Тоҳир Малик. Интернасионал ёзувчи (ҳажвия)

Вой, вой, бўйгинангдан айланайин, Абдумалик аканинг ўғли! Ағимдан туртиб, бағимдан туртиб, ахийри ёзғувчиликка ҳам ўргатдинг-а! Кўринмай қолдийиз, қай гўрларда санқиб юрибсиз, дийсанми? Омма, сан бола бағоят золим экансан. Бир сўз ёзсам, “ўхшамабди”, дийсан. Ўхшаганини ёзсам, “Тошканча гапирворибсиз, адабийчасига бўлсин”, дийсан. Ҳай, шу найнов боладан бошқа устоз қуриб кетибдими, дедим. Ўйлаб қарасам, ўзимнинг домимда бир эмас, иккита теппа-текин, устоз бўлганда ҳам устозларнинг хўррози бор экан. Кулма, санам текин устозсан-у омма хўрроз эмассан. Ёзганларимни ўқиб, курк бўғон товуққа ўхшаб, хурпайиб оласан. Мани сира-сира тан олгинг кемайди.
Домимдаги текин устозларнинг ман билан ишлари йўқ. Ҳа-да! Ичинг пишмасин, уларнинг кимлигини айтаман, эшит: бири “радиё” отлиқ шохли қутича-ю иккинчиси дилбизор. Хўп, сен айтганча бўлақолсин – телевизор! Энди бу ёғига гапимни бўлмай эшит:
Бир ой кўчага чиқмай, алардин сўз ўргандим. Билдимки, сани талабларинг ўзинг тўқиган чепуха экан. Охирги учрашганимизда “оқшомда юлдузлар чарақлар эди”, деб ёзсам, мани калламни оғритдинг. “Оқшом шом қоронғусидан олдинроқ бўлади, юлдузлар хуфтонга яқин кўринади”, деганинг эсингдами? Ўша куни уйқум қочиб, радиёнинг қулоғини бурагандим, барака топкур, бир йигит манга “хайрли оқшом” тилади. Соатга қарасам, салкам ўн икки. Радиё бир нима билмаса, гапирмийди. Ярим кечада оқшом бўлишини улар санданам яхшироқ билар дийман, а? Уйқучилигингдан хабарим бор. Телпон қилиб, би-ир авра-астарингни ағдармоқчийдим, отангни арвойини ҳурмат қилдим.
Сан, бола пақир, нуқул “ зўр ёзғувчи бўламан десангиз, тошканча ёзманг, тошканча гапирманг, “вотти-вотти”нгизни йиғиштиринг, адабийчасига бўлсин”, деяверасан. Ўзинг ҳеч дилбизор кўрасанми? Аччиқ ичакдай чўзиладиган киноларни кўрмийсан шекилли? Мексиканими ё карисларними киносини кўрсанг, манга бунақа дурной даъволар қилмасдинг.
Ман мазза қилиб кўраман. Мана, охиргиси: карисларнинг подшоси “Қорним оғривотти”, деса вазири “Ҳозир вазири аъзам келобти”, деб овутди. Табиб келиб: “Ҳоким тўра, ман сиза дору олиб келуттим”, деди. Ўшанда лашкарбошиси аскарига “Ҳой, аққа-баққа қараб турларинг битта пашша учиб ўтса, нақ яйиб талайман. Ҳой анқайма, сен тозза ифлос экансан-ку!” деб сўкиб қолсами. Яхшиям ошнаси ёнида экан “Ёшулли, бизар бу нодона жазо беражақмиз”, деб тинчитворди. Шунда билдимки, карисларнинг подшоси асли тошканли экан. Саройига бухороли, анжанли, хоразмли кетворган жигитларни тўплаб олганакан. Ҳозирги карисча мошинларни ашиларнинг бачалари жиғориб юрибдиёв, дедим. Аши подшонинг бир секритори бор эркон, қоғозни олиб: “Шуйтиб, тарихга не деб ёзурмиз? Қорин оғриғи бағоят тарихий аҳамиятға молик эрур”, деб қолди. Энди ёзишга уннаганида подшонинг укаси кеп қолди. “Братан, не ўлди бу қорин жанварға, бовурларға телпон-милпон эттурмак керак”, деди. Омма, бу бачанинг асли қаерлик эканини биломадим. “Братан” дейиши тошканча-ю бошқа сўзлари интернасионал. Кинога қараб ўлтуриб карис подшога ачиндум. Қўлимдан кеса, ўзимизнинг хоразмли қизни шартта юборардим. “Тиззамга ўтқазиб, новвот чой қилиб бераман”, деб бир хиргойи бошласа, қорин оғриғи момент тўхтарди. Жа бўлмаса, ўзимизнинг Юлдуз бориб “Қоши қора, кўзи қисиқ қизгина”, деб бир ишва қилиб берса, подшо жонивар ҳам ўрмалаб қолармиди…
Кариснинг киносидан кейин бир бонка қату ичувдим, Мексика киноси бошланиб қолди. Аслида карисникидан кўра ўша Мексиканикини яхши кўраман. Қизларига қараб кўз тўяди-да! Ҳаммасининг кўйнаги тиззадан тепасида, киндиги очиқлари ҳам анчагина. Маммаларининг тепаси қозоқнинг хуржунидай осилиб туради. “Кўрмо бор-у емо йўқ” дегани билан, кўрмонинг ўзи ҳам кўзга дармон бўлувради. Шунақа кинолардан кейин қоронғида пул санасам, юзталийни мингталийдан аниқ ажратаман. Хуллас, Мексикадаги бир хурилиқо жазманини “бир пиёла қаҳва ичинг”, деб таклиф қилди. Сан буни хато девотсанми? Калта ўйлавотсан, сан бола. Ахир ҳозир савдогарларни қўли ҳамма ерларга етвоттими? Риштонли бир бача Мексикага сопол пела олиб бориб сотган бўлса на дейсан? Ё бўмаса, ўша хурилиқонинг ўйнаши Тошканнинг манга ўхшаган крутой йигитларидан бўса-чи? Ман ўтган замонларда пойизга чиқсам, йўлхалтамга пела солволардим. Ўша йигит ҳам пела олиб бориб, кейин эсидан чиқиб қоғондир.
Америкача кино кўрвотувдим биттаси иккинчисига “Онангни Учқурғондан кўрсатаман”, деб дағдаға қиб қосами!  Тошкан атрофида Оққўрғон борлигини биламан. Икки марта илик ёғи обориб сотганман. Ёғга нима аралаштирганим билан ишинг бўмасин. Оборганманми – оборганман, сотганманми – сотганман. Фойдага қоган пул ҳалолми-ҳаромми, барибир, ҳазм бўп кетган. Ман санга Оққўрғонни этвомман. Онасини Учқурғондан кўрсатадигон бўғондан кейин манам ўйладим, ўша Учқўрғони Оққўрғон атрофидадир балки, лекин аниқ билмийман. Ҳозир Америкага бориб ишлаётганлар орасида учқўрғонлик бачалар кўп бўса битта маҳалласини “Учқўрғон” деб қўйгандир. Ашағлардаям шунақа маҳалла бўгани яхши-да. Америкалик даюслар онасини кўргиси келса, аққа-баққа изғимай тўғри Учқўрғонга келиб туроврарканлар. Агар Учқўрғон ёқмаса, ана, Каттақўрғон бор, Бозорқўрғон бор. Қанақа қўрғон бўлиши шартмас, главнийси – онасини кўрса бўлди-да! Тўғрими? Тўғри бўлса, оғзингни очиб ўтирмай,  каллангни лиқиллатиб қўйсанг-чи!
Энди қоғониниям эшит: Гирмоннинг киносида биттаси “Ҳа, дўппи тор келиб қолдими?” деганига сан пачакилашма. Урушда нечта ўзбек соллот борган у ерга. Биласанми? Вобшем билмийсан! Зато ман точна биламан: ўша замонларда битта-яримтасининг дўпписи қолиб кетгани ҳам тўппа-тўғри. Эскириб, энди тор бўп қоғондир. Шунга ҳам аччиғинг чиғами, бачам?!
Туновинда бир мухбир бачага беш эмас, ўн кетвордим.Тўғри, олдинига нималар девотганини пачти тушунмадим. “Амириқода баланд бнолар кўп, унларда нсонлар яшайди”, деди. “Бно”си нима-ю “нсон”и нима, деб кўп ўйладим. Охири топдим: баччағар “бино” демоқчи экан. “Нсон” – “инсон” экан. Сан уни сўковурма, тили чучукроқ бўлсаям, ақлига балли, деявур. Биласанми, ҳар бир сўздан биттадан, иккитадан ҳарф тушириб қолдирилса, қанча пойда бўлади? Ўзи кўп сўзларда ортиқча ҳарфлар бор-да. Бунисиниям тан олавур. Ўйлаб кўрсанг, ўша мухбир бача инсоф қипти. Янаям кўп ҳарфларни олиб ташаса бўларди. Мана, эшитиб кўргин: “Риқода ланд ноларда ўп сонлар яшийди”. Хўш, бунга ким тушунмийди? Ким тушунмаса, ашининг битта винти камроқ бўлади.
Шунақа гаплар, оковси, сан энди манга устозлигингни даъво қима. Радиё-дилбузор устозлар барака топишсин, тилимнинг бойлигини меравой қилиб ошириб юборди. Энди нима ёзадиган бўсовуза ўзимиза биламиза. Бир устоз келутти, бошқаси кетутти. Чандон гап бизга ҳам бор, акун. Қани энди мандай ёзғувчига бир нима де-чи, онангни **риқонинг ***ўрғонидан *ўрасан! Сан *апни *алта *ил-у, **ғозга *ўчириб, **ҳарирингга  *ер. Ҳайме, бачам! *ундай *ўлсин.
Жўрж **ғангдан *енгга *оғиниб *алом.

Муҳтарам муҳаррир оғажон, қўшнимизнинг гапларини оҳанрабо тасмасига ёзиб олиб эдим. Кераксиз гаплар, деб юрганимда уйимга чиқавериб, ҳоли жонимга қўймади. Американинг Учқўрғонига бориб келганимдан кўра, шу гапларни қоғозга кўчириб, сизга тақдим этиш осонроқ кўриндиким, мен бу хизматни адо этдим. “Гапларимдаги битта ҳарфни ҳам ўзгартирмайсан”, деб пўписа қилгани сабабли унинг ўзигагина ҳос бўлган имлога даҳл қила олмадим, бунинг учун кечиргайсиз. Гирмондаги дўппингиз тор келиб қолмаган бўлса, мазкурни аслича нашр этарсиз. Ўлмаган қул, чиқмаган жондан умид, дегандай, Жўрж тоғамизнинг дуолари ижобат бўлиб, балки икковимиз Мексика саёҳатига борсак, қора кўз гўзалнинг қўлидан бир пиёладан қаҳва ичиб келармиз. А, лаббай?