(Бу ўлимтук миш-миш жон таслим қилмай туриб танишиб олайлук)
Йўққулободнинг қадим тарихида боши оғриган одам шифо умидида табибга борса, табиби билан ҳисоб-китоб қилганидан кейин юрак оғриғини ҳам орттириб чиқаркан. Бу бир миш-миш дейсизми? Унда яна бир миш-мишни эшитинг. Йўққулободнинг шимоли-шарқида жойлашган Тескариобод томонда Тошбақаобод деган қишлоқ жойлашган. Ана ўша ерда яшовчи Бевошқул отанинг касалхона бош врачини тавбасига таянтирганини биров эшитган, бошқа биров эса бехабар. Аслида Бевошқул ота соппа-соғ эди. Шу ёшга киргунига қадар дўхтир деганига иши тушмаган. Шу қиш иккки марта аксирган эди, катта ўғли тушмагурнинг меҳри жўшиб кетдими, «ота, сиз ҳам бошқаларга ўхшаб ёти-иб бир даволанинг», деди. Бевошқул ота: «Касалхонага ётмасам одам қаторидан чиқаман шекилли, болаларим яна «отасини касалхонага ётқиза олмаяпти экан», деган маломатга қолишмасин», деб, кўна қолди. Аммо ўғли тушмагур ҳадеганда йўлланмани олавермади. Бевошқул ота бу йўлдаги сарсонгарчиликни қаердан билсин? Сарсонгарчилик нималигини Йўққулобдодда жуда кўпчилик билмайди. Сарсонгарчилик – йўққулободликлар тили билан айтганда, бу йўлда озгина чиқим қилиш. Чиқимсиз мушук ҳам офтобга чиқмайдиган бўлиб қолганини билмайдиган одам уйида туршак шимиб, наъматакнинг қайнатмасини ичиб ўтиравергани дуруст-да. Катта ўғил ҳам уятчан-да, «ота, уч ойлик маошимни олсам, касалхонага йўлланма ҳам униб қоларди. Унгача кўрпача қатига яширган пенса пулларингизни чиқариб туринг», демади. Бевошқул ота тушунарди, асли мард эмасми, «сен уч ойлик маошингни кутаётган бўлсанг, менам икки ойлик пенсамдан ҳали умидимни узганим йўқ», деб ўтирмасдан, носдан орттирган пулларидан шарт чиқариб берарди. Охири шундай бўлди ҳам, катта ўғил айтди, кўрпача қатидаги пул чиқарилди Йўлланма қўлга тегди. Бевошқул ота ҳам одам қаторига қўшилиб, касалхонага ётқизилди. Дўхтурлар бирин-сирин кириб, отанинг ҳурматини жойига қўйиб: «Нима касалингиз бор?»- деб сўрашди. Бевошқул ота «нима касалим борлигини ўзинг топмайсанми?»-деб ўтирмай, «Тўрт йил олдин ўлиб берган кампиримни соғинишдан бошқа касалим йўқ»,-деб қўя қолди. Шу-шу дўхтирлар Бевошқул отага йўламай қўйишди. Ота «Бу дўхтирларда кампирни соғиниш касалига дори йўқ экан-да?»-деб ётаверди. Кейин зийраклик билан кузатиб қараса-ки, дўхтирлар кириб, қуюқ салом беришганда, у қуруқ алик олган экан. Билса-ки, тузалишни истаган касал дўхтирнинг саломига бошқача алик олиши зарур экан. Астойдил дуо қилиш, юракдан чиқариб раҳмат айтиш ҳисобга ўтмас экан. Раҳмат деганлари чўнтакдан чиқиши шарт экан. Дўхтирларнинг билгани билган. Агар улар бозорга бориб: «Бевошқул бобо менга бир тонна раҳмат айтдилар, дейишса, биров бир мисқол гўшт берармиди?» Бевошқул ота зиқна эмас. Ақли киргандан кейин у ҳам раҳматни чўнтакдан чиқариб, айтиб турди. Дорининг ҳилма-ҳилини ёзиб беришди-ю «бунақа дори касалхонамизда йўқ, ўғлингизга айтинг, топиб келсин», дейишди. Барака топгурлар, касалхонанинг шундай биқинида дорихона очиб қўйишган экан, ўғли қидириб, сарсон бўлмади. Яна барака топишсин, илгарилари касалхонага ётган одамни йигирма тўрт кун даволашарди. Ҳозир икки ҳафтада михдай қилиб юборишяпти. Шуниси ҳам дуруст. Йигирма тўрт кун ётган одам раҳмат айтавериб, охири ўлимлигига асраб юрганини ҳам шу ерга ташлаб кетармиди… Икки ҳафта деганда Бевошқул ота ҳам уйига кетадиган бўлди. Нарсаларини тугиб, ўғлига «уйдаги аравани олиб кел», деб тайинлади. Кейин ўзи ётган каравотини кўтартириб, аравага ортаётган эди, бош врач ҳай-ҳайлаб келиб қолди.
-Касалхонангга ётғизиш учун ўғлим пул тўлаган экан. «Битта койка фалон сўм»,- деган экансанлар. Ўша пулни тўлаганман. Энди шу койканг меники бўлади,-деди Бевошқул ота ўжарлик билан. Бош врач ялинган эди Бевошқул ота: «Менинг бу ерда ётишим ҳам, дори-дармон ҳам текинлигини биласанми?»- деб сўради. Сўнг ҳисоб-китобни бошлади: бармоқдан қон олишга ҳамширангга шунча раҳмат пули, томирдан қон олишга мунча, думбага игна санчишига яна бунча, клизма деган палакатинг бор экан, унга ҳам шунча, ҳожатхонангга кўп тўламай деб икки кунда бир кирадиган бўлиб қолдим… яхшиям касалхонангда ўлиб бермадим, жағимни боғлашга пулим етмаса, оғзимни ланг очиб, чиқиб кетаверардим. Янаям барака топларинг, кампирларга бир қараб олиш текин экан, кўзларим роса мазза қилди.
Энди миш-мишнинг охири нима билан тугашини билмоқчимисиз? Бош врач Бевошқул отанинг ҳамма чиқимларини тўлаб, каравотни олиб қолди. Бечорага жавр бўлибди, деб ачиняпсизми? Ачинманг. Ўша куни Ҳапқул отанинг катта ўғли бу койка учун озгина чиқим қилди, деб эшитдик. Янаям Худо билгувчироқдир. Балки бу ҳам бир миш-мишдир?