Тўра Сулаймон. Чимилдиққа кирган чол (ҳикоя)

Тана-тўши қотмадан келган, бўй-басти, қад-қомати мирзатеракдай тик; чолликдан-долликдан, беҳолликдан сўз очсангиз, ҳали-бери қарияликни бўйнига оладиган аҳмоқ йўқ, дея илмоқли саволингизни ўзингизга чалпак қилиб ёпиштириб қўядиган чапанироқ, айни чоқда танти, юзлари ҳамон Бахмалнинг “беш юлдуз” олмасидай тиниқ Тўланбой отанинг ёши етмишга туташиб қолганига қарамай, совитилган отдай! Кунба-кун яшариб бораётганига айрим узанги-йўлдошлари ҳавас қилса, бошқалари ҳасад қилиб қўярлар.
Эмаклаган боланинг этагидан тортадиган душмани бўлади. Отанинг кўз очиб кўрган жуфти ҳалоли бундан беш-олти йил бурун “бевафо”лик қилди. Отани ёлғизлатиб, ёрти қолдириб кетди. Ота ёлғиз ётиб, ёлғиз туриб юрди. Борса келмас “мамлакат”га бевақт кетган ёстикдошининг қадри билинди.
Ўзингга ўзинг қнлдинг, ётасан ёлғизгина…
Бахайр, отанинг бўйинсалари — тобуткаш тенгқурлари билан ўғил-қизларининг гаплари бир ердан чиқиб, унга муносиб “ёр” излашга киришдилар. Дастлаб ота кўнмади. “Ўғил-қизлар, келинлар олдида кулги бўламанми?!” деди. Болаликдан бир кўчада тепишиб катта бўлган жўралари “Ёлғизлик Бир ўзига ярашган, бандасига эса бир бош — бало бош, икки бош — қозон ош. Сенинг ёшингдаги кишига тани маҳрам жудаям керак”, деб кўндирган бўлдилар. Энди Тўланбой отанинг ёшига, дидига мос келадиган, атрофида парвона мисоли чириллаб айланиб турадиган, ўғил-қизларига, ҳовли тўла келин-кепчик, бола-бақраларга бош бўладиган тоза табиатлигина, фаҳм-фаросатлигина, қўй кўрмаса ҳам, қумалоқ кўрган, насл-насаби дурагайлашмаган аёл топиш лозим бўлади. Бироқ, шундай нозиктаъб аёлни тайёрлаб қўйибдиларми? Излашга тушдилар. Изладилар. Топилишга топилди-ю, лекин бирининг ҳам бўйи паст, ҳам ўйи. Бирининг эса сочи товонига тушади-ю, ақли сал анақароқ. Бошқаси ҳар жиҳатдан мос тушади-ю, авлод-аждоди суриштирилса, лоп этиб чатоқ жойи чиқиб қолади. Бири — бозор кўрган эчки. Бири эшик кўрган бўлади-ю, бешик кўрмаган. Яна бири эса ўзини бозорға солғон…
Ёруғ дунё ҳам кўзига ёмон кўриниб юрган кунларининг бирида ота тенгқурлари қатори жума намозига йўл олди. Намоз бошлангунча савдо расталарини кезди. Ёймабозорни кўздан кечирган бўлди. Набираларига хўрозқанд, “тўпим, тўп-тўп этасан, урсам қочиб кетасан” каби ҳар хил ўйинчоқлар харид қилди. Сабзавот сотиладиган расталарни ҳам оралади. Ёши қирқлардан ошган, қалингина қошлари бир-бирига туташган, гапга солсангиз ҳам, юз-кўзларига бақа мисоли бақрайиб тикилсангиз ҳам башарангизга қарамайдиган, истараси иссиққина бир аёл картошка, сабзи-пиёз сотиб ўтирган экан. Отанинг юраги бир қўзғала тушди. Андак довдирагандай бўлди. Ўпкасини сал-пал босиб олгач:
— Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром ўлади. Тўғрима, қизим? — деди. Аёлдан садо чиқмагач, пиёладек картошкани қўлига олиб салмоқлаб кўрди. Сўнг картошкани кафтлари орасида уқалаган кўйи давом этди: — Молингиз яхши молға ўхшайди, қизим. Ерларингиз қумалоқма, дийман-да. Картишкангиз айтиб турибди. — Картошкани жойига қўйиб, сумакдек сабзини қўлига олди. — Бундай сабзига ҳеч кўзим тушмаган экан. Жалтиллайди-я! Киройи сабзинг бўлса, шундай бўлса-да! Ерда гап кўп-да. Бирақ, ишловгаям қарайди, қизим. — Сабзини ҳам жойига қўйиб, кафтларини бир-бирига ишқалаб чангини қоқди. — Ҳазирги эркаклар, қизим, ҳазирги эркакман деганлар, қизим, сиздай келинчакди бозорга жубариб қўйиб, ўзи…

“Лайлонинг томига чиқсам, ғозлари ғавғо қилур,
Эрлари уйда туриб, хотуни савдо қилур”

деганга ўхшаб, а, қизим… Нима, куёв …ми, қизим? Хўш, бу ёғи қанчадан бўлди, қизим?
Аёл ҳадеганда жавоб беравермади. Сўнг яна гапга солди; китобий тилда ҳам гапириб кўрди, Эргаш Жуманбулбул ўғли билан отаси раҳматли борди-келди қилганини ҳам қистириб ўтди; гоҳ “жўқ”лади, гоҳ “йўқ”лади… Чамаси, бу шилқим харидорнинг дийдиёлари жонига тегди шекилли, ниҳоят, аёл тилга кирди:
— Ота, сизга ўзи нима керак?
Тўланбой ота биратўла шошиб қолди. Ўзингиз керак дейишга тили бормади. Ахир, ёши бир жойга бориб қолган чол, ҳовли тўла келин-кепчик, невара-чевараси бор — эшитган қулоққа яхши эмас. Боз устига, синалмаган отнинг сиртидан ўтма, деган гап ҳам бежиз айтилмаган. Жиловни тортиш керак. Яна эзмалик қилса, юздан парда кўтарилиши мумкин. Хуллас, аёлдан жўяли жавоб ололмагач (жўяли жавоб деганда ота нимани назарда тутганини ёлғиз ўзи биларди), керак бўлса-бўлмаса, уч-тўрт кило сабзи-пиёзни айтилган нархда харид қилиб, носранг қоғоз халтачага солинган бозорлиқни чорраҳада тиланчилик қилиб ўтирган кампирга ҳадя этиб, ундан узундан-узоқ дуои фотиҳа олгач, намози жумага кириб кетди. Масжидда замонамизнинг долзарб масаласи — диний ақидапарастлик ва террорчиликка қарши кураш масаласига бағишланган “амри маъруф”ни эшитиб, хийла довдираб, эл қатори саждага бош қўйиб, сўнг ўзича хомаки режа тузиб уйига қайтди. Ўзи уйга қайтди-ю, юраги қайтмади — ўша аёлнинг ён-берисида қолди.
Ота бирваракайига намози жумани канда қилмай қўйди. Ҳар гал ниманидир баҳона қилиб жамоатга қўшилмасди. Баъзан “Барибир мендан имом чиқмайди” деб сўққабошлигига ишора этиб қўйишни ҳам унутмасди.
Ростини айтганда, ота ўша аёлнинг юрагига ҳам бир чимдим чўғ сола келган эди. Тажрибали-да, гапларининг ҳам салмоғи бор, суюқ эмас, маънили. Юриш-туришидан, ўзини тутишидан мин топиб бўлмайди.
Навбатдаги намози жумага сал бошқачароқ бўлиб борди. Соқол-мўйловини қириб-қиртишлади, сип-силлиқ бўлди. Онангни отангга бепардоз кўрсатма деган гапнинг тескарисини қилди. Улфатлари, ҳа, деди, тўдага тушадиган отдай бўлиб олибсан-ку? Ота, ҳа, нима бўпти, деб ўзини гўлликка солди.
Бу гал жума намозига эртароқ борди. Ишонарли баҳона топиб, йўл-йўлакай улфатларидан ажралди. Ўзини сабзавот бозорига урди. Бироқ, ўша аёлнинг қораси кўринмади. Ёйма, чайқов, мева-чева, қандолатчилик, оқлик, кийим-кечак расталарини бирма-бир кезиб чиқди. Тимни ҳам эринмасдан кўздан кечирди. У кўзга чалинмади. Ахийри шу атрофдаги хотинлардан сўради. “Бир ҳафтадан бери келмай қўйди” деган жавобни эшитди. Отанинг мазаси қочди. Нима қилишини билмай боши қотди. Шалвирабгина масжидга кирди, лекин бу галги “амри маъруф” нечоғлиқ долзарб масалага бағишланмасин, қулоғига хеч нарса кирмади. Ниҳоят, ови бароридан келмаган овчидай бўлиб уйга қайтди.
Навбатдаги жума келишини кўзлари тўрт бўлиб кутди. Гузарга чиқиб ҳамқишлоқларининг хўроз уриштиришини, шийпонда ошиқ ташлаётган ҳаваскор қиморбозларнинг жанжалларини томоша қилиб қайтади. Тўнғич ўғли Тошкентдаи келтирган китобларнинг у ер-бу еридан чўқилаб ўқиган бўлади. Шу ўғлининг ажаб одати бор: Тошкентга йўли тушса, албатта отасига бир даста китоб кўтариб келади — гўё кўзи учиб тургандай, ўқиши лозимдай. Ўзи ўла қолса ҳам ўқимайди, китобни қўлга олса уйқуси келади. Тўғри, баъзан отага маъқул келадиган китоблардан ҳам ола келади. Масалан, ўтган йили асли Бахмалдан бўлган Тўра Сулаймоннинг “Сайҳон” китобини келтирди. Ота уни қайта-қайта мутолаа қилди ва “Тўрабой ҳам бизга ўхшаган куйган қуллардан экан, — деган хулосага келди.
Неъмат, эсингда бўлсин, шу Тўра бувангди бир куни қўй сўйиб чақирамиз” деб ният қилди. Ўғли рози бўлди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб ота ниятидан қайтди, “У шоир бўлса, бизнинг аҳволимизни кўриб устимиздан кулиб кетмасин” деб андиша қилди…
Кунларнинг кечиши қийин бўлди. Орадан ой ўтгандай, йил ўтгандай туюлди. Ниҳоят, жума ҳам келди, яна жума намозига отланди. Ажабки, яна ўша ҳол такрорланди. Ўша аёлни кўрдим деган одамни учратмади. Ҳафсаласи пир бўлиб, негадир мардикор бозорига йўл олди. На юрар, на ўтирар жойининг тайини бор — бир томонда эркаклар, бир ёнда аёллар тўп-тўп бўлиб туришибди. Ёш келинчакдан тортиб ёши бир жойга бориб қолган хотинларгача учрайди. Бирлари уят-пуятни ҳам йиғиштириб қўйиб, “харидор” бўлиб борган кишига кўндаланг бўлади: “Мени олинг, мени опкетинг, хурсанд қиламан…” Бошқалари худди айб иш қилиб кўйгандек қисиниб-қимтиниб ўзларини четроққа тортади, ер чизиб туради. Уст-бошлари юпун, лаблари ёрилиб, юзлари тўрлаб кетган… Анавилари эса мардикор бозорига келганини ҳам унутган кўринади, топган-тутганини устига илиб, яна-тағин, ноз-карашма қилишига ўласанми!
Ота бир чеккадан мардикор хотинларни кўздан кечира бошладию нохос ўша аёлни кўриб юраги ҳаприқиб кетди. Аёл отанинг бозор оралаб юрганини олисдан кўрган шекилли, ўзини панага олди. Ота ҳам ноқулай аҳволга тушди. Шу аёлнинг ўрнида туғишган, тутинган бир заифа қариндошини кўргандай бўлди. Ўзини хўрлангандай, ор-номуси топталгандай ҳис этди. Яқинроқ борди. Худди таъзияга келган одамдек, “Яхшимисиз, қизим”, деди. Ота “бандалик” деган оҳангда гапирди. Аёл ҳам буни сезди. “Шукр”, деди пичирлаб.
— Мен ўтган ҳаптаям, бугунам сизди роса изладим. Мана, ниҳоят, топдим, — деди ота.
— Ҳа энди… — деди аёл ерга қараб.
Ота яна нима деб гапни давом эттиришни билмасди. Аёл эса бу ерда турганидан хижолат бўлмоқда эди. Ниҳоят, ота тилга кирди:
— Ўғрилик айб, қизим. Ғарлик айб, қизим. Лекин тирикчиликдинг айби жўқ. Юринг, мен сизни олиб кетай. Уйимиз узоқ эмас. Кечқурун ўғиллар олиб келиб қўйиб кетишади.
— Раҳмат, ака… Бугун шу атрофдан бирон ҳожатманд чиқиб қолар. Уйдагиларга эртароқ келаман, деб эдим.
Аёл илгари унга “ота” деб мурожаат қилган эди, бу гал “ака” деди. Шу биргина сўз билан ўзини отага, отани ўзига яқин тутаётганини билдирди. Ота буни сезди. Сездию аёлга бўлган ҳурмати янада ортди.
— Уйларингиз қаерда, синглим? — Энди у ҳам “синглим”га ўтди. — Кимларингиз бор? Куёвингиз…
Аёл бирдан жавоб берди:
— Уйимиз шаҳарнинг шундоқ биқинида — Улуғбек қишлоғида. Эски Жданов калхози. Хўжайинимни сўрадингиз, у киши дардманд. Ишга ярамайди. Энди…
Аёл ер сузди.
Ота гапни бошқа тарафга бурди:
— Синглим, жума намозига кириб чиққунимча кутиб тура оласизма?
— Харидор келиб қолса нетаман?
— Бир кишига ваъда бериб қўйиб эдим, дейсиз-да.
— Вой, ёлғон гапираманма?
Ота нима дейишни билмади. Билганда ҳам бу аёлни дабдурустдан уйига нима деб эргаштириб боради? Ахир, уйидан мардикор аёл излаб чиққан эмас, мардикорга эҳтиёж ҳам йўқ.
— Бўлмасам, жума намозидан чиқиб туври шу ерга келаман. Агар бирор киши олиб кетмаса, бафуржа гаплашамиз, — деб тайинлади ота.
— Хўп, — деди аёл.
Намоздан сўнг улфатлари отани “жиз-биз”га таклиф қилсалар-да, зарур иши борлигини баҳона қилиб мардикор бозорига йўл олди. Келса — “сингил” йўқ. Бирпас кутди. Кейин писта чақиб ўтирган аёллардан уни сўради. “Бир киши олиб кетди”, деб жавоб беришди. Кимдир ўзини таклиф қилди, отанинг йўлига кўндаланг бўлди.
— Унга ширинкома бериб қўйган эдим, — дея баҳона қилди ота ва ичида “Худонинг ўзи кечирсин” деб қўйди.
Энди уйга қайтишдан бошқа иложи йўқ эди.
Ўша кеча тун бўйи ичикиб чиқди. Худди ўз хотини ёки ўзининг туғишган синглиси мардикор бозорига чиққану уни бир бойвачча уйига олиб кетгандек туюлаверди. Уйига олиб боргач, тегажоқлик қилиб, ҳол-жонига қўймасдан… “Астағфуриллоҳ” деб икки елкасига туфлади.
Аёл кўҳликкина, ҳали оҳори тўкилмаган кийимдай бежирим, тўкис эди. Юз-кўзларидан иболи, ҳаёли экани, кўча хотини эмаслиги шундоққина билиниб турарди.
Тонг отиши билан апил-тапил нонушта қилиб, зарур иши бордай жадал шаҳарга отланди. Тўнғич ўғли Неъмат “Ота, ўзим мошинда элтиб қўяман”, деди. “Хўп”, деди. Ўғли яп-янги “Нексия”да отани айтган жойига элтиб қўйди. “Кутиб турайми?” деб сўради. “Йўқ, кетавер…”
“Сингил” яна кўринмади. Мардикор бозорни бир айланди, икки айланди — йўқ. Пешин намозини масжидда ўқиди. Намоздан сўнг масжид ҳовлисидаги сўрига ёнбошлаб олиб “пирра” ўйнаётган чолларга кўзи тушиб ажабланди.
— Бу қимор эмас, шунчаки ўйин, — деб изоҳ берди чоллардан бири.
— Агар қўшилмоқчи бўлсангиз, битта шерик топиб келинг. Ютқазганлар чиқиб кетади, ўрнига кирасизлар. Лекин мағлублар ғолибларга иккитадан жигаркабоб олиб беради, — деди симоби салласини ёнига ечиб қўйган чўққисоқол чол.
— Давлениям бор, жигаркабоб емайман, — деб ота ташқарига йўналди.
Бу кун ҳам ноумид бўлиб қайтди. “Синглиси”ни излаб Улуғбекка борай деса, жўяли бир баҳона йўқ. Нима деб боради? Бетини қаттиқ қилиб борган тақдирда ҳам уйидагилар нима деб ўйлайди, нима деб сўйлайди?..
Тун бўйи яна беҳузур бўлди. Бомдодгача икки ракаат нафл намозини ўқиди. Бомдоддан сўнг бирдан дили ёришиб кетди: ахир, Улуғбек қишлоғида эски таниши — Тошпўлат ўтоғаси яшайди-ку! Аввалроқ эсига тушмаганини қаранг-а! Ота Улуғбекка йўл олди.
Хайрият, ўтоғаси уйда экан. Кўнгли жойига тушди. Бошида боғдан-тоғдан, зангдан-замондан сафсата сотиб, гапни айлантириб келиб “сингил”дан сўз очди. Шундан кейин гап гапга улана тушди. Шариатда шарм йўқ деганларидай, ота бошидан ўтган саргузаштларни бир-бир дастурхон қилди. Албатта, ора-орада бу беш кунлик дунёнинг ҳеч кимга вафо қилмаслигини ҳам қистириб турди.
— Озарбойжонларда бундан юз йиллар чамаси муқаддам Алиакбар Собир деган бир шоири замон ўтган, — деди у.
— Хўш-хўш? — деб Тошпўлат ўтоға ёстиқни қўлтиғига тортиб ёнбошлаб олди.
Ўша шоир “Бу дунёнинг бақосига лаънат, рўзғорининг вафосига лаънат” деган экан.
— Оббо занғар-эй, боплаган экан-ку!
— Энди, ўзингиздан қолар гап йўқ, тўримиздан гўримиз яқин…
Кампирнинг қайтиш қилганини Тошпўлат ўтоға яхши биларди, таъзияда ҳам қатнашган. У яна бир бора отага таскин бериб, сўнг боя таърифланган “сингил”дан гап бошлади:
— Аслида, худо яхшини бир жойидан кам қилади деганлари рост экан. У қишлоқдинг олди қизларидан бўлған. Лекин биринчи турмушидан парзанд кўрмайди. Айбди Маржонға тўнкайдилар. Ўн жилча рўзғор қилиб, ажрашадилар. Сўнг қишлоғимиздаги уч болали, аёли ўлган кишиға тегди — Эсиргапдан ҳам бола кўрмади. Уч болани катта қилди. Ўз боласидай папалаб, оқ ювиб, оқ таради. Икки қизини узатди, ўғлини уйлантирди. Ўғил бебарор чиқди. На ишининг тайини бор, на рўзғор тутишининг. Ичкуёв бўлиб Янгийўлда яшайди. Бу ёқда Эсиргапдинг куни Маржонға қолған, ўзи қип-қизил алкаш. Учоворага қўшилмайди. Рўзғорди амал-тақал қилиб Маржон тебратиб турибди…
Бу гапларни эшитган ота ўтоғасига эмас, худди Хизрга йўлиққандай бўлди. Лекин ҳозирча сир бермади, хайр-хўшлашиб уйига қайтди. “Сингил”нинг исми Маржон эканини билиб қайтди.
Эртаси куни яна мардикор бозорига борди. Ажабки, излаган одами бир четда турган экан.
— Маржон, қалай, яхшимисан, тинчмисан?
— Худога шукр. Ўзингиз қалайсиз, ака?
Маржон ҳайрон эди: “акаси” исмини қайдан билиб олди экан? У “акаси” аллақачон калаванинг учини топганидан бехабар эди. Аввал “қизим” эди, кейин “синглим”га ўтди, энди бемалол исмини айтяпти, сенсираяпти.
Нима бўлганда ҳам “ака” билан “сингил” ўртасидаги масофа тобора яқинлашмоқда эди.
— Жур, бир холироқ жойда гаплашайик, — деди ота.
Маржон индамасдан унга эргашди.
Холироқ жойга — Гулистон шаҳри билан “Обод маҳалла”ни боғлаб турувчи темир йўл устидаги осма кўприкнинг тагига бориб ўтирдилар. Гаплашдилар.
— Маржон, гапдинг очиғини айтсам, уч ҳаптадан бери сени излайман.
— Ака, энди нимамни излайсиз? Менинг излагилигим қолмаған. Менга ит тегиб бўлған. Ит тумшуғи теккан ерга сув ичғали шер келмас.
— Бу нима деганинг? Нима, мени шерга менгзаяпсанма?
— Шу деганим.
— Тушунтириб сўйла.
— Кўриб турганингиздай, тирикчилик — тошдан қаттиқ экан. Аввал учратганингизда сабзи-пиёз сотиб туриб эдим, олибсотарчилик қилиб юриб эдим. Лекин бозор деганингиз очиқ мозорданам ёмон экан: паттачидан бошлаб миршабгача, миршабдан дўхтиргача “бер-бер” экан. Керак бўлса, ҳар бир қарич жой сотилади. Чайқовчилик қилиб топган пулим чойчақа тугул, кира мошинанинг харажатиниям қопламай қўйди.
— Картишка, сабзи-пиёз ўз томорқангдан эмасмиди?
— Жўқ, томорқани бир ўзим эплолмадим.
— Эринг-чи?
Маржон бир оз довдиради.
— Эримма, эрим… У кишига ҳам осон эмас. Жамоа хўжалигида ишлаб топгани қора қозонни қора бостирди. Уч-тўрт ойлаб ҳақ бермайди, берганлариям… Берганинг бир кулча, … тонг отгунча дегандай. Охир-оқибат зўр бериб ичишга ўтиб олдилар. Кунни тунга, тунни кунга улаб жуборади, “запой” қилади.
Ота Тошпўлат ўтоғасидан ҳамма гапни билиб олган бўлса ҳам, ўзини билмасликка солиб гапирди:
— Болаларинг-чи, улар дастёр бўлиб қолишгандир, ахир?!
— Биз худо уриб, пайғамбар ҳассаси билан туртганлардан, товони қон кўрмаган бебахтларданмиз. У ёғини айтаверсам… Майли, ака, қўйинг энди. Мен тирикчиликдан қолмай, уйга қуруқ қўл билан боролмайман. Менга қараб ўтиришибди.
Ота ҳам ўзини шошиб тургандек кўрсатиб, гапнинг индаллосига кўчди:
— Маржон, сени бунчалик тутиб туришим кўрар кўзгаям яхши эмас. Энди сен мендан “жўл бўлсин?” деб сўрасанг… Амакиларимиздан бирининг оиласи синған. Мен шунга “шаҳар кўрмаган” аёл излаб журибман. Ёши етмишни қоралаб қолған, лекин бели бақувват чоллардан. Униб-ўсган қуллардан. Қарийб бир жилдан бери муносиброғини сўроқлаймиз. Бири ёш бўлса, бири бебошроқ. Бири чинакам санам бўлса, бири сатангроқ. Бири бева бўлсаям, невара-чеварали. Энди сен ҳам кўз-қулоқ бўлиб журсанг. Худодан сал-пал хабари бор, ўзимизға ўхшаған жайдари, боши бўш аёллардан бўлса, хайрли ишга қўл урған бўлардинг.
Албатта, Маржон “акаси” кимни назарда тутаётганини хаёлига ҳам келтирмасди.
— Биздинг қишлоқда сиз айтғандай аёл бор, лекин уни сўраб келмаған, одам қўймаған кишининг ўзи қолмади. Унинг қатъий жавоби шу: “Мен чин дунёга кетган эримдинг арвоҳини чирқиллатиб қўёлмайман. Қир тўла қўйи, сайҳон тўла самани бўлсаям жўлидан қолмасин. Туманбеги бўлсаям бу уйга қайта қадам босмасин”. Шундан сўнг совчилардинг қадами тинди…
Ота “сингил”нинг гапларини эшитиб, ўзининг айтар ўланига ўтди:
— Кун пешин бўлиб қолди. Сениям ишдан қўйдим. Бугунги увол-савобинг менинг бўйнимда. Сен мана буни ол-да, майда-чуйда қилиб уйингга бор, — деб бир тутам пул узатди. — Менинг сенга оғалик маслаҳатим — нима иш қилсанг қил, лекин мардикор бозорига бугундан бошлаб келишни бас қил!
Ота ўзича ҳиммат кўрсатиб Маржоннинг битмас ярасига гўё туз сепди. Аёл унсиз йиғлашга тушди, хўрлиги келди. Ҳарчанд илтимос килса-да, “акаси” узатган пулни олмади. Ота ҳам бўш келмади:
— Майли, қарз деб бил. Қўлингга қуш ўтирган куни қайтарарсан. Ол, барака топкур, ол!
Маржон ниҳоятда ўсал бўлди.
— Майли, мендан қайтмаса Худодан қайтсин, — деб пулни олди. — Энди ҳалиги, мардикор бозорига қайта келакўрма, деган гапингизға жавоб берсам. Бу жўл билан пул топишдинг масхара эканини ўзимам биламан. Бошимданам ўтди. Аёл зоти мардикорликдинг кетидан кун кўрғандан кўра, … қилиб тирикчилик ўтказғани маъқул экан. Мардикор аёл — пулдординг қули. Айтғанини қилади, сармоядор ўз билғанидан қолмайди. Бир куни шу ерда туриб эдим. Битта актипбашара, ёши қайтған киши келиб, синглим, биздинг бир кунлик ишимиз бор, деди. Майли, дедим. Мошинасига миндириб олиб кетди. “Дом”да яшар экан. Уйига кирдик. Қўлидан тортиб гарданиғача тилла тақинчоқ таққан жувон кутиб олди. Кейин шоҳона дастурхонни кўрсатиб, ўтиринг, деди. Мен бу ерга меҳмондорчиликка келмағанман, ишлағани келғанман, қилар ишимди кўрсатинг, дедим. Аввал тамадди қилиб олинг, кейин кўрсатамиз, иш бўлса қочмайди, деди. У десам — бу деди, бу десам — у деди. Кўрпачаға ўтиришим билан бояғи аёл эшикди ёпиб ташқариға чиқиб кетди. Анави киши ёнимға келиб ўтириб, “олинг-олинг” деб мулозамат қила бошлади. Мен худди қапасга қамалиб қолған қушға ўхшардим. Чинни косадаги шўрвадан бир-икки қошиқ ичгандай бўлдим. Бирдан оғзим қуриб, томоғим қақраб кетди. Энди муздай нарса ичгим келарди, холос. Бора-бора бошим айланиб, кўзим тиниб, ҳушимди йўқотдим, шекилли. У ёғини билмайман. Бир вақт кўзимди очсам, аъзойи баданим ўзимники эмас… Ахийри аёл кириб келди. Қалай, яхши дам олдингизма, деди. Ҳа, дедим. Роса яхши дам олдик, дедим. Яхши касбингиз бор экан, дедим. Менинг касбим сиздинг касбингиз олдида … деди. Энди шарт туриб кетишдан бошқа ишим қолмаған эди. Ёнимға бир даста пул солиб қўйдилар. Пулди ҳалиги аёлдинг башарасига қаратиб отдим. Танпурушликнинг кетидан кун кўришга ўргатғанинг учун, очиб қўйған мактабинг учун сенга раҳмат, дедим. Бир куни алоҳида келиб қўл бериб, қўлингди олиб кетаман, дедим. Аёл ҳиринглади. Анави безбет ҳам ҳиринг-ҳиринг қилди. Чикдим-да кетдим. Итға таланған дайдига ўхшаб кетдим… Сиз эса мени одам деб гаплашиб ўтирибсиз! Бунинг устиға, одамгарчилик қиляпсиз.
Ота Маржоннинг дарди ичида эканини биларди, лекин бунчалик аламзада эканини асло ўйламаган эди. Кўнгли тоза, соддадил аёл… Бундай аёлни биринчи марта кўраётган эди. Ота аёлларнинг ҳам ўзига яраша дунёси борлигини, дунё бўлганда ҳам сирли-синоатли эканини илк бора кашф этаётган эди… Илгари Колумб Американи кашф этганда ниҳоятда қувонган бўлса керак, дўпписини осмонга отиб ирғишлаган бўлса керак, деб ўйларди. Йўқ, қувонмаган бўлса керак, аксинча, ҳайратланган, янги дунё қаршисида лол бўлиб қолган… Ота ҳам лол қотди, чунки бундай “гулзор”га илк бора оралаётган эди. Аслида, кўз очиб кўрган хотини билан ҳам бунчалик очилиб-сочилиб сирлашмаган эди. Бир эшикдан кириб, бир эшикдан чиқиб юраверган экан. Умрида бирорта бегона аёл билан кўз уриштирмаган, “ишқириғи”ни ножўя ечмаган эди. Кўп нарсаларни билмас экан.
Вақт ҳам намозидигарга оғиб бормоқда. Хайр-хўшлашишнинг фурсати етди.

* * *

Маржон биринчи эри билан ўн йилдан ортиқ яшаб орттирган давлати “туғмас хотин — бедов” деган ном бўлди. Бормаган ери, бош урмаган қадамжоси, учрамаган дўхтири, йўлиқмаган табиб-таскани, кўрмаган қиссачиси, этагини ўпмаган азайимхони қолмади. Фойдаси бўлмади. “Бедов”лигича қолаверди. Эри эса битта болали хотинга уйланди. Бу хотин ҳам туғмади. Шундан сўнг Маржон эл орасида оқлангандай эди:
— Тувмас хотиндинг сийнаси билан бўксаси теп-текис бўлади.
— Маржондинг сийнаси билан бўксаси эса… Айб эрида. Мана, кўрасиз!
— Иккинчи эридан ҳам бола бўлмади-ғу?
— Қизиқмисиз, муттасил ичиб журган одамдинг пуштини арақ куйдириб жуборади. Бола бўлған тақдирдаям бутун бўлмайди: ё шол, ё гаранг бўлади.
— Шу гапингизда жон бор.

* * *

Хуллас, энди Тўланбой отага ишнинг нима билан бошланиб, нима билан якунланиши белгили бўлиб қолган эди. Фақат ошиғининг олчи ё тавка тушиши; ё чикка, ё пукка бўлиши Тошпўлат ўтоғасига боғлиқ. Ахир, бекорга айтмайдилар, ҳар ернинг тулкисини ўша ернинг тозиси овлайди, деб.
Ота хонани ичидан беркитиб олиб радионинг қулоғини буради. Машҳур хонанда ашула айтар эди:

“Бир қарашда миснинг ҳам тиллога ўхшаш ранги бор,
Миснинг баҳоси бошқа-ю, тиллонинг ўзга нархи бор…”

Сиртдан қаралса, ҳамма хотин — бир хотин. Бироқ аёллар дунёсининг ичига кириб, кўнгилларини тафтиш қилсангиз борми! Аёл зотининг аёлдан фарқи, эҳ-ҳа… Ҳофиз айтганидай, бири тилло бўлса, бири мис. Бирлари оҳу бўлса, бирлари оғу. Бири жаҳаннам бўлса, бири жаннат…
Ота юрса ҳам, турса ҳам кўнглига, кўкайига бир ёруғлик кириб келаётгандек бўлаверарди. Бир кеча туш кўрди: гўё хонадонининг чироғи пориллаб ёниб турган эмиш. Ўшандан бери отанинг суяги енгил, кўнгли равшан.
У Тошпўлат ўтоғасиникига устма-уст бораверишни эп кўрмай, тўнғич ўғлини Улуғбекка жўнатди: “Отам бир келиб кетсин деяпти, дегин, ўғлим. Жотиб кетадиган бўлиб борар экансиз, бобойнинг мазаси қочиброқ турибди…”
Отанинг оиласи сингандан буён борди-келдилари сийраклашиб қолгани сабабли ўтоға шитоб кийиниб, бўйинсасининг тўнғичи билан йўлга отланди.
Икки қадрдон тун бўйи дардлашди. Ота жўрасига бор ҳасратини тўкиб солди. Ўтоға ҳам гапни айлантириб ўтирмасдан муддаога ўтди-қўйди:
— Тўлан дейман, сиз билан биздинг ёшимизда киши танмаҳрамисиз ҳатто носқовоғиниям қўйған жойидан тополмайди. Ўғиллар ҳаракат қилмадима? Ўзингиз-чи?
— Ўғиллардан миннатдорман, айниқса, тўнғичим роса елиб-югурди. Лекин жўялиги топилмади. Биласиз, ҳазир биз дардисар бир ёшдамиз. Нари бўлиб наримас, бери бўлиб беримас. Ўзимам бекор журганим жўқ. Аммо пичоққа илинадигани рўпарў келмаяпти. Энди, гапдинг ростини айтсам, Худодан жаширмаганни бандасидан — сиздан жашириб нима қилдим. Қишлоғингиздағи ўша Маржон деган аёл менинг мўлжалимга сал туври келиб турибди. Сизди чақиришдан мақсад ҳам шу.
— Ия, унинг эри бор-ғу?!
— Эри бор аёл мардикор бозорида журама! Эрининг эрлигига қойил қолмадим.
— Бу гапингизда жон бор, жўра.
— Аввал уни сабзавот растасида сабзи-пиёз сотиб ўтирғанида кўрдим. Орадан бир-икки ҳапта ўтиб мардикор бозорида учратдим. Гапға солдим.
— Улар деҳқончилик килмасди чоғи… Эри маст-аласт журишдан бўшамайди. Илгари дурустғина жигит эди. Хотини ўлиб, уч боламинан колди. Сўнг Маржонға уйланди.
— Туври, деҳқончилик қилишмас экан. У картишка-партишкани кўтарасига олиб, майдалаб сотар экан. Ундан бир наф бўлмағач, мардикорчиликка ўтибди.
— Бўлса бордир. Мен бориб бир суриштириб кўрай-чи. Аёл кишининг мардикорчилик қилиши… Билишимча, ишди пишириб қўйған кўринасиз.
— Худо шоҳид, ундай эмас. Унинг покдомон аёллиғи шундай билиниб
турибди. Лекин эридан…
— Жахши. Мен бу ишдинг охирига жетаман.

* * *

Орадан ҳафталар ўтди.
Бир куни кечга яқин тўй-маъракаларда чойхоначилик қилиб юрадиган бола ўтоғани йўқлаб борди.
— Тошпўлат бобо, дарҳол Эсиргап акаларникига ўтинг экан. Меҳмон келибди, — деб айтиб кетди.
Эсиргаплар оиласидаги бу кунги тўпланувнинг табиати шўро давридаги райкомнинг навбатдан ташқари чақириладиган бюро мажлисига ўхшаб кетарди.
Маржон оғаларига “бир келиб кетингизлар” деган маънода хат ёзиб юборган эди. Бу хабарни эшитган ота-онаси, оғалари Жиззахнинг Қангли қишлоғидан етиб келдилар. “Бюро”ни Маржон очди:
— Азал котиблари шўрлик манглайимға ўчмас-кўчмас қилиб бебахтлик тамғасини босиб қўйған экан. Биттагина тирноққа зор бўлиб ўтиб боряпман. Оқибатда ёмонотлиқ бўлдим. Энди бу ёғига сабримам, бардошимам тугади. Сизларди чақиришимдан мақсад шу.
Эл устида юрган тўнғич оғаси синглисининг муддаосини сезиб турган бўлса-да, лекин ўзини гўлликка солиб:
— Ўзи нима гап, нима сўз? Тушунтириб сўйласанг-чи, — деди.
— Қайси бирини тушунтирай, ака? Бир тушунтириб, бир тушунтира олмай ярим умрим ўтиб бўлди. Энди бу ёғи…
Шу тобда онаизор гапга аралашди:
— Сендай бебахтни туғмай мен ўлай, қизим! Насл-насабимизда тувмас хотин деган, бедов деган тавқилаънат тамғасини олган аёлдинг ўзи бўлмаған. Ҳайронман, нима учун Худойим сени биргина тирноқдан қисиб қўйди экан?! Болам, бу элда тувмас хотин биргина сенма?.. Бой десалар бойга, хон десалар хонга муносиб қиз эдинг… Энди нима бўлғандаям жўли улуғ, жўриғи буюк куёв гапирсин. Қани, ўзи нима гап?
Бор гапни борлигича ўртага тўкиб соладиган куёв қайда дейсиз: Эсиргап елкасини қисган кўйи ўтирар, ер ўйилиб, осмон узилиб тушса ҳам гўё парво қилмас эди. Худди тўқайдан тутиб келинган товушқондай ўзи билан ўзи овора эди. У аллақачон савдойи бўлиб қолган. Унга дарёнинг у бети билан бу бети бирдай эди. Ердан садо чиқса чиқар эдики, ундан сас ҳам, садо ҳам чиқмасди.
Гап яна Маржоннинг ўзидан бўлди:
— Мен бу кишиға ҳам осон тутмайман. Бу уйга келғанимдан бери аҳвол шу. Бошда бунчалик ичмас эди, бунчалик беғам эмас эди. Яхшиғина ишлаб журарди, ўлмас бир кунимиз ўтиб туриб эди. Ойма-ой маош олиши орқага тортилаверди. Бора-бора бирваракайига тўхтади-кўйди. Сўнг ичиб кела бошлади. “Сиз”лаб сўйлайдиган оғзи “сен”га ўтди. “Ҳе-е, ўша сени туққан онангди”га ўтди. Буям етмағандай, Худонинг берған куни уриш-жанжал… Ўшандаям ғинг демадим, дод солиб, шовқин-сурон кўтармадим. Нима бўлса ичимға жутдим. Мана, қўни-қўшниларим гувоҳ.
Ён қўшниси, кўп йиллар колхозда ҳосилотлик қилган киши Маржоннинг гапларини қўллаб-қувватлади:
— Худони ўртаға қўйиб айтғанда, ҳамма гапдан хабаримиз бор. Ҳа, Маржонди Худо тирноқдан қисған. Бошқа нуқсонини билмаймиз. Бор айби — шу рўзғорди тебратиб туриши. Бозор-ўчар қилиб журишидан ҳам, мардикорлик кўчасига кирганидан ҳам бохабармиз. Бир аёл бўлса шунчалик бўлади-да! Эсиргап ҳам бинойидек жигит эди. Уйи синғандан кейин довдираб қолди. Маржонға уйлангандан сўнг рўзғори изга тушиб кетар деб эдик…
“Мардикорлик кўчасига кирган” деган гапни Маржоннинг оғаси кўтаролмади. Бу гап унга оғир ботди, синглисига ёвқараш қилди — изоҳ беришини сўради. Маржон бошидан кечирган воқеаларни бир четдан гапириб берди. Сўнг сўз навбати “бюро аъзолари”дан бири — Тошпўлат ўтоғага келди:
— Маржоннинг журиш-туришидан бир мен эмас, қишлоғимиздинг ёшу қариси миннатдор. Худо ўзи ҳар жахшини бир жеридан кам қилиб яратар экан. Биргина отбоқари ё ўтёқари (ўғил ё қиз демоқчи) бўлғанда борми, Маржон бу қишлоқдинг осмонидан учмас эди, бу ерга қўниб ҳам ўтмас эди. Билмадим, Эсиргапга нима жин урди экан, кейинги уч-тўрт жил ичида беш кишининг боши бириккан жойға боролмай қолди. Аравани тенг тортолмай қолди. Ака-укалариям ҳайрон. Улар ҳам вақти келғанда қараб турғани жўқ. Бирақ, қўлдан берғанға қуш тўймас дегандай, ҳар ким ўзидан қолмасин экан. Ўнг қўлди чап қўлға муҳтож қилмасин экан. Нима бўлғандаям, бу хонадоннинг тўзими… Нима дейишниям билмай қолдим.
“Бюро аъзолари” орасида ер ёрилиб, ерга кириб кетгудай бўлиб ўтирган Эсиргапнинг отаси бошини хам қилган кўйи тилга кирди:
— Болам шўрлик бошидан бўш бўлди. Буни одам сонига қўшиб журған — ўша олдинги келинимиз эди. Начора, куни қисқа экан. Ундан сўнг довдираброқ қолди. Бир бити кириб, бир бити чиқиб дегандай… Маржонға келсак, унинг ками жўқ. Айтиб қўйибдилар-ғу, эру хотин — қўш ҳўкиз деб. Рўзғор жукини иккаласи тенг тортмаса, ё бўйинтуруқ ишдан чиқади, ё ҳўкиз ўлади. Маржон бу оиланинг тўзиб-тугамаслиги учун узини ўтғаям, чўққаям урди. Энди бу ёғига кўпчилик нима деса шу.
Маржон ҳали-ҳамон асосий гапни айтолмай ўтирган эди. Энди айтишнинг хонаси келди:
— Худойликди айтғанда, бу уйға менинг қадамим ёқмағанға ўхшайди. Қўлимдан келған хизматимди қилдим. Бу ёғига тоқатим тугаб бўлди. Туври, амал-тақал қилиб кун ўтказса бўлади. Аммо хўжайиним аллақачон мени уч талоқ қилиб бўлған. Жавобимни берған. Энди бу уйда туришимам, тирикчилигимам ҳаром. Бу ганди ичимға жутиб журиб эдим. Бугун айтмасам бўлмайди шекилли. Кўрган яхши-ёмон кунларимиздинг ҳурмати, манови кишини бир уйда ёлғиз ташлаб кетишни итлик деб билдим — деб Эсиргапга ишора қилди. — Ахир, ит ҳеч қачон эгасини ташлаб кетмайди-ғу. Энди, мана, сизлар гувоҳ, бу уйда ортиқча туришим шариатгаям, шармгаям туври келмайди.
“Уч талоқ” дарагини эшитган “бюро аъзолари” бу рўзғорнинг туга битганини ич-ичидан ҳис этиб, ноқулай аҳволга тушди. Маржон учун хижолатли томони бу даврада Тошпўлат ўтоғанинг ўтиргани эди.
“Бюро мажлиси” поёнига етди. Маржоннинг қариндошлари шу оқшомдаёқ бу бебахт жигаргўшаларининг кўч-кўронини бир машинага босиб уйларига жўнади. Маржон ҳам йиғлай-йиғлай машинага чиқди.
Орадан бирмунча вақт ўтиб, туғишганлари Эсиргапни савдойилар даволанадиган шифохонага жойлаштирди. Шундан сўнг Улуғбекда яшайдиган ёшу кексанинг тилида Эсиргап оиласининг баланд-пасти “дўмбира” бўла бошлади:
— Хотин бўлса, Маржондай бўлса қани эди! Ақлу хушдан, буй-бастдан, муомаладан ками жўқ эди. Инсоф билан айтғанда, у шўрлик одамига тушмади. Энди учди-кетди.
— Шундай аёлни мардикор бозорига чиқариб қўйған одам хор бўлсин-а! Садқаи хотин кет-а, сингилғар!
— Ўша ўттизинчи жилларни сизлар билмайсизлар. У жиллари давлатдинг одамларға ёрдам бериш у ёқда турсин, кулбасидаги қора чироғигача жийиштириб олиб қўйған эди. Энди мол-мулк ўртада бўлади, каллективники бўлади, деб. Ҳазир давлатимиз мол десанг мол жер десанг жер, пул десанг пул буни ссўда дейма, киридит дейма, билмадим бериб турса. Бой бўл деб турса. Савдогарчилик қўлингдан келса, буни қил деб турса. Тағин нима керак? Шунча имкониятлардан кейин ҳам дод деган одам, билмадим, қандай одам! Азал-азалдан, ҳатто паиғамбаримиз давридаям подшолик фақат майиб-мажруҳларға, кимсасиз қарияларға ёрдам бериб келған. Тўрт мучаси соғ одам, марҳамат қилиб, аравасини тортсин. Мен фақат Эсиргап туврисида гапиражатғаним жўқ. Ҳазирам пана-панада, давраларда давлатдан нолийдиған ношукр, бебарор кишилар туврисида гапиражатипман.
— Гапдинг ўғилболасини айтдингиз! Маржон қўлидан келғанча қора қозонини қайнатиб туриш учун уриниб-суринди. Эсиз хотин, эсиз одам! Ҳамма ишларидан хабарим бор. Кошки эди, ҳамма аёлларам ўшандай бўлса. Манаман деган уйдинг чироғини пориллатиб жоғиб турадиган, қулди бек қиладиған аёл эди. Эсиз. Бирники мингга, мингники туманга деб шуни айтади. Эсиргап биргина ўзини жомонотлиқ қилмади. Ҳаммамизга иснод келтирди, …фуруш!
— Эсиргапдан нолиб бўлармиди! Бошдаям гўр эмас эди. Бунинг устига, касалманд бўлиб қолди. У эмас-бу эмас, ўртада Маржондинг бахти боғланди. Дод деб кетди шўрлик…

* * *

Тошпўлат ўтоға ғиштнинг қолипдан бунчалик енгил кўчишини ўйлаб ҳам, бўйлаб ҳам кўрмаган эди. Энди ҳамма гап Маржоннинг туққан-туғишганларида, кўпроқ оғаларида қолган эди.
У эртаси куни кечга томон Тўланбой отаникига ови ўнгидан келган овчидай хурсанд бўлиб борди. Икки узанги-йўлдош ёнбошлаб олиб, ётиб олиб гаплашдилар.
— Тўлан дейман, энди бундан бу ёғига сени яна сенсирайман, чидасанг шу, жўра… Овинг бароридан келадиғанға ўхшайди. Жиззахдинг Ёйилма сайҳонидаги Қангли қишлоғини биласанма?
— Нимайди?
— Сен мўлжалға олған қуш ўша томонга учиб кетди.
— Бу нима деганинг? Тушунтириб гапир.
Ўтоға бўлиб ўтган воқеани бир бошдан айтиб берди.
— Қангли қишлоғини нега билмас эканман? Керак бўлса, улар билан азал-азалдан сирдош бўла келғанмиз, пирдош бўла келғанмиз.
— Келған бўлсаларинг, келғандирсиз. Бирақ, Маржондинг ота-онаси, оғалари сенга кўнармикан? Энди ўртаға баобрўй бир кишини қўйишга туври келади.
— Амалдор десанг амалдоридан, оқсоқол десанг оқсоқолидан топамиз. Барибир ҳамма ишдинг бошида ўзинг турасан. Ўзингни у ёқ-бу ёққа ташлама.
— Бўпти. Гап сенинг қилар сарупонгда.
— Сарупо сендан айлансин! Сарупоям гап эканма, от миндираман, от. Зарбоф тўн кийдираман!
— Ҳай, билмадим-ов. Кошки эди гапингда турсанг.
Энди элда эътиборли, анов-манов деган одам гапини қайтара олмайди ган бир кишини топиш керак эди. Ундан ташқари, Тўланбой отанинг уй ичидагилар бу гапни қабул қиладиларми-йўқми, бу энг асосий масалалардан бири.
— Тўлан дейман, биз ҳали осмонда журибмиз, ерга тушганимиз жўқ. Оилангдинг паст-баландини мен яхши билмайман. Уйдагиларинг — ўғил-қизларинг нима дейди?
— Туври айтасан. Биргина кенжа қизим шу ҳақда гап очилса, бошдан қаршилик кўрсатиб келади. Энамнинг тўшагини ёт аёлга бермаймиз, дейди. Отам ҳам қизиқ, ёши ўтиб қолғаниға қарамай уйлангудек жўни бор, деб хуноб бўлади. Отамдинг феъл-атворига унча-мунча хотин дош беролмайди, дейди. Акалари туртибам, суртибам кўрди. Барибир кўнмади.
— Ҳа, ўзи шундай бўлади. Қиз халқи энасининг босган изиниям бегона хотинга раво кўрмайди. Энг муҳими — ўғилларинг бир ёқадан бош чиқарса, бас.
— Ўғилларимдан миннатдорман. Эналарининг жили ўтиши биланоқ менга мўмин-қобилгина бир аёл излашга тушган. Шу пайтгача чамага туври келадигани топилмай келар эди.
— Жошлигини ҳисобга олмағанда, Маржон сенбоп аёл. Гап энди уни, туққан-туғишганларини кўндиришда қолди.
— Кўнади. Буни кўнглим сезиб турибди. Энди битта баобрўй киши билан остонасига бош уриб боришинг керак, вассалом.
— Хўп дедим-ғу, жўра.

* * *

Кўпда Хизр бор деган гап — гап. Маржон афтода, абгор бўлиб отасиникига боргандан сўнг совчи дегани ёпирилиб кела бошлади. Совчи юборувчиларнинг деярли ҳаммаси куйган қуллардан — бирининг хотини ўлган, бири хотин қўйган, бирлари тирноққа зор, бирлари эса боладан безор. Бироқ, совчиларнинг бари бўри эмас, тулки бўлиб қайтмоқда эди. Ҳаммасига рад жавоби бериларди. Маржоннинг жавоби шундай бўларди: “Мен калиш эдимми, тўғри келган киши кийиб кетаверадиган! Қолаверса, эрга тегиб ҳам бўлдим, эрдан чиқиб ҳам бўлдим. Эрсиз хотинни ер кўтармас эканми? Эл ер устида юрса, мен шу кезгача ер тагида яшаб келдим…”
Маржоннинг энаси Жиззах билан Зомин обравида тилга тушган чеварлардан эди. У гилам, зулқурс, олача тўқишнинг пири. Маржоннинг бўй етган қизга ўхшаб ўзини тошойнага солиб-тошойнадан оладиган вақтлари ўтиб кетган. Энди энасининг касбини, чиққан қиз чийдан ташқари дегандай, илгарироқ ўрганмаганига ўкинади. Начора, ҳеч бўлмагандан кўра кеч бўлгани яхши. Боз устига, бекорчидан Худо безор деб қўйибдилар. Бекор ўтираверса, чечалари билан келинлари ўртасида ҳам иззат-ҳурмати тўкилиши мумкин. Чиллали боланинг жойи бошқа деган гап бехуда айтилмаган. Меҳнат — ўтдан иссиқ. У энасининг касбини ўрганишга қасд қилди. Ишни жун савашдан, урчиқ йигиришдан бошлади. Ҳафта-ўн кун орасида жунга ишлов беришни, калава бўяшни, ўрмак тўкишни ўрганиб-ўзлаштириб олди. Зулбароқ тўқишга ўтишдан аввал олача тўқишнинг ҳавосини олди. Машаққатлардан қочмади. Ўрмакни қандай қуришни, дастгоҳларни қандай тайёрлашни, кўтаргини кузивига қандай бирлаштиришни, серувига ипни қандай ўрашни, адарғини қай йўсинда ўрнатишни, қилични қандай қоқишни, силташни, қозиқларни қандай уриб, оёқларини қандай тиклашни, ниҳоят, адарғини қай тартибда тортиб боришни — ҳамма-ҳаммасини миридан-сиригача мукаммал эгаллади. Жунни қандай саваб, ундан патти витни қандай ажратишни, жун билан пахтани саваш ўртасида фарқ борлигини ҳам биладиган бўлди. Эриш билан арқоқни қандай йигиришнинг машқини олди. Энасининг кўз ўнгида ўрмакни ўрнатишни, тўқишни кўрсатиб бир неча бора кўрик-синовдан ўтди. Сўнг энасидан оқ фотиҳа олди. Ирим учун унга оқлик совға қилди. Шу тариқа чевар деган унвонли ҳам бўлди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у гилам-зулбароқнинг турли-туман хилларини — қозоқи, араби, қашқари, эрони, афғониларини маромига етказиб тўқишга киришди. Бир ой деганда битта гиламни қўлдан чиқарадиган бўлди. Битта гилам фалон пул! Меҳнатни, сарф-харажатни ҳисобга олмаганда, бир зулбароқдан каттагина рўзғорни бемалол бир ой тебратгулик нон қолади. Қолганда ҳам она сутидай ҳалол нон!
Маржоннинг ишини Худо ўнглади. Энг муҳими — уйдагиларга “ортиқчалиги” сезилмасди. Беҳуда гап-сўзларга ҳам ўрин қолмади.
Совчиларнинг эса кети узилмасди. Баъзан энаси уни йўлга солмоқчи бўларди:
— Энанг айлансин, у куни келған кишилар ёмон жердан эмасди. Отангдинг ҳам ўшаларға раъйи бордай, чоғи.
— Эна дейман, менинг журиш-туришим сизларға малол келяптима? Номус қиляпсизларма? Ё сизларга насоқ келтиряпманма?
— Вой ўлайин, ундай дема! Қурсоғимга сиққан бола қавмимизга сиғмас эканма? Ҳавлимизга сиғмас эканма? Лекин ҳалиям бир жигитдинг рўзғорини гуллатадиған жўнинг бор, жўянг бор, қизим. Биз сенинг бахтли-тахтли бўлишингди ўйлаймиз, энанг ўргилгур!
— Энажон, ўзимди сал-пал ўнглаб олай. Кейин бир гап бўлар… Ҳа, айтгандай, акамлар нима дейишяпти?
— Улар биз, чол-кампирдан ўтиб нимаям дейишсин?
— Агар бу журишим уларға малол келаётган бўлса, майли, ўтға ташласаларинг ҳам, ўчоққа отсаларинг ҳам — розиман!
— Ундай дема, айланай, ундай дема. Нима, сен ёмон ном чиқарибсанма?! Ножўя қадам қўйибсанма? Фақат бахтинг очилмади-да, қизим.

Маржон аста-секин ўзини ўнглаб олди: юзларига қон югурди, очилиб-тўлишди. Қангли қишлоғининг қирчиллама йигитлари ҳам унга суқланиб қарайдиган бўлди.
Тўланбой “акаси”нинг эса ўй-хаёли Жиззах томонларда эди. Ниҳоят, совчи бўлиб борадиган баобрўй одам ҳам топилди. Топган одамлари Катта хирмон”да туғилиб, шу ерда ўсиб, тамоми “хонакилашиб” кетган Аҳмад абзий эди.
Кечки мол қайтар чоғи сирдарёликлар Маржонларнинг уйини сўраб-суриштириб, топиб бордилар. Мезбонлар меҳмонларни сийи-сифати билан кутиб ҳам олдилар.
Маржон келган меҳмонлардан бирини — Тошпўлат ўтоғани таниб, буларнинг бекорга келмаганини сезган бўлса-да, ўзини билмасликка солиб, юмуши билан овора бўлди.
Меҳмонларга дастурхон ёзилди. Бошда гаплари кўпам қовушавермади. Аҳмад абзийни ҳамқишлоқлари Аҳмад Дониш дерди. Усиз даврага жон кирмас, ҳангома қизимас, гап-гаштаклар ўт олмас эди. У давранинг таъби-табиатига қараб дарҳол жиловни ўз қўлига оларди. Мана, ҳозир ҳам гаплар қовушавермагач, Аҳмад абзий латифа бошлади. Латифадан сўнг ўнғайсизлик барҳам топди. Роса кулишди. Энди гаплари ҳам гапларига қовуша тушди. Совчиликдан, қулчиликдан сўз очилди. Одам Ато билан Момо Ҳавводан гурунг кетди… Ахийри бир тўхтамга келинди. Яна бир айланиб, орадан ой ўтказиб келингизлар, деган жавоб олинди.
Яхши гап — яхши, хайрли иш — хайрли. Бу одамларнинг яхши ниятда келгани Маржоннинг туғишганлари томонидангина эмас, тутинганлари, қўни-қўшнилари ўртасида хам хушхабардек қабул қилинди. Хонадон эгалари нинг юз-кўзларидан, кутиб-кузатишларидан ҳам розилик аломати сезилиб турарди.
Тўланбой ота совчиларнинг “бўри” бўлиб қайтишини кўзлари тўрт булиб кутмоқда эди. Ўғил-қизларининг, келин-куёвларининг, қолаверса, айрим оғзи ботир узанги-йўлдошларининг олдида ўсал бўлиб қолишини ўйласа, дили-дунёси хуфтон бўлиб кетарди…
Кун намози шомга дахлдор бўлар-бўлмас совчилар “ассалому алайкум”нинг каштасини келиштириб кириб келдилар. Дастурхон ёзилар-ёзилмас, ботирнинг найзаси тегсин-да синсин дегандай, ишнинг енгил кўчиб, ўнгидан келганини айта солдилар. Албатта, хушхабарни эшитган Тўланбой ота ўзини қўярга жой тополмас эди.

* * *

Довруғи етти иқлимга етган тўй бўлди. Тўланбой ота худди қирчиллама йигитдек чимилдиққа кирди, худди ўн саккиз яшар қиздек ҳуркибгина турган Маржонни даст кўтариб қирқ қаватли кўрпа, кўрпа эмас, тахтиравонга оҳиста қўйди. Кайвони янгалар қий-чув кўтаришиб, чироқни ўчириб ташқарига чиқиб кетишди.
Тўланбой гўё йигирма яшар йигит эди, Маржон эса онаси ўпмаган қиз эди. Тўланбой Отабек, Маржон Кумушбиби: “Сиз ўшами?” дейди кўзларига ишонмай. “Ҳа, мен ўша”, дейди Тўланбой… У Фузулийдан ғазал ўқийди; ғазалхонлик билан тонглар отиб кетади, кунлар ботиб кетади… Тунлар кунларга уланади, кунлар эса ойларга. Маржон ойдай тўлишади ва ой-куни яқинлашиб, қўчқордек ўғил кўради. Яна Тўланбой отанинг узанги-йўлдошлари бу хонадонга тўпланади. Тошпўлат ўтоға совчилик сарупоси деб берилган саман отини миниб келади, Аҳмад Дониш эса зарбоф тўнга бурканиб келади. Чақалоққа исм танлаш маросими расмона баҳс-мунозарага айланиб кетади. Бири “Етмишбой бўлсин” деб таклиф қилади, бошқаси “Тавсан бўлсин, Тўландан кейин Тавсан келади”, дейди. Жўяли таклифни Тўланбой отанинг ўзи айтади: “Бозургон Тўра бўлади”, дейди.
Шундай қилиб, фарзанднинг исми Бозургон Тўра бўлади. Бозургон Тўранинг қадами қутлуғ келади: ота-онасининг ишлари бароридан келиб, хонадон қут-баракага тўлади. У тўрт ёшга ўтган кезларда Тўланбой отанинг деҳқон-фермер хўжалиги мисли кўрилмаган даражада мўл-кўл ҳосил кўтаради, даромадни ҳисоблаб ҳисобдан адашадилар. Охири тўнғич ўғилнинг таклифи бўйича Тўланбой ота ян-янги “Мерседес” харид қилади. Бозургон Тўра мошинага “Ду-дут” деб ном қўйиб олади. Кунда-кун ора “Ду-дут”га минаман, деб хархаша бошлайди, ота кенжатойини орқа ўриндиққа ўтқазса кўнмайди, у киши албатта олдинда ўтириши керак. “Ҳа, майли, мелиса учраса, ўзингиз жавоб берасиз”, дейди ота. Зомину Жиззах томонларни сайр этиб қайтадилар…
Ота-болани кузатиб колган Маржоннинг кўзларидан шашқатор ёшлар оқади. “Биру борим, яратганингга шукр, — дейди пичирлаб. — Бебаҳо неъматингни дариғ тутмаганиигга шукр…” Ўтган умри қўрқинчли туш каби лоп этиб кўз ўнгидан ўтади. Ўтадию ёруғ кунлар бор дунёсини қоплаб олади. Яратган Эгамга қайта-қайта шукроналар айтади, шукрона айтиб чарчамайди…

* * *

Мана, биродарлар, камина қулингиз гувоҳ бўлган воқеа шундай. Бу тўқима ҳам, чўқима ҳам эмас, ўсма-сурмаси ҳам йўқ… Аслида, ҳаётнинг ўзи мўъжиза. Мўъжиза бағрида миттигина афсонанинг рўёбга чиқиши мумкин эмасми? Ёки афсонага гумонингиз борми?..

“Тафаккур” журнали, 2005 йил, 1-сон