Тут шохлари чирсиллаб ёниб, қуюқ қора тутун тун қўйнига сингийди, узоқ-узоқлардан гоҳо отнинг пишқириб кишнагани, гоҳо қўй-қўзиларнинг маъраши қулоққа чалинади, ёнгинангизда чирилдоқлар чириллаб, ёшлик паллаларини, ажиб туйғуларни, иссиқ ёз оқшомларини ёдга солади. Бундай пайтларда одам дегани ҳардамхаёл бўлиб, ўтган завқли дамларини қумсайди..
Адабиёт ўқитувчиси Пардаев тамаки тутатаётган шериги Содиқ атторнинг чўтир юзида лоп-лоп ўйнаётган олов шуъласига боқаркан, шу дамда ҳамиша қалампирнусха дўппи кийиб юрадиган ғўндалак Камтар Камоловни эслади. Ўшанда ҳам, яъни ўша ёз оқшомида ҳам худди шундай тутун ёнида, фақат унда чойхонада, кабобпаздан ўн қадамча берида мана шу Содиқ аттор билан суҳбатлашиб ўтирганди: ўшанда ҳам от кишнаши эшитилган, чирилдоқлар қулоқни қоматга келтириб, ёшлигидаги ёз палласини ёдга солганди. Дили табиатга яқин киши эмасми, ўтган йили қўшниси дарё бўйидаги ҳовлисини сотаманга тушганда, дарҳол харидор бўлиб, қарз-ҳавола қилиб, мўлгина жойни қўлга киритди. Ўн беш сотихли қулинг ўргилсин ер: олмазор-у шафтолизор, икки хонали уйча, бир айвон, яна нима керак?! Дарсдан чиқиб, туғри шу ёққа келади. Замон экан, ҳаво телефони ҳам бор, ўйлаб топганнинг отасига раҳмат, уйга қўнғироқ қилиб, ҳовлига ўтяпман деса, бас, хотини ё қизи бирор егулик тайёрлаб келади. Дўст-ёрлари ҳам келиб-кетиб туришади. “Ҳорманг” дейишиб. Шу баҳона ўзи ҳам кўнгил ёзади, дам олади. Бугун Содиқ аттор келди. Яхши одам. Дўконда газета сотади. Чекишини ҳисобга олмаганда, бошқа зарарли одати йўқ. Суҳбатни ҳам қийиворади, тағин кайфиятингга караб гапиради, мабодо суҳбат жонингга теккани кўрса, хайрни насия қилганча жўнаб қолади.
Гуррос шамол эсди. Содиқ аттор қўлидаги тамакисини оловга ташлади:
— Шу қурғурдан қутуламан деб сира уддасидан чиқолмаяпман!
Пардаев йўлига гапиргандек деди:
— Сизда ирода кучли, албатта ташлаб юборасиз! — деди.
— Болтаев ҳам шунақа деди.
— Болтаев билан кўришдингизми?
— Нимайди?
— Ҳалиям мени ёмон одам деб юрибдими?!
Содиқ атторнинг қорамағиз юзини олов қизил тиллари билан ёлқинлантирди.
— Тавбасига таянибди! Уйи куйгандан сўнг… дедики, мен шу одамнинг дилини оғришига сабабчи бўлдим. Хонавайрон бўлганим ҳам шундан, деди.
— Шунақа дедими?
— Шунақа деди! — Содиқ аттор шеригининг ғамгин тортган нигоҳига қаради. — Аслида нима бўлган эди?
Болтаев ҳам она тили муаллими эди. Сал пулга ўчрок эмасми, ҳидини олдими, дарсни ҳам ташлаб кетар, “Пардаев, бизнинг дарсни ҳам эплаб туринг!” деб илтимос қилар ва бу илтимосларнинг сира кети узилмасди. Болтаев мактабни ташлаб, ўзини бозорга урди. “Замон ўзгарди, одам ҳам ўзгариши керак, удда қилинг, топиб енг” дейдиган бўлиб қолди. Хотинини ҳам боғчадан олиб, бозорга қўйди. Ўғлига бир дўкон очиб берди. Сал ўтмай данғиллама уй қурди, орадан бир йил ўтиб, машина олди.
Пардаев ундан қутулганига шукр қилди, аммо унинг кундан-кунга кучайиб бораётганини кўриб, “тавба, худо бераман” деса, ҳеч гап эмас экан-да, дея гоҳо ҳасад ҳам қилди. Одамнинг ичида ҳасад яшайди, сал эрк берсанг юрагингни чайнаб ташлайди. Назарида, у ҳаммадан орқада қолаётгандек эди. Ҳақиқатан ҳам у “ортда қолмоқда” эди.
Пардаевга ўхшаганлар ойлик билан қўл учида тирикчилик қилишар, Болтаевнинг тили билан айтганда, “ўзи билан ўзи ” бўлиб қолгандек эди. Ана шундай пайтларда Пардаев тутақиб кетар, аммо ғазабини ичига ютарди. Бир гал Болтаев уни уйига чақирди. Эски қадрдон бир йўқлабди, деб қош қоқмай борди. Уникига бу яқин орада келмаган эди. Баланд қўнғир дарвоза, мармар девор, остонага қора мармар терилган. Шуниси ўтирмабди, ҳеч замонда остонага ҳам қора мармар ётқизадиларми? Остона — пок жой, унга фақат оқлик ярашади. У ичкари кирди. Қўғирчоқдек ҳовли. Мармар йўлак тўрдаги икки қаватли данғиллама уйга олиб боради. Болтаев зинада экан, уни кўриб, шошилмай шиппагини кийди ва худди ўшандай шошилмай пастга тушиб, Пардаевнинг етиб келишини кутиб турди. Бирор амалдор бўлганда чопиб келарди. У ким бўлибди, нари борса, бир муаллим-да. Пардаев ичидан зил кетиб, ўсал бўлган бўлса-да, синиқ ҳолатини сездирмасликка ҳаракат қилиб, ошнаси билан илиқ сўрашган бўлди. Сўнгра унга бошдан-оёқ разм солди ва менсимай қўл узатди:
— Ошна, яхшимисиз? Қани, оёқни ечинг, киринг! Мана, бу ерда умивалник, қўл ювиб олишингиз мумкин.
Эски ошнаси бу гапни тўғри маънода айтгандир, аммо “умивалник”ни кўрсатгани унга чинакамига алам қилди. Нима, у бирор марта қўл ювмаган эдими?
Пардаев қўлини илиққина сувда эмас, керосинда ювгандек, ғижиниб чайди ва беҳудага келибман, деб яна ўкинди. Ичкари кирдилар: узун коридор, ерга қизгиш гилам солинган. Тиллоранг деразали тўқ жигарранг ялтироқ эшикдан кенг залга ўтдилар. Тўрда катта экранли телевизор, шиша тагкурсида бир эмас, иккита радиокарнай. Шифтда тиллоранг қандил. Ўртада жигарранг стол ва стуллар. Пардаевга бир нима етишмагандай кўринди. Олифталик бор, лекин файз йўқ. Етишмаган нарса — шу! У зарҳошияли стулларда ўтирган икки меҳмонга салом берди. Меҳмонлардан бири, тепакал, семиз юз нотаниш киши, эгнига сўнгги моддадаги йўл-йўл кўйлак кийган. Иккинчиси, қорни семиз раис, собиқ хужаликнинг собиқ раиси, лақаби ҳам раис. Пардаев улар билан қўл олиб кўришгач, тилло ҳошияли юмшоқ ўриндиққа оғир чўкди, гўё тиконнинг устига ўтиргандек ич-ичидан оғринди. Болтаев беҳудага чақирмаганини сезиб, келмасам бўларкан, дея пушаймон қилди. Алам қилган жойи, уларнинг иккиси хам уни менсимай совуқ қарши олди, семиз юзнинг кўз қараши ёқмади, раис эса мийиғида тиржайганча қўл узатди. «Пардаев сиз ҳам бормисиз?» дегандек эди назарида. Раиснинг ўғли енгил машинада келади, дарё кўзига ёмон кўринади. Қайси куни яхшилаб тергаган эди, эртаси дарёга келмади. Ўшандан буён қорасини кўрсатмайди. Балки ҳозир шуни муҳокама қилгани чақиргандир.
Стол усти ноз-неъматга тўла: африка бананидан тортиб, эрон хандон писта, олмасигача бор. Пардаев бурнини жийирди. Одамлар қалбакиликка кўникиб боришяпи: эрон олмасининг ҳам, хандон пистасининг ҳам таъми йўқ, барибир ўзимизникига етмайди. У Самарқанд нонларига кўз тикди, бунисига гап йўқ.
Болтаев унинг олдига пахта гулли тақсимча, тилло санчқи қўяркан:
— Қани, олинг, одамнинг яхшиси! — деди ярим ҳазил, мулойим оҳангда ва меҳмонга ишора қилиб, уни таништирди. — Бу киши танишимиз Манноп ака, катта бизнесмен, Малайзияда ҳам дўконлари бор. Семиз юз маънодор жилмайиб, бош ирғади. Болтаев Пардаевнинг олдидаги биллур қадаҳни олиб, «Подшоҳ» виносидан тўлатди-да, унинг олдига қўйди:
— Олинг, ошна! — У раисга ялтоқланиб қаради. — Қани, раис ака, бир ширин қилиб беринг!
Раис қадаҳни кўтариб, узоқ сўз айтди: аввал меҳмонни хўб ўхшатиб мақтади, унинг Тошкентда бир эмас, иккита данғиллама ҳовлиси борлигини, у бир ҳафта меҳмон бўлиб, француз лифтида чиқиб-тушганини, учинчи қаватда сауна қилиб, бильярд ўйнаганини ҳам завқ билан гапирди.
Пардаев ўзининг сувоқлари тушган кўримсиз уйини, тоб ташлаган деразаларини кўз олдига келтирди-ю, уялгандек бўйнини қисди. Бизникини кўрса, товуқ катак деб кулади шекилли!
Раис гапини тугатгач, «Қани, сиздан бўлсин!» дея меҳмоннинг оғзига тикилди. Манноп ака кувача лабларини чўччайтириб, бир ҳўплам олди:
— Жигарнинг мазаси йўқ! — деди кейин юзини буриштириб, — дўхтирлар ичманг, фақат суюқ овқат ичиб юринг, дейишган. Ҳамма нарса бор-у, соғлиқ йўқ, давления ҳам бошга уриб турибди.
Раис бир кўтаришда қадаҳни бўшатди:
— Дўхтирлар ғирт ваҳимачи бўлишади, — у тилло санчқига бир бўлак бананни илиб олди, — Мана, бизди буйракда ҳам тош бор. Бир табибга учровдим, тушириб юбораман деяпти, дўхтирлар эса операция қилмаса бўлмайди, дейди.
Болтаев унинг гапини илиб кетди:
— Дўхтирлар ваҳима қилиб турмаса, мулла жирингни ким беради уларга!
Қаҳ-қаҳ кулишди.
Пардаев бошини, белини ушлади, худога шукр, соппа-соғ, тўрт мучаси жойида.
Манноп ака кўк чой сўради:
— Бизди хотиннинг ҳам давленияси бор… Кўк чой яхши-да, одамни ёзади… Қайси куни икки юзга чиқиб кетди, денг. Ўлиб қоладими, деб қўрққан эдим, йўқ, ҳар тугул туриб кетди.
Пардаев боғчада ошпаз бўлиб ишлайдиган ориқ, лекин чаққон, уддабуррон хотинини, тикувчилик қилаётган суқсурдай қизини кўз олдига келтирди: иккиси ҳам соғлом, кўз тегмасин, ҳали бирор марта бирор жойим оғрияпти, деб шикоят қилишмаган, шикоят қилишмасин ҳам.
Болтаев қадаҳларни тўлдирди.
Манноп ака Пардаевга ғалати боқди:
— Олмаяпсиз, маълим?
— Ман ичмайман, жаноблар! — жавоб қилди у шартакилик билан.
— Яхши одам бир хўп, бир хўп олиб туради-да! Пардаев чаён чаққандек, оғир тўлғанди:
— Шуни ичиб яхши бўлгандан кўра, ёмон одам бўлиб юрганим яхши. Болтаев гапни ҳазилга бурди:
— Ошнам ёмон одам, Манноп ака, ичмайдилар, чекмайдилар… юрмайдилар…Ҳе-ҳе…
Раис пиқ кулди, Манноп ака эса семиз қорнини силкитиб-силкитиб ҳиринглаганча:
— Одамнинг яхшиси деб беҳудага айтишмас экан! — деди оппоқ рўмолча билан кўзларини аритиб. Унинг бу гапида пичинг ҳам, ғараз ҳам, истеҳзо ҳам қоришган эди. Тиржайганча раисга қараркан, давом этди:
— Битта тарихчи ошнам бор, жуда билимдон, ўша айтиб берганди. Қадим замонда сарой хизматкорларига сиздай кишиларни олишаркан! Ҳе-ҳе…
Пардаев унинг пичингини тушунди. Қадимда сарой хизматкорларини бичиб қўйишганини ўзи ҳам билади. Кимсан Пардаевни-я! Шу раиси ҳам унинг қўлида ўқиган.
Болтаев вазиятни юмшатиш учун яна орага суқилди.
— Ошнам, ҳақиқатан ҳам одамнинг яхшиси, Манноп ака! — деди беғараз оҳангда, “одамнинг яхшиси” дея қайта таъкидлаши ҳеч кимнинг кўнглига ботмади, ҳатто Пардаевнинг ўзига ҳам. — Хуллас, бизнинг бивший партнер — жаноб Пардаев одамнинг шундай яхшисики, ҳатто яхши ўқисин деб раиснинг ўғлини ҳам қийнаб турадилар.
Манноп аканинг дўрдоқ лаблари қийшайиб, тилло тишлари хира тортди:
— Кўрпага қараб оёқ узатинг-да, ўртоқ Пардаев! Болани қийнашнинг кераги йўқ: сиз беш қўйдингиз нима-ю, икки қўйдингиз нима, ҳозир бунинг аҳамияти борми?.. Ҳечам-да, ҳозир ҳамма масалани “кўки” ҳал қилади. Мана, бизди ўғил институтни битирди, тагида машина, бир корхона бошлиғи, умрим бўйи китоб ушлаганини кўрган эмасман!
— Унинг бирор касали йўқми? — сўради Пардаев хиёл кулимсираб. Манноп ака бундай очиқ саволни кутмаган эди, юзи қизариб, кўзи хотинларникидек беўхшов жилпинглади.
— Йўқ, касал эмас, лекин эрка ўстирганим рост, уйланмайман, деб қийнаб юрибди! — деди сувдан қуруқ чиқиш учун.
Раис унга қовогини уйди:
— Домла, ҳамма тан олади, ҳақиқатан сиз одамнинг яхшисисиз! Келинг, ўзингизни ҳам қийнаманг, бизни ҳам. Дарё бўйидаги ҳовлингизни Манноп акага сотинг, хоҳласангиз, битта қора “мерс” сизники! Кеча жойингизни кўрган эдик, меҳмон акамизга ёқиб қолибди. Дача қиламан, деяптилар!
Пардаевнинг кўз ўнгида раис билан Болтаевнинг ниқоби йиртилди. Шунинг учун чақиришган экан-да! Мақсадни қаранг! Келиб-келиб, шу бир парча ер уларнинг кўзига тушибдими?
Болтаев унинг елкасини силади:
— Йўқ, деманг, ошна! Бу ҳам бир келган бахт! Шу баҳона янгамга, қизингизга янги иш топилиб, қўйнингиз мулла жирингга тўлиб қолса…
Пардаевнинг қовоқ-тумшуғи осилди, ўтирган жойида ўзини омонат сезди.
— Отам ҳеч қачон ер сотма, деганлар! — деди у вазмин, аммо бироз титроқли овозда, — Мен омонатга хиёнат қилолмайман!
Манноп ака қорнини силкитиб хихилади:
— Малим, билсайиз, биз шу баҳона сизга ёрдам бермоқчимиз, қачонгача судралиб юрасиз, орқа тоғингиз бўлсак ёмонми?
— Мани орқа тоғим сизлардан юз баробар одил ва юз баробар зўр!
Раис бу гапга кулимсираб беихтиёр кекириб юборди.
— Билмаган эканман! Ўшанинг учун бизди тойчоқни қийнар экансиз-да!
Пардаев аланга олди:
— Сизнинг тойчоғингиз масаласига келсак, унга биз тўғри йўлни кўрсатишимиз керак, сизга ўхшаганлар, жаноб раис, ёш болаларни бузаяпсизлар. Ким қўйибди ўқувчига машина минишни. Аввал у оқ-қорани танисин, пул топишнинг қадрига етсин!
Раис зарда билан қўлидаги қадаҳни тўнтарди:
—Ўғлимнинг сизга оғирлиги тушаётгани йўқ.
— Тўғри, оғирлиги тушаётгани йўқ! — деди Пардаев самимий оҳангда қизишмасдан. — Лекин болалар учун биз масъулмиз. Эртамиз шуларга боғлиқ экан, мен ҳеч қачон ўз йўлимдан чекинмайман. Шу касб эгасиман, шу касбни ардоқлайман, вазифамни ҳалол адо этаман. Худога шукр, топганим етиб турибди, камчил жойим йўқ!
— Бу одам қип-қизил девона экан-ку! — деди Манноп ака жиғибийрон бўлиб. — Э, намунча осмондан келмасанг!
Даврага гўё бир совуқ оқим ёпирилиб кирди. Манноп аканинг ўзи ҳам, раис ҳам, ҳатто Пардаев ҳам аллақандай жунжиккандек, бўйинларини ичига тортиб, сўроқдек букчайишди.
Пардаев қўлини фотиҳага очди:
— Омин, берган тузларингга рози бўлинглар! Яхши кунларда учрашайлик!
Болтаев ҳай-ҳайлаганча ўрнидан қўзгалди:
— Яхши иш қилмадингиз, ошна!
Пардаев унга қўлини узатди:
— Биз бошқа-бошқа одамлармиз, жаноб Болтаев, сиз ўзга йўлни танлабсиз, омадингизни берсин!
* * *
Пардаев ҳикоясини тугатиб, билинар-билинмас хўрсинди.
— Кўнгил — худонинг уйи, одам жудаям оғринмаслиги керак экан, деб ўйлайман. Манноп ака йўлда аварияга учраб оламдан ўтди, раис касалхонада ётибди. Болтаев ундан эллик минг кўкидан қарз олган экан, уйи билан ёниб кетди. Юраги ёмон бўлиб, у ҳам касалхонада.
Содиқ аттор:
— Бераридан қўймасин! —деди.
Дарвоза очилиб, Пардаевнинг хотини билан қизи кирди. Хотинининг қўлида термос, катта оқ тугун, қизининг қўлида ола тарвуз.
Хотини чувак юз, истараси иссиқ аёл салом бериб, тугунни тахта каравот устига қўйди:
— Дадаси, овқат сал кеч қолди.
Пардаев жилмайди ва:
— Овқатнинг кеч қолгани яхши бўлди, — деди ўсмоқчилаб, — ёмон одам эдик, энди битимиз тўкилиб, яхшига айланамиз!
Содиқ аттор пихиллаб кулди.
Пардаев ҳеч нима тушунмаган хотини ва қизига маънодор қаради. Қизининг қўлидан тарвузни оларкан, ийиб кетиб:
— Яша-а, она қизим, асал қизим, дадангга овқатдан сўнг тарвуз хуш ёқишини биласан-а! — деди шод ва кўтаринки оҳангда. Шу аснода Содиқ атторга қараб киноя қилди. — Мен ёмон одамман!
— Сиз дунёдаги энг яхши отасиз! — деди қизи ва юзидан чўлп ўпди..
Содиқ аттор яна пихиллаб кулди. Ўтин чирсиллади, узоқдан отнинг кишнаши эшитилди, дарё эса майин шовулламоқда эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 31-сон