Тоҳир Малик. Кимлардир тўқиган латифалар

КИМЛАРДИР ТЎҚИГАН ЛАТИФАЛАР

Озода хотин

Оёғи терлайдиган эрга озода хотин учраса, дардини кимга айтсин?
Озода хотин бу оқшом эри билан театру томошасига бормоқликни ихтиёр этди ва деди:
-Оёғингизни уч марта ювиб, яхшилаб қуритиб, кейин янги пайпоқни кийиб олинг!
Эр буйруқни адо этди. Театруга бориб ўтирганларида озода хотиннинг бурнига таниш ҳид урилиб, бурнини жийирди-да, эрининг билагидан чимчилади:
-Оёғингизни ювиб, янги пайпоқ кийинг девдим-ку?!
-Айтганингизни ошириб бажардим, хоним. Уч марта эмас, беш марта ювдим.
-Ювмагансиз! Оёғингизнинг сассиғидан димоғим ёрилиб кетай деяпти!
-Ишонмаслигингизни билувдим,-деди хўрсиниб эр,-шунинг учун эски пайпоғимни чўнтагимга солволувдим, мана, қаранг.

Озодлик

Эр-хотиннинг турмуш қурганларига эртага ўн беш йил тўлади. Бу муборак кун арафасида хотин ширин умидлар қанотида учаётган эди:
“Эртага эрим менга нима совға қилар эканлар? Этик олганлари яхшими ё палтоми? Балки иккаласини олиб келарлар? Заргар ўртоқлари анави куни тилла занжир ҳақида бир нима деяётгандек бўлувди-я…”
Тўй куни эрнинг ҳам ёдида, аммо унинг хаёли хотинникидан ўзгачароқ эди:
“Агар никоҳ кечаси шу бадбахт хотинни бўғиб ўлдирганимда ўн беш йилга қамашарди-ю эртага озодликка чиқиб келган бўлардим…”

Ваъда

-Тўйдан олдин қанақа ваъдалар берган эдингиз?-деб нозланиб сўради хотин.
Эр ўйлаб ҳам ўтирмай, дадил жавоб қайтарди:
-Ваъдаларим эсимда: осмондаги юлдузларни олиб бераман, Ойни ҳатто Қуёшни ҳам олиб кафтингга тутқазаман, деганман. Лекин ҳар йили янги палто олиб бераман, демаганман.

Қўрқинч

-Шикоятингизга тушундим,-деди психиатр беморга.-Демак, алақ-чалақ тушлар кўрасиз: сизни қандайдир ёвуз кучлар таъқиб қилади, тутиб олиб уради. Бу ҳам етмагандай  бақираётганда уйғониб кетасиз-у бу даҳшатлардан қутуласиз, шундайми?
-Ҳамма гап шунда-да, дўхтир,-деди бемор йиғламсираб,-даҳшат тўхтамайди, давом этади. Уйғонишим билан “ялпайиб ётавермасдан турсангиз-чи, болани боғчага олиб боришингиз керак!” деган чинқириқни эшитаман.

Қувончдан ўлган одам

Икки марҳум бир кунда ёнма-ён қабрга қўйилибди. Бири зерикиб, иккинчисиникига мўралаб, танишибди. Дилкаш суҳбат қурибдилар.
-Сен нега ўлдинг, дўстим?-деб сўрабди бири иккинчисидан.
-Хурсанд бўлиб кетганимдан юрагим ёрилиб ўлдим,-дебди иккинчиси.
-Ие, одам қайғудан ўларди, сеники қизиқ-ку, қани, очиқроқ айт-чи?-дебди биринчиси.
-Ўртоқларим нуқул хотинимни ёмонлашарди. Бир куни “хотининг ўз уйингда ўйнаши билан бирга”, деб хабар беришди. Ғазабланиб келдим. Хотиним ростанам уйда эди. Ҳаммаёқни қидириб чиқдим: жавон ҳам қолмади, каравотнинг таги ҳам қолмади. Ҳатто қозоннинг ичини ҳам қарадим. Ўйнашни тополмай қувонганимдан ўлиб қолдим,-дебди иккинчиси.
-Эй аҳмоқ,-дебди биринчиси афсус билан,- музлатгичнинг ичини ҳам қараганингда, иккаламиз тирик қолган бўлардик…

Дид

Эр хасталанса, хотиннинг меҳри дарё бўлиб тошиб кетиши барчага маълум. “Сиз касал бўлгунча, шу касалликни Худо менга бера қолмайдими?” дегувчи танти хотинлар ҳам учрайди. Шунақалардан бири бемор эри ёнида дий-диё қилиб, кўзларини ёшлаб ўтирган эди. Эр унга қараб: “Нима деяпти бу эси паст! Ўзидаги касаллик тури етиб ортгулик-ку, яна менинг дардимни ҳам оларканми? Бўлмаган гап! Касалимни олиш ўрнига ўзиникини менга қоплаб ҳадя этишлари мумкин”, деб ўйланди-да, ҳазин жилмайиб деди:    
-Хоним, юзингизга бир оз пардоз бериб, энг чиройли кўйлагингизни кийиб чиқинг.
Хотин бу амрни бажо келтириб, яна эри ёнидан жой олди-да, “мени нега ясантирдингиз?” деб сўради.
-Хоним, аҳволимни кўриб турибсиз, агар Азроил ҳазратларининг келиш вақтилари етган бўлса, ўзлари кўрарлар. Ёшлигингизда гўзаллигингиз билан кўпнинг ҳушини олардингиз. Бу гўзаллигингизни ҳали ҳам йўқотмагансиз. Азроил ҳазратларида ҳам дид бордир. Ким хунук, ким гўзал, билиб олиб кетарлар… –деди бемор эр.

Кимга ўхшайди?

Бир полвон одам ўғил кўрди. Туғруқхонага келиб, баланд овозда хотинини чақирди. Хотини деразадан қарагач,  керилиб, янада баланд овозда “Полвонча қалай, кимга ўхшайди?” деб сўради. “Худди ўзингизга ўхшайди”, деган жавобни кутиб қаддини ғоз тутди. Содда хотин эса уялинқираб деди:
-Вой дадаси, сиз у кишини танимайсиз…

Навбати билан

Чол билан кампир серуйқу ва ғоят ялқов келинларини тарбия қилмоқнинг янги усулини ўйлаб топдилар. Эрталаб турдилар-да икковлари супурги талаша бошладилар:
-Бугун ҳовлини мен супураман!-деди чол зарда билан.
-Нега сиз супурар экансиз, мен супураман,-деб зорланди кампир.
Шу тарзда ярим соатча ғалва қилишгач, дераза қия очилиб, келин кўринди. Уйқусираган кўзларини аранг очиб, уларга норози қиёфада қаради-да, бир эснаб олиб, муросага келтирди:
-Воей, ёш болага ўхшайсизлар-а, ойижон, нимага талашасиз? Бугун адажон супурсинлар, эртага сиз супурасиз. Навбатма навбат супуришга ҳам ақлларингиз етмайдими?…

Телеграмма

Хасисликда тенги йўқ бир одам Москва саёҳатига отланди. Самолёт қўниши билан хотинининг илтимоси эсига тушиб, телеграмма жўнатиш учун почтага кирди. Хотинига бўлган меҳр-муҳаббатини аён қилиб қўйиш учун чиройли қилиб ёзди:
“Жонгинам, Москвага эсон-омон, бефалокат учиб келдим. Соғ-саломатман. Сени ўпаман”.
Почтачи сўзларни санаб, ҳисоб-китоб қилиб берган эди, тўлайдиган пулни кўриб, капалаги учиб кетди. Телеграммадан воз кечай деса, хотинига ваъда берган. Ўйлай-ўйлай сўзларни қисқартира бошлади.
“Жонгинам”, дейишим шартмас. Кечалари минг марталаб айтганман”, деб биринчи сўзни ўчирди. “Эсон-омон, бефалокат учиб келганимни айтишим шартмас. Фалокат бўлганида учиб келиб, телеграмма бермас эдим-ку? Хотиним ақлли, бу ёғини ўзи  билиб олади”, деб бу сўзларни ҳам ўчирди. “Учиб келдим”, дейишим шартми? Самолётда учмай эшак аравада келибманми бу ерга?”, деб бу сўзни ҳам ўчирди. “Соғ-саломатлигим аниқ-ку? Уйдалигимда соппа-соғ эдим, нима, тўрт соатда айнийманми?” деб яна ўчирди. “Қайси калла билан “сени ўпаман” деб ёздим? Телеграммада ҳам ўпиш мумкин эканми?” деди-ю буни ҳам ўчирди. Қараса, телеграммада “Москва” деган сўз билан ўзининг исми қолибди. “Москвага учмай Берлинга учибманми, хотиним билади-ку”, деб буни ҳам ўчирди. Кейин “хотиним исмимни билади”, деб охирги сўзни ҳам ўчиргач, ўйланди: “Телеграмма юбориш шартми? Агар фалокат бўлиб, самолёт портласа, радиодами ё телевизордами эълон қилишарди, хотиним шундан биларди. Фалокат ҳақида хабар йўқми, демак, етиб келганим аниқ. Бир ҳафтадан кейин қайтиб бораман. Эсон-омон учганимни ўшанда айтаман. Айтаман-у росманасига ўпиб қўяман”.

Кучли дори

Бир киши шошилиб кириб хотинини чақирди-да, кўйлагини кўтариб “Белимга тупур”, деб буюрди. Хотин унинг бу амридан ажабланди.
-Бўлақол, белим оғриб, жонимни оляпти. Дўхтирга борган эдим, илоннинг заҳрини суртинг деди. Дорихонада бунақаси йўқ экан. Ўзинг тупуриб қўя қол, тилингга тегиб чиққан тупугинг ўнта илоннинг заҳрига татийди.

Жамоа жам

Сайёҳларнинг кемаси денгиз ўртасида ҳалокатга учраб чўка бошлади. Бир киши йиғлаб, Аллоҳга муножотни бошлади:
-Эй Худо, биламан, гуноҳларим кўп. Бузуқлик ҳам қилдим, пора ҳам олдим, ғийбатдан, фитнадан тийилмадим. Энди битта мени деб шунча одамни чўктирасанми?
Шу онда унга бир овоз келди-ки:
-Эй банда, сен куйинма, кема фақат сенинг гуноҳинг учун чўкаётгани йўқ. Худо бу кемага ўзингга ўхшаганларни тўплаган…

Тайёрмисан?

Табиати бузуқ одам гуноҳларининг жазосидан қўрққан маҳалда ўзича чалама-чатти равишда, бетаҳорат бўлса-да,  намоз ўқиб қўярди. Навбатдаги қўрқув юрагига оралаганда ният қилиб, қулоқ қоқди-да, рукуга борди. Шунда кўз олдида бир соҳибжамол пайдо бўлди:
-Сен кимсан?- деб сўради.
-Мен шайтонман, сени йўлдан ургани келдим,-деди соҳибжамол тасвири.
-Мени йўлдан уришнинг сираям ҳожати йўқ, ўзинг тайёрмисан?

Сиғмаяпти…

Меҳмондорчиликда ўтирган ота ўғилнинг ош ошалашидан ҳижолат бўлиб, уни тартибга чақирмоқчи бўлди:
-Ўғлим, учтадан гўшт қўшиб ошалаяпсизми?
-Ҳа, дада, тўрттадан олай десам, кафтимга сиғмаяпти.

Яна олинг

Мезбон меҳмонга илтифот қилди:
-Сомса совумасин, олсинлар, тақсир.
-Хўп ажойиб сомса бўлибди. Тўрттасини еб, тўйиб қолдим.
-Тақсир, бешта едингиз, яна битта олинг, жуфт бўла қолсин.

Таом дарди

Оғзида биронта ҳам тиши йўқ қария билан ўспирин биргалида овқатланиб ўтиришарди. Иккови бараварига йиғлаб юборишди.
-Нега йиғлаяпсиз? –деб сўрашди қариядан.
-Оғзимда тишим йўқ, то мен ямлаб ютгунимча бу йигитча овқатни паққос тушириб , мен оч қоламан.
-Сен нега йиғлаяпсан?-деб сўрашди ўспириндан.
-Бу чолнинг тишлари йўқ, мен то чайнаб ютгунимча у чайнамай ютиб, овқатнинг баракасини учириб юборади…

Йигирмата қўй

Бир масжид қоровули имом-хатибнинг янги салласига ҳуши кетиб, бир кийиб кўрмоқчи бўлди. Саллани бошга қўндирган маҳалда бир одам масжидга кириб келиб, уни имом деб ўйлади-ю,  қайғусини билдирди. У киши саллали одам улуғ бўлади, деган ўйда,  дардини очиқ айтди:
-Менинг фарзандим йўқ. Лекин бир итим бор эди. Йигирма йил боқдим, ўз фарзандимдай бўлиб қолган эди. Бугун ўлиб қолди. Шуни одамга ўхшатиб кўммоқчиман. Уйимга бориб, итимга жаноза ўқиб қўйсангиз.
Қоровул итга жаноза ўқилганини эшитмаган эди. Шу боис “Қандай бўларкин?” деб мужмал жавоб берди.
-Фақат мумкинмас, деманг, мен сизга йигирмата қўй атаб қўйганман,-деди у киши ялиниб.
Йигирмата қўйнинг дарагини эшитган қоровулнинг эси оғиб қолди. Жаноза ўқишни мутлақо билмаслигини ҳам унутиб, у кишига эргашди. Итнинг жасади оқ чойшабга ўралиб, ҳовлида гўр ҳам қазиб қўйилган эди. Саллали қоровул жасад ёнидан жой олиб, қулоқ қоқиб, қўл боғлади. Ўқиладиган дуоларни билмагани учун ўзининг касбини қила қолди. У ўттиз йил бадалида колхозда ҳисобчи бўлиб ишлаган эди. Уч-тўрт нафаснинг ичида йигирмата қўйнинг бозор нархида неча пул бўлишини ҳисоблаб чиқди. Мутавалли сезиб қолгудай бўлса, унга  қанчасини беришни чамалагач, дуога қўл очди.
Эртасига унинг бу қилмиши мутаваллига етди. “Алиф”ни калтак дейдиган, иккита кичик сурани йигирма йилда аранг ўрганиб олган мутавалли итга жаноза ўқиш мумкин ё мумкинмаслигини аниқ билмаса-да, таваккалига  ўдағайлашни бошлади, эшакка тескари  миндириб, сазойи қилдираман, деб пўписа ҳам қилди.  Қоровул ҳисобчи бўлиб ишлаб юрган пайтларида текширувчилар келиб “қаматаман”, деганда ҳам у чорасини топарди. Бу сафар ҳам муте ҳолда қўл қовуштирганича деди:
-Тақсирим, итга жаноза ўқиш мумкинмаслигини биламан. Гуноҳи менга. Лекин итнинг эгаси йигирмата қўй бермоқчи эди. Йўқ, дея олмадим. Қўйларнинг ўн бештасини сизга ажратиб қўйдим.
-Ростданам йигирмата қўй бердими?-деди чала мутавалли шаштидан тушиб.
-Ҳа, атаб қўйган экан,-деди қоровул.
-Унда дарров тур, -деди мутавалли шошилиб,-фотиҳага бориб келайлик.
Бордилар. Фотиҳа ўқиб, ит эгасининг кўнглини чоғ қилдилар. Қайтаётганларида мутавалли тўхтаб, пешонасига бир шапати урди:
-Оббо, эсдан чиқибди-ку?-деди.
-Нима?-деб қизиқди қоровул.
-Йигирма оши қачон бўлишини сўрамабмиз-ку, бор, билиб кел.

Кейинги жума

Ўша мутавалли бир йиғинда кўп сўзлади. Бировлардан эшитганларини яримта-юримта қилиб гапираверди. Охирида жума куни ўлишнинг улуғ неъмат эканини ҳам айтди. Намозни бошлаб, рукуга эгилиши билан юраги ўйнаб, безовта бўла бошлади. Намозни ҳам унутиб, дарҳол Худога илтижо қилди:
-Эй Худойим, фақат бу жума эмас-да, фақат бу жума эмас-да…

Осмондаги можаро

Туркларнинг одати бўйича, майитни ювиш, кафанлаш учун  ғассолнинг уйига олиб борилади. Тоғ этагидаги сой бўйида яшовчи ғассол ялқовроқ эди. Пастдан сув ташиб чиқишга эриниб, майитни кўтариб, сойга олиб тушди. Иттифоқо майит қўлидан чиқиб, сойнинг тезоқар суви оқизиб кетди. Ғассол ҳеч нима бўлмагандай кулбасига чиқиб ўтираверди. Майитнинг эгалари келганда “Ўликларинг ҳажга кетди”, деди. Улар ҳайрон бўлишган эди, тушунтирди:
-Ўликни ювиб, кафанлашни бошлаганимда осмондан фаришталар тушишди-ю “бу бандани Аллоҳ севарди, унинг жойи ҳажда”, деб олиб чиқиб кетишди.
Майитнинг эгалари бу хушхабардан қувониб, изларига қайтишди. Эртасига майит сойнинг саёзроқ жойида кўриниб қолди. Майит эгалари ғассолга таҳдид қила бошладилар. Шунда у дедики:
-Мен кафанлаётганимда фаришталар уни осмонга олиб чиқиб кетишган эди. Осмонда нима гап бўлганини мен қаёқдан билай?

Суюкли хотин

Русларнинг “Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас”, деган иборасини “Икки хотин олишни орзу қилмаган эр-эр эмас”, деб ўзгартирсак бўлар. Икки хотиннинг борлиги яхши-ю, аммо икки хархашаси мавжудлиги ёмон. Чидаганга чиқарган-да! Бир киши икки хотин хархашасига чидаб яшарди. Икковига ҳам адолат қиларди. Бирига зирак олса, иккинчисига ҳам айни шундай совға оларди. Ҳатто тунни ҳам тенг иккига бўларди. Иттифоқо, иккала хотини ҳам бир соатда жон берди. Одатга кўра, майит деразадан олиб чиқилиши керак. Уйнинг биттагина деразаси бор эди. Деразадан аввал қайси хотинни олиб чиқсам экан, деб кўп ўйланди. Охири адолат қилиш мақсадида яна битта дераза очдириб, иккала ўликни бир вақтда икки деразадан олиб чиқартирди. Ўзининг адолатидан кўнгли равшанлашди. Бироқ, орадан етти кун ўтгач, катта хотини тушига кирди. Қараса, хотин хафа эмиш. Нуқул “Сиз барибир кичик хотинингизни яхшироқ кўрардингиз”, дермиш.
-Икковингни бир ҳилда яхши кўрардим,-дебди эр.
-Йўқ, кичик хотинингизни яхшироқ кўрардингиз, шунинг учун ҳам унинг ўлигини янги деразадан олиб чиқартирдингиз…

Шаҳид

Бир киши хотинини синамоқ мақсадида уйига йиғлаб кириб келди.
-Дадаси, нима бўлди?-деб чўчиб тушди хотин.
-Подшо фармон чиқарибди. Иккита хотини борлар уйида ўтирар экан, битта хотини борлар урушга кетар экан,-деди эр.
Бу хабарни эшитиб, хотин ҳам йиғлай бошлади.
-Сен нега йиғлаяпсан?-деб ажабланди эр.
-Дадаси майли, урушга бораверинг, ўлсангиз, шаҳид кетарсиз,-деди хотин.