Тоҳир Малик. Иванич (ҳикоя)

Болангдан айланай, Иван болам, сен инсофли одам экансан. Ёнингдаги уккикўз шеригинг, хафа бўлмагину, туғилганидан бери инсоф кўчасидан ўтмаган бўлса керак. Борадиган еримни тузукроқ англамасдан туриб отнинг калласидай пул сўради-я! Мен пулдан қочганим йўқ, муомаласидан ранжидим. Кўриб турибсанки, рўпарангдаги одам қария бўлса, мусофир бўлса, шунга яраша иззат қилмайсанми, а? Доим машинада хизмат қилганингдан кейин одамларнинг розилигини ол, дуосини ол. Олмадингми, кунига миллион сўмлик кира қилсанг ҳам баракаси бўлмайдими. Тўғрими, Иван бола? Нима, отинг Станиславми? Энди кўнглингга олма, биз томонларда сендақа малла йигитларни “Иван” деб ўрганиб қолганмиз. Бу яхши исм. Менинг исмимми? Эгамберди бува. Ҳа, айтишга қийин, лекин яхши исм.
Шарти кетиб парти қолган бир чолнинг Тошкентдан Тулага келиб қолишига ажабланаётганга ўхшайсан, а? Яна поезддан тушибоқ “Қариялар уйи”га деб турганим ҳам қизиқми? Агар йўл узоқроқ бўлса, ҳангома қилиб кетамиз, сенга сабабини айтиб бераман.
Тўрт кун аввал пешин намозимни ўқиб бўлиб, ўтган-кетганларни эслаб ўтирсам, неварам хат кўтариб келиб қолди. “Хат бизга эмасдир, манзилини яхшилиб ўқиб кўр” дедим. Мен бекорга ажабланмадим-да. Телефон деган беминнат дастёр чиққанидан бери одамларнинг қалам-қоғоз олишга тоқатлари қолмаган. Мана сен, яқин орада бировга хат ёздингми? Ёзмагансан. Телефон қилиб қўя қоласан. Бизнинг қариндош-уруғлар ҳам шу. Кичик ўғлим ҳарбийдан қайтганидан бери дарвозамиздаги почта қутиси хат кўрмовди. Йўқ, сал адашдим: беш йил аввал Белорусиядан келувди бир хат. Урушда оға-ини тутинган биродарим вафот этган экан, болалари хабар қилишибди. Бултур яна битта хат келувди. Солиқ идорасидаги бир ўпкаси йўқ ходим пўписа қилиб ёзибди. Лекин почтачи адаш ташлаб кетибди, хат бизга эмас экан. Сизлардаги солиқчилар ҳам шунақа осмондан келишадами? Бошқача бўлиши мумкин эмас, хўроз ҳамма ерда бир ҳил қичқиради. Фақат бизнинг бу хўрозлар қайси деворга қўниб қичқиришни билмай шошиб қолишади.
Қарилик қурсин, кампирим ўтганидан бери шунақа гапдан чалғийдиган бўлиб қолдим. Хуллас, неварам “хат сизга, Россиядан келибди”, деганидан кейин кўзойнакни бурунга қўндириб ёзувига тикилдим. Ҳарфларнинг эгри-бугрилигига қараганда қўли қалтироқ одам ёзганга ўхшайди. Энди саводи чиқаётган боладай ҳарфни ҳарфга уриштириб, бир амаллаб ўқидим. “Россия, Тула шаҳри, Каул кўчаси, Қариялар уйи. Иванич…” “Э-ҳа, Иванич, -дедим,-вой номард, тирик экансан-ку, а?” Хатжилдни йиртиб катак дафтарнинг бир варағига ёзилган мактубни олиб ўқидим: “Богданич, жон дўстим, йўқ, жоним оғам, кечиролсанг кечир, сендан илтимос қиламан, йўқ илтижо қиламан, мени бу ердан олиб кет. Йўлкира ташвишини қилма, умидворинг: Иванич”
Шунақа деб ёзибди, барака топгур. Ҳарфларни таталаб ўқигунимча кўзларим тиниб кетди. Хатнинг мазмунидан ажабландим. Яна қайта ўқидим. Ўйландим.
“Оббо Иваничей,-дедим,-аҳволинг чатоққа ўхшайди-ку? Қариялар уйидан ёзибсан, қизинг хор қилдими, а? Кетмагин, девдима, гапимга қулоқ солмадинг. Оқибат шунақа хор бўлишингни кўнглим сезувди. “Кечиролсанг – кечир”, дебсан. Дуруст, айбингга иқрор бўлибсан, лекин менинг кечиришим сенга камлик қилади. Сени Худо кечирсин. ”
Жонинг соғ бўлгур, Иван болам, сен бу гапимни малол олма. Мен кўнглида гина сақлайдиган одам эмасман. Агар биров мени ноўрин ранжитса “Худо бандаларимнинг гуноҳини кечираман, деса-ю, мен ким бўлибманки, кечирмайин”, дейман. Сенам шунақамисан? Отангга балли, Иван бола. Кўнглингнинг тозалигини юзингга бир қарашда билганман. Ошнамни “қариялар уйи”дан олиб чиқайин, кира ҳақига яна суюнчи ҳам қўшиб бераман. Керакмас, дема. Мен суюнчи беришим шарт, сен олишинг шарт. Сен олмасанг, кимга бераман?
Яна чалғидимми? Иванични битта мен кечирганим билан фойдаси йўқ. Сабабини айтайми? Олти йил бўлдими ё ундан ошдими, аниқ эсимда йўқ. Бир куни кечки таомдан сўнг неварамга қўшилиб телевизорда Масковнинг ахборотини кўриб ўтирувдим. Олам аҳволидан бехабар қолмайин, деб ҳар куни кўраман шуни. Бир маҳал собиқ иттифоқ жумҳуриятиларида қийналиб, Россияга қочиб келаётган руслар ҳақида гап бошланди. Қай кўз билан кўрайинки, ўзимнинг ошнам Иванич сайраб қолди. Гапларини эшитиб, қулоқларимга ишонмадим. Олтмиш олтинчи йилда Тошканда ер қимирлаганини эшитганмисан? Иванич ўшанда келганидан бери мансабда кўтарилса кўтарилдики, бир энлик пасаймади. Егани олдида, емагани ортида эди. Ҳеч кутилмаганда “Қизим чақиряпти, қизим билан яшайман”, деб шошилиб қолди. Иккита уйи бор эди, сотди, ўзим харидор топиб бердим. Мол-мулкини сотди. Долларларни санаб, тахлаб белига боғлаганда ҳам ёнида эдим. Ўзим иззат-икром билан кузатиб қўйдим. Маҳалламдаги ўн-ўнбеш оқсоқолни чақириб зиёфатча ҳам бердим. “Бошимизга ташвиш тушганда шу мусофир ёрдамга келган эди, энди қайтмоқчи”, деб дуолар қилиб, елкасига тўн ташладим. Лекин баччағар, тўн ортиқча юк бўлади, деб ташлаб кетувди. Уйимда турибди. Қайтариб олиб борганимдан кейин ўзи кияди. “Яхшилигингни бир умр унутмайман”, деб мени ўпиб хайрлашувди. Телевизордаги гапини эшитсанг… жуда аҳмақона гаплар айтди. Бизда яшашга қийналганмиш, қочганмиш… Илгари ҳам шу телевизорда шунақа гапларни бир-икки эшитувдим, аммо бунчалик эзилмагандим. Иваничнинг гаплари мени тупроққа булғаб ташлади. Минг ажабланмайин, минг ўйламайин, бу гапнинг тагига етолмадим. Нима дейсан? Ҳа, айнан тўғри айтдинг, катта ўғлим ҳам шунақа тушунтирувди. Ўзимча кўчиб келдим, деса биров бир чақа бермас экан. Агар қочоқ сифатида борса, давлатидан пул олар экан. Иванич пулга ўчроқ эди, шу ерда ҳам пастлик қилибди. Айтадиган гапини айтди, оладиган пулини олгандир. Менинг эзилганимдан нима фойда? “Оббо Иваничей! Оббо номардей! Нафсинг бузуқлигини билардиму, лекин тузлуққа тупуришингни сира кутмовдим!” деб ғойибона ғадаблаб қўйишдан ўзга чорам йўқ эди. Мен аввалига бир ажабланиб, бир ғазабланиб юрдим, кейин унутиб юборишга ҳаракат қилдим. Бу хат ярани янгилиб қўйди. Қарагина, кечирим сўраяпти, демак, юракдан гапирмаган экан. Худо кўнглига солибди, инсофини берибди. Бу яхшилик аломати.
Хатни олгач Тулага отланишга қарор қилдим. Унга айтадиган гапларимни ҳам тайёрлаб қўйдим. Нима демоқчи бўлганимни айтайми? Шундай дейман: “Телевизорда кўрганимни қаердан билдинг, Иванич? Кўнглинг сездими? Биз томонларда кўп танишларинг бор, мен кўрмасам бошқаси кўрарди. Ҳа, кўрган, ҳисобчи корейс хотин эсингдами? Ўша кўриб телпон қилувди, сендан анча ранжиди. Борганингда учрашсанг юзингга айтади, биласан-ку, уни чўрткесар, адолатпарвар хотин. Унинг аччиқ гапларига тайёр тургин. Иванич, майли, ўтган иш ўтди. Узилган ўқни барибир милтиққа қайта жойлаб бўлмайди. Вақти келиб кечирим сўраркансан, нима қилардинг ўша туҳмат гапни айтиб. Олдин ўйлаб, кейин гапирсанг ўлармидинг? Қариялар уйига тушибсан-да, а? Белингга боғлаб чиққан долларларинг ўлгунингча етиб ортарди. Қочоқман, деб давлатингдан ҳам ундиришинг шартмиди? Тиқилиб, бўкибсан-ку, энди. Бу ёғи қандоқ бўлди? Сенга неча марта айтганман, ҳаромдан еявериб охири тиқилиб ўласан, деб. Худо сени ўз зурриётинг нафси билан урибди. Сезиб турибман, қизинг сени боплаб шилиб олган. Энди мен нимага эсингга тушиб қолдим, шунисига тушунолмаяпман, ошнам…” Шуларни айтмоқчи эдим. Бе, айтади, деб ўйлаяпсанми? Айтмайман. “Қариялар уйи”га тушиб эзилиб ўтирган одамга яримта гап ҳам ортиқча. У менинг гина-кудуратларимни эшитиш учун чақирибдими? У мендан яхши гап кутяпти, тўғрими? Ҳа. Иван бола, сен тушунадиган одам экансан, юкинг ерда қолмасин.
Хат келган куни кечки пайт ўғлим билан тўйнинг маслаҳатини қилмоқчи эдик. Эрталаб сўз очганда кечгача ўйлаб кўришга ваъда қилувдим. Хатни ўқиганимдан кейин бу маслаҳат ҳам ёдимдан кўтарилибди. Аслида ўйлаб кўрадиган иш эмас. Шартта рад жавобни берсам ҳам бўлаверарди-ку, ўғлимнинг шаштини қайтариб, шохини синдириб қўймай девдимда. Қанақа тўй дейсанми? Асли бунақа тўй сенлардан чиққан. Сенлар “юбилей” дейсанлар. Мен ҳужжат бўйича бу йил саксон бешга кирар эканман. Туғилган кунимнинг аниғини ҳеч ким билмайди, ойим раҳматлининг “мучали от, қовун пишиғида туғилган”, деган гапларига қараб ҳужжат олинган. Асли бизларда бунақа юбилей-пубилей деган расм йўқ эди, тўқлиққа шўхлиқ деб чиқариб олишган. Сенлар юбилей қилсаларинг ишларинг осон: бир даста гул билан одамнинг кўнглини оласанлар. Қариндошларинг билан борди-келди қилавермайсанлар. Эшак миниб, шаҳар айланиб чорласаларинг ҳам ўнта қариндошларинг йиғилишмайди.Бизда эса бир олам ташвиш. Камида битта тўн кўтариб келинади. Агар юзта қариндошим келса, юзта тўн кияман. Ўзинг ўйлаб кўргин, мен бу тўнларни нима қиламан, гўрга шу тўнларга ўраб қўйишмйди-ку? Олтмиш, етмиш, саксонга чиққанимда ҳам шу гап бўлганда, йўқ деганман. Эндигисига невара тўйларни қўшамиз, деб қилиқ чиқарибди. Невара тўйни сен билмайсан, бунақаси сенларда йўқ. Энди қарагинда, менга юбилей қилишса қариндошим битта тўн кўтариб келса, невара тўй қўшилса, энди бу невараларга ҳам сарпо кўтариб келишади. Қудаларим той ясатиб келиши керак. Қудаларимнинг аҳволини биламан, товуқ олишга ҳам қурби етмайди. Лекин тўй деб эълон қилиндими, қарз олиб бўлса ҳам той ясатади. Ана, куляпсан. Мениям бир кулгим келади, бир аччиғим чиқади. Кимга керак шу машмаша!
Кечки пайт Иваничнинг ташвиши билан ўтирувдим ўғлим шу тўйдан гап очиб қолди. Мениям гармдори феълим тутиб, захримни сочдим. Аммо жаҳлим чиқса менам ёмонман, отасини аямайдиган хилиданман. Ўғлимга нима деганимни айтайми? Сен ҳадеб кулавермагинда, эшит:
“Ўғлижоним,-дедим,- сен сўрайвериб чарчамадинг, мен йўқ деб толмадим. Хўп, сенингча бўлсин. Тўйга таклифнома чиқарасанми? Ҳа, чиқарасан. Унда бундай ёзасан: “Муҳтарам падари бузрукворимизнинг саксон бешга, мен галварснинг олтмишга кирганимиз ва невараларимни суннат қилиш муносабати билан тўйга келинглар”, дейсан. Охирига нечанчи размер костюм кийишимизни ҳам ёзасан, қариндошларнинг ҳаммаси ҳам тўн қилмас, костюмга қурби етадиганлари ҳам бордир. Галварс бошингнинг размерини ҳам ёз, бирортаси дўппи қилар…” десам пов этиб ёнди. Менам ёндим.Кейин ётиғи билан тушунтирдим: “Тўй, тўй, деб бошимни қотирасан. Саксон беш йиллик умрим ўтиб кетганидан қувониб зиёфат беришим керакми? Мен ҳар куни шу ўтган саксон беш йиллик умримнинг ҳисобини қандай бераркинман, деб ўйлаб юрибман. Худо сенинг умрингга барака берсин. Аммо сенинг ҳам шу туришингда олтмиш йилингга ҳисоботинг бор. Тўйдан кўра шуларни ўйласанг, мен билан тортишмас эдинг”. Оқибатда тўйга атаган пулнинг бир қисмини муҳтожларга атади, бир қисмини менга йўлкира қилиб берди. Ажабланяпсанми? Ҳа, бизда шунақа. Отанинг айтгани – айтган, дегани – деган. Отанинг маслаҳатисиз, розилигисиз ҳеч иш қилинмайди. Ўғил, йигирма ёшда бўладими ё меникига ўхшаб олтмишга кирадими, барибир ўғил. Отасига бўйсунишга мажбур. Яхши одат экан, дейсанми? Албатта яхши-да! Биламан, сенларда бунақа эмас. Фарзандларинг бевошликдан бошқа нарсани билишмайди. Мана, қизи яхши бўлса Иваничдай одамни хорлаб қўярмиди?
Менга катта неварамни ҳамроҳ қилиб қўшишмоқчи эди, унамадим. Аэропортда ўтириб одамларга разм солдим: бири ғилдиракли катта жомадонларни судраб учишга шошилади. Бошқаси учиб келиб, шаҳарга шошилади. Худойимнинг мўъжизаларига қойил қолиб кетдим. Одамларни ўз ташвишларига банди қилиб қўйган. Қизиқ-да, одам зоти тиним билмаса, қўним билмаса. Қадимгиларнинг битта ғорда яшаб юраклари тарс ёрилиб кетмаганига ҳайронман. “Ёрилиб кетмаганига” дедимми? Эҳтимол қанча-қанчасининг юраги ёрилиб кетавергандан кейин мана шунақа қўнимсизликни ўйлаб топишгандир. Агар суриштириб чиқилса шу ошиқаётганларнинг ҳаммасида бўлмаса ҳам, ярмисида шошиладиган юмушнинг ўзи йўқ. Ошиқаётган ерига бугун етмаса ҳам, ҳатто умуман бормаса ҳам осмон узилиб ерга тушмайди. Мен шунақа деб ўтиравераману, аммо уларнинг хаёлида мутлақо бошқача ўй. Агар уларни тўхтатиб шу гапларни айтсам, улар “ўтирган – бўйра, юрган – дарё” дейишлари аниқ. Ёки ўтган-кетганлар менга қараб “бу чолнинг бир оёғи гўрда бўлиб қолибди-ю, сафарга чиққани нимаси, уйида “Оллоҳ-Худо” деб ўтирса бўлмайдими, йўл-пўлда ўлиб қолса қанча одамга ташвиш орттиради”, деб ўйлаётгандир, дейман. Ўйласа ўйлар, дейман яна. Аммо…ўлиб қолсам чинданам чатоқ. Бу фикрдан бир сесканиб тушибман. Шайтон ёмон-да, шунақа бемаъни хаёлларга боғлаб қўяман, дейди. Худо хоҳласа, эсон-омон бориб келаман. Фашистнинг миллион ўқи орасидан омон олиб қолган Худо мени шу йўлда ўлимга рўпара қилмас? Нима дединг? Ҳаммасини кўриб-билиб турибди-ку. Иванич ҳам унинг бир бандаси, кўзлари тўрт бўлиб, илҳақ ётгандир.
Йўл-йўлакай Иванич билан биринчи учрашувларимни эсладим. Агар гапиравериб бездирмаган бўлсам, сенга ҳам айтиб беришим мумкин. “Қизиқ воқеалардир”, дейсанми? Бе, ҳеч бир қизиқарли жойи йўқ. Шунчаки мен учун бир хотирада. Майли, гап бошлаб қўйдим, айтиб берай, сен эшит. Сен фақат ўзбек чоллари эзма бўларкан, деб ўйлама. Унақа эмас. Менам аслида кўп гапирмайман. Лекин Иван бола, сен кўнглимга ёқиб қолдинг. Шунинг учун гап халтам очилиб кетди.
Олтмиш олтинчи йилдаги зилзилани эшитмовдингми? Э, салкам қиёмат бўлган. Уйлар-ку, босиб қолмаган, биров ўлмаган, лекин кунда уч-тўрт мартадан ер титраб турса эсинг тескари бўлиб кетаркан. Ўша йили бизнинг маҳалламиз учун икки марта қиёмат бўлувди. Биринчиси шу айтганим, Худо юборган қиёмат. Иккинчи қиёматни “ижроқўм” деган ҳукумат идораси юборди. Зилзиладан уч йил илгари мен туғилиб ўсган маҳаллани бузишганди. Ҳаммамизга шаҳарнинг четидан жой беришди, бели бақувватлар бир йилда, мундайроғи икки йилда менга ўхшаган ношудлар уч йилда янги уйни битириб, энди кўчиб ўтамиз деб турувдик. Қарор чиқибдики, “бузилсин, ўрнига кўпқаватли иморатлар тушади”. Зилзилада сувоғи ҳам кўчмаган уйларимизга шунақа ўлим ҳукми чиқди. Зилзила бузолмаган маҳаллани битта нодоннинг имзоси ўн кунда теп-текис қилди. Сен шаҳримизни ўшандан олдин кўрмагансан. Нақ жаннатнинг ўзи эди. Ташқаридан биров битта нок ёки олмами, узумми олиб келиб сотмасди. Ҳамма мева-чева ўзимиздан чиқарди. Зилзила баҳона боғлар ер билан теп-текис қилиб ташланди. Мевалари пишиб етилмаган дарахтларни трактор билан суғуришди. Биласанми, ўшанда бу манзара урушни эслатиб юборди. Танк деганлари ҳеч нимага парво қилмай бостириб кетаверарди. Билмадим, шайтон васваса қилдими, ўшанда трактор – танк, янчилаётган дарахтлар – ҳомиладор аёллар бўлиб кўриниб кетди кўзимга. Тасаввур қиляпсанми? Танклар ҳомиладор аёлларни янча бошлади. Кўзимдан олов чиқиб кетгандай бўлди, дод деб юборай дедим. Эсласам, ҳозир ҳам баданимга муз югуради. Нима дединг? Ҳа, гапинг тўғри, дарахтлар ҳам тирик жон. Бир кун ҳам яшамаган уйимга ачинмадиму аммо боғларга ҳозиргача ачинаман. Бу томонларда ўрмонлар кўп, сенлар дарахтнинг қадрига етмайсанлар. Биз ниҳолни ўз боламиздай авайлаб ўстирамиз. Урушдан қайтганимнинг тўртинчи йилида ҳовлимиздаги тут тўсатдан қуриб қолди. Тут нималигини билмайсан-а? Дунёда шунақа неъмат бор. Сенлар тут емаганларинг учун иликларинг пуч. Ҳуллас, шу дарахт қуриганида хотиним аза очди, ишонасанми? “Нега йиғлайверасан?” десам, “очарчилик йиллари шу тут ярим маҳаллани боқарди”, дейди. Зилзила йили бунақа дарахтларнинг қанчаси нобуд қилинди-я! Агар уларнинг ҳар бирига биттадан аза очилса, шаҳар аҳолисининг умри етмайди. Хуллас, Иван бола, бизнинг додимизни эшитадигани йўқ эди. Суюниб-суюниб, ширин ниятлар билан қўйган ғиштларимизни кўзёшларимиз билан намлаб битта-битталаб бузиб олдик. Маҳалламиз шаҳарнинг янаям четига чиқиб кетди. Сен бояқиш маҳалланинг нималигини ҳам билмайсан. Сен кўп қаватли уйда турасан-а? Икки қават тепада ким яшашини билмайсан, тўғрими? Маҳалла дегани мингга яқин хонадон зич яшайди, бир оиладай туради, кимникида хурсандчилик бўлса, баҳам кўради, кимнинг бошига ташвиш тушса, бутун маҳалла ҳамдард бўлади. Бунақаси жаҳонда йўқ, билиб қўй. Хуллас, яшолмаган маҳаллам ўрнида қурилаётган катта қурилишга қоровул бўлиб ишга жойландим. Бир куни кечки пайт ишга келиб қарасам, қайсибир серзарда ҳайдовчи машинасидаги ғиштни йўлнинг нақ ўртасига ағдариб кетибди. Ҳайдовчининг зардасини қайнатган воқеани кейинроқ билдим. Ҳайдовчига “Ғиштни уй қураётган хонадонларга олиб бориб сотиб кел, пули “арра”, дейишибди. Ҳайдовчи “арра”га кўнмабди. Кўпроқ талаб қилибди-ю, оқибатда келишолмай, “сенга ҳам йўқ, менга ҳам”, деб ғиштларни шарт ағдариб кетворибди. Мен галварс бундан бехабар, “машинаси бузилиб қолиб тўккандир, йўлни очиб қўя қолай”, деб ғиштларни ташиб, четга тахлаб қўйибман. Эрталаб ишчилар келганда кетаман, деб турган эдим, бир малласоч пайдо бўлиб қолди. У кеча ғишт тўкилиб турган жойга қараб турди-да, кейин бирдан жазаваси тутиб, “Қоровул!” деб бақириб юборди. Мен “ҳа, шу ердаман” дейишга улгурмай, “қоровул қани, деяпман!” деб баттар бақирди. Ёнига келиб ҳотиржам равишда: “Қоровул шу ерда”, дедим.
-Сенмисан қоровул?-деб зарда билан қайта сўради.
-Менман,-дедим яна ҳотиржам.
-Қанақасига? – деди.
-Билмасам. Шунақасига шекилли?-дедим.
-Қачондан бери ишлайсан, нега мен сени билмайман?-деб сўради.
-Нега билмаслигингни мен ҳам билмайман, ўзинг кимсан?-деб сўрадим.
-Мен шу ернинг хўжайиниман, прорабман,- деди.
-Мени участка бошлиғи ишга олган, шунинг учун сен мени билмайсан. Эрталабдан нега жазавага тушяпсан? -дедим.
-Кеча кетаётганимда мана бу ерда бир машина ғишт бор эди,-деди жаҳл билан.
-Ҳа. бор эди,-деди ҳотиржам.
-Демак, кўргансан. Хўш, қани ўша ғишт? Қаёққа гумдон қилдинг? Сен қоровулмисан ё ўғримисан?-деб орқасидан “онамни ўқиб” ташласами! Мен сенларнинг одатларингни биламан, онадан олмасаларинг еганларинг ичларингга тушмайди. Ҳарбийда юриб анча кўникиб кетганман бунга. Лекин малласочникини ҳазм қила олмадим. Шарт ёқасидан олдим.
-Прораб бўлсанг ҳам билиб қўй,-дедим аччиқланиб,- агар яна бир марта сўкинганингни эшитсам, менинг онамга атаганингни оғзингга сўрғич қилиб қўяман.
Бу гапдан кейин сўкмади-ю, аммо барибир зарда билан яна ғиштни сўради.
-Кўзинг кўрми, ана ғишт!-деб кўрсатдим.
У бир ғиштга бир менга ғалати қараш қилди. “Ким тахлаб қўйди?”-деб сўради. “Мен”. “Нега тахладинг?” “Йўлни очиб қўйиш учун”. Гапимга ишонқирамади. Кейин атрофни супуриб, сув сепиб қўйганимга эътибор бериб: “Менга қара, қизиқ экансан-ку? Бу сенинг вазифанг эмас-ку, қоровулсан-ку, сен?” дейди. “Мен одамман, ўтирадиган жойимни тозалаб ўтиришга одатланганман. Бўлдими, энди кетаверайми?” десам рухсат бермайди, баччағар. “Йўқ, тўхта, бу ёққа юр”, деб вагоннинг эшигини очиб ичкарига бошлади. Кейин столининг тортмасидан битта ароқ олди. “Сен зўр одамга ўхшаяпсан”, танишганимизни ювишимиз керак”, дейди. “ичмайман”, десам “нега ичмайсан?” дейди. “Агар хор бўлмай десанг, сенам эрталабдан ичма”, дедим. “Бугун ичмасам бўлмайди, ўлиб қоламан. Сен мени алкаш деб ўйлама. Кеча бир бўкиб ичадиган иш бўлувди. Энди танишайлик, отинг нима, қоровул?”деб сўради. “Эгамберди” девдим, такрорлашга тили келишмади. “Айтиш қийин экан, маъноси борми бу отнинг?”-деб сўради. Тушунтирувдим “Унда осонгина қилиб “Богданич”, деявераман, менинг исмим Христофор Самуилович”,-деб қўлини узатди. “Сенинг исмингни ҳам айтиш қийин экан. Мен сени осонгина қилиб “Иванич” деб қўя қоламан”, -дедим. “Нега энди “Иванич”?” деб хайрон бўлди. “Сендақа малласочларнинг ҳаммасини “Иван” деб ўрганиб қолганмиз”, дедим. У кулиб, таклифимга рози бўлди. Аввал менинг ўзим уни “Иванич” деб юрдим. Кейин бошқалар ҳам ўрганишди. Бирга келган ҳамкасблари ҳам “Иванич” дейдиган бўлишди.
Ўша куни ярим стакан ароқдан кейин, пешонасидан тер чиққач, ўзига келиб тантилиги тутиб кетди. “Богданич, териб қўйган ғиштларингни ўзингга совға қилдим, олиб кет”,-дейди. “Керакмас” дедим. “Керакмасинг нимаси?! Сотсанг – пул-ку? Қара, қанча одам иморат қиляпти. Ўзинг-чи, ўзинг қурмаяпсанми, мабодо?” деб сўради. Қураётганимни эшитиб: “Ана! Менга “раҳмат” дегину олиб кет”, деди. “Керакмас, уй ҳалол топилган нарсалар билан тикланиши керак. Ҳаром аралашган уй уй эмас, ғурбатхона бўлади”, девдим, мени “аҳмоқ экансан”, деди. Дунё ўзи қизиқ-да, Иван бола. Агар биров сенга ҳозир мулк берса-ю, сен олмасанг, “ҳалол ишлаб топганимга яшайман”, десанг дарров “аҳмоқсан” дейишади. Тўғрими? Ҳа. баракалла! Гапнинг ўғил боласини айтдинг: аслида акси бўлиши керак. Ҳаромдан қайтмайдиганни “аҳмоқ” дейиш керак.
Иванич билан танишлигимиз шундай бошланган. Ҳа, у: “Мен Туладан келдим, Тула деган шаҳар борлигини эшитганмисан? Энг чиройли одамлар ўша ерда. Нимагалигини биласанми? Қадимда рус императори бу ерга энг зўр қуролсоз усталарни тўплаган. Улар кетиб қолмасин, деб энг гўзал жононларни ҳам йиққан. Шунинг учун у ерда чиройли болалар туғилади”, деб мақтаниб қолди. Менам бўш келмадим: ”Сенинг малла башарангга қараган одам бу гапингга ишонмайди”, деб ҳазил қилсам, ранжимади. “Богданич, гапинг тўғри, мен асли тулалик эмасман. Етимхонадан кейин шу ерга келиб қолганман. Асли белоруссияликман”, деди. “Тулани биласанми?” дейиши менга малол келди. Ҳеч қаерни кўрмаган, оми одам деб ўйлади-да. Шунда менам шаҳарларингдаги “Ясная поляна”дан гап очдим. “Қаердан биласан бу жойни?” деб ажабланди. “Зўр ёзувчиларинг Толстой яшаган жойни нега билмайин”, дедим. Яна ажабланди. “Толстойни қаердан биласан, ўқиганмисан?” деб сўради. “Ўқимаганман, лекин уруш пайтида Тулани озод қилишда биз шу томондан кирганмиз”, дедим. Иван бола, очиғи ўшангача мен ёзувчиларингни билмас эдим. Тасаввур қилгин: жанг билан келяпмиз. Бирдан душман жангсиз чекиниб қолди. Ясная поляна атрофида ўқ ҳам узишмади. Ўша ёзувчининг ҳурматини қилишди, уй-жойи бузилмасин, дейишибди. Уларда ҳам шунақа инсоф бор экан, одамни аяшмасди-ю, лекин хотирани авайлашди. Қойил қолдим. Менга Толстойнинг қабрини кўрсатишувди, ажабландим. Нега, дейсанми? Сенларда ким ўлса қабр тепасига ёғочми ё темирми хоч санчиб қўясанлар-ку? Уруш пайтида аввалига рухсат йўқ эди, кейин насаролардан кимни кўмсак, ёғочдан каттами-кичикми хоч санчиб қўядиган бўлувдик. Мусулмонларга жаноза ўқишга ҳам ўшанда рухсат теккан эди. Толстойнинг ўзининг ҳовлисига хочсиз кўмилишида бир сир бор, деб юрардим. Яқинда бировдан эшитдим, мусулмонликни қабул қилган эканми ё шунга хоҳиши бор эканми? Бўлмаган гап, дейсанми? Буниси менга қоронғи. Муҳими – яхши одам бўлган экан. Ўлганидан кейин ҳам бутун дунё ҳурмат қилар экан. Мусулмон бўлди нима-ю, насаро бўлди нима, Худо деб яшаган бир банда-да. Агар Худо уни яхши кўрмаганида дунёда азиз қилиб қўярмиди?
Иваничнинг бир-иккита ёмон одати демасам, ўзи яхши одам. Битта ёмон одати – ичади. Баъзан молдай ичади. Илгари замонларда биз томонларда ичилмаган. Сенларнинг бобокалонларинг олиб келишган. Бизда ҳам молдай ичадиганлар ҳозир етарли. Лекин қурувчи халқига дуо кетганми, дейман, топганини ичаверади. У пайтларда ҳукумат қурувчиларни роса сийларди. Ишларининг сифати дуруст бўлмаса ҳам, маошлари яхши эди, яна у-бу нарсаларни сотиб туришарди. Бизда ҳам ҳаромдан ҳазар қилмайдиганлар бор. Тахтами, ғиштми ўғирлик мол эканини билишса ҳам, арзонлигига ишқивоз бўлиб сотиб олишаверишарди. Қурувчилар пулни яхши топишса ҳам маошдан ўн кун ўтмай бир-биридан қарз сўраш бошланарди. Бир куни маошни олишибди-ю, бўкиб ичишибди. Газагига пишмаган ғўр ёнғоқни еб бўладиганлари бўлди. Иванич бошчилигида бир хафта касалхонада вой-войлаб қоринларини чангаллаб чиқишди.
Иваничнинг яхши одати – ичардию лекин овқатни ҳам босиб еяверарди. Унга бизнинг палов ёқиб қолди. Ҳар икки-уч кунда қўй гўшти, қуйруқ ёғида ўзим палов дамлаб бериб турардим. Сен бунақа таомни емагансан. Шунинг учун рангингда қон йўқ. Палов иликни тўқ тутади. Биз томонларда “Саксонбой” деган исмлар учрайди. Эшитганмисан? Менга ўхшаган чол саксон ёшида ўғил кўрса фарзандига шунақа исм қўяди. Куляпсанми, ишонмаяпсанми? Ҳа, бола-я! Қараб тур, Иванич билан овора бўлиб бу ерда ушланиб қолсам, Машами ё Дашами деганининг бошини айлантириб кетаман. Келаси йили шаҳрингда менга ўхшаган ўғил бола туғилса, ана ундан кейин гапимга ишонасан. Нима дединг, қайтар-чи? Маша-Дашаларнинг менга ўхшаганларга кўзлари учиб тургани йўқми? Ҳазилни ҳам оларкансан. Қойилман. Менам ҳазиллашдим. Яна “Ўзбекнинг чоллари шилқим бўлар экан”, деб юрмагин.
Иваничнинг энг ярамас одати – хотинбоз эди. Бирон хотиннинг этагини шамол хилпиратиб қўйса ҳам оғзининг суви келиб турарди. Мен кўп огоҳлантирганман. Оқибатда хор бўласан, деганман. Оилали одам оиласига хиёнат қилса, уйига бузуқликни илаштириб кирса Худо кечирмайди. Мана, қизи нима аҳволга солибди. Аслида қизини айблаш керакмас. У ўша қилиқларининг мукофотини олиб ётибди.
Хотини беш-ўн кунга уйига кетган куни уйининг калитини бериб, зўр зиёфатга тайёргарлик кўриб қўй, деди. Бажардим. Кечга томон бир маржани бошлаб келди. Уйида маишат қилмоқчи. Ўзиниям, маржасиниям хайдаб юбордим. Хотини қайтгунича калитни бермадим. Тумтайиб юрди-ку, аммо чидади, менга қаттиқ гапирмади. Унинг бу хурмача қилиқлари жонимга тегиб ишдан шарт бўшаб кетдим. Шунисига чидаши қийин бўлди. Менга ўрганиб қолган экан. Кунда бўлмаса ҳам кун ора уйимга келиб турди. Ишга қайтгин, демади. Демагани ҳам тўғри. Агар тузукроқ бир лавозимни эгаллаб турсайдим, жойингга қайт, деб ялинса.
Ўшандан сал кейинроқ бир гап айтди, эшитсанг ишонмаслигинг мумкин. Гапираверайми, Иван бола? Фақат “ёлғон” демайсан. Бунақа гапга ёлғон аралаштириб бўлмайди. Мен Худодан қўрқадиган одамман. Бир куни ишида сал кўнгилхиралик бўлганми, ҳар ҳолда машқи паст аҳволда уйимга келди. Бир пиёла чойни ичди ё ичмади. Мен “нима бўлди?” деб ҳадеб сўрайвермадим. Менга билдиришни лозим кўрса ўзи айтар, деб сабр қилдим. Лозим кўрмади, айтмади ўшанда дардини. Лекин менга тикилиб қараб, кутилмаганда: “Богданич, сенга ҳавасим келади”, деди. “Нимамга ҳавасинг келади, Иванич, мансабдор бўлмасам, бой бўлмасам”, десам, хўрсиниб қўйиб: “Шу нарсалар сенда йўқлиги учун ҳам ҳавасим келади”, дейди. Очиғи, ундан бундай гапни кутмаган эдим. Гапининг давоми янада ҳайратланарли бўлди: “Богданич, мусулмон бўлганинг учун ҳавасим келади сенга.Ўйлаб қарасам, бу дунёда яхши ҳаёт кечиришнинг энг осон йўли мусулмон бўлиш экан”. Ишонавер, Иван бола, шундай деди. Мен: “Шунга ақлинг етибди, мусулмон бўла қол”, десам “бўлардиму, битта шартини бажаришим қийин”, дейди. “Қанақа шартидан қўрқяпсан?” десам, Иванич тушмагур “хатна қилишдан”, дейди. Нималигини тушундинг-а, Иван бола. Мен кулдим: “одамлар оёғиними ё қўлиними кесиб ташлашса ҳам яшаб юраверишади, сен бир чимдим ортиқча этни кестиришдан қўрқасанми?” дедим. Кейин илмли домлалардан сўраб, билдим, катта одамларга хатна шарт эмас экан. Лекин Иванич барибир мусулмон бўлмади. У хатнадан қўрқмаган эди. Унинг иродаси бўш эди. Нафсини идора қила олмасди. Нафсини идора қилишга ожиз одам мусулмон бўла олмайди. Ўшанда нафсини енгганда бугун қизи уни хор қилиб қўймасди. Бу хорликлардан Худонинг ўзи асраб қоларди.
Иванич ишбилармон эди, шунинг учун тез кўтарилиб кетди. Ошна-оғайниси ҳам кўпайди. Ҳадеб бировларникини еб-ичиб юрмасдан ўзи ҳам зиёфат бериб турарди. Мени ҳам айтарди, қўлдан келганича хизматини қилардим. Шунақа, Иван бола, орадан йиллар ўтаверди. Илгари хўжайин-қоровул матабасида бўлсак, кейин бора-бора ака-укадек бўлиб кетдик. Мен аввалига шаҳарга ёрдам сифатида уй-жойларни қуриб берадилару хайр-хўшлашиб юртларига қайтадилар, деб ўйловдим. Йўқ, барака топгурлар ўзлари қурган уйлардан бошпана топиб бизга ҳамшаҳар бўлиб қолишди.
Нима дейсан? Келдикми? Дарвозаними? Кўряпман. Ичкари боққа ўхшайди. Мен кириб чиқай. Сен пойлаб турасанми ё кетаверасанми? Кутасанми? Э, отангга балли, Иван бола. Кутганингга яраша хизмат ҳаққингга қўшимча озгина мукофот ҳам бераман, йўқ демай оласан. Мендақаларнинг мукофоти таваррук бўлади. Агар сал узоқиб қолсам ташвишланма. Мен Иванични бу ердан бира тўла олиб кетаман. Ҳужжатларини тўғрилашгунча вақт кетадими, дейман-да, а?

* * *

…Ранг кўр, ҳол сўр, дейдилар биз томонларда. Рангим ўзгарганидан дарров сездинг-а, Иван бола? Ҳа, аҳвол чатоқ. “Касал эканми?” дейсанми? Касал бўлса қанийди. Ёнидан жилмай, тузалгунича боқардим. Иванични кеча қабрга қўйишибди. Шу ердагиларнинг ўзлари кўмишибди. Етим ўсган эди бола бечора, ҳудди етимдай кетибди бу дунёдан. Хат жўнатмай телгром берганида ё телпон қилганида вақтида етиб келардим. Мана, кийим-кечакларини беришди. Мен нима қиламан? Сенга қолдираман. Тўхта гапимни охиригача эшит: биламан, сен бу матохларга зор эмассан. Шу атрофда бирон камбағални топиб берасан, савоб бўлади. Мана бу газитга ўроғлиқ пул экан. Менинг келишимга ишониб яшабди. Бош врачга тайинлаб кетибди. Мен бу пулни нима қиламан? Буниям сенга бераман. Ўзингга эмас. Сен қабрини обод қилиб қўясан. Энди нима қилдик, Иван бола? Ҳозир черковга олиб бор мени, ирим-сиримларни қилмай кўмиб қўяқолишибди. Мана шу пулдан берайлик, поп дуо қилиб, унинг гуноҳларини Худодан сўрасин. Кейин битта тузукроқ ошхонадан жой қилайлик. Поп келсин, қариялар уйида унга қараганлар келишсин, ўзларингнинг одатларинг бўйича эслаш маросими қилиб қўяйлик. Бу дунёдан изсиз кетмасин. Ҳа, айтмоқчи, мен сенга мукофот бермоқчийдим, ёдимдан чиқмасин. Нега олмас экансан, оласан. Бу ўзимнинг ҳаппаи ҳалол пулимдан.
Бир кунмас бир кун меникига меҳмон бўлиб борасан. Ўзинг бормасанг болаларинг борар, мен бўлмасам уйимда ўғилларим ёки невараларим бўлишар. Битта палов қарзман сенда. Эсингда бўлсин, яна бу қарз қиёматга қадар қолиб кетмасин-а? Келишдикми, унда ҳайда машинангни, Иваничнинг хотирасини жойига қўяй-да, кечки поезд билан изимга қайтай.
Бу гапларни хоҳласанг ошна-оғайниларингга айт. Балки битта-яримтасига ибрат бўлар. Менам юртимга бориб биронтасига айтарман. Худо ҳеч кимга Иваничга бергандай ўлим бермасин.