Тоҳир Малик. Илмли бозор (ҳажвия)

(Ҳеч қаерда содир бўлмаган ҳангома)

Нафасингдан айланай, бу Йўққулобод деган жойда не-не ажойиботлар бўлмайди. Мана, бозор деганда биз  қандай манзарани кўз олдимизга келтирамиз? Бир мошин қовунни туширгач, эски чопонини буклаб, тагига якандоз қилиб олиб, носни отволиб, савдо қилувчи деҳқонними?  Садағанг кетай, Йўққулободда бошқачароқ, у томонларда бозор  илмийлашиб кетган. Шунақасини эшитмаганман, дейсизми? Менам эшитмаганман, лекин Йўққулободдан бир ҳангома келиб қолган эди, ишонишдан ўзга чорам қолмади. Келинг, менга бегона эмассиз, сиз ҳам эшитиб кўринг: биз ўзимизнинг бозорда «бозоркўм» деган мартабали одам бўлишини биламиз. Йўққулободдаги бозоркўм мактабни аранг битирган, ўнта бармоғини бир амаллаб санай оладиганлардан эмас. Аксинча, нақ филология фанлари номзоди! Сал оширвордикми? Майли, унда омади чопмаган олий маълумотли шоирлардан биридир. Йўққулободда бошқача бўлиши мумкинмас, чунки бозорга гапдон, сўзамол одам керак. Бир куни Йўққулободдаги катта бозорга қўшни сайёрадан  меҳмонлар келди. Бозоркўм уларни айлантириб юрибди. Яхшики, меҳмонлар «Сиз қандай қилиб бу мартабани эгалладингиз?» деб сўрашмади. Сўраб қолишсами,номзоди бозоркўмлик рўйхатида турган иккита иқтисодчи, учта биологни доғда қолдирганини айтишга мажбур бўлармиди? Шунда ҳам киндиги юқори мартабали бир одамнинг киндиги билан уланганлигини айтмай, суваб кетарди. Аслини олганда меҳмонларга бунинг қизиғи ҳам йўқ. Хуллас, бозоркўм ўзига тобе салтанатини  қойилмақом қилиб таништирди:
– Мана гўшт бозорининг салоҳияти билан танишинг: калла гўшти сотаётган йигит тўрт йил район касалхонасида невропатолог бўлиб ишлаган. Каллага доир барча илмларга эга. Анави мол оёқларини сотаётган синглимиз икки йил давомида медицина институтида травмотология бўлимида ўқиганлар. Насиб бўлса, бу йил ўқишни контракт асосида тиклаб, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда илм олишни давом эттирадилар. Энди бу томонга қаранглар: рўмол сотаётган биродаримизни кўряпсизми? Бу киши кимё фанлари номзоди бўладилар. Ҳар қандай матодаги табиий ип билан сунъий кимёвий толаларни бир пасда ажратиб берадилар. Бу кишининг завжаи муҳтарамалари ҳам кимёгар бўладилар. Бу хоним ширин ичимликлар сотуви билан бандлар. Аммо бугун келмаганлар, аммалариникида бешик тўйи экан. Энди электр бўлимига ўтайлик: сим ўлчаётган кишига эътиборингизни тортамиз: бу киши нақ йигирма йил мактабда ёш авлодга физикадан дарс берганлар. Электр буюмларининг сарасини ҳамма шу кишидан олади. Радио буюмлари билан савдо қилаётган дўстимиз бозоримизнинг фахри. У Йўққулобод чемпионларини ҳам ютиб ташлайдиган шахматчи робот ясаганлардан. Чойнак-пиёла сотаётган синглимиз геология соҳасида диссертация ёқламоқчи бўлганида озгина билими етишмай қолган экан. Биз бозор аҳли номидан бу синглимизга топшириқ берганмиз. Бу йил қандай қилиб бўлса ҳам диссертация ёқлашлари керак. Биз бозоримиздаги фан номзодлари сонини кўпайтиришга ҳаракат қилишимиз шарт. Чунки қўшни вилоят бозоридагилар бу соҳада биздан анча илгарилаб кетишган. Аммо биз юк ташувчилар орасида олий маълумотлилар кўплиги бўйича улардан олдиндамиз. Бу ҳам бизнинг фахрли кўрсатгичимиздир.
Бозоркўм шундай илҳом билан таништираётганида ёнларидан эски пахталик кийиб олган паттачи йигит ўтиб қолсами? У паттачини танимайдигандай тескари қараб олди. Агар меҳмонлар «бу ким?» деб сўрашса, нима дерди? «Еттинчи синфнинг ярмидан кейин мактаб нималигини билмай юрган бола бу» дермиди? Илмли бозор деган номга бу тўғри келадими?  Аслида, бозоркўм бу паттачининг баҳридан ўтса бўларди. Математик қўшниси бу ишга анчадан бери харидор. Пича хамир учидан патир ҳам бериб қўйган. Аммо нима қилсин, ноилож бу бечора. Агар шу паттачи ўзининг куёви бўлмаганида, аллақачон бу саводсизнинг баҳридан ўтиб юборган бўларди-я!      
Ана шунақа, Йўққулободдан юборилган ҳангоманинг қисқа баёни билан танишиб ҳам олдингиз. Бир пасда қандай ажойиботларга гувоҳ бўлдик-а? Энди садағанг кетайлар, бу гаплар орамизда қола қолсин. Тасаввуримиз дарвозаларини ёпиб қўя қолайлик. А, лаббай?