Улуғбек Ҳамдам. Бир пиёла сув (ҳикоя)

Менга вазифа юклатилган эди. Бироқ нима учун айнан менга? – билмайман. Ким ва қандай вазиятда топшириқ берди? – буни ҳам негадир эслай олмайман. Ёдимда қолгани – нимадир ортилган, иккита от қўшилган аравани шом тушгунга қадар манзилга элтишим зарур. Нега энди шомга қадар? Бу саволнинг жавоби ҳам менга қоронғи… Яна “йўлда чалғимасанг бас, юкни манзилга ўз вақтида эсон-омон элтасан”, дейилгани ҳаммасидан ошиб тушди: жумбоқмисан жумбоқ!

Тавба, ўзимга ҳам қизиқ бу иш. Шунча замонавий улов турганда, алмисоқдан қолган аравага нима бор? Унга ортилган юк-чи? Нима у ўзи? Устига аллақандай матолар ташланган, ўралган, чирмалган. Аммо бори – шу. Ортиғини истасам ҳам сизга айтолмайман.

Энди бош кўтарган бобоқуёш навқирон танимга илиқ нурларини сочади. Отлар бир маромда йўртиб бормоқда. Аҳён-аҳёнда жиловни қимирлатиб қўяман, шунинг ўзи фаросатли ҳайвонларга кифоя – имиллаш йўқ. Намунча эсли бўлмаса булар? – дейман ўзимга ўзим. – Худди вазифадан бохабардек! Тавба…

Аввалига овозимни баланд қўйиб қўшиқ айтаман. Куч-қувватни тежаш зарурлигини пайқабми, беихтиёр хиргойига ўтаман, билган-билмаган қўшиқларимдан замзама қиламан. Кейин ғинғиллашга ора бериб атрофга аланглайман, шу кўйи ёш дилимни овутишга чоғланаман. Уфқларга туташ кенгликлар ҳисларимни жунбишга келтиради. Ичим тўла ҳаёт, кучим танамга сиғмай теваракни титратиб ҳайқираман – “Ууу–лууу-уууғ!..” Сал ўтмай атрофдан акс-садо қайтади: “Ғууу-лууу-ууу-ууу!!!” Илкис чўчиб тушаман, ичим музлаб кетади. Саратоннинг иссиғида пешонамдан совуқдан совуқ тер қуйилади. Нажот истаб кўзларимни яна атрофга оламан. Бошқа ҳайқиргим келмайди… Бир пас юргач эса жавонибдаги бир хил йўл манзарасию осудаликдан зерика бошлайман…

Бу орада кун ёйилиб, оламни ўз оғушига ола боради. Бир маҳал ичимга ўрмалаб кирган чанқоқни ҳис қиламан. Тадбирга бош ураман: йўлнинг икки бетига кўз югуртириб чашмами-булоқми қидираман. Лекин савил ҳа деганда топила қолмайди. “Йўл юраман, йўл юрсам ҳам мўл юраман” – ҳар ҳолда менга шундай туюлади. Ҳаммасига боис чанқоғимдир, эҳтимол. Аслида унчалик кўп йўл юрмагандирман. Э-э, нима бўлсаям майли. Ҳозир бунинг муҳокамаси эмас, сув муҳим, уни топишга қаратилган ўй муҳим. ғани энди бу қақраган чўл аро бир зилол сувли қудуққа дуч келсаму ундан қониб-қониб ичиб ташналигимни қондирсам. Ақалли бир пиёла сув бўлсаям розийдим. Бир пиёла сув…

ғуёшнинг қиёмга келишига ҳали анча бор – олазарак қараб-қараб қўяман. Фақат кўк юзида парча-парча булутлар сузиб юрибди. Сарсор солсам, отларнинг юришига ҳамоҳангдек. Яъни уларнинг устига соя ташлаб бораётгандек. Сал олдинда икки-уч қуш ҳам ажабтовур чуғурлашганча учиб боришяпти. Эсладим: улар сафаримизнинг ибтидосиданоқ ҳамроҳимиз бўлган чиқди. Ажабо!.. Бир пасда ийиб-жўшиб кетдим. Ахир бутун борлиқ: ерда йўл, ўркач-ўркач қумтепаликлар, кўкда эса булут ва қушлар… ҳамма-ҳаммаси менга кўмакдош экан, ҳеч шубҳа йўқки, уҳдамдаги вазифани бекаму кўст бажаргумдир! Ақлимга келган бу фикрдан оламни тўлдириб яна бир ҳайқиргим келдию қўрқдим: истагим боягидек тескарига айланиб кетмасин тағин…

Ёз эмасми, ҳалитдан қиздиргани қиздирган. Ташналик жон-жонимдан ўтганда йўл узоғи чайқалиб-жимирлаб, ҳалқоб-ҳалқоб сувга айланади: “саро-о-о-об” дейман-у изтироб билан тамшанаман. “Шунчалар нодон бўламанми, – койийман ўзимни ўзим, – нега биттагина кўзада сув олволмадим? Ахир йўлга чиқаётганимни билардим, боз устига жазирамада!..”

Ичимга беҳузурлик кириб нажотни атрофдан излай бошлашим билан негадир аравамнинг маромига ҳам путур етди: отлар сезиларли даражада секинлашди. Энди жиловни силташни бас қиламан – бошустларида булутлардан шамсия бўлса-да, иссиқда бояқиш жониворларга ҳам жабр, дейман. Ўзлари хоҳлаганча тортиб боришаверсинчи, бир гап бўлар – ўйланаман. Аммо вақт ўтгани сайин аравага ортилган юк залвор босаётганини, уловнинг ғичирлаб бораётган ғилдираклари тобора ёвош айланаётганини ич-ичимдан сезаман. Бу ёғи неча пулга тушди? деб қўяман пешонамга тошиб чиққан реза-реза терни қўлимдаги оппоқ дурра билан сириб артаркан.

Манзил!.. Эҳ-ҳе, у ҳали жуда олисда, уфқларга ёндаш сарҳадларга эш гўё. Аммо менга бир текисда ҳаракатлансанг, қош қорайгунча мазгилга дорийсан, шу йўлнинг ўзи у ерга элтади, деб уқтиришган. Мен ҳам шунга ишонганман, чанқоқни айтмаганда, ишончим ҳали-ҳамон бус-бутун. Бироқ чанқоқ ҳам борган сари забтига олар, ичимга анави ўркач-ўркач қайноқ қумликлар кўчиб ўтаётганга ўхшарди.

Бир маҳал узоқдан сардобамонанд нимадир кўзга чалинди. Бошда кўпда умидланмадим, зеро саробдан юрак олдириб қўйгандим-да. Бироқ ёвуқлашсам ҳамки, сардобанинг қораси ўчавермади. ғайтага тобора тиниқ тортиб, кўз ўнгимда бутун маҳобати билан юксалиб, қад кўтарди. У – йўл четидаги каттакон карвонсарой бўлиб чиқди. ғувонганимдан отларни қандай тўхтатиб, аравадан қандай тушганимни-ю кўз очиб юмгунча табақалари ланг очиқ дарвоза қаршисида қандай пайдо бўлганимни билмайман. Оҳ! Шу тобда менга ҳаёт гўё қайтиб берилгандек эди!..

Бўсағада мени сарвқомат, кўзлари оҳуникини эслатадиган жонон қиз қирмизи дудоқларида ним табассум ила кутиб олди. Оғиз очишга улгурмасимдан нарироқда шилдираб оқиб турган чашмага ишора қилди. Чопиб ўша ерга ўзимни урдим. ғулоғига – олиб кетилмаслиги учун бўлса керак, – ингичка занжир боғланган мунаққаш мис пиёлани тўлатиб ичдим. Ютоқиб-ютоқиб симирдим. Тўрт-беш пиёла сипқораман, деб ўйлагандим, янглишган эканман, бир пиёла кифоя қилди. Ажабландим. Бақувват, яғриндор йигит бўлсам, ёзнинг чилласида, қуёшнинг тиғида субҳи содиқдан бери йўл юриб обдон чанқаган эсаму қаёқдаги мунчоқдек бир пиёла сув билан ташналигим тамоман қонса?.. Ҳай майли, бу гапларни ҳам қўяйлик. Муҳими, азобларим барҳам топиб, кўзларим ярақлаб очилди. Вужудим ором олиб, йўл юришга ўзимни яна тайёр сездим. Кейин юз-қўлимни ювдим. Ва, бас!..

Энди олға интилишим керак! Бу ерда ва умуман ҳеч қаерда ҳаяллашим мумкин эмас, оғишмай манзил томон йўл юришим шарт! Менга шундай жиддий бир вазифа тайинланган, мен ҳам сидқидилдан қабул айлаган эдим. ғабул айламаганимда сафарга чиқмасдим, буниям билардим. Фурсатни бой бермай ёнимни кавлаб ақча чиқардим. Лекин мутавозеъ қиз уни олмай, қўл ишораси билан ичкарига йўллади. Яъни у ёққа бориб тўланг, демоқчи бўлди. Мен беихтиёр ичкарига одимладим. Эҳ-ҳе! ғаерга келиб қолдим ўзи! Намунча серҳашам ва мўл-кўл бўлмаса биёбоннинг қоқ ўртасидаги бу гўша! Одамни айтмайсизми, қайнайди-я қайнайди! Чор томондаги қўшқаватли иморату ҳовли саҳни қалдирғочдек тизилиб ўтирган хўрандалар билан тўла. Уларнинг нашъали юзларига боқарканман, ҳавасландим. Агар… агар масъулиятли вазифам бўлмаганида мен ҳам шу ерда қолардим, улардек маишатга толардим, деб суқландим. Агар вазифам бўлмаганида…

Бир зум каловланиб қолдим: қаерга бориб, кимга тўлайман сув ҳақини?..

Кўзим этакдаги, умумий манзарадан панароқдаги одамларга тушди: улар саф тортиб туришарди. Аммо юзларида негадир шодлик аломатини кўрмадим. Тавба-а-а, дедим тонг қолиб. Чунки тунд қиёфалар бу ердаги салобатга, дабдабага, еб-ичиб, кайф-сафо қилиб ўтирган кишиларнинг ялпи кўтаринки кайфиятига уйғун келмасди-да! Беихтиёр ўша ёққа юрдим: ҳақ тўланадиган туйнук деганлари шу томонда бўлса керак – чамаладим. Хушхон ва мастон давраларни айланиб ўтарканман, оғзимнинг суви қочди…

Воқеан, менга керакли бўлган жой шу ер чиқди. Навбатга туришга турдиму ичимга ғулғула тушди: наҳотки, бир пиёла сув ҳақини тўлайман деб шунча одамни пойласам, олтиндек вақтимни кўкларга совурсам? Ахир менинг вазифам бор эди, вазифам!.. Аланглаб хизмат қилиб юрган лаганбардорларга, кўринишларидан маъмурият ходимларига ўхшаган олифта кишиларга умид билан қарадим, ҳатто икки-учтасининг олдигаям бордим, не ёзиқки, улар дардимни эшитишниям хоҳлашмади: ҳаммаси совуқ бир тарзда туйнук тарафни, у ерда қатор турган одамларни кўрсатишди. Шундагина хўрандаларнинг ҳолини, забун кайфиятларини тушундим. Бояги англашилмовчилик тумандек тарқаб кетди. Индамай бориб, қуйруққа тиқилдим.

…агар билганимда, бир пиёла сувни деб шунча вақт оёқда тик туриб кутишимни, вақтимни сувларга оқизишимни, вазифамни ўйлаб виждон азобида қолишимни олдиндан сезганимда бу ерга кирармидим? Айтишга осон, холос. Аслида, тоқатим тоқ бўлди. ғисматдошларим билан дардлашаман, дея оғиз очаману жавоб ололмайман. Ҳаммасининг оғзида талқони борми? – ўйланаман. Ё бари соқовми?..

ғоқилган қозиқдек тик туравериш жонга тегади. Оёқларга бир зум дам бериш учун чўккалайман, кўп ўтмай эса тиззаларим уюшиб чор-ночор қўзғаламан. Энди менинг ҳам гаплашишга на ҳушиму на кучим қолади… Шунда мен ҳам сафда турганларнинг биттасига айланганимни алам билан ҳис қиламан: соқов ва гунг бўлиб оламан… Шу кўйи саҳнада ўтирганлару навбатда тик турганларга азмойиш-ла қарайман: ҳайҳот! – бу ерга кираётганда ҳамманинг кўзларида умид ва қувонч чарақлардию, чиқаётганда эса ўкинч ва малол ёлқинланарди. ғаторда тураркан, саҳна ва қўшқаватда ястаниб олганча кўнгилхушлик қилаётганларга энди ачиниш билан боқаман. ғанийди бир пасдан кейинги ҳолларини кўра-билсайдилар, дейман… ичимда…

Вақт айланди, мен атрофни кузатишдан ҳам чарчадим. Чўкка тушган кўйи кўзларимни юмдим. Лаҳза ўтмай вужудимда яна таниш ташналик ўрмалай бошлади – ярқ этиб кўзларимни очдим! Во дариғ, бу нимаси? Мен чанқоғимни босиш учун бир пиёла сув сипқордиму, унинг ҳақини тўлаш учун сирада тураркан, тағин сувсадимми?!.. Тушиб қолган ҳолимга маймунлар йиғлайдиган эди. Лекин навбатни тарк этиб, яна ўша чашманинг бошига бориб сув ичишга ботинмасдим: ахир, сирам қўлдан кетади. Ахир, навбатда турган одамлар издиҳомининг на боши, на охири кўринади!.. Шу ерда ҳам ўз ўрнингга эга бўлишинг кераклиги мени жинни қилаёзди… Шундай экан, навбатдан чиқишга кимнинг ҳам юраги дов берарди? Тишимни тишимга босиб кутишда давом этдим…

Ғоят имиллаб олдинга ҳаракатланаётган сафда баъзан худ, баъзан бехуд эдим. Гоҳ ҳушимга келиб, олдиндаги сафдошимни туртиб юришга ундасам, гоҳ, иссиқ ва ташналикдан, зўриқиш ва диққинафасликдан не кўйларга тушганимни билмай алаҳсаганимда, изимдан келаётган шўрлик мени нуқиб ҳаракатланишга ундарди… Шу тарзда қанча фурсат кечди? – билмайман. Елкамдан биров қаттиқ итарди, ўзимга келиб кўзимни очиб қарасам, туйнукнинг шундоқ рўпарасидаман! Оҳ, деб юбордим беихтиёр. Азза базза киссамдан пул чиқариб ғазначига узатдим-да, шошиб у ердан узоқлашдим…

Одим отарканман, негадир вужудимда лоҳаслик, чарчоқ сезардим. ғадамларим ҳам негадир бу ерга илк кирганимдагидек дадил эмас, аллақандай оғир, кучсиз ва ҳафсаласиз… лекин нега? Ё шунчалар узоқ вақт қолиб кетдимми бу ерда: толиқдимми, эзилдимми?..

Аммо, булар нима деган гап? Ахир навбатдан қутулдим-ку! Ташқарига эсон-омон чиқиб олганимдан севинчим ичимга сиғмасди, ҳадеб кўкка сакрагим келарди. Шу маҳал аллақандай ғайришуурий савқ ила сезиб қолдимки, вужудим бу ишга қодир эмас! Ҳайрон бўлиб қўл-оёқларимга қарадим: ё Парвардигор! Бу нимаси!? ғандай жодуга учрадим мен? Кирганимда ёшлик шижоати уфуриб, тийиқсиз куч-қувватга тўлган таним тиришиб, эти устихонига ёпишиб қолган, суяклар теридан бўртиб чиқиб турар, жуда-жуда мўрт ва қувватсиз туюларди. Анграйиб, оғзим очилганча атрофга кўмак илинжида боқдим ва… ва кўзларим яна ўша эшикбон қизга тушди! Тушдию лолу ҳайронлигим минг чандон ортди: қиз мен кираётганда қандай зириллама ёш ва лобар бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўшандоғича турар, қирмизи лабларидаги нимтабассум билан ташналарни ичкарига тинмай чорлар, ташрифчиларнинг бўлса кети узилмасди… Дарвоқе, назаримда биронта арава ҳам карвонсаройни четлаб ўтиб кетмаётгандек, аксинча, бари-барчаси тўхтаб, улардан сакраб тушаётган аравакашлар ўламан саттор деярчасига ўзларини ёш қиз кўрсатаётган ўша чашмага, унинг бир пиёлагина сувига ураётгандек эди…

Бошим айланиб, гандираклаб юзтубан йиқилдим. Кўзимга, оғзимга тупроқ кирди. Негадир у илиқ эди. Лабларим ёрилди, шекилли, ачиша бошлади. Ётган кўйи суриндим, пайпасландим. Иттифоқо, бармоқларим таёқни ҳис қилди: маҳкам тутиб, суяниб дол қаддимни ростлашга уриндим. Юз-кўзларимни артиб, қобоқларимни очдим: қаршимда арава турарди. Лоп этиб ҳаммаси ёдимга тушди. Ахир… ахир менинг вазифам бормасмиди, жуда муҳим топшириқ билан йўлга тушмаганмидим! Кейин… кейин тўсатдан қош қорайганини пайқаб, даҳшатдан кесакдай қотдим: ҳаммаси соб бўлдими?! Ўз зиммамга юклатилган муқаддас вазифани уддалаёлмай доғда қолдимми?!.. дея бақирмоқчи бўлдим… лекин овозим чиқмади, аммо ҳайқириқ миямда портлаганини аниқ ҳис қилдим…

Ҳассага таяна-таяна, бир-бир босиб аравага яқинлашиб, ҳасрат-ла унга суяндим. Шунда ўмганим, ёнбошим жиққа ҳўл бўлганини сезиб, тисландим-да кўзларимни йириб аравага қарадим: ундан ерга сув сизару тупроқ бетида кичик бир кўлмакча ҳосил қилган эди. Ажабландим, бор мадоримни тўплаб, арава устига ёпилган матони қалтироқ, рамақижон қўлларим билан тирмалаб очдим… Э воҳ, шу чоққача бошимга тушган ажабтовур воқеалар бир ёну буниси бир ён бўлди: не кўз билан кўрайки, араванинг ичида сув тўла кўзалар қатор тизилишиб турар, улардан биттаси йиқилиб синггану суви қуйига – асрий ташна қумликларга чак-чак томарди…

2011 йил, февраль