Биринчи сафар
Тинч уммони вазмин чайқалади. Чексиз масофалар ўз қаърига сир яширган янглиғ узанган: улар бир вақтнинг ўзида ҳам ўз бағрига чорлайди, ҳам ундан итаради. Ҳозир эса сув юзасини қалин оқиш туман қоплагани боис қайиқдан туриб қаралганда бурун остинигина кўз илғайди: икки қулоч нарида нима бор, кошки билиб бўлса…
Қайиқ ичи балиқларга лиқ тўлган эса-да, балиқчилар тўрларини яна сувга ташлаган кўйи тек қотишган. Тушиб қолган вазиятларида бошқа нимаям қўлларидан келарди, дейсиз. Бор-йўқ қиладиган ишлари кутиш бўлгандан кейин кутишади-да. “Кимни, нимани?”, дейсизми. Қуёшни!.. Қуёш зич туман кўксини чок-чокидан сўкканча уларга йўл кўрсатиши керак ҳали. Йўқса, адашиб, Оролга душман томондан бориб қолишса, ҳолларига маймунлар тугул, қайиқда потирлаб ётган манави чалажон балиқлар ҳам думларини ликиллатиб кулиб қолишлари ҳеч гапмас. Аслида, кулиш – шуларнинг ҳаққи. Жонларидан роса алам ўтиб турибди-да ўзиям шу тобда. Алам қайиқдаги одамлардан етди. Маймунлар эса… ўҳ-ҳўў, маймунлар узоқда – нақ оролда: улар кўрмасликлари мумкин. Қолаверса, бекордан бекор нетиб кулишсин маймунлар?..
Оқёнус одатда тинч мавжланади. Фақат бу сокинлик баъзан алдамчидир. Қўйнида ўзига яраша таҳликалари бор унинг. Йўқса, балиқчилар тусмол қилиб бўлсаям сузиб кетган бўлишарди. Сузишолмайди-да. Чунки юракларини уммон узра танда қўйган қуюқ туман янглиғ мўл-кўл қўрқув эгаллаган. Яна бу қўрқув деганимиз балиқларни тутиш учун сувга ботирилган, қайиқнинг чор атрофини “ишғол қилган” тўрга ҳам жуда менгзаркан. Қўрқувки, бир томондан, адашиб уммоннинг бекарон кенгликларига чиқиб қолиш қайғусига боғланса, бошқа жиҳати, боя айтганимиздек, ёғийнинг қўлига тушиб қолиш хавфига бориб уланади. Уларнинг мўъжазгина Ороллари қайда экан, ёлғиз Яратганга аён. Аммо савил туман тарқамагунча бир қулоч ҳам силжиб бўлмайди: ипсиз боғланган, деган ибора бор-ку, айни шуларга мос.
Балиқчилар одатдаги ўзаро гангур-гунгурларини ҳам бас қилишган; мулоқотга тоблари йўқ уларнинг. Нетиб ҳам бўлсин? Агар туман ҳали-вери тарқамайдиган эса, ҳоллари нима кечади?.. Инчунун, улар ташқаридан ҳар на қадар оғир-босиқ, кўзларини юмган кўйи мудрашаётгандек кўринса-да, аслида, ичларини шиддаткор бир ҳадикнинг тирмаётгани рост гап.
Бир маҳал денг, ҳеч кутилмаганда қалин туманзор ичра нақ тумшуқлари остидан ҳайбат билан аллақандай қоратқи чиқиб кепқолди-ёв! Зум ўтмай ғира-шира кўринаётган ўша нарса маълум қиёфага кирди: унинг улкан қайиқ эканлиги аёнлашди. Қайиқчилар ўзларини тутиб, бирон тадбир олишга улгурмасларидан икки қайиқ тумшуқма-тумшуқ тўқнашиб кетса бўладими!.. Кучли силтаниш натижасида қайиқ четида ўтирган ёш йигит “шалоб” этиб сувга тушиб кетди. Қолган уч балиқчи эса аранг мувозанатни сақлаб қолди. Саросима бошланди. Чунки илкис келиб қолган қайиқ ёвники эканлиги маълум бўлган эди. Маълум бўлганди-ю, ажаб, шу билан бошқа ҳеч қандай воқеа юз бермади. Ҳеч ким ҳеч кимсага қилич кўтармади, найза ўқталмади, камондан ўқ узмади. Душман томон кўпчиликни ташкил қилса-да, негадир ўзларини дўстона тутди. Ҳатто тушиб кетган балиқчини тортиб олишаркан, ҳалақит бериш у ёқда турсин, мавриди топилса, ёрдам бергулик алпозда хайрихоҳ боқди. Сўнг қизиқсиниш билан ёвлар бир-бирларини кузата бошлади. Ажабки, ёғий қайиғида иккита қиз ҳам бор бўлиб, улардан бирининг кийими ва бошига қўндириб олган ярашиғлиғ қалпоғининг бежирим тўқасидан ҳаммаси аён: у, ҳойнаҳой, қабила сардорининг қизи. Бўлиб ҳам бениҳоя гўзал қиз эди!..
Бошқа пайт бўлганда бундай қиммматли ўлжани қўлга киритиш учун тўртовлон бошларини кундага қўйишга ҳам тайёр бўлиши ҳеч гап эмасди. Аммо ҳозир… Ҳозир улар негадир қилт этишмасди. Афтидан, шу тобда уларнинг бир-бирларидан минг чандон, миллион чандон бошқа хавфли душмани бўлиб, унинг оти – уммон, қуюқ туман ичра беркинган бепоён ва номаълум дунё эди! Оқёнус қаршисида, унинг сирли-гизли қудрати қаршисида қайиқдагиларнинг бир-бирларига бўлган ёвлиги жудаям арзимас ва майда туюларди айни дамда. Буни ҳеч ким ҳатто хаёлига ҳам келтирмагандир балки, бироқ ушбу маъно ҳамманинг ботинида, ҳув ичкарида бир жойда бош кўтариб, ўзини сездирган ва балиқчилар шу маъно тўрига асир тушиб қолган эди. Фақат тўртовлон орасидаги ёш ва келишган йигитнинггина кўзлари эҳтимол бошқа маъно билан чарақлар, у қизга тикилганча, эҳтимол, қизнинг гўзаллиги тўрига асир тушганча, атрофни, туманли уммонга банди оламни унутгандек паришон кўринарди…
Аллақанча фурсат ўтганига қарамай, иккала қайиқдаги эшкаклар ҳам ишга солинмади. Келиб урилган қайиқ ўзининг сезилар-сезилмас ҳаракати билан секин, жудаям секин сурунганча йигитнинг қайиғидан узоқлашди. Бунга яна остда билинар-билинмас “нафас олиб ётган” уммон ҳам ёрдам бериб юборди, шекилли. Аммо йигит билан қиз бир-бирларидан кўз узишмасди. Биласизми, шу қисқа фурсат мобайнида улар дунёнинг ҳамма тилларида гаплашиб улгуришди, десам, балки сиз ишонмассиз, аммо бошқа томондан, сизнинг ақлингиз бовар қилмайдиган ҳамма нарса бекор гап дегани эмаслигига мен иймон келтираман. Шу ғайритабиий ишончга таяниб яна айтаманки, йигит ва қиз чақмоқ умричалик фурсат қўйнида бир-бирларини ёқтириб улгуришди, кейин… кейин бунинг хомхаёл эканлигини ҳам алам билан кўнгилларидан ўтказишишди. Ахир, дунё бутунлай тескарисига айланиб кетмаса, бу икки ёшнинг, бўлиб ҳам қабила бошлиқларининг ўғли ва қизининг қачонлардир бирга бўлишлари ҳақида ўйлаш учун кишининг тентакроқ бўлиши керак! (Астағфуруллоҳ! Яхшиси, тағин Худо билади, дейлик…) Ахир, улар икки юзкўрмас ёвнинг фарзандлари, қабилалар ўртасидаги адоват эса минг йиллардан буён давом этиб келаётган бўлса, айтинг, яна нималарга умид боғлаш мумкин?!..
Бу ёқда сиз билан биз шундай ўйлар гирдобида айланаркан, у ёқда ёв қайиғи балиқчилардан олислаб, туманлар ичра тамоман кўздан йўқолди. Гўё умуман бўлмаган каби йитди-кетди…
Шундан сўнг уччовлон ўзларини анчагина хотиржам тутди. Фақат сувдан тортиб олинган ёш йигит чаккасидан уммоннинг шўр сувлари томчилаётган туманрангли хаёлларини яна худди шундай туманзорнинг пардасимон деворларига осиб қўйди гўё…
“Тутқунлик”нинг учинчи куни туманнинг оқиш пардаси сўкилиб, қуёшнинг заррин, аммо ҳали анча заиф нурлари қайиқда ўтирган уч давангир эркакнинг тунд юзларини кучсизгина ёритди. Шу ҳамоно балиқчилар ҳаракатга тушишди: индамай туриб эшкакларини қўлга олишдию ойдинлай бошлаган атрофга боқиб йўлларини аниқлашди. Кўп ўтмай эса манзил сари дадил сузиб кетишди. Сузиб боришаркан, чор томонга ҳадиксираб қараб-қараб қўйишар, гўё бу таврлари билан куни кеча рўпараларидан туйқус чиқиб қолган ёв қайиғига такрор дуч келиб қолмасмиканмиз, дейишар эди…
Фақат энди ёш йигитнинг чеҳрасида чексиз миннатдорчилик туйғулари аксланар, оролдан бир учи осмонларга туташиб кетган уммонга илк сафаридан бағоят бахтиёр кўринарди…
Иккинчи сафар
1.
Ниҳоят, улар Оролга етиб келишди.
Орол катта эмас, бир чимдим лоф қўшиб айтадиган бўлсак, баланд бўйли чопағон одам бўлсаю бор кучини тўплаб у бошидан бу бошига қараб бир югурса, чарчашгаям улгурмай, майдони адо бўлади-қолади. Албатта, ўртадаги тоғ масаласи бор. Шу ерга келгач, найнов чопағонимиз оз-моз тер тўкиши керакдир, эҳтимол. Ҳа, майли, нима бўлгандаям, сиз мени тушундингиз, дўппидек бир Орол-да. Аҳолиси ҳам шунга яраша: бир ҳовуч дейсиз. Лекин шу бир ҳовучгина одам ҳам ҳафсала қилса, бир-бирига душманлик қилишни эплар экан-эй: улар икки қарама қарши гуруҳга бўлиниб олишган, нақ ўт билан сув, денг. Гўё душманлик ишисиз зерикиб ўлишадигандек. Емишлари Оролдаги ўрмон жонзодларию яна ҳадсиз-ҳудудсиз уммон бағридаги балиқлар. Бўлди…
Кексаларнинг айтишича, улар қачонлардир номаълум бир ёқдан Оролга кўчиб келишган экан. Улар эмас, уларнинг қадим аждодлари-да! Орадан неча-неча асрлар ўтиб кетганига қарамай, душман қабилалар ўзларининг кўп эски бобосию момоси бир эканлигини яхши билишади, лекин не ёзиқки, ўзлари бир тану бир жон бўлишолмайди. Ҳатто гуруҳнинг бахшию оқинлари ҳам бу ҳақда гоҳ куйлашади, гоҳ йиғлашади. Лекин уларга онда-сонда қулоқ соладиган топилмаса, йўриқларига юрадиган қайда?.. Бахшиларнинг куйлашича, оролга улар кўпчилик бўлиб эмас, балки бор-йўғи икки киши бўлиб, бир йигиту бир қиз бўлиб келишган. Ҳозиргилар ана ўшаларнинг авлодлари. Фақат ҳеч ким билмайдики, улар қаердан келишдию нега келишди, яна нима учун айнан икки киши бўлиб?..
2.
Буни қарангки, бу беш кунлик дунёда бир ўтовда бирпас баробар ўтира олмас ёвларга айланган тарафлар қачонлардир эту тирноқ каби иноқ бўлишган. Вақтлар ўтиб кўпайишдию ўртадан меҳру оқибат кўтарилди: ҳеч жойга сиғмай, ўзаро низою нифоққа ружу қўйишди. Натижада уруғнинг етакчилари каттакон қабилани иккига бўлиб ташлашди. Шундай кейин Оролдагиларнинг ўзларини тутишидану кийинишидан тортиб гап-сўзларию қилиғигача, қўйингки, борлиқ туриш-турмишигача ўзгара бошлади. Яъни ҳар бир гуруҳ бир-бирларидан фарқли, бошқа эканликларини ҳуда-беҳуда пеш қилишадиган бўлишди. Асрлар ўтиб эса ҳақиқатан ҳам шундай бўлди ҳам. Уларнинг шаклу шамойилию рангу рўйигача яхшигина турфаланиб қолди. Икки қабиланинг элчилари ўрни келса, бир-бирлари билан тилмоч орқали тиллашадиган ҳолларга тушишди. Аммо Орол аҳолиси ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган, керак бўлса, уларнинг тақдирини ҳал қилган балои азим бошқа ердан чиқиб келди. Қабилалар ўртасидаги душманлик шу даражага бориб етгандики, улар ўз нафратларини ва айни чоғда, ўзларининг ёғийдан устунликларини ҳар куни, ҳар лаҳза изҳор қилиш йўлларини қидириб қолишди. Табиийки, кунда уришиб бўлмаслигини улар яхши билишар эди. Тўғри-да, каталакдек жойда, бир тўда одам билан Худонинг берган куни жанг қилиб бўлармиди? Лекин ўйлаб кўришса, рақибликнинг бошқа йўллари ҳам бор экан: ўз кучу қудратингни кўз-кўз этиб, душманнинг ҳасадини келтириб, ичидан емиришнинг завқига нима етсин!..
3.
Шундай қилиб, тошдан ҳайкал йўниб, уммон сувлари урилиб турган соҳилга ўрнатишни қиз тараф бошлаб берди. Йигит тараф бўлса ҳайкални овдан қайтаётиб кўриб қолди. Кўрганларини қабила бошқонларига оқизмай-томизмай, миридан сиригача айтиб берди. Кўп ўтмай, йигитнинг қабиласи томонида ҳам шунга ўхшаш, фақат қиз тарафникидан андак баланд ҳайкал қад ростлади. Тахминан, шунча фурсат оралатиб, қизнинг соҳилида учинчи ҳайкал пайдо бўлди. Фақат у наригилардан баландроқ ва кўркамроқ эди… Гапни чўзиб нима қилдик, ўзингиз фаҳмлаб бўлганингиз каби, Оролда ҳайкал ўрнатиш мусобақаси бошланган эди.
Ҳар қайси қабила ўз улуғига бағишлаб ҳайкал ўрнатарди. Ҳайкал бўлгандаям энг аъло, энг расо тошдан, денг. Фақат, қурғур, уни ўрнатиш учун жуда кўп ёғоч керак бўларди. Чунки тош бошқа, ҳайкал ўрнатиладиган макон яна бошқа жойда жойлашгани боис сўлоқмондек оғир юкни ташиш фақат ва фақат ёғоч орқали амалга ошириларди. Шунинг учун ҳам ҳар икки томонда ўрмонлар шиддат билан кесиларди…
Йиллар давомида ҳар бир уруғ томонидан ўнлаб шундай ҳайкаллар тикланди. Ҳар бир уруғнинг ўз сайлгоҳи бор бўлиб, ундаги ҳайкаллар сувга қараб туришарди. Уммонга ов учун чиқишганда улар бир-бирларининг ҳайкалларини томоша қилишар, чамалашар, солиштирар, қайтиб келгач эса ундан-да адл, ундан-да савлатдор ҳайкал йўнишга киришиб кетишарди. Ҳа, Орол аҳли ҳамма нарсани унутиб, тошдан ҳайкал йўнишга муккасидан берилган эди. Аслини олганда-ку, ҳайкал ясаш чўт эмасди уларга. Оролнинг ярми ўрмон, ярми улкан тошлардан иборат ясси тоғ эди. Тўғрироғи, тоғ оролнинг қоқ ўртасида жойлашган бўлиб, чор томони қалин ўрмонзор билан қопланганди. Бундай қулайлик уларга ҳайкал ясашнинг мислсиз имконларини яратган, улар ҳам шу ишга бошлари билан шўнғиб кетишганди.
Ҳайкални улкан, яхлит тошдан ўйиб ишлашар, тайёр бўлгач, ўрмондан дарахтларни кесиб, махсус ёғочлар ёрдамида уни белгиланган жойга судраб келтиришар, тиккалаб ўрнатишар, сўнг яна беҳисоб ўтин ёқиб, уни қутлашар, атрофга, тўғрироғи, ёғий назарига кўз-кўз қилиб завқланишарди. Бунга жабобан, сал ўтмай, рақиб томон ҳам худди шу ишни такрорлаб, ундан-да баланд, ундан-да ҳашамдор янги ҳайкал ўрнатиб, юзлаб дарахтларнинг саржинлари эвазига ёвнинг ҳирсу ҳасадини қўзғаб, олов теграсида ҳафталаб рақсга тушиб, қийқириб шодланишарди. Бир қарасангиз, Орол халқи фақат шу иш билан бандга ўхшарди. Одамларнинг оғзидан битта сўз – ҳайкал, ҳайкал, ҳайкал тушмасди. Урушлар тобора авж олиб, юзлаб Оролликнинг ёстиғи қуриб қолганига қарамай, кин ва адоват баралла давом этар, янги туғилган чақалоқларга ҳайкалларнинг исми, ҳайкалларга эса жангда ўлган қахрамонларнинг номи бериларди. Шундай қилиб, ҳаммаси бир ерда, битта Оролда, Оролдаги ҳайкаллар атрофида айланарди: ҳаёт ҳам, хаёл ҳам, орзую армон ҳам…
4.
Бора-бора эса ўрмон камайиб кетди. Душман қабилалар ўзиники қолиб, ёғий ҳудудидан дарахт ўғирлашга киришишди. Натижада бир душманлик ўнга етиб, бир-бирларининг устига қўшин тортиб келишлар қирига чиқди. Ниҳояси йўқ тўқнашувлар оқибатида ўртага тикилган девор, деворга қўшилиб ён атроф, бутун орол пайҳон бўлиб борар, адоқсиз қирғинбаротдан сўнггина яна маълум муддат, шундаям нафас ростлаш учунгина тин олинарди. Бу вақт мобайнида ер билан битта қилинган девор қайта тикланар, ўликлар дафн этилар, майдонлар наридан бери тозаланарди. Ўрмон камайгани сари ундаги ҳайвоноту наботот, парандаю даранданинг ҳам мазаси қочганди. Ҳайвонлар сўйилиб ё қирилиб соб бўлган, қушлар эса бу хосиятсиз Оролдан чор томонга учиб жон сақлардилар. Одамлар… Улар оч қолиб, оч кўзларини сувгагина тикиб, поёнсиз уммон ҳадя этадиган неъматгагина умид боғлаб кун ўтказадиган ҳолларга тушишди. Ана шундай талотўпларда денг, илгари камномароқ, камсуқумроқ бўлган каламушлар бирданига ҳар ёқни мўри малахдек босиб кетганини ҳеч ким пайқамай ҳам қолди. Жирканч махлуқчалар қуруқликда, сув бўйида, ертўлаларда, ҳатто одамлар яшайдиган капаю ўтовларда ҳам эмин-эркин кезишаверадиган одат чиқаришди. Очин-юпун қабила аъзолари уларни тутиб, оловда пишириб ейишдан-да тап тортишмасди. Лекин шунча кўргиликлар етмагандек, тақдирнинг балою қазоси янглиғ Оролга ўлат деган касофат тарқалди. Омонсиз урушлардан мўъжиза туфайли омон қолган кишилар энди ёппасига қирилиб кета бошлади.Тош йўнадиган, тайёр ҳайкални судраб, белгиланган жойга обориб ўрнатадиган азамат қолмади, ҳисоб. Аммо бу не шўришки, қолган-қутган шугина дилдираган тирик жонлар ҳам кечаю кундуз биргина иш – тош йўниш билан машғул эди! Ҳайкал дарди билан андармон эди уларнинг бари…
Аҳвол танглашиб, ўзининг ҳадди аълосига етганида қабила вакиллари ҳатто бир-бирларини тутиб олиб ея бошлашди. Аммо не тонгки, шунда ҳам тирик юрганлар, юришга ҳоли етганларки бор, ҳар кун ҳайкал дарди билан уйқудан уйғониб, ўртадаги ягона тоққа чиқиб боришар-да, қош қорайгунча бағирларини ҳарсангларга бериб ишлашар эди. Шу ерда, улкан тошлар устида ҳолдан тойиб, ҳушидан кетиб ва ё жони чиқиб думалаб қолганларнинг саноғига етган йўқ. Лекин ҳеч ким уларга алоҳида эътибор қилмас, ўлганларни пастга судраб бориб, умумий чуқурга ташлаб, устига бир сидра тупроқ тортиб қўйишарди-да, тағин тоққа қараб ўрмалашарди. Бора-бора шундай кунлар келдики, қўлига қиличу найза олиб жангга кирадиган жангчининг ўзи қолмади. Қолган-қутган кишики бор, барининг қўлида санг тарошлайдиган асбоби йилтилларди…
5.
Қуёш чиқди, қуёш ботди, орадан яна бир йил ўтди. Бу йил ясси тоғда ўрмалаб юрганларнинг ҳам изини қуритди. Оролда бир неча юз одамгина ивирсиб қолди. Ҳа, Оролнинг ҳоли хароб эди: еру кўкдан офат устига офат, зиллат устига зиллат ёғилиб бўлганди. Бас, ўртадаги деворни қайтадан тиклашга ҳам кучларию хушлари йўқ эди энди. Урушадиган зўравоннинг уруғи қуригани учун ҳам душман қабилалар бемалол бир-бирлари томонга ўта бошлашди. Шундай бир пайтда уруғларнинг улуғлари музокара олиб бориш вақти етди, деб ҳисоблашдию йигит томондагилар қиз томонга “ташриф буюришди”.
Атроф-жавониб минг йил давом этган уруш майдонини эслатарди. Оролни ярадору касалларнинг оҳ-воҳларию бойқушларнинг совуқ товушлари босиб кетганди. Нафсиламрини айтганда, ҳар икки томонда ҳам бунга эътибор берадиган кўнгли бўш одамнинг ўзи қолмаганди, ҳисоб. Ҳамманинг тинкаси қуриган, дийдаси эса ҳайкал йўниладиган тошдек қотиб кетганди. Лекин шунча вақтдан бери икки томоннинг қулаган девор узра илк бор бир-бирининг тупроғига беҳадик оёқ қўяётгани кишини барибир ажаблантирарди…
Йигит тараф ўзлари билан қалин муқовали, катта бир китобни ҳам ола келишганди. Кириб ўтирадиган бутун ўтов қолмаганидан улуғлар ташқарида, очиқ осмон остидаёқ айлана бўлиб, кесилган дарахт тўнкаларига омонат чўкишди. Ҳамманинг нигоҳида сўнгсиз мусибат аранг нафас оларди…
Оқсоқоллар қисқагина кенгашишди. Нафсиламрини айтганда, тортишадиган нарсанинг ўзи қолмаганди. Худди оролда ейдиган озиқу киядиган кийимнинг, таналарда ҳаракатланадиган мадору руҳларда яшайдиган қурбнинг соб бўлгани каби…
Йигитнинг отаси китобни очиб бир жумла ўқиди. Бунга жавобан қизнинг падари бузруквори ишора қилганди, унинг ҳам қўлига бир китоб келтириб тутқазишди. У ҳам китобни очиб, бир жумла, атиги биттагина жумла ўқиди. Ҳар икки томон “маъқул” дегандек бош қимирлатишди.
Шу билан сулҳ мажлиси қўзғалди…
Учинчи сафар
Уч кун ўтгач икки қабиладан омон қолган кишиларнинг ҳаммаси соҳил бўйига тўпланишди. Сўнг бутун бошли Оролда сузишга яроқли бўлган биттагина қайиққа ҳар қабила ўз вакилини ўтқазди. Афтидан, келишувга биноан ҳаракат қилинаётган эди. Буни қарангки, улар, ҳар икки қабиладан танланган вакиллар ўшалар, ўша йигиту ўша қиз бўлиб чиқди!..
Йигит ҳам, қиз ҳам дунёга келибдики, кўрганлари уруш эди. Лекин энди кўрингки, чорасизлик икки юзкўрмас қабила бошқонларини муросаю мадора қилишга мажбур қилиб қўйганди. Улар тешилмай, ёқилмай қолган охирги бут қайиққа бирлари ўғлини, бошқалари қизини ўтқазиб, тақдирга ҳавола қилишдан беҳроқ чора топишолмади, во дариғ! Ҳатто жигарбандларининг қўлига бир мисқол бўлса-да егулик тутқазишолмади. Фақат бир неча кўзада сув, олов ёқиш учун чақмоқ тош беришди, холос. Яна тўр ва қармоқ. Бас!.. Йигит ва қиз хешу тобор билан не бир аҳволда видолашиб, чор-ночор қайиққа ўтиришаркан, юраклари хавотирга тўла эди. Балким ботинларининг қай бир кунжида милт-милт этиб умид чироғи ҳам ёниб турарди…
Йигит ҳам қиз Оролдан узоқлаб сузиб боришаркан, беихтиёр ортларига қайрилиб қарашдию тахтадек қотиб қолишди. Не тонгки, уларни соҳилда қатор бўлиб ҳайкаллар кузатиб қўйишаётганди… Ва… ва барчасининг юзларида намойишкорона заҳарханда муҳрланганди… Ҳайкаллар душманни масхара қилиш учун атай шундай – юзларида аччиқ кулгу билан тарошланганди. Шунда… шунда йигит ва қиз бир нарсани тушуниб етишди. Оролдан айрилишганда, ундан узоқлашишганда аён бўлди бу ҳақиқат. Шу чоққача тушунишмаган, уларга ҳеч ким, ҳатто қабиланинг энг улуғлари, оқинлари, арконлари ҳам лом-мим демаган ҳақиқат кўз ўнгларида юз очиб турарди. У ҳам бўлса, ҳайкаллар, шу кеккайган тошлар уларни ҳайдаб, Оролга, уларнинг Ватанларига ўзлари ҳоким бўлиб олишиб, энди мазза қилиб устларидан кулаётган, қаҳқаҳа отишаётган эди…
Йигит ва қиз оролни айланиб сузишди: ҳайкаллар ҳар ерда, митти Оролнинг ҳар бир одимида аскардек саф тортиб туришарди. Гўё энди бу орол уларнинг ўз Ватанларига айланган, энди у ерга одам тугул қуш ҳам учиб ўтолмасди гўё. Бинобарин, йигит ва қиз энди бу Оролга абадул абад бегона бўлишганди, энди у заминга қайтишолмасди, қайтишганда ҳам Оролни гир айланиб ўраб олган ҳайкаллар сафини ёриб, ичкарига киришолмасди…
Энди йигиту қиз ҳаммасини билишган эди. Уларни бу ҳолга солган ёвуз куч уларнинг ўзлари эди. Ҳайкаллар ана ўша ердан, Ороллик одамларнинг ўз ичларидан тўраган махлуқлар бўлиб чиқди. Аммо булар эмас, балки уларнинг ота-оналари, балки уларнинг ҳам ота-оналари… шу ҳақиқатдан вақтида воқиф бўлишгандами, балки тақдирлари бутунлай ўзгача кечармиди. Ҳаммасини тузатиш, қанчадан қанча қабиладошларининг жувонмарг кетган жонларини, Оролдаги сон-саноқсиз паррандаю дарранда ҳаётини сақлаб қолиш мумкинмиди ўшанда… Аммо энди кеч, жудаям кеч… Энди буни йигит ва қиз билади, улар ҳамма сирдан хабардорлар. Фақат бу сир энди кимга керак экан?.. Балки Тангри ёрлақаб, уларнинг қайиқларини шундай бир ям-яшил оролга олиб чиқар-да, ҳаммаси яна бошқача бўлиб кетар, ким билади, дейсиз, нима бўлгандаям яхши ният яхши-да…
Яхши ният яхшику-я, аммо қани энди фақат ниятлар билан иш бита қолса. Битмайди-да. Бутун бошли иккита қабиладан икки нафаргина қолган бўлишларига қарамай, йигит билан қиз бир-бирларига ёвдек қарашиб, талай вақтни бой беришди. Аммо улар битта қайиқда эдилар, бинобарин, битта тақдирнинг ҳукмига ҳавола этилганликларини, ортда, ҳалокатга юз тутган қабилаларининг яккаю ёлғиз умидлари ўзлари эканликларини ич-ичдан англаб, ҳис қилиб туришарди. Туришарди-ю, на йигит ва на қиз юрак ютиб, минг йиллик адоват деворини бузиб ташлаб, нимадир дейишга, нимадир қилишга журъат қилишмасди. Йигит индамай эшкак эшиб, қиз бўлса, қайиқнинг йигитдан олисроқ четида сувга тикилганча номаълумлик қаърига оқиб боришарди…
Ниҳоят, йигит илк қадамни қўйди. У уринди латтага ўралган аллақандай матоҳни авайлаб очди-да, қизга қараб “Бу – бизнинг китоб!” деди фахр билан. Шунда қиз ҳам қўйнидан шундай бир китоб чиқарди. Уларнинг бири осмон, иккинчиси эса замин рангида бўлиб, шаклу шамойиллари ҳам фарқли эди. Аммо ичини очиб қарашса, иккаласи бир хил, битта китобдек туюлди. Э, воҳ! Йигит ва қиз ҳайратдан кўзларини катта-катта очиб, бир-бирларига худди “Ўнгимизми-тушимизми?” дегандек саволчан боқишди. Улар фаҳмлаб туришардики, неча минг йиллардан бери жиққамушт солишиб келган икки душман қабиланинг китоби бир бўлиб чиқиши мумкин эди! Кўзларига ишонишмадими, ёнмаён-ён ўтириб олишиб, сузишни ҳам унутиб, узоқ вақт китобни синчиклаб титкилашди, варақма варақ, мисрама мисра солиштириб ўқишди, ҳа, шубҳа йўқки, китоблар ташқаридан ҳар на қадар ҳар хил бўлиб туюлса-да, моҳиятан битта, ягона тилда, ягона Хаттот томонидан, ҳатто ягона сиёҳ билан битилган бир китобнинг иккита нусхаси эди… Лекин нега? Нима учун уларни ўқиганларнинг диллари доимо айри-айри бўлиб келди? Нега улар ўзаро тил топиша олмадилар?..
Туриб- туриб, йигитнинг жаҳли чиқиб кетди. Шартта қўлидаги китобни сувга улоқтирмоқчи бўлди. Шунда қиз фавқулотда чаққонлик билан китобни йигитнинг қўлидан илиб олди-да, орқасига яширишга улгурди.
– Шошма! Балки уни биз, сен билан мен бошқатдан, тушуниб ўқиб чиқармиз? Айб китобда эмасдир, айб уни ўқиганлардадир, бизнинг, оролликларнинг китобга бўлган муносабатимиздадир, эҳтимол?!.. – деди ҳаяжонланиб.
– Бундан нима наф? Ота-боболаримиз уларни минг йилдан бери ўқиб келишди, авайлаб, бутун умр ёнларида олиб юришди, лекин натижа, натижа нима бўлди? Бизми ўша лаънати натижа? Тушиб қолган ҳолимизга бир қарасанг-чи?.. Йўқ, оталаримизга ярамаган бу китоблар сен билан менга ҳам асқотмайди. Бас, шундай экан, улардан воз кечиш керак, тушуняпсанми, воз кечиш!..
– Хўш, воз кечдинг ҳам дейлик. Кейин-чи, кейин нима қиламиз?!..
– Кейин биз ўз китобимизни ёзамиз, эшитяпсанми, ўқиган одам амал қиладиган ўз китобимизни битамиз!..
– Қўлимизда шундай китоб бор-ку! Фақат унга амал қилиш қоляпти, холос!
– Йўқ, улардан тезроқ халос бўлишимиз керак!.. – қўлини китобларга узатди йигит.
Қиз ортиқ эътироз қилмади. Аммо китобларни олиб тағин қайиқнинг нариги томонига бориб олдики, бу тадбир ҳар қандай жавобдан-да қатъийроқ жавоб эди. Йигит унга узоқ вақт синовчан қараб ўтирди. “Мен томонга ўтар, ёнимга келиб одамларни тўғри йўлга сололмаган китобларни қўлимга тутқазар ёки ўзи уммонга отиб юборар”, деб кутди. Бироқ қанча фурсат ўтмасин, қиздан садо чиқмади. Алфозидан китобни берадиган эмасди қиз. Асло! Йигит унга яқинлашгудек бўлса, китоб билан бирга ҳатто сувга шўнғийдиган сиёқи бордек эди унинг…
Туни билан улар шу тахлит ўтириб чиқишди. Ниҳоят, уфқнинг қуюқ қора пардаси сўкилиб, бобо қуёшнинг малла кокиллари секин-аста атрофни қоплай бошлагачгина йигит оғир қўзғалди, эшкакларни қўлига олди ва қайиқни ҳаракатга келтирди…
Ажаб эмас, тақдир ёрлақаб, улар ҳам бир вақтлардаги қадим аждодлари янглиғ зилол сувлари шарқираб оқиб ётган Оролга чиқиб қолишар-да, ҳаммасини бошқатдан бошлаб юборишар… Шунда, эҳтимол, албатта китобни қиз айтгандек қайтадан ўқишга, ўқиганда ҳам уқиб ўқишга тутинишар. Муҳими, ўқиб уққанларига риоя қилишар… Алқисса, у ерда ҳеч қачон уруш бўлмайдиган, ҳамма бир-бирлари билан аҳил ва иноқ яшайдиган жаннатмонанд мамлакат барпо этишар…
Хаёлидан шундай ўйлар кечгани сайин билагига ҳам қаёқдандир ғайритабиий куч келиб қўшилар-да, зўр бериб эшкак эшарди йигит. Ундаги ўзгаришни ҳис қилган қиз, аста туриб унинг ёнгинасига келиб ўтирди…
Сафарнинг еттинчи куни деганда яна бир янги тонг отиб, қорамтир осмон олтинранг нурларга чулғанган маҳал, ҳув олисда, йигит ва қизнинг қайиғи сузиб бораётган томоннинг этагида, момиқ булутлар остида бир жуфт оппоқ қуш нимадандир хабар бераётган каби чуғур-чуғур этганча чарх уриб айлана бошлади…
2012 йил.