзларида табассум пайдо бўлди: “Ассалому алайкум, она!”
— Ваалайкум салом, болагинам, ваалайкум салом!.. — онанинг овози титрар, кўзлари жиққа ёш эди. Отабек бўйлари баланд, басавлат укалари билан сўрашаркан, яна ўшандай сўлғин нигоҳларни учратдию ҳаммасини тушунди: жигаргўшалари баридан хабардор экан!.. Айни дамда нарироқда бояги суратга ажабланиб боқаётган ҳамширага кўз қири тушиб улгурди.
— Нега йиғлайсиз, онажон? Отдекману… — ўзи айтаётган гапга ўзининг ишончи бўлмагани учун Оташ узуқ-юлуқ жумла тузди, — яқинда жавоб ҳам беришади…
— Иншаоллоҳ, болам, иншаоллоҳ… — она енгининг учи билан кўзёшларини артди. — Илойим, айтганинг чин бўлсин!..
Оташ укаларига қаради: улар кўзларини олиб қочишга беҳуда уринишаётгани шундоқ юз ифодаларидан аён эди. Бири юзини дераза томонга бурган (лекин у ерда ҳеч нима кўринмас — шом тушиб бўлганди), бошқаси бўлса, курсида омонатгина ўтирган кўйи туфлисининг тагчармига қараган киши бўлиб вақтни чўзмоққа тиришарди.
— Битта қизни деб ўзингга жабр қилдинг-да, — онаизор ўзига ўзи гапиргансимон ҳасратдор овозда сўзлай кетди, — ёшинг ўттиз еттига чиқди-ю ортингда қоладиган зурриёдинг йўқ, жон болам…
— Она!.. — деди боядан бери юзини “дераза билан беркитиб” турган ука, — Она, ҳозир шу гапларнинг мавридими? Акам ёш бола эмас-ку! Нима қилишини ўзи билар, ахир…
Бундай тортишувлардан безиб кетган Оташ норози алфозда кўзларини қаттиқ юмди…
* * *
— Туринг, нонушта қилволинг, — деди яна ўша ҳамшира. — Ҳозир бош врач “обход”га кириб қолади, бўлақолинг.
Оташ эринибгина кўзларини очди.
— Ассалому алайкум.
— Ваалайкум… Нима, сиз ҳар куни ишлайсизми?
— Йўғ-э… — деди ҳамшира патнисни беморнинг “хонтахта”сига авайлаб қўяркан, — унақада чарчаб қоладию одам. Шеригимнинг ўрнига чиқдим. Иши чиқиб қопти.
Оташнинг иштаҳаси йўқ бўлса-да, аста туриб юз-қўлини чайиш мақсадида шундоқ биқинда жойлашган ваннахона томонга юрди. Қайтиб чиққанда эса қаршисида пайдо бўлган ҳамшира илтимос қилиб қолди: “Менинг ҳам суратимни чизиб беринг”.
…Оташ ҳамширанинг суратини кун-узоқ чизди…
Навбатчилигини якунлаб уйига равона бўлаётган ҳамшира эшикдан кириб келгандаям берилиб ишлаб ўтирарди. Қиз расмга бир муддат тикилиб турди-да, сўнг “Нима бу?” дегандек рассомга боқди. “Бу мендан кўра анави суратдаги дарахтдан қараб турган аёлга кўпроқ ўхшаб қопти-ку, Отабек ака?”
— Қайси дарахтдан қараб турган аёл, тушунмадим? — ажабланди Оташ.
— Сиз фақат битта қиёфани чизасизми, дейман? — энди росмана хафа бўлиб гапирди ҳамшира. — Майли, буниям ўша аёлга беринг…
Оташ стул суянчиғига суяб қолдирилган суратни қўлига олиб разм солди — у чиндан ҳам Солияга ўхшаб турарди. Кейин шошиб кеча чизган суратига қаради. Йўқ, унда фақат дарахт бор эди. “Қанақа аёл?” деди энсаси қотиб. Кейин суратларни олиб рўпарасидаги дераза рахига тираб қўйди.
Кечқурун кетган кетиб, қолган қолиб, атроф сув қуйгандек жим-жит бўлган пайт суратларга кўзини қадаб хаёл суриб ўтирган Оташ бирдан ҳаяжон билан ўрнидан туриб кетди. Турибоқ суратларнинг олдига борди, дарахт тасвири туширилган расмни қўлига олиб, кўзларини йириб қаради: Ё қудратингдан! У ерда чиндан ҳам Солия бор эди. Фақат… фақат орқа планда — ичкаридан улкан дарахтнинг орасидан — бағридан маъюс боқиб турарди. Оташнинг лаблари учар, титроқ бармоқларини суратга олиб борар, лекин яна чўчиб ундан узоқлатар, кўзлари дамодам ёшланар эди. Бир маҳал суратдан дарахт чекинди ва бошидан-оёқ инсон қиёфасини олди — энди ошиқ рўпарасида маъшуқа турарди. “Қачон мен сен билан ёп-ёлғиз қолгум!” лаблари шивирлади Оташнинг. У бир пайтлар — севишиб, дунёларни унутиб юрган вақтлар шу мисрани Солияга бот-бот айтгувчи эди. Бироқ тақдир экан — улар ҳеч қачон бир-бирлари билан ёлғиз қолишмади. Пешона ёзиқлари бунга йўл қўймади. Мана, ниҳоят, ўша орзуси ушалиб турибди оши
қнинг. Оташнинг кўзларидан оққан шошқатор ёшлари “тим-тим” томиб суратга тушар, ундаги бўёқлар секин-аста шувалиб бир-бирига чаплашиб борар, лекин буни фарқлайдиган ҳоли йўқ эди ошиқнинг… Оташ ана шу ҳолида йиғлаб-титраб бир мунча вақт қолиб кетди. Кейин эса… кейин Солия билан уришиб қолган ўша малъун куни “лоп” этиб ёдига тушди. Тушди-ю кўнглида ухлаб ётган гина-кудрат уйғониб қолди: “Агар сен ғурур қилмаганингда ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди, Солия!”
Оташ суратга қараб мурожаат қиларди, бироқ ундаги аёл — Солия бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Оташ тараддудланиб қолди: типирчилаб ўзи чизган суратнинг гоҳ у, гоҳ бу ёғига қарар, эндигина шу ерда — қаршисида уни тинглаб, у билан мулоқот қилиб турган Солия қай ерга “учиб” кетганининг сирига етолмай доғда қолди. Шундан кейин Оташ суратни дераза рахига қайта қўйди, ўзи бўлса “ундаги Солия”ни илк пайқаган жойига — кароватга чиқиб ўтирдиямки, фойдаси тегмади. Суратда фақат дарахт — сариқ сочлари шамолда селкиллаб турган улкан дарахтгина қолди… Оташнинг жиғибийрони чиқиб, хуноб бўлиб ётди. Кейин чарчоқ устун келиб кўзи илинди. Яна туш… Яна Солиясиз кечган шунча йиллар ўтмагандек эмиш: улар худди бир вақтлардагидек бирга эмиш. Қадди-қоматлари ҳам, қилиқ-қиёфатлари ҳам бурунгидек денг. Электричкага чиқиб тоққа — лола сайрига борганмишлар. Қучоқ-қучоқ қизғалдоқ, лола, бинафша теришармиш, бир-бирларининг бошидан қучоқ-қучоқ сочишармиш ҳам. Юриб-юриб т
оғнинг баланд бир чўққиси қаршисига келиб қолишибди. Чўққининг ён бағрида эса анвойи гуллар ўсиб ётганмиш: лола бўлиб лолага, қизғалдоқ бўлиб қизғалдоққа ўхшамасмиш. Ҳатто бинафшадан ҳам нимадир бор эмишу, асли бошқа гул эмиш. Солия ўша гулга ошиқ бўп қолибдию чўққига чиқамиз деб туриб олибди. “Сен шу ерда туратур, ўзим олиб келаман”. Оташ тепага қараб тирмашибди. Чиқибди. Ўша — дунёдаги ҳеч бир гулга ўхшамайдиган, лекин борлиқ чечаклардан гўзалроқ, хушбўйроқ гулни узиб олар чоғида оёғи тойиб, икки қулоч пастдаги қояга қаттиқ урилибди. Зарбдан чап қўли синиб, осилиб қолибди. “Шунча гуллар турганда, яна гул деб қайсарлик қилганингни қара, Солия!..”. Оғриқ устида хаёлидан ўтибди унинг. Қайтиб пастга тушганда эса Солия йўқ эмиш. “Солия, қанисан, қаердасан?” дея қичқирибди. Қичқириқ зўридан яна томоғи йиртилиб, яна оғзидан қон келибди. Атрофда — боя Солияни қолдириб кетган жойда, унинг нари-берисида одамлар бор эмиш ва Солия гўё ан
а ўша одамлар орасига кириб ғойиб бўлганмиш: “Солия!..” Лекин уни ҳеч ким эшитмасмиш. “Шу ерда бир қиз турганди, чиройли, сарвиқомат, сочлари сумбул, кўзлари хумор… Кўрмадингизми?” Одамлар унга парво қилишмасмиш, эшитмасмиш ҳам. Гўё Оташ бору, улар йўқ. Ёки улар бору, Оташ йўқ. Ё униси, ё буниси сароб каби…
“Солия!!!” Ўзининг овозидан ўзи чўчиб уйғониб кетди Оташ. Кўзларини катта-катта очиб атрофга қаради — бўлмада унинг ёлғиз ўзи. Шеригига қачон жавоб тегиб улгурди — ҳудо билади. Фақат нариги томондан “Жим” деган уйқули нидо келди. Кейин “шип-шип” деган шиппак товуши ҳам қулоғига чалинди — ҳамшира бўлса керак…
Оташ бошқа ухлай олмади. Қўзғалиб ўтирди. Кўзи беихтиёр дераза рахидаги суратга тушди. Юзасида ой ёғдуси ўйнаб турган дарахт — гўё ҳаракатга келди ва тебрана-тебрана яна Солияга айланди. “Солия”— шивирлади Оташнинг лаблари. “Солия, яна келдингми!.. Солия, сени соғиндим, жудаям соғиндим!.. Сенсиз бу дунё менга бегона бўлиб қолди, тушуняпсанми? Гўё етти ёт мамлакатга сургун қилинган маҳбусдек сезаман ўзимни. Сендан айрилган кунимдан бери шундайман — муҳожирман. Солия, сен менинг қайтишим мумкин бўлган ягона жойим, мунис Ватанимсан!.. Бироқ ўзинг қайдасан? Дўхтирлар куним битиб қолганини айтишмоқда, чақирсам, келасанми? Солия, бу менинг сендан охирги илинжим, ўтинаман: кел! Токи мен бегона юртларда хор-зор бўлиб ўлиб кетмай. Сенга — Ватанимга қайтиб, шу қучоқда жон берай, Солия!..”
— Бемор Набиев, нега ўзингиз билан ўзингиз гаплашиб ўтирибсиз, қани, тўшакка киринг, бошқаларнинг дам олишига халақит берманг, — ёши каттароқ бошқа бир ҳамшира келиб, болани ўрнига ётқизган каби Оташни жойига ўраб чиқиб кетди.
Оташга бу ёқмади: умрга татигулик суҳбатни бўлгани учун ҳамширани ёмон кўриб кетди. Лекин яна туриб қараганида суратда Солия йўқ эди. Шунда у бир сирни тушуниб қолгандек бўлди: юраги муҳаббатга тўлиб-тошган дамларида суратда Солияни, қолган вақтларда эса дарахтни кўраётган эди, ажаб!
“Солия, биз бир-биримизни нега йўқотганимизни энди тушуниб етдим. Сен билан ажралишган ўша машъум кунда кўзларимиз фақат ва фақат дарахтни кўрган экан. Биз ўша куни бир-бировимизни кўролмай қолган эканмиз…”
Кейин нима бўлди — Оташ эслай олмади. Фақат ҳушига келганида тепасида бир тўда оқ халатли одамлар ҳовлиқиб у ёқдан — бу ёққа чопиб, шошилиб юришарди.
— Уни йўқотяпмиз!..
— Бугун бўлмаса, эрта-индин барибир йўқотамиз…
— Тезроқ юрагини массаж қилинг, массаж!..
Қулоғига элас-элас кираёттан бу сўзларнинг негадир қадри қолмаганди. Улар фақат товушдангина иборат эди, мазмуни эса қаёққадир ғойиб бўлганди. Ажаб, сўзлар, жумлалар ўз ҳолича ҳар қанча мудҳиш жарангламасин, мазмуни киши қалбига кириб бормаса, ҳеч экан, ҳеч!..
Кейин нима бўлди, орадан қанча фурсат кечди — Оташнинг булардан хабари йўқ. Назарида узоқ, жуда узоқ чўзилган уйқудан кўзини очганида ўзини гўё ҳеч нима бўлмагандек ҳис қилди. Фақат бутун вужудида ланжлик бор эди — қимир этгиси келмасди. Аммо бинойидек гапира оларди. Демак, у ўлмабди. Ана, тунов кун ундан хафа бўлган ҳамшира келяпти. Ҳозир бир нима дейди…
Лекин у лом-лим демайди. Оташ томонга бир мунглиғ боқадию қўшни бўлмага равона бўлади. Нега? Ёки суратининг ўзга қизга ўхшаб қолгани бояқишнинг дилини шунчалар ранжитдими?..
Кўп ўтмай палатага ота ва онаси киришади. Лекин улар ҳам Оташга ҳамширага ўхшаб қарашади, авайлаб, худди охирги марта гаплашаётгандек лутф кўрсатишади. Бундан эса Оташнинг ғаши келади. Навбат билан ҳузурига кириб-чиқаётган тўнғич укасини қўлидан тутади:
— Менга қара!.. Менга… менга қанча қолди?..
Укаси қийналади. Лекин тўғри жавобни айтмагунича акасининг ўткир нигоҳларидан қоча билмайди:
— Икки-уч кун…
— Салом, Солия!..
— Вой, ассаломалайкум, Отабек ака!
— Яхшимисан?
— Шукр, ўзингиз тинчмисиз? Йўқолиб кетдингиз. Қўнғироқ ҳам қилмайсиз бундоқ… — гина, араз ва навозиш қилган бўлди Солия.
— Сенга халақит бермай дедим…
— Қўйсангиз-чи…
— Солия!..
— Ҳм…
— Сени кўришим керак… Сўнгги марта, эшитяпсанми?..
— Тинчликми? Одамни қўрқитмай гапиринг, Отабек ака…
— Узр…Кечир мени… Ростданам, бемаъни гап айтдим, шекилли.
— Келасанми?..
— Қаердасиз?
— Кардиология марказида, охирги қават, лифтдан ўнгга қараб юрганингда энг четдаги палата. Оппоқ эшиги бор…
— Вой, нима қилди?.. — овозига хавотир аралашди аёлнинг.
— Бугун келасанми?
— Бугун?..
— Ҳа… илтимос, келмасанг бўлмайди, Солия!.. — юрагидаги титроқ овозига кўчди Оташнинг… — Ўтинаман: кел!..
— Хўп, ҳаракат қиламан…
* * *
Сурат гўё бағрини катта очдию Солия тимсолида Оташни маҳкам қучиб олди — унда тасвирланган дарахт мусаввир йигитнинг маъшуқаси сиймосига айланди — қолди. Оташ эса уззу кун ундан нигорон кўзларини узмади.
— Мана, Солия, ҳаммаси — менинг ҳаётимнинг ҳаммаси шундан иборат экан: туғилдим, севдим ва… Яхшиям сен бор экансан… Сенга рўбарў қилгани учун қисматимга шукрона айтаман. Ахир… ахир сен бўлмасанг, мен бу ерда — дунёда нима иш қилган бўлардим? “Туғилдим ва ўлдим” деб айтган бўлармидим?..
Мана, яна сен келасан!.. Кўришмаганимизга ҳам неча йиллар бўп кетди. Охирги гал суратларим кўргазмасига келгандинг. Суратлардаги ўз сиймонгни кўриб, секингина “Эсингизни еб қўйибсиз. Одам ҳам бир кишига атаб шунча расм соладими!..” деб, хижолатдан қочиб кетгандинг. Кейин… кейин менга хабар юборгандинг: “Кечиринг, кўпчиликнинг нигоҳини кўтара олмадим… Наҳотки, бир аёлни шунчалар севиш мумкин?!”
Эртасига эса яна бир хабар олгандим: “Илтимос, уйланинг”. Эҳ, Солия, кимга қарамай, ҳаммада сени кўрсам, юрагимгагина эмас, кўзларимга ҳам сен тўлиб олган бўлсанг, мен яна нетиб бошқага уйланай? Аслида, сени кўрган кунимдан сенга уйланганман-ку!.. Сен ҳар доим, ҳар лаҳза мен билан биргасан: ҳушимда ҳам сен, тушимда ҳам…
Кейин Оташнинг ёдига талабалик чоғларидаги бир воқеа тушди. Ўшанда физкултура дарси эди. Оташ спорт биносига кириб кетаркан, скамейкада хаёл суриб ўтирган Солияга кўзи тушиб, олдига борганди. ” Мазам йўқ”. “Унда мен сен билан ўтираман”. “Вой, дарс-чи?” “Қизиқмисан, сен билан бир соат суҳбатлашиш имкони бор экан, мен қандай қилиб дарсга кираман?.. Ҳузурингда ўлтиришдан ортиқроқ дарс йўқ мен учун!..”
Хиёл ўтмай қаёқдандир пайдо бўлган уч-тўрт олифта йигит Солиянинг ён тарафига ўтирар-ўтирмас, гап ота бошлашганди. Кейин маълум бўлишича, улар шу университетдан ўзларига қайлиқ қидириб юришган экан. (Қилиққа қаранг: бўлажак турмуш ўртоғинг билан ҳам кўчадаги сатангларни “овлагандек” қилиб танишасанми?..) Табиийки, Оташ аралашиб, бир пастда муштлашиб кетишганди. Улар кўпчилик эди, Оташ бўлса бир ўзи. Лекин ўртага олиб бир тепки қилишгандаям шаштидан қайтмаганди: урганни уриб, тепганни тепганди…
“Қўрқмадингизми, улар бир тўда бўлса?” сўраганди Солия Оташнинг тиббий марказда яраларини ювиб боғлашаётганда. “Билмасам, ўзим ҳам ҳайронман” деганди Оташ. Кейинроқ мушоҳада қилиб кўрса, чинданам ўзига ўхшаган бир нечта ёш, бақувват йигитларга бас келиш учун одамга юракдаги жасоратдан бошқа яна нимадир керак экан. Оташнинг фикрича, бу муҳабат эди! Ёнида Солия, юрагида ишқ бўлмаганда, Оташ эҳтимол ўша йигитларнинг ақалли биттаси билан ёқалашишга ҳам ўзида журъат тополмасди. Ҳа-ҳа, ишонаверинг. Бунга унинг ўзи амин бўлган. Ҳаётида неча бор бунинг каби жанжалли вазиятлар юз берганига қарамай, ҳар сафарида шундай уришиб кетмади-ку! Энг муҳими, ўзини ботир ҳис қилмади.
Кўзига жони ширин кўринган дамлар қанча бўлди, ахир… Демак, ишқ деганнинг бағридаги киши ўлимдан ҳам қайтмас, қўрқмас эканми…
— Сиз шунақа… мен учун ҳамма нарсага тайёрмисиз? — сўраганди ҳимоячисининг боғлаб қўйилган тирсагини силаб Солия.
— Ҳамма нарсага, ҳаммасига, Солия!.. — кўзлари ёнганди Оташнинг.
— Ўлимга ҳамми? — тикилганди йигитнинг кўзига у.
— Ўлимга ҳам…
— Менсиз яшашга-чи? — қувлик билан жилмайганди қиз.
— Фақат бунга эмас, Солия!.. Йўқ! Сенсиз яшай олмайман.
— Ҳозиргина “Сен учун ҳамма нарсага тайёрман” деган ким эди? — ошиқнинг юзига енгилгина шапатилаганди маъшуқа. — Одам берган сўзининг устидан чиқиши керакмасми?
Оташ қизга “ҳазилми-чинми” дегандек кулиб қараб қолди.
— Истасанг, майли… унга ҳам тайёрман. Фақат эплай олишимни ваъда бермайман.— Оташ қизни ўзига тортиб бағрига босганди. — Мен учун “сенсиз”, деган тушунчанинг ўзи йўқ, сен ҳар доим мен билан биргасан! ..
— Ҳа… Ҳар доим… — кўзлари ёшланганди қизнинг…
Қўққисдан кучайган шамол дарахт шохларидан дув-дув барг тўкди. Эрталабдан бери эзиб ёғаётган ёмғир шиддаткор тус олди. Оташнинг ширин хаёли бўлинди. Деразага боқиб шом тушаётганини илғади. Шошиб деворда — рўпарасида осиғлиқ соатга қаради: Ўҳ-ҳўў!..
— Солияга нима бўлдийкин? Наҳотки, келмайди? Ёдидан чиққандир… Иши кўпдир… йўқ-йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Ахир тайинлаб айтди-ку, “келмасанг, бўлмайди”, деди-ку. Буни худди бир вақтлардагидек қилиб айтди…
Эҳтимол, ичкари киритишмагандир. Аҳволимни оғир деб, эшикдан изига қайтаришгандир… Телефон бор-ку… Айтарди-да бир оғиз… Ўзим қилсам-чи?.. Энди кеч. Оилали, бола-чақали аёл бўлса..
Оташнинг кўз олди қоронғилашди…
* * *
Эртаси чошгоҳ бўлдиямки, “тиқ” этган товуш йўқ. Тоқати тоқ бўлди унинг. Эшикка михланган кўзлари ачишиб-ёшланиб кетди. Ётавериб ўмганлари оғриб-оғирлашиб қолди. Энди сурат билан гаплашиш ҳам юрагига сиғмаётганди. Сираси, у ерда энди Солия йўқ эди. Фақат тилларанг япроқлари маъюс шивирлаб дарахт турарди. Ундан нигоҳингизни бироз юқорига олсангиз, шу дарахтнинг аслини кўрасиз. Бироқ унинг аҳволи яна-да аянчли: бир-икки заволли барглари омонатгина ҳилпираб турган яланғоч новдаларини кўкка чўзган дарахт худди “Эй, Парвардигор, нима қилиб қўйдинг?” дея кўкси тилка-пора бўлиб, арзи дод айтаётган одамга ўхшарди…
Оташ ўрнидан базўр қўзғалди — тумба устидаги телефонга қаради: хабар бормикан?.. Бир муддат ўйланиб турди. Кейин рақам берди. Терди-ю ўчирди. Хона ичида у ёқдан бу ёққа юрди. Ташқарига — дарахтга қаради: у баҳор-куз сафари мобайнида обдон ҳоригандек туюлди: кеч кузнинг изғиринли шабадасида бутоқлари майин титрар, улардан дув-дув ёмғир сувлари кўзёшлар каби тўкилар, тўкилар ва яна тўкиларди…
Туйқус Оташнинг ичи титраб кетди. Ўзини илк кез ёлғиз — Солиясиз ҳис қилди. Эшитяпсизми, илк кез… Ҳеч қачон бундай бўлмаганди, ҳеч қачон!.. Қутурган сувларда ғарқ бўлаётган шўрлик янглиғ хасга ёпишди — беихтиёр яна ўша рақамни терди. Телефон узоқ вақт чақириб турди. Кейин… Кейин Солиянинг, ўша Солиянинг овози келди, ўша овози!.. Фақат… фақат уйқу аралашганди унинг овозига.
— Алло… Ким?
— Солия!.. Бу — мен!.. — деди дийдираб. -Кеча… кеча келмадинг…
— Ҳозир… беш-ўн дақиқада ўзим қивораман.
Оташ бир ғалати бўлиб олди. Телефон аппаратини иккала қўлида маҳкам ушлаб олганча кутди: дам ўтириб, дам тик туриб олди. Аввал беш дақиқа кечди, кейин беш ўнга айланди. Бироқ телефон соқов эди. Кейин яна беш, беш, беш… Оташ ҳисобдан адашди. Вақтнинг бунчалар узун, мўл-кўл бўлишини шу ёшга кирибгина ҳис қилди. “Кутсанг, улар ҳам узайиб кетаркан”, деди у ўзига-ўзи.
Бу орада тушлик олиб келган ҳамшира унинг кўп ҳаракат қилмаслигини, дориларни овқатдан кейин албатта ичишини тайинлади. Оташ бу ғамхўрликни кулибгина қабул қилди. Кейин яна ҳовучидаги матоҳга кўзини тикди…
Орадан анча фурсат кечиб, остонада яна пайдо бўлган ҳамшира бир қўл тегизилмаган тушликка, бир эса телефонга жиннига ўхшаб термилиб ўтирган Оташга аланг-жаланг қаради. Лекин юрак ютиб бир нима демади. Бошини маъноли чайқаганча овқатни аравачасига юклади-кетди…
Ниҳоят, тошдан садо чиқди деганларидек телефонга забон битди.
— Ассалому алайкум, Отабек ака. Узр, кеча ўтолмадим. Кечқурун қайнимнинг туғилган кунига борадиган эдик. Сочимни эрталабдан бўятиб олувдим, денг. Кўрмайсизми, куни бўйи эзиб ёмғир ёғди. Уйдан чиқолмадим… Кечқурун амаллаб ресторанга бориб келдик… Ёмғир тиниб қолса, дугонамнинг — Арофатнинг машинасида бугун ўтиб қолармиз. Бораётиб телефон қиламиз, манзилни унга яна айтиб берарсиз. Мен йўлни билмайман…
Солия тағин нималардир деди, лекин Оташ уларни эшитмай, эшитса ҳам сўзларнинг мағзини чақмай қолди. Кўз ўнггида дунёни зулмат қоплай бошлади. Довдираб коридорга, ундан эса ташқарига юрди.
— Бемор Набиев, сизга кўп ҳаракат мумкин эмас, кириб ётинг.
— Хўп…хўп.. қайтаман ҳозир, — деди сўровчига қиё ҳам боқмай Оташ.
Бир пас ўтиб кўчага чиқиб олди. Такси тутдию шаҳардан ташқарига — уйига қараб йўналди. Ташқарида ҳайдовчини куттириб, ичкаридан нимадир олиб чиқди — дастрўмолга ўроғлиғ нарса эди у. Чамаси, Оташ шу тарзда ҳисоб-китоб қилди — киракашга пул ўрнига нимадир тутқазди. Шундан кейингина ҳайдовчи шаҳардан узоқда, адирликларнинг пойидан ўрмалаб кетган йўлдан ҳам анча ичкарида жойлашган кўримсиз уйни ортда қолдирганча изига қайтди.
Оташ тўғри омборга қараб кетди. Омбор эшигининг баланд кесакисига оёғини уриб, ичкарига отилиб кетди. Лекин шу заҳотиёқ қўзғалиб, оёққа қалқди.
Эшикдан тушган ёруғликда пайпасланиб ниманидир олди, кейин йўлни тўғри устахонаси томон олди… Қўлида оғирроқ идиш бор эди — майишиб юрарди.
Устахона кенг, ёруғ ва юзлаб суратлар билан шундай безатилган эдики, кирган одамнинг хаёли қочарди. У ерда ҳам дарахт ва яна ўша аёлнинг турли-туман суратлари осиғлиқ турарди. Илинмаганлари ҳам аллақанча эди. Бироқ Оташнинг шу тобдаги кўнгил манзараси устахона ичидагидан юз, минг, милён… карра муҳимроқ, сирлироқ ва қўрқинчроқ туюларди… Оташ идишдаги суюқликни полга, деворга, ундаги суратларга сепиб юборди. Шунда хона ичи бензин ҳидига тўлиб кетди. Бурчакдаги стол тортмасидан чақмоқни қўлига олган Оташ ниҳоят ҳаракатдан тўхтаб, чуқур-чуқур нафас олди…
Қулоқлари остида аввал ўз сўзлари жаранглади: “Бугун келмасанг, бўлмайди, Солия! Ўтинаман: кел!..”
Кейин эса Солиянинг овози қулоқларига урилди: ” Эрталабдан сочимни бўятиб олувдим, денг… Кўрмайсизми, куни бўйи эзиб ёмғир ёғди… уйдан чиқолмадим…”
Оташ жон аччиғида чақмоқни ёндирдию устахонанинг тўрида илинган ҳашамдор ҳошияли суратга — ўзига жилмайиб боқиб турган Аёл суратига қараб отди… Олов бир силкиниб олд-да, баравж ёнганча суратни ямлай бошлади. Олдин аёлнинг сарвдек вужуди, қўнғироқ сочлари, кейин ойдек юзи ёнди. Фақат… фақат кўзларигина ёнмасди. Улар тилларанг оловнинг аёвсиз қиличларидан омон қолаётгандек туюлди. Оташ уларга — кўзларга нимадир демоқчи, балки улардан ниманидир сўрамоқчи, ўтинмоқчи бўлди. Бўлдию, оғиз ҳам очолмай тутилди: чунки… чунки кўзлар оловнинг тафтида ўзгариб, уларда муҳрланган маъно эврилди — аёлнинг, бир пайтлар Оташга чексиз муҳаббат ила боққан ўша аёлнинг соҳир кўзлари қаҳратон қишнинг энг аёзли кунидек совуқ йилтиллаб ўтди. Ва худди шу лаҳзада оловнинг қўли баланд келди: кўзлар оловга ем бўлди…
Даҳшатли манзара Оташнинг кўз соққаларида бир зумгина акс этди, бир зумдан кейин эса у ерда гуриллаб ёнаётган оловнинг тиллари гадонинг кўкка очилган қўллари янглиғ қотди-қолди…
…Бу орада ташқарида ёмғир тинди. Эҳтимол, бу ҳам Яратганнинг бир марҳаматидир. Шаҳар четида — чақирсанг, биров эшитмайдиган бир канорда ловуллаб ёнаётган уйга сув сепиб ўчиришни ва шу янглиғ ичкаридаги ошиқ йигит чекаётган азобнинг яна ва яна давом этишини истамагандир… Ахир, хом сут эмган бандалар бўлсак, каерда ҳикмат борлигини биз қайдан биламиз?..
Биз қайдан биламиз, “ёмғир тинди”, дея балки Солия ҳам алламбало фасонга солинган гўзал сочларини кўз-кўз қилганча уйдан чиққандир ва ҳали замон кардиология касалхонасининг охирги қават, лифтдан ўнгга қараб юрганда энг четдаги оппоқ эшигини чертиб қолар… Биз қайдан биламиз…