Улуғбек Ҳамдам. Лола (ҳикоя)

Шундоқ рўбарўмда қоя – қиррадор тошли, тик ва баҳайбат. Устида ҳилпираб турган алвонранг, ваҳшийларча гўзал лолага ҳамма ўзини уради. Осмон қизғиш, қора ва оқ – олачипор булутдан кўйлак кийган. На тун ва на кун, аллақандай аралаш палла. Пастдан қараганда буларнинг ҳаммаси жонларга қутқу соларак юксак қоянинг тепасида тебранаётган гулнинг ортида муҳташам манзара яратган. Назаримда осмоннинг энг олий орзуси ушалганди – безанган кўйи лоланинг атрофида парвона. Тубанда нима гап? Одамлар – қанчаси қояга тирмашиб, афсонавий чечак сари кўтарилаётган, қанчаси қулаб юзларча метр пастда қолган тошларга урилиб парчаланган. Масофанинг ҳатто ўртасигача ҳали ҳеч зот етолмаган. Ахир бунда ҳомиладор аёлнинг қорнидек бўртган чиқиқлар мавжуд эдики, бошқа тикликлардан эсон-омон ошган саноқли кишилар ҳам айнан шу бурилишларда ҳаёт билан видолашаётганди. Ерда мурдаларнинг ҳисоби йўқ. Лекин, ажабо, шуларни кўриб турган бани инсон, тик қояни забт этиб лолага бориш инсон имкониятидан нақадар узоқ эканлигига бошқаларнинг қисмати-ла минг бор, милён бор иқрор бўлган, бўлаётган одамзод нечун ўз ҳавойи орзусидан воз кечмайди? Нечун кўра-била туриб ўзини чиқиб бўлмас жаҳаннамга отади? Тағин ундан соғ-саломат ўтишга умидвор бўлади?.. Шуларни сўраб билайин, дея бир-бирига гал бермай қояга ёпишаётганларга яқинлашаман. Бирови баҳайбат ҳарсангга оёғини энди қўйиши билан елкасидан тортиб ўзимга қаратдим-да саволларга кўмиб ташладим. У эса ҳеч нима демади, фақат истеҳзоли жилмайди-да кўрсатгич бармоғи ила лолага ишора қилди. Сўнг тошга тирмашиб, чумолидек ғимирлаганча тобора илгарилаб кетаётган оломон ичига синггиб йўқолди. Мен бўлсам юқорига қараб саноқсиз одамлардан, уларнинг бетартиб ҳаракатларидан ўзга ҳеч вақони кўрмадим. Кейин қоядан андак узоқлашдим-да такрор боқдим: ЛОЛА!.. Ёдимга беихтиёр Каъба ва унга илинж билан чор томондан ошиқиб-кўпчиб келаётган милён-милён одамлар суврати тушди. Лола мисли қуёш эдию қолганлар йўлдош – унинг атрофида парвона… Мулоҳазаларим пишиб етилмаёқ улардан воз кечдим: ахир лола мени… фақат мени имлаётир! Қолганлардан юз ўгирганга ўхшайди, ахир менгагина эътибор бераётир, менигина ҳузурига чорлаётир! Оҳ, у бунчалар жозибали бўлмаса, юрагим бунчалар тўлиб тошмаса!.. Шунча одамнинг орасидан мени сайлаб олдими, демак, олдига шикаст емай юксала олишимни билади ва мен бу ишнинг уддасидан чиқаман! Бундай имконият ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, фойдаланиб қолиш зарур. Эҳ, бунчалар бахтли бўлмасам!..

Отилиб бориб оёғимни ҳалиги ҳарсангга қўйгандим, кимдир елкамдан тортиб ўзига қаратди. Қайрилиб боқсам, қандайдир йигитча. Аллақачон юқорилаб кетган одамга мен берган саволни энди у менга берарди. Йигитчага бир муддат тикилиб қолдим, уни ўзимнинг – лола ҳузурига таклиф этилган бахтиёрнинг қаршисида бениҳоя ғариб ва афтода кўрдим. Бир лаҳза ачиндим унга. Бироқ лом-мим демадим. Билмайман қандай маънода – жилмайдим-да юксакликка – лолага имо қилганча йўлимда давом этдим.

Кўтарилиш оғир эди. Баъзан қўл ва оёқ қўйгани ғадир-будир тошлар, ўйдим-чуқур жойлар бўлса, баъзан на униси ва на буниси топила қоларди. Шунда бутун борлиғимни силлиқ тошларга бериб сирпанаман-да таҳликали масофони босиб ўтгач, орқага кўз ташлаб даҳшатга тушаман. Лекин кўнглимда лоланинг ёди, унинг менга, фақат менга кўрсатган илтифоти… Буни хаёлимга келтирсам, ўзимни ҳар қандай дўзахга отишга тайёр кўраман. Бир пайт чамаси икки қулоч олдинроқда тирмашиб кетаётган одам дод солиб, қўл ва оёқларини капалак қанотларидек ҳилпиратганча тубанга – туманлик ва булутлар қаърига тушиб кетди. Ичимда нимадир «шув» этди – ўлим шарпаси юрагимни бирров силаб ўтди. «Наҳотки, бу сенга сабоқ бўлмаса, нодон? Наҳотки, сен етиб бораман, деб ўйласанг? Ахир манзилга ҳали узоқ… Шунчаларки, ҳатто кўзларимнинг нури етмайди унга!..»

Паришонлигимдан фойдаланиб кимдир елкамга оёқ қўйди-да, бир силтаниб қўлини тепароқдаги тошга михлади. Турткидан оёғим илиниб турган тош кўчди ва сирпанган кўйи пастга кета бошладим – АЛВИДО! – хаёлимга келган сўзнинг таъмигача туйдим, сасигача эшитдим… Лекин Худога шукр, қўлларим қаердадир яна бир тошга илашди-да мени муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолди. Қуйида эса менинг оёғимдан кўчган тошга тош ва одам илашиб даҳшатли воқеа содир бўлаётганди… Кўзимни чирт юмдим. Бироқ қотиллик унинг ичида давом қилди. Юзлаб кишиларнинг увол бўлганини қалбим сезди. Энди нима бўлади? Бир зум аввалги хотиржамлик энди қайда бор? Лоланинг олдига қай юз билан бораман энди? Унга етишганимда ҳам кўнглимнинг бир четини бегуноҳ одамларнинг ёди мудом кемириб туради-ку ахир!..

Аммо мен атайлаб қилмадим, бунинг устига мени анави муттаҳам итариб юборди. Асл гуноҳкор – у, асло мен эмас! – оқлов қидириб кетаман туриб-туриб. Сўнг муттаҳамга қарадим: у-да мени кузатиб иржайиб турган экан. Кўзим кўзига тушиши билан мазах қила бошлади. Тавба, умрида бировга душманлик қилмаган ва ўзига кимсани рақиб ҳисобламаган одам бўлсам, нима истайди бу? «Рақибим» тош ота бошлади – ё қудратингдан, бу тағин нимаси? Ўйлагунимча бўлмай, биттаси юзимга келиб тегди, кўзимдан нақ ўт чиқиб кетди. Оғриқ ва алам шу даражада кучли бўлдики, беихтиёр ҳайқирдим: «Эй Худо, шу лаънатини жазоламасанг рози эмасман!..»

Нимага ёмон ният қилдим, бировнинг боласига ўлим тиладим? – ўзимни кечирмайман. Менинг бироз аввалги гуноҳларим эндигиси олдида бир пул экан. Нега шундай? Ахир боя оёғим остидан кўчган тошдан юзларча одам нобуд бўлганди, энди биргина, у ҳам бўлса, аллақандай ҳайвонсифат… Мулоҳазалар кўнглимга таскин беролмайди. Фақат ўртанаман. Негадир ўзимни шарқираб оқиб турган сувга отгим, унда тўйиб-тўйиб чўмилгим келади. Бу орада «рақибим» ўпирилиб кетган тошни чангаллаганча пастларда қолган туманликлар тубига тушиб ғарқ бўлганди…

Анчагача ҳаракатсиз қотаман. Ниҳоят, вақт ўз ишини қилади. Ёдимга яна лола, унинг чорлашлари, ваъдалари тушади. Юрагим такрор ҳапқиради. Яна ҳаётга, қувончга талпинувчи қудрат бутун борлиғимни банд этаётганини ва менинг унга бўйин сунишдан, эгасининг кетидан кетган итдек орқасидан эргашишдан ўзга иложим йўқлигини чуқур англайман. Қилмишим, унинг изтироби бора-бора қалбимни тарк этади. Фақат ёдигина аҳён-аҳён кўнгилни ғаш қилади.

Энди менинг бутун фикру дардим лола! ?алати оғриқ аралаш севинч билан унга талпинаман. Нималар хаёлга келмайди, дейсиз ўз ботинимдаги туйғу кучини салмоқлаганда. Лекин орзуимга эришганда насиб этадиган ҳузурни қиёсини ҳеч тополмайдиганга ўхшайман. Ахир ўшанинг учун йўлга чиқмадимми, машаққатлар чекмадимми, қурбонлар бермадимми? Демак, олға ва яна олға!..

Ниҳоят, ўша тик қоя! Ён-веримга аланглайман: қумурсқадек ёпирилиб келаётганлардан фақат бир нечагинаси қолибди. «Қисмат!» – совуқ мулоҳаза юритаман. Бир пасдан кейин ўйларимга чек қўяман-да чўққини ишғол этишга бағишлайман ўзимни. Бу орада ғоят сийраклашиб қолган одамлар ҳам бирин-сирин қулаб осмоннинг бағридан узилиб-учиб аллақайси бурчакларга ғарқ бўлган юлдузлардек йитадилар. Бу тўсиқдан ўтиш одам боласининг қўлидан келадими – иккиланаман бир зум. Лекин во дариғ, қоя қаршисида менгина. Демак, лоланинг ваъдаси ҳақ! Юрагимнинг дук-дуклари қўл ва оёқларимга куч ато этади. Бутун борлиғим ялтироқ, сирпанчиқ, бу ҳам етмагандек алифдек тик қояларга қўл ва оёқ бўлиб ёпишади. Бирон юмушга ўзимни ҳеч қачон бунчалар фидо қилмагандим. Борган сари чумолига айланиб кетаман гўё. Тер сувдек оқади. Баъзан қалтис вазиятлар бўлганда юрагимни ваҳм босадию, энди ўлсам ҳам йўлимдан қайтмаслигимни, бунга лоланинг ёди изн бермаслигини аниқ биламан. Ўргимчак бўлиб ўрмалайман. Шу давонни ошсам бас, марра меники! Инсон боласининг хаёлига келмаган бахт менга ёрлақайди! Нафасим бўғзимга тиқилиб энтикаман… Во ажаб, наҳотки дунёда шундай саодат бўлса ва у менга насиб этса!..

Ширин хаёллар яхшию, лекин мақсадга боришимда халақит бера бошлайдилар, машаққатим ортади. Ўзимни қўлга оламан-да орзуларга харжланаётган кучимни-да довонни ошишга бераман. Энди ақлу ҳушим, тан ва жоним – бутун борлиғим бирлашадилар ва мен қийналиб бўлса-да хавфли чўққини ошиб ЎТАМАН! Ҳайҳот, ғолибман! Алҳамдулиллоҳ! Севинчимдан забт этилган қоя устида тўхтамай осмонга сакрайман. Ниҳоят чарчаб, ўша ерда тошларни қучоқлаб ухлайман… туш кўраман. Тушимга ҳам шу довон, унинг машаққатлари кирибди. Мен такрор уни қўлга киритибман. Аммо ошиб ўтгач, не кўз билан кўрайинки, юқорида яна одамзоднинг ўтишини хаёл ҳам қилиб бўлмайдиган сон-саноқсиз тик қоялар кетма-кетлиги савлат тўкиб турарди. «Дод!» дея бақирганча уйғониб кетаман. Лекин юқорига қарамайман, юрагим бетламайди. Негадир тубанларда сузиб юрган булутларни кузатаман. Заминни, шовқин-суронли турмуш ташвишларини, одамларни қўмсайман. Бироқ энди ортга йўл йўқлигини ҳамма нарсадан кўра чуқурроқ англайман. Кўкрагимда оғриқ туради. Пайпасланаман, тимирскиланаман. Лекин барибир юксакка қарашга, у ердаги ҳақиқатни билишга маҳкум этилганимни унутолмайман. Ҳа, таваккал қилиш пайти келганди: ё ҳаёт ё мамот! Ниҳоят, ўзимда неки қурб бор – барчасини тўплайман-да кўзимни юмган кўйи бошимни юқорига томон кўтараман. Ё Раззоқ! Юрагим ҳапқириб нақ томоғимга келиб тиқиларкан, кўзимни очаман…