(Аввалги ҳангомага илова бўлмиш бу баённи ўқиш шартмикин?)
Хотинининг макридан бехабар Норқул маошининг маълум бир қисмини улфатчилик учун яшириб, уйига қайтди. Келсаки, доим очиқ турадиган эшик ёпиқ. Қўнғироқни чалди. Хотини эшикни қия очиб, бу хонадоннинг бугундан эътиборан бозор иқтисодига ўтганини маълум қилди. “Бу нима деганинг?” деб ажабланди Норқул. “Шу деганимки, бу уйда энди ҳамма иш пуллик бўлади. Эшикни очганим учун фалон сўм тўлайсиз. Уйга кириш нархи эса фалон сўм”. Норқул буни аввалига ҳазил деб ўйлади. Кейин қарасаки, иш жуда жиддий. Чой сўраса – чой пуллик, овқат сўраса – овқат пуллик. Телевизорга қарай деса – унга ҳам пул. “Дунёнинг қайси кавагида томоша текин бўларкан?”, дейди хотини. Маълум бўлдики, диванга ёнбошлаш ҳам пуллик. Хайрият, хотинда инсоф бор экан, стулда ўтириб кўришнинг нархини сал туширди. Ҳожатга кирай деса, кичик ўғли патта ушлаб турибди. Қўл ювишга алоҳида пул тўлаб, хомчўт қилса-ки, маошидан деярли ажраб бўлибди. Энди турли ҳаражатлардан ўзини тийди. Балконга чиқиб, тикка туриб олди. Аммо бу ердан туриб шаҳарнинг кечки жамолини томоша қилиш ҳам пуллик экан. Балкондан ичкарига қайтиб кирай деса, яна пул талаб қилинди. Болалар ухлагач, ҳазил охирига етгандир, деб ётоққа кирай деса… ё, алҳазар! Бу ёғи ҳам пул! Норқул аччиқланиб: “Э, хотин уялмайсанми?” деса, хотини: “Пул бор жойда уят бўладими?” деб турибди. Хуллас, ётоққа кирай деса, ёнида пул қолмабди. Хотини хасис бозорқўмлардан экан, насияга киритмади. Ҳайриятки, озгина инсоф қилиб, насия эвазига диванга эски кўрпача тўшаб берди.
Хотини ухлагач, Норқул солиқ идорасида ишлайдиган ўртоғига қўнғироқ қилиб, маслаҳат сўраган эди, у пулларни қайтариб олишнинг зўр йўлини ўргатди.
Эрталаб Норқулнинг пули қолмагани учун нонуштага таклиф қилишмади. Хотини дастурхонни йиғиб, ишга отлангач, Норқул: “Ўтира туринг, хоним, бозор иқтисодига ўтган уйда ҳамма нарса ҳалол бўлиши керак. Энди ҳисоб-китоб қилиб олайлик”, деди. Хотини англамади. Норқул тушунтирди:
-Ҳар қандай даромаддан солиқ тўлаш керак. Сиз кеча бозор паттачиси эдингиз. Бугун мен солиқ инспекториман. Демак, эрингизнинг уйга кириб келиши учун ундан шунча сўм ҳақ олдингиз, бунинг солиғи бунча сўм бўлади.
Хотин мардлик қилиб солиқни дарров тўлади. Чой учун тўлаган пулдан… ҳатто ҳожатхонага кириш ҳақидан бирма-бир солиқ тўлайверди. Шу зайлда Норқул бир неча дақиқада кечаги маошини юз фоиз қайтариб олди. Кейинги солиқларни хотини ўзининг маоши ҳисобидан тўлай бошлади. Шу уйда нафас олиш учун солиқ тўлашга келганда унинг пули қолмади. Норқул ҳам мардлик қилди – насияга нафас олишга ижозат этди.
Норқулнинг уйидаги бозор иқтисодига ўтиш маросими шу зайлда якунланди. Бугун ишдан кейин Норқул “солиқчилик фаолияти”нинг бошланишини “ювиб”, чойхонада улфатларга ош бермоқчи. Биз ҳам бу маишатга таклиф этилганмиз. Майли, айтилган жойга кеч қолиб бормайлик…