Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлағай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлағай.
Навоий
Кўклам келдию ҳовлидан бир қушча кетмас бўлди. Аввалари эътибор қилмаган эканми, Ҳусан энди унга кунда кўзи тушади: қушча гоҳ у, гоҳ бу дарахтга танда қўяди. Гуллаш пайтида эса бошига оқ рўмол ташлаган ўрикдан айрилмай қолди. Бўшади, дегунча дераза қаршисида михланганча ўтирадиган, узун-узун хаёллар сурадиган шеригини Ҳасан ўнғай ҳар фурсатда бир яниб олади. Ҳозир ҳам шундай бўлди: “Ҳм-м, тағин қўзғаб қолдими дардинг? Ундан кўра мажлисни ўйламайсанми? Шайх Аҳмад Жунайд ҳазратлари билан учрашув ҳаётингда бурилиш ясаши мумкин, Ҳусан! Ҳой, кимга гапиряпман мен? Девордан фарқинг қолмабди-ку!.. – дея жириллади у. Лекин муҳатобининг парвосиз ўтирганини кўриб умидсиз қўл силтади. – Қўй-э, гўё жаннатга йўлланмаси бор одамдек тутасан ўзингни?..”
Ҳусан бундай гапларга кўп-да эътибор бермайди. Аммо илгари ҳақ талашарди – эслайди. Кунлардан бир кун қаттиқ тортишиб ҳам қолишганди. Ўшанда ака-ука нафл намози учун таҳорат олиб, чоғланиб туришганда қўшнининг боласи чиқиб, қандайдир юмушга бир зумлик ёрдам сўраганди. Ҳусан шу кетганча кеч қайтганди. “Аввал ибодат, кейин мадад” деганди Ҳасан қофиясини келиштириб. Ҳусан ҳам недир жавоб айтганди, ўртада жиддий баҳс чиқиб, жўжахўрозлардек тоза жиғиллашганди.
– Мутаассиб бўлма, Ислом – бағри кенг дин. Ҳатто намоз ўқиётган вақтингда ён-верингда чаён кўриб қолсанг, олдин отиёмонни ўлдириб, сўнг ибодат қилишга рухсат бор унда, – деганди Ҳусан қизишиб.
– Тўғри, – деганди жавобан Ҳасан, – лекин бундай гаплар кўпинча фарзларни мукаммал адо этолмасликнинг орқасидан келиб чиқадиган баҳоналардир. – Сўнг у Қуръони каримни келтириб, Ҳусаннинг арабчани тузуккина билишига қарамай, сўзма-сўз, ҳижжалаб таржима қилгач, шарҳлашга ўтган, чоҳарёрлару саҳобалар ҳаётидан мисоллар келтириб уқтирган эди. Ҳусан ҳам бўш келмай, авлиёлар ҳикматларидан ўз таврининг ҳимоясига далиллар айтиб, муқаддас китобни ҳар ким ўз дунёқарашига яраша тушунади, бутун ер юзида иймони бир хил кучга эга мусулмонни тополмайсан, у кимда қувватли, кимда заиф бўлади, нега сен бошқаларнинг ичидагини ўз қаричинг билан ўлчамоқчи бўлаверасан, Ҳасан? – дея бўғилганди.
Гоҳо эса мана шунақа мунозаралар чўзилиб кетар ва Ҳусаннинг юраги хунолуд тортиб, ташқарига чиқар, ҳовлидаги дарахтлар остида соатларча кезиниб, ўрни келганда уларга дардини айтиб енгилларди. Кейин… кейин у ана ўша қушчага дуч кеп қолди!.. Дуч келдию негадир Ҳасан билан муноқаша қилишни истамай қўйди, ажаб. Шунда у Ҳасанга “кечир мен лодонни, билмай талашиб юрган эканман, дўппини олиб ўйлаб кўрсам, ҳужжатнинг бари сен томонда экан, дедики, бу иқрор жигаргўшасини кўп тўлқинлантирди, келиб Ҳусанни қучди, иймонингга ҳамиша мана шундай соҳиб чиқ!”, деди кўзлари намланиб. Сўнг улар орасида вулқондек отилиб турадиган оловли мубоҳасалар гўё тинди, Ҳусан дин борасида Ҳасан айтганга кўнди. Кўндию, буни қарангки, Ҳусан ҳам ўзгармади: аввал қандай бўлса, шундайлигича қолди. Ҳасан чизган йўлдан юрса ҳам ўша Ҳусан ўша Ҳусанча яшайверди. Қизиқ-а?.. ***
Қушча баъзан новдада жимгина ўтирарди. Шунда чаппор уриб гуллаган ўрик дарахти баҳайбат қучоғи билан уни гўё яшириб оларди. Лекин қушча ҳар доим ҳам бир жойда тек турмай, пириллаб учиб қолар, шу боис Ҳусан уни тамоша қилишга кўп-да илҳақ бўлмасди. Ҳозир ҳам лип этиб бир шохдан бошқасига ўтдию кўриниш берди. Ҳусан уни кўзлари билан тутволди. Кейин қочириб юбормасликка тиришганидан бутун вужуди кўзга айланди. Қушча ўтирган ўрнида хушхон овоз билан сайрай бошлаганда эса Ҳусаннинг борлиғи қулоққа дўнди. Қушча берилиб, атрофни унутганча яйраб-яйраб хониш қиларди. Бунга сайин Ҳусаннинг завқи ошар, ўтирган ўрнида ташқаридан тошдек қотганга ўхшаса ҳам ичкарида мумдек эрирди. Куйлай-куйлай қушча, ниҳоят, тин олди, бежирим бошчасини у ёқ – бу ёққа тез-тез қаратди, шунда Ҳусан унинг ўйнаб турган, қоп-қора ҳуркак кўзларини кўриб қолди. Назарича, қушчанинг кўзи ҳам ўзига тушди. Тушдики, яна пир этиб дарахтнинг нариги – кўздан йироқроқ томонига қочиб кетди. Ҳусан энди қушчани кўрмас бўлди. Аммо кўп куттирмай қушча яна соҳир овоз билан тарона бошлади…
– Тур-е, қанақа одамсан ўзи? Ҳаётни деразага қараб соб қиласан-ку бунақада? – жеркиди Ҳасан қўлида китоб билан ташқарига – дарахтлар остига чиқиб кетаркан. – Қачон мажлисни ўйлайсан? Унақа-бунақамас, нақ арабистонлик шайх ҳазратлари қатнашадиган мажлис бўлса! Ҳей, ўзимизни кўрсатсак борми, хорижда ўқиш йўлланмаси нақ чўнтагимда деявер.
Шу чоқ Ҳасаннинг қўл телефони жиринглаб қолдию “ало” деганча нари кетди. Сўнг бир пас ўтиб маъюс бир қиёфада қайтиб келди. “Отам бетоб эмиш”. Ҳусаннинг диққати бўлинди. “Нима?..” “Қулоғинг том битганми сенинг, отам ётиб қопти, деяпман, – жаҳли чиқди Ҳасаннинг – гаранг!..” “Вой, – капалаги учди Ҳусаннинг. Жиддий эмасканми, ишқилиб?” – Туриб шеригининг қошига келди. “Билмадим… Нима қилдик, Ҳусан? Бу ёқда мажлис…” – бўшашди Ҳасан. “Нималар деяпсан, Ҳасан?.. Зиёратга борамиз”, – деди қатъий Ҳусан. ***
Эртасига сахармардонда эгизаклар елкаларига енгил халталар осиб, олис вилоятга отланишди. Уйдан чиқишаркан, Ҳусаннинг эътиборини бир эмас, камида икки қушнинг мунис, дилпазир хонишлари тортди. Бир лаҳза тўхтаб, аланглади. Чинданам, дарахт шохида бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаш икки қушча пайдо бўлганди. Қай бири ҳамишаги қушчаю қайсиси унинг меҳмони, билиб бўлмасди. “Қара, Ҳасан, қушчалар бир жуфт бўп қолибди, гўё улар ҳам эгизакдек”, – ҳайрати ошди Ҳусаннинг. “Ке, Ҳусан, эрталабдан асабга тегмагин, йўлимиз узоқ…” – шеригининг ёнидан шитоб билан ўтаркан, танбеҳлади Ҳасан… ***
Ярим соат ўтар-ўтмас, эгизаклар таксига ўтиришдию ота юртларига жўнаб кетишди. Тахминан уч соатлардан кейин эса улар минган машина йўл четидаги чоғроқ кафе қаршисида тўхтади.
– Овқатланамизми? – Ҳайдовчи ҳаммадан бурун индию шашликчига қараб йўрғалади. Ортидан эр-хотин йўловчилар эргашди, сизлар-чи, дегандек буларга қараб ҳам қўйишди. “Иштаҳам йўқ”, деди Ҳусан. “Юр, намоз ўқиб келамиз”, дея эшикни очди Ҳасан.
Улар келиб тушган жой бағоят хушманзара экан. Тоғ ён бағри денг, ёнгиналарида шарқираб сой оқаяпти, бўйлари унчалик баланд бўлмаган дарахтлар, оддий толми ё мажнунтол – бирданига ажратиш қийин… Шу дарахтлар остидаям сув оқиб ётибди. Ҳусан ариқ лабига чўккалаб, юзига сув урган эди, сесканиб кетди.
– Оҳ, муздек!..
– Тоғники-да, – сасланди туғишганининг шундоқ биқинига келиб тиз буккан Ҳасан. – Таҳоратинг борми?
– Борликка бор, лекин уйга яқин қолдик, бемалолроқ ўша ерда ўқирдик…
– Вақтида ўқиш керак. Назариясини беш қўлдек биласану амалга келганда тайсалайсан-а, Ҳусан. Кеча сен бормаган амримаъруфда яхши гап айтишди, – деди Ҳасан қўлларини кичик сочиқ билан яхшилаб артаркан. – Бир йўловчи аэропортда намоз ўқиб қолиб рейсидан кечикибди. Салдан кейин эса у ўтира олмаган самолёт ҳалокатга учраб, битта ҳам тирик жон қолмагани ҳақида хабар келибди. Намоз қутқарибди уни…
– Бундай мисоллар билан намозни шарафлашга уринмаслик керак, – тортишмайман деган қарорини бир лаҳза унутиб баҳсга киришди Ҳусан. – Ўша самолётда эҳтимол савоби кўпроқ, қалби покроқ инсонлар ҳам бўлган бўлиши мумкин-ку. Ёки норасида, бегуноҳ гўдакларга нима дейсан?.. Бу – қисмат, пешонага ёзилган ёзиқ. Намознинг аҳамиятини бу тарзда бўрттириб кўрсатаман дема, Ҳасан… Истасанг, мен ҳам сенга шунга ўхшаш бир ҳикоя айтиб берай, – жойнамозни ерга тўшаб Ҳасанга юзланди Ҳусан. – Бир ишбилармон йигит хорижга кетадиган бўп қопди. Уйда ёлғиз қолаётган онаси зорланибди: “Негадир юрагим ғаш, болам, шу гал бормагин…” Ўғил бир ишини, бир онасининг гапини ўйлаб, ахийри кетишга қарор қилиб, аэропортга жўнабди. Лекин кечикибди: самолётга ўтқазиш жараёни якунланиб, эшиклар ёпилгани учун чор-ночор уйга қайтиб, ўз хонасига кириб ётиб олибди. Она бу хонада телевизор кўриб ўтирган экан, “Хабар”ларда ўғли кечиккан самолётнинг ҳавода портлаб кетгани тўғрисида айтиб қолишибди.
Онаизор ҳаяжон билан қўшни хонага – ўғлининг қошига чопибди.
– Қара, болам, айтмабмидим кўнглим ғаш деб, сенинг самолётинг… – онанинг гаплари бўғзида қотибди: не кўз билан кўрсинки, навқирон йигитнинг жони чиқиб, полда сулайиб ётган экан… – Ҳасан, ҳамма гап тақдири азалда. Одамнинг қазоси етган бўлса, самолётдами, ердами, фарқи йўқ… Ўша намозхоннинг тирик қолишида намознинг эмас, лавҳи маҳфузнинг…
– Кўчадаги иймонсизнинг гапини гапирма, Ҳусан! – Жаҳли чиқди Ҳасаннинг. – Ким айтади сени Ислом университети толиби деб? Дунёда ҳеч бир нарса бежиз содир бўлмайди. Ўша намозхоннинг жони фақат намоз туфайлигина тирик қолгани кундек равшан-ку! Ҳаммаси очиқ-ошкор бўлиб тургандаям иймон келтирмай, пайғамбаримизга далил кўрсат, деб тихирлик қилган мушрикларга ўхшама!..
– Оллоҳ асрасин, де Ҳасан! – Ҳусан бошқа эътироз билдирмай жойнамозга бориб турди.
– Наузубиллоҳ, укажон, наузубиллоҳ, – дея такрорлади Ҳасан. ***
Эгизаклар дарахт пойида ибодат қилишар экан, туйқусдан тепаларида вижир-вижир бошланиб қолди. Ҳусаннинг диққати бўлиниб, пичирлаб айтаётган оятлар тилига келмай, тутилди. Ортдаги Ҳасан уни тузатиб турди…
Намоз битиши билан эса Ҳусан ўтирган кўйи бошини буриб қушларни қидира кетди.
– Бу кетишда ё ақлдан озасан ё яна бир балонинг ўқига йўлиқасан, ношуд! – дея пўнғиллади Ҳасан жойнамозларни йиғиштириб оларкан. – Ҳар куни беш марта такрорлайдиган оятларниям эсидан чиқарадими одам! Хаёлинг қаерда ўзи? Шайх Аҳмад Жунайд нима дейди, эслайсанми? Фарзларни адо этишдаги энг кичкина хато ҳам иймон устунини лиқиллатиб қўяркан. Сен бўлса… – Ҳасан ортиқ гапирмади. Ҳусаннинг паришонлигидан қаттиқ ранжиганидан қўлини одатича “бор-э” дегандек силтаб нари кетди.
Ҳасаннинг совуқ сулукоти Ҳусаннинг парвойига келмади; унинг фикру зикри қушларда эди. Лекин шу берилиб қидирса-да, паррандалар кўзга дарров илинақолмади. Кейин дарахтдан андак узоқлаб боқди. Ҳайрият, шу ерда экан: қушчалар инжа тумшуқлари билан бир-бирларининг бошу бўйинларини енгил чўқишар ва яна аллақандай товуш чиқариб махмурланишарди.
– Яна нима бўлди? Баъзан жа-а оширворасан-да, – сасланди олисдан буни кузатиб турган Ҳасан.
– Бу ёққа ке, Ҳасан, – дея шошиб, ҳаяжон билан гапирди Ҳусан. – Анавиларга қарагин, эрталаб Тошкентда кўрмовдикми?..
– Бе-е! Нималар деяпсан? – Ҳасан қиё ҳам боқмасдан машинага кириб ўтириб олди. Ҳусан эса қушчаларга яқин бориб чуғурларига қулоқ тутди.
– Нималар деб ғужурлашяпти экан булар, – хаёлидан кечди унинг, – қани энди уларнинг живилдоқ тилини билсам. – “Нега улар биз билан йўлга чиқди экан? Номи нимайкин буларнинг, қалдирғоч бўлиб қалдирғочмас, булбул бўлиб булбул. Бир афтлари момосовғага ўхшайди, бошқа тарафдан тўрғайни ёдга солади. Ўзимизинг беозор мусичаю қумридан ҳам нимадир бордек. Лекин, ажаб, уларнинг ҳеч бири эмас. Ҳаммасига ўхшасаям барибир бошқа қуш булар! – Ҳусаннинг таажжуби ортгандан ортди. – Мунча чоройли бўлишмаса, ғужурларида қандай маъно бор? Бизни тарк этмай таъқиб этаётганларида-чи?!.. ***
Кўп ўтмай эгизаклар манзилга етиб келишди. Оталари уйда ётган экан, дўхтирларнинг айтишича, қон босими ўйнабди. “Ёши бир жойга бориб қолсаям тинчимайди, кетмон кўтариб ҳали томорқага, ҳали боққа жўнаб қолади, мол-ҳолгаям ўзи қараса-да”, койинади қўрқиб кетган оналари. “Ҳа, энди бошқача яшолмасам, меҳнатсиз туролмасам нима қилай”, дейди ўзини оқлаб оталари.
Тароватли кўклам эмасми, ҳайҳотдек ҳовли-боғдаги чуғурлашган мурғларнинг хилини санаб адоқ қилолмайсан, киши. Отасининг соғлиғидан кўнгли тўлган Ҳусан боғ айланиб юришни одат қилди. “Ҳа, нимани йўқотдинг дарахтларда?” деб қўярди Ҳасан унга кўзи тушган кезлари. Бу эса парво қилмас, ўша антиқа жуфтликни ихлос билан қидирарди. “Боғ тўла қуш бўлсаям меникилар ҳеч қайсисига ўхшамайди, келган бўлсалар, албатта топаман”, деб ўйларди у. Айтганидек, нажиб қушчалар этакдаги эртагуллар бодомнинг хиёл эгилган новдасида ёнма-ён ўтиришиб олганча бир-биридан ўзиб нола қилишарди. Ҳусан дарахтга ёвуқ келди, лекин паррандаларни чўчитиб юбормаслик учун масофа сақлаб тўхтади. Бир пас шу кўйи қотдию, оёқ остига қараб ўтиргани жой излади. Кесилган дарахт тўнкасига бор экан, яхшилаб жойлашиб олгач, қулоғини ажиб қушлар сайроғига берди. Ҳовлидаги турли-туман ва жудаям кўп қушларнинг овози ўзига хос симфонияни ҳосил қилганди. Буни Ҳусан анча муддат ўтгачгина туйди. Ҳа, аввал-бошда тартибсиз эшитилган товушлар тинглай бергани сайин ҳайратангиз йўсинга тушди-қолди. “Тавба”, деди Ҳусаннинг лаблари. Кейин ўз қушчаларининг таваллосига таважжуҳ қилдики, бу улуғвор хор аро уларнинг ҳам алоҳида ўрни бормикан, деб. Сир бирданига юз очмади, балки аста-аста йигитнинг қалбида аён бўла борди. У шундан иборат эдики, бир жуфт қушнинг сеҳрли хонишлари ҳовлини тутиб кетган ажабтовур симфонияни бошқариб, йўналтириб турарди гўё. Шу чоқ антиқа қушчалар туйқус тин олди ва Ҳусаннинг назарида боғдаги жамики қушларнинг умумий қўшиғи чок-чокидан сўкилиб, парокандаликка юз тутди. Худди шуни билгандек қушчалар яна ташаббусни қўлга олдилар: бир маромда майин куйлай бошладилар… Ҳусаннинг қалбида ёқимли бир фароғат ва яна аллақандай ризвоний саодат туйғулари қоришиб, улкан бир мазмун-моҳиятга айланди… ***
Ҳайтовур, икки-уч кун ичида бемор юриб қолиб, хешу таборнинг юзи кулди. Таҳсилларидан қолмасин, дея ота Ҳасан-Ҳусанни ёнига чақириб, ҳамишагидек тилак билдирди: болалар, ҳаётда қутқулар кўп бўлади, иймонларингга маҳкам бўлинглар!.. – Сўнг бирин-кетин палапонларининг пешонасидан ўпиб хўшлашди…
Ака-укалар хурсанд бўлиб ота уйидан чиқишиб, шаҳар марказидан пойтахтга қатнайдиган уловга ўтиришганди, кун чошгоҳ бўлмай довонга доришди.
– Тоғнинг нонидан олволайлик, шаҳарда сўраганлар кўп, – таклиф қип қолди Ҳусан.
Лекин машинадан ҳаммалари тушишдию Ҳусан негадир нон сотиладиган узун растага эмас, нарироқда ғуж ўсган толларга қараб юрди.
– Ҳой, нон бу ёқда, – қичқирди Ҳасан.
– Ҳозир келаман, сен танлаб тур. – Ҳусаннинг икки кўзи тол шохларида югуриб қолди. “Қани улар?” – дер эди дили. Негадир қушчалар йўқ эди ва бу нарса Ҳусаннинг кайфият дарахти илдизига болта урди. “Намунча уларга ўрганиб қолдим?” – ўзидан ўпкалай кетди сўнг. – Қуш – парранда, мен эса одам наслидан бўлсак, қаердан пайдо бўлди бу кўринмас ришта? Нега ўзимни у билан бахтли ҳис қила бошладим, нега усиз яшагим келмай қолди?..” – Ҳусан бу ёқда ўз хаёлига чўмиб, гир айланиб турганда, у ёқда Ҳасан нон, туршак ва қурут харид қилиб, машина юкхонасига жойлаб ҳам бўлди.
– Ҳусан!..
Ҳусан қидирганини тополмай, ноилож, руҳсиз бир алфозда машинага қараб юрди ва эшикни очар аснода нақ боши устида қушларнинг чуғур-чуғурини эшитиб кўкка боқди: – Марҳаматингдан ўргилай, Худойим, – хаёлидан ўтди унинг. Сўнг ширин бир энтикди. Қушчалар тепароқда чарх уриб ўз тилида нималарнидир сўйлашганча айланишарди… ***
Таҳорат олиб ҳовлидан қайтаётган Ҳасан эс бўлди:
– Жумадан кеч қоламиз, қанақа гап уқмас палписсан? Намоздан кейин мажлисга боришимиз керак, унутдингми?
– Ҳозир, мана… – Ҳусан пойгакдаги обдастани қўлига илганча чопиб таҳоратхонага ўтиб кетди.
Хиёл ўтиб эгизаклар уйдан чиқишдию йўл бошидаги масжид томон одимлашди. Шу баробарида ўрик шохидаги кунда шундалар сайрашни бас қилганча кўкка талпинишди.
Ҳасан-Ҳусанлар шошиб боришаркан, йўл четидаги бозор дарбозаси олдида бир тўда ёш-ялангнинг тўпланиб олиб, ёши қайтганроқ ёлғиз кишини дўппослаётгани устидан чиқиб қолишди. “Ия, Ҳасан, анавиларга қара”, – Ҳусан йўлни шу ёққа олди. “Ҳусан, эсинг жойидами? Улар бир тўда экан”, – норози бўлиб тўнғиллади Ҳасан. Лекин Ҳусанни якка ташлаб кетмади, эргашди. “Ҳой-ҳой, бу нима қилганларинг, уялмайсизларми?” – ҳам югурар, ҳам хитоб қиларди Ҳусан. Ўзлари томон ошиғич келаётган иккита довонгир йигитни кўрган безорилар тирақайлаб қочиб қолишдию жабрдийда бебилиска қутилди. “Юр энди, – Ҳусаннинг енгидан тортди Ҳасан, – иш осон кўчди”. “Шошма бир пас”, – Ҳусан тупроққа беланиб ётган мазлумнинг елкасидан тутиб тикламоққа уринди.
– Қоч нари!.. – халоскорини силтаб ташлади мазлум. Кейин оёққа тураман дедию мункиб, юзи билан тупроққа суриниб кетди. Ундан атрофга ароқ, қўлансага айланиб кетган тер ҳиди ва яна аллақандай чиркин, ачиқимтир бўй анқиб ётарди.
– Тфуу! – дея бурнини жийирди Ҳасан, – юр бу ердан, кўрмаяпсанми, иймонини бой берган одам бу! – кафти билан юзини тўсганча узоқлашди.
Ҳусан нима қилишини билмай серрайиб туриб қолганди, кўк юзида пайдо бўлган қушчаларнинг вижир-вижиридан сергак тортди. Қараса, Ҳасан масжид томон одимлаб, қушлар ҳам ўша ёққа учиб бораяпти экан… ***
Масжидда тумонат. Намозга анча вақт бору амримаъруфдан кеч қолмай деган ўшанча. Ҳасан-Ҳусан ҳамишалик жойларига – имомга яқин сафга ўзларини уришди. Ушбу жомеъ масжидидаги воизни эшитаман деб, улкан шаҳарнинг турли мавзеларидан эринмай келадиган шунчалар серобки, андак ҳаялласангиз, ўтиргани бир қарич жой тополмайсиз. Ҳасаннинг ёниб-куйиб Ҳусанни шошириб-қисташлари аслида шундан. Ҳозир ҳам олд қаторга ошиқишиб, тўртинчи сафдан аранг жой олишди, шулар билан деярли бир пайтда кириб келган чўққисоқол ёшулли эгизакларнинг ўртасига тушиб қолди. Ҳаммалари индамай ўтиришди-да, бутун вужудлари қулоққа айланиб тинглай бошлашди…
Имом ширадор, вазмин овозда намоз тўғрисида бир текис гапирар эди: Биродарлар, ҳамиша ёдда тутмоғимиз керакки, намоз диннинг устунидир. Устун бўлмаса нима бўлади? Иморат қулайди. Ҳеч қандай важ-баҳона намозни тарк этишимизга сабаб бўлолмайди. Ривоят қиладиларки, Ҳазрати Умарнинг “Боғи эрам”дек муҳташам боғи бор экан. Кунлардан бир кун у боғнинг тароватига маҳлиё бўлганча аср намозини унутибди. Эсига тушган вақтда эса жамоа билан намоз қилишга кечиккани аён бўлибди. Ҳазрати Умар иймон эгаси эди, ҳап сеними, дебдию боғни мискину бенаволарга ҳадя қилибди. Қаранг, қанча оғир бўлмасин, у намозга элтувчи йўлдаги ғовни бартараф этмоқда. Мусулмонлар, айтишга осон-у аслида бундай иш тутиш жудаям қийин. Сизу биз пайти келса, ҳашамдор боғ у ёқда турсин, битта дарахтдан маҳрум бўлсак, ичимиздан ойлаб қиринди ўтиб юради. Ҳазрати Умар-чи, иймонига соя ташлаб турган сабабнинг илдиз-пилдизи билан қўпориб ташламоқда. Фикр қилгувчи инсон бўлсангиз, ўйлаб кўринг, жамоа…
Шу чоғ масжиднинг шифтга яқин ерида жойлашган дарчадан пир этиб бир жуфт қуш учиб кирдию Ҳусаннинг хаёли бўлинди. Қушчалар бино тоқида бир-бировини қувлашиб учишар ва жонолғучи овозлари билан бийрон сайрашарди. “Тавба, бу қандай қушлар бўлдийкин”, ўйлади тағин Ҳусан. – Уларда бир сир бор-ов. Йўқса, биз билган бирон қуш зотидан бўлиб чиқарди. Ўзини тутишлари, сайрашлари, учишлари – ҳамма-ҳаммаси бошқача…” Лекин Ҳусан яна сарсор солса, ўзидан ўзга ҳеч кимнинг қушчалар билан иши йўқ эди, ҳамманинг диққат-эътибори имомга қаратилганди.
Ҳасан ҳам жон қулоғи билан имом оғзидан учиб чиқаётган ҳикматларни тинглар ва гўё ёд айларди.
Ака-укаларнинг ўртасида бир хил вазиятда ўтираверган қариянинг оёқлари толиб уюшиб қолди, шекилли, дам сайин қўзғалиб қўя бошлади. Яна анчагача шу зайилда вақт кечириб, ахийри, тагига йиғилган озғин оёқларига дам бериш мақсадида рўпарасига узатдию енгил тортиб, “шукур” деди. Аммо худди шуни кутиб тургандек бир қучоқ нарса тепадан ёшуллининг узатган оёғи устига тап этиб тушди… Кучли оғриқдан бўлса керак, қария оҳлаб юборди. Тушган нарса бино шипига безак учун ёпиштирилган ганж эканки, ўз оғирлигини кўтаролмаганиданми ё наридан бери ёпиштирилганиданми, ҳар ҳолда вақт-соати келган эканки, кўчибди. Бир пасда ғала-ғовур бошланди. “Нима бўлди?” дея шу томонга бўйнини чўзди имом. “Тепадан ганч тушди”, дейишди яқин-верда ўтирганлар бирваракайига. “Ҳеч кимга зиён етмадими?” яна сўради воиз. “Айтарли ҳеч гап йўқ,” деди негадир овозини баланд қўйиб Ҳасан. Худди лат еди, деса амримаъруф тўхтаб, ҳамма уй-уйига тарқайдигандек. “Нега ундай дейсан, Ҳасан, қарагин, оёғи синганга ўхшайди”, деди бўлиб ўтган воқеадан таъсирланиб, шошиб қолган Ҳусан. “Мени ташқарига обчиқиб қўясизларми йигитлар”, ўзини қўлга олишга тиришиб илтимос қилди ёшулли. “Албатта, – Ҳусан ўрнидан қўпаркан, қариянинг қўлтиғидан тутди. – Сен ҳам у томондан кўмаклаш”, деди Ҳасанга. Тизилиб ўтирган одамларнинг олддагилари эгилиб, орқадагилари тисарилиб йўл беришди.
– Анави жойда дарахт бор экан… – ёшулли қўлини кўтариб ишора қилди.
Қарияни ариқ қийисида ўсган ўрик дарахти пойига авайлаб ётқизишди.
– Вой-бўў! – хитоб қилиб юборди Ҳасан узатилганда ён томонга икки буклам бўп қолган оёққа кўзи тушиб. – Ёмон синибди-ю!..
– Майли йигитлар, сизлар масжидга қайтаверинглар, барака топинглар, – қария узалиб, синиб-қийшайган оёғини тўғрилаб қўйди. Бу билан гўё ўтган-кетганнинг кўзи тушиб қўрқмасин, деди.
– Нималар деяпсиз, амаки, бу аҳволда сизни ташлаб кетиб бўладими? – Ҳусан олазарак йўлга боқди.
– Йўқ, болам, мени деб намоздан қолманглар, синган синди энди, қайтариб бўлмайди, – дедию ёшуллининг ранги ўчиб, лаблари гезарди… ўнг қўлини ажриққа узатган кўйи бошини унга аста қўйди.
Ҳавода эса муаззиннинг огоҳлантирувчи саси янгради…
– Юр, Ҳусан, намоз бошланиб қолди, – яна ҳов боягидек шеригининг енгидан масжид томон тортди Ҳасан. – Ҳали мажлисга бориш керак. Амакига бошқалар ёрдам берар энди, а?
– Ўйлаб гапиряпсанми? Кўрмаяпсанми ҳолини, ҳушидан кетиб боряпти, машина тўс, касалхонага тез етказиш керак… – Ҳусан ариқдаги бўтана сувга дастрўмолини ҳўллаб ёшуллининг юзига босди. – Ҳозир амаки, ҳозир, озгина сабр қилинг…
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ…
– Намоз бошланиб қолди, Ҳусан! – тоқатсизланди Ҳасан. – Намоооз!..
– Ҳасан, қара амакини… ҳушини йўқотди…
– Намоз деяпман мен сенга, Ҳусааан! – Бақирди Ҳасан, – иймонингни бой берма!..
– Агар ўламан деб ётган шу кишига ҳозир ёрдам бермасам, иймонимни аниқ бой бераман, Ҳасан!.. – овозини баланд қўйди Ҳусан ҳам. – Ўзингни ўтга чўққа урганинг билан иймон Оллоҳдан! У берса бор, бермаса, йўқ экан, тушундингми!..
– Кофир бўлма! Юр намозга! Иймонимизни сақлаб қолайлик!..
– Ўзинг кофир бўлма! Юр, анави кишининг жонини сақлаб қолайлик!..
– Шайх ҳазратлари айтадики… – сўзлари оғзида қолди Ҳасаннинг.
– Шайх ҳазратларини қўй, Ҳасан, сен ўзинг нима дейсан, шуни гапир! Қачон сен Ҳасаннинг гапини айтасан?!.. – бўғилди Ҳусан. – Бировнинг иймони билан яшаш мумкинми?.. Тавба… қараб турсам, сенинг мусулмонлигинг масжиднинг ичидагина бор, дарвоза ҳатлаб ташқарига чиқишинг билан эса кимлигингни билиб бўлмайди, Ҳасан!..
– Оғзингга қараб гапир, Ҳусан!.. – асабий қичқирди Ҳасан…
Шу чоқ оппоқ гуллаб, гўё ҳаждан қайтаётган ҳожидек эҳром – оқ либосга бурканган ўрик дарахти тепасида икки қушча пайдо бўлдию безовта бир оҳангда вижирлай бошлашди. Улар дам чарх уриб масжид томонга бориб келар, дам кўча бошига довур учиб, тағин ёшуллининг олдига қайтарди. На бир дам қанотлари тинарди, на тиллари: пир-пир, вижир-вижир…
Ҳасан-Ҳусанлар ҳайрон бўлишиб кўкдаги қушчаларга бир қараб қўйишдию сўнг жавдираган кўзларини яна амакига олишди.
Ҳавода ҳамон муаззиннинг овози жарангларди:
ҲайЯ ъалас-солааааааааҳ… (Намозга келинглар,) ҲайЯ ъалал-фалааааааааҳ…(Нажотга келинглар), Қод қоматис солаҳ (Намоз бошланиб қолди).
Ҳасан бир сулайиб ётган чолга, бир эса азон саслари келаётган масжиднинг ланг очиқ дарвозасига қараб довдирарди. Шу довдираши баробарида дам масжид томонга икки-уч одим босар, дам эса чолга қараб интиларди. Айни дамда қушчаларнинг бири унинг боши устида увало солиб айланар, чуғурлашида ҳам аллабир хавотир, норозилик бордек эди. Ҳавода “Сафларни текисланг”, деган огоҳлантириш янградию Ҳасан шитоб билан масжидга қараб юрди. Шунда… шунда э воҳ, қушча пастроққа тушиб, гўё унинг йўлини тўсмоқчи бўлгандек ҳаракат қилди: ғалати, чийиллашга ўхшаган товуш чиқариб, Ҳасаннинг нақ тумшуғи остигача париллаб келди. Ҳасан қўлини зарда билан силтади: “кишт-э!..” Бармоқларининг учи қушчанинг қаеригадир тегиб ўтди. Қушча зарбдан учиб ерга қулади, икки-уч момиқ пати эса ҳавода ҳилпираб қолди…
Ҳасан чопиб ичкарига кириб кетди…
Ҳусан бўлса бу орада кўчадаги машиналарга қўл кўтарарди…
Ҳушини батамом йўқотган ёшуллини ниҳоят, азза-базза қучоқлаб кўтарганча машинанинг орқа ўриндиғига ётқизди, ўзи бўлса шошиб ҳайдовчи ёнига чўкди. “Илтимос ака, тезроқ ҳайданг…” Оппоқ машина шитоб билан қўзғалди.
Боядан бери масжид, қийғос гуллаган ўрик ва шовқинли кўча устида чарх уриб айланаётган қушча яна вижир-вижир қилди. Ҳавода “Оллоҳу акбар”, деган сас янграганда шуйтиб масжид тепасига борди-да, бир чарх уриб, сўнг енгил ҳаракат билан бояги байзо машина кетган ёққа елди…
Масжид дарвозаси ёнида қўриқчи аскарлардек қаққайиб турган тиланчи аёл ва қопқора болакайнинг ерда чаллак-паллак бўлиб ётган иккинчи қушчани кўриб қолиб, “тутаман”, дея қилган астойдил ҳаракатлари зое кетди. Ўзи томон бостириб келаётган хавф-хатарга кўзи тушган қушча бир силтандию ўнгланди, сўнг қанотларини текислаганча ҳаволанди… Учиб бориб эса ўрик шохига қўниб олди… ***
Бир маҳал ибодат тугаб, намозхонлар қофила-қофила бўлиб масжидни тарк эта бошлашди. Улар орасида Ҳасан ҳам чиқиб келиб ўрикнинг остида бир баҳя оёқ илди. Дам касалхона томонга, дам эса қарши томонга тараддуд ичида боқди. “Мажлис бор эди-ку, Ҳусан!” дея пичирлади афсус билан. Сўнг шайх Аҳмад Жунайд билан бўлажак учрашув сурури қалбини бир энтиктирди. Энтикдию шу ҳаяжон тўлқинига ўзини топширди…
Айни дамда боятдан бери жимгина ўтирган қушча пир этиб ҳавога кўтарилганди, титроқ новдалардан дув этиб ўрик гуллари тўкилди. Сўнг қушча шитоб билан юриб кетаётган Ҳасаннинг бош устига учиб борганча ғалати бир сиёқда сасланиб чарх урмоққа тушди. Кўрган киши “Нимасини йўқотди экан бу қушча?”, деб ўйлаши тайин эди. Лекин Ҳасан нечундир қушчани кўрмади. Эҳтимол, кўчадан виз-виз ўтаётган машиналар шовқини ҳалақит берган ёки йигит қалбида жўш ураётган орзулар ғалаёни монеълик қилгандир. Нима бўлгандаям, қушча яна бир муддат ўша кўйда учиб, чунон безовталик ичра чуғурлади-да, бирдан ҳеч қандай парранда зотига хос бўлмаган шиддат ила кўкка тик парвоз қилди… Кўп ўтмай эса осмоннинг рангига сингиб, кўздан ғойиб бўлди…
Дарвоқе, қушча учганда титраб қолган шохга қўшилиб энди бутун дарахт гулларини тўкишга киришган, афтидан, у бу ишни новдаларида битта ҳам чечак қолмай, батамом шип-шийдам бўлгунча давом эттиргудек алфозда эди. Аммо дарахт ҳали навқирон ёшда бўлиб, илдизига қурт тушмаган ёки бошига бирон қирон мўр-малахдай ёғилмаса, қараган киши унинг келгуси кўкламда яна куртак тугишига ишонар, ишонгиси келарди.
Дарахт гуллашдан чарчамаса, қушча ҳам қайтиб қолар, ахир…